То муҳаббат дашти бепоёнида оворамен,
Ҳар балият келса ишқ ошубидин бечорамен.
Эл нетиб топқай мениким мен ўзимни топманом,
Буйлаким ишқу жунун саҳросида оворамен.
Қайси захмимға қилурсен чора чун мен эй рафиқ,
Тийр борони балиятдин саросар ёрамен.
Оҳ дуди ичра бир учқун киби кўрган мени
Билдиким, ҳижрон тунига кавкаби сайёрамен.
Кеча ўртансам, саҳар фарёд қилсам, не ажаб,
Ишқ аро парвонаву булбулға чун ҳамкорамен.
Эй харобот аҳли, гар сиз маст ўлуб, мен бўлмасам,
Айб эмас, невчунки сиз – майхора, мен хунхорамен.
Эй Навоий, борди деб аҳбоб, таъжил этма кўп,
Ит киби мен эришиб ул корвонни борамен.
Бу ғазал бир маҳаллар Ўзбекистон халқ артисти унвони билан сийланган, кейинчалик эса намозхонликда айбланиб, қўшиқларини радио ва телевидениеда бериш тақиқланган машҳур санъаткор Мавлуда Аъзамова томонидан зўр маҳорат билан куйланган эди. Дин-диёнатга йўл очилган мустақиллик давридагина бу қўшиқ яна эфирга чиқа бошлади. Шу орқали ҳам биз миллат қуёши Алишер Навоийнинг даҳосидан яна бир қатла баҳраманд бўлдик.
Бу асар “Чор девон”нинг иккинчи жилдидаги 496-ғазалдир. Навоий “Наводируш шабоб”даги асарларни йигитлик айёмидаги нодирликлар билан қиёслайди. Бу маънони таъкидлаётганимизнинг боиси шундаки, баъзилар айтганидек, “Чор девон”га киритилган асарлар шоир умрининг шунга мувофиқ даврида ёзилган эмас, яъни “Ғаройибус сиғар” девони фақат болалик – сағир ёшида битилмаган, ёки “Фавойидул кибар” – қари чоғида ёзган ғазалларидан иборат эмас. Девонларнинг номлари шартли бўлиб, девон тартиб бериш чоғида ҳар бир девонга бир хил – 650 тадан ғазал киритилгани ҳам шуни кўрсатади.
Мазкур ғазал руҳига диққат қилсак, у Навоийнинг хийла кексарган, ҳаёт ва ўлим ҳақида ўйлай бошлаган, устозлари ва бир қанча яқин дўстлари ҳаётдан кўз юмган чоғда битилган кўринади. Чунончи, сўнгги байт шуни кўрсатади:
Эй Навоий, борди деб аҳбоб, таъжил этма кўп,
Ит киби мен эришиб ул корвонни борамен.
Яъни, Эй Навоий, дўст-ёрларим кетди, деб шошилма, бу карвонга ит каби эргашиб бораман (қолиб кетмайман).
Энди ғазалнинг матлаъ – илк байти маъноси билан танишайлик.
То муҳаббат дашти бепоёнида оворамен,
Ҳар балият келса ишқ ошубидин бечорамен.
Муҳаббатнинг чек-чегарасиз даштида сарсон ҳолда юрар эканман,
Ишқ саросимасидан, нимаики балолар бошимга тушса, чорасизман.
Ошиқ муҳаббатнинг поёнсиз даштида овора бўлиб юрар экан, бундан англашиладики, ишқнинг ўзи беҳудуддир. Бу ишқ – илоҳий ишқ, чунки инсоний ишқнинг боши ва охири, авжи ва сусти, чек-чегараси бўлади, фақат Оллоҳ ишқининг поёни йўқ. Бу ишқ туфайли бошга тушадиган балолар қаршисида ошиқ чорасиз, зеро қазога рози ва балога собир бўлиш – мўминнинг шиоридир.
Эл нетиб топқай мениким мен ўзимни топманом,
Буйлаким ишқу жунун саҳросида оворамен.
Мен ўзимни топа олмайману, одамлар мени қандай қилиб топсин?
Мен шу тариқа ишқ ва жунун саҳросида овораман.
Бу байт бугун айрим адабиётшунос ва ихлосмандлар томонидан бузиб ўқилади ва шунга мувофиқ талқин қилинади. Уларнинг фикрига кўра, шоир “Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам” деган, ёки тўғрироғи, шунақа деб ёзганида зўр бўлар эди. Ана ўшанда “ўзликни топиш, ўзликни англаш” каби ҳозир урф бўлган ижтимоий дунёқараш Навоий орқали ҳам тасдиқ этиларди… Унинг зимнида “мен ўзимини англасам (ботинга назар), бошқалар ҳам мени эътироф этади, биз ўзимизни топсак, англасак, ўз қадримизга ўзимиз етгандагина ўзгалар (яъни бошқа миллатлар, дунё…) ҳам бизни тан олади”, деган шиор сингари бир даъво ётади.
Ҳолбуки, шоир ўзликни топиш (англаш) эмас, аксинча, ўзликни йўқотиш, ўзини топа олмай қолиш маъносини битади. Тасаввувда – ҳақиқий солик, адабиётда – чин ошиқ севги шиддатидан ўзини унутиши, хаёлан маъшуқа билан бирлашиб кетиши лозим. Эътибор берсангиз, ишқ шиддатидан жунун ҳоли ҳам пайдо бўлди. Бу ҳолда киши ўзини билмай қолиши – мантиқий. Давом этамиз:
Қайси захмимға қилурсен чора чун мен эй рафиқ,
Тийр борони балиятдин саросар ёрамен?
Эй дўст, сен яра-чақаларимнинг қайси бирини даволамоқчисан?
Тийрборон балосидан менинг бутун аъзои баданим яра-чақа-ку?
Бу тийр борони аввало маъшуқа отган истиғно ўқлари. Аммо бу – ботиний (ички) жароҳат, зоҳирий томондан эса, ишқ жунунидан телба бўлган одамга болалар тош отиб ҳаммёғини ярадор қиладилар. Яна:
Оҳ дуди ичра бир учқун киби кўрган мени
Билдиким, ҳижрон тунига кавкаби сайёрамен.
Оҳ тутуни ичида мен бир учқундай бўлиб ётганимни кўрган одам
Бу – ҳижрон кечасидаги юлдуз-сайёра экан, деб гумон қилди.
Бу – жуда маҳобатли манзара. Тутун ҳамма ёқни қоплаб, унинг қоронғисида ўртанаётган ошиқ бир учқундай бўлиб аранг кўзга ташланади, уни кўрган одам ҳижрон тунидаги юлдуз ва сайёрларга ўхшатади.
Тўғри, сиртдан қараган кишига бу жуда муболаға, лоф тасвир бўлиб туйилиши мумкин. Аммо ёр – Оллоҳ ишқида тунлари ухламай, оҳ тортиб чиқилган замонларни кўз ўнгимизга келтирсак, манзара анча реаллашади.
Кеча ўртансам, саҳар фарёд қилсам, не ажаб,
Ишқ аро парвонаву булбулға чун ҳамкорамен.
Тунлари куйиб-ёнсам, тонг саҳарларда йиғласам, ажабланманг.
Чунки ишқда парвона ва булбул билан ишим бир хил.
Бунда мумтоз адабиётимизга хос таносуб санъати қўллангани диққатга сазовор, яъни ўртанмоқ деганда алангага ўзини уриб куядиган парвона, саҳарда нола қилиш эса тонгда сайраган булбулга қиёс қилинади. Сўнгра:
Эй харобот аҳли, гар сиз маст ўлуб, мен бўлмасам,
Айб эмас, невчунки сиз – майхора, мен хунхорамен.
Эй харобот (майхона) аҳли, сиз маст бўлиб, мен маст бўлмасам,
Бу айб эмас, негаки сизлар май ичасиз, мен эса қон ютаман.
Назаримизда, бу ғазалнинг маъно ва ишоратга энг тўлиқ байти – шу. Бунда шоир сиртдан майхона аҳлига мурожаат қилгани билан, аслида мустасифларга – сохта ошиқ-сохта соликларга хитоб қилади, уларнинг ишқ йўлида ўзини маст-аласт қилиб кўрсатишларини маъқулламайди. Навоийнинг эътимодича, ошиқликнинг янада юқорироқ бир босқичи бор, бу ҳушёрлик ила ёрга етишишдир.
Ниҳоят, сўнгги байт:
Эй Навоий, борди деб аҳбоб, таъжил этма кўп,
Ит киби мен эришиб ул корвонни борамен.
Эй Навоий, дўст-ёрларим кетди, деб шошилма,
Бу карвон ортидан ит каби эргашиб бораман.
Биз юқорида бу байтнинг ҳаётий маъносига урғу берган эдик. Энди икки оғиз унинг сўфиёна мазмуни ҳақида тўхталсак. Манбаларнинг шоҳидлик беришича, Навоий умри давлат ва жамоат иши, ижод билан ўтиб, сўфийликда ўзи хоҳлаган даражага ета олмаганидан ўкинган. Бу борада илгарилаб кетган аҳли ҳоллар – улкан сўфийларга ҳавас билан қараган, бир томондан, тасалли учун, қолаверса, шу армон йўлида “Насойимул муҳаббат” асарини битган. Ғазал ниҳоясида Навоий умидланади – дўст-ёрлар (аҳли ҳоллар) кетиб қолди, уларга етиб бўлармикин, деб кўп ошиқиб ўзингни азоблама, ит карвонга эргашиб боравергани каби, зора мен ҳам уларга етолсам…
Бу ғазал – агар бошдан охир маъносига диққат қилсак – кишининг ошиқ бўлиши, бу йўлда унинг бошига турли ғавғо-шўришлар ёғилиши, аммо у ишқ йўлидан тийилмай, аксинча, ўзини унутиш даражасида берилиши, оқибат – бошдан-оёқ бало ўқларига нишон бўлиши, кейинчалик эса ўзи торган оҳлар дуди ичда гўё бир мажнун тунда олов ёқиб, аланга тутуни ичра гулханни кўрган одамлар уни тун осмонида юлдуз ва сайёраларга ўхшатиши, шу тариқа ишқ шиддатининг зўрлигидан кечалари куйиб-ёниб, тонг саҳарларда фарёд қилиши, чора излаб харобот (майхона) сари йўл солиб, аммо бунда ҳам дардига даво топа олмай, қон ютиши ва ниҳоят, кетган карвон ортидан эргашиши – фанони тарк этишидай изчилликка эга эканини кўрамиз. Ишқнинг шаҳи ҳоли Навоийнинг ушбу етти байтли ғазалида шундай тажассум топган.
Алишер Навоий асарларида қўлланган сўз ва ибораларни тушуниш, талқин этиш учун у яшаган даврдаги ижтимоий-маданий ҳаёт, адабий муҳитни, бадиий мезонларни, диний, сўфиёна ва адабий истилоҳларнинг келиб чиқиши ҳамда улардан ҳар бири ифодалаган зоҳирий ва ботиний маънолар мағзини чақиш лозим. Чунончи, ана шу сўнгги байтда Навоий ўзи ҳақида “ит каби эргашиб” деган ифодани битар экан, у бир қўпол тасвир, ёинки маломатпеша одамнинг ўзига қилган лутфи эмас, балки машҳур бир афсонага ишорадир. Маълумки, уч солиҳ йигит золим ҳукмдор Даққиёнус (Даклёниус) замонида тоғ сари бош олиб кетадилар, уларга Қитмир деган бир ит ҳам эргашади ва ҳаммаси бир ғорга яширинишади. Оллоҳ уларни зулм тааддисидан асраб, уйқуга чўмдиради ва Даққиёнус вафоти (айтишларича, уч юз йил)дан кейин уйғотади.
Бояги ит эса, солиҳларга эргашгани учун, солиҳлик рутбасига эга бўлган эмиш…
Зуҳриддин Исомиддинов