Янги давр ўзбек адабиёти яловбардорларидан бири, етук шоир ва бастакор, драматург ва режиссор, маърифатчи ва матбаачи, публитсист ва жамоат арбоби Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий 1889 йил 7 мартида Қўқон шаҳрида табиб оиласида туғилди. Отаси Ибн Ямин Холбой ўғли (1840—1922) Муқимий, Фурқат каби алломалар билан маслакдош бўлган замонасининг илғор зиёлиларидан эди. Онаси Жаҳонбиби Рабибой қизи (1858—1903) ҳам табобатдан хабардор саводли аёл бўлган.
Ҳамза аввал эски мактаб ва мадрасаларда ўқиб араб, форс, турк тилларини мукаммал билган. Рус-тузем мактабларида эса рус тилини ўрганишга муваффақ бўлган. Мана шу ижодий муҳит уни эрта ижодга етаклаган. У 1902 йилдаги Андижон зилзиласи ҳақида:
Ёмонлар пул туфайли эътибор олди диёр ичра,
Фақир бечоралар қолди фиғону оҳу-зор ичра,—
дея давр зулми, фожеасидан зорланган эди, Ҳамза 1903—1904 йиллар орасида 197 та шеър яратиб, уни «Девони Ниҳоний» номи билан чоп эттиради. Ундаги шеърларда ҳам ўз халқининг ҳимоячиси, зулмга қарши исён кўтарган ёш адиб сифатида намоён бўлади. У: - Бошида посбони йўқ деб, етим аҳлини қақшатма, — дея хитоб қилади. Шундай қилиб, у демократик адабиётнинг ёш бир вакили сифатида кўзга ташланади.
1910-1916 йилларда у Беҳбудий, А. Авлоний, А. Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва Мирмуҳсин Фикрий каби маърифатпарвар адиб сифатида намоён бўлади. Бу уч йўл билан амалга оширилади. Аввало, етимлар мактабини очиб, муаллимлик қилади. Қолаверса, мазкур мактаблар учун «Енгил адабиёт», «Ўқиш китоби», «Қироат китоби» каби дарсликлар ҳам яратади. Ва, ниҳоят, ўзининг шеър ва драмаларида, публитсистик мақолаларида ўз халқини маърифатга чорлайди. Шу мақсадда унинг 1914 йилда «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» каби рўзномаларда, «Оина» жаридасида маърифатга чорловчи очерк ва публитсистик мақолалари чиқади. Унинг «Бидъатми, маъжусиятми?» (1914) очерки шулар жумласидан эди. 1915—1916 йилларда нашр этилган «Миллий ашулалар», «Оқгул», «Қизил гул», «Пушти гул», «Сариқ гул» каби шеърий тўпламларида ва «Янги саодат», «Учрашув» каби романларида ана шу маърифатга чорлов асос бўлган. Шунингдек, унинг «Илм ҳидояти», «Нормуҳаммад домланинг куфр хатоси», «Ўч» ва «Заҳарли ҳаёт» (1916) каби илк драмаларида ҳам зулм ва хурофот авж олган даврда ўз халқининг илмга-маърифатга интилишини улуғлайди. Айни чоғда хотин-қизлар озодлигини куйлайди.
Ҳамза ижодида 1916 йилги мардикорликка олиш тарихи ҳам ўз изини қолдирди. Унинг «Сафсар гул» (1917) шеърий тўплами ва «Лошман фожеаси» (1916-1918) трилогияси шу жиҳатдан муҳимдир. Шу туфайли таъқибга учраб, адиб 1917 йиллар бошидан охиригача Туркистон ва Тошкентда яшайди. Бу даврда унинг «Тошкентга саёҳат» (1917) комедияси юзага келади. Ниҳоят унинг «Бой ила хизматчи» драмаси (1917) яратилиб, унда инқилобий ғоялар илгари сурилади. 1917 йилда чиқа бошлаган «Кенгаш» ойномасида ҳам фаоллик кўрсатади. У таъқидлангач, «Ҳуррият» ойномасини чиқара бошлади.
Маълумки, 1917 йил 25 апрелда «Улуғ Туркистон» рўзномасида Ҳамзанинг «Туркистон мухториятина» номли шеъри босилади. Унда «Тўрт юз йиллик Романовлар» сулоласининг тахтдан ағдарилиши ва рус-буржуа демократик инқилобининг ғалабасидан мамнунлик сезилади. «...1917 йилнинг 28 майида Қаландархонада тўрт юзга яқин рабочийларни тўплаб, зўр намойиш»га бошчилик қилади. Ўша йилиинг октябр ойларида эса буткул инқилобий курашга ўтади. Шу даврда унинг «Шундоқ қолурму, қолурму?», «Мухторият ва автономия» каби асарларида шу ҳол кўзга ташланар эди.
Ҳамза Ҳакимзода 1918-1923 йиллар мобайнида жумҳуриятнинг деярли барча вилоятларида мактаб-маориф ва маданий қурилиш ишлари билан банд бўлди. Қизил Армия фронтида (1920) тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди. Худди шу даврда у инқилобий шоир, драматург сифатида кенг танилди. «Яша, Шўро!», «Ҳой, ишчилар!» каби шеърлари, «Ким тўғри» (1918), «Туҳматчилар жазоси» (1918), «Ғолибият» (1923-1924), «Сайлов олдида», «Бурунги сайловлар» (1926), «Майсаранинг иши» (1926), «Паранжи сирлари» (1922), «Жаҳон сармоясининг охирги кунлари» (1927) каби қатор драматик асарлар яратди.
Ҳамза 1928 йил август ойида Шоҳимардонга юборилади. У ерда мактаб, маориф ишлари, хотин-қизлар озодлиги масалалари билан шуғулланди. 1929 йил 18 мартда реаксион тўда шоирни тошбўрон қнлиб ўлдиради. 1926 йил 27 февралида унга «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвони берилган. Хамза асарлари жаҳон халқлари тилларига таржима бўлган ва нашр этилган. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий номида шаҳар, туман, мактаб, кўча, театр, жамоа ва кутубхоналар, метро бекати бор.
Ҳамза ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳозирги адабиётшуносликда турлича қарашлар мавжуд. Кейинги йиллар ҳамзашунослигида Ҳамза таржимаи ҳолининг илгариги анъанавий тадқиқига қарама-қарши фикрлар илгари сурилмоқда. Вақт энг яхши синов. Ҳамза синовдан ўта олади.