Немис қомусларида Навоий ёди

Ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижоди билан немис халқини таништиришда қомусларнинг роли каттадир. Масалан, 1970 йили Швецарияда чоп этилган 991 саҳифадан иборат қомусда шоирнинг таваллуд ва вафот санаси, 1472 йилидаги вазирлик лавозими ҳақида маълумотлар берилган.
1975 йили Германиянинг Штутгард шаҳрида яратилган икки жилддан иборат “Жаҳон адабиётлари”нинг 1793 саҳифадан иборат биринчи жилдида Навоийнинг ҳаётига оид саналардан ташқари, унинг ўзбек адабий тилига асос солганлиги, беш девон (шулардан бири форс тилида) яратганлиги, беш достонли “Хамса” ёзганлиги, ёшликдаги дўсти Ҳусайн Бойқаро тахтга чиққач, шоирга имкон яратиб берганлиги хусусида кенгроқ маълумот берилган.
1988 йили Мюнхен шаҳри “Болалар нашриёти” томонидан босилган қомусда Навоийга 6 саҳифа ажратилган. “Алишер Навоий” деб номланган 325-саҳифада узбек, рус ва чет эллик олимларнинг навоийшуносликка қўшган ҳиссалари ҳақида тўхталиб ўтилган. Саҳифа охиридан эса “Алишер Навоий девони” сарлавҳаси остида шоирнинг даврларга ажратилган 4 девони 4 хил номланганлиги тўғрисида маълумот берилган.
326-саҳифада “Фарҳод ва Ширин” сарлавҳаси остида достоннинг қисқача мазмуни баён этилган. Шунингдек, кейинги бетларда шоирнинг “Хамса” асари ва унга кирувчи “Лайли ва Мажнун” достони ҳақида маълумот берилган. Бироқ, “Лисон ут-тайр” достони тўғрисида кечириб бўлмас чалкаш хатолар берилган. Жумладан, бу асар Атгорнинг “Мантиқ уг-тайр” достонининг таржимаси дейилган. Аммо бу мавзу борасида бизнинг адабиётшунослар етралича асослар биоан "Лисонут-тайёр" ўзига хос оригинал асар эканлигини таъкидловчи ва исботловчи фактлар беришганликлари бизга маълум.

Демак, Алишер Навоий ижодининг немис тилида сўзлашувчи халқлар орасида тарқалишида немис қомуслариининг ҳам ўз ўрни бор. Бироқ юқорида таъкидланганидек, улардаги маълумотларнинг барчаси ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Навоий ижодини немисларга тўла етказиш учун эса унинг ҳар бир асарини яхлит немисчалаштариш лозим. Акс ҳолда бошқалар ёзган, дуч келган мақоладан фойдаланиб, шоир ҳақида фикр юритиш Навоийдек буюк сўз устасини оддий таржимон шоирга айлантириб қўйищдек кечириб бўлмас, қўпол хатога олиб келади. Ўтган асрларда Ғарб олимлари Навоийни билмай туриб таржимонга чиқарган бўлсалар - бордир. Лекин ҳозирги замонда ҳам Германияда шу эски қарашлар тарқалаётганини кечириш қийин. Бироқ, айб ўзимизда ҳам бор. Навоийнинг ва бошқа кўплаб буюк адибларимизн немисларга танитишда кўпроқ ташаббус кўрсатишимиз лозим.

Акмалхон Абдуллажонов