Мумтоз шеъриятимизда соқийнома йўналишидаги шеърларнинг ўзига хос намуналари номалар таркибида учрайди. Улар ҳар бир номадан сўнг келтирилган маснавийлар таркибидан ўрин олган. Хоразмий “Муҳаббатнома”сидаги 12 та маснавий шеърнинг 10 тасида 3 байтдан жами 30 байт, Хўжандийнинг “Латофатнома” асарида ҳар бир номанинг сўнгида 1 байтдан жами 18 байт, Саид Аҳмад қаламига мансуб “Таашшуқнома”нинг “Сўзнунг хулосаси” қисмларида 3-5 байтдан жами 30 байт соқийнома мазмунини ифодалайди. Уларнинг барчаси соқийга мурожаат билан (“Кел, эй соқий”) бошланади. Чунончи:
Кел, эй соқий, кетургил бодаи ноб,
Кула ўйнаю ичсунлар бу асҳоб… (Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари. Икки жилдли. Иккинчи жилд. Тошкент. “Фан” нашриёти. 168-бет. Бундан кейин мазкур нашрга мурожаат қилинганда саҳифаси қавс ичида кўрсатилади. М.А.)
Соқийнома характеридаги шеър ва байтлар мазмуни номаларда ифодаланаётган воқеа-ҳодиса, фикр-кечинма, ҳис-туйғулар билан ҳам боғлиқ. Шу сабабли, адабиётшуносликда бу шеърлар, кўпинча, поэтик хулосаларнинг ифодаси деб, баҳоланади. Аммо улар фақат хулосавий байтлар бўлиб қолмай, тасвирланаётган ҳаётий манзара ва ифодаланаётган фикр-қарашларига кўра, номаларда келтирилган ғазал, қитъа ва фардлар каби мустақил шеърлар ҳамдир.
Бу жиҳатдан, айниқса, “Муҳаббатнома” ва “Таашшуқнома”даги соқийга мурожаат билан бошланган шеърлар эътиборлидир. Тўғри, бу шеърлар соқийнома жанри талабларига тўла мос келмайди. Аммо улар мавзунинг қўйилиши, ижтимоий-ҳаётий, ахлоқий-дидактик, ишқий-фалсафий, қолаверса, маърифий-ирфоний фикр-туйғуларнинг ифодаланиши, қофияланиш тарзи, образ ва тимсоллари, ўзига хос бадиий воситалари каби бир қатор хусусиятлари билан ҳам соқийномаларни ёдга солади. “Таашшуқнома”да соқийнома шеърларга “Сўзнунг хулосаси” деб сарлавҳа қўйилган бўлса, “Муҳаббатнома” муаллифи уларни “Маснавий” деб номлаган. Чунончи, асарнинг қуйидаги “Маснавий”сини олиб кўрайлик. Байтда қўлланилган талмеҳ санъати лирик қаҳрамон – ошиқнинг кайфияти ва мақсадини ҳам аниқ-равшан тушунишга имкон берган:
Кел, эй соқий, кетургил жоми Жамни,
Киши кўнглудин май ювур ғамни. (108-бет.)
Жам, яъни, Жамшид – қадимги Эроннинг афсонавий подшоҳи. У жоми жаҳоннамо – жаҳонни кўрсатадиган жом ихтиро қилган бўлиб, унда дунёдаги нафақат ҳозирги, балки ўтмишда юз берган ва келажакда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳам акс этар экан. Мумтоз шеъриятда май қадаҳи ва комил инсон қалбини ҳам илоҳий сирларни ўзида сақлаши жиҳатидан ойинаи жаҳоннамога тенглаштирилади. Лирик қаҳрамоннинг соқийдан айнан нима учун “жоми Жам” келтиришини сўраётганлиги иккинчи байт мазмунида янада очиқроқ аён бўлади:
Ким ошти кўкка оҳим иҳтироқи,
Куюрди кўнглуми дилбар фироқи. (114-бет.)
Яъни, ҳижрон ва айрилиқ азобидан қийналган, кўнглини ёр соғинчи банд этган ошиқ “жоми Жам” ёрдамида ёр жамолини кўриб, висол лаззатидан баҳраманд бўлишни истайди. Байтда май гўзал маъшуқа хаёли, ёр соғинчи, ишқ-муҳаббат каби маъноларни ифода этган. “Таашшуқнома”даги соқийнома шеърларда ҳам, асосан, бу оламнинг ўткинчилиги, унинг гўзалликларию бахту қувончи абадий эмаслиги, ўтаётган фурсатларни ортга қайтариш инсон фарзандининг қўлидан келмаслиги, шу боисдан, ҳамиша некбинликка, яхшилик ва эзгуликка интилиб яшаш лозимлиги каби фикр-туйғуларга эътибор қаратилган. Чунончи, мана бу парчада ҳам шоир соқийга мурожаат қилиб, ундан ўзини боқийликка етиштирадиган май беришини сўрайди:
Кел, эй соқий, кетургил май зи боқи(й),
Ки, қолмас дунёда ҳеч киши боқи(й). (176-бет.)
Юқорида таъкидлаганимиздек, соқийнома шеърларнинг мазмуни, кўпинча, нома ва ғазаллардаги фикр-туйғулар билан ҳам узвий боғлиқ. Масалан, “Муҳаббатнома”нинг учинчи номасида шоир маъшуқанинг ақлни ҳайратга солувчи гўзаллигини мадҳ этади. Мумтоз адабиётда ишқни майга нисбат бериш анъанага айланган. Май ичувчини маст қилганидек, ишқ ҳам ошиқни сархуш айлайди. Майни қанча кўп ичган сари ўз хатти-ҳаракатингни шунча назорат қилолмаганингдек, муҳаббат ҳам қанча кучли бўлса, ошиқ шунча ўзининг нима қилаётганини билмай қолади: бутун фикри-зикри севгилисига қаратилиб, унинг ишқида ўзини ҳам, атрофидаги одамларни ҳам, ҳатто дунёни ҳам унутади. Мана бу маснавийда “гул юзли соқий”дан ўзини “ҳайрат мақоми”га етказишни сўраётган лирик қаҳрамон – ошиқнинг аҳволи ҳам шундай тасвирланган:
Кел, эй гулчеҳра соқий, май кетургил,
Мени ҳайрат мақомига етургил. (109-бет.)
Яна бир номада шоир ёр жамолини бир бор кўриш учун ўзининг бору йўғидан кечишга ҳам тайёр бўлган ошиқ ҳолатини тасвирлар экан, хулоса ўрнида келган соқийнома шеърда мана бундай ёзади:
Кел, эй соқий, кетургил лолагун май,
Ким ул қилди кўпни Ҳотами тай.
Суроҳи тўлса кўп, оғзин очолинг,
Бу кун майхонада ярмоқ сочолинг. (110-бет.)
Мумтоз адабиётда Ҳотами той ўз сахийлиги, қўли очиқлиги билан машҳур. Бу ўринда, шоир майхонада бор пулини май ичиб тугатган – майхўрни Ҳотами тойга ўхшатмоқда. Бундай тасвирларни Хоразмийнинг издошлари ижодида ҳам кўриш мумкин.
Хоразмийнинг лирик қаҳрамони бир ўринда яқин улфатлар, суҳбатдошлар билан май ичиш лозимлигини айтса, яна бир байтда “гул юзли дилбар”га мурожаат қилиб, ундан ҳушдан айирувчи қадаҳ беришини сўрайди:
Кел, эй ой юзлу дилбар, тут бирор кеш,
Бирор кеш бирла қилғил бизни мадҳуш. (114-бет.)
“Таашшуқнома”да эса, “бути айёр” – айёр санам ёки гўзал маъшуқа билан бирга майхўрлик кайфияти гўзал бадиий ифодасини топган:
Кел, эй соқий, кетур жоми бир оз май,
Ки ғамларни кўнгуллардан қилур тай.
Ичоли ул бути айёр бирла,
Қароқлари қароқчи ёр бирла. (174-бет.)
Таъкидлаш керакки, номаларда ўзига хос майхўрлик кечалари, улардаги урф-одат ва тартиб қоидалар тасвирига ҳам кенг ўрин берилган. Жумладан, “Таашшуқнома”да май базмларида май ёки шаробнинг қадаҳларга қандай қуйилиши ва май қуйувчи – соқийнинг ўзига хос маданияти тўғрисида ҳам ёзилган. Чунончи, лирик қаҳрамон соқийга мурожаат қиларкан, ундан май тўлатиб қуйилган қадаҳ сўрайди:
Кел, эй соқий, кетур жоми лаболаб,
Қўбиз қўбсаб ичайлик кулуб ўйнаб. (168-бет.)
Номаларда соқийнинг ҳам кўплаб таърифу тавсифлари келтирилган бўлса-да, қўлларини нозик белига қўйиб майхўрга шароб қуяётган соқийнинг ўзига хос таърифи фақат “Таашшуқнома”да учрайди:
Кел, эй соқий, хумор ашкин олиб кел,
Қўлингни белсаниб енгни солиб кел. (180-бет.)
“Таашшуқнома”нинг саккизинчи номасидан сўнг келтирилган ғазалда гўзаллик шоҳи бўлган маъшуқа таърифу тавсиф этилади. Шунингдек, лирик қаҳрамон унинг “эҳсону карамлар”ини унутганлигидан, “муҳташам салтанат”идан “фақир” ошиғига жой ҳам бермаслигидан шикоят қилади. “Сўзнунг хулосаси” деб номланган соқийнома шеърда ҳам шоир соқийга мурожаат қилиб, “мири мажлис” – мажлис раҳбари, яъни, май келтиришини сўраркан, у кўпгина саховатли бекларни хасис қилганлигини айтиб, бундай ёзади:
Кел, эй соқий, кетур ул мири мажлис,
Ки қилди кўп ғани бегларни муфлис. (156-бет.)
Номаларнинг асосида, соқийнома жанрига хос бўлган висол онларини ғанимат билиш, кўнгулни ҳамиша ёр муҳаббати, унинг фикру хаёли билан боғлаш, бу дунёнинг бетакрор манзараларидан завқланиш, инсон умрининг боқий эмаслиги, шу сабабли, уни шоду хуррамликда, хурсандчиликда ўтказиш каби мазмунлар ётади. Шу боисдан, уларда мумтоз шеъриятда ҳаёт қувончининг сабаби бўлган май образи ўзига хос кўтаринки руҳ, жўшқин ҳиссиёт ва кучли эҳтирос билан таърифу тавсиф этилган. Бир ўринда, Хоразмий соқийга мурожаат этаркан, ундан ўзини “назар”дан четга қўймаслигини, ошиқ учун “сайқал” бўлган ишқ майидан беришини сўрайди:
Кел, эй соқий, назардин солмоғил гал,
Кетур ул майки бўлғай бизга сайқал. (123-бет.)
Бу каби ҳайёмона фикр-туйғуларнинг таъсири Саид Аҳмаднинг “Таашшуқнома” асарида ҳам сезилади:
Кел, эй соқий, кетур жоми дилфируз,
Ки ишрат чоғидур ҳам фасли Наврўз. (164-бет.)
Мисраларда шоир ҳаёт лаззатларидан баҳраманд бўлиш, умрнинг ҳар дамини хуш ўтказиш учун Наврўзни энг яхши фурсат деб кўрсатади.
Хўжандийнинг лирик қаҳрамони эса, уни хурсандчилик ва завқу шавқ билан безаш лозимлигини айтиб, бундай дейди:
Кел, эй соқий, бу кун мажлис қуроли,
Замоне айш этиб хуш ўлтироли. (140-бет.)
Юсуф Амирий “Даҳнома”да қўбизнинг завқбахш куйи, найнинг майин садоси, барбатнинг жарангдор навоси ва танбурнинг ўтли ноласи майхўрлик кечасига файз киритганлигини тасвирларкан, айниқса, муғаннийнинг қўшиқлари ва соқийнинг гўзал одоби ҳам майхўрликнинг таъсирини оширганлигини айтиб бундай дейди:
Муғаннийлар чолиб мажлисда хўшлар,
Юруб соқий тутуб саркўча қўшлар.
Уланди кеча тегру эл йиғини,
Чиқарди эл чоғирдин аччиғини. (195-бет.)
Асарда май базми иштирокчиларининг ҳолати, кайфияти, уларнинг бир-бирига бўлган муносабатлари: бу даврада соқийнинг ўрни, май таъсирида суҳбатдошларнинг мулоҳазасиз сўзлари, хушчақчақлик ва хурсандчилик туйғулари ҳам жуда ҳаётий акс эттирилган:
Ўпиб соқий аёғин дам-бадам эл,
Кўнгул очилмоғига боғлабон бел…
Тараб ишрат хатидин тортмай бош,
Кўнгул чини суроҳидин бўлуб фош.
Ҳикоятлар улошиб бир-бирига,
Қулоқ солмай йиравчилар йирига… (196-бет.)
Шу тариқа, номаларда соқий, майхўрлик, май базми, ундаги урф-одатлар, базм иштирокчилари, шунингдек, май идишлари ҳақида ҳам ўзига хос талқинлар ўрин олган. Бу орқали, ижодкорнинг ишқ-муҳаббат кечинмалари, ижтимоий-ҳаётий хулосалари, табиат ва инсон тақдири ҳақидаги чуқур ҳаётий-фалсафий мушоҳадалари ўз ифодасини топган. Бу эса, номаларда келтирилган соқийнома шеърларни мазкур жанрнинг дастлабки кўриниши сифатида баҳолашга тўла имкон беради.