Алишер Навоий йигитлик давридаёқ шоир сифатида катта шуҳрат қозонган. Шоирнинг ўзи ҳали расмий девон тартиб беришга улгурмай, унинг шеърлари киритилган икки девон: бири Машҳадда (“Илк девон”), бири Шерозда (“Оққуюнли ихлосмандлар девони”) мухлислар томонидан тузилиб, кўчирилганлиги ҳазрат Навоий шеърларига ҳамма даврларда, хусусан, ўз даврида ҳам юқори даражада эҳтиёж бўлганлигидан дарак беради. Адабиёт яратилибдики, ҳали жаҳон Алишер Навоийдек икки девони ихлосмандлари томонидан тартиб берилган иккинчи бир шоирни кўргани йўқ.
Алишер Навоий шеърияти жанрларга бойлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг туркий тилда яратган шеърлари 16 жанрда бўлиб, ушбу ижод намуналари том маънода шакл ва мазмун бирлигининг юксак намунаси ҳамдир. Ушбу 16 жанр орасида мухаммас алоҳида ўрин тутади. Чунки ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, шоир ўз ғазалларига мухаммас боғлашдек янги анъанага асос солган экан.
“Хазойин ул-маоний” номли йирик куллиётдан шоирнинг 10 та мухаммаси ўрин олган. Маълумки, мухаммас арабча “бешлик” маъносини билдириб, ҳар банди беш мисрадан иборат шеър шакли ҳисобланади. Мухаммаслар яратилиш хусусиятига кўра 2 хил бўлади:
1) табъи худ, яъни мустақил мухаммас;
2) тахмис – ғазални бешлантириш асосида яратиладиган мухаммас.
Табъи худ мухаммасда барча мисралар бир шоирнинг ўзи томонидан яратилади. Бунда ижодкор ўзга шоир шеърини асос қилиб олмайди, балки ўзи мустақил равишда бешлик яратади. Тахмисда эса муаллиф ўзга шоир ёки баъзида (жуда кам ҳолларда) ўз ғазалини асос – замин қилиб олиб, шу мавзуни давом эттиргани ҳолда, вазн, қофия ва радифни сақлаб қолиб бешлик яратади. Бунда асос қилиб олинган ғазалдаги ҳар байтнинг юқори қисмига уч мисра қўшилади. Мақтаъ бандда тахмис боғлаётган шоирнинг тахаллуси ҳам келтирилади.
Қизиғи шундаки, Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний”га киритилган 10 мухаммасидан барчаси тахмис, яъни ғазални бешлантириш асосида вужудга келган мухаммас ҳисобланади. Буларнинг 3 таси “малик ул- калом” Лутфийга, қолган 7 таси эса шоирнинг ўз ғазаллари асосида яратилганлиги билан характерланади. Мумтоз адабиётимиз тарихида ижодкорнинг ўз ғазалига тахмис битиш ҳодисаси кам учрайди.
Аввало, Алишер Навоий ўзининг илк тахмисини қачон битган ва у кимнинг ғазалига боғланган, деган савол устида қисқача тўхталсак. Профессор Ҳамид Сулаймон томонидан тайёрланган ва шоирнинг дастлабки шеърлари киритилган “Илк девон”нинг фотонусха нашрида бир мухаммас мавжудлигини кўрамиз . Бу мухаммас девоннинг 137б – 138а саҳифаларидан ўрин олган бўлиб, мавлоно Лутфий ғазалига боғланган. Агар ушбу девоннинг 1465-1466 йилларда тузилганлигини ҳисобга олсак, Алишер Навоий ўзининг илк тахмисини 25 ёшига қадар яратиб бўлганлиги маълум бўлади. Мазкур тахмис қуйидаги банд билан бошланади:
Шарбати “юҳйил изом” эрни майи нобиндадур,
Сураи “вашшамс” тафсири юзи бобиндадур,
Шарҳи “мозоғулбасар” наргислари хобиндадур,
Лайлатул меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур,
Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур.
Бунда ажратиб кўрсатилган мисралар Лутфий қаламига мансуб бўлиб, юқоридаги уч мисра Алишер Навоий томонидан битилган.
Ўзга шоир ғазалига тахмис боғлаш – бу гўё шу шоир билан ижодий ҳамкорлик ва муайян маънода адабий мусобақага киришишдир. Шунинг учун ҳам ижодкорлар, одатда, ўз тахмисларини маълум поэтик маҳоратга эга бўлганларидан кейин ярата бошлаганлар. Яна шуни унутмаслик керакки, бунда ғазал муаллифи билан унга тахмис боғлаётган муаллиф ўртасида муштарак дунёқараш, эстетик идеал ҳамоҳанглиги ва ғоявий яқинлик бўлиши зарур. Тахмис муаллифи ғазалда келтирилган фикрларни мантиқан ривожлантириб, уни ўз ижодий ғоялари билан шундай тўлдириши ва бойитиши керакки, натижада, вужудга келган шеър унга асос бўлган ғазал билан уйғунлашиб, бир муаллиф томонидан яратилгандек тасаввур уйғотсин.
Шу ўринда савол туғилади: Нега Алишер Навоий ўзининг илк тахмисини айнан Лутфийнинг шу ғазалига боғлади?
Саволга жавоб топиш учун Лутфий ғазалига эътибор қаратамиз. Ғазал қуйидаги байт билан бошланади:
Лайлатул меърожнинг шарҳи сочи тобиндадур,
Қоба қавсайн иттиҳоди қоши меҳробиндадур.
Матлаъдаёқ маълум бўладики, Лутфий ғазалининг лирик қаҳрамони гўзалликда тенгсиз ёр. Унинг тундек қора сочи замирига меърож кечасининг шарҳи яширинган, меҳробдек қоши эса қоба қавсайн – икки ёй оралиғидаги масофани ёдга солади. Бу ўринда мавлоно Лутфий ёр тасвири асносида пайғамбарнинг меърож тунида Холиқ ҳузурига кўтарилиши ва Яратган билан расул орасидаги масофа икки қош оралиғидек яқин бўлганлиги ҳодисасига ишора қилади. Ғазалнинг кейинги байтлари ҳам ёр гўзаллиги таърифи билан давом этиб, унинг ширин ва жонбахш лабидан салсабил (жаннат булоғи) саргардон, Хизр ва Исо Масиҳлар хижолатда эканлиги таъкидланади. Шу тариқа ғазал байтлари ёр таърифу тавсифи тарзида давом этади.
Алишер Навоийнинг мазкур ғазалга мурожаат қилиши ҳам тасодифий бўлмай, муайян асосларга эга. Навоий шу йиллари буюк сўз устаси Абдураҳмон Жомий билан танишган ва устози таъсирида ваҳдат ул-вужуд (бутун борлиқнинг ягоналиги) таълимотига қизиққан. Маълумки, Абдураҳмон Жомий ваҳдатул вужуд таълимотини нақшбандия тариқатига татбиқ қилади . Ундаги ғояга кўра, комил инсон – Яратганнинг бир зарраси сифатида ҳам ташқи, ҳам ички гўзалликлар мажмуидир. Комил инсон тимсолининг олий намунаси бўлган Пайғамбар (с.а.в)дан тортиб барча валий зотлар ҳам комил инсон тимсоли ҳисобланадилар. Лутфий ғазалида тавсифи келтирилган ёр муайян маънода комил инсон тимсолидир. Шу ўринда айтиш мумкинки, инсонни бутун “махлуқотларнинг тожи” сифатида улуғлаган Алишер Навоий “малик ул-калом”нинг ушбу ғазалидан таъсирланиши ва ундаги ғояни ривожлантириб, мазкур ғазалга тахмис боғлаши бежиз эмас эди. Навоий тахмиснинг биринчи бандида Лутфий ғазали матлаъсида келтирилган комил гўзаллик таърифига ҳамоҳанг тарзда иқтибос санъатидан фойдаланиб, ҳар бир мисрада Қуръон оятларидан жумла келтиради:
Шарбати “юҳйил изом” эрни майи нобиндадур,
Сураи “вашшамс” тафсири юзи бобиндадур,
Шарҳи “мозоғулбасар” наргислари хобиндадур…
Навоий талқинида ёрнинг лаби ўликларни тирилтирувчи тоза шарбат, Қуръони Каримдаги “Ваш шамс” сурасининг изоҳи унинг юзида акс этади, “кўз алданмади” оятининг шарҳи унинг кўзларида намоён. Бу таъриф Лутфий қаламидан тўкилган соч ва қош таърифлари билан бирлашиб, мукаммал гўзаллик тасвирининг ёрқин намунаси вужудга келганлигини кўрамиз.
Одатда, ғазалга тахмис боғланаётганда унинг бандлари сони ғазал байтларига мос ҳолга келтирилади. Лекин баъзан шоирнинг хоҳишига кўра, ғазалдаги айрим байтларга тахмис битилмаслиги, яъни улар қисқартирилиши мумкин. Айнан шу ҳолат юқоридаги тахмисда ҳам кузатилади. Тахмисга асос бўлган Лутфий ғазали, аслида, ҳажман 7 байтдан иборат. Аммо тахмис боғланганда унинг икки байти қисқартирилиб, 5 банд ҳолига келтирилган. Хусусан, қуйидаги икки байт Навоий тахмисида учрамайди:
Хомаи қудрат-ла битганда не мусҳафдур юзи
Ким, малоҳат ояти мажмуъ анинг бобиндадур…
Кўзлари ҳар гўша уйқудин қўпорур фитналар,
Турфа махмуреки чандон фитналар хобиндадур.
Бунинг бир неча сабаблари бор. Юқоридаги икки байтга эътибор қаратсак, уларда юз ва кўз тасвирини кўрамиз. Биринчи байтда ёр юзи қудрат қалами ила битилган Мусҳаф, яъни Қуръонга нисбат берилса, иккинчи байтда унинг кўзлари уйқуда ҳам фитна қўзғотувчи махмур (маст)га ўхшатилмоқда. Алишер Навоий ўз тахмисининг биринчи бандидаёқ юз ва кўз тасвирининг мукаммал тарздаги баёнини бериб бўлганлиги учун уни яна такрорлашга эҳтиёж қолмаяпти ва ўз-ўзидан энди бу икки байт мазмун жиҳатидан тахмис учун ортиқча эканлиги сезилади. Яна бир сабаб қофия талаби билан боғлиқ. Тушириб қолдирилган байтлардаги қофияларга эътибор қаратсак, улар “бобиндадур” ва “хобиндадур” тарзида эканлигини кўрамиз. Алишер Навоий тахмиснинг матлаъ бандидаёқ ушбу қофиялардан фойдаланганлиги учун уларни такрор ҳолда қўллашни истамаган ва шу тарзда тахмис 5 банд ҳолатига келган.
Филология фанлари доктори Афтондил Эркинов фанга маълум қилган ва шоирнинг мухлислари тузган иккинчи девони ҳисобланадиган “Оққуюнли ихлосмандлар девони” таркибида 3 мухаммас мавжуд. Уларнинг барчаси Лутфий ғазалларига боғланган. Мазкур девоннинг 1471 йилда тузилганлиги 30 ёшли шоирнинг дастлабки тахмислари фақатгина устози Лутфий ғазаллари асосида яратилаётганлигини билдиради. Девондан ўрин олган кейинги тахмислар қуйидаги банд билан бошланади:
2-тахмис:
Маснади ҳусн узра токим кўрмишам ул шоҳни,
Тийра айлабмен фиғондин нилгун хиргоҳни,
Эй сабо, арз айла ногаҳ кўрсанг ул дилхоҳни,
Кўктадур ҳар дам фиғоним кўргали сен моҳни.
Даъвии меҳрингга тонуқ тортадурмен оҳни.
3-тахмис:
Ҳалқайи зулфунгда кўнглум бўлғали ғам маҳрами,
Ул қора қайғу билан савдода чун ортар ғами.
Дер санга девонаву шайдолиғидин ҳар даме,
Эй сочинг шайдо кўнгулларнинг саводи аъзами,
Ҳалқа-ҳалқа руҳнинг сарманзилидур ҳар хами.
Ёш Навоийнинг дастлабки мухаммасларини “малик ул-калом” ғазалларига боғлаётганлиги бежиз бўлмай, бу ҳолатни Лутфийнинг Навоийгача бўлган туркий адабиётда тутган юксак мақоми, унинг бадиий жиҳатдан мукаммал шеърияти билан изоҳлаш мумкин. Алишер Навоий “Муҳокамат ул-луғатайн”да туркий шеъриятда ўзидан аввал етишиб чиққан бир неча шоирларни тилга олиб, шундай ёзади: “Саккокий ва Ҳайдар Хоразмий ва Атоий ва Муқимий ва Яқиний ва Амирий ва Гадоий… Ва форсий мазкур бўлғон шуаро (таъкид бизники – Д.Ю.) муқобаласида киши пайдо бўлмади, бир мавлоно Лутфийдин ўзгаким, бир неча матлаълари борким, табъ аҳли қошида ўқуса бўлур…”
Алишер Навоий бу ўринда туркигўй шоирлар орасида форсий адабиётдаги Хоқоний, Авҳауддин Анварий, Камол Исмоил, Заҳир Форёбий, Салмон Соважийдек қасиданавислар; Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавийдек маснавий усталари; Саъдий Шерозий ва Ҳофиз Шерозий каби ғазалнавис шоирлар етишиб чиқмаганлигига эътиборини қаратиб, туркий шоирлардан фақат Лутфийгина улар билан шеърий мусобақага киришиш салоҳиятига эга бўлганлигини таъкидлаяпти. Алишер Навоийнинг ўттиз ёшгача бўлган даврда яратган тахмислари айнан Лутфий ғазалларига битилганлиги бу фикрни асослайди.
Алишер Навоийнинг илк расмий девони “Бадоеъ ул-бидоя” 1470-1480 йиллар оралиғида Султон Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан тузилган. Мазкур девон таркибига 5 мухаммас киритилган бўлиб, уларнинг дастлабки учтаси юқорида келтириб ўтганимиз – Лутфий ғазалларига битилган.
Аммо кейинги икки тахмисни шоир айнан ўз ғазалларига боғлаганлиги масаланинг эътиборли жиҳати ҳисобланиб, бу алоҳида таҳлил қилиниши лозим бўлган нуқтадир. Диққатимизни девондаги “Жудо” радифли мухаммасга қаратсак. Тахмис қуйидаги банд билан бошланади:
Оҳким, воламен ул сарви хиромондин жудо,
Кўзларим гирёндур ул гулбарги хандондин жудо,
Бенаводур жон доғи ул ҳури ризвондин жудо,
Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо,
Айламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.
Агар “Бадоеъ ул-бидоя” таркиби ўрганиб чиқилса, мазкур тахмисга асос бўлган ғазал айнан шу девоннинг ўзида – 52-ўринда келаётганлигини кўриш мумкин. Демак, шоир мана шу ўриндан бошлаб, ўз қаламига мансуб ғазалларга тахмис боғлашга киришяпти. Яна ҳам эътиборни тортадиган жиҳати, тахмисга асос бўлган ғазал мухлислар томонидан тартиб берилган “Илк девон”да (19-б саҳифа) ҳам учрайди. Демак, кўриняптики, бу ғазал шоирнинг 25 ёшгача бўлган даврида яратилган ва кейинроқ, “Бадоеъ ул-бидоя” таркибига ҳам киритилган. Маълум бўляптики, шоир ўзининг йигитлик даврида битган ғазалига алоҳида эътибор билан қараяпти. Уни дастлабки расмий девонига ҳам киритиб, яна тахмис боғлаш учун ҳам танлаб оляпти. Бундан кўриш мумкинки, Алишер Навоий ўзининг ёшлик лирикасига мансуб ғазали мавзусига орадан вақт ўтгач яна қайтишга эҳтиёж сезган ва шу тариқа бу ғазалини мухаммас ҳолига келтирган. Мазкур тахмис таркибини кузатадиган бўлсак, ундаги баъзи ўринлар ғазал матнидан бир оз фарқланишини кузатамиз. Хусусан, мазмун талабига кўра, ғазалдаги тўртинчи ва бешинчи байтларнинг ўрни алмашган. Шунингдек, бешинчи байтдаги “гардун” сўзи қофия имкониятига қараб тахмис таркибида “даврон” сўзи билан алмаштирилган. Натижада, шоир “гардун” сўзининг ўрнига “жонон”, “жон”, “ҳижрон” сўзлари билан қофиядош бўлиш имконига эга бўлган “даврон” сўзидан фойдаланган. Ғазал байтини тахмис мисралари билан қиёсласак:
Ғазал байти:
Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй гардун, мени
Айлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо.
Энди бу байт тахмис таркибида қандай ҳолатда қўлланилганлигини кўрамиз:
Қилғали маҳрум жоми васлдин жонон мени,
Талхком этмиш тириклик бодасидин жон мени,
Ҳа замоне ўлтурур ғам заҳридин ҳижрон мени
Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй даврон, мени
Айлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо.
“Бадоеъ ул-бидоя”даги “Оқибат” радифли тахмисга асос бўлган ғазал ҳам айнан шу девон таркибида 82-ўринда учрайди. Қолган тахмисларни ҳам ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, 7 тахмисдан олтитасига асос бўлган ғазаллар шоирнинг ёшлик ва йигитлик даврларида яратилган бўлиб, улар “Хазойин ул-маоний”нинг муайян девонидан ўрин олиш билан бирга ундан илгариги девонлар таркибида ҳам учрайди. Хусусан, уларнинг биттаси “Илк девон”га, иккитаси “Бадоеъ ул-бидоя”, учтаси “Наводир ун-ниҳоя”га киритилганлигини кузатиш мумкин.
Навоий тахмисларининг “Хазойин ул-маоний”да жойлашиш ўрнини қуйидаги жадвалда кўриш мумкин:
Мухаммас “Ғаройиб ус-сиғар” “Наводир уш-шабоб” “Бадоеъ ул-васат” “Фавойид ул-кибар”
Лутфийга тахмис 1 1 1 0
Ўз ғазалларига тахмис 2 2 1 2
Жами 3 3 2 2
Шу ўринда яна савол туғилади: нима учун Алишер Навоий маълум бир ёшдан сўнг ўз тахмисларини бошқа шоирларнинг ғазалларига боғламай, ўзининг ғазаллари асосида мухаммас битишни маъқул кўряпти?
Маълумки, Алишер Навоий сўзга, хусусан, шеърга юксак талабчанлик билан ёндашган. У ҳар бир жанрнинг қонун-қоидаларини чуқур билгани ҳолда мухаммас жанрига ҳам ижодкор ғояларининг ифодаси сифатида қараган. Алишер Навоий танлаган ғазалда буюк шоирнинг дарду дунёси, албатта, акс этиши шарт эди. Эҳтимол, Алишер Навоий муайян бир ижодий салоҳиятга етишгандан сўнг туркий адабиётда мана шундай шеър намунасига дуч келмагандир, бошқа шоирларнинг байтларида ўз оламининг акс-садосини ҳис этмагандир?! Бу эса бадиий диди юксак бўлган Алишер Навоийнинг ўз ғазалларига тахмис боғлашига олиб келган бўлиши мумкин. Қолаверса, шоир, юқорида кўрганимиздек, “Мажолис ун-нафоис”да туркий тилда ижод қилган Атойи, Гадоий, Саккокий каби йирик шоирлар ҳақида тўхталгани ҳолда фақат Лутфий ғазалларини тахмис битишга муносиб кўрмоқда.
Шу ўринда яна қуйидагича саволлар пайдо бўлиши табиий: мумтоз адабиётимизда ўз ғазалларига тахмис боғлаш ҳодисаси Алишер Навоийгача мавжудмиди? Бу ҳолат Алишер Навоийдан кейин қай даражада давом этди?
Ўз ғазалларига тахмис боғлаш мумтоз адабиётимиз тарихида Алишер Навоийгача кузатилмаган. Навоийдан кейин эса бундай ҳолат баъзи шоирлар, хусусан Хива адабий муҳити ижодкорларида кўринади. Муҳаммад Раҳимхон Феруз давридаги XIX аср Хива адабий муҳитида темурийлар ва Алишер Навоий ижодига қизиқиш ва эҳтиром юксак даражада бўлиб, Ферузшоҳ ўз фаолияти давомида Султон Ҳусайн Бойқарога тақлид қилишга уринган ва Алишер Навоий сингари ўз ғазалларининг аксариятига ўзи тахмис боғлаган . Худди шу муҳитнинг яна бир йирик вакили Муҳаммад Ризо Огаҳий ҳам Алишер Навоий, Фузулий каби улуғ сўз усталарига мухаммас боғлагани ҳолда ўзининг ўнта ғазалини бешлантириб, тахмис ҳолига келтирган .
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Алишер Навоий ёшлик ва йигитлик чоғларида туркий шоирлардан Лутфий ижодига юксак эҳтиром билан қараган ва туркигўй шоирлар орасидан айнан Лутфий ғазалларига 3 мухаммас боғлаган. Кейинчалик (ўттиз ёшдан кейин) ёзган тахмисларига эса ўз ғазалларини асос қилиб олган. Тахмис учун танланган ғазалларнинг деярли барчаси шоирнинг ёшлик ва йигитлик даврида яратилган бўлиб, уларнинг “Илк девон”, “Бадоеъ ул-бидоя” ҳамда “Навоир ун-ниҳоя”да учраши бу фикрни исботлайди. Демак, шоир ўзининг ёшлик ва йигитлик чоғидаги ижодига алоҳида эътибор билан қараган ва бу даврда ёзган ғазалларига ўз ижоди жараёнида қайта-қайта мурожаат этиб турган. Шоир муайян мавзуга доир ғазал ёзар экан, орадан вақт ўтиб, шу мавзуга қайтишга эҳтиёж сезган ва шу тариқа ўз ғазалларини мухаммас ҳолига келтирган бўлиши мумкин. Алишер Навоий ўз ғазалига тахмис боғлаш натижасида мумтоз адабиётимизда мавжуд анъаналарга янгича руҳ бахш этиб, ўзининг новаторлик салоҳиятини намоён этган. Шоир тахмис боғлаш учун ўз ғазалларини танлар экан, улардаги руҳнинг ёшликка хос жўшқин ва шиддаткор эканлигига алоҳида эътибор қаратган. Натижада, биз мазкур тахмисларни ўқир эканмиз, ёши улғайиб бораётган Навоийнинг ички дунёси ва навқирон Алишернинг қайноқ ҳиссиётлари санъаткорона уйғунлашганига гувоҳ бўламиз.
Ижод – сирли жараён. Юксак санъат намунаси бўла оладиган ижодий асарларнинг яратилиши мухлислар учун ҳамиша қизиқ бўлиб келган. Мазкур хулосалардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Алишер Навоий мухаммасларининг яратилиш хусусиятларини тадқиқ қилиш шоирнинг ижод ва илҳом ҳиссиётлари билан боғлиқ тасаввурларни аниқлаштиришга ёрдам беради.