Ғулом Зафарий кўп қиррали ижод соҳиби бўлиб, у ўзбек миллий театри, театр танқидчилиги, мусиқа тарихи ва назарияси, қолаверса, миллий адабиётимиз тараққиётида муносиб ўрин эгаллайди. У 1889 йили Тошкентнинг Бешёғоч даҳасига қарашли Каттабоғ маҳалласида таваллуд топди. Аввал эски мактабда, хусусий рус мактабида, Кўкалдош мадрасасида таълим олди. У 1912-1914 йилларда Ўш шаҳрида ўқитувчилик қилди. 1914 йилдан бошлаб Тошкентдаги «Турон» труппасида актёрлик қилди, ўқитувчи бўлиб ишлади. 1917 йилдан «Ишчилар дунёси» ойномасида бўлим бошлиғи, олий билимгоҳ ва олийгоҳларда фаолият кўрсатди.
Ғулом Зафарий ижоди 1914 йиллардан бошланган бўлиб, у дастлаб ўз шеърлари билан танилади. Сўнгра эса «Бахтсиз шогирд» (1914) номли бир пардали пъеса ёзади, кейин «Баҳор», «Гунафша», «Тўсқинчилик», «Ёрқиной», «Раҳимли ўқитувчи», «Мозорликда», «Мақтанган киши», «Татимбой ота» ҳамда «Чўпон Темир» (1924), «Ёшлар энди берилмас» (1926) каби пъеса ва достонлар яратди. Бироқ Зафарий ёзувчи, драматург сифатида ўзининг «Ҳалима» пъесаси билан машҳур бўлган. «Ҳалима» 1920 йилда ёзилган бўлиб, ўша йили 14 сентябрда «Турон» труппасида Маннон Уйғур томонидан саҳналаштирилади. Мазкур асар тўнғич миллий музикали драма бўлиб, унинг мусиқий безагини ҳам муаллифнинг ўзи машҳур созанда Шораҳим Шоумаров ҳамда мулла Тўйчи Ҳофиз ёрдамида бажарди. Айни чоғда «Ҳалима» ўз даврида миллий опера сифатида баҳоланган. Профессор Фитрат ҳам ушбу асарни опера деб атайди.
Ғулом Зафарий ўзбек миллий куйлари, мақом ва мақом шўбаларини жуда яхши билган амалиётчи ва назариётчи ҳам эди деса хато бўлмас. Унинг «Шарқ куйлари ва чолғулари», «Музика муаммоси», «Ўзбек мусиқаси тўғрисида» каби мақолалари шулар жумласидандир.
Ғулом Зафарий 1937 йилда қатағонликка учраб, 1938 йилда қатл этилган.