Ўзбек янги шериятининг асосчиларидан бири, драматург, носир, публитсист ва таржимон.
Чўлпон 1897 йили Андижонда туғилган. Эски мактабда савод чиқарган. Кейин рус-тузем мактабида ўқиган. 1914 йили Тошкентга келади ва ўз фаолиятини “Садои Туркистон” газетаси билан боғлайди. Унинг асарлари Оренбург, Уфа, Қозон ва Боғчасаройда чиқадиган газета ва журналларда ҳам босилиб турган. 1916-1917 йилларда Оренбургда яшайди ва у ерда бошқирд ҳукумати маҳкамасида котиб бўлиб ишлайди. Сўнг Тошкентга қайтади. 1920 йилгача ТуркРосТАда хизмат қилади. 1920 йили Бокуда бўлган Шарқ халқлари қурултойида қатнашади. Ўша йили Фитрат таклифи билан Бухорога боради ва ўзбек тилида чиқадиган “Бухоро ахбори” газетасига раҳбарлик қилади. Бир йилча ишлаб Тошкентга қайтади. Адабиёт ва маданият ишлари билан шуғулланади. 1924-1926 йилларда Чўлпон Москвада яшайди. У ерда очилган Ўзбек драмстудиясига раҳбарлик қилади.
Шундан кейин жадидларга қарши бошланган компания Чўлпонни ҳам четлаб ўтмади. Та’қиб ва тазйиқларга қарамай, у қизғин ижодий фаолият билан шуғулланди. 30-йилларнинг бошида яна Москвага кетади ва СССР Марказий Ижроия Комитетида таржимон бўлиб ишлайди. Чўлпон 1937 йил 14 июлда қамоққа олинади ва 1938 йил 4 октябрда отиб ўлдирилади.
Чўлпоннинг “Ўзбек ёш шоирлари” (1923), “Гўзал ёзғичлар” (1925), “Адабиёт парчалари” (1926) мажмуаларида чоп этилган ше’рлари, ўз ше’рлари асосида нашр қилинган “Уйғониш” (1922), “Булоқлар” (1923), “Тонг сирлари” (1926), “Соз” (1935) каби тўпламлари янги ўзбек ше’ияти тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Унинг “Кеча ва кундуз” (1936) романи, “Дўхтур Муҳаммадёр” (1914), “Қор қўйнида лола”, “Новвой қиз”, “Ойдин кечаларда” ҳикоялари янги давр ўзбек насри ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.
Чўлпоннинг “Ёрқиной” (1920), “Халил фаранг” (1921), “Чўрининг исёни” (1926), “Яна уйланаман” (1926), “Муштумзўр” (1928), “Ўртоқ Қаршибоев” (1928), “Ҳужум” (1928) каби драмалари унинг драматург сифатида ҳам самарали ижод қилганлигини кўрсатади.
Миллий истиқлол ва озодлик ғоялари Чўлпон ижодининг лейтмотивини белгилайди.
Чўлпон Пушкиннинг “Дубровский”, “Борис Годунов” асарларини, Горкийнинг “Она” романи ва “Егор Буличев” пе’сасини, Лоҳутийнинг “Европа сафари”ни, Готсийнинг “Маликаи Турандот”, Шекспирнинг “Ҳамлет” драмаларини ўзбек тилига таржима қилиш орқали ўзбек ва жаҳон адабий алоқалари ривожига муносиб ҳисса қўшди.
Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.
КЎНГИЛ
Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?
Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми,
Қиличлар энди синмасми?
Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан;
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..
ГЎЗАЛ
Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,
Айтадир:"Мен уни тушда кўрамен.
Тушимда кўрамен, шунчалар гўзал,
Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!.."
Кўзимни оламен ой чиққан ёққа,
Бошлайман ойдан-да сени сўрмоққа,
Ул-да айтадирки:"Қизил ёнғоққа
Учрадим тушимда, кўмилган оққа.
Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,
Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!.."
Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб,
Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.
Айтадир:"Бир кўриб, ёълимдан озиб,
Тоғу тошлар ичра истаб юрамен!
Бир кўрдим мен уни - шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!.."
Ул кетгач кун чиқар ёруғлиқ сочиб,
Ундан-да сўраймаен сенинг тўғрингда.
Ул-да уятидан беркиниб, қочиб,
Айтадир:"Бир кўрдим, тушдамас ўнгда.
Мен ўнгда кўрганда шунчлар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир… мендан-да гўзал!.."
Мен йўқсил на бўлуб уни суйибмен?!
Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куюбмен.
Бошимни зўр ишга бериб қўюбмен,
Мен суюб…мен суюб…кимни суюбмен?
Мен суйган "суюкли" шунчалар гўзал,
Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!!!"
БИНАФША
Бинафша сенмисан, бинафша сенми,
Кўчада ақчага сотилган.
Бинафша менманми? бинафша менми,
Севгингга, қайғунгга тутилган?
Бинафша, нимага бир озроқ очилмай,
Бир эркин кулмасдан узилдинг?
Бинафша, нимага ҳидларинг сочилмай,
Ерларга эгилдинг, чўзилдинг?
Бинафша,
Айт менга,
Кимлардир уларким,
Игнани бағрингга санчалар?
Бинафша,
Бир сўйла,
У қандай қўлларким,
Узалар, ҳидлайлар, янчарлар?
Бинафша, шунчалик чиройли юзинг бор,
Нимага узоқроқ кулмайсан?
Бинафша, шунчалик тортғувчи тусинг бор,
Кўнглимга исриқлик тўкмайсан?
Бинафша, йиғлама, бинафша, кел бери,
Қайғингни қайғумга қўшгил.
Бинафша, сен учун кўкрагим эрк эри,
Бу эрдан кўкларга учгил.
Бинафша, гўзалим, қайғулим, келмайсан,
Қайғунг зўр, қайғумни билмайсан,
Менга бир кулмайсан.
КЎКЛАМ ҚАЙҒУСИ
Эй қоронғи узун қишнинг ҳаёли
Кўклам чоғи кўзларимда ўйнама!
Айрилиқнинг чидаб бўлмас малоли
Кўклам, майса юзларида қайнама!
Бир оз... бир оз кўнгил берай кўкламда
Шафтолининг гўзал, қизил юзига,
Бир оз... бир оз алданмайин кўнглимда
Бош чиқарган йигитликнинг сўзига.
Қаршимдаги кулиб турган юмшоқ қиз
Кўм-кўк майса ўртасида бир гулдир.
Кўп йиғладим ... ёшларимни қатор чиз
Ва қаршимда гўзал қизни бир кулдир!
Кўклам чоғи ... Сайроқ булбул сайрамас,
На учунким, танбуримнинг тили ёъқ.
Ул гўзал қиз чин қараш-ла қарамас,
На учунким, умидимнинг ёъли ёқ.
Тилларимда ҳар кўкламнинг қўшиғи,
Юрагимда ҳар гўзалнинг севгиси,
Кўзларимда ҳар қайғидан бир йиғи,
Юзларимда алданишнинг белгиси.
Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаган?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданган?
Ёлғиз менми кўкрагимни тиғлаган?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаган?
Эй кўкламнинг кўз тортғувчи келини,
Нима учун йиғлатасан бир мени? ...
АМАЛНИНГ ЎЛИМИ
Кўнглимда йиғлаган малаклар кимлар?
Шарқнинг оналари, жувонларими?
Қаршимда йиғлаган бу жонлар кимлар?
Қуллар ўлкасинг инсонларими?
На учун уларнинг товушларида
Ўтган асрларнинг оҳанги йиғлар?
На учун ёзмишнинг ўйнашларида
Ҳар юриш кўнглимни наштардек тиғлар?
Кенглик ҳаёллари учдими кўка
Бутун умидларни ёвларми кўмди?
Мангу тутқунликка кирдими ўлка?
Хаёлда порлаган шамларми сўнди?
Кечанинг жон олғич қоронғулиги,
Нажод юлдузини хаёлми билди?
Шунча тутқунларнинг ҳаққи, ҳақлиги
Бир ҳовуч тупроққа қурбонми бўлди?
Оҳимнинг ўтидан чиққан шуълалар,
Шарқнинг кўкрагида бир топмасми?
Кўксимдан қисилиб чиққан наъралар,
Уҳлаган дилларга кулиб боқмасму ?
СУЙГАН ЧОҚЛАРДА
Гўзалларнинг маликаси экансан,
Буни сенинг кўзларингдан ўқидим.
Ўқидим-да истиқболим қушига
Хаёлимдан олтин қафас тўқидим.
Гунафшалар қулоғимга мадҳингни
Сўзлаб-сўзлаб чарчадилар, битмади...
Аламзада булбул йиғлаб, кечалар
Аламингнинг сўнгин тамом этмади
Кўзингдаги ҳикоянинг мазмунин,
Шоир бўлсам, айтиб-айтиб йиғлардим.
Ўшал, эски жароҳатли қалбимни
Сатрларнинг наштари-ла тилардим.
Хаёлимнинг қип-қизилдан кийинган
Парилари, ҳурларини кўрдингми?
Аламимдан гуллар эккан ёъллардан
Коинотга ҳаёт сочиб юрдингми?
Йўлларингда шеър айтса сўлган барг,
Қулоғимга мусиқалар келтирур.
Қачон сенинг мусиқали овозинг
Сенинг мени суйганингни билдирур?
ҚАЛАНДАР ИШҚИ
Муҳаббатнинг саройи кенг экан, ёълни ёъқотдим-ку,
Асрлик тош янглиғ бу хатарли ёълда қотдим-ку.
Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир,
Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку.
Ажаб дунё экан бу ишқ дунёси,аё дўстлар,
Бу дунё деб, у дунёни баҳосиз пулга сотдим-ку.
Унинг гулзорида булбул ўқиб қон айлади бағрим,
Кўзимдан ёшни жў айлаб, аламлар ичра ботдим-ку.
Қаландардек юриб дунёни кездим,топмайин ёрни,
Яна кулбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку.
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоқат қилолмай ерга ботдим-ку.
БЕР ҚЎЛИНГНИ
Бер қўлингни, шу титраган қўлим билан сўнг дафъа
Бир қисайин, сўнгра ортиқ у қўлларга тегмак ёъқ.
Кўзларингни сўнгги марта тушир хира кўзимга,
Кўкрагимга киприкларинг сўнг мартаба отсин ўқ.
Кўкимизда ҳануз учмай қараб турган юлдузинг
Кўр юзини, айрилиқнинг кузи билан сарғайган.
Сен кетасан, юлдуз учар, ёлғизликда ташланган
Ўксигингга ҳаёт бермас ёғдулари кундузнинг.
Бер қўлингни сўнг мартаба, ёлғиз қолган ўксукман,
От ўқингни сўнг мартаба, алам кутган кўксимга.
ХАЁЛИ
Кўнгилдаги муҳаббатнинг учқунин
Хаёлимнинг бир бурчида беркитдим.
Ул учқуннинг кучлигидан сийнамда
Ҳеч тузалмас, оғир яра бор этдим.
Қулоғимга ол бахт, деб эшитилган
Азонларни шайтоний деб ўйладим,
Шунинг учун бахт берган малакка
Турли-туман афсоналар сўзладим...
Сочларини ўйнаб туриб эшитди
Ва дедиким: "Афсоналар беҳуда".
Бул сўзлари қулоғимга етишди:
"Оқдим,-деди,-қонли, зардобли сувда..."
Оқ-оқ,-деди афсоналар султони, -
Сенинг тахтинг, бахтинг унда кутадир.
Ул зардобли, қонли сувлар остида
Қора кийган жонинг жилва этадир.
Кет, эй шайтон, босқирадим... қўрқаман...
Кет-кет. Қилич синган, қалқон тешилган.
Кўрасанми? Мен эзилган, ётаман,
Устимга-да бало тоғи йиқилган.
Сўнгги нафас, охирги дам, эй малак,
Кел, бир қара, сўнгра йиқилсун фалак.
СОЗИМ
Нафрат ўлкасидан ҳижрат қилганман,
Улфат диёрига маскан қурганман,
Юзимни ўт эмас, гулга бурганман,
Самовий завқларга тўлиб турганман
Булбуллар севгини мақтаган дамда!
Чечаклар ўсғуси кўз ёшларимдан,
Бўғинлар унғуси ўйлашларимдан,
Қалблар юмшағуси сайрашларимдан,
Севги чаманида яйрашларимдан
Жаннатлар яратгай ташланган жанда.
Тилинган тилларга қон югурғуси,
Бўшалган инларга жонлар кирғуси,
Тиканли боқчалар чечак кўрғуси,
Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси
Жандалар танимга теккан кунларда!..
* * *
Бир тутам сочларинг менинг қўлимда,
Ғижимлаб ўпайми, ё тараб-ечай,
Сир деб сақлаганинг менинг қўйнимда,
Сир деб сақлайинми, ё елга сочай.
Сочилган сочингдай сочилса сиринг,
Анор юзларингни кимга тутасан?
Ўзинг-ку «уларда вафо йўқ!» дединг,
Нимага уларни тағин кутасан?
Очилган қўйнимда тўлғанган танинг
Кўнгилдан қилча ҳам ҳид етказмаса,
Менга яқинлашма, ай, тирик бўса!
«Севдим» деганларинг ёлғондир сенинг!.
ХАЛҚ
Халқ денгиздир,
Халқ тўлқиндир,
Халқ кучдир,
Халқ исёндир,
Халқ оловдир, халқ ўчдир...
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди...
Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар...
Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!
* * *
Хаёл, хаёл... Ёлғиз хаёл гўзалдир,
Ҳақиқатнинг кўзларидан қўрқаман.
Хаёлдаги юлдузларким, амалдир,
Оловимни алар учун ёқаман.
Гўзал хаёл, кел, бошимда гул ўйнат,
Маним истак-тилагимни эркалат!