Чўлпоннинг “Аризанома”си ва унинг матни хусусида

Янги ўзбек адабиётининг асосчиларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (1897-1938) адабий меросини тўплаш ва нашр этиш борасида сўнгги ўн йиллиқда кўпгина хайрли ишлар амалга оширилди. Бироқ ҳанузгача шоир ижодий меросининг хажми тўласича аниқлангани йўқ. Бунинг сабаби, биринчидан, қатағонга учраган улуғ адиб асарлари қўлёзма нусхаларининг Шўро идоралари томонидан йўқ этиб ташланганида; иккинчидан, Чўлпоннинг тириклик чоғида вақтли матбуотда эълон қилинган катта-кичик шеър, мақола, ҳикоя, фельетон ёки хабарларининг аниқ хисоби йўқлигида; учинчидан, мазкур газета-журналларнинг ҳам бизгача тўлиқ етиб келмаганида, деб ўйлаймиз. Шунинг учун ҳам 1910-1930 йиллар матбуотини синчиклаб ўрганишга аҳд қилган тадқиқотчиларда мазкур адибнинг ҳозирги замон илм аҳлига, адабиёт муҳибларига номаълум бўлиб келаётган асарларини топишларига имконият мавжуд.

Яқинда қўқонлик нуктадон олим, ҳаётини илм-фан, маданиятимиз ривожига бағишлаган камтарин инсон, устоз Солижон Йўлдошев домла бизга 1925-1931 йилларда Тошкентда чоп этилган “Ер юзи” журналининг 20 дан ортиқ сонлари жамланган мажмуани кўрсатди. Мазкур журнал тахламини диққат билан кўздан кечиришимиз натижасида маълум бўлдики, у “Қизил Ўзбекистон газетасининг нашри сифатида босилиб турган ва ижтимоий-сиёсий адабий-бадиий, оммабоп йўналищда бўлган экан. У икки ҳафтада баъзан бир ойда бир марта чоп этиб турилган. “Ер юзи”да 1920 йиллар ўзбек адабиётининг кўплаб таниқли намояндалари Ойбек Элбек, Уйғун, Комил Алиев, Абдулла Авлоний, Қурбон Берегин Маннон Ромиз ва бошқалар ўз шеър, ҳикоя, мақола ва таржималарини эълон қилганлар.

Чўлпон ҳам журнал билан унинг дастлабки сони (1925 й., 7 ноябр)дан бошлаб ҳамкорлик қилган. Бу сонда унинг “Бу нима нарса?” шеъри берилган. Кейинги сонларда эса “Сув”, “Бу ернинг қиши”, “Қайтиш”, “Йўлчи” каби манзумалари, “Яна уйланаман”, “Маскавдаги драмстудиямиз”, “Мейерхулд театри”, “Турсуной саҳнада” мақолалари чоп этилган. Аммо журналнинг 1926 йил 6-сонида босилган бир манзумани шоир асарларининг тўпламларида учратмадик. Унинг номи эса ёш адабиётшунос Н. Йўлдошев томонидан тайёрланган “Чўлпон ҳаёти ва ижоди библиографияси”да (Тошкент, 1992) ҳам мавжуд эмас. 33 байт (66 мисра)дан иборат бу каттагина шеърнинг номи журналда "Ўзбекистон Марказ Ижроия қўмитасининг Раиси ўртоқ Охунбобо ўғлиға Андижон шаҳри, Олайлик даҳа, Тожик маҳалла фуқароси мулло Фалонийдан аризанома ” шаклида ёзилган. “Аризанома” маснавий шаклида бўлиб, охирида берилган маълумотга кўра, у 1925 йилнинг 8 октябрида Андижон шаҳрида ёзилган. Шеърга “Қаландар” имзоси қўйилган. Маълумки, шу тахаллус билан Чўлпоннинг ўнлаб асарлари эълон этилган.

Шеърнинг мазмунига қараганда, у “Янги Кавказ” газетасида Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири бўлган Йўлдош Охунбобоев шаънига айтилган бемаъни гапларга жавоб тариқасида яратилганга ўхшайди. Афсуски, биз “Янги Кавказ” газетасининг қачон, қаерда ва ким томонидан чоп этилганини ҳозирча аниқлай олмадик. Шунинг учун унда оқсоқолимиз ҳақида нималар ёзилганидан хабардор эмасмиз.

“Аризанома” - XX асрнинг 20-йилларидаги сиёсий курашлар, ғоявий мубоҳасалар маҳсули. Албатта, Ўзбекистон жумҳуриятига сиёсий ва замонавий илмлардан нисбатан узоқроқ бўлган Й.Охунбобоевнинг раҳбар этиб тайинланганлиги қизиқ ҳол. Бу воқеа турли тоифадаги кишилар томонидан турфа йўсинда қабул қилинган бўлса керакки, “Янги Кавказ”да шундай мақола пайдо бўлган. Чўлпон эса Охунбобоевни шахсан яхши таниганидан, оқсоқолнинг шахсий фазилатларидан хабардор бўлгани туфайли ушбу мазмундаги шеърни ёзган кўринади. “Аризанома” ўз вақтида машҳур бўлган щекилли, Абдулла Қодирий ўша йили эълон қилган “Йиғинди гаплар” фельетонида ундан жузъий ўзгартиришлар билан тўрт мисра келтиради.

Шеър Чўлпонга хос услубда, силлиқ ва равон ёзилган. Бироқ, бу манзума муҳитга бўйин эгишга мажбур бўлган ижод намунаси эди. Шунинг учун “қизил сўзлар” кўп. Аммо ушбу шеър ҳам шоирга қарши кўтарилаётган қатағон бўронини тўхтатиб қола олмади. Вақти соати келиб Чўлпоннинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолганда Й.Охунбобоев унга ёпирилган бало тиғига қалқон бўла олмади. Бўла олмасди ҳам...

Қуйида эса Чўлпоннинг замондошларимизга номаълум бўлиб келаётган шеърини ҳавола этмокдамиз.

АРИЗАНОМА

Бераман ушбу аризани Сиз ҳурматлик оқсоқолимизға шул хусусдаким:

“Янги Кафказ” газетида бир беюз,
Бир мунча гап ёзиб юрган кўб бетуз
Яъни Сиздек бир камбағал меҳнаткаш
“Раис жумҳур” бўлғониға бўлиб ғаш.
Кибру ғурур, тамаъ билан ачибдур,
Жумҳурюртга анча бўҳгон отибдур.
У бир ҳовуч олтунпараст тўралар,
Оқлар билан бўлган улфлт-жўралар.
Дейдиларким: “Ўзбекистон - бекар гап,
Уни ҳар дам “уполиста” ер чайнаб.
“Шилхос” деган ҳамма ишни буюрар,
Ҳар хусусга буюрдим деб, қўл қўяр.
Бошлиқларда ҳеч бир ишка инон йўқ,
Шилхос амрин қайтормоқга имкон йўқ.
Охунбобо ўғли деган бир оми,
Йўкдур унда ватан, миллатнинг ғами”.
Яна ўшал сафсатачи оқларға,
Элдан ажраб якка қолгон тоқларға.
Жавоб бериб дер эдикким: “Жаноблар,
Салтанатка эришалмай хуноблар,
Иззат-ҳурмат олудаси, тақсирлар,
Сўзларингиз бойлар учун “ҳақ сўз”лар,
Лекин келиб Фарғонадин гап сўранг,
Мунда келиб мўйлабларни бир буранг.
Ўшал тагсиз даъволарни бизларга —
Катта-кичик, ёшу жувон, қизларга,
Айтиб кўринг, қандоғ жавоб бералар,
Юзингизга ҳақоратни уралар.
Ва дерларким: “Ҳар бир ишда муқаллид,
Граф тақлид, борўн тақлид, хон тақлид,
Зиёлимас, у зиёнли хезлардан,
Упа-атир олудаси - “қиз”лардан.
Бизга албат камбағалдан етишкан,
Иш устида меҳнат тортиб хўб пишкан,
Охунбобо ўғли каби эр керак,
Ва бойлардан олинғуси ер керак,
Қишлоқларнинг ҳар бирига бир мактаб,
Очилғонда ҳосил бўлур ҳар матлаб.
Ўзбекистан ҳозир кирди шу йўлға,
Маърифатни торқотодир ўнг-сўлға.
Ободонлик хусусида ғайрат кўб,
Ер кўпайтиб суғоришга химмат кўб.
От-омочлар ўт омочни ўпмакда,
Энди навбат сизга келди, демакда.
Солиқлар ҳам бу йил анча ўнгалди,
Яъни қишлоқ деҳқониға кам бўлди.
Ерли халқ ҳам маҳкмага тўлмоқда,
Шўро ишин қўлларига олмоқда.
Хотин-қизға озод йўллар очилди,
Миллий аскар уруғлари сочилди.
Ёқин кунда новда бўлиб кўкарса,
Интизомлик аскар сафига кирса,
Саф-саф турғон миллий қизил қўшуннинг,
Ўзбакларга махсус дорулфунуннинг,
Ерлик бўлғон қанча ерсиз, беванинг,
Янги-янги етишкуси меванинг,
Танларидан улуғ наъра тортилур,
Ҳар томонга билим нури отилур”.
Шунда сиз ҳам кўзингизни очарсиз,
Нурдан чўчиб, норироққа қочарсиз,
Ва дерсизким; “Биз адашкан эканмиз,
Элдан ажраб, ёнглиш йўлдан кетканмиз!”
Лекин унда фурсат ўтар, кун ўтар,
Пушаймонлар унда кимга кор этар?
Ёқин кунда шу фурсатни кутамиз,
Шу сўз билан гапни тамом этамиз.

Аслидан кўчирувчи:
Қаландар 8 ўктабр, 1925 йил, Андижон.