Ҳумоюн Мирзонинг туркийдаги девони

Мазкур мавзуда фикр билдириш учун, аввало тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг асарида Ҳумоюн ҳақида келтирилган таърифга мурожаат этган маъқул. Чунки ҳар бир шоирнинг асари, албатта, ёки бу даражада унинг шахсияти  - феъл-атвори-ю инсони фазилатларини ўзида акс эттирувчи ойна ҳамдир.

“Тарихи Рашидий”да: “ Мен бу зотга ўхшаш туғма қобилият в саҳоват соҳибини кам учратганман. Бироқ у ўз қўл остида хизма қилган Мавлоно Муҳаммад Фарғоний ва шу каби кишилар билан тез-тез учрашиб, улардан баъзи номуносиб одатларни ҳам ўрганди. Лекин у шунга қарамай ажойиб хислатларга бой, очиққўл, мард ва моҳир саркарда бўлиб, тантана ва дабдабаларга кўнгли мойил ҳокими мутлак эди” - дейилади.

Чунончи, бошқа бир ҳинд манбасида келтирилишича, Ҳумоюн илм-фанни қадрловчи ва айниқса адабиётни севгувчи киши бўлган. У ҳатто ер ва коинотга доир илмлар билан қизиқиб, расадхона қуриш ишлари билан ҳам шуғулланганлиги айтилади.

Шоир сифатида эса, адабий фаодияти тазкиралар орқали етиб келган шеърий намуналардан аён. У туркий ва форсийда баробар чуқур эҳтирос ва нозик дид билан қалам тебратган.

Адабиётшунослар унинг туркийдаги ижоди ва девон тузганлиги хусусида фикрлар билдирганлар. Масалан, ҳинд олими М.А.Ғани


«Ҳумоюннинг туркийни у қадар назар-писанд қилмаганлиги туфайли тил адабий давраларда тезда ўрнини йўқота бошлаган”лигини доир девонида бирорта ҳам туркий мисра учрамаслиги билан таъкидлайди.

Ваҳоланки, ижодкорнинг ўз она тилига “беписанд” муносабати ҳақидаги фикр муглақо асоссиз бўлиб, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” тазкирасида: “Бу туркий матлаъ ҳам подшоҳнинг олий мақолотидандур:

Менки булбуддек гуледин куймишам оҳанг ила,
Ўт солибтур жонима рухсорае гулранг ила.

Унинг бадииятида Бобур руҳини сезиш қийин эмас. Зеро, отаси насиҳат этганидек: “...равшан ва пок алфоз била”, “сўзнинг яхшиси -қисқаси ва далиллисидур” асосида шеър битганлигини, юқорида зикр этилган матлаъ мазмунида кўриш мумкин. Сабаб адиб бор-йўғи бир байтнинг ўзида наср йўли билан ҳатго бир-неча сатрга сиғдириш нушкул бўлган кичик, лекин тугал маъноли “ҳикоя” баёнини жойлашга муваффақ бўлган.

Содиқ Китобдорнинг “Мажмаъ ул-ҳаввас” номли тазкирасида Ҳумоюннинг қуйидаги рубоийси ўз даврида ниҳоятда кенг тарқалиб машҳур бўлганлиги таъкидланади.

Ёариблиғ ғамидин меҳнату малолим бор,
Бу ғамдин ўлмакка етдум ғариб ҳолим бор.
Висоли давлатдин айрилубмен маҳзун,
Тирикмен ва бу тирикликдин инфиолим бор.

Тазкира муаллифнинг маълумотидан шундай савол пайдо бўладики, “бу тўрт мисра нима сабабдан ёки қай жиҳати билан ўз даврида шуҳрат топган экан?” ва ҳ.к. Бизнингча, ушбу тўртлик мазмунини обдон тагига етиб, сўнг ёзилишига эътибор қилиш лозим. Рубоий шоир-ҳукмдорнинг қувғунлик. йиллари ғарибликда тортган азоб-уқубатларининг поэтик аксидир. Қолаверса, Навоий ва Бобурнинг “ғариблик ғурбати” мавзуидаги рубоийларига яқин Ҳамоҳанглик сезилиб туради. Тўғри, ҳали бу ижодкорнинг туркий шеъриятдаги иқтидори юзасидан тўлақонли фикр юртиш учун манбалар етарли эмас. Лекин шоирнинг мазкур рубоийда қўлланилган оригинал бир ифода услубининг ўз ўрнида ишлатила билингани - “ўлмакка етган ғариблик ҳолидан инфиолим борлиги”, яъни шу аҳвода “тириклигидан ҳижолат чекаётганганлиги” каби инкор этиб бўлмас бадиий воситанинг ўзи Ҳумоюннинг туркийда Девон тузишга иқтидори ета оладиган шоир бўлганидан далолатдир. Бу девонни излаб топишга умид туғдиради.
Шуни таъкидлаш керакки, ҳинд қўлёзма ганжиналари туркий тилдаги манбалар хусусида, таъбир жоиз бўлса, ҳамон бамисоли кўзи очилмаган бир булоқдир. Зотан, Ҳиндистонда Буюк Бобурийлар давлатининг барпо бўлиши арафаси ва ундан муқаддам даврларга мансуб туркий қўлёзма асарлар рўйхати йилдан-йилга кенгайиб, уни то XIX асрнинг бошларига қадар етиб келганлиги фактдир. Бу тахлит янги тавсифлар адади ошиб бормоқда. Бинобарин, девон ва баёзлар қаторида бу диёрда туркий тилни ўрганиш учун тузилган туркий форсий ва форсий-туркий луғатларнинг мажмуи топилганлиги ҳам шулар жумласидандир.

Нажмиддин Низомиддинов