СЎЗБОШИ
Тилимиз, адабиётимиз, умуман ўтмиш маънавиятимизни, хусусан, ўтмишда яратилган туркий тилидаги ёдгорликларнинг барчасини атрофлича ва чуқур ўрганишимиз билангина ўтмишда ва ҳозирда жаҳонда миллатимиз ўрни, мавқеи, ўзига хослигини аниқлай оламиз. Натижада ҳозирги ҳолатимизга келиш тадрижий тараққиёт жараёнини тасаввур эта оламиз.
Туркий халқлар маънавий тараққиётида «Ўғузнома»нинг тутган ўрни масаласида жаҳон фанида кўп ва хўб фикрлар айтилган. («Dede Korkut kitabi», Ankara, 1958; F. Sumer, Ogurlar (Turkmenlar). Tarihlari – boy teskilati-destanlari, 1967; «Книга моего деда Коркута» М., Л., 1925 г.).
Биз эътиборингизга ҳавола этаётган қадимий битиклардан бири бўлган «Ўғузнома»нинг «Ўғузномалар» орасида тутган ўрни ҳақида таниқли олим X.Кўрўғли ихчамгина ифода этган: «Ўғузнома» атамаси... дастлаб Абу Бакр б. Абдуллоҳ б. Ойбек ад Давадари (XIV аср) асарида учрайди. Рашидуддинда қайд этилган, лекин бизгача етиб келмаган нусха ҳамда Париж миллий кутубхонасида сақланаётган уйғур ёзувидаги «Ўғузнома» ҳам тахминан ўша даврга хосдир.
Бундан ташқари, XV—XIX асрларда Ўрта Осиёда чиғатой тилида битилган қатор «Ўғузнома»лар ҳақида маълумотлар мавжуд...»
Бизгача етиб келган, Ўрта ва Марказий Осиёда яратилган «Ўғузнома»лар узуқ бўлиб, ўғузларнинг бой эпик ижоди ҳақида «Китоб дедам Қўрқут» каби тасаввур бера олмайди (X. Короглы, «Родословная туркмен» Абулгази и огузский эпос», «Turkologik», Л., 1976).
Туркшунос олим В.В. Радлофнинг «Қадимги турки луғат»ида Ўғуз қоғон ҳақидаги афсона борасида қуйидагилар ёзилган: «XIII юз йилликка оид Ўғуз қоғон ҳақида афсона мазмунан эпик бўлиб, XV асрга дахил ягона нусхаси уйғур ёзувида битилган ва ҳар бирида 9 қатор ёзув бўлган 42 саҳифадан иборатдир. Бу нусха Париждаги Миллий кутубхонада сақланади».
Сизнинг ихтиёрингизга ҳавола этилаётган матн эса, 1992 йили уйғур ёзувидаги нусхадан кирилл ёзувига ўгирилган ҳолда бизга такдим этилди, уни тилимиз тарихи нуқтаи назаридан танқидий қараб нашрга тайёрлашга ҳаракат қилдик. Ушбу асарни В.В. Радлоф луғатида келтирилган матн қисми билан қиёсланганда айрим фарқлар учраши кузатилди:
3/3: «Бунда келганлар кўк кўп-кўп (Радлофда «кўк» йўқ).
1/8: Кўклуграк (Радолфда: кўруклуграк).
3/5: Эл кўпларни (Радолфда: Эл-кунларни).
6/5: Тангрини йалбарэуда эрди (Радлофда: Тангри Йолбарэуда эрди).
9/2: Кўруклуг бир қиз эрди (Радлофда: Кўруклук қиз эрди).
6/6: Йэрниг эл-куни ани кўрса (Радлофда: Йэрнинг йэл куни кўрса).
12/1: Йэрда йурусун қулан (Радлофда: ав йэрда йурусун қулан).
12/2: Кўк курихон (Радлофда: кўк қўриған).
16/4: Кўк тулуғгук (Радлофда: кўк тулуклук).
17/6: Кўк йаллуғ (Радлофда: кўк чаллуғ).
18/4: Иашунда Итил (Радлофда: Ўшанда Итил).
20/8: Балуҳни бенга сақлан (Радлофда: белуқни бизга сақлан).
24/5: Йэтт, кечди (Радлофда: Йэтти, кести).
27/9: Қағардин сарулмиш эрди (Радлофда: Саунмиш эрди).
30/7: Йурйит қоғонни босди (Радлофда: Чур-чит фоғонни басти).
31/5: Ишай бир чевар (Радлофда: йоқши/йашқи бир чебар).
Биз қайси бирини тўғрироқ деб ҳисобласак, ўша шаклни матнга киритдик.
Бундан ташқари, бизнинг нусхада В.В. Радлоф фойдаланган нусхадаги «ч/ж» ўрнида «й» ишлатилиши, -дин ўрнида -дан кўлланиши ҳам кузатилади. Булар Ўғуз қоғон ҳақидаги афсонанинг яна бир нусхаси борлиги фикрни ёқлаш учун келтирилди. Бу афсонани қиёслаш ва ўрганиш жараёнида ушбу матнда туркий халқлар оғзаки адабиётига хос бўлган достонлар назарда тутилмоқда, наср ва назмни аралаш қўллаш хусусияти ҳам аниқланди. Бунинг устига ундаги назм асар XIII асрга тегишли бўлишига қарамай, шеърлари туркий вазнда битилганлиги, боз устига оғзаки адабиётимизга хос саж унсуридан кенг фойдаланилгани
маълум бўлди. Шу хусусиятлар аниқланганидан кейин биз шеърнинг яхлитлиги, сажнинг оҳангини сақлаб юзага чиқариш учун ва ҳозирги ўқувчига осон етиб боришини кўзлаб, сатрларни матнда берилганидан бир оз ўзгартиришга ботиндик. Бу эпик асар тилимиз тарихи юзасидан муҳим бир ёдгорлик бўлиши билан бир қаторда, туркий қавмлар мифологияси (демак дунёқараши) асосларини ўрганиш бўйича ҳам тадқиқотчилар эътиборини тортиб улгурган (Қаранг, Ж. Дюмезиль. Скифы и Нарты, М.,
«Наука», 1979 г.). Афсуски, туркий мифология билан бизнинг мутахассиларимиз жиддий шуғулланмаганлиги, мазкур асарни ҳам таҳлил нимарсасига айлантира олмагани боис бўлса керак, айнан мана шу ёдгорлик гувоҳлигидан келиб чиқиб, бизнинг идрокимиз — дунёқарашимиз бошқа қавмларнинг (бу ўринда хитойча фикрлаш ҳақида гап кетмоқда) дунёни англашидан андозалар олгандан кўра, турк эртаклари ўз халқининг ижодий қувваси маҳсулидан кўра, бегоналардан ўзлаштирилган (асосан, форслардан) хоссалари кўпроқ намоён бўлади (В.Д. Смирнов. Турецко-османские сказки, Тюркологический сборник. 1973 г. 228-6.)
деган иддаога чидашимизга тўғри келмоқда. Лекин «Юқорида Кўк, қуйида Ер» деган хитойча дунёқарашнинг Ўрхун битикларидаги ифодасига чуқурроқ қаралса ва у ушбу ёдгорликдаги «ей», «ўқ» каби олтин ва кумуш рамзлари вазифаси туркий қавм дунёқараши асосида таҳсил этилса, хитойча эмас, балки дунёга туркийга қараш, идрок этиш намоён бўлиши шубҳасиздир.
Мақсад мазкур матнни ўтмиш дунёқарашимиз — исломдан олдин оламни тасаввур қилишимиз қандай бўлганлигини ўзимиз англашимиз даркор ва уни оммага қандай етказишимизга ҳам боғлиқ. Ёй, ўқ унсурларидан ташқари, туш кўриш ва тушни йўювчи ёки уни сотувчи — ушимал — Улуғ Турук ва унинг рамзий маъносига диққат қилмоқ ҳам лозим кўринади ҳамда бу уч унсурни яхлит кўриш ҳам даркорга ўхшайди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу 375 мисрали битикдан В.В. Радлофнинг «Қадимги турки луғат» асарида туркий сўзлар ва тушунчалар маъносини очишда «Девону луғати турк», «Қутадғу билик», Ўрхун тошбитиклари, «Хибатул ҳақойик» каби улуғ битиклар қаторида фойдаланганлиги унинг тилимиз тарихини очишдаги мавқеини кўрсатади. Ушбу, асарни тилшунослар, адабиётшунослар, тарихчилар ҳар томонлама ўрганиб таҳлил этсалар этнографиямиз, мифологиямиз борасидаги анча-мунча муаммоларимизнинг ечимини топишда катта аҳамият касб этиши аниқ.
ЎҒУЗНОМА (қўлёзма табдили)
I
1. Бўлсункил деб дедилар. Анинг анакуси ушбу турар
2. Тақи мундан сўнг севинч таптилар
3. Кена кунлардан бир кун Ай қаганнунг кўзи йарип будади
4. Эркак ўғул туғурди
5. Ўшул ўғулнунг ўнглуги чирақи кўк эрди
6. Ағизи аташ қизил эрди, кўзлари ал
7. Сачлари, қашлари қара эрдилар эрди
8. Йақши напсикилардан кўруклуграк эрди
9. Ўшул ўғул анасининг кўгузундун ағузни ичип
II
1. Мундун артиқрақ ичмади, йиг эт, сурма тилади
2. Тили кела башлади. Қириқ кундан сўнг бедуклади
3. Йўриди, ўйнади, адағи уд адағидек
4. Беллари бўри белларидек, йағри киш йағритек
5. Кўгузу адуғ кўгузутек эрди
6. Баданинунг қамағи тук тулутлук эрди
7. Йилқилар кутайа турур эрди
8. Атларға мина турур эрди, кик ав авлайа турур эрди
9. Кунлардан сўнг, кечалардан сўнг йигит бўлди
III
1. Бу чакда бу йэрда бир улуғ ўрман бар эрди
2. Кўп муранлар, кўп ўкузлар бар эрди
3. Бунда келганлар кўп-кўп, бунда учқанлар қуш кўп-кўп эрди
4. Ўшул ўрман ичинда бедук бир қиат бар эрди
5. Йилқиларни, эл-кунларни йэр эрди
6. Бедук йаман бир кик эрди
7. Бэрка эмгак бирла эл-кунни басип эрди
8. Ўғуз қаған бир эриз, кағаз киши эрди
9. Бу қиатни авламақ тилади. Кунлардан бир кун авға чиқти
IV
1. Йида бирла, йа, ўқ бирла, тақи қилич бирла
2. Қалқан бирла атлади. Бир буғу алди
3. Шул буғуни талнунг чубуқи бирла
4. Иғачқа бағлади, кетди. Андан сўнг эрта бўлди
5. Танг эрта чақда келди. Кўрдиким қиат
6. Буғуни алип турур. Кена бир адуғ адди
7. Алтунлуғ белбағи бирла йиғачқа бағлади, кетди
8. Мундун сўнг эрта бўлди, танг эрта чағда келди
9. Кўрдиким қиат адуғни алуп турур
V
1. Кена ўша йиғачнунг тубинда турди
2. Қиат келип баши бирла Ўғуз қалқанин урди
3. Ўғуз жида бирла қиатнинг башин урди
4. Ани ўлтурди. Қилич бирла башин кести, алди, кетти
5. Кена келип кўрдиким, бир шунқар
6. Қиатнинг ичагусин йэмакта турур
7. Йа бирла, ўқ бирла шунқарни ўлтурди, башини кести
8. Андин сўнг дедиким, шунқарнунг ангуғуси ушбу турур
9. Буғу йэди, адуғ йэди-жидам ўлтурди тамур бўлса
VI
1. Қиатни шунқар йэди, йа ўқум ўлтурди
2. Йэл бўлса, деп деди, кетти
3. Тақи қиатнунг ангуғуси ушбу турур
4. Кена кунларда бир кун Ўғуз қаған
5. Бир йэрда Тангри йалбарғуда эрди
6. Қаранғғулуқ келди
7. Кўкдун бир кўк йаруқ тушди
8. Кундун айан, айдан қўғулғулуғрақ эрди
9. Ўғуз қаған йуруди
VII
1. Кўрдиким ушбу йаруқнунг арасинда бир қиз бар эрди
2. Йалғиз ўлтурур эрди, йақши кўруклуг бир қиз эрди
3. Анинг башинда аташлуғ йаруқлуғ
4. Бир менги бар эрди, алтун қазиқтег эрди
5. Ўшул қиз андағ кўруклуғ эрдиким
6. Кулса Кўк Тангри кула турур
7. Йиғласа Кўк Тангри йиғлайу турур
8. Ўғуз қаған ани кўрдукта
9. Ўзи қалмади: қатти севди, алди
VIII
1. Анунг бирла йатти, тилагусин алди, тўл бўғаз бўлди
2. Кунлардан сўнг, кечалардан сўнг йаруди
3. Уч эркак ўғулни туғурди
4. Биринчисика Кун от қўйдилар
5. Иккичисига Ай ат қўйдилар
6. Учунчусига Йулдуз ат қўйдилар
7. Кена бир кун Ўғуз қаған авға кетти
8. Бир кўл арасинда алиндан бир йиғач кўрди
9. Бу йиғачнунг қабучағинда бир қиз бар эрди
IX
1. Йалғуз ўлтурур эрди, йақши
2. Кўруклук қиз эрди
3. Анунг кўзи кўктун кўкрак эрди
4. Анунг сачи муран усуғидак
5. Анунг тиши ўнжудак эрди
6. Андағ кўруклук эрдиким, йэрнинг эл-куни ани кўрса
7. Ай-ай, аҳ,аҳ, ўларбиз теп
8. Сутдин қумуз була турурлар
9. Ўғуз қаған ани кўрдукта ўзи кетти, йуракига аташ тушти
X
1. Ани севди, алди, анунг бирла йатти
2. Тилагусун алди, тўл бўғаз бўлди
3. Кунлардан сўнг, кечалардан сўнг йаруди
4. Уч эркак ўғулни тўғурди
5. Биринчисига Кўк ат қўйдилар
6. Иккинчисига Тағ ат қўйдилар
7. Учунчусига Тенгиз ат қўйдилар
8. Андин сўнг Ўғуз қаған бедук тўй берди
9. Эл-кунга йарлиқ йарлап кенгаштилар
XI
1. Келдилар. Қириқ шира, қириқ бенданғ чаптурди
2. Турлуг ашлар, турлуг сурмалар
3. Чубуйанлар, қимизлар ашадилар, ичтилар
4. Тўйдан сўнг Ўғуз қаған
5. Бегларга, эл-кунларка йарлиқ берди
6. Токи дедиким: Мен сенларга бўлдум қаған
7. Алалинғ йа тақи қалқан
8. Тамға бизга бўлсун буйан
9. Кўк бўри бўлсунғил уран Темур йидалар бўл ўрман
XII
1. Ав йэрда йурусун кулан
2. Тақи талун тақи муран Кун туғ бўлғил кўк қўриған
3. Теп теди. Кена андан сўнг
4. Ўғуз қаған тўрт сариқа йарлиқ йумшади
5. Билдургулук битиди, элчиларика берип йубарди
6. Ушбу билдургулукта битилмиш эрдиким:
7. Мен уйғурнинг қағани бўламанким
8. Йэрнинг тўрт булунунинг қағани бўлсам керак турур
9. Сенлардин баш чалунғулуқ тилап мен турур
XIII
1. Ўшул ким менинг ағизумқа бақар турур бўлса
2. Таратғу тартип дўст тутарман
3. Теп деди
4. Ўшбу ким ағизумқа бақмас турур бўлса
5. Чамат чақип, чериг чекип душман тутарман
6. Тағурақ басип, астуруп йўқ бўлсунғил
7. Теп деди
8. Кена ўнғ чанғақта
9. Алтун қаған теган бир қаған бар эрди
XIV
1. Ушбу Алтун қаған Ўғуз қағанга элчи йумшап йубарди
2. Кўп телим алтун-кумуш тартип
3. Кўп телим қиз йақут таш алип
4. Кўп телим эрданалар йубарип, йумшап
5. Ўғуз қағанқа суйурқаб берди, ағизиқа бақинди
6. Ўғуз қаған йақши бегу бирла дўстлуқ қилди
7. Анунг бирла амирак бўлди
8. Чўнг йанғақида Урум теган қаған бар эрди
9. Ушбу қағаннунг чериги кўп-кўп
XV
1. Балиқлари кўп-кўп эрдилар эрди
2. Ўшул Урум қаған Ўғуз қағаннунг йарлиқин сақламас эрди
3. Қатағлағу бармас эрди
4. Муни сўз сўзни тутмас ман турурман, деп йарлиққа бақмади
5. Ўғуз қаған чамат атуп анға атлағу тилади
6. Чериг бирла атлап туғларни тутуп кетти
7. Қириқ кундун сўнг
8. Муз тағ теган тағнунг адоқиға келди
9. Қўриғанни тушкурди
XVI
1. Шук бўлуп уйуп турди
2. Чанг эрта бўлдуқта
3. Ўғуз қағаннунг кўриғаниқа кун тег бир йаруқ кирди
4. Ул йаруқтун кўк тулуклут
5. Кўк йаллуқ бедук бир эркак бўри чиқти
6. Ўшул бўри Ўғуз қағанға
7. Сўз берип турур эрди
8. Тақи дедиким: ай, ай Ўғуз
9. Урум устика сен атлар бўласан
XVII
1. Ай, ай Ўғуз
2. Тапуғунғларқа мен йурур бўламан, деп деди
3. Кена андан сўнг Ўғуз қаған
4. Қўриғанни туртурди, кетти
5. Кўрдиким черигнинг тапуғларида
6. Кўк тулуклут, кўк йаллуғ
7. Бедук бир эркак бўри йуругуда турур
8. Ул бўрининг артларин қатағлап
9. Юругуда турур эрдилар эрди
XVIII
1. Бир неча кунлардан сўнг
2. Кўк тулуклуг, кўк йаллуғ бу бедук эркак бўри туруп турди
3. Ўғуз тақи чериг бирла туруп турди
4. Ўшунда Итил муран теган бир талай бар эрди
5. Мураннунг қудуғида
6. Бир қара тағ тапиқида
7. Урушғу тутилди
8. Ўқ бирла, йида бирла, қилич бирла уруштилар
9. Черигларнинг араларида кўп телим бўлди урушғу
XIX
1. Эл кунларнинг кўнгулларида кўп телим бўлди қайғу
2. Тутулунч, урушунч андағ йаман бўлдиким
3. Итил мураннунг
4. Суғи қип-қизил, сип-сингир... тег бўлди
5. Ўғўз қаған башти, Урум қаған қачти
6. Ўғуз қаған Урум қағаннунг
7. Қағанлуқин алди, элин кунин алди
8. Ўрдусиқа кўп улуғ ўлуг барғу
9. Кўп тириг барғу тушу бўлди
XX
1. Урум қағаннунг бир қариндаши бар эрди
2. Урус бег деган эрди
3. Ул Урус бег ўғулун
4. Тағ башида теранг муран арасида
5. Йақши берик балуққа йумшади
6. Тақи тедиким: балуқни катақлағу керак турур
7. Сен тақи урушқулардан сўнг
8. Балуқни бизга сақлап келгил теп теди
9. Ўғуз қаған ўшул балуққа атлади
XXI
1. Урус бекнинг ўғули анга кўп алтун-кумуш йубарди
2. Тақи тедиким: ай менинг қағанимсен
3. Менга атам бу балуқни берип турур
4. Тақи тедиким: балуқни қатағлағу керак турур
5. Сен тақи урушғулардан сўнг
6. Балуқни бизга сақлап келгил теп теди
7. Атам чамат этуб эрса
8. Менунг тапум эрурми?
9. Сендан йарлуқ, байлуқ, биллук биламан
XXII
1. Бизнинг қутибиз сенинг қутунг бўлмиш
2. Бизнинг уруғибиз сенинг
3. Йиғачунгнунг уруғи бўлмиш бўлуп турур
4. Тангри сенга йэр берип буйурмиш бўлуп турур
5. Мен сенга башимни, қутумни бераман
6. Бергу берип дўстлуқтан
7. Чиқмас турурман, теп теди
8. Ўғуз қаған йигитнинг сўзин йақши кўрди
9. Севинди, кулди
XXIII
1. Тақи айттиким: менга кўп алтун йумшабсан
2. Балуқни йақши сақлапсан теп теди
3. Анунг учун анга Сақлаб ат қўйди дўстлуқ қилди
4. Кена чериг бирла Ўғуз қаған
5. Итил теган муран (га кечти)
6. Итил бедук бир (муран) турур. Ўғуз қаған ани кўрди
7. Тақи тедиким: Итилнинг усуғидан
8. Нечук кечарбиз теп теди. Черигда бир йақши
9. Бек бир эрди, анинг ати улуғ Ўрдубег эрди
XXIV
1. Узлуқ, уқғулуқ бир эр эрди
2. Кўрдиким: (қудуғуда кўп телим) таллар, кўп телим
3. Йиғачлар (бар эрди, ушбу бег...) ўшул йиғачлар
4. кести. Йиғачларда
5. Етти, кести Ўғуз қаған севинч этти, кулди
6. Тақи айттиким, ай-ай сен мунда бег бўлунг
7. Қипчақ теган сен бег бўлуни тап теди
8. Тақи илхари кетти. Андан сўнг
9. Ўғуз қаған кена кўк тулуглуг
XXV
1. Кўк йаллуғ эркак бўри келди
2. Ушбу кўк бўри Ўғуз қағанга айттиким
3. Эмди чериг бирла мундун атла, Ўғуз
4. Атлап эл кунларни, бегларни келдургил
5. Мен сенга башлап йўлни кўргурурман теп теди
6. Танг эрта бўлдуқта
7. Ўғуз қаған кўрдиким эркак бўри
8. Черигнинг тапуғларида йуругуда турур
9. Севинди, илгару кетти
XXVI
1. Ўғуз қаған бир чўқуртан айғир атқа мина турур эрди
2. Ўшул айғир атни бек чўқ севийур эрди
3. Йўлда ушбу айғир ат кўздан йиту қачти, кетти
4. Мунда улуғ бир тағ бар эрди
5. Ўша устунда тўнғ тақи муз бар турур
6. Анунг баши сағуқдан ап ақ турур
7. Анунг учун анунг ати Муз тағ турур
8. Ўғуз қағаннинг ати Муз тағ
9. Ичига қачип кетти. Ўғуз қаған мундан
XXVII
1. Кўп чағи эмгак чекуп турди
2. Черигда бир бедук қағаз эр бек бар эрди
3. Чаланг булангдан қўруқмас турур эрди
4. Йугургуда, сўғурғуда қўрқмас турур эрди
5. Ўшул бег тағларға кирди, йуруду
6. Тўқуз кундун сўнг Ўғуз қағанқа
7. Айғир атни келтурди
8. Муз тағларда кўп сўғуқ бўлубдан
9. Ул бек қағардан сарунмиш эрди, ап ақ эрди
XXVIII
1. Ўғуз қаған севинч бирла кулду айттиким:
2. Ай, сен, мунда бегларка бўлғил башлиқ
3. Маманглаб сенга ат бўлсун қағарлиқ
4. Теп теди. Кўп ардани суйуркади
5. Кена йўлда бедук бир уй кўрди. Бу уйнунг илгару кетти
6. Тағами алтундан эрди
7. Тунглуқлари тақи кумушдун, қалиқлари темурдун эрдилар эрди
8. Қапулуғ эрди, ачқич йўқ эрди
9. Черигда бир йақши чевар эр бар эрди
XXIX
1. Анунг ати Тўмурду кағул деган эрди
2. Анга йарлиқ қилдиким: сен мунда кел, ач
3. Калик ачқунгдун сўнг кел ўруға деб теди
4. Шундан анга калач ат қўйди, илгару кетти
5. Йана бир кун кўк тулуклуг
6. Кўп йаллуқ бўри йуримайин турди
7. Ўғуз қаған тақи турди, қўриған тушкура турған турди
8. Тарлағусиз бир йази йэр эрди
9. Мунға чурчит дедирурлар эрди
XXX
1. Бедук бир йурт, эл кун эрди
2. Йилқилари кўп, уд, бузақлари кўп
3. Алтун кумушлари кўп, эрданалари кўп эрдилар эрди
4. Мунда чурчит қағани, эл куни Ўғуз қағанқа қаршу келдилар
5. Уруш, тўқуш башланди. Ўқлар бирла
6. Қиличлар бирла уруштилар. Ўғуз қаған бешим
7. Чурчит қағанни басти, ўлтурди
8. Башин кести, чурчит эл-кунин ўз ағизиқа
9. Бақинтирди. Урушқудун сўнг Ўғуз қағаннунг
XXXI
1. Черигига, нукарларига, эл-кунига
2. Андағ улуғ ўлуг барғу туштиким
3. Йукламакка, келтурмакка ат, қағатир, уд
4. Азлиқ бўлди. Анда ўғуз қағаннунг
5. Черигида узлуғ, ишай бир чевар киши бар эрди
6. Анинг ати Бармақлуғ Йўсун Биллик эрди
7. Бу чевар бир қанға чапти. Қанға устунда
8. Ўлуг барғуни қўйди. Қанға башида тирик барғуни қўйди
9. Тариттилар кеттилар. Нукарларнунг
XXXII
1. Эл-куннунг қамағи буни кўрдилар, шашдилар
2. Қанғалар тақи чаптилар. Мунлар қанға йурумакта
3. «Қанға, қанға» сўз бера турур эрдилар эрди
4. Анунг учун анларға қанға ат қўйдилар
5. Ўғуз қаған қанғаларни кўрди, кулди
6. Тақи айтти ким қанға қанға бирла
7. Ўлутни тириг йуругурсун
8. Қанғалуғ сенга ат бўлғулуғ
9. Қанқа билгурсин тап теди. Кетти
XXXIII
1. Андан сўнг кена бу кўк тулуглук, кўк йаллуқ
2. Эркак бўри бирла Синду таги, Тангут таги
3. Шағам йанғтақлариға атлап кетти
4. Кўп урушқудун кўп тўқушғудун сўнг
5. Анларни алди, ўз йуртиға бирлади
6. Башти, басти кена ташқарун қалмасун
7. Биллуг бўлсунким кундунки булунгда
8. Барқан теган бир йэр бар турур
9. Улуғ барғулуғ бир йурт турур, кўп исиғ бир йэр турур
XXXIV
1. Мунда кўп киклари, кўп қушлари бар турур
2. Алтуни кўп, кумуши кўп, эрданилари кўп турур
3. Ўнглугу чирағи қап-қара турур
4. Ўшул йэрнинг қағани Масар деган бир қаған эрди
5. Ўғуз қаған анинг устига айлади
6. Андағ йаман урушғу бўлди
7. Ўғуз қаған башти, Масар қаған қачти
8. Ўғуз ани басти, йуртин алди, кетти. Анинг дўстлари
9. Кўп севинчлиғ эрди, анунг душманлари кўп
XXXV
1. Қайғулар тапти. Ўғуз қаған ани башти
2. Санағулуқсиз немалар, йилқилар алди
3. Йуртиға уйига тушти, кетти.
4. Кена чашкарун қалмасунким
5. Биллуғ бўлсунким Ўғуз қағаннунг
6. Йанида ақ саллалуғ, муз сачлуғ
7. Узун узлуғ бир қарт киши турур бар эрди
8. Уқғулуғ тузун бир эр эрди, тушимал эрди
9. Анунг ати Улуғ Турук эрди
XXXVI
1. Кунлардан бир кун уйқуда бир алтун йа кўрди
2. Тақи уч кумуш ўқ кўрди, бу алтун
3. Йа кун туғушидан то кун батушиғача
4. Теккан эрди, тақи бу уч
5. Кумуш ўқ тун йангғаққа кета турур эрди
6. Уйқудан сўнг тушда кўрганин
7. Ўғуз қағанға билдурди
8. Тақи дедиким: ай қағанум
9. Сенга йашағу бўлсунғил узун, ай қағанум
XXXVII
1. Сенга тўрулук бўлсунғил тузун
2. Бенга Кўк тангри берди тушумда келдурсун
3. Тала турур йэрни уруғунғға бердурсун
4. Теп теди Ўғуз қаған Улуғ Турукнунг
5. Сўзун йақши кўрди, ўгудун тилади
6. Ўгудугу кўра қилди андин сўнг
7. Эрта бўлупта ақаларни, иниларни
8. Чарлап келтурди. Тақи айттиким: ай, менинг
9. Кўнглум авни тилап турур
XXXVIII
1. Қари бўлғумдан менинг қағазлуғум йўқ турур
2. Кун, Ай, Йулдуз, танг сариға сенлар барунг
3. Кўк, Тағ, Тенгиз, тун сариға сенлар барунг
4. Деп деди. Андан сўнг учагусу
5. Танг сариға бардилар. Тақи учагусу
6. Тун сариға бардилар. Кун, Ай
7. Йулдуз кўп киклар, кўп қушлар авлағуларидан
8. Сўнг йўлда бир алтун йани
9. Чаптилар, алдилар, атасиға бердилар
XXXIX
1. Ўғуз қаған севинди, кулди, тақи ани
2. Уч бузғулук қилди. Тақи айттиким, ай акалар
3. Йа бўлсун сенларнунг, йа тек
4. Ўқларни кўккача атунг деб деди
5. Йана андан сўнг Кўк, Тағ
6. Тенгиз кўп киклар, кўп қушлар авлағуларидан
7. Сўнг йўлда уч кумуш ўқни
8. Чаптилар, алдилар, атасиға бердилар
9. Ўғуз қаған севинди, Кулди, тақи ўқларни
XL
1. Учута улаштурди, тақи айттиким
2. Ай инилар, ўкдар бўлсун сенларнунг
3. Йа атти ўқни ўқлартек
4. Сенлар бўлунг теп теди. Йана андан еўнг
5. Ўғуз қаған улуғ қурултай чақирди
6. Нукарларни, эл-кунларни чарлап чақирди
7. Келип кенгашип ўлтурдилар, Ўғуз
8. Қаған бедук ўрдуда
9. (ўнг йақида) ... (сўнғ йақда уч ўкдар ўлтурди)
XLI
1. Қириқ қулоч йиғачни тиктурди. Анунг
2. Башида бир алтун тағуқ қўйди, адағида
3. Бир ақ қўйун бағлади. Чўнг
4. Йағида қириқ қулач йиғачни тиктурди
5. Анунг башида бир кумуш тағуқ қўйди
6. Адақида бир қара қўйунни бағлади
7. Ўнг йақда бузуқлар ўлтурди
8. Чўнг йакда учўқлар ўлтурди
9. Қириқ кун қириқ кеча ашадилар
XLII
1. Ичтилар севинч таптилар. Андан сўнг Ўғуз қаған
2. Ўғулларига йуртун улаштируб берди. Тақи дедиким:
3. Ай ўғуллар, кўп мен аштум, урушғулар кўп мен кўрдум
4. Йида била кўп ўқ аттим, айғир била кўп йурудум
5. Душманларни йиғлағурдум. дўстларимни мен
6. Кулдурдум. Кўк Тангрига мен ўтадум
7. Сизларга бераман йуртум теп теди
8. ...
9. ...
ЎҒУЗНОМА (мазмуни)
I
1. Бўлсин, дедилар. Унинг нишони ушбудир:
2. Токи бундан кейин севинч топгайлар.
3. Яна кунлардан бир кун Ой қоғоннинг кўзи ёриб кўпайди (бўлинди).
4. Эркак ўғил туғдирди.
5. Ўша ўғил юзининг ранги кўк эди.
6. Оғзи оташ каби қизил эди. Кўзлари қўйкўз,
7. Сочлари, қошлари қоп-қора эди.
8. Нозик фаришталардан ҳам кўҳлироқ эди.
9. Ўшал ўғил онасининг кўкрагидан оғиз сутини эмиб,
II
1. Бундан ортиқ (ҳеч ҳам эммади) ичмади; хом эт, ош-овқат шароб сўранди.
2. Тилга кира бошлади. Кирқ кундан сўнг улғайди (катта бўлди).
3. Юриди, ўйнади. Оёғи ҳўкизнинг оёғидек,
4. Беллари бўри белларидек, яғрини киш (силовсин) яғридек,
5. Кўкси айиқ кўкрагидек эди.
6. Баданини буткул қалин тук қоплаган эди.
7. Йилқи боқиб юрар эди.
8. Отларга минарди, кийик (ёввойи ҳайвон)ларни ов қилиб овлар эди.
9. Кунлар ўтгандан сўнг, кечалар ўтгандан сўнг йигит бўлди.
III
1. Бу чоғга бу ерда бир улуғ ўрмон бор эди.
2. Кўплаб ирмоқлар, кўп дарёлар бор эди.
3. Бу ерда келганлар кўпдан кўп бўлгани каби, бунда учган қушлар ҳам кўпдан кўп эди.
4. Ўша ўрмон ичида катта бир қиат (каркидон) бор эди.
5. Йилқиларни, кишиларни ер эди.
6. Жуда катта ёмон бир маҳлуқ эди.
7. Қийноқ ва машаққатлар келтириб элу юртни азоб-уқубатга ботирган эди.
8. Ўғуз қоғон ботир, хоксор, бир мард киши эди. Бу қиатни овламоқ истади.
9. Кунлардан бир кун овга чиқди.
IV
1. Чўқмор олиб, ёй-ўқ олиб отланди.
2. Яна қилич билан қалқон олиб бир буғуни овлади.
3. Ушбу буғуни тол чивиғи (новдаси) билан,
4. Дарахтга боғлади ва кетди. Шундан сўнг тонг отди.
5. Тонг эрта билан келди. Қиат буғуни еб қўйганлигини кўрди.
6. Яна бир айиқни тутиб келтирди.
7. Олтин белбоғи билан ўша дарахтга боғлади ва кетди.
8. Шундан сўнг яна тонг отди, тонг эрта яна келди.
9. Кўрдиким, қиат айиқни ҳам еб қўйибди.
V
1. Ўзи ўша дарахтнинг тагида кутиб турди.
2. Қиат келди ва боши билан Ўғузнинг қалқонига урилди.
3. Ўғуз чўқмори билан қиатнинг бошига урди.
4. Уни ўлдирди. Қилич билан бошини кесиб олиб кетди.
5. Яна келиб кўрдики, бир шунқор
6. Қиатнинг ичак-чавоғини емоқда экан.
7. Ёйдан ўқ отиб шунқорни ўлдирди, бошини кесиб олди.
8. Ундан кейин шунқорнинг нишонаси, мана бу деб кўрсатди.
9. (Қиат) буғуни еди, айиқни еди (уни) чўқморим ўлдирди.
VI
1. Қиатни эса шунқор еди. Ёй ўқим ўлдирди.
2. Елдек елиб еб кетди.
3. Қиатнинг нишонаси мана бу деди.
4. Яна кунлардан бир кун Ўғуз қоғон.
5. Тангрига ёлбориб турар эди.
6. Қоронғулик босди.
7. Кўкдан бир ёруғ (нур) тушди.
8. Кундан равшанроқ ойдан ялтироқроқ эди.
9. Ўғуз қоғон бориб.
VII
1. Кўрдиким ушбу ёруғлик ичида бир қиз бор экан.
2. Ёлғиз ўзи ўтирар эди. Жуда кўркам бир қиз эди.
3. Унинг бошида оташ нуридан бўлган ёрқин.
4. Бир холи (менги) бор эди. Худди Олтин қозиқ юлдузидек эди.
5. Бу қиз шунчалик кўркам эдиким.
6. Кулса Кўк Тангри ҳам кулар.
7. Йиғласа Кўк Тангри ҳам йиғлар эди.
8. Ўғуз қоғон уни кўриб,
9. Ўзидан кетди: қаттиқ севиб қолди.
VIII
1. Унинг билан ётди-тилагига етди (қиз) ҳомиладор бўлди.
2. Кунлар ўтиб, тунлар ўтиб кўзи ёриди.
3. Уч ўғил бола туғди.
4. Биринчисига Кун деб от қўйдилар.
5. Иккинчисига Ой деб от қўйдилар.
6. Учинчисига Юлдуз деб от қўйдилар.
7. Яна бир куни Ўғуз қоғон овга кетди.
8. Бир ўтлоқ орасида дарахтни кўрди.
9. Бу ёғочнинг кавагида бир қиз бўлиб,
IХ
1. Ёлғиз ўзи ўтирар эди.
2. Яхши, кўркам бир қиз эди.
3. Унинг кўзи кўкдан ҳам кўкроқ эди.
4. Сочлари дарё мавжидай,
5. Тишлари инжудай эди.
6. Шунчалик чиройли эдиким: уни кўрган ер инсонлари.
7. «Ҳой-ҳой, воҳ-воҳ ўлиб қоламиз» дер,
8. Ва сутдан қимизга айланар эдилар.
9. Ўғуз қоғон уни кўргач, ўзидан кетди, юрагига оташ тушди.
X
1. Уни севиб қолди, олди. У билан ётди
2. Тилагига етди. Болага (қиз) ҳомиладор бўлди
3. Кунлар, тунлар ўтиб, сўнг кўзи ёриди
4. Уч ўғил бола туғди.
5. Биринчисига Кўк деб от қўйишди
6. Иккинчисига Тоғ деб от қўйишди
7. Учинчисига Тенгиз деб от қўйишди
8. Шундан сўнг Ўғуз қоғон катта тўй берди
9. Элу юртга ёрлиқ юбориб кенгашдилар
XI
1. Улар келишди. Қирқ стол қирқ курси ясатдирди.
2. Турли овқатлар, турли шароблар,
3. Нозу неъматлар, қимизлар едилар, ичдилар.
4. Тўйдан сўнг Ўғуз қоғон
5. Бекларга, эл-юртга ёрлиқ бериб
6. Дедиким:
7. Мен сенларга бўлдим қоғон, Олайлик қўлга ёй ва қалқон.
8. Тамғамиз бўлсин бизнинг-олижаноблик,
9. Кўк бўри бўлсин бизга ўрон, Темир чўқмор олур дармон,
XII
1. Овлоқда мўл бўлсин қулон,
2. Дарё-денгиз тинмай оқиб турсин, Қуёш-туғ, Кўк бўлсин қўрғон,
3. Деди. Шундан кейин яна,
4. Ўғуз қоғон тўрт томонга ёрлиқлар жўнатди.
5. Баённома битиб, элчилар орқали бериб юборди.
6. Баённомада қуйидагича битилмиш эди:
7. Мен уйғурнинг қоғонидурманким,
8. Ер юзининг тўрт бурчаги қоғони бўлсам керакдир,
9. Сенлардан бўйин эгишни талаб қиламан.
XIII
1. Кимки менинг амримга бўйинсунса,
2. Совға-салом келтирса дўст деб биламан.
3. Деди:
4. «Кимки бўйинсунишдан бўйин товласа,
5. Ғазаб отига миниб, аскар тортиб, ўзимга душман тутаман.
6. Шиддат билан бостириб бориб,
7. Уни осиб, йўқолсин, деб иш тутаман» деди.
8. Яна ўша замонда, ўнг томонда,
9. Олтун қоғон деган бир қоғон ҳукмрон эди.
XIV
1. Ушбу Олтун қоғон Ўғуз қоғонга элчи жўнатиб юборди.
2. Кўп, турли-туман олтин-кумуш ҳадя қилиб,
3. Кўплаб ва турли ноёб ёқутлар юбориб,
4. Турли хил қимматбаҳо дурдоналар совға такдим этиб,
5. Ўғуз қоғонга хушомадлар қилди. Унинг раъйига қаради, бўйсунди.
6. Ўғуз қоғон ҳам яхши, чиройли муомала қилди.
7. У билан дўстлашди.
8. Сўл томонида Урум деган бир Қоғон бор эди.
9. Ушбу қоғоннинг аскарлари кўпдан-кўп,
XV
1. Шаҳарлари ҳам кўп эди.
2. Ўша Урум қоғон Ўғуз қоғоннинг буйруғига бўйинсунмас эди.
2. Унга сафдош бўлмас эди,
3. У Ўғуз қоғоннинг сўзига эътибор бермас,
4. Манманлик қилиб, унинг ёрлиқларини писанд қилмади.
5. Ўғуз қоғон ғазабланиб унга қарши отланди.
6. Қўшин билан отланиб, туғларини кўтариб юриш қилди.
7. Қирқ кундан сўнг,
8. Музтоғ деган тоғнинг этагига келди.
9. Ўрдасини тикди.
XVI
1. Бамайлихотир бўлиб ётиб ухлади.
2. Эрта тонг отарда,
3. Ўғуз қоғоннинг қўрғонига (ўрдусига) кун нуридан бир ёғду кирди.
4. Ўшал ёғду ичидан,
5. Кўк тукли, кўк ёлли катта бир эркак бўри чиқди.
6. Ўша бўри Ўғуз қоғонга,
7. Сўз қотиб,
8. Айтдики, «Эй, Ўғуз!
9. Урум устига сен юриш қиласан.
XVII
1. Ҳай, ҳай Ўғуз!
2. (Лашкаринг) олдида мен юраман», деб айтди.
3. Яна шундан сўнг Ўғуз қоғон,
4. Ўрдасини йиғиштирди ва кетди.
5. Кўрдиким, лашкари олдида,
6. Кўк тукли, кўк ёлли,
7. Катта бир бўри кетмоқда.
8. Ўша бўрининг орқасидан эргашиб,
9. Юрар эдилар-мўл юрдилар.
XVIII
1. Бир неча кундан сўнг кўк.
2. Тукли, кўк ёлли бу катта эркак бўри тўхтади.
3. Ўғуз ҳам, қўшини ҳам тўхтади.
4. Ана шу ерда Итил дарё деган бир катта дарё бор эди,
5. Дарёнинг қирғоғида,
6. Бир дарахтнинг яқинида,
7. Жанг бўлди.
8. Ўқ билан, гурзилар билан, қиличлар билан урушдилар.
9. Икки лашкар ораларида қаттиқ ва узоқ жанг бўлди,
XIX
1. Эл-юртнинг кўнглини қаттиқ ва чуқур қайғу қоплади.
2. Жанг-жадал жуда ёмон бўлди.
3. Ҳатто Итил дарёсининг,
4. Суви ҳам қип-қизил қон сингари бўлди,
5. Ўғуз қоғон ҳужум қилди. Урум қоғон қочди.
6. Ўғуз қоғон Урум қоғоннинг,
7. Қоғонлиғини олди, элини, юртини олди.
8. Ўрдасига жуда кўп ўлик ўлжа,
9. Кўп тирик ўлжа қўлга киритилди.
XX
1. Урум қоғоннинг бир қариндоши бор эди.
2. Оти Ўрусбек деган эди.
3. Ўша Ўрусбек ўғлини,
4. Тоғ бошида чуқур дарё оралиғида,
5. Яхши мустаҳкамланган кентга юборди,
6. Дедики, «Кентни қўриқлаш керак бўлади.
7. Сенга ушбу жанглардан сўнг ҳам.
8. (ушбу қалъани) сақлаб қолишинг керак» деди.
9. Ўғуз қоғон ўша кентга қарши отланди.
XXI
1. Ўрусбекнинг ўғли унга жуда кўп олтин кумуш юборди.
2. Яна дедиким «Эй, сен менинг қоғонимсан,
3. Отам менга бу кентни берар экан,
4. Дедиким: бу кентни қўриқламоқ керакдир.
5. Сен ушбу жанглардан
6. Сўнг ҳам кентни менга сакдаб беришинг керак деди.
7. Агар отамнинг ғазаби тутган бўлса ҳам
8. Бу менинг истагим эмас-ку!
9. Сенда (айни чоғда) ҳокимият, бойлик ва билимдонлик бор деб биламан.
XXII
1. Бизнинг саодатимиз — сенинг саодатинг.
2. Бизнинг уруғимиз — сенинг уруғинг
3. Шажарасининг бир тармоқ уруғидир.
4. Тангри сенга (мамлакат) инъом этган.
5. Мен сенга бошимни, бахтим-саодатимни бағишлайман.
6. Солиқларингни тўлаб.
7. Содиқ дўстинг бўлиб қоламан» — деб айтди.
8. Ўғуз қоғон бу йигитнинг сўзларини
9. Яхши кўрди, севинди, кулди.
XXIII
1. Ва яна айтдиким: «менга кўп олтин юборибсан,
2. Ҳамда шаҳарни яхши сақлабсан,» деб айтди.
3. Шунинг учун унга сақлаб деб от қўйди, дўстлик қилди.
4. Яна Ўғуз қоғон аскарлари билан,
5. Итил деган дарёни кечди.
6. Итил буюк бир дарёдир. Ўғуз қоғон буни кўрди.
7. Яна айтдики, «Итилнинг тўлқинлари
8. Узра нечук кеча оламиз» —деди. Лашкари орасида
9. Бир яхши бек бор эди. Унинг оти Ўрдубек эди.
XXIV
1. Идрокли, билағон бир инсон эди.
2. У назар ташлаб кўрдики, қирғоқда толлар кўп ва турфа.
3. Дарахтлар ўсиб ётарди. Ушбу бек ўша ёғочларни
4. Кесди, ёғочлар билан
5. (Дарёни) сузиб кечиб ўтди. Ўғуз қоғон севинди ва кулди.
6. Яна айтдиким: «Эй, сен бунда
7. Қипчоқ деган юрт қил ва унинг беги бўл» деб айтди.
8. Яна илгари юрди. Шундан сўнг
9. Ўғуз қоғонга яна кўк тукли,
XXV
1. Кўк ёлли эркак бўри келди.
2. Ушбу кўк бўри Ўғуз қоғонга айтдиким:
3. «Энди лашкаринг билан бу ердан отлан, Ўғуз!
4. Отланиб эл-юртларни, бекларни бўйсундир.
5. Мен сенга йўлбошловчилик қиламан» —деди.
6. Эрта тонгда Ўғуз қоғон кўрдиким,
7. Эркак бўри лашкарнинг
8. Олдида юриб борарди.
9. (Ўғуз) севинди, яна илгарилаб юраверди
XXVI
1. Ўғуз қоғон кўпинча бир чағир айғирни минар эди.
2. Ушбу айғир отни бек қаттиқ севар эди.
3. Йўлда ушбу айғир кўздан йўқолди-кетди.
4. Шу ерларда улкан бир тоғ бор эди.
5. Унинг тепасида совуқ бўлиб, усти муз билан қопланган
6. Унинг чўққиси эса, аёздан оппоқ бўлиб қолган.
7. Шунинг учун ҳам унинг отини Музтоғ дейдилар.
8. Ўғуз қоғоннинг оти ўша Музтоғ
9. Ичига қочиб кетди. Ўғуз қоғон бундан,
XXVII
1. Анча вақт азоб чекиб юрди.
2. Аскарлари орасида бир мард эр киши бор бўлиб,
3. Ҳеч нарсадан қўрқмас эди.
4. Юришларда, жангда матонатли бир киши эди.
5. Ўша бек тоғнинг ичига кетди, кўп юрди.
6. Тўққиз кундан сўнг Ўғуз қоғонга,
7. Ўша айғир отни келтирди.
8. Музтоғда совуқ қаттиқ бўлганидан.
9. Ўша бек қорга беланиб қолган ва (уст-боши) оппоқ қор эди.
XXVIII
1. Ўғуз қоғон суюниб кулиб айтдиким:
2. «Эй сен: бу ерларда бекларга бошлиқ бўл,
3. Мангуликка қағарлиқ сенга ном бўлсин» деди.
4. Сон-саноқсиз қимматбаҳо нарсаларни совға қилди.
5. Йўлда яна улкан бир уй кўринди. Бу уйга етиб келдилар.
6. Томи олтиндан эди.
7. Мўрилари кумушдан, эшиклари темирдан эди.
8. Эшиклари берк бўлиб, очқичи йўқ эди.
9. Лашкарида яна бир чевар уста бор эди.
XXIX
1. Унинг оти Тўмурду Қағул деган эди,
2. Ўшанга буйруқ қилдиким: «Сен бери кел, оч эшикни.
3. Очганингдан сўнг юқорига кел» деди.
4. Шундан сўнг унга калач деб от қўйди. Яна олдинга кетди.
5. Яна бир кун тукли, кўк ёлли бўри тўхтаб қолди.
7. Ўғуз қоғон ҳам туриб қолди. Қўрғон тикадиган бўлди.
8. Экин-тикини йўқ бир ёмон ер эди.
9. Бу ерни чурчит деб аташарди.
XXX
1. Буюк бир мамлакат, эл-юрт эди.
2. Йилқилари кўп, сигир-бузоқлари кўпдан-кўп.
3. Олтин-кумушлари беҳисоб, қимматбаҳо нарсалари саноқсиз эди.
4. Бу ерда чурчит қоғони, эл-юрти Ўғуз қоғонга қарши келдилар.
5. Уруш, жанг бошланди: ўқлар отишди.
6. Қиличлар чопишди. Ўғуз қоғон бостириб борди ва енгди.
7. Чурчит қоғонини босди, ўлдирди.
8. Бошини кесди. Чурчит эл-юртини.
9. Боқинтириб, ўзига қарам қилди. Жангдан сўнг Ўғуз қоғоннинг,
XXXI
1. Аскарларига, лашкарига, эл-халқига
2. Шунчалик кўп ўлик ўлжа тушдиким,
3. Юкламакка, тортмоққа от, хачир, хўкиз.
4. Озлиқ қилди. Шунда Ўғуз қоғоннинг.
5. Аскарлари орасида бир уддабуррон, тийрак, чевар киши бор эди.
6. Унинг оти Бармоқлуғ Йўсин Биллик эди.
7. Ушбу чевар бир арава йўнди. Арава устига
8. Ўлик ўлжани юклади, арава бошига тирик ўлжани қўшди.
9. Тортиб кетдилар. Навкарларнинг,
XXXII
1. Эл-юртнинг барчаси буни кўрдилар.
2. Яна (бошқа) аравалар йўнишга шошилдилар. Шунда арава юрганда,
3. «Қанға-қанға» деган овоз чиқарар эди.
4. Шунинг учун бу нарсага «Қанға» деб от қўйишди.
5. Ўғуз қоғон араваларни кўрди, кулди.
6. Яна айтдиким: «Арава! Арава
7. Билан ўлик (молни) тирик (мол) тортиб кетсин
8. «Қанғалиқ» сенга от (ном) бўлмоқлиги лозим. Қанға
9. (Арава) нишон бўлсин, деб айтди ва кетди.
XXXIII
1. Шундан сўнг яна ўша кўк тукли, кўк ёлли,
2. Эркак бўри етагида Синду тоғи, Тангут тоғи,
3. Шағам(Шом) трмонлари бўйлаб кетди.
4. Жуда кўп уруш ва жанглардан сўнг,
5. У ерларни олди, ўз юртига бирлаштирди.
6. Зафарлар қозонди, босиб олди. Яна эсдан чиқмасин.
7. Маълум бўлсинким, жануб томонда,
8. Барқан деган бир ер бордир.
9. Жуда бой бир юртдир. Роса иссиқ ўлкадир.
XXXIV
1. Унинг ерлари кийик ва қушларга бойдир
2. Олтини кўп, кумуши кўп, қимматбаҳо нарсалари кўп
3. (Инсонларнинг) ранги, юз-башалари қоп-қорадир
4. Ўша ўлканинг қоғони Масар деган бир қоғон эди
5. Ўғуз қоғон ўшанинг устига юриш қилди
6. Қаттиқ, шиддатли уруш бўдди
7. Ўғуз қоғон енгди. Масар қоғон қочди
8. Ўғуз қоғон уни босди, юртини олди, кетди. Унинг дўстлари
9. Жуда севиндилар, унинг душманлари эса кўп
XXXV
1. Қайғулар топди. Ўғуз қоғон уни енгди.
2. Сон-саноқсиз бойликлар, йилқилар олди.
3. Юртига-уйига тортиб кетди.
4. Яна назардан четда қолмасинким,
5. Маълум бўлсинким, Ўғуз қоғоннинг
6. Ёнида оқ саллали, оқ сочли,
7. Узун соқолли бир қари киши бўлар эди.
8. У акдли, олижаноб киши бўлиб, роса чаққон киши эди.
9. Унинг оти Улуғ Турук эди.
XXXVI
1. Кунлардан бир кун у уйқуда бир олтин ёй кўрди.
2. Яна уч кумуш ўқ кўрди. Бу олтин
3. Ёй кунчиқардан то кун ботаргача
4. Чўзилган эди. Яна ўша уч ўқ-
5. Кумуш ўқ зулмат (шимол)томонга кетаётган эди.
6. Уйқудан тургандан сўнг тушида кўрганини
7. Ўғуз қоғонга билдирди.
8. Яна айтдиким: «Эй, қоғоним, сенинг
9. Умринг узун бўлғай, эй қоғоним,
XXXVII
1. Сенга мустаҳкам ҳокимият насиб этгай.
2. Менга Кўк Тангри тушимда (аён) берди, ўнгимдан келтирсин.
3. Уммондай чексиз ерлар авлодларингга буюргай» деди
4. Ўғуз қоғон Улуғ Турукнинг
5. Сўзларини яхши кўрди. Ўгитига қулоқ солди,
6. Унинг ўгитига кўра иш тутди. Ундан сўнг
7. Тонг отгач оға-иниларини
8. Чорлаб келтирди. Яна дедиким: «Эй! Менинг
9. Кўнглим ов истайди.
XXXVIII
1. (Аммо)Қарилигим боис ғайратим йўқдир
2. Кун. Ой, Юлдуз! Сизлар тонг сарига боринглар!
3. Кўк, Тоғ, Тенгиз! Сизлар тун сарига боринг!» — деди.
4. Шундан сўнг учовлон
5. Тонг сари кетди. Бошқа учиси эса
6. Тун сари кетдилар. Кун, Ой.
7. Юлдуз жуда кўп кийик, кўп қуш овлаб
8. Сўнг йўлда бир олтин ёйни
9. Топдилар, олдилар (келтириб) отасига бердилар.
XXXIX
1. Ўғуз қоғон севинди, кулди. Кейин уни(ёйни)
2. Уч бўлак қилди. Тағин айтдиким: «Эй оғалари,
3. Ёй сенларга бўлсин, ёйдек
4. Ўқларни кўкка қараб отинг» — деди.
5. Яна шундан сўнг Кўк, Тоғ.
6. Тенгиз кўп кийиклар, кўп қушлар овлагач,
7. Сўнг йўлда уч кумуш ўқни
8. Топдилар. Олиб отасига келтирдилар.
9. Ўғуз коғон севинди, кулди сўнг ўқларни,
XL
1. Учаласига улаштирди ва дедиким:
2. «Эй инилар! Ўқлар сенларга бўлсин
3. Ёй ўқни отади.
4. Сенлар ўклардек бўлинг» — деди. Яна шундан сўнг
5. Ўғуз қоғон буюк бир қурултой чақирди.
6. Аскарларни, эл-юртни чорлаб чақирди.
7. Келишди, кенгашиб ўтиришди. Ўғуз
8. Қоғон улуғ ўрдада ...
9. ... Сўл ёғида уч ўқлар, ўнг томонида ўтирди.
XLI
1. Қирқ қулоч ёғочни ўрнатиб, унинг
2. Учига бир олтин товуқ ясатти.
3. Қуйига бир оқ қўйни боғлатди. Сўл
4. Томонда ҳам қирқ қулоч ёғоч ўрнатиб,
5. Унинг учига бир кумуш товуқ ясаттирди.
6. Қуйисига эса бир қора қўйни боғлатди.
7. Ўнг ёқда бузўқлар ўтирди.
8. Сўл ёқда учўқлар ўтирди.
9. Қирқ кун, қирқ кеча ошадилар.
XLII
1. Ичдилар, хурсандчилик қилдилар. Шундан сўнг Ўғуз қоғон,
2. Ўғилларига юртини улашиб берди. Яна дедиким:
3. «Эй ўғиллар! Мен кўп яшадим, кўп урушлар кўрдим,
4. Найзани ўқ қилиб отдим, айғир миниб кўп йўртдим.
5. Душманларни йиғлатдим, дўстларимни кулдирдим
6. Кўк Тангри олдида бурчимни ўтадим.
7. Юртимни сизларга қолдираман, деди...
8. ...
9. ...
ЛУҒАТ
—А—
адақ — 1. оёқ, 2. этак(тоғнинг)
адуғ — айиқ
айан — равшан, аниқ
ал — оловранг
амирак — дўст
ангағу — нишон, аломат, белги
аташлуқ — оловли(ранг)
атламақ — отланмоқ, қўзғалмоқ
атлағу — уруш, жанг
ачқич — очқич, калит
ашамақ — емоқ
аштум — муайян ёшни яшадим, ёшимни яшаб, ошимни ошадим
ақа — ака, оға
ағиз — лаб, дудоқ
ағизумга бақ — бўйинсунмоқ, тобе бўлмоқ
— Б —
балиқ — шаҳар, кент
барғу — ўлжа, бойлик
барғулуғ — бой, бадавлат
башмақ(башди) — ғалаба қозонмоқ, енгмоқ
баш чалинмоқ — бўйинсунмоқ
бегу — совға, тортиқ
бедук — буюк, катта, улкан
бедукламоқ — улғаймоқ, буюкланмоқ
бенданғ — стул, ўриндиқ
берик — мустаҳкам, берк
биллуг — маълум, белгили
бирлади — бирлаштирди, қўшиб олди
будамоқ — кўпаймоқ, бўлинмоқ
бузғулуғ — бўлак, парча
буйан — олижаноб, марҳаматли
булун — 1. бурчак; 2. томон
булунг — томон, тараф
булуни — эгалламоқ, қўлга киритмоқ, топмоқ
— И, Й —
ичагу — ички аъзолар, ичак-чавоқ
ишай — зукко, тийрак
йа — камон, ёй
йази — дашт, очиқ ер-дала
йалбарғу — топиниш, ибодат
йанғақ — тараф, томон
йарламақ— юбормоқ, таъмин этмоқ
йарлиқ — фармон, ёрлиқ
йарумақ — кўзи ёрилмоқ, фарзанд кўрмоқ
йаруқ — ёруғлик, нур
йағри — елкаси, кифти
йиг — хом, пишмаган
йида — чўқмор, гурзи
йиту — йўқолмоқ, ғойиб бўлмоқ
йиғач(1) — ёғоч, дарахт
йиғач(2) — бу ерда авлод шажараси
йуругу — сафар, саёҳат
йумшамақ— юбормоқ, буюрмоқ
— К —
кағаз — мард, жўмард
кена — яна, сўнг
кик — ов ҳайвон; кийик
киш — ўрмон ҳайвони-самур
кундунки— жануб
кутамақ — боқмоқ (уй ҳайвонларини)
кўгуз — кўкрак, кўкс
кўклуг — кўркам, чиройли, кўхлик
кўл — яйлов, очиқ майсали жой
— М —
маманглаб — қувонч билан
менг — юз қисмидаги катта хол
муз — оқ ранг, оқиш
муран — дарё
— Н —
напсики — фаришта, ҳур-ғилмон
— С —
сари — томон, йўналиш
сарулмиш — беланган, бўялган
сингир — пай, сингир
суйуркаб — марҳамат қилиб
сурма — шароб, вино
суғи — сув(и)
сўз бермак — сўзга солмоқ, гап бермоқ
сўғурғу — уруш
сўғуқ — совуқ, аёз
— Т —
талун(й) — денгиз, баҳри муҳит
тап — истак, хоҳиш
тапиқ — этак, охири(масалан, тоғ этаги)
тапуғ — олдида (кўмакчи)
таратғу — совға, ўлпон
тарлағу — экин, экинзор
тартип — келтириб
ташқарун — ташқарида
тақуқ — товуқ
тағам — том
тегурак — тўлиқ, узил-кесил
телим — ҳар хил, турфа
теранг — чуқур
тузун — тўғри, адолатли
тулуклук — юнгли, тукли
тунглук — мўри
туртурмак — йиғиштирмоқ
туруб турмақ — тўхтамоқ
тутрулунч — жанг-жадал
тушимал — тушни йўйувчи киши
туғ — байроқнинг тури-туғ
тўзун — олижаноб
тўл — накд, дарров
тўнғ — совуқ
тўрулук – ҳокимият
тўқуш — жанг
тўғурмақ — туғмоқ, туғдирмоқ
— У —
уд — сигир
узлуқ — тажрибали, уддабуррон
унжу — инжу
уран — парол
урман — яра, жароҳат
урушунч — жанг-жадал
урушғу — жанг
уруғ — насл, авлод
усуғ — мавж, тўлқин
учагу — учови, учаласи
учу — учови, учаласи
уқғулуқ — зукко, доно
— Ч —
чаланг-буланг — у-бу, ҳеч нарса
чамат атмақ — жаҳли чиқмоқ, ғазабланмоқ
чамат чақмақ — жаҳли чиқмоқ, ғазабланмоқ
чанг — тонг
чапмак(1) — топмоқ
чапмақ(2) — ясамоқ
чашқарун — ташқарида
чевар — уста, моҳир
черик — аскар, лашкар
чирағи — юз, афт
чубуйан — ноз-неъматлар
чўнг — сўнг, чап, сўл
чўқ — кўп
чўқуртан — ола, чипор
— Ш —
шашмақ — тараддудланмоқ, шошиб қолмоқ
шук — жимжит, осойишталик
шира — стол
— Э —
эл-кун — инсонлар, кишилар
эмгак — меҳнат, машаққат
эрдани — қимматбаҳо нарсалар
эриз-кағаз — мард, мардона
— Ў —
ўкуз — дарё
ўнглуги чирағи — юзининг ранги
ўнға — чидамли, бардошли
ўру — юқори
ўғуз — оғиз (биринчи сут)
— Қ—
қабучақ — қобиқ, кавак
қалиқ — эшик
қамағи, қамуғ — ҳаммаси, барчаси
қанға — арава
қалуғлуқ — ёпиқ, берк
қарт — қари, кекса, қария
қаталағу — сақламоқ, қўримоқ
қатағлағу — эргашиш, изидан юриш
қағар — қор
қағатир — хачир
қиат — тимсоҳ (?)
қиз — ноёб, нодир
қудуғ — қирғоқ, бўйи
қўйун — қўй
қўриған — қўрғон, истеҳком
қўғулғулу — ялтироқ
Нашрга тайёрловчи: Бахтиёр Исабек