“Лисон ут-тайр” достонида келган тўрт халифа ҳақидаги ҳикоятлар

Ҳазрат Навоий бошқа достонларидан фарқли ўлароқ “Лисонут тайр” достонида тўрт саҳиҳ халифанинг ҳар бирига алоҳида боблар ажратган. Махсус таърифлардан сўнг ул зотлар ҳаётида рўй берган воқеаларни баён қилган. Қуйида ана шу ҳикоятларни ҳукмингизга ҳавола этмоқдамиз.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақида

Мустафодин1 сўнгра аҳли иртидод,
Чун хилофатқа ул ўлди истинод.

Дин тариқида адоват туздилар,
Ким ҳужум айлаб жадал кўргуздилар.

Бергали ислом рукниға халал,
Ким закот эрди аён айлаб жадал.

Ул ғазаб айлаб бу навъ этти хитоб,
Ким наби2 қонунидин бир ришта тоб.

Ўксумак тағйир ила имкони йўқ,
Ўксутур элга қиличдур доғи ўқ.

Шаръ ишига улки мундоқ қилса жаҳд,
Ким онинг осори қолғай то бу аҳд.

Ким қила олғай бу ишни ошкор,
Жуз Абубакр улки эрди ёри ғор.

Насрий баён:
Муҳаммад Мустафодан (соллалоҳу алайҳи ва саллам) кейин Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) халифалик тахтига ўтирди. Диндан қайтган бир гуруҳ кишилар дин йўлида адоват қилиб, жанжал бошладилар. Улар ислом устунларини қулатиш учун закотни бекор қилишни талаб қилдилар. Халифа ғазаб билан шундай хитоб қилди: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қонунида бирор ип миқдорича нарсани ҳам ўзгартириш мумкин эмас. Кимки бунга қарши бош кўтарса, уларга жавоб қилич ва ўқ бўлади!»
Шариат ишига шунчалик қатъийлиги учун ҳам унинг номи то бу замонгача етиб келгандир.
Бундай қатъийликни ким қила олади? Фақат ғорда пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дўстлашган Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)!

Умар (розияллоҳу анҳу) ҳақида


Хайле чун фатҳи Мадойин қилдилар,
Ахзи амволу хазойин қилдилар.

Неча юз йиллиқ салотин ганжини,
Жамъ айлар чоғда кўргон ранжини.

Юклаб эттилар онинг оллиға нақл,
Ким тамошосида ҳайрон эрди ақл.

Кўз учидин боқмай ул амволға,
Борчани жамъ этти байтул-молға.

Ким ғазо аҳлиға ул бўлғай мадад,
Ҳар бирига ончаким еткай расад.

Кимнинг илкидин келур бу навъ иш,
Жуз Умарким бўйла қонун айламиш.

Насрий баёни:
Ҳазрати Умарнинг (розияллоҳу анҳу) кишилари Мадойин шаҳрини эгаллаб олиб, мол-мулк ва хазиналарини тортиб олдилар. Бир неча юз йиллар давомида султонлар қийналиб йиққан хазиналарни юклаб йўлга тушдилар. Бу катта хазиналар томошасига ақл ҳам лол эди.
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) келтирилган бу мол-дунё ва хазиналарга кўз қирини ҳам ташламай, давлат хазинасига топширишни буюрди: булар ғазотга чиқувчилар учун етганича бўлиб берилади.
Умар (розияллоҳу анҳу) шундай қонунни йўлга қўйди ва ундан бошқа кимнинг қўлидан бу иш келарди!


Усмон (розияллоҳу анҳу) ҳақида

Нақл эрур бу навъким бир кун наби,
Ул халойиққа саодат кавкаби.

Хилват ичра истою элдин фароғ,
Ўлтуруб эрди узотиб бир оёғ.

Кирдилар баъзи кибар асҳобдин,
Ҳам азизу ҳам шариф аҳбобдин.

Бўлмади тағйир ҳазрат ҳолиға,
Ул фароғ ичра ҳумоюн фолиға.

Лек Усмон киргач ул миллатқа шамъ,
Ўлтуруб сўнғон аёғин қилди жамъ.

Ким эрур осру ҳаёлиғ кимса ул,
Топқуси тағйир онинг ҳолиға йўл.

Улки мундоқ ҳурматин тутқай расул,
Эътибори йўқ неким дер ҳар фузул.


Насрий баёни:
Шундай бир нақл бор: халойиққа саодат юлдузи бўлган Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни элдан фароғат истаб, бир хилватга кириб, бир оёғини узатиб ўлтириб эди. Унинг ҳузурига баъзи зодагон суҳбатдошлардан, баъзи азиз ва айрим шариф дўстларидан кириб боришди.
Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) авзоида ўзгариш бўлмади. У бемалол яхши хаёллар билан тин олиб ўтирди.
Бироқ хонага Усмон (розияллоҳу анҳу) киргач, Миллат шами (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) узатган оёғини йиғиб олди. Чунки Усмон (розияллоҳу анҳу) жуда ҳаёли киши бўлиб, Расулнинг у ҳолидан аҳволи ўзгариши мумкин эди. Шундай.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳурматини жойига қўйган зот ҳақида ҳар қандай кимсалар ҳар нима десалар беҳудадир.

Али (розияллоҳу анҳу) ҳақида

Бир ғазода нақл мундоқдурки шоҳ,
Ебдур ўқ заҳмики отмиш кийнахоҳ.

Ер тутиб пайкон сўнгакка ўйла руст,
Ким чекордин бўлмайин чиқмоққа суст.

Чун Набиға арз этибдурлар они,
Бўйла дебтур ул ҳидоят махзани.

Ким ул этгон чоғда эҳроми намоз,
Они тортарға бўлунгуз чорасоз.

Ондаким ул захмнинг пайкони бор,
Зўр айланг ончаким имкони бор.

Онча истиғроқдиндур баҳравар,
Ким ул иштин бўлғусидур бехабар.

Ўйлаким ҳукм этти ул шамъи худо,
Қилдилар ул ишни фатҳ этти худо.

Шаҳ намозининг саломин чун деди,
Захмда не дарду не пайкон эди.

Қилди чун ул ҳол истифсорини,
Дедилар шоҳи расул гуфторини.

Ҳайдари каррор шукр айлаб аён,
Ушбу иш сиррин бу навъ этти баён.

Ким халос ўлмоқ ажал пайконидин,
Мумкин эрмас жуз наби эҳсонидин.

Бизга ҳар ғамдин нажот ондиндурур,
Балки ойини ҳаёт ондиндурур”.

Насрий баёни:
Ғазот жангларининг бирида, шундай нақл қиладиларки, шоҳ – ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) душмандан ўқ ебди.
Ўқнинг учи суягига ботиб, ҳеч тортиб олишнинг иложи бўлмабди. Бу ҳолни Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларида, тўғри йўл кўрсатиш хазинаси бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дебти: «УАли намоз ўқий бошлаган пайтда ўқни тортиб олиш пайида бўлингиз. Жароҳатнинг ўқ учи жойлашган жойидан кучингиз етганича ўқни тортиб олишга ҳаракат қилинг. У намозга шундай берилган бўладики, ўқни тортиб олганларингни билмай қолади».
Тўғри йўл кўрсатиш шами – Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу сўзни дегач, кишилар бу ишга киришдилар ва Аллоҳ кушойиш берди. Айтилганига амал қилинди.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) шом намозининг саломини айтганида жароҳатда на дарду на ўқ учи бор эди!
У ҳайрон бўлиб, воқеани суриштирган эди, унга Пайғамбарлар шоҳи – Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатмасини айтдилар.
Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бунга шукр қилиб, бу иш сирини шундай айтдиларки: «Ажал ўқининг учидан фақат Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эҳсони билангина қутилиш мумкин. Бизга ҳар қандай ғамдан нажот, балки ҳаёт ҳам У туфайлидир».

Манба: alishernavoiy.uz