Ҳазрат Навоийнинг бу машҳур ғазали ҳақида суҳбатлашишдан аввал, ота-боболаримиз коинотни ўн саккиз минг оламдан иборат, деб англаганликларини эслаб ўтишимиз жоиз. «Ошуб» - ғавғо, тўполон дегани. Хўш, нима учун шоир «Ўн саккиз минг олам ошуби» дейди?
Ўн саккиз минг олам ошуби агар бошиндадур,
Не ажаб, чун сарвинозим ўн саккиз ёшиндадур.
Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшинда бунча фитнаким бошиндадур.
Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи... ул балоларким кўзу қошиндадур.
Ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки, ҳар ҳайратки бор,
Барчаси Язид таоло сунъи наққошиндадур.
Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.
Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Бул ажабларким, бу эски дайир хуффошиндадур.
То Навоий чекти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур.
Маълумки, бизга ана шу «ўн саккиз минг олам»дан кичик бир қисм - Ер юзининг ўзимиз яшайдиган бўлагидаги ғам-ташвишу ғалаёнлар, жунбушларгина аён. Чексизликдаги жамики «ошублар»нинг ҳайбатини ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизлик қилиб қоламиз. Бироқ, Алишер Навоий идеалидаги инсоннинг, мумтоз маҳбубанинг етуклиги шу даражадаки, унинг бошида нафақат мазкур «ўн саккиз минг олам ошуби» ҳақидаги тасаввур, балки ана шу ошуб, ана шу ғалаён бор. Шу ўринда, Алишер Навоийнинг ҳар бир инсон шахсига нақадар буюк аҳамият берганлиги, қанчалик залворли юк ортганлигини таъкидлаб қўйиш лозим. Инсоннинг, ҳар бир шахснинг ўзи алоҳида бир оламгина бўлиб қолмасдан, балки «Ўн саккиз минг олам ошуби»нинг соҳиби эканлиги буюк шоиримизнинг бу борадаги ўзига хос кашфиётидир. Биз ҳар лаҳзада дунёга неча минглаб одамлар келиши ва ҳар лаҳзада қанчадан-қанча гўзаллар ўн саккиз ёшга қадам қўйишларини, бир ўйласак ва ҳар биттасининг бошида ўн саккиз минг оламда содир бўлаётган ғалаёнлар мавжудлигини фикр қилсак, буларнинг барчаси ва булардан ташқари Навоий лирик қаҳрамони томонидан васф этилаётган ўн саккиз минг олам муаммоларини ўз бошига жам қилган маҳбубанинг зоҳирий ва ботиний кўрки нақадар бетимсол эканлиги аён бўлади. Гъазалдан аёнки, ҳар бир кун шунчаки кун эмас, ҳар бир лаҳза шунчаки лаҳза эмас, балки қанчалаб мумтоз гўзалларнинг ва улар орасидаги битта энг етук соҳибжамолнинг ўн саккиз ёшга тўлиб турадиган оний бир мў‘жизаси ўлчамидир. Бир лаҳзадаки шунчалик мў‘жизалар қудрати мавжуд экан, ўн саккиз йил қанчалик ҳусндан иборат эканлигини кўз олдингизга келтираверинг. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ушбу маҳбубанинг илк байтдаги таърифи билан кифояланиб қолмасдан, ўз соҳибжамолида ҳар бир лаҳзаси ана шундай баркамол кўрклардан иборат бўлган яна тағин ўн саккиз йилнинг ҳусни борлигидан хабар беради. Мазкур ҳусннинг чексизлигига чексизлик қўшади.
Деса бўлғайким, яна ҳам ўн саккиз йил ҳусни бор,
Ўн саккиз ёшинда бунча фитнаким бошиндадур.
Байтдаги «фитна» сўзига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқ керак. Маълумки, оламдаги барча ғалаёнлар диалектик зиддиятларнинг содир бўлишларидан, яъни «фитна»лардан ташкил топади ва шу туфайли борлиқ мулки ҳаракатга келиб туради. Демак, Алишер Навоий тавсифидаги гўзал фақатгина чексиз ҳусн соҳибаси эмас, балки борлиқни ҳаракатлантиргувчи қудратга ҳам эга бўлган бир мўъжизадир.
Ҳазрат Навоий қаҳрамонига маҳбубаси тимсолидаги инсоний гўзаллик ва унинг яратувчиси қудрати ҳақидаги тафаккур изланишини аёвсиз бир шиддат билан давом қилгизади. Шоирга бу тенгсиз соҳибжамолнинг ўн саккиз йил ҳусни соҳибаси эканлиги ҳам камдек кўринади. Энди бу мезон ҳар лаҳзада тенгсиз ва чексиз гўзалликларни ўз ичига қамраб олган юз саксон йил қадар баҳайбатланади.
Ўн саккиз йил дема, юз саксон йил ўлса, улдурур,
Ҳусн шоҳи - ул балоларким кўзу қошиндадур.
Шоир англатадики, ҳар йилнинг ўз ҳусни бор. Муайян йилнинг ҳусни ана шу йил мобайнида яралган жами гўзалликларнинг мажмуидан иборат. Бир йилда Аллоҳ таоло қанча-қанчалаб ҳуснларни бунёд этади? Буни аниқ айтишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда у «йил ҳусни» деган иборани қўллайди. Алишер Навоий «ҳусн ўлчами»га замон ва макон нуқтаи назаридан келиб чиқиб аниқлик киритади, яъни «Ўн саккиз йил ҳусни» каби. Ва шу ҳуснга ҳайратдан туғилган «Ўн саккиз минг олам ошуби». Алишер Навоий ана шу ўлчамлардан «Ҳусн шоҳи» деган атамани қўллайди. Унинг фикрича, васф этилаётган соҳибжамол ўн саккиз йил ҳам эмас, юз саксон йил мобайнида яратилган илоҳий ҳуснларнинг мумтози яъни «ШОҲИ»дир. Мангуликнинг «ҳусн шоҳи», шоирнинг зимдан таъкидлашича - Аллоҳдир. Лекин У инсонларни ўзига монанд сифатлар билан зийнатлаб кўришни маъқул топади. Шоиримиз таърифлаётган илоҳий дийдор эса, ана шундай олий лаҳзаларда яралган мў‘жизадир. Бу дийдор айни бир вақтнинг ўзида шоир инсонлар олдига қўймоқчи бўлган сифатлар соҳибасидир, тараққиёт жараёнида шунга қараб интилиниши керак бўлган ибрат намунасидир... ... «кўзу қоши» «қанчалаб ўн саккиз минг оламлар» балоларини ўзида жамлаган бу баркамоллик эгасининг соҳибмў‘жизалик даражасига ҳайрон қолишга инсоннинг ақли ожизлик қилади. Шу сабабдан бўлса керак, «ҳайрат этмон ҳусни нақшидаки», деб хитоб қилади ва ўзи яратган мў‘жизаларига Аллоҳнинг ўзининггина ҳайрат қудрати етиши муқаррарлигини шоир қуйидагича баён этади: «...ҳар ҳайратки бор, барчаси Эзид таоло сунъи наққошиндадур». Бу мисрадан шуниси яна ҳам ойдинлашдики, бу чексиз мў‘жизага ҳайрат айнан ана шу мў‘жизанинг ўзидан иборат. Яъни ҳайрат «сунъи наққошинда». Демак, яратувчининг қўлида, яна ҳам аниқроғи, «наққош»нинг, яъни Парвардигори оламнинг яратувчилик қудратидир. Шоирга кўра, бундай илоҳий қудрат туфайли юз берган мў‘жизага ҳайратланиш учун ҳамма-ҳамманинг ҳам қурби етавермайди.
Маълумки, оламнинг ишлари ташқаридан қараганда ялтироқ, унинг замирига нигоҳ ташласак, шоир илк байтда таъкидлаганидек, «ошубларга тўла». Шунинг учун ҳам бу дунёни «ёлғончи дунё» деб айтадилар. Алишер Навоий ўзи таърифлаётган гўзалнинг ҳуснини нақадар чексиз деб таъкид қилмасин, барибир у ҳам муайян маънода ўзи мансуб бўлган оламнинг тимсолидир. Яъниким,
Тан анга сийму ичинда тош музмар кўнглидин,
Ақлға юз ҳайрат ул ойнинг ичу тошиндадур.
Яъни унинг бадани кумушдан. Ақлни юз ҳайратга соладиган жиҳати шундаки, мана шу кумуш баданнинг ичида тош юрак пинҳон қилингандир ва у кўриниб туради. Мана шу кўриниб туриш дунёнинг ёлғончиликка қарама-қарши қўйилган зоҳир ва ботиннинг муштараклигидир. Шундан кейин, Алишер Навоий ўзи иншо этган бу мураккаб ҳусн салтанатининг таърифини тўхтатиб, анъанавий лирик чекинишга ўтади. Бироқ бу лирик чекиниш ҳам зимдан асосий мавзу билан боғлиқ. Чексиз олам ва унда ҳаёт кечираётган баркамоллиги ҳудудсиз одам мавжуд бўлган борлиқнинг ҳайратланарли эканлигини тараннум қилишда давом этишдан иборатдир.
Май кетур, эй муғки, юз ҳайрат аро қолмиш Масиҳ,
Булъажабларким, бу эски дайир хуффошиндадур.
«Май» - эътиқодга қаттиқ берилишнинг тимсоли. «Муғ» - майфуруш, инсоннинг ўз эътиқодига қаттиқ берилишида воситачи шахс. «Масиҳ» - Исо пайғамбарнинг лақаби. Исо алайҳиссаломнинг муҳим фазилати шундан иборатки, у гапириб ўликларга жон кирита олар эди. «Булъажаб» - ғалати, ҳайратланарли дегани. «Хуффош» бу - кўршапалак.
Маълумки, кўршапалаклар гумбазларнинг ичини ўзларига уя қилиб оладилар. Дунё ҳам, олам ҳам ўзига хос гумбаз. Бироқ бу гумбазнинг кўршапалаклари шу қадар мў‘жизакор, ҳайратланарлики, бундай ҳайратланарли кўршапалаклар яратган мў‘жизотларга, ҳатто Исо Масиҳ ҳам ҳайрон қолади.
Хуффош, яъни кўршапалак кўзлари кўрмаса ҳам сезгиларига таяниб, қоронғуда бемалол учиб юрадиган мавжудот. Сезгирлик унинг кўнгил кўзидадир. Маълумки, мутафаккирлар ҳақиқий муҳаббатда ҳам, мажозий муҳаббатда ҳам сувратнигина кўра оладиган зоҳирий кўзни эмас, балки сийратни идрок эта оладиган кўнгил кўзини афзал билганлар. Демак, Навоий таърифлаётган олий жамолни илғамоқ учун ҳар бир инсоннинг кўнгил кўзи чарақлаб туриши керак. Бошқалар учун қоронғу бўлиб туюлган ерларда ҳам ўзига ёруғ йўл топа билмоғи лозим. Бундай оламда одамнинг нақадар буюк мў‘жизалар содир эта олишига таажжубланмаса ҳам бўлади. Мақтаъ, яъни ғазалнинг охирги байти қуйидагичадир:
То Навоий чекти ул ой фурқатидин баҳри ашк,
Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур.
Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони ўзи таърифлаган ойдан айрилиб, шундай кўз ёшлар тўкадики, мў‘жизакорликда унинг ҳар қатра кўз ёши шу ойга тенглашади. Нега биз шундай демоқдамиз? Эътибор қилинг - қуёш нури ҳамиша ойда акс этади. Шоир бўлса, «Ҳар қачон боқсанг қуёш акси анинг ёшиндадур» демоқда. Ҳар қатрасида бир қуёш акс этган бу «кўз ёш денгизи», яъни буюк қайғу, шунчаки қайғумас, балки борлиқни ўзида акс эттирадиган кўзгу ҳамдир. Бу ҳолни қуйидагича талқин қилиш ҳам мумкин: қуёшнинг акси ойда қандай зоҳир бўлса, ишқ туфайли табарруклашган ошиқ кўз ёши ойдан қуёшчалик афзал. Шу сабабдан ҳам офтоб унда акс этади. Шоирнинг бу охирги байтидан навбатдаги хулоса келиб чиқади, маъшуқа нақадар баркамол бўлмасин, ошиқ ўзи чеккан дардлари туфайли камолот даражасида унга баробарлашади. Муҳаббатнинг вазифаси ҳам ана шунда, яъни нуқсонли севгувчини мумтоз севилувчи даражасига етказишдир.
Матназар Абдулҳаким,
Хоразм Ма’мун академияси илмий ходими