Муҳаммадшариф Сўфизода 1869 йилнинг 29 январида Наманган вилояти, Чуст туманида ҳунарманд-косиб оиласида туғилган.
Отаси Эгамберди Сўфи пичоқчилик, чарх тортиш ишлари билан машғул бўлган. Онаси Зайнаб хола хоҳишига кўра у қўшниси Манзура отиндан хат-савод ўрганади, эски мактабларда таълим олади. У Ҳофиз, Бедил, Алишер Навоий, Муқимий ва Фурқат каби алломалар ижодини чуқур ўзлаштириб, шеърлар машқ қила бошлайди. Туркистонда чиқадиган «Туркистон вилоятининг газети» каби Қозон, Оренбург ва Боқчасаройда чиқадиган рўзнома, ойномалар билан қизиқади. Боку ва Тифлисда чоп этилган озор тилидаги асарларни мутолаа қилади.
1893—1898 йилларда у Қўқонда яшаб, Муқимий, Фурқат таъсирида «Ваҳший» тахаллуси билан ҳажвий асарлар яратади. Айниқса, унинг «Даканинг», «Бедананг», “Айтинг бу сўзимни”, «Ўпай», «Беғубор дарду олам» каби ҳажвий ва лирик ғазаллари эътиборга лойиқ эди. Бироқ ҳали Муқимий ҳажвияси зарбидан қутулиб улгурмаган замона ҳокимлари ёш Муҳаммадшарифнинг кескин танқидига қарши ҳужум бошлайдилар. Оқибатда у 1899 йили Қўқондан Чустга қайтиб келади. Икки йил ўтгач, уни амир-амалдорлар «ул беадаб ва бад аслни» даҳрийликда айблаб, қатл этишга ҳукм чиқарадилар.
Ўзининг ёзишича, «сўнг Чустдан қочиб, Мир вилоятига тафаккур қилиб, муддати 14 йил ҳар мамлакатда юруб» («Туркистон вилоятининг газети», 1914, 10-сон) умр кечиради. Худди шу 1900—1914 йиллар Сўфизода дунёқарашида муҳим босқич ҳисобланади. Аввал Бокуга бориб, Жалил Дулизода, Собир Тоҳирзода, Муҳаммад Ҳодий каби озарбайжон адабиётининг тараққийпарвар вакиллари билан танишади. Сўнг Арабистон шаҳарлари, Ҳиндистон ва Туркия мамлакатларида оддий меҳнаткаш халқ ҳаётини кўради. 1910-1913 йилларда Қўнғиротда муаллимлик қилади, маърифатпарварлик руҳидаги шеърларини ёзиб, Боку ва Оренбургда чиқадиган рўзнома ва ойномаларда тез-тез кўрина бошлайди. Айниқса, унинг маҳоратидан дарак берувчи «Ўзбек хонимига», «Хонимлар исминда», «Ватан», «Муслималар» асарлари эътиборли эди.
1913 йилда Чустга қайтиб келиб, етим мактаблари очади ва унда муаллимлик қилади. Дунёвий фанларни енгил ва янги усулда ўргатишга бел боғлайди. Айни чоғда айрим шариат пешволарини, бой-амалдорларни ўткир ҳажвий тиғ билан савалайди. Бунга чидай олмаган ҳоким синф вакиллари уни ҳалок этиш пайига тушадилар. Буни сезган шоир Сўфизода 1915 йили яна хорижий мамлакатларга кетишга мажбур бўлади.
Қувди мени жоҳиллар ўшандоғ ватанимдан,
Лекин қува олмас суханимни даҳанимдан, —
деб, эътиқоди, иродасини яна бир бор тиклаб олади. Бу сафар давомида у Ҳиндистонда, сўнг Афғонистонда ўқитувчилик билан машғул бўлади. 1918 йилда Афғонистон маориф вазирининг ўринбосари сифатида Туркистонга афғон ваколатхонасининг тилмочи бўлиб тайинланади. 1918 йил сўнгида у афғон арбоблари билан Ўзбекистонга қайтиб келади ва шу ерда умринин охиригача хизмат этади.
Яна мунофиқлар қаршилигига учраб, олти ойга қамалади. Сўфизода бутун умр қийинчиликлар кўрса ҳам, ўз халқига хизмат этишдан заррача тўхтамади. Унинг асарлари «Қизил Ўзбекистон», «Муштум», «Фарғона» каби рўзнома ва ойномаларда тез-тез босилиб турди.
1925 йил 13 августда «Фарғона» газетасида «Хушчақчақ қаламлар» сарлавҳаси остида унинг бир қатор ҳажвий шеърлари босилди. Унинг «Ҳақиқатдан кўз юмганлар», «Қалайсизлар?, «Сайловга» каби шеърларида ўша суронли йиллар таҳликалари устида мулоҳаза юритилади. 1934 йилга келиб, «Байрам нашидалари» номли достони нашр этилади. Унга ўзбек адабиёти олдидаги хизматлари учун Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий билан бир қаторда 1926 йил 27 февралда Ўзбекистон халқ шоири деган юксак унвон берилади. У 1937 йилда оғир бетобликдан вафот этади.