Шоикром айвон тўридаги сандал четида хомуш ўтирарди. Аллақачон баҳор келиб, кунлар исиб кетганига қарамай, ҳамон сандал олиб ташланмагани, аммо ҳеч ким бу тўғрида ўйлаб кўрмаганини у энди пайқагандай ғаши келди. Бўз кўрпа устидан ёпилган, шинни доғи қотган қуроқ дастурхон ҳам ҳозиргина гўжадан бўшаган споол товоқ, банди куйган ёғоч қошиқ ҳам унинг кўзига хунук кўриниб кетди. Аммо бепарволик билан қўл силтади-ю, дўпписини сандал устига ташлаб ёнбошлади.
Ярим кеча бўлиб қолган, атроф жимжит. Фақат олисларда ит улийди. Айвон тўсинидаги узун михга илиғлиқ лампочка хира нур таратади. Чироқ атрофида ўралашган чивинлар бир зум тинмайди. Ҳовлининг ярмигача ариқ тортиб экилган қулупнай пушталари орасида сув ялтирайди. Онда-сонда ранг олган қулупнайлар кўзга ташланиб қолади. Қаёқдандир шамол келди. Ҳовли этагидаги ёнғоқ шохлари бир гувиллаб қўйди. Шоикром уйқу элита бошлаган кўзлари билан ўша томонга қаради-ю, тер ҳиди анқиб турган лўлаболишга бошини ташлади. Шу ондаёқ яна ўша товоққа, банди куйган қошиққа кўзи тушиб, тағин ғашланди. “Зиқна бўлмай ўл!- деб ўйлади хотинини сўкиб.-Азалдан қурумсоқ эди, замон оғирлашгандан буён баттар бўлди”.
Ичкарида чақалоқ йиғлади. Бешикнинг ғирчиллагани эшитилди. Бола худди шуни кутиб тургандай, баттар биғиллай бошлади. Каттаси ҳам уйғониб кетди шекилли, қўшилишиб йиғилишга тушди.
Шоикром силтаниб қаддини ростлади.
- Овозини ўчир, Хадича!
Ичкаридан хотинининг бешикни муштлагани, зардали товуши эшитилди:
- Овози ўчса кошкийди! Тўққиз кечасида жин теккан бунга!
“ Камбағалнинг эккани унмайди, боласи кўпаяди ўзи,- деб ўйлади Шоикром ижарғаниб. – Шу кунимдан кўра урушга бориб ўлиб кета қолганим яхшийди”.
Уни урушга олишмади. Тўқимачилик комбинатида монтёр етишмасмиди, ё ўзи яхши ишлармиди, ҳар қалай, уни олиб қолишди. Шоикром уруш бошланишидан сал олдин уйланган эди. Уруш бўлди-ю, замон ўзгариб кетди. Бир хил одамлар тирноққа зор. Унинг хотини бўлса, ёнидан ўтиб кетса ҳам бошқоронги бўлаверади. Худо бергандан кейин ташлаб бўлармишми, деб кетма-кет учта қиз туғиб берди. Урушнинг қора қаноти узоқлаб кетган бўлсаям, ҳамон унинг сояси одамлар бошига кўланка ташлаб турибди. Ҳали у қўшниникида аза очилади, ҳали бу қўшниникида.
Ҳовли этагидаги пастак эшик ғийқиллади. Шоикром кафти билан кўзини чироқдан пана қилиб қаради-ю, шу томонга келаётган онасини кўрди. У уйланганидан кейин отадан қолган ҳовлини ўртадан икки пахса девор олиб бўлишган. Бунгаям бир чеккаси Хадичанинг инжиқлиги сабаб бўлган эди. Ҳар хил икир-чикир гаплар чиқаверганидан кейин Умри хола рўзғоринг бошқа бўлса ўзингга қайишасан, деб уларнинг қозонини бошқа қилиб берди. Ўзи кичик ўғли Шонеъмат билан нариги ҳовлида қолди.
Ранги униққан чит кўйлак устидан нимча кийиб олган Умри хола шарпадай унсиз юриб келди-да, япалоқ “мусулмон” ғиштдан ясалган зинадан айвонга кўтарилди.
- Ҳали ухламовмидинг? – деди у зинадан энкайиб чиқаётганида сурилиб кетган рўмолини қайта ўраб.
- Кўрмайсизми, чақалоқ тинчимаяпти. Ўзим итдай чарчаганман.
- Бола бўлгандан кейин йиғлайди-да,- деди Умри хола юпатувчи товушда.- Ётавер, болам.- У ян ўша унсиз одимлар билан ичкари уйга кириб кетди.
Қайнана- келин бир бало қилиб, болаларни тинчитишди. Кейин икковлари бошлашиб чиқишди. Хадича бир қўлида чойнак-пиёла, бир қўлида зоғора нон келтириб, дастурхон устига қўйди.
- Чой ўлиб қопти,- деди у зоғора ушатаркан.
Умри хола Шоикромнинг ёнбошига, шапарак кўрпачага ўтирди.
- Ол ўзинг ҳам,-деди у томирлари бўртиб чиққан қўллари билан, сочилган увоқларни йиғиб оғзига соларкан. Шоикрром онасининг бармоқлари тарс-тарс ёрилиб кетрганинг энди пайқади. Илгари ҳам шунақамиди, йўқмиди, эслай олмади.
- Овқатингдан қолмадими? – деди у чўккалаб ўтирганча чой қуяётган хотинига қараб.
Хадичанинг узунчоқ сарғиш юзи қизарди. Айбдордек маҳзун товушда узр сўради:
- Қолмовди-я.
Шоикром унинг қизарганидан ёлғон гапираётганини сезди. Ким билсин, эрталаб ўзига иситиб бериш учун шунақа деяётгандир…
- Йўқ, болам, овқат керакмас,- деди Умри хола шошилиб.- Хаёл суриб ётибуйқум ўчиб кетди…- У бир лаҳза жим қолди-да, ўзига гапиргандай секин қўшиб қўйди. – Пайшанба куни Комил тайибнинг уйига борувдим. Ҳар куни наҳорга бир косадан қўй сути ичса, дард кўрмагандай бўлиб кетади, деди.
- Ҳозир қўй сути қатта,- деди Хадича.- Сигир сути отлиққа ёғ-у... шу пайтда сигиримиз туққан бўларди-я.
Шоикром хотинининг гапини эшитмади. Бирдан унинг кўз ўнгида пастак дераза остида шифтга тикилиб ётган укаси жонланди. Бир ҳовлида туриб ўн кундан буён ҳолини сўрамаганига афсусланиб, ичидан хўрсиниқ келди. Шонеъмат Россиядан кўчириб келтирилган завод қурилишида ишлай бошлаганида уни урушга олишмаганидан Шоикром суюнган эди. Гап бошқа ёқда экан. Укаси сил экан. Шунинг учун қолдиришган экан. Мана, уч ойдирки, ерга ёпишиб ётибди.
Шоикром ўн кунча илгари ишга кетаётиб бирров кириб укасидан ҳол сўраган эди. Ўшанда Шонеъматнинг қоқ суяк бўлиб қолганини, катта-катта кўзлари нимагадир чуқур маъно билан ўзига тикилганини кўрган эди.
“Яқинда ўлади, - деб ўйлади у онасининг кўзига қарамасликка ҳаракат қилиб, - барибир ўлади”.
- Тузукми? – деди у ҳаммаси учун ўзи айбдордай қовоғини солиб.
- Шукур,- Умри хола қулт этиб ютинди.- Ҳозир ухлади.- онаси шу топда чиқиб овора бўлмагин, деган маънода гапирганини Шоикром тушунди.
- Эрталаб хабар оламан,- деди у онаси ўрнидан турганида.
- Сендан нега гина қиларкан, болам,- деди Умри хола айвон лабида тўхтаб.- Кўриб турибди-ку. Эрталаб чиқиб кетасан, ярим кечада қайтасан. Бу кунлар унут бўлиб кетади, болам.- Зинага ечган калишининг бир пойи тўнкарилиб қолган экан, умри хола оёғининг учи билантўғрилайман деб, анча овора бўлди. Кейин зиналардан энкайиб тушди-ю, шарпадай унсиз юрганча, ҳовли этагига қараб кетди. Пастак эшик ғийқиллаб очилиб ёпилди.
- Падарига лаънат шунақа турмушнинг! – деди Шоикром бўғилиб. Кейин дастурхонни йигиъштираётган хотинига ўшқирди.- Сениям падарингга лаънат! Тумшуғингни тагидан сигирингни етаклаб кетса-ю, анқайиб ўтирсанг.
- Нега менга ўдағайлайсиз?- Хадича товоқни қошиққа уриб, йиғламсиради.- Нима, мениям Илҳом самоварчининг хотинидай сўйиб кетсинмиди? Сиз кечалари сменда бўлсангиз. Мен учта жўжа билан жонимни ҳовучлаб ўтирганим етмайдими?!
Шоикром хотинини тарсакилаб юбормаслик учун юзини ўгириб, тишини ғижирлатди.
Сув қалқиса, лойқаси юқорига чиққандай, замон қалқигандан буён ёмон кўпайди. Эрта баҳорда уларнинг туғай деб турган сигирини ўғирлаб кетишди. Ўша кеча шоикром тунги сменада эди. Кечаси билан шаррос жала қуйиб чиқди. Шоикром тонг-саҳарда бир нимани сезгандай кўнгли ғаш тортиб, уйига қайтди. Келса хотини, болалари, онаси дод солиб ўтиришибди. Хадича оғироёқ эмасми, ўзи билан ўзи овора бўлиб билолмай қолибди. Эрталаб турса кўча эшик ланг очиқ, ёнғоққа боғлоқлиқ сигир йўқ.
“Шу пайтгача сигир туғарди, укамнинг оғзига ақалли бир коса сут тутардим, - деб ўйлади Шоикром ўкиниб.- Қани ўшалар қўлимга тушса, чопиб ташлардим”.
Шундоқ деди-ю, эгаси минг пойласин, ўғри-бир мана, бундан икки ойча илгари Илҳом самоварчининг хотинини пичоқлаб кетишди. Бечоранинг битта-ю битта эчкиси бор экан. Ҳовлига ўғри тушганини билиб, хотин шўрлик дод солибди. Эри чохонада экан. Югуриб бориб эчкининг арқонидан ушлаганми, хуллас, етиб келган қўни- қўшнилар қора қонига беланиб ётганини кўришибди.
- Шу кунда яна ўғри оралаб қолди, - деди Хадича кўрпачани қоқиб танча четига соларкан.- Қулупнай қизармасидан битта қўймай териб кетяпти.
-Ваҳима қилма!- деди Шоикром қовоғини ўйиб.- Болалар териб егандир. Ўғри қулупнайга келадими?
- Оғзига бир дона олган бўлса буюрмасин. Нега келмас экан? Бир ҳовучини опчиқиб сотса бир коса жўхори беради. Ана, бориб қаранг, деворнинг бир чети ўпирилиб ётибди!
- Ваҳима қилма!- деди Шоикром яна ғўлдираб. Аммо бу сафар ўзининг ҳам юраги сесканиб кетганини пайқади. Кўнглида пайдо бўлган ғашликни сездирмаслик учун ҳовлига тушди. Секин юриб, қулупнай пушталари олдига келди. Ариқлардаги сув чироқ нурида ялтираб, шамолда жимирлар, маржондай терилиб ранг олганқулупнайлар сувга тегай-тегай деб турарди.
“Рост-да,- деб ўйлади у пушталар атрофида айланаркан,- бир ҳовуч қулупнайга бир товоқ жўхори беради. Тансиқ нарса... хадича ёлғон гапирмайди. Болалар еган бўлса, буюрмасин, деяпти-ку. Пишиқ, йўлатмайди...”
Бултур хотини худди шу қулупнай туфайли онасини ҳам қаттиқ ранжитган эди. Умри хола бир ховуч қулупнай олган экан, хадича болаларга нон пули бўлар деб экканмиз, норасталарнинг насибасига тегманг, деб бобиллаб берибди.
Шоикром ўшанда онасининг ёз бўйикелини биланюзкўрмас бўлиб юрганини эслади-да, яна ўша гап хаёлига келди. “Хадича анойи эмас, қурумсоқ...”
У айланиб ёнғоқ тагига борди. Борди-ю, чиндан ҳам кўча томондаги деворнинг бир четиўпирилганини, остига тупроқ тўкилганини кўриб, юраги орқасига тортиб кетди.Назарида деворнинг кемтик жойидан биров мўралаб тургандай бўлди. Ёнғоқ шохларининг шамолда вишиллаши ҳам, оёғи остида тўкилиб ётган девор тпроғи ҳам шубҳали, ваҳимали кўриниб, дарров орқасига қайтди.
Хадича аллақачон уйга кириб кетибди. У чироқни ўчириб, сандал четига ётди-ю, кўнглидаги ғулғула кучайиб кетаверди.
Кузда ўзи билан ишлайдиган йигитнинг ҳовлисидаги сўритокдан ғарқ пишиб ётган узумларини ўғирланвб кетишганини эслади. Шамол борган сари авжга чиқар, ҳовлидагиёнғоқ барглари шовиллаб, шохлари ғирчиллар, аллаким шип-шип қадам босиб, айвон лабига келаётгандай бўларди.
Хадича рост айтади. У кечалари сменада бўлса, хотини учта жўжа билан жон ҳовучлаб тонг оттирса, ўғригаўлжанини катта-кичиги борми? Қўлига нима илинса олаверади-да. Борди-ю, ўзи йўғида уйини ўғри босса, хотини дод солса, пичоқлаб ташласа. У ёқдан онаси чиқса, униям пичоқласа... “ Виждонсиз! Одамларнинг бошига кулфат тушганидан фойдаланиб қоладиганларни қириш керак”.
Бирдан хаёлига келган фикрдан унинг вужуди титраб кетди. Қора кунлари учун, не умидлар билан тишида тишлаб юрган ғунажинини ўғирлагани учун, ўлим тўшагида ётган укасининг охирги насибасидан маҳрум қилгани учун, нон пули бўлар деб етиштирган мевасидан жудо қилаётгани учун шундоқ қасос олсинки, ўша худо бехабарлардан.
У ўрнидан сакраб туриб кетди. Чироқни ёқиб, отилиб ҳовлига тушди. Ҳамон шамол ўкирар, осмоннинг гоҳ у, гоҳ бу бурчида чақмоқ ярақлаб, ёнғоқ шохлари шубҳали ғийқиллар, аммо энди булар уни қўрқитолмас эди. У ёнбошидаги ошхонага кирди-ю, чўнтагидан гугурт олиб чақди. Титроқ қўллари билан қорайиб кетган девордаги михга илиғлиқ турган икки ўрам симни олди. Бир вақтлар урушдан олдин у бу симларни базмларга олиб борар, одамларнинг ҳовлисини машъаладай ёритиб берарди. Эндиям яхшиликка хизмат қилсин!
“Менга деса отиб юбормайдими! – деб ўйлади у айвон лабига чўққайиб ўтирганича усти ёпиқ симни очиқ симга илдам уларкан.- Ҳарна битта ҳаромхўрни ўлдирганим. Биттаси ўлса, бошқалари адабини ейди”.
У чақон ҳаракат қилар, аъзойи бадани терлаб кетган, аммо буни ўзи пайқамас, фақат бир сўзни такрорларди: “Менга деса отиб юбормайдими!”
У симнинг очиқ қисмини қулупнай пушталари устига улоқтирди. Сим илондай биланглаб пушта устига тушди. Ёпиқ қисмини айвон тагидан олиб ўтди-да, бир учини устундаги илгакка тиқиб қўйди. Кейин бирдан болалар кечаси ҳовлига тушса нима бўлади, деган хаёл миясига урилди-ю, уйга кирди. Хадича ётган жойида уйқусираб бошини кўтарди.
- Ҳа?
- Ҳовлига чиқма, болалар ҳам чиқмасин, ўлади! – деди Шоикром кўзлари ёниб.
Хадича ҳеч нимага тушунмади шекилли, “хўп” деди-ю, бошини ёстиққа ташлади. Зум ўтмай текис, чуқур нафас ола бошлади. Шоикром айвон чироғини ўчириб, яна уйга кирди. Ҳар эҳтимолга қаршу шундоқ эшик тагига, наматга кўндаланг ётиб олди.
“Менга деса отиб ташламайдими? “ деб ўйлади яна ўшандай зарда билан. Шу топда негадир болаларини эмас, хотинини ҳам эмас, укасини ўйлади. Шонеъмат болалигида ҳам заифгина эди. Шоикром уни ҳар куни мактабдан ўзи олиб келар, иккинчи сменада дарс тугагунча пойлаб ўтирарди. Отаси ўлганида Шоикром олтинчида, укаси иккинчида ўқирди. Ўшанда Шонеъмат йиғламаган, аммо ичикиб касал бўлиб қолганди. Она-бола уни авайлаб катта қилишди. Энди бўлса, беш кунлиги қолдими йўқми, ака бўлиб хабар ҳам ололмайди.
Шоикром ухламадими, йўқми, билолмади. Бир маҳал бола йиғладими, ё ташқарида шамолнинг гувиллаши аралаш даҳшатли бир фарёд қулоғига кирдими, англай олмай қолди. Сапчиб ўрнидан туриб кетди. Айвон чироғини ёқиши билан қулупнай пуштасида мук тушиб ётган одам гавдасини кўрди-ю, даҳшатдан қотиб қолди. Шу ондаёқ хато қилганини, қотиллик қилганини пайқади. Сим учини шартта илгакдан юлиб олиб, ҳовлига отилди. “Бошқалари қочди” деган фикр лип этиб хаёлидан ўтди. Пушталар устида сакраб-сакраб юриб бораркан, оёғи ботиб кетаётганини пайқади. Кейин ғужунак бўлиб ётган одамдан уч қадам берироқда тўхтади-ю, бирдан чўккалаб қолди. Бир лаҳза кўзлари олайиб тикилиб турди-да, кўксидан шамол ғувурини ҳам, ўз вужудини ҳам ларзага солувчи бир нидо отилиб чиқди:
- Ойи-и-и!
У бошидан ҳуши учиб бораётганини элас-елас ҳис қилиб ўзини ерга отди. Титроқ қўллари билан лой чангаллаганча чўккалаб кўксига муштлай кетди.
- Ойи! Ойижон !
Умри хола бир қўли билан униққан чит кўйлагининг этагини маҳкам чангаллаб олган, этак ичида икки ҳовуч пишган-пишмаган аралаш қулупнайлар кўриниб турар, бошқа қўли билан эса илондек симни ушлаб турарди. Шоикром унинг қулупнай қизили юққан, ёрилиб кетган бармоқларини, бўртган томирларини аниқ кўрди. Нарироқда, лойли ариқ ичида унинг калиши ётар, чамаси, сим оёғига текканида юлиб олмоқчи бўлган-у, қўлига ўралашиб йиқилган эди.
Шоикром лойли марзадан эмаклаб борганча, ўзини онасининг қучоғига отди.
- Ойижон, очинг кўзингизни!- деди у гезариб кетган лаблари билан онасининг муздай юзидан ўпиб.
У анчадан кейин ўзига келди-ю, тепасида хотини турганини, қизчалари йиғлаётганини пайқади. Бошини кўтариши билан марза четида чўнқайиб ўтирган Шонеъматга кўзи тушди. Неча ҳафталардан буён ўрнидан жилмай ётган укаси, афтидан, қандайдир куч топиб эмаклаб чиққан, кўйлагининг елкалари осилиб турар, катта-катта кўзлари ваҳима билан боқар эди.
-Нима қилиб қўйдим, укам! – деди Шоикром яна балчиққа беланган кафти билан юзини чангаллаб. Кейин яна онасининг устига ўзини ташлади. У онасини кўтаришга уринар, аммо онасининг икки букланган гавдаси негадир ҳеч тикланмас эди.
- Сут ичмай заҳар ичсам бўлмасмиди, - деди Шонеъмат овози титраб.
Шоикром бу ожиз, титроқ товушдан сесканиб, укасига тикилиб қолди.
- Заҳар ичсам бўлмасмиди,- деди Шонеъмат яна ўша оҳангда. Афтидан, у йиғлай олмас, йиғлашга мадори етмасди.- Кечаям айтувдим, кўнмадилар. Қулупнайга сут алишади, дедилар.
Шоикром бошқа ҳеч нимани эшитмади. Эшитолмади. Фойдаси ҳам йўқ эди.
* * *
Умри холани пешин намозига чиқаришди. Гўристондан чиқиб келишаётганида Шоикром одамларнинг ўзаро гапини эшитиб қолди.
- Уруш тамом бўпти, эшитдингизми?
1967-йил