Мустақиллигимиз арафасида, 1989 йил 21 октябрда ўзбeк тилига давлат тили мақоми бeрилиши тилимиз тариxидаги муҳим ютуқлардан бири бўлганига шубҳа йўқ. Ҳар йили ушбу кун олдидан ўзбек тили ва унга эътибор беришга доир турли мақолалар, кўрсатувлар, чиқишлар, йиғилишлар қилиш одат тусига кирган. Мен ҳам шу фурсатдан фойдаланиб тилга оид айрим ва ожизона фикрмулоҳазаларимни сиз азизлар билан ўртоқлашмоқчиман.
Ўзбек тилига давлат мақоми берилганига чорак асрдан кўп вақт ўтган бўлсада, ҳануз у ўз тахтига ростмана ўрнашмагандек туюлади менга. Ҳали ҳам айрим жойларда русча ҳужжат, русча лавҳалар, русча мулоқот ва ҳоказо. Ҳатто русча гапирмасангиз, аччиқ қиладиганлари ҳам бор. Рекламалар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўз тилида тўғри гапиришни билмайдиган, аммо қайсидир чет тилида ифодали сўзлаши билан мақтанадиган ўзбекларимиз ҳам йўқ эмас. Ўзбекча сўзларни русча талаффуз билан айтадиган, икки гапининг бирига русча сўз тиқадиган олифта хонимлар эса ҳар қадамда учрайди. Бир гапнинг ярмини ўзбекча, ярмини русча қилиб ўзини кўрсатадиган «маданятли»лар ҳам талайгина. Бу билан чет тилини ўрганишни ёки бошқа тилда сўзлашни қораламоқчи эмасмиз, фақат бу ерда ўз тилини паст санаш, писанд қилмаслик, унга меҳр бера олмаслик каби иллатлар яшириниб ётганидан куюнмоқдамиз. Марҳамат, бошқа тилни ўргансин, ўша тилда гапирсин, керак бўлса, ўша тил эгаларини қойил қолдирсин, аммо ўз тилини унутмасин, паст санамасин. Ўзбекча гапиряптими, бир йўла ўзбекча сўйласин. Чет тилида равон сўзлай олишидан фахрланишдан олдин ўз тилида ифодали гапиришни ўрнига қўйиб қўйсин.
Оламийлашув (глобаллашув) жараёнининг ҳамлалари энг аввал тилга йўналган бўлади. Бундай вазиятда ўз тилига махсус «саралагич» қўя олмаган халқлар вақт ўтиши билан ўз тилларини бой бериб қўйишлари, унинг катта қисмидан айрилиб қолишлари ҳеч гап эмас. Тўғри, четдан кираётган ҳамма сўзни ҳам таржима қилиб бўлмайди, хусусан, халқаро миқёсда кенг тарқалган, масалан, поезд, аэропорт, телефон, компютер каби сўзларни қабул қилиш фойдалироқ бўлиши мумкин. Аммо дуч келган сўзни фарқламай ўзлаштириш, ўз тилида таржимаси ёки ўринбосари бор бўлган сўзни ҳам қабул қилавериш ҳар қандай тил учун офат бўлади. Афсуски, бугунги кунда бизда мана шундай ҳолат жуда ҳам кўп учрамоқда. Ҳатто ўзбек тилидаги шакли осон бўла туриб, четдан кирганини қўллашга одатланиб қолинган.
Мисол учун, «разворот қилмоқ» деган жумла ўрнига «қайрилмоқ» деган сўзни ишлатиш мумкин. «Остоновка» деган узун сўз ўрнига ўзбек тилида «бекат» деган қисқагина сўз бор. «Доставка қилиш» демай, «етказиш» ёки «етказиб бериш» дейишнинг нимаси қийин? «Мойка қилишим керак», деб қўйишади. «Мойка» ўзи ювмоқ дегани. «Ювиш қилишим керак» дейиш ўрнига «ювишим керак» ёки «ювдиришим керак» дейиш осонмасмикин? (Бу сўзни аввалига фақат машина ювишга ишлатилар эди, энди эса, «идишларни ювиш керак», демай, «идишларни мойка қилиш керак» дейдиган бўлишди.) «Медсестра қиз кирди» деб чўзмай, «ҳамшира кирди» деса қулаймасми? Бу рўйхатни истаганингизча давом эттиришингиз мумкин.
Очиғини айтганда, айрим одамларимиз ўз она тилидан шунақа узоқлашиб кетибдики, мазкур сўзларнинг ўзбекчасини айтсангиз, ҳатто тушунмай ҳам қолади. Мен ўзим кўп марта синаб кўрдим. «Боришингизда ўнг тарафда бекат келади», десам, «бекат дегани бу дўконмикин ё маркетмикин» деб ўйланиб қолди шекили, анқайиб турибди, «бекат – остоновка» десам, «ҳаа» деб қўяди. «Фалон бекатдан ўтиб ортга қайриласиз», десангиз, индамай туриб қолади, «разворот...» десангиз, «ҳа, шунақа денг, хўш, разворот қиламан, кейинчи?» дейди. «Етказиш хизмати борми?» десам, хизматчи ўйланиб турибди, «достовка» десам, кейин тушуняпти. Буни қарангки, ўзбекча сўзларни ўзбекларга ажнабий сўз билан таржима қилиб бериш керак бўлиб қолибди. Совутгич – кондитсонер, музлатгич – холоделник, яхлатгич – морозилник, ўриндиқ – сденье, гўшак – трубка, сообщения – хат, мактуб ва ҳоказо. Бунга ўхшаш мисоллар жуда ҳам кўп. Энг ачинарлиси, ўзбек тили ёки адабиётга доир айрим қўлланмаларда ҳам аҳвол бундан кам эмас. Ўзи ўзбек тилини ўргатмоқчи, аммо ўзбекча атама йўқ, ҳаммаси лотинча ёки русча. Ҳеч бўлмаганда атамаларни ўзбекча талаффузга мослаштирмаган. Ахир бу аҳволда қандай қилиб ўзбек тилини ардоқлашни уқтира олади? Агар яна бешўн йил индамай бепарво қараб турилса, ушбу бетакрор, гўзал ўзбек тили барча ҳусну жамолидан мосуво бўлиб, қандайдир қоришма, ноаниқ бир тилга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Ўзимизга билинмай қолган экан. Бир тожик киши русча аралаш тожикча гапирган эди, жуда эриш туюлди. Ваҳоланки, ўша русча сўзлар ўрнига тожикча сўзлар ҳам ишлатиш мумкин, маънони ифода этаверади, аммо у бечоралардан ҳам мустамлаканинг асорати ҳануз кетмабди.
Маълумки, ўзбек тилида «ц» ва «юмшатиш белгиси» ишламайди. Аммо ҳали ҳам матбуот ва адабиётларда бу ҳарфлар берилмоқда. Ҳеч қайси ўзбек уларни талаффуз қилмаслиги аниқ ва қизиғи, бунга ҳожат ҳам йўқ, чунки ўша сўзни ўзбекча талаффуз қилинса ҳам маъноси тушунилаверади. Мисол учун, ҳар қандай ўзбек Франция эмас, Франсия дейди, февраль эмас, феврал дейди ва ўз маъносида тушунилади. Ундан ҳам қизиғи – шу сўзлар лотинчада ёзилса, ўзбекча ёзилаверади. Буни қандай изоҳланади, билолмадим. Ҳа, буларнинг барчаси мустамлака давридаги кўникмалар қобиғидан қутила олмаганимиздан бўлса керак.
Айрим жойларда шеваларимиз ҳам қуюшқондан чиқаёзмоқда, бироз «таноб»ини тортиб қўйилмаса, «мустақил тил» бўлишга даъвоси бор. Ижтимоий тармоқдаги ва бошқа алоқа воситаларидаги ёзишмаларнику асти қўяверасиз, ўқиб фақат мириқасиз. Баъзи бир талабаларнинг суҳбатларини эшитиб, ё йиғлашни, ё кулишни билмай қоласиз. Қисқаси, айтсангиз, жуда гап кўп.
Муаммони айтиш осон, муҳими – унга ечим топиш керак. Хўш, тилимизни асраш учун нималар қилишимиз керак? Албатта, бу борада анчадан буён жон куйдириб келаётган, муаммоларга илмий жавобларни тақдим қилган тилшунос олимларимизнинг тавсиялари етарлича бор. Биз улардан ошиб ўтиб, «янги Америка кашф қилмоқ»чи эмасмиз. Тилга эгадорлик ёки мутахассислик даъвоси ҳам йўқ. Фақат ўзбек тилининг бир ўзбек мухлиси сифатида айрим мулоҳазаларни ўртага ташламоқчимиз, холос.
Инсоннинг барча хаттиҳаракати унинг ички олами – қалби билан боғлиқ. Тилни асраш ҳам аввало унинг ички оламида пайдо бўлиши ва қарор топиши керак. Кишида ўз тилини севиш, уни ардоқлаш, қизғониш туйғуси бўлиши керак. Бошқача қилиб айтганда, унда миллий ғурур, ҳамият шаклланган бўлиши лозим. Бу эса болаларга мактабдан бошлаб сингдирилиши даркор. Ўзбек тилининг хусусиятлари, бойликлари, гўзалликлари ва имкониятларини мисоллар билан тушунтириб, ўз тилини яхши билиш ҳар бир инсон учун шараф ва обрў келтиришини уқтириш лозим. Ҳадеб «фалон тилни билсанг, нонинг бутун бўлади» деявермай, «ўз тилинг яхши бил, ўзлигинг бутун бўлади», деб ҳам туриш керак. Ўз тилини пухта билиш ҳар қандай соҳа ва касб эгасига фақат ва фақат ютуқлар олиб келиши улуғ олимлар мисолида ёритиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Кўп жойларда тилшунослик академиялари мавжуд. У ердаги мутахассислар тилнинг имкониятларини пухта ўрганган, луғатга бой ва кечасию кундуз шу соҳада бош қотириб юрган одамлар бўлади. Улар тилга кириб келаётган ҳар қандай сўзни «махсус текширув»дан ўтказмай қўйишмайди. Бугунги кунда техника кўз илғамас даражада тез ривожланмоқда. Шунга қарамай, мазкур академиялар ҳар бир янги чиққан ускуна ёки жиҳозга нимадир янги ном беришга интилади ва буни кўпинча уддалайди. Ҳозирда матбуот имкониятлари жуда ҳам кенг ва серқирра. Мисол учун, бирор янги чиққан жиҳозга мутахассислар тарафидан берилган иккитаучта ўзбекча номни таклиф сифатида матбуотда эълон қилиб, кўпчилик тарафидан танланган шаклини истеъмолга киритиш мумкин. Тилимизга ёт бўлган, таъбимизга ўтирмайдиган ажнабийча сўзлар ўрнига ўлик ёки туркча бўлса ҳам, туркий тилга хос сўзларни ишлатган маъқул.
Ном беришни матбуот воситалари орқали одамлардан сўралса ҳам бўлади. Бунда шевалардан ҳам анчамунча «дур»ларни қўлга киритиш мумкин. Кейин танланган сўзларни матбуотда эълон қилинади, ёзувчилар асарларига киритади. Шундай қилиб, тилнинг бойлиги сақланади ва ортади. Шу билан бирга, ўша академиянинг матбуотда чиқишлари бўлиб, шу орқали халқ билан бевосита боғланиб туриши керак. Улар орқали одамлар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишлари, муаммоларини ҳал қила олишлари жуда катта ютуқларга сабаб бўлади. Бу хусусда бошқа жойларнинг тажрибаларидан ҳам фойдаланиш мумкин.
Хуллас, бу борада қилиниши лозим ва имкони бор ишлар талайгина. Бунга мутахассис ва мутсаддиларимиз кўпроқ жон куйдирсалар, хайрли, савоб иш бўлар эди. Албатта ҳар бир иш иқтисодга бориб тақалади. Буёғини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Аллоҳ таолодан ҳар бир ишимизда Ўзи ёру мададкор бўлишини сўраб қоламиз.
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид