Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Муҳаммад ал–Қошғарий, қомусий олим, фиқҳ ва ҳадис илмининг билимдони. Қошғарда туғилган (санаси номаълум), қорахонийлар давлатининг пойтахти Боласоғунда яшаган. "Девону луғотит–турк" асари (1068) билан туркшунослик фанига асос солган. "Девон"да тилга олинган "Жавоҳирун-наҳви фи луғатит-турки" ("Туркий тилларнинг наҳв қоидалари") асари бизгача этиб келмаган.
Изоҳли луғат тарзида тузилган асар муқаддимасида турк тилининг грамматикаси (араб тилида) илмий асосда ёритилган. Асарда 9-10 асрларда Марказий Осиёда истиқомат қилган қабилалар тарихи, маданияти, мавқеи ва одатлари тўғрисида маълумотлар бор. Жумладан, ўғузлар, қарлуқлар каби йирик қабилалар тарихи алоҳида ёритилган.
"Девону луғотит–турк" адабий манба сифатида турк қавмлари томонидан яратилган қўшиқ, мақол, матал ва ҳикматли сўзларни ҳам жамлаган, у парчалар қадимги туркий адабиётда лирик ва эпик жанрнинг ривожидан далолат беради. Келтирилган адабий парчалар меҳнат, ёр тавсифи, қаҳрамонлик, эзгуликка даъват, ватанпарварлик мавзуларида, айримлари халқ оғзидан ёзиб олинган. Девонда айрим шоирларнинг номлари (мас. Чўчу) учрайди.
Ўзбекистонда асар изоҳ ва таржималари билан тўла нашр этилган, у ҳақда Фитрат, С.Муталлибов, Ғ.Абдураҳмонов, Э.Умаров ишлари эълон қилинган.
Нашр қилинган манбалар:
Маҳмуд Қошғарий. Девону луғотит-турк (нашр, таржима ва изоҳлар муаллифи С.Муталлибов). – Т.: 1960-63;
Абдурауф Фитрат. Энг эски турк адабиёти намуналари. — Т.:1927.
Илмий адабиёт:
Девону луғотит турк. Индекс-луғат. Ғ. Абдураҳмонов, С. Муталлибов таҳрири остида. – Т.: Фан, 1967;
А. Қаюмов. Қадимият обидалари. — Тошкент, 1971;
И.В. Стеблева. Стихотворние форми Х1 века. – М.: 1971.