САБОҚ
Уйқу ўлимнинг бир бўлаги экан.
Тонг олди туш кўрдим жонсарак ётиб.
Тушда... Хожи онам...
Ёшариб кетган
Югуриб юрарди, гулларга ботиб.
Худди ўн саккизга кирган қиз мисол,
Қора қош, қора кўз, юзларида нур.
Ариқдан сут оқар оппоқ ва зилол,
Йўллар олтиндан-у, иморатлар дур.
Дарё-дарё асал, дарё-дарё май!
Минг-минг истиғнода
қушлар сайрашар.
Онамнинг биргина имосига шай,
Ҳурлар хизмат кутиб имдод пойлашар.
Ял-ял ёнар эди, Ер-у кўк, фазо
Онамнинг қошига чопмоқчи бўлдим.
Хизматига бошим қўйиб аввало,
Ҳузурида меҳр топмоқчи бўлдим.
Аммо ёпиқ эди мен борар тараф,
Кимдир: Хато ва хом ўйлайсан,- деди.
Қачонки Жаннатга бўлсанг мушарраф,
Онангнинг ёнига қўйгайман, - деди.
Бирдан оғриқ турди кўксимда зир-зир.
Бирдан тортаверди жаҳаннам қаьри.
Ўтаверди кўзим олдидан бир-бир,
Қилган гуноҳларим,
айбларим бари.
Ёлвора бошладим қодир Худога:
–“Тангрим бош кўтармай сендан сўрайман.
Кечир, мағфират эт, энди дунёда
Энг ҳалол, энг солиҳ банданг бўлгайман.
Жаннат
банда учун энг олий мақом.
Яна ҳам буюкдир, унда онам бор!
Бор тоатим ҳаққи айлагин инъом,
Жаннатингдан жой бер, эй Парвардигор!”
Сўнг...
Уйғониб кетдим.
Чопдим онамга
Кўришмоқ- Худодан марҳамат бўлди.
Ушбу гўзал онлар,
Ушбу оламда,
Худо менга берган бир жаннат бўлди.
Аммо, сабоқ олдим ўша тушимдан.
Уйқу экан ҳар тун ўлимдан хабар
Тайёргарлик кўринг,
Ҳар куни зимдан
Охиратдан умид қилсангиз агар.
Шай туринг,
Тоат-у ибодат учун!
Шай турган жаннати бўлар эканлар.
У дунёдаги бахт-у – саодат учун,
Бу дунёда тўлов тўлар эканлар.
САЛОМ!
Дуога қўл очиб, сўрайман Тангрим,
Ассалом алайкум ўнгдагиларга!
Сен буюк Ҳоқоним, буюк ҳамдардим,
Ассалом алайкум сўлдагиларга!
Сен буюк бахт бердинг, буюк тахт бердинг,
Ассалом Қуръони қўлдагиларга!
Буюк шараф бердинг, буюк аҳд бердинг!
Ассалом, исломий йўлдагиларга!
Қалбимизга бердинг иймон деган нур,
Ассалом, хуш ният ўйдагиларга.
Номинг ила нафас олиб бир умр,
Умрини тўй қилган, тўйдагиларга!
Иймон йўли гоҳ жар, гоҳо машаққат
Ассалом ҳаёти дўлдагиларга.
Жаннат истаб ғамга қилгувчи тоқат.
Ассалом, умидвор чўлдагиларга.
Ҳали тонг отмасдан, умри бўлиб шом
Минг йилларки ўтди, қанча дўст-ёрим.
Ўтганларга, аҳли иймонга салом.
Барига раҳм қил, Парвардигорим!
Фаришталар тўла фалаклар салом.
Риштангиз боғлайди бизни самога.
Теграмизда юрган малаклар салом,
Сиз, салом етказинг, арши аълога!
Салом, баҳри-дилни очгувчи Қуёш
Салом, тоғу-тошлар, чаманлар салом!
Салом, эй гуркираб юрган замондош,
Бизга Ватан бўлган масканлар салом!
Бу етти фалакнинг тинч тутиб турган
Буюк Оллоҳимнинг Қудрати салом!
Ҳар тирик жонга ризқ улашиб юрган,
Буюк Раззоғимнинг Ҳиммати Салом!
Салом, Эй Оллоҳнинг мўъжизалари
Оллоҳнинг Ҳикмати, Қисмати салом!
Ҳар кун салом деркан тонг саҳарлари,
Кўксимни тўлдирар улуғвор айём!
Мен ухлаб ётгандим ҳақир ва ночор.
Уйғотдинг жон бериб, Эй муҳтарам Зот!
Менга жон бергувчи сендай дўстим бор!
Буюкман, то сени қиларканман ёд!
Буюкман, мен сени қалбимга жойлаб,
Яшайман ҳар лаҳза Каломинг билан!
Тангрим уйғотмоғинг қандай буюк бахт
Дилимга жойлаган Саломинг билан!
* * *
Тобора қиёмат яқин келмоқда
Тобора олислар Адолат қасри
Тобора жаҳолат бизни енгмоқда.
Олислаб кетмоқда Саодат асри.
Тобора яқиндир қиёмат қойим.
Бандалар иймондан қайтар эканлар,
Ёлғон бўлар, бизнинг Ватанни доим
Келажаги буюк Ватан деганлар.
ТАНГРИ ТАРОЗИСИ
Ривоят
Бу ўтмишдан қолган ривоят асли
Аммо ундай каслар учрайди ҳар дам
Асло ўзгармаскан одамзот насли
Замонлар ўзгарар ўзгармас одам.
Бу кун у ўзгача иморат солган
Ўзгарган эрмаги, айтган ашъори...
Аммо ўзгармаган одамдан қолган
Тўрт мучаси ҳамда феъли атвори.
Хуллас, яшаганди бир сахий инсон.
Тоғлардайин мўл-кўл, унда мол дунё.
Хасадгўйлар бир кун кўтариб исён,
Арз қилдилар: – Уни ўлдир эй, Худо.
Кўкдан нидо келди: – Яшамоқ учун,
Ҳар кимнинг ўлчови вақт-соати бор.
У ҳам мангу қолмас, ўлади бир кун,
Аммо менга ёқар бир одати бор.
Кўп бўлса-да бойнинг айбу-нуқсони
Ҳар кун юз кишига беради таом.
Ажални тўсган бахт – унинг эҳсони.
Сахий бўлган сари яшар бардавом.
Ҳасадгўйлар қолди, жим ва безабон
Аммо тушунмассан кўнгил ишига.
Бойнинг хасислиги тутиб ногоҳон
Таом берар бўлди, эллик кишига!
Ҳасадгўйлар яна қилдилар арз-ҳол:
“– Дорга осмоқ керак бундай осийни.
Ортиқча бир тариқ бермоғи маҳол
Ҳисобсиз бўлсада мол-дунёсининг!”
Оллоҳ деди: – Кимнинг қанча мулки бор.
Бойликнинг мен учун қиммати йўқдир.
Улки, дунёда энг разил ва бадкор.
Гар кимнинг кўнглида ҳиммати йўқдир.
Токи эллик киши еяркан таом
Токи эллик киши экан миннатдор.
Эллик киши қилса дуои салом.
Яшамоққа бойнинг ҳали ҳаққи бор.”
Ҳасадгўйлар қўлда маломат тоши
Бало-қазолардан этсада огоҳ
Ҳиммат кўрсатмоққа етмай бардоши,
Сахий ўз-ўзига қазийверди чоҳ!
“– Бойликни ҳавога совирмоқ нечун,
Эллик текинтамоқ керакмас, деди.
Бойлигим янада ошмоғи учун,
Битта одам қолса, менга бас”, деди.
Ҳасадгўйлар яна кўкка ёлворди:
“– Бу касни сийлайсан саодат билан.
Унга чексиз молу-давлат юбординг,
Умри ўтаётир фароғат билан.
Айт, Оллоҳ бизларда нима гуноҳ бор.
Ё бизни назарга илмасмидинг сен
У ҳам бизнинг каби ўғри ва бадкор,
Қинғир ишларини билмасмидинг сен!”
Оллоҳ деди: – Барча қилмишинг аён.
Ризқ – мендан. Ҳаммани тўйдираман – деди.
Қолган бир одамдан юз бургани он,
Минг бор ёлворса ҳам ўлдираман, - деди.
Бу ҳолдан бехабар нотовон одам.
Бир коса таомни қизғанган маҳал.
Қашшоқ кўкка қараб, “оҳ” унгани дам.
Узди бойнинг шакар томирин Ажал.
Бу воқеа ҳаётда бўлганми ё йўқ.
Эшитганлар асло бўлманг норози.
Оллоҳ – чевар, кимки қилса нима иш.
Ўлчаш учун қўйиб қўйган тарози.
Бу тарози балки кўринмас сизга
Қани кўрсат дея ёқамдан олманг
Бахт истар бўлсангиз ўз-ўзингизга,
Бировга яхшилик қилмоқдан толманг.
Кўкка боқманг ерга назар қилмасдан
Рози қилинг, сиздан норозиларни
Бузиб қўйманг бир кун билиб билмасдан
Оллоҳ қўйиб қўйган тарозиларни.
Сир-синоат кўпдир, бўлингиз огоҳ.
Бу – Оллоҳ синови бўлиши мумкин.
Бир коса таомни сиз қизғонган чоғ,
Жонингизни олиб қўйиши мумкин!
***
Умр – вақтдан иборат.
Вақтни сарфлама бекор.
Ҳар кун, ҳар он, ҳар соат
Ичида ҳаётинг бор.
Қурмоқни мақсад қилсанг
Гар мангулик иморат
Қуражаксан, интилсанг
Ҳар кун, ҳар он, ҳар соат.
Кутиб турган бўлса ҳам
Келажакда саодат.
Ҳозирдан ташла қадам,
Ҳар кун, ҳар он, ҳар соат.
Бўлмоқ истасанг ҳоқон
Тожу-тахтдир – ибодат.
Оллоҳ учун тиккин жон,
Ҳар кун, ҳар он, ҳар соат.
***
Худо билан дўстлашсанг,
Сен ҳам буюк бўлгайсан.
Икки дунёинг обод,
Бахт шавқига тўлгайсан!
Худо билан дўстлашсанг,
Охиратни ўйлайсан.
Ҳаёт жанггоҳи аро,
Ғолиб бўлиб ўтгайсан!
Худо билан дўстлашсанг,
Ўз-ўзингни қўллайсан.
Ўзини Худо билган,
Гадолардан қўрқмайсан!
Худо билан дўстлашсанг,
Ерда ҳамки кўкдасан,
Доим нурафшон бўлган,
Оппоқ ойдин йўлдасан!
* * *
Мўминлар жисми бир, ҳамжон эрурлар
Меҳру-муҳаббатда ҳамқон эрурлар.
Бу танда мабодо бир дард қўзиса
Қолган аъзои тан дармон эрурлар.
ЭНГ АВВАЛО
Золим чангалида қуш каби
Типирчилаб тўлғонса замон.
Дош беролмай шоирнинг қалби,
Энг аввало тўлайди товон.
Чархпалакдай айланар тинмай,
Саодат ё жаҳолат асри.
Маъсуд йиллар ўтар билинмай,
Разолатнинг уради касри.
Мушт урганда подшоҳ дарғазаб,
Кўзларидан сачраганда қон.
Минглаб одам ичидан ажраб,
Аввал Машраб берган эди жон.
Қонхўр Сталиннинг даҳшати,
Юртда қирғин этганда содир.
Энг аввало келиб навбати,
Қурбон бўлди қанчалар шоир.
Чунки шоир кўксида ҳар дам.
Қабоҳатга қарши исён бор.
Ҳеч кимга қўл кўтармаса ҳам,
Сўзи қилар бор сирни ошкор!
Ҳамон бу ҳол этмоқда давом,
Тўхтамаган азалий тақдир.
Золим шохлар қилар қатли ом,
Шоир зоти қон қусаётир.
Омон қолган баъзилар аммо.
Таъбири бор бу машъум сирнинг
Соғ юрганлар Навоийнинг ё,
Зоти эмас Усмон Носирнинг.
Бир лаҳза ҳам улар тўхтамай,
Замонга мос тебратар қалам.
Кун ўтмай, ой ўтмай, йил ўтмай
Улар билан ўлар асарлари ҳам.
О Тангрим, боқийсан сен фақат!
Сен фақат абадий яшарсан.
Фақат сенга бўлсин муҳаббат,
Фақат сен мангулик Акбарсан!
Сенга бўлсин барча ашъорим!
Мадҳ айтсин юрак ҳар урганда.
Сен – шарафим, сен – ифтихорим,
Сенинг билан бўлай токи жон танда!
Агар яна эврилса давр,
Сендан яна юз бурса султон
Сен деганлар тортсалар жабр,
Сендан кечган қолса соғ-омон!
Золим қон сачратса дарғазаб,
Даврон сурса яна осийлар!
–Тангрим! Мени қолмагин асраб,
Дорга энг аввало оссинлар!
* * *
Эшитдим, бир хайвон қиёмат олди
Чиқармиш, сўзлармиш инсонга ўхшаб.
О, Тангрим дунё не кунларга қолди,
Одамлар сўзлашар ҳайвонга ўхшаб.
Ҳайвон сўзлаган кун Ерга уриб бош,
Шавқат сўрар экан, аҳли мусулмон.
Мағфират уйғотса агарки кўз ёш,
Қолар экан барча бандалар омон.
Худойим бир хайвон сўзлагани дам,
Жон сўраб ёлворса бор аҳли башар.
Ҳайвон каби сўзлаб турса гар одам.
Бунинг ҳам жазоси бордир муқаррар.
Тангрим, ўзинг доим бизга меҳрибон
Қанча гуноҳ қилсак ўчирасан сен.
Қиёмат бўлар гар сўзласа ҳайвон,
Ҳайвондек сўзлашсак... кечирасан сен.
***
Ажиб сайлгоҳдан қайтган сингари
Севги чаманидан қайтаяпман шод.
Биламан қачондир тугайди бари,
Яна исканжага олади ҳаёт!
Яна ҳаётнинг кўп таҳликалари,
Йиқитаверади чалиб оёқдан.
Жонинг маҳбус каби кетолмас нари,
Турмуш ташвишлари деган қамоқдан.
***
Орзу, бизга ҳаёт бағишлар ҳар дам.
Умидсизликдадир барча иллатлар.
Умидсиз қолса гар, нафақат одам,
Ҳалок бўлар ҳатто буюк миллатлар!
* * *
Бизни тақиб этар хаста яшамоқ.
Эрксизлик тўсади гоҳ йўлимизни.
Аммо ижод ичра кўтариб байроқ,
Биз енгиб борамиз ўлимимизни!
* * *
Ҳар тонг вужудимни қамрайди ҳайрат
Шукрона айтаман ҳар тонг Ўзига.
Борлигим дунёда қандай буюк бахт,
Тириклигим қандай буюк мўъжиза!
* * *
Деразам ортида ҳар тонг, ҳар сахар
Ҳали уйқу ичра ётганда шаҳар
Энг ширин пайтлар
қушлар сайрар
Энг гўзал байтлар, наволар янграр!
Бу ғамза, бу ишва, бу авж, тарона
Бу нола, бу чаҳ – чаҳ, бу шодиёна
Бу оҳанг, бу жаранг, бу ноз мастона
Бу сеҳр, бу садо, соз байрамона.
Ё Оллоҳ, қушларнинг сайраганлари
Шаънингга достондай туюлар бари!
Не – не шаҳар, не – не Ватан оралаб
Не – не диёр, не – не чаман оралаб
Не – не ўлкалар-у, маскан оралаб
Не – не қитъа, сарҳад ичра саралаб
Биламан шамолдай шошиб елгандир
Узоқ – узоқдан йўл босиб келгандир
Бироз ҳоригандир, бироз толгандир
Талпиниб келгандир, топиб келгандир!
Ё Оллоҳ, қушларнинг сайраганлари
Шаънингга достондай туюлар бари!
Деразам ортида ҳар тонг, ҳар сахар
Ҳали уйқу ичра ётганда шаҳар...
ДЎРМОНДА
Ҳилпирайди терак барглари
Қўшиғидан ором олар жон.
Тўлганида юрак дардлари
Яна келдим, жонажон Дўрмон.
Катта-кичик юлдузлар балқиб,
Нур сочгандек осмон тоқида.
Туни бўйи қаламкаш халқи,
Тер тўкади ижод боғида.
Кимдир ёзар халқ дарди учун
Кимдир ўз кўнглини ёзади.
Кимдир қолар тарихда бугун,
Кимдир ўзига гўр қазади.
Кимдир бугун битса гар баёт
Балки қўшиқ бўлар эл аро.
Кимдир бугун шеър ёзиб, хайҳот
Ўз бошига орттирар бало.
Ижод саҳни осмон қадарда,
Ҳар ким ўз ризқини теради.
Қилмишига каби Маҳшарда,
Ёзганига жавоб беради.
Оппоқ қоғоз узра эгиб бош.
Ёзмоқдаман мен ҳам дил дардим.
Иймонимни айлагин йўлдош,
Адаштирма йўлингдан Тангрим.
Шеърларимга эргашиб кимдир,
Хато қилар балки мен сабаб.
Тангрим, Ўзинг ишонганимдир,
Истамайман ёзмоқни алдаб.
Аҳли қалам Дўрмон боғида
Битаётир шеър ёки достон.
Кимдир куйган севги доғида,
Ким эл қалбини этмоқда баён.
Мен ҳам келдим, менгача ҳам то
Келиб кетди қанча инсонлар.
Ким мангулик шон топди, аммо
Кимлар сўлди аллақачонлар.
Умидим шу, тутиб оламни
Зўр асарлар ёзилаверсин!
Оллоҳ қўллаб аҳли қаламни,
Файз-барака ёғилаверсин!
МОЛДОШЛАР ВА ЖОНДОШЛАР
Кенг ўтлоқда ўйинлари ярашиб,
Ирғишлаб бир-бирин, қучар кучуклар.
Суяк ташланса гар, ўлжа талашиб,
Бир-бирин ғажишга тушар кучуклар.
Менинг ҳам кўп умрим тўдада ўтди.
Гуруҳ ё жамоа дейилар бизда.
Дўстлик, улфатчилик бузилиб кетди.
Фойдани бўлолмай қолганимизда.
Биз ҳам қучоқлашиб кўришар эдик,
Қизғин айтар эдик, тилак сўзларин.
Мол-мулкни теппа-тенг бўлишар эдик,
Ҳамтовоқ дўст эди, ошно дўстларим.
Аёндир, ҳар одам, ҳар кун ҳар фурсат
Бу дунёга эга бўлмоқ истайди.
Бўйсинмоғи учун
мансаб, шон - шуҳрат
Ўзига тўда ё
гуруҳ излайди.
Бари ўтди, ҳавога соврилди йиллар,
Кўп кўрдим сотгану- сотилганларни.
Зориққан, синиққан юрагим излар
Худони ўзига дўст билганларни.
Алдамайди улар, ё сотиб кетмас,
Ғамни, шодликни тенг кўради баҳам.
Мендан ё ўзидан қўрққандан эмас,
Кўриб тургани–чун, хабардор Хакам.
Гар ўлжа ташланса, баднафс одамга,
Етмас бу дунёнинг хазиналари.
Ахир биз ҳайвонмас, инсонмиз, ҳамда
—Худонинг ердаги халифалари.
Худо буюргани инсонга қонун
Барча бўйсунганлар, қондош дўстларим.
Ошно бўлмас, улар ошу–нон учун.
Иймон учун дўст бўлар, жондош дўстларим.
Яшаш осон. Аммо ҳар ким ҳам ўлар,
Ва қайта тирилар, Еру–кўк тўлиб,
Молу–дунё учун дўст бўлган дўстлар
Уйғонар бир–бирин душмани бўлиб.
Гўё, кўкда ўйинлари ярашиб,
Ирғишлаб бир-бирин, қучган кучуклар.
Суяк ташланганда, ўлжа талашиб,
Бир-бирин ғажишга тушган кучуклар.
* * *
– “Одамга бўйсун” – деб буюрди Раҳмон.
Шайтон кибр билан: - Йўқ, асло! – деди.
Мен, оловдан бўлсам лойдандир, инсон.
Жинлар насли инсдан пок, аъло! – деди.
Илм берган Оллоҳ шунда инсонга
Айттирди не жисм бўлса номма-ном.
Билими йўқ иблис келди исёнга.
Жаннатдан қувилди Ерга батамом.
Ҳар нени ўз номи билан атамоқ,
Инсонларнинг буюк шарафи экан.
Шундан Оллоҳ илми ила яшамоқ,
Шайтонлардан устун тарафи экан.
Аммоки орадан ўтди кўп йиллар,
Унутгандай бўлди номларни одам
Шуурлар сустлашди, кирланди диллар,
Иблис адаштириб юрди дамодам.
Гоҳида тўпланиб майдонга чиқиб,
“Ҳақиқат” – қани? деб, инграр оломон.
Тўда-тўда, тўп-тўп, тун-кун қичқириб,
Ҳамма ҳақиқатни тополмай ҳайрон.
Ҳар эл эркинли-гу, озодлик истар,
Бугунги кунидан кўнгли тўлмайди.
Ҳурриятни ҳар ким ўзича излар,
Ҳурриятнинг номи битта бўлсайди.
Ҳар ким ўзиникин билади тўғри
Ўз сўзи, фойдаси, ўз ғояси бор.
Ўз ишин тўғри деб қилади ўғри
Тўғрини тўғри деб билмайди зинҳор.
Ҳаёт гоҳ инсоний, гоҳо ҳайвоний
Одамга қул бўлди, эътиқод, иймон.
Насронийнинг кўзин ўяр насроний,
Мусулмонга найза санчар мусулмон.
Ёнимизда турган инсон ўзи ким?
Билмасмиз, дўстми у ва ёки душман.
Билолмай дунёни гоҳ қоламиз жим.
Билмасмиз юракда недир жўш урган?!
Кумуш ва Зайнабни фарқламоқ учун
Фарқлаш учун шаҳват ва муҳаббатни
Кўксини тозалаб, қайтадан бугун
Тарбиялаш керак инсониятни.
Билимдир – инсоннинг бошидаги тож.
Билим йўқотди ўз салтанатини.
Подшоҳлар, қулдорлар қилдилар тарож
Олим уламолар мамлакатини.
Қулбачча сингари илму – маърифат,
Қайсидир фосиқнинг хизматидадир.
Шармини йўқотиб қўйган шариат,
Шавқатсиз касларнинг хислатидадир.
Кимдир кетиб борар беташвиш, беғам
Кўзига қўнгандир – ҳаётнинг шоми.
Энг сўнгги кунлари келган бўлса ҳам,
Билмас бу дунёнинг нимадир номи?!
Қачондир ҳар нени ўз номи билан,
Инсон берган эди бирма-бир айтиб
У номлар ўчдими хотирасидан,
Бўлурми у улуғ кунларга қайтиб.
Номларни айтолмай шайтон эди лол.
Устун эди ундан инсон фикрати.
Унутиб турибди букун у беҳол,
Бошига тушгандир иблис қисмати?!
Иблис хайқирганди ўша замонлар
Инсон иллатларин аввалдан пайқаб:
Инсондир – бузғунчи, тўккувчи қонлар,
Хоким қилма уни заминга ё, Раб!
Қайдадир талъатинг мукаррам инсон,
Ердаги паймонанг наҳот тўлгандир.
Чалинмоғи керак сур аллақачон.
Қиёмат соати наҳот бўлгандир?!
Наҳот вақт тугаган, тирикмиз наҳот
Фақат Яратганнинг раҳмати сабаб.
Наҳот вақт тугаган турибмиз наҳот,
Фақат Яратганнинг шавқати сабаб.
Тангрим, ҳимматингни чеки йўқ асло,
Сен мангу меҳрибон, Холиқ экансан.
Ҳар нени ўз номин айтмоққа расо,
Бизларга Қуръонни тортиқ этгансан.
Қуръон бизга ёруғ юлдуз эканда.
Яхшини фарқламоқ учун ёмондан
Қуръон – йўлчи юлдуз, ҳеч бўлмаганда
Авзал бўлмоғимиз учун шайтондан.
ОТА ДУОСИ
Кўзларимнинг гавҳарисан,
Юрагимнинг жавҳарисан,
Авайлаган асраганим,
Умримнинг шоҳ байтларисан
Она қизим, она қизим.
Ўз уйингда гул ўстириш хизмат экан,
Ўзга уйга кўрк бўлгувчи зийнат экан,
Титрамоқда юрагимнинг томирлари,
Кўчиш бахти қиз болага қисмат экан.
Дурим десам зебодурсан дурдан аъло,
Нурим десам зиёдурсан нурдан аъло
Худойимнинг китобига ошнодурсан,
Ҳурим десам одобинг бор, ҳурдан аъло.
Бугун тўйинг наво тўлсин тўйхонангга,
Малика бўл борган олтин кошонангга,
Тангрим ўзи қутлуғ никоҳ аҳди билан,
Бир умрлик муҳр босмиш пешонангга.
Жон узилди, шодон юрсанг шифо топгум,
Ўзга уйда ўйнаб кулсанг даво топгум,
Соғ-саломат қўша-қариб бахтли бўлсанг,
Нафас олмоқ учун танга ҳаво топгум.
Эй ёронлар, икки ёшни дуо қилинг!
Бир-бирига кўзу қошни дуо қилинг!
Тақдир экан учрашибди Ой-у Қуёш,
Қовушган бу икки бошни дуо қилинг.
ПАНОҲ
Кеча мени олишди ишдан
Бунга афсус қилмайман асло
Ғолиб чиқди гўёки душман
Назаримга илмайман, аммо...
Ҳеч кимсага
қаролмайман тик,
Юзим шувут,
синди иродам,
Ўлдирмаскан одамни очлик,
Ор-номусдан
ўларкан одам.
Юрагимнинг
сизмоқда қони,
Беркинаман жон сақлаш учун.
Мени ютар
қайғу зиндони
Афтодаман,
Абгор ва тушкун.
Ёқмай қолдим катта
бошлиққа,
Зулм қилган эди
рақибим,
Юрак тўлганида оғриққа,
Хато қилдим айтиб ҳақлигим.
Гоҳ эркинлик истаган онда,
Қўрқув билмай қоларкан одам.
Алам ўтиб кетганда жондан
Хато қилдим мен атайдан ҳам.
Ишдан кетган битта
мен эмас. —
Кўнгил тоза бўлса,
бас экан. —
Эл, қора қалб касни кечирмас,
Ҳақдан кетган чиқаркан элдан.
Юзим ёруғ,
элнинг олдида.
Унга асло отмаганман тош.
Кеча мағрур эдим
пойида,
Бугун музтар ургандирман бош.
Кеча эдим
ардоғидаман
Менга омад ёрлиги учун.
Бугун кўзин қароғидаман,
Хокисор ва хорлигим учун.
... Энди Оллоҳ корхонасида
Садоқатли бандаман, ишчан.
Энди ул Зот раҳнамосида,
Енга олмас
бирорта душман.
Ризқ бергувчи, асрагувчи соғ
Ҳар онимдан олгувчи хабар.
Одил ҳакам, энг қудратли шоҳ,
Кенг оламга энг олий Раҳбар.
Эй, улуғ зот
бўл менга нажот!
Қаршингдаман,
итоатдаман!
Корхонангдан,
жой бер умрбод
Амрингдаман,
Ибодатдаман!
* * *
Ҳаёт нима, тонгда турсам эрмак экан,
Уйғонмасам, ўтиб кетган эртак экан.
Бунча қисқа дея кўкка ёлвордим мен,
Фойдаси йўқ, бақирмаслик керак экан.
Тўхтамайди, тақдир деган тўхтамайди,
Бугунги кун кечагига ўхшамайди.
Қумсоатда тугаб борар кунлар, аммо
Яшамоққа муҳаббат ҳеч тугамайди.
Нима кўрдим? Нима топдим? Недан шодман?
Ким учун ва нима учун яшаяпман?
Она халқим мен меҳрингни кўрдим не бахт,
Шу ифтихор кўзларимни ёшлаётган!
Умр йўли, гоҳида чоҳ, гоҳида жар
Гоҳ йиқилиб не қиларим билмасам гар,
Йиқилсам ҳам юз бор такрор, такрор, такрор,
Сенинг меҳринг қаддим ростлар, олға бошлар.
Сен бўлмасанг заҳар ичар эди кўнглим.
Сен борсангки, ўз умримдан рози бўлдим.
Кунгабоқар қуёшга зор боққан каби
Баҳра олдим, дармон олдим, кучга тўлдим.
Сен Бобурсан, Амир Темур, Навоийсан
Зафар дарсин ўргатгувчи ғозий – сенсан.
Қадди баланд, қадри баланд, мард, забардаст
Ҳақ йўлида, шеър илмида доҳий – сенсан.
Мен-чи на бир ишда донгдор, на қаҳрамон
На тош йўндим, на чўлларни этдим бўстон
Аммо халқим, бошим узра меҳринг тафтин
Сезиб турдим ҳар лаҳзада ва ҳар қачон.
Кетар бўлсам қилмагайман ҳеч бир даъво!
Тақдирга тан бермасликдан нима маъно?!
Муҳаббатинг шаробидан сармаст мамнун,
Қўл силкийман сендан рози, сенга шайдо !
Аммо ҳаёт ҳали давом этаётир,
Яшаш учун меҳринг, қудрат бераётир.
Даъват қилиб, тиргак бўлиб, таянч бўлиб,
“Буюк ишлар қилмоқ керак” деяётир.
Она халқим! Қўлимдан тут, мен тайёрман!
Олам узра меҳрингни соч, мададкорман!
Сенинг учун ўлмоқ балки жоиз эмас,
Сенинг учун яшаганлар ичра борман!
ХУДОФУРУШЛАР
Мен учун бу ҳолни лозимдир эслаш,
Шайтоният юз йил қилди хуружлар.
Аммо Ислом келгач топмоқдан эмас,
Сотмоқдан суюнди худофурушлар.
Иймон қуёшидан нурланди олам,
Аммо қайга борса ҳақ бандалари
Йўлга чиқар каззоб худофуруш ҳам
Кушхонага чопган сарка сингари.
Худони дўст билиб топинганларга,
Ҳеч ким қилмас энди очиқ урушлар.
Ҳамроҳ ниқобини ёпинарларда,
Чоҳга бошлар баттол Худофурушлар.
Худосизлар насли кўпайган эди.
Маймуннинг ортига беркинган каслар.
Художўйман дея хўмраяр энди,
Худофуруш бўлиб олган нокаслар.
Масжидга боради, борса агарда,
Оллоҳ уйида ҳам у маккор, душман.
Бирор бир бечора тушса назарга
Ҳайдамоқ бўлади ўқишдан, ишдан.
Эй, Худо каммиди, шайтон исёни
Ақлдан оздирмоқ, йўлда алдамоқ
Улар-чи, суғуриб олади жонни,
Қолар, тирик мурда бўлиб яшамоқ.
Уларнинг олдида содда эканлар,
Шайтонга дарс берар – дунёфурушлар
Миллатларни қирар,элни енгарлар,
Дунёни хор этар – худофурушлар.
Тасбеҳ ўгирар-у, аммо аслида
Маймун оғушини соғиниб турар.
Бузуқ ирсият бор улар наслида
Исломни тугатмоқ қасдида юрар.
Худонинг измида экан еру – кўк,
Юлдуз ҳамда қуёш,
кеча ва кундуз.
Эртанги кунимдан мағрур кўнглим тўқ,
Худодан ҳеч кимса ўгирмайди юз.
Халқим, қайдан билсин етмиш йил ичра
Эгасиз ташландиқ, руҳсиз, бадбуруш,
Юракларинг қуриб, тубсиз чоҳ узра,
Бугунни кутганинг, бу худофуруш!
Тарих саҳнасида юрган суворий
Ҳаёт гулшанига сочгувчи ривож
Қўлда байроқ билан имом Бухорий
Бошимизда мангу ярқираган тож.
Ер шари айланар, Қуёш зарлари
Тушган он, ҳар юртда айтилар азон.
Миллион-миллион зот саждалари
Бир лаҳза тўхтамас минг йилдан буён.
Ишончим, жамийки Худофуруш кас
Худонинг қўлида ўйинчоқ холос.
Ичидаги иллат, адоват, мараз
Худо амри билан бир кун бўлгай фош.
Худо деб, қўлимда тугулар муштлар.
Худо деб, курашиб толмасман бугун.
Бир кун йўқолади Худофурушлар.
Худо бизни қўллаб тургани учун.
ҚАНИЙДИ
Айбим кўп ўзимга ёқмаган,
Аммо бир орзу бор жон танда.
Қанийди Қуръонни ёдлаган
Бир банда бўлсайдим, бир банда!
Эй Тангрим! Юрак бер, бир юрак
Шайтоннинг макрига учмай мен.
Эътиқодни бутлашим керак,
Жаҳаннам қаърига тушмай мен!
Гирдоб аро хас каби ночор.
Ўчиб кетмай беному-нишон.
Нур бергин, бўлайин яловдор,
Бўлайин ҳақиқий мусулмон!
Зеро, лаънатланган Ер аро,
Одамзотга қисмат яшамоқ.
Яратганни унутмоқ – жазо,
Бахтдир - жонни нисор айламоқ!
Ажал не, тақдир не билмасман.
Ҳеч нега етмайди ақлим ҳам.
Қуръон - сен ақлим бўл, йўл оч сен
Қуръон - сен қалбим бўл, бер ёрдам!
Орзудир бу айтган гапларим,
Чиқдим истак чегарасидан.
Зероки, Навоий ҳамдардим
Ва Бухорий неварасиман!
Жаҳолатда ётган оламга,
Раҳмат нурин сочгайдир – Қуръон!
Разолатга ботган одамга –
Саодатни очгайдир – Қуръон!
Бу сўзимдан юз бурманг эй, зот!
Дилни покланг, шак гумонлардан.
Ҳеч ёмонлик кўрмайсиз, хайҳот
Сиз ҳақиқий мусулмонлардан.
Эй, рус, япон, испан, инглизлар!
Яратгандан ёғилиб инъом,
Шояд битса пешонангизга,
Аҳли ислом деган улуғ ном!
Яралганмиз одам Отадан,
Ота – бир, она – бир, Худо – бир!
Битта Ер, бир – осмон, бир – Ватан
Инсон деган қисмат – биттадир!
Ҳар миллат безар бу оламни.
Барча элни ҳурмат қиламан.
Аммо мен мусулмон одамни
Ҳақиқий инсон деб биламан.
Катта кетмоқ рости гап нечун,
Керолмайман ўзим ҳам кўкрак.
Чин мусулмон бўлмоғим учун,
Қуръонни ёд олмоғим керак.
Ҳар бандага ўзинг қил карам,
Меҳринг билан сийлагин доим.
Ҳимматингни аяма ҳар дам,
Орзуимга етқаз Худойим!
Айбим кўп, ўзимга ёқмаган
Аммо бир истак бор жон танда.
Қанийди Қуръонни ёдлаган
Бир банда бўлсайдим, бир банда!
ҚУЁШИМ – ОНАМ!
Сиз томон кетяпман. Йўлдаман, она!
Йўлнинг хаёл каби йўқдай адоғи.
Эслайсизми, доим сизга парвона,
Югуриб юрардим болалик чоғи.
Қовун экан эдик, кўклам далага
Ҳолдан тояр эдим, кун қизиган дам.
Ўзимни панага олган паллада,
Кетмон урардингиз менинг учун ҳам.
Сиз кучли эдингиз. Терингиз қотиб,
Бери келмасдингиз қорайса ҳам шом.
Яна тонг саҳардан бизни уйғотиб,
Этардингиз қора меҳнатни давом.
Бу ҳол такрорланди гўё бир умр.
Гўё соянгизда қолгандайман мен.
Сиз азоб чекдингиз, мен кўрдим ҳузур
Сизнинг роҳатни ҳам олгандайман мен.
Ўқидим, уйландим. Шаҳарда қолдим.
Йўлларимда тўлаб юрдингиз товон.
Сизга ташвиш бўлдим, ошу-нон олдим,
Юбора олмадим сизга тўртта нон.
Гоҳо хотинимга урардингиз дўқ
Менга гап қайтариб адашганда ҳам.
Мени ҳақ дердингиз, мендан кўнгил тўқ
Хатом учун ишдан ҳайдашганда ҳам.
Гоҳо хасталик, гоҳ рўзғор деган ғор
Ҳолимни танг қилиб, ғамга соларди.
Малҳам дори каби мунис, хокисор
Нафақа пулингиз келиб қоларди.
Сиз учун доим мен эрка, арзанда
Қаро иш қилсам ҳам, доимо оқман.
Она, мен дунёда энг разил банда
Онанинг кимлигин билмас гумроҳман?!
Дунё бир тараф-у, ўзим бир тараф
Қолганда умримдан йўқолиб қувонч
Менинг ғамга ботган кўзимга қараб
Бўлардинг сўнгги умид ва ишонч.
Кексайган, бир бурда жуссангиз билан
Бошимда қудратли посбонсиз, посбон.
Не-не балони даф этиб устимдан,
Буюк қаҳрамонсиз, заиф, чалажон.
Сиз томон кетяпман, кетяпман она
Эшитдим тобингиз қочибди бироз.
Доимгидай шошиб, чопиб, қувона
Чиқаолмаскансиз, йўлимга пешвоз.
Онажон, дардингиз олайин ўзим.
Жоним онам туринг, ётманг хастаҳол.
Жоним онам туринг, қувонсин кўзим.
Олам саҳнасида юринг бемалол.
Туринг, қудратингиз кўрайин она
Сизсиз, жоним ярим, бутун ҳаёт йўқ.
Дунёда энг кучли зот эрур она
Дунёда онадан қудратли зот йўқ.
Кетяпман, йўлдаман, шошманг онажон!
Ичимдан келади гулдирак овоз:
– Онам хаста эмас, онам соғ-омон
Ҳозир у қаршимдан чиқади пешвоз.
Йўқ-йўқ бўлмас ҳали қиёмат қойим,
Қуёш сўниб кўкни қопламас тўзон,
Ой-у юлдузларни каби Худойим,
Сен онамни мангу асра Художон!
Муҳаммад ИСМОИЛ