Рамазон

Ғубор босган бу қалбларни ювдингми зилол,

Мўмин қалблар масрур бўлур кўрганда ҳилол.

Саҳарларда азон айтар гўёки Билол,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Ҳаром қолур бир томонда ҳалолдан тийиб,

Қалблардаги масрурликни фазлингдан бериб.

Мўмин қуллар қўлларига Қуръонни бериб,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Саккиз Жаннат эшикларин очибон шаҳдам,

Жаҳаннамнинг эшикларин ёпибон маҳкам.

Шайтонларнинг қўлларига солиб минг кишан,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Хатми Қуръон таровеҳлар файзингдан бир нур,

Нафсига қул осийларни озод этиб ҳур.

Яна Маҳшар Қиёматда қўлда тутиб дур,

Масрур этиб барчамизни келдинг Рамазон.

Тақво билан поклаб келдинг руҳларимизни,

Эҳсон билан софлаб келдинг молларимизни.

Асрагайсан маҳшар кунда жонларимизни,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Қадринг билган сойимларга очибон Райён,

Мағрур туриб ўн бир ойнинг устида султон.

Тўлдурурмиз бедор бўлиб кечалар хирмон,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Қудумингдан бу бандалар бўлурлар шодон,

Фироқингдан ҳайитларда ёш тўкса нольон.

Гўё бугун байрам дейсан бўлингиз шодон,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Малакмисол кундузлари юрурлар сойим,

Расулуллоҳ суннатлари кечалар қойим.

Кел, Азроил Қадрларда чиқсайди жоним,

Масрур этиб барчамизни келдинг Рамазон.

Мадҳинг бирлан фазлингни гар айласам баён,

Сухандонлар сўз тополмас, мен ожиз сарсон.

Умидим шул Насимжонга очилсин Райён,

Масрур этиб барчамизни келдинг рамазон.

Насимжон Олимов