04:00 / 01.11.2010 · Кутубхона
Абдурауф Фитрат (1886-1938)

Абдурауф Фитрат адабиётимиз тарихида шоир ва олим, носир ва драматург, ўқитувчи ва маърифатпарвар сифатида муҳим ўрин эгаллайди. У 1886 йилда Бухорода зиёли оиласида тугиъиган бўлиб, Бухоро, Истамбул мадрасалари ва дорилфунунларида ўқийди. У араб, форс, турк тилларини мукаммал билганлиги туфайли Шарқнинг буюк алломалари ижодини яхши ўзлаштиради.

Адибнинг отаси савдогарчилик билан шуғулланган бўлиб, 1918 йилгача Қашқарда туриб қолади. У асосан онаси Мустафо биби (Бибижон) тарбиясида бўлиб, ундан Навоий, Увайсий, Зебуннисо, Бедил, Фузулий каби улкан шоирлар ғазаллариии биринчи тинглаган.


Фитрат 1909 йилда Туркияга ўқишга бориб, 1913 қилгача Истамбул дорилфунунида таҳсил кўрган. Туркияда ташкил бўлган «Бухоро таълими маорифи» уюшмасида фаоллик кўрсатган. Беҳбудий асос солган жадид усулидаги мактаблар такомилига хизмат этган. Унинг илк тўплами 1911 йилда «Сайҳа» («Чорлов») номи билан чоп этилади. «Сайёҳи ҳинди», «Мунозара» каби асарлари ҳам шу йилларда нашр этилган.

1909—1913 йилларда Туркия дорилфунунида ўқиётганда унинг зукко, билимдонлиги профессор-ўқитувчларни ҳайратга солади. Унга Фитрат — Донишманд тахаллусини берадилар. Фитрат ижоди Туркистонда инқилобий ҳаракатлар кучайган, «Шарқ уйғонган» даврларга тўгри келади. У ҳам ўз салафлари каби аввало маърифатпарварлик ғояларини илгари суради. Унинг 1913 йилда тожик тилида яратилган «Мунозара» номли асарида ўз халқини зулм ботқоғидан қутқариб, «нажот йўли»ни излагаилиги сезилади. Бу даврда рус тили ва рус маданиятини тарғиб қилиш ҳам Фитрат маърифатпарварлиги йўналишининг муҳим тармоги бўлган.

Бундай қарашлар унинг ўзи ташкил этган ва муҳаррирлик қилган «Ҳуррият» рўзномасида кенг тарғиб этилади. Худди шу йиллар «Ҳаёт йўлида биринчи масала — мактаб масаласидир» («Ҳуррият», 1917 йил, 1-сон) деган шиор билан чиқади. Унинг «Ҳуррият» (1917, 31-сон) рўзномасида босилган «Юрт қайғуси...» номли лавҳасида Туркистон учун, унинг аёллари озодлиги учун курашга бел боглаганлигини айтади. «Мен сен учун туғилдим, сен учун яшарман, сенинг учун ўларман, эй туркнинг муқаддас ўчоғи!» деган даъват эшитилади. «Улуғ Туркистон» (1917, 2-сон) рўзномасида «Яшасин турклик, яшасин Ислом» шиори билан чиқади. Унинг «Ҳинд ихтилолчилари», «Темур сағанаси», «Ўғизхон», «Або Муслим», «Турк тили» каби асарларида ҳам ҳурфикрлар, қарашлар, кўзга ташланади. Шулар қаторида «Қон», «Бегижон», «Чин севиш», «Тўлқин», «Восеъ қўзғолони», «Рўзалар» каби драмалари яратилди.

Фитратнинг 1922 йилда нашр этилган «Ўзбек шоирлари» тўпламига кирган «Кеча», «Беҳбудий мозорини излаб», «Шарқ» каби шеърларида изланиш жараёни учрайди. «Шоир» шеърида «ўзим учун кўп умидлар тўқидим» деган хулосага келади. Унинг 1920 йилда ёзилган «Ким деяй сени» каби шеърида ошиқнинг маъшуққа катта умид билан интилиши, кутиши, суйиши лирик бир «оҳангда куйланадики, шоир энди ижоднинг янги поғонасига кўтарилаётганлигидан далолат беради.

Шоир ижодида, дунёқарашида силжиш, янгиликка, гўзалликка интилиш сезилади. Худди шу ҳол унинг «Абулфайзхон», «Арслон» ва «Восеъ» (тожик тилида), каби драмалари ғоясида ҳам сезилади. Унинг «Қиёмат», «Шайтоннинг тангрига исёни» каби насрий асарларида энди ижодкор фалсафасининг чуқурлашганлиги, катта ижтимоий-ҳаётий муаммоларни ҳал этишга интилиши кўзга ташланади.

Фитрат йирик олим, адабиётшунос сифатида ҳам бир қанча асарлар яратган. Жумладан, «Адабиёт қоидалари», «Ески ўзбек адабиёти намуналари», «Аруз ҳақида» каби илмий кузатувлари адабиётшунослик фани тарихида муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, унинг Умар Хайём, Фирдавсий, Навоий, Бедил, М. Солиҳ, Муқимий, Фурқат ҳақидаги тадқиқотлари ҳам адабиётимиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат этиши шубҳасиз.

Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний каби ўндан ортиқ мумтоз адабиёт вакиллари ҳақида мақолалар ёзган. Фитрат айни чоғда олим, улкан педагог, халқ маорифи ташкилотчиси сифатида ҳам фаол ишлади. 1921— 1923 йилларда у Республика Маориф халқ нозири бўлиб хизмат қилди. 1923—1924 йиллар орасида Москвадаги Шарқ тиллари институтида, сўнг Петербург дорилфунунида маъруза ўқиди.

«Ўзбек тили» дарслиги, «Ўзбек тили сарфи» (грамматикаси) китоблари эса 1925—1930 йилларда беш марта чоп этилди. Унинг «Тилимиз», «Ўзбекча тил сабоқлари», «Имло конференсияси муносабати билан» мақолалари ҳам яратилди. У ана шу ишлари учун ўзбек олимлари орасида биринчилардан бўлиб профессор деган юксак илмий унвонга сазовор бўлган.

Фитрат 1938 йил 4 октябрда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Отажон Ҳошим, Қаюм Рамазон, Ғози Олим каби халқимизнинг буюк зиёлилари қаторида қатл этилди. Фақат 1956 йилга келиб у оқланди. Оқландию, қарийб яна ўттиз беш йилдан сўнггина, мустақиллик даври шарофати билан у ҳақдаги ҳақиқатни айтиш ва ёзиш имконияти туғилди.

Абдурауф Фитрат ҳаёти ва адабий фаолияти зиддиятларга ўта бойлиги билан ажралиб туради. 1991 йил 25 сентябрда Абдурауф Фитратга ўзбек драматургиясини ривожлантиришдаги, реалистик адабий танқидчилик ҳамда адабиётшунослик мактабига асос солишдаги хизматлари учун Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.