Мотуридия мазҳабининг Ўрта осиё ва бошқа ўлкаларга кенг ёйилишига хизмат қилган асарлардан бири Сўфи Аллоҳёр бобомизнинг "Саботул ожизийн" асаридир.
"Саботул ожизийн", яъни "ожизлар матонати" маъносини англатувчи ушбу асар ақоид илмига бағишланган бўлиб ўзбек тилида ёзилган. Асарда араб ва форс тилидаги сўзлардан ҳам кенг фойдаланилган. Бу эса асар ёзилган вақтда мазкур тиллар ҳам омма халққа яхши таниш бўлганидан дарак беради.
Муаллиф бу асарини "Маслакул муттақийн" китобини ёзиб оммага тақдим қилганидан кейин таълиф қилган. Форс тилида ёзилган "Маслакул муттақийн" асари яхши қабул қилиниб халқ орасида машҳур бўлиб кетгач муаллифнинг яқин кишилари уни ўзбек тилига ўгириб беришини сўрашади. Бу ҳақида Сўфи Аллоҳёрнинг ўзи шундай ёзган:
Ёзилди форсий тил бирла мактуб,
Ақийдату фуруъ қурби маҳбуб.
"Яъни маҳбуб зотга муқарраб бўлиш мажмуъаси бўлган ақийда ва унга таъаллуқли фаръий масалалар авввалда форс тилида ёзилган эди" .
Аниким кўрдилар туркий ёронлар,
Дедилар: "Гар дуо қилса эранлар.
Битилса турки тил бирла ақийда,
Кўнгуллар бўлса андин орамийда".
Яъни форс тилида ёзилган мазкур китобни кўрган форс тилини билмайдиган туркий дўстлар: улуғларнинг дуоларини олиб ҳаракат қилсангиз ва ақийда китобини туркий тилда ёзиб берсангиз. Туркий халқлар ҳам ундан баҳра олиб кўнгиллари таскин топса, дедилар. Мазкур сўровлар қаттиқ илтимослар билан бўлгани шундай баён қилинган:
Тамаллуқ қилдилар чун бир неча ёр
Қалам тортай Худо бўлсун мададкор.
Яъни бир қанча дўсларим қаттиқ туриб илтимос қилдилар ва мен уларнинг илтимосларини қабул қилиб Аллоҳдан мадад сўраб қалам тортдим.
"Саботул ожизийн" асари ўқувчилар томонидан жуда ҳам яхши қабул қилинган. Бу асар ўтган уч юз йилдан ортиқ вақт мобайнида мактаб мадрасаларда дарслик, қўлланма сифатида ўқитиб келинган. Халқимиз орасида алоҳида "Оллоҳёрхонлик" кечалари ўтказилиши, унинг байтлари ҳатто оддий халқ тилларида ёддан ўқиб юрилишининг ўзи унинг манзур бўлганига ва халқ кўнглидан жой олган муҳим асар эканига яққол далилдир. Шунинг учун ҳам бу асар турли даврларда кўплаб давлатларда қайта-қайта нашр қилинган:
Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Қўқонда 1890 йилда, Когонда 1910 йилда,Тошкентда яна 1991, 2007 йилларда қайта нашр қилинган.
Булардан ташқари "Саботул ожизийн" асари Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия ва Россия давлатларида ҳам нашр этилган.
"Саботул ожизийн" асарининг сақланаётган нусхалари орасида турли тафовутлар мавжуддир. Шунга кўра Ўзбекистонда таниқли олим Рашид Зоҳид томонидан 94 қўлёзма ва 61 тошбосма матнларини ўзаро қиёслаб асарнинг энг ишончли матни таёрланган. Бу матн ҳозирда нашр этилган.
Табийки "Саботул ожизийн" асари қўлма-қўл ўтиб ўқиб юриладиган машҳур асар бўлганидан унга кўплаб шарҳлар ёзилган. Ҳозирча бизга маълум бўлган шарҳлар қуйидагилардир:
1. Тожуддин Ёлчиқул ўғли "Рисолаи Азиза шарҳу "Саботул ожизийн". Бу шарҳ 1835 йилда "Қозонда, 2000 йил Ўзбекистонда нашр этилган.
2. Салоиддин ибн Ровил Салимий Қозоний "Иршодул ъоизийн". Бу шарҳ 1911 йилда Қозонда нашр этилган. Ушбу асарнинг тошбосма нусхаси Ўзбекистон республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 9320 рақами остида сақланмоқда.
3. Саййид Ҳабибуллоҳ ибн Саййид Яҳёхон Фарғоний, Қобулий "Ҳидаятут толибийн шарҳу "Саботул ожизийн Сўфи Аллоҳёр". Бу шарҳ 1928 йилда Покистонда, 2009 йилда Тошкентда нашр этилган.
4. Шайх Муҳаммад Саъийд Туркистоний "Саботул ожизийн шарҳи". Бу шарҳ Дамашқдаги "Тараққиёт" матбаасида 1967 йилда нашр этилган.
5. Тўра хўжа ибн мулла Сорий хўжа Ўзгандий "Шарҳу саботул ожизийн". Бу шарҳ араб тилида ёзилган. Ўзбек тилидаги асарни араб тилида шарҳлаганининг сабаблари ҳақида муаллиф қуйидагиларни ёзган:
فلما كان ثبات العاجزين المنسوب لشيخ الكامل سراج ملة الخليل كتابا بديعا في ايدي الطلبة متداولا وجامعا لكثير من النصائح و اللطائف المدون بأنواع اللغات من العربية الشريف والفارسية و التركية الظريف فالتمس بعض الاصحاب من هذا الضعيف ان اشرح شرحا يبين لغاته ويشرح مراده شرحت بالعربية لانها افصح البيان وبه نزل القران...
"Халил (соллаллоҳу алайҳи васаллам) миллатининг чироғи, комил шайхга нисбат берилган "Саботул ожизийн" китоби толиби илмлар қўлларида қўлма-қўл бўлган, кўплаб насиҳатлар ва латиф сўзларни ўзида жамлаган, улуғвор араб тилидаги ҳамда ёқимли тиллар бўлган форс ва туркий тиллардаги сўзлар билан битилган китоб бўлгани учун баъзи дўстлар бу заиф бандадан ушбу китобнинг тилини баён қилиб берадиган, ундан ирода қилинган маъноларини очиб берадиган шарҳ ёзишни илтимос қилдилар. Мен бу китобни араб тилида шарҳладим. Чунки араб тили баёни очиқ-ойдин бўлган ва Қуръон нозил бўлган тилдир...(қисқартириб олинди)" .
Араб тилида ёзилган ушбу шарҳнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида 1427 рақам остида сақланмоқда.
"Сўфи Аллоҳёр" номи билан ҳам машҳур бўлган "Саботул ожизийн" асари сўзларининг қисқа ва лўндалиги ҳамда кўплаб маъноларга далолат қилиши билан ажралиб туради. Устозлардан бири бу асарни "Саботул ожизийн мағзи Қуръондир", дея таърифлаган. Шунга кўра Қуръон оятларининг тафсирлари ва ҳадиси шарифларни яхши ўрганмасдан туриб бу асардаги кўзланган маъноларни тўлиқ англаб бўлмайди. Асарда аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодий қарашлари ўзбек тилида назмий услубда баён этилган. Шу сабабли далиллар келтирилмасдан улардан келиб чиққан хулосалар назмга терилган. Бу ҳақида муаллифнинг ўзи қуйидагича ёзган:
Ақийда сўзларин қилдим исбот
Анга қўйдим "Саботул - ожизийн" от.
Яъни ушбу китобда ақоид масалаларини туркий ўзбек тилида баён қилдим ва унга "Саботул ожизийн" (ожизлар матонати) деб ном қўйдим.
Асарда ақоид илмини ўрганиш зарурлиги шундай баён қилинган:
Ақийда билмаган шайтона элдур
Агар минг йил амал деб қилса елдур
Яъни зарурий ақоидни билмаган кишилар ҳар қанча ибодат қилсалар ҳам соф ақийдани билмаганлари сабабли қилган ибодатлари уларга наф бермайди.
"Саботул ожизийн" асарини мотуридия мазҳабидаги энг мўътабар матнлардан бири Нажмиддин Насафийнинг "Ақоидун Насафия" матни асосида ёзилган дейиш мумкин.
Маълумки мотуридия ва ашъария мазҳаблари орасидаги ихтилофли масалалардан бири иймоннинг зиёда ва камайиши жоиз ё жоиз эмаслиги тўғрисидаги масаладир. "Саботул ожизийн" асарида ушбу масала мотуридия таълимотига асосан шундай баён қилинган:
Яқин билгилки иймон бўлмағай кам,
Эрур бирдек, зиёда бўлмағай ҳам .
Яъни ҳеч бир шаксиз билгинки иймон зиёда ва кам бўлмайди. Ушбу қараш "Ақоиду Насафия" асаридаги қуйидаги матнга мос келади:
أَلاِيمَانُ لاَ يَزِيدُ وَلاَ يَنْقُصُ
Иймон зиёда бўлмайди, камаймайди ҳам .
Иймоннинг зиёда ва кам бўлмаслиги асардаги "Иймоннинг баёни" бобида шарҳлаб тушунтирилган:
Амал қилмоқдин аҳли истифода
Дедилар: "Нури иймондур зиёда".
Ва гар на бўлмас иймон зойиду кам
Ақида булдур, эй фарзанди одам .
Яъни аҳли илмлар амал қилиш билан иймоннинг нури зиёда бўлади, аммо иймоннинг ўзи асло зиёда ва кам бўлмайди, деганлар.
Шунингдек иймон махлуқ ё махлуқ эмаслиги тўғрисидаги масала ҳам мотуридия мазҳабига кўра баён қилинган:
Яна иймонда айди аҳли таҳқиқ:
"Худодиндур ҳидоят бирла тавфиқ".
Худонинг феъли ул махлуқ эмасдур,
Киши ҳаргиз ани махлуқ демасдур .
"Яъни иймон баҳсида моҳир бўлган муҳаққиқ олимлар айтдиларки, ҳидоят ва тавфиқ бериш – Аллоҳнинг Ўзидандир. Бу икки нарсани бандалар касб қилиб топа олмайдилар. Булар Худонинг фазлидандир. Худойи тоалонинг феъли махлуқ эмасдир. Шунинг учун тавфиқ ва ҳидоят махлуқ бўлмайди" .
Ушбу масала ҳақида Абу Шакур Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Солимий Кеший қуйидагиларни ёзган: " Мендан бир киши иймон ҳақида, яъни унинг махлуқ ёки махлуқ эмаслиги ҳақида сўради. Ундан иймон нима, деб сўрасам, у бунга" Ла илаҳа иллаллоҳ" деб жавоб берди. Бу махлуқ эмас, дедим. Ундан бошқа бир киши мендан ушбу саволни сўраганида, ундан ҳам иймон нима деб сўрадим. У тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқлаш, деди. Бу махлуқ, дедим" .
Демак мотуридия ва ашъария мазҳаблари орасидаги мазкур масаладаги фарқ иймонга икки хил таъриф берилишидан келиб чиққан ва "Саботул ожизийн" асарида бу масала мотуридия мазҳабига кўра баён қилинган.
Таквийн сифати ҳақида ҳам мотуридия ва ашъария мазҳаблари орасида ихтилофли қарашлар бор. Бу ҳақида мотуридия мазҳабидаги энг мўътабар китоблардан бири бўлган "Ақоидун Насафий"да шундай дейилган:
التَّكْوِينُ صِفَةُ اللَّهِ تَعَالَى اَزَلِيَّةٌ
Таквийн Аллоҳ таолонинг азалий сифатидир .
Ашъария мазҳабида эса "таквийн" ҳодис деб қаралган ва унинг ҳодислигига шундай далил келтирилган: "таквийн" азалий бўлганида "мукавван"нинг мавжудлиги ҳам унга азалда боғланган бўларди. Агар мукавваннинг борлиги азалда боғланганида мукавван ҳам азалда бор бўлган дейиш вожиб бўлиб қолган бўлар эди. Чунки "Таквийн" бўлгану лекин "мукавван" бўлмаган дейиш худди зарба бўлгану лекин зарба урилган нарса бўлмаган дейишга ўхшаб қолади. Бу эса муҳол нарсадир" . Шунинг учун таквийнни ҳодис деб эътиқод қилишимиз керак.
Мотуридийлар бу қарашларига шундай жавоб берганлар: Агар феълий сифатлар ҳодис бўлганида Аллоҳ таолонинг зоти азалда бу сифатлардан холи бўлиб, сўнгра улар билан сифатланган бўлар эди. Бу нарса эса У зотда ўзгариш бўлганига далолат қилиб қолади. У зотда ўзгариш бўлиши эса мумкин эмасдир. Шунинг учун "таквийн" қадимдир, у тааллуқ топадиган нарса яъни мукавван ҳодисдир, деб эътиқод қилишимиз керак, деганлар.
"Саботул ожизийн"да "таквийн" сифати борасидаги ушбу ихтилофли масала шундай баён қилинган:
Субутидур анинг саккиз сифоти
Сифоти зоти эрмас, на ғойри зоти
Ҳаёту, илму, қудрат ҳам басар, самъ,
Иродаву, калом, таквиндур, эй шамъ .
Яъни саккизта сифат субутий бўлиб, улар Аллоҳ таолонинг зотининг айни ҳам эмас, зотидан бошқа ҳам эмасдир. Кейинги байтда мазкур саккизта сифат бирма-бир саналган. Байт охирида келган "эй шамъ" сўзи "эй чироғим" яъни "эй болагинам" маъносида ишлатилган.
Мазкур саккизта сифат ҳақида Жамолиддин Аҳмад Ғазнавий Ҳанафийнинг (ваф. Ҳ 593 й.) "Усулуд дин" китобини таҳқиқ қилган доктор Умар Вафийқ Даъуқ шундай ёзган: "маъоний сифатлар қуйидагилардир: Қудрат, ирода, илм, ҳаёт, басор, самъ ва калом. Мотуридийлар таквийнни саккизинчи сифат қилиб қўшганлар" .
"Саботул ожизийн" асарида ақидавий масалалар билан биргаликда жамиятдаги бидъат хурофотлардан ҳам огоҳ бўлишга чақирилган:
Бу умматлар ажаб зишт этти ҳолин
Ёпар бидъат билан суннат жамолин.
Матнда келган "зишт" калимаси форсча сўз бўлиб, "ёмон", "беўхшов", "разил" каби маъноларни англатади. Байтнинг маъноси шуки Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматиман деб туриб турли ношаръий ишларни содир этаётганлар ва у зотнинг суннатларини бидъат пардаси билан ёпаётган кимсалар ҳам бор. Буларнинг қилмишларидан ҳазир бўлинглар.
Шунингдек асарда меҳрибон отанинг фарзандига насиҳат қилиши тимсолида турли панду насиҳатлар ҳам баён қилинган:
Яратқон Тангрига қилғил таваккул
Тамаъ қилма кишидин биргина пул.
Яъни сен доимо сени йўқдан бор қилган Зотга таваккул қилгин. Ҳеч кимдан асло таъма қилмагин.
Уруғлиғман дема, тонгла уруғ бор
Ҳисобу, номаву, вазну, сўруғ бор.
Матнда уруғ калимаси икки хил маънода, биринчиси насаб маъносида, иккинчиси зарба маъносида ишлатилган. Матннинг маъноси шуки: насл-насабинг билан мақтаниб юрма, чунки эрта қиёмат кунида уруғ яъни аламли зарбалар бор. У зарбалар олдида сенинг насабингнинг заррача қиймати йўқдир. Шундай экан насабинг билан фахрланиб юрмагинда, ҳисоб-китоб қилиниш учун, номанг ўнг тарафдан берилиши учун, амалларинг ўлчанишига савобларингни кўпайтириш учун дунёда қилган ҳар бир ишинга жавоб беришни ҳис қилган ҳолда амал қилгин.
Хулоса қилиб айтганда уч минг мисрадан ортиқ ҳажмдаги "Саботул ожизийн" асари эътиқодий масалаларни мотуридия таълимоти асосида баён қилган ҳамда одоб-ахлоқ ва турли панду насиҳатлар жамланган мўътабар манзумадир. Шунга кўра ушбу илмий мероснинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб ўқувчиларга тақдим этиш мотуридия мазҳабини яхши тушунишга ҳамда жамият тараққиётининг асосий омили бўлган иймон эътиқодли ва одоб ахлоқли шахсларни тарбиялашга хизмат қиладиган муҳим қўлланма бўлади.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.
Абдулқодир Абдур Раҳим