16:44 / 11.07.2014 · Кутубхона
«Кутмаган кунларим, кутган кунларим». Беҳзод ФАЗЛИДДИН

CУЮНЧИ
Оcмонда йиғлаб келдим –
Дардларим майса бўлди.
Ерда битта бўлса ҳам
Бахтсиз камайса бўлди.
Гарчи йиғлаб ҳар кеча
Тунларимни қон қилдим,
Тонгда гулдан тошгача
Табассум эҳсон қилдим.
Азобларинг – муҳтарам,
Мен дардингга харидор.
Товонимни ўпса ҳам,
Тиканларнинг ҳаққи бор.
Юрагимни уйғотган
Ғамларингга минг шукур.
Гардларимни йўқотган
Дардларингга ташаккур!
Энди Сенда парвойим,
Дунёни ютиб кетдим.
Суюнчи бер, Худойим,
Ўзимдан ўтиб кетдим.
2006

ЯШАШГА ЖОЙ БОРМИ?
Лаҳзага тенгма-тенг ўчиб бораман,
Ўзимдан, сўзимдан чўчиб бораман.
Завол билмайдиган манзилни кўрсат,
Томирларим билан кўчиб бораман.
2005

СЎРОҚ
Дилни дилга йўлламай,
Йўлни йўлга уламай.
Ҳеч йўқса, бир гулламай,
Сўлиб кетаверайми?
Танда бор чўғим шу, деб,
Бандалик чоғим шу, деб,
Менинг бор-йўғим шу, деб,
Нолиб кетаверайми?
Кўкламлар нафасида,
Гуллаш арафасида
Тошларнинг орасида
Қолиб кетаверайми?
Қандай кунга кўндим-ай,
Ич-ичимдан синдим-ай.
Ёнингизда индамай
Ўлиб кетаверайми?
Нега жимсиз?!
2004

УМРИМ
Бир лаҳзада осмон меники,
Бир лаҳзада яшаб оламан.
Бир лаҳзада босар ғам юки,
Бир лаҳзада… бўшаб қоламан.
2005

ЙИГИРМА БИРИНЧИ БАҲОР
Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди,
Бу йилдан қушларнинг умиди катта.
Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди,
Гуллаш ярашади унга, албатта.
Кўкариш пайида турибди хаслар,
Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир.
Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар,
Барчаси мўъжиза, мўъжиза, ахир…
Қара, шундоққина ёнингда баҳор,
Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин.
Ҳозир юрагингда қорга нима бор,
Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?!
2004

ҚАЙГА ҲАМ БОРАРДИМ?
Хаёлнинг отида Ойга бораман,
Қушлар етолмаган жойга бораман.
Сал ўтмай, барибир, қулаб тушгайман –
Ушоқча дард билан қайга бораман?!
2005

***
Руҳим чинқиради, мендан тонади,
Уйғониб кетади яна орларим.
Бўғзимни куйдириб сўзлар ёнади,
Қачон туғилади менинг шеърларим?
Минг-минг йилдан бери турибди яшнаб,
Ишонса бўлади илдизларимга.
Сўниб бораяпти ўзимга ўхшаб,
Ота, нима бўлди юлдузларимга?
Лаҳзалар тўкилиб бормоқда баргдай,
Бир куни қақшайман уволларидан.
Қўрқиб кетаяпман, ҳали туғилмай,
Боламнинг эртанги саволларидан.
Юрагим минг битта жойидан синди,
Қачон бошланади Руҳимнинг тўйи?
Фақат битта таскин: ажабмас, энди
Мени одам қилса эртанинг ўйи…
2003

1983 – 2006
Мен йигирма йилдан кўпроқ кечикдим,
Қанча сарсон қилди бу юрак – дайди.
Ҳаёт ниҳолини жуда кеч экдим,
Қачон япроқ ёзиб, қачон гуллайди?!
Кимларнинг ортидан югурдим, шошдим,
Юлдузлар кўз қисиб мени чалғитди.
Яна хато қилдим, яна адашдим,
Гуноҳ лашкарлари жарга ирғитди.
Барглари қор элаб турган лоладай
Нурга ташна пайтда тутунга тўйдим.
Ўтга бориб қайта куйган боладай,
Мен яна ўзимни такрорлаб қўйдим.
Ҳаёт мен толибга қачон бошлар дарс,
Нега энди Яшаш келмас қўлимдан?
Буюк бўлганимда майда тошлармас,
Тоғлар чиқар эди юрган йўлимдан.
Эҳтимол, Бахтга ҳам бордир керагим,
Ҳалол мисраларим қўймас уятга.
Ҳозирча ўзимдай дардчил юрагим,
Қандай хизмат қилгай башариятга?
Майли, оққан сувлар, рози бўлинглар,
Жоним куйганида чанқоқ босдингиз.
Умри зилол бўлсин, дуо қилинглар,
Дардлари уйғонган буюк дўстингиз.
2006

МАНГУ САВОЛ
Нега ўзим билан келишолмайман?
Нега юрагимнинг тили қисиқ – жим?
Нега ўлим билан олишолмайман,
Нега «нега»лардан иборат умрим?
Нега?!
2007

***
Менинг ўлмайдиган оғриқларим кўп,
Кетиб бўлмайдиган дардларим бисёр.
Тилимнинг учида чандиқларим кўп,
Муҳаббат, кўнглимни гуллатиб юбор.
Ҳуда-беҳудага ранжитмай турса,
Тинглаб чарчамайман устоз Ҳаётни.
Кўксимни юлдузлар бўшатмай турса,
Ўкситиб кетмайман Адабиётни.
Илдизи шу қадар мустаҳкаммикин
Жонимда кўкариб ётган иллатнинг?
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!
Худойим, умримни гуллатиб юбор…
2006

***
Мен – ҳаёт боғида омонат япроқ,
Тўкилиб кетаман эрта, индин ё.
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само.
Тангрим азал сени яратмиш суюк,
Қошингда заррача эмасман, зотан,
Шу қадар мангусан, шу қадар буюк,
Минг битта умримга арзийсан, Ватан!
Дунё нима ўзи – савдо бозори,
Яшасам бўларди дўст қилиб танни.
Худо урмасмиди, етиб озори,
Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?!
Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан,
Тўлиб кетмасмиди дўзах ноламга?
Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан,
Ватан қолдирмасам магар боламга?!
Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон,
Сени танимаслик – Руҳимга иснод.
Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон,
Сен бор, у дунёю бу дунём обод.
Менинг забоним – гул, қўлларим – сабо,
Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан.
Ҳали кўп яшайман, аввали Худо,
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!
2002

МАНЗИЛ
Булоқлардан тоза кўзёшман,
Халқдан чиқиб халққа бораман.
Мен шундай бир ўжар қуёшман,
Шарқдан чиқиб Шарққа бораман.
2007

ТУШУНМОВЧИЛИК
Бўлди, йиғламайман, бўлди – кулмайман,
Юрагингни ортиқ этмайман безор.
Ўзимдан бошқани хафа қилмайман,
Ўзимдан бошқага бермайман озор.
Кимларнинг кўнглига қараб кун кўрдим,
Ялиниб бормайман Бахтнинг ёнига.
Кулиб бахтсизларга халақит бердим,
Йиғлаб бахтлиларнинг тегдим жонига.
2006

ХУЛОСА
Ҳали тонг келади тунларни отиб,
Ўлимни кузатиб қўяй юртига.
Бугунимга нима ёзгансан, Котиб,
Кимнинг юрагига борай эртага?
Йиллар ғалвирида қанча эландим,
Босиб кетаверди қорлар изимни.
Томирларимгача Ишққа уландим,
Юрагимга сургун қилдим ўзимни.
Ҳали еллар билан чопса бўлади,
Узайтириш мумкин Бахтнинг умрини.
Ҳаётнинг кўнглини топса бўлади,
Кутиб ўтирмайман Вақтнинг амрини.
Ажал ҳам зерикди, шекилли, роса,
Энди чақирмасам, қайтиб келмайди.
Милёнта дардимдан битта хулоса:
Ўлиб кўрмай туриб яшаб бўлмайди.
2005

ЙЎЛ
Ғариб кунлар бардошимни ичиб борар,
Қай манзилда чанқоқ босай, қайда тўхтай?
Бўғиламан – ҳаволар ҳам қочиб борар,
Бу дунёда мендан бошқа ёмон йўқдай.
Ийманади ғамдан олдин юз очгани,
Орзуларни дил тахтига михлаб қўйдим.
Яна қанча муддат керак кўз очгани,
Мен шундоқ ҳам йигирма йил ухлаб қўйдим.
Увол қилмай – эрмак учун ўлдирмасдан,
Лаҳзаларни капалакдай тутаверсам.
Худойимдан бошқасига билдирмасдан,
Чумолидай ризқим териб кетаверсам.
Етолмасин, мангу ортда қолиб кетсин,
Армонларнинг қушларига дон бермайман.
Андуҳларим мендан олдин ўлиб кетсин,
Қуёшни бир ўпмай туриб жон бермайман…
2006

БАХТ БИЛАН ТАНИШУВ
Қаерларда адашдинг, Дийдор?
Бир чеҳрани ёмон соғиндим.
Кел, ёнимда гуллагин, дилдор,
Сенсиз баҳорлардан оғриндим.
Томчилари тоғлардан оғир,
Юрагимни айламиш нишон,
Кўз юртингда тинмайди ёмғир,
Қуёш менинг қўлимда, ишон.
Исмимни айт, тонглар уйғонсин,
Мени эсла – кулсин ҳаётинг.
Хотиралар кўнглингни олсин,
Асраб келар умримни ёдинг.
Тўйгунича ёғиб олсин, деб
Тан бериш йўқ қору дўлларга.
Тунлари ҳам ёруғ бўлсин, деб
Юлдуз ёқиб қўйдим йўлларга…
Улуғ ишга боғлаганман бел,
Йўлга чиқдим азиз аҳд билан.
Кўзим нури, сен ҳам тезроқ кел,
Таништириб қўяй Бахт билан…
2007

ҚЎНҒИРОҚ
Уйимни тўлдирган жимликни бузиб,
Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ.
Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб)
Гапирар, адашиб тушибди бироқ.
Ўзим билан ёлғиз қоларман яна,
Домига тортади хаёллар – денгиз…
Телефон!.. Жунбушга келади хона,
Яна ўша “Бошқа жойга тушдингиз”.
Наҳот, ҳамма мендай адашган, ёнар,
Саволлар тош бўлиб урилар бошга.
Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар,
Сўраган бегона, сўралган бошқа…
Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон,
Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт.
Юрагим жиринглар – жонли телефон,
Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган Бахт…
2006

КЕЛДИМ
Гуллар ранг алмашиб зерикмадилар,
Дунё товланишдан чарчамади ҳеч.
Ирмоқлар кўксимда бирикмадилар,
Келиб кўзларимдан кишанларни еч.
Бору йўғим билан ўзимга хосман,
Беназир ишқимдан ҳануз кўнглим тўқ.
Қанча юлдуз тўкди пойимга осмон,
Кўз учида бўлсин, қараганим йўқ.
Бошимни эгмоқчи эди ранж-алам,
Мудом борлигингни билиб яшадим.
Сени билмасам ҳам, танимасам ҳам,
Ёдингни машъала қилиб яшадим.
Бахт шундоқ ёнимдан кетди бурилиб,
Ишқ ҳаққи, тилимни тишлаб турибман.
Шунча йилдан бери ўлиб-тирилиб,
Сен учун ўзимни асраб юрибман.
Асло тополмасин қайғу изингни,
Кулавер, ўрнингга мен сиқиламан.
Уйқуларингда ҳам асра ўзингни,
Сенга шамол тегса, мен йиқиламан.
Ой яна бепарво кўчамдан ўтар,
Шошиб Вақтдан олдин қошингга елдим.
Кўзларингни очгин, пардани кўтар,
Қара, тушларингдан чиқиб мен келдим!
2007

ЖОНИМ
Ўт ичида яшаш осонми, Жоним,
Нечуксиз? Жонингиз омонми, Жоним?
Айириб қўйишди йўлларимизни,
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?
Кўнгилнинг юртидан кетиб бўлмайди.
Синовсиз манзилга етиб бўлмайди.
Ахир, муҳаббатнинг кўчаларидан
Юракка тош солиб ўтиб бўлмайди.
Ер, Само биз билан, қисинмайдилар,
Ўткинчи кучларга бўйсунмайдилар.
Тушуниб турибди Худойим бизни,
Нега бандалари тушунмайдилар?!
Одамлар шунчалик ёмонми, Жоним?..
2004

МЕНДАН ЯХШИ ЁМОН ЙЎҚ
Кўнглингизнинг кўшкини ёполмайсиз, барибир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир.
Мингта булбул нағмаси битта изҳоримча йўқ,
Дунёларнинг роҳати зарра озоримча йўқ.
Кўзингизга ўт ёқар кўкка чизиб расмимни –
Иниларим – юлдузлар эслатади исмимни.
Кейин қандай яшайсиз – ҳаволар ҳам ёқмайди,
Оворалар бўлибсиз, менсиз Қуёш чиқмайди.
Изингизга гул отган дунёларнинг кўнгли кир,
Мендан яхши ёмонни тополмайсиз, барибир…
2006

СИЗГА САВОЛ
Кўзингизда турган дардми, армонми,
Севилиш осонми, севиш осонми?
Сизсиз яшолмайман, деб чарчамайсиз,
Жоним, ҳаётингиз шунча арзонми?!
2006

СЕВГИНИ СЕВГАННИ…
Аллақачон тўзиб кетардим, балки,
Ва ё ғамлар мени этарди адо.
Кимнингдир кўнглини олгандирманки,
Юрагимни асраб келяпти Худо.
Ўзи яқин олди мени Ўзига,
Кунда Қуёш бўлиб йўқлаб турибди.
Мен айтган тоза бир Сўз эвазига
Қилдай ҳаётимни сақлаб турибди.
Нимага кўзимда юлдуз кам – Ишқ кам,
Мен ношуд умримни кимларга бердим?
Кўксим нурга тўлиб битта гул эксам,
Орқасидан ўнта ниҳол синдирдим…
Барибир, кўнглимга келаверди У,
Кечирилиб кетди ҳар қандай хато.
Ахир, мен севишни ўрганяпман-ку.
Севгини севганни севади Худо…
2006

***
Кўзингдаги селларингни қуритаман,
Ғамларингнинг тиши сингай – қаритаман.
Зарраман-у, тафтим мингта қуёшга тенг,
Шам бўлсам ҳам йўлларингни ёритаман.
Ҳаётингни хаёлимга ўраб тургин,
Совиб қолсанг, чўғларимдан сўраб тургин.
Фақат ўзинг ўчишимга қўйма мени –
Фақат ўзинг кўзларимга қараб тургин.
2005

МЕНСИЗЛИК
Юлдузлари ичикиб қолди,
Маҳзун энди Ойсиз осмоним.
Сенсизликка кўникиб бўлдим,
Қандай экан менсизлик, жоним?!
Ана, кўзим кўзингдан ўтди,
Қўй, яширма титроқларингни.
Хато қилдинг, ўзингдан ўтди,
Тишлаяпсан бармоқларингни.
Энди нурга бегона юзинг,
Қуёшингнинг ранглари қани?
Сиғмаяпсан ўзингга ўзинг,
Ҳаётингнинг тонглари қани?
Кечаларинг ўзингдай ғариб,
Армонларинг осмондан катта.
Юрагингга термилиб туриб,
Йиғлаяпсан биринчи марта.
Ухлаб қолган кунларинг ҳаққи,
Менинг ўрним бошқа – бўлакман.
Йиғлаб қолган тунларинг ҳаққи,
Мен, барибир, сенга керакман!
2003

***
Қачон кўзларингга султон бўламан?
Қаерда жонингга туташган йўлак?
Кўчангни қидириб нима қиламан,
Менга юрагингнинг манзили керак!
2003

КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ
Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади.
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин.
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман.
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди.
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай…
2001

ОТАМЛАШУВ
Бу дунё – ғалвали уй, дейсиз,
Ҳар жонда минг ташвиш, ўй, дейсиз,
Ўзимга сиғмайман, сиз ҳар гал
Кўп гапирмай, чойдан қуй, дейсиз.
Мен озиб-ёзиб бир боргандим,
Озурда кўнглимни ёргандим,
Йиғламай йиғлашни ўргандим,
Тишингни тишингга қўй, дейсиз.
Кўзимда дунёча ёш бўлса,
Кўксимда бир уюм тош бўлса,
Наҳотки, белбоғим бўш бўлса?
Ҳар нени ҳикматга йўй, дейсиз.
Кечалар бахтимни туш кўриб,
Биргина бошимни қўш кўриб,
Катта бўлганимни хуш кўриб,
Қачон яна элга тўй дейсиз?
2007

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР
Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.
Кўксимга ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.
Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.
Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.
Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…
2006

ЭНГ АЧЧИҚ БАҲОНА
Қорин тинч қўймайди – нон топиш керак,
Ташвишлар судрайди мени ҳар томон.
Ўзини эсидан чиқарди Юрак,
Яшашга вақт қайда, Онажон?!
2004

АЙБНОМА
Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар,
Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси.
Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар,
Онаси кўксида ғамлар шодаси.
Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча,
Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин.
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.
Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли,
Отанинг дуоси бошлагай тахтга.
Нега толеидан йўллари айри,
Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?!
Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки,
Лоақал кўнглини очиб кетмайди.
Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки,
Ўзидан бошқага вақти етмайди…
2007

ШОИР
Ҳамма сўзлар Сеники эди,
Сочдинг, териб олавердим жим.
Бу олтинлар меники энди,
Мен энг бахтли ўғриман, Тангрим!
2006

ОҒРИҚ
Қанча кунлар қазо бўлди,
Жонимизга жазо бўлди.
Биздан кимлар ризо бўлди?
Эгамизга нима деймиз?
Иймон азим дарахтдир хўб,
Япроғидан меваси кўп,
Шохларини синдирдик хўп,
Эгамизга нима деймиз?
Капалакка қўл бермадик,
Чумолига йўл бермадик,
Дил олмадик, дил бермадик,
Эгамизга нима деймиз?
Уйғонгимиз келмас сира,
Кўзимизни босган шира,
Борган сари кўнгил хира,
Эгамизга нима деймиз?
Шайтон бунча соҳибжамол?!
Қонимизда топар камол,
Ҳаётимиз – битта савол:
Эгамизга нима деймиз?
2007

БИЗ
Кўҳна хотиралар маҳзун кўз очди,
Ҳаёт қозонида кўпайди камлар.
Қуёш чиққанига минг йилдан ошди,
Нега уйғонмайди одамлар?!
Қадамлар ножўя, қадамлар оғир,
Гиёҳлар кўзида оби зам-замлар.
Юзини яшириб йиғламоқда Ер,
Нега ишонмайди одамлар?!
Қўлларида Чўғни асрагай қандай,
Наҳот, ўчиб борар асрий бу шамлар?
Жаннатга буюртма бериб қўйгандай,
Нега шошилмайди одамлар?!
Шабнамлар алвидо айтдилар сокин,
Бир нурли висолдан титраган дамлар.
Бу тонг охиргиси бўлиши мумкин…
Нега тушунмайди одамлар?!
2008

ЎЗИГА
Чақирсанг, ҳеч қаерга чекинмасдан келдим-ку,
Тоғларнинг орқасига бекинмасдан келдим-ку.
Қарғаларнинг тилига инсоф тилаб яшадим,
Ўзимдан бошқасига тегинмасдан келдим-ку.
Энди ҳолимни сўра.
Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман,
Мен дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман.
Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди,
Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман.
Энди кўнглимга қара.
Совиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай,
Нурларингнинг бағрида кирларимни йўқотай.
Бўшаб қолган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам,
Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?!
Энди ҳолимни сўра.
Мен бу ерга Сен учун эгилгани келганман,
Лолаларнинг кўзига тикилгани келганман.
Ишонтирсанг, ҳукмингни бажармасдан кетмайман,
Ҳаммаёқни гуллатиб, тўкилгани келганман.
Энди кўнглимга қара,
Энди ўзимга қара…
2005

***
Ризқим тош бўлса ҳам, ҳалол эт – қанд қил,
Мени мендан қутқар, Ўзингга банд қил.
Тубанда юзимни йўқотаёздим,
Мени юрагимдан бошлаб баланд қил.
2007

***
Юролмайман, оёғимда лойларим кўп,
Кучукчалар тишлаб олган жойларим кўп.
Осмонларга даъвогарлар бисёр экан,
Чап кўксимда чиқмай ётган ойларим кўп.
Юрагимни кемиради минг битта ўй,
Наҳот, энди ялпизларим сочмайди бўй?!
Мен бандангнинг қўлларига ишонмайман,
Тангрим, энди Ўзинг мени турғизиб қўй!
2003

катта–КИЧИК
Ҳаёт гулларига энг мард харидор,
Бўлса ўзларига суюк юклари.
Тошларни уйғотган нурдай хокисор,
Кичкина қалбларнинг буюкликлари.
Юзларин Қуёшга тескари бурар,
Булут кўзларидан кетмайди нари.
Мудом ҳаётингни эговлаб турар
Катта одамларнинг майдаликлари.
2007

ҲАЁТ СПЕКТАКЛИ
Кечаги ёш бола бугун кемшик чол –
Биров туғилганда биров ўлади.
Яна ўша ўзим хоҳламаган рол…
Дунё томошабин бўлиб кулади.
Одамларга айтар бошқа гапим бор,
Тугаб боряпман-у, нега барча жим?
Мени маъзур тутинг, жаноб Режиссёр,
Бахтлилар ролини ўйнаб чарчадим…
2006

ҲАСРАТ
Ярам ўтиб кетди жон-жонларгача,
Ҳали кўп инграйман азонларгача.
Ўйлаб чарчамайман қачонларгача
Армон гулларига илдизлигимни?
Кўзимга туманлар кутади кимлар,
Изимга тиканлар отади кимлар,
Сўзимга кишанлар тутади кимлар,
Билиб осмони йўқ юлдузлигимни.
Мудом кўз остидан чиққан арилар,
Умримдан гуноҳлар йиққан арилар,
Бировнинг нишида чаққан арилар
Билмасми булбулмас, қўнғизлигимни?
Юрагим – оёқлар тиқилган чашма,
Ҳали бир томчимга қиламан ташна,
Юзимга солишинг шарт эмас, ошна,
Ўзим ҳам биламан ёлғизлигимни…
2002

ЖОНДАН ЎТДИ
Тоққа чиқай, десак, тошлар қўймаса,
Кўзга ёқай, десак, қошлар қўймаса,
Яшашга мана бу бошлар қўймаса…
Бизга ҳам аталган дунёлар борми?!
2006

ОЙГА ТЕГМАНГ
Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз.
Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни?
Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз,
Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни?
Бирга Ҳақнинг айвонига боради, деб,
Қалдирғочлар қўлларимдан тутиб олган.
Ҳеч бўлмаса, паноҳ сўраб беради, деб,
Оёғимга кийикчалар ётиб олган…
Ёмонларга пастлагим йўқ, асли, лекин,
Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман.
Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин,
Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман.
Нурга қайтинг – рўёларни кетказасиз,
Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг.
Бу кетишда умрингизни ютқазасиз,
Ўзингизга шафқат қилинг – Ойга тегманг.
2005

***
Ялинчоқ эмасман, кибриммикан бу?
Ўзимнинг ўзимга жабриммикан бу?
Яшашим мумкин-ку жонимни сийлаб,
Тош тишлаб юрибман, сабриммикан бу?!
2003

«Сен қачон гуллайсан» (2008) китобидан.

***
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам…)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам.
2008

УЙҒОНИШ
Кўзларимдан оловлар сачрар,
Қафасдаги шердай оғриндим.
Ҳувиллаган одамзор ичра
Ҳаёт, Сени жуда соғиндим!
Кундалигим бир хил: уй, йўл, иш…
Қаноти йўқ қушга ўхшайман.
Ташвишларнинг ортида ташвиш…
Бу туришда қачон яшайман?
Қайда эшик очдим ғавғога?
Йўл бошида йўқотдим йўлни.
Оз бўлса ҳам тоза ҳавога
Олиб чиққим келар Кўнгилни.
Ёниб кетгим келади бирдан,
Адо қилди тунга шериклик.
Некбин-некбин нигоҳлар билан
Бугун сенга зорман, Тириклик!..
Юрагимда орзугул унар,
Умид тинмай қилар қўнғироқ.
Борган сари кўзларим тинар –
Борган сари Қуёш яқинроқ…
2008

УЗУН ОРЗУ
Бирдан қанот ўсиб чиқса елкамдан,
Учсам. Ҳаммасини унутсам. Кетсам.
Асар ҳам қолмаса шум кўланкамдан,
Армон етолмаган манзилга етсам.
Қувиб тутолмаса ортимдан лаъин,
Муҳаббат ўртада бўлмаса даллол.
Худди шу энг мақбул, тўғри йўлдайин –
Учишим ҳеч кимга келмаса малол.
2008

БОЗОР
Бугун ҳам пул эмас, Нур излаб чиқдим,
Нигоҳларим тоза – кўзимда кир йўқ.
Яна назари оч тўпга йўлиқдим,
Одамман деган кўп, юзида нур йўқ.
Қандай юрак очай юраксизларга,
Наҳот, шуларни деб тўкмоқчиман тер?
Ёрдам бергим келар маҳбус сўзларга,
Гаплар осмондадир, пойгакларда Шеър.
Яшаш ҳадисини билмасман, балки,
Инсонлик илмидан олурман таълим.
Ҳалолликдан сабоқ берарми ёки
Ўзи амал қилмас Ҳаётмуаллим?
Тошларни чайнашга темир тишим бор,
Чўкиб кетмасликка топарман қудрат.
Меншунослар билан нима ишим бор,
Бу йўлдан кўз юмиб ўтгум йўқ фақат…
2008

ЭСКИ ҲАҚИҚАТ
Дунё эски, ташвишлар эски,
Навқирондай бу ғамлар кўҳна.
Қарсак чалиб топамиз таскин,
Ҳаёт ўзи эски бир саҳна.
Гар пихини ёрган фуқаро
Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни,
Ечолмаслар минг йиллар аро
Севги деган эски тугунни.
Ким бировни йиғлатиб кулар,
Шу ўйинлар менга қизиқми?
Ё ўчириб берарми улар
Пешонамда турган ёзуқни?
Фақат сира тинч қўймас бир ҳол,
Ўйлатади дунё ишлари:
Нигоҳлари маъюс мажнунтол,
Чинорларнинг хўрсинишлари…
2008

ЎҒИЛ
Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?
Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.
Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.
Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.
Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.
Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.
2008

“УЧЛИК”ЛАРИМ
Сўқирнинг қўлига шам берма, дедим,
Ҳаёт кафгирига дам берма, дедим,
Мендан бошқасига ғам берма, дедим.
***
Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ,
Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ,
Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?!
***
Товланишни бас қил, зарга оғмайман,
Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман,
Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман.
2008

ЖАВОБ
Мени тушунмади тушунганларим,
Уларни тингладим, ўзимни тийдим.
Ишонмай қийнади ишонганларим,
Митти озорларни кечирдим-қўйдим.
Ёт сўзга беркитдим қулоқларимни,
Ҳақгўй кўзларимни атадим ғаним.
Шамоли ўчирди чироқларимни,
Мендан кечиб кетди кечмаганларим.
Дўстлар, дўстларимга айтинг, шошмасин,
Арзонга учмасин сотмоқчи бўлса.
Хиёнатида ҳам майдалашмасин,
Каттароқ тош отсин отмоқчи бўлса!
2008

***
Қолган чақаларни эслагим йўқдир –
Чироқ бўлолмайди ортимда, ўлсам.
Фақат нур сўрадим, фақат нур йиғдим,
Фақат меҳр олдим, қарз олган бўлсам.
2010

***
Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг…
Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг…
Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг…
Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг…
Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпадир, кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг…
2009

ДОВОН
Шу халқ ўссин, шу юрт кўкарсин,
Изга тушиб кетар қолгани.
Бошин мангу баланд кўтарсин,
Олтин бўлсин тош деб олгани.
Омон ўтди йиллар заҳридан,
Туришлари мардона бўлди.
Ғаним эриб кетди меҳридан,
Оқибати афсона бўлди.
Бек боласин қадами шахдам,
Бағри бутун, илиги тўла.
Гижинглаган тойчоқлари ҳам
Ёв дилига солар ғулғула.
Эндигина тонглар отганда
Парчаланмас азалий тоқат.
У кунларга қиёс этганда,
Бу кунларнинг заҳмати – роҳат.
Юракларда бирдамлашайлик,
Суягани етар қудрати.
Ўзимиздан баланд яшайлик,
Шу юрт ҳаққи, шу халқ ҳурмати.
2009

***
Онангнинг эгнига камзул бўлмаса –
Ҳар дайди шамолдан асраб тургани,
Отангнинг қўлига омбур бўлмаса –
Ёғочлардан нобоп мих суғургани,
Синглингга сарупо, сеп йиғилганда
Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик,
Ташвишлар укангга зўрлик қилганда,
Ҳимоя этмаса бир билакчалик,
Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб,
Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса,
Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб,
Эгилган элингга тиргак бўлмаса…
Шу шеърни тўқимай турганинг яхши,
Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича,
Шу шеърни ўқимай турганинг яхши,
Оламни хотиржам этмагунича…
2009

ЁЛҒОН
Илож йўқ, бошқа бир йўли йўқ,
Рост гапни ичимда асрайман.
Кўнглимнинг кўнглини қилиб тўқ,
Сен буюк бахши, деб алдайман.
Кўчаси чанг қилди эгнимни,
Шу гаплар, оҳ, менинг тенгимми!
Умримга доғ сочган севгимни
Ҳаётим нақши, деб алдайман.
Ўзимга тинмай чоҳ қазарман,
Сал қолса, ақлимдан озарман,
Шу экан аввалу азалдан
Дунёнинг иши, деб алдайман.
«Аҳволинг тузукми, той болам,
Шоирим – орзуга бой болам».
Дардимни билмайсиз, жон онам –
Ҳаммаси яхши, деб алдайман.
2009

***
Гул каби сочилди мен гул тутганлар,
Менга кўз тикканлар ўйларимда йўқ.
Мен юзга гардини тавоф қилганлар
Кўнглимнинг кўксига санчиб кетди ўқ.
Гул каби сочилди мен гул тутганлар.
Изимга зорларни зор этдим баттар –
Кўксимдан музларни аритмадилар.
Ҳеч қўрқмай умримни ҳадя этганлар
Бир бор тушларига арзитмадилар.
Изимга зорларни зор этдим баттар.
Ким эдим?.. Нимага айландим бугун?
Саробга интилган дунёпарастман.
Қўл етмас юлдузман бировлар учун,
Севгимнинг қошида хасча эмасман.
Ким эдим?.. Нимага айландим бугун?
2009

***
Армонқизнинг кўзи баттар сузуклашди,
Шеърим ўқиб кимнинг ҳоли тузуклашди?
Қалам тутиб қўлим фақат нозиклашди –
Уйда ўтин ёрганларим яхши эди.
Дил безиллар бу бемаврид шамоллардан,
Саволлардан қочиб бўлмас, саволлардан,
Чарчадим-ай оғир-оғир хаёллардан –
Кетмон чопиб ҳорганларим яхши эди.
Ўйлайверсанг ўйдунёнинг ўйи битмас,
Қўли узун ташвишларнинг тўйи битмас,
Унда бобом бошлаб кетган уйи битмас –
Қишлоқда лой қорганларим яхши эди.
Тутам умрим тўлиб борар туманларга,
Ёмонларга ўлим йўқми, ёмонларга,
Ўзим билан борса келмас томонларга,
Худо ҳаққи, борганларим яхши эди…
2011

ОЧИЛМАГАН МАКТУБ
Дада!
Ҳаммасини кўриб, билиб турибсиз –
Чидаб бўлмайдиган феъл-атворим йўқ.
Сал елкамни қисиб ўтсам, тийиқсиз –
Кесаклар бирлашиб дўқ уради, дўқ.
Мендан нима кетди – қўлимдан келар
Замонсоз юзларга нур сўраб яшаш.
Ҳар махлуқ устимдан кулмоқчи бўлар,
Баъзан оғир ботар Одамга ўхшаш.
Омад ҳам беғараз йўқламас, ёҳу,
Билиб туриб атай бой бердим нақдни.
Керагидан кўпроқ имкон берди-ю,
Ҳеч раво кўрмади энг зарур Бахтни.
Ўзимга ўзимни обдон талатиб,
Томошаталаблар ўйин кутдилар.
Аҳёнда бир қошиқ асал ялатиб,
Ортидан косалаб оғу тутдилар.
Билмайман, не сабаб омондир бошим,
Нега тарс ёрилиб кетмайди юрак?
Кўзимда тош каби қотади ёшим,
Дардимни ололмай сўзлар жонсарак.
Тушунгим келади, етмайди ақлим,
Ҳеч эплай олмадим ишонтиришни.
Биласиз, бурнимнинг учида жаҳлим,
Сиз ҳам талаб қилманг тушунтиришни.
2009

МУСОФИР
Шеърларимнинг сочлари оппоқ,
Ўйчан сўзлар юзида ажин.
Боққин, ахир, Онажон, бир боқ,
Ўғлинг нега бунчалар ғамгин?!
Балки, жуда эрта улғайди
Юрагимда гуллаб ётган дард.
Кўзларимда тунлар ухлайди,
Ҳалқа-ҳалқа ёшларимни арт.
Кечагина подшодай эдим,
Атрофимда минглар парвона.
Баридан воз кечиб мен энди
Бир сўққабош далли-девона.
Кун қариди, совиди чойинг,
Пахта гулли пиёланг маъюс.
Йиғмай менга тўшаган жойинг,
Дарвозадан ҳатлаб ўтди Куз.
Не кўйларга солмади Орзу…
Ногоҳ учиб борсам қошингга.
Оғушингга гўдакдай ол-у,
Меҳрлар бер мен бебошингга.
Ҳали жуда ёшсан, чироғим,
Армон сени йўқламайди, де.
Эркалаб айт: Ўйинқароғим,
Ўғил бола йиғламайди, де…
Дунё ҳақда ортиқ билгим йўқ,
Ҳар не дедим, барчаси – бекор.
Шоҳ бўлгим йўқ, шоир бўлгим йўқ,
Бугун фақат боланг бўлгим бор.
2010

ҲАВАС
Ухламагим келяпти.
(Жиянимнинг хархашаси)
Эркалангин, болажон,
Қанд-қурс тўлсин қўйнингга.
Катта бўлсанг бир замон,
Ким ҳам қарар кўнглингга.
Майли, ётма, ухлама,
Ўйна ҳолдан тойгунча.
Тушиб қолмасин яна
Оғзингдаги мойкулча.
Қуйилмайди қариб ҳам,
Улар сендан баттар шўх.
Хафа бўлма, жиянчам,
Катталарнинг эси йўқ.
Текканида дам-бадам
Ташвишларнинг калтаги,
Сиз яхшисиз ҳаммадан,
Деб мени ҳам алдагин.
Кунларим эртак – хомуш,
Ишонмагим келяпти.
Болалик – энг ширин туш,
Уйғонмагим келяпти.
2009

***
…чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим,
чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт.
чунки билиб-билмай ниятни буздим,
чунки еру кўкдан бўлмади нажот.
чунки ўзим билан келишолмадик,
жиндаккина ақлим эгмади бўйин.
имкон ила вақтни бўлишолмадик,
чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин.
чунки изғиб юрар бунда қора руҳ,
баттар авж олдириб ҳазин оташни.
этимни чимчилар совуқ бир андуҳ,
чунки истамадим осон яшашни…
чунки…
2009

ОСМОНДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР
Еру осмон ораси – ҳаёт,
Сафаримнинг номи – алданиш.
Бунда менга ҳамма нарса ёт,
Бунда менга ҳаммаси таниш.
Ёпилмоқда илинж дарчаси,
Кўчишлардан бўлганман ҳориб.
Унутмоқчи эдим барчасин
Пўлат лочин бағрига кириб.
Бир ён булут, бир томон туман,
Қайга олиб қочай кўзимни?
Ҳар йўловчи нигоҳи билан
Тафтиш этдим яна ўзимни.
Учган сайин улғаяр ғуссам,
Хавотирнинг кўзлари лўқдир.
Бир он мизғиб олайин десам,
Осмонда ҳам ҳаловат йўқдир.
Тошкент – Москва – Берлин
2009

***
Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.
Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ,
Кун қочиб боради изимдан.
Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни… синдириб ташладим…
2009

***
Ортиқ ушлаб турмай, очиқ осмонга
Қўйиб юбораман юракни – шарни.
Аста сингиб кетар мовий майдонга
Паналаб ўтгандай машъум хатарни.
Ҳеч ким ниқтамаса, ҳеч зоғ тегмаса,
Боладай ўйноқлар завққа берилиб.
Қўрқаман, кўкда ҳам озор чекмаса,
Ёрилиб кетмаса эди, ёрилиб…
2009

***
Не ҳикмат дилингнинг яролиғида,
Беадоғ тахайюл йўлига жим боқ.
Кутиш ва куттириш оралиғида
Йигирма йил ўтди – қолгани жумбоқ.
Нимадир етмади, яна, кимдир кам,
Балки, омадсизлик эди омадим.
Улгурса бўларди тозаришга ҳам,
Яшашни билдим-у, яшай олмадим.
Гоҳи уялтириб, гоҳи уялиб
Бирма-бир жон берди дақиқаларим.
Шунчалар ишондим, келдим суяниб –
Ҳаққа элтгаймикан ҳақиқатларим?
2009

АНГЛАШ
Йилларим жам бўлиб Кунга айланди,
Ёлғонлар йиғилиб чинга айланди.
Бутунлик касб этди сочилган заррам,
Менларим бирлашиб МЕНга айланди…
2008

***
Беҳуда чиқиллаб толиқди соат,
Лаҳзалар карвони бўлолмади жам.
Қиёфа жангидан чекинди сурат,
Ўзини кутишдан тўймади Одам.
Йиллар оқиб кетди – юзлари сўлғин,
Таъмини йўқотган туйғулар тахир.
Тонгни бедор кутди безовта, дилхун,
Илинжнинг ўлгиси келмайди, ахир.
Қадарда борига қилмади зарда,
Сўзласа, сукутдан баланд сўзлади.
Валекин энг сўнгги сонияларда
Илиниб қолмаса эди кўзлари…
2009

НОМА
Настарин гуллари муштоқ хатимга…
Ёдингиз бағрида тунларим оқдир.
Қайси хизматимга, қай заҳматимга
Мени зулфингизга боғламиш тақдир?!
Ғуборлар текизмай хаёлингизга,
Ҳаёни нарига қувмай севасиз.
Юрагимни тугиб рўмолингизга,
Сиз айтмай севасиз, “севмай” севасиз.
Бемаврид хатарни пайқаган қушдай,
Қаёққа беркинди туйғулар – инжа?
Хунобдир амалга ошмаган тушдай,
Гумон кўксингизга сололмас панжа.
Кўнгил қўрғонига етказмас шикаст,
Парволар қилмайсиз ёмғирга, дўлга.
Куйдириб кетолмас – тафти жуда паст,
Сув сепиб қўясиз ҳижронли йўлга.
Улар севгим каби шаффоф, бетамаъ,
Юзга солмас олис гуноҳларимни –
Боғимга бегона хазон, деб яна
Супуриб юборманг нигоҳларимни…
2008

***
Cевги, о, гуноҳдошим,
Тўполончим, бебошим!
Юрагимга тош отдинг,
Синай деди бардошим.
Ҳеч гапимга кирмадинг,
Йўл бошладим – юрмадинг.
Ёш боладай ортингдан
Чопганимни кўрмадинг.
Гоҳ тирилдим, гоҳ ўлдим,
Гадо бўлдим, шоҳ бўлдим.
Эшитмадинг, шекилли,
Янгиланган оҳ бўлдим.
Ҳисларимни ўйнадинг,
Панд беришни қўймадинг.
Ўзинг уни кўрсатиб
Яна мени қийнадинг.
Қилармисан тасаввур:
Ё муҳаббат, ё ғурур.
Бир сўз айтар севганим,
Минг йилгача чидаб тур.
2008

***
Бундан буёғига бодомлар бедор,
Бундан буёғига бутоқлар бежо.
Балоғат бўйлаган боғларда баҳор,
Бунчалар беқиёс, бунчалар барно!
Кела қол, новдалар қўймасин гуллаб,
Яшнамоқ фаслини ўзинг бошлаб бер.
Қадаминг тафтидан ёнсин ловуллаб,
Интизор йўлларга нигоҳ ташлаб бер.
Бежиз лаб очишга ошиқма бир дам,
Ҳали маврид келмас хайру хўшларга.
Гулларга сабоқ бер вафо илмидан,
Муҳаббат қўшиғин ўргат қушларга.
Бўйларинг атрига ғунчалар хумор,
Нафасингни сезиб тонглар жилмайди.
Оний табассуминг каби бетакрор
Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!
Кўзларим қаърига кўмилар олам,
Дилни даста-даста ашъор қилган – Сен.
Сен каби яшнашни билмайди кўклам,
Кел энди, баҳорни баҳор қилган – Сен.
2010

***
Кўзларимга ишон, қўлларингни бер,
Ахир, ғамларингни тугатмоқчиман.
Ўзим билмайман-у, лекин, барибир,
Мен сенга яшашни ўргатмоқчиман.
Кел, илми ушшоқни ўзлаштирайлик,
Бирга нажот топсин бу яримжонлар.
Орзунинг исмини ўзгартирайлик,
Имконлар навбатда турар, имконлар.
Кўнглингдан ўзгага қулоқ солмагин,
Чорла, безовта қил, тушларимга кир.
Аммо аро йўлда туриб олмагин,
Фақат кетмасингга мени ишонтир.
2008

***
Юракка айландим бошдан то охир –
Кўзим юрак бўлди, вужудим юрак.
Сурату сийратда улуғ Ишқ зоҳир,
Қолгани афсона, қолгани эртак.
Қошимда япроқдай титради Дунё,
Қўлларим чўзаман – узилгиси йўқ.
Хазонга дўнишни истамайди, ё
Бедиллар пойида эзилгиси йўқ.
Коинот самовий зийнат уфурар,
Яна кўзларимда жилваланди Нур.
Юрак эканимни эслатиб турар,
Шу ёруғ Дунёнинг борига шукур.
Юракка айланиб сирлашар оқшом,
Тим қора денгизда Оймома сузар.
Тошиб турар Офтоб – туйғу тўла жом,
Юракка ўралган ҳар нарса гўзал.
Тобора маҳкамроқ юмаман кўзни,
Барча дилсизликка бергандай барҳам.
Менинг юрагимга жо қилиб ўзни,
Юракка айланиб бормоқда олам…
2010

***
Севги ёмон, севги дилозор,
Бор-будимдан мени айирди.
Андишасиз меҳмондай беор
Дил уйига сўроқсиз кирди.
Чеҳрасида жозиб табассум,
Бир чиройли ҳислардан ийдим.
Беихтиёр – билмасдан ўзим
Уй тўрига ўтқизиб қўйдим.
Эъзозладим, бағримни очдим,
Хизматида бўлдим эрта-кеч.
Дастурхонга боримни сочдим,
Шунданмикан, кетгиси йўқ ҳеч.
Кундан-кунга бўлди яқинроқ,
(Ё мезбонни ёқтириб қолди.)
Хаёлимга ташлади қармоқ,
Мени буткул оғдириб олди.
Ғуруримга кейин солди чанг,
Ўзлаштирди ичу сиртимни.
Ҳеч қанақа қўшинсиз – бежанг
Ишғол этди Кўнгил юртимни…
Энди нажот сўрайман кимдан?
Ё бўшатгим келмас майдонни.
Ҳайдолмайман ҳануз умримдан
Севги отли гўзал шайтонни…
2008

***
Шу кеча эртагин тугатмаса қор,
Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак,
Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак,
Майлига, кечикса кечиксин баҳор.
Эртани ўйлама, чўчима сира,
Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди,
Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди,
Ҳар босган изимиз биллур хотира.
Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини,
Оҳиста чекиниб тун пардалари,
Юзингда порласа ой парчалари,
Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини.
2008

САС
Соя солмиш сабримга Соғинч,
Саратонда сенсиз совқотдим.
Соҳилларда сарғайди севинч,
Сирларимни сўзларга сотдим.
Сочинг силаб саболар сархуш,
Сезмайсанми, сездирмайсанми?
Савол сонсиз, ситамлар серпушт,
Севмайсанми, севдирмайсанми?..
2010

КЎНГИЛ
Ҳеч бўлмаса, хафа бўлдим, де,
Ё бўлмаса, бирор сўз айт, ҳой!
Фақат бундай қарама менга,
Кўзим тегиб синиб қолган Ой.
2008

СЕН
Биз икки соҳилда бирдай қийналдик,
Хумор кўзларингдан тўкилди олмос.
Энди қандай яшай – руҳимда ҳадик,
Сени кўрмасам ҳам, кўрсам ҳам бўлмас.
Кўксимда юлдуздай сўзлар асрадим,
Бир куни бахтингни порлатадиган.
Севги – бўғзимдаги кўҳна ҳасратим,
Кўнглимни самога ўрлатадиган.
Нима учун ёндим, авж олдим нега?
Дардим-ла дардингни олмоқчиман-ку!
Руҳинг унутмасми мени эртага,
Сен билан Худога бормоқчиман-ку!
2008

ҒАЛАТИ ХОББИ
Мен унинг қалбига кирмадим ўйнаб,
Боқсам, кўзларидан ҳасрат ёғарди.
У лаззат оларди ўзини қийнаб –
Мендан хафа бўлиш унга ёқарди.
2008

***
Мен сизга бегона бўлмоқчи эдим,
Жой бергим йўқ эди ҳатто тушимдан.
Шундоқ ҳам ҳар нарса тиғиз дунёда
Ўй-ташвиш айирай дейди ҳушимдан.
Муттасил кимнидир ахтариб келдим,
Мўлтираб ҳар ёнга боқдим интизор.
Шу қадар девона яшарми эдим,
Башарти ўзимда бўлса ихтиёр.
Сиз-ку аллақачон кечар эдингиз
Ўртаниб, ўртаган ғариб Мажнундан.
Таассуф, ҳаммаси ҳал бўлиб бўлган
Кўзингиз кўзимда жилмайган кундан.
Шеър қилиб сочаман бутун дардимни,
Соғинсам, беркиниб оламан тунга.
Сиз хира хотирот аро гирёнсиз,
Ҳали ҳам бегона бўлолмай менга.
2009

***
Ёлғиз-ёлғиз хаёллар сурдим,
Маломатнинг ҳиди ҳар ерда.
Тушларимда тентираб юрдим –
Юрагимнинг ярми қаерда?
Шовуллайди беором боғлар,
Ҳар япроқда ҳасрат гупурса.
Уваланиб кетарди тоғлар,
Бир азиз бош елкамда турса…
Азоб роҳат қилар қонимда,
Сингиб борар жонга нур тафти.
Учай дейман – йўқсан ёнимда,
Қайлардасан, қанотим жуфти?
2009

***
Ҳар кимга ҳам насиб этмайдиган Бахт
Зарра нигоҳимга бўлганида зор.
Жавобимни кутиб пойлаб турса Вақт,
Барини рад этсам такрор ва такрор;
Мазлум кўзёшига қоқилмай деб бот,
Дорда юрган каби ҳушёр қадам-ла –
Қўлларимда лангар, сўрасам нажот,
Саодат тонгига элтса бу ғамлар.
Ногаҳон Руҳ қуши тилга кирганда,
Асли ким эканим туйқус англадим.
Сип-силлиқ кўчалар чорлаб турганда,
Мен шу бахтиқаро йўлни танладим.
Нечун чорлайверар сир тўла само?
Балки, кимдир бизга илҳақ кўкда ҳам.
Учиб кетгим келар юлдуздай, аммо
Ерда Одам танқис, бунда Одам кам.
Ҳамон имлайверар юлдузлар зимдан
Тангрининг беминнат назари ила –
Оёқ узгим келмас мушфиқ Заминдан,
Видолашгим йўқдир майсалар билан!
2011

***
Алам қилмай қўйди ҳеч бири,
«Чиқ» дейди-ю, ўзи чиқмас Вақт.
Мен Ҳаётни борича суйдим,
Ҳар томонда, ҳар қадамда Бахт.
Озор санчмас юракка ортиқ,
Бу гулларнинг ифори ўзга.
Кечаги жўн, совуқ одамлар
Жуда иссиқ кўринар кўзга.
Аллақачон овутиб олдим
Кўнглимни(нг) шўр кўз ёшин артиб.
Ҳаммасини кечириб бўлдим
Ўзгалару ўзимдан тортиб.
Қандай ёвуз кучлар бор бунда,
Билмаганим яхши – билмадим.
Ғўр мавсумдан розиман, шаксиз,
Хато қилиб хато қилмадим…
2009

***
Ҳар лаҳза тийилиш азобига банд,
Юрак – қафасдаги некбин орзуманд.
Зулмат мил тортишга чоғланар ҳарчанд,
Мудом шамси анвар кўзимга пайванд.
2010

?..
Йўқ, ҳали олдинда видо онлари,
Фақат бир қайрилиб ортимга боқдим.
Мени деб ёришди кимнинг тонглари,
Кимнинг қароғига шамчироқ ёқдим?
Йиртиб отмайдиган шеърларим борми?
Менга қарши гувоҳ бўлмасми сўзлар?
Ранжитганим йўқми қишни, баҳорни?
Рози кетдимикан меҳмон ёз, кузлар?
Бир куни Юрагим тилга кирганда,
Суйганим ўзимга бўлмасми зиён?
Кўзларим барини сотиб турганда,
Мени қутқаргани келарми Иймон?
Қандай бўлар экан ишонч меваси?
Эккан-тикканларим пушмон бермасми?
Оғир ботмасмикан қалбим шеваси?
Қаттиқроқ йўталим исён эмасми?!.
2008

***
Чиқиб кетса эди шу иблис қондан,
Сўнг топа олмаса мангуга изим.
Бир Ҳаёт бошласам ўшал ҳур ондан,
Ўз олдимда шувут бўлмаса юзим.
Қайтадан тозарсам – севсам қайтадан,
Чалғитмаса машъум хаёллар бир зум,
Арш сари зиналар қўйсам тавбадан,
Саодат асрини эслатса умрим…
2010

ТАВАЛЛО
Ҳар ким ўз қисмати қошида ёлғиз,
Гарчи атрофимда дўстлар бор – холис,
Улар уммондаги хас каби ожиз,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Оғир бу йилларнинг тоши енгилми,
Биров ечолмади тилсим севгимни,
Учратмасанг, қайдан топай тенгимни,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Умримни чўқилаб зоғлар алмашди,
Йўқолиб-йўқолмай доғлар алмашди,
Елкамдан тушолмай тоғлар алмашди,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Ўйларим кишанда, кўнглим кишанда,
Сўрадим – сўрашни қилмадим канда,
Авлиё бўлса ҳам бандаси – банда,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ.
Савобу гуноҳда беқарордирман,
Ажаб, шу ҳолимга сервиқордирман,
Умидсизлик аро умидвордирман,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ!
2009

ТАҚВО
Улар ўктам, минг бор шижоатлироқ,
Кеча-кундуз қойим, қўлида тасбеҳ.
Яратганга мендан итоатлироқ,
Ҳар нега соатлаб изламас ташбеҳ.
Шамол шовқинидан бежоланмайди,
Тунлари дув-дув ёш тўккани билан.
Шохларин силкитиб ҳаволанмайди,
Кунда бир мўъжиза туккани билан.
Ҳар нечук, қисмати ойдин экан-да,
Ғўдир пешонаси бунча ярақлар.
Бош эгиб ҳам ўсиш мумкин, дегандай,
Таъзим қилиб турар мулло дарахтлар.
2010

***
Масжидга ўхшаса эди бу дунё,
Ишонч бирлаштирса одамиятни.
Оқибат дегани бўлмаса рўё,
Ҳеч кас йўқотмаса ор, ҳамиятни…
Ҳамма тарқалмоқда дилга бериб зеб,
Яна оташ олди юракда бир Чўғ.
Меҳримни эҳсондай улашайин, деб
Ташқарига чиқсам, пойабзалим йўқ.
2010

***
Юборсанг Ўзингнинг ёнинггга юбор,
Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир.
Кўзимдан ўтолмай саргашта ғубор,
Номингни айтганга нажот бор, ахир.
Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим,
Бошқани ўйламай, бошқани демай.
Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим,
Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай.
Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан,
Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла.
Тазарру мендандир, мағфират Сендан,
Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.
Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй.
Тоабад дунёга ишқим тушмасин.
Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй –
Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.
Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда,
Осий ҳисларимни буткул даф этгин.
Вужудим бахшида, Руҳим бахшида,
Севгимни Севгингга мушарраф этгин.
2010

ЎРТАР
Ғуссалардан олтин қафас қургандайман,
Лахча-лахча чўғ устида юргандайман,
Бу дунёда ижарада тургандайман,
Толеъ деган қилмас писанд, Машраб бобо.
Енгилгина қўшиқлари ялло-ялло,
Оёқларнинг остиндаги лойми, тилло?
Каминанинг тахаллуси чаламулло,
Тутумим ҳам шунга монанд, Машраб бобо.
Нега келдим манов ғурбат маконига?
Тутиб бердим ўзимни ғам пайконига,
Кўзим куйди кириб севги дўконига,
Жандангиздан олмадим панд, Машраб бобо.
Томиримдан куйлар оқар – сувораман,
Кўзёшлари завқ улашган фаввораман,
Ўз-ўзимни авраш билан овораман,
Кўнглим синиқ, дилим дардманд, Машраб бобо.
Йўл юраман, мўл юраман, йўлим етмас,
Хирожига на жоним, на молим етмас,
Йигирма беш йилдан бери қўлим етмас,
Этагингиз бунча баланд, Машраб бобо?!
2008

***
Шу чиркин матоҳга борми учмаган?
Барининг онгига ғубор сачраган.
Бойликни кир қоғоз билан ўлчаган
Тўдага тескари боқишни ўргат.
Бу йўлда юзини йўқотган кўпдир,
Илдизу изини йўқотган кўпдир,
Энг керак сўзини йўқотган кўпдир,
Аларнинг сафидан чиқишни ўргат.
Дарёлар бағрига сиғмас жилғаман,
Бирда сокин эсам, бирда долғаман,
Лойқа ҳислар билан тағин булғамай –
Тубигача тиниқ оқишни ўргат.
Тошларнинг кўнглига бир бор қўл солсам,
Ранжима қошингга пича кеч қолсам,
Адашиб-адашиб йўл топиб олсам,
Юракдан чангларни қоқишни ўргат.
2009

***
Раҳматига ихлос айлаб заҳмат чексанг,
Оғриқларинг ҳаловатга айлансалар.
Дил боғига алвон-алвон гуллар эксанг,
Хушбўйлари салавотга айлансалар.
Марвариддай лаҳзаларни йиққанингда,
Уфқлар сари манзур-манзур боққанингда,
Камтарликнинг чўққисига чиққанингда,
Таъзимларинг салобатга айлансалар.
Ёлғиз Унинг ёди бирла ўйга чўмсанг,
Ёлғонларни қайтиб чиқмас жойга кўмсанг,
Ором чоғи кўзни қўрқмай, қўрқмай юмсанг –
Уйқуларинг ибодатга айлансалар.
Томирингда оқар ҳаёт нашидаси,
Ҳар қадаминг – тирикликнинг қасидаси,
Бир ўзгариб ғамнок дунё харитаси,
Андуҳлари саодатга айлансалар.
Тафаккурдан қанот боғлаб кўкка учсанг,
Сўнг юракнинг суханида гавҳар сочсанг,
Жумла жаҳон бахтин сўраб кафтинг очсанг –
Дуоларинг ижобатга айлансалар…
2010

ИБРАТ
Гадосифат бойни ҳам,
Денгиз ютган сойни ҳам,
Игна кирган жойни ҳам
Бир Зот кўриб турибди.
Эл ошаган ошларни,
Ерни ўпган бошларни,
Пинҳон-пинҳон ёшларни
Бир Зот кўриб турибди.
Ким ортимдан отмиш ўқ,
Ким соямга қилар дўқ,
Адоватим, гинам йўқ –
Бир Зот кўриб турибди.
Дилинг соғми ё бемор,
Ичинг ичида не бор,
Гарчи тўрт ёнинг девор,
Бир Зот кўриб турибди.
Парда шитирлашидан
Нега қўрқасан, эй, тан,
Пардасиз нури билан
Бир Зот кўриб турибди.
Беҳзод, гул эк изингга,
Ҳазир бўлгин сўзингга,
Ҳар не қилсанг – ўзингга,
Бир Зот кўриб турибди.
2009

***
Кечагина олам мисли жаннат эди,
Эвоҳ, нафас олишим ҳам санъат эди.
Туфроқ бўлган япроқлардан ҳикмат ўқиб,
Бошим эгиб туришларим савлат эди.
Парча-парча йиллар аро тўлғонаман,
Қачон қайта ўчмас бўлиб уйғонаман?
Не ажабким, бошқасига ройиш бермас,
Кўнглим гулин ўзимданам қизғонаман.
2011

***
Бошга тушганини кўз кўрди яна,
Ҳаёт оз меҳрини соз кўрди яна,
Шўр эди пешонам, туз кўрди яна –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Кутдим, куттирганга билдирмай кутдим,
Бардошни ёнимдан жилдирмай кутдим,
Бошқасин хаёлга келтирмай кутдим –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Аёвсиз ёқамдан тутади бир дард,
Ичимдан ичимга ўтади бир дард,
Жонимда гуркираб ётади бир дард –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Дил уйи лаҳзада ёришар-кетар,
Унга борган қувонч мендан ҳам ўтар,
Севаман – яшашга шу асос етар –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
2011

CЎНГГИ ВАЪДА
Ёруғ шеърлар ёзаман энди,
Сен ҳам фақат яхши тушлар кўр.
Мен иккинчи ўзимни енгдим,
Ҳеч нарса йўқ юрагимдан зўр.
Ўз измига тушар ҳаммаси,
Қор остида қолиб кетмас из.
Жинкўчада зулмат шарпаси,
Омон сақлар бизни Ишқимиз.
Ота, сизга ўхшолмайман деб,
Беркитмайман нурга хонамни.
Бу аҳволда яшолмайман деб,
Қўрқитмайман мушфиқ онамни.
Нима йўлдан урар бандани?
Айтганингдан четга жилмайман.
Тангрим, кечир мен арзандани,
Ортиқ Сенга исён қилмайман.
Ўз юртига ҳайдайман ғамни,
Йўқотишдан, тамом, қўрқмайман.
Тополмаса агар кулбамни,
Ёруғликни ўзим йўқлайман.
2008

***
Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу,
Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади.
Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу,
Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.
Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар,
Салобати ўша, виқори ўша.
Таровати сўнмас диловар боғлар –
Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.
Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи,
Япроқлар тизилиб келди сўзимга.
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга?
Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол –
Демангиз, бу фақат илҳом онлари.
Руҳимда яшади шундай безавол
Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.
Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар…
Азал нафасини келтиргай абад.
Япроқлари оят ўқиган боғлар…
Табиат тилида илоҳий суҳбат.
2011

ҚОРШЕЪР
Осмон бодроқ тўкди кун бўйи –
Борлиқ қўйни тўла оппоқ дур.
Табиатнинг бу кумуш тўйи
Бўғотларга улашар ҳузур.
Кўпни кўрган оғочлар яна
Елкасига олар бор юкни.
Ҳали давом этар тантана –
Асраш керак ҳар нозикликни
Кекса мўри зерикмас чекиб,
Лек ҳавони қилмас бемаза.
Изғириннинг қалами тегиб
Гулзор бўлиб кетди дераза.
“Оққуш бўлиб қанот ёзайлик!..”
Хаёлларнинг йўқдир поёни.
Ташқарига шошар гўзаллик
Шарфга ўраб олиб ҳаёни.
Поклик чулғаб борар ҳар ерни,
Оқлик инар далаю боққа.
Аёзкотиб энг дилбар шеърни
Доғ юқтирмай кўчирар оққа…
2008

***
Улар кўздан йироқ, кўнгилга яқин,
Мўъжиза яшринган япроқларига.
Ҳавасинг ва жиндай ҳасадинг келар
Йўқолиб кетмаган титроқларига.
Чирой очиб аста бошин кўтарар,
Сўнг гўзал бўлишга журъат қилгайдир.
Агар еб қўймаса қўю қўзилар,
Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир.
2009

НАШИДА
Ўшанда ҳам навбаҳор эди –
Борлиқ зангор, дунё навқирон.
Куртакларга гапим бор эди,
Юрак тилга кирганда бийрон.
Яна ўрик шохлари сархуш,
Гулоб тутар нимпушти, оппоқ.
Кеча эди эгнида кумуш,
Бугун зумрад тўн киймиш чорбоғ.
Бутоқлардан мўралар умид,
Камол ваъда этар ғунчалар.
Нимагадир бўлгандай шоҳид,
Шаббода бир соҳир куй чалар.
Сочларини сувга таратиб
Ўлтирибди мажнунтол шайдо.
Ўз-ўзидан чирой яратиб
Борган сари табиат зебо.
Кўкда рангин ҳислар жамулжам,
Жилвасидан қамашади кўз.
Пучмоқдаги сўнгги қорни ҳам
Эритади ҳадемай Наврўз!
2010

***
Уйғониш нақадар гўзалдир,
Тириклик лаззати беназир.
Созингнинг умрини узайтир,
Йўлингга ёғдулар мунтазир.
Қучоғин тўлдирмиш боғларга,
Бағритош эмасдир, бағритош.
Бир қара мўйсафид тоғларга,
То ҳануз боладай кўнгли ёш.
Cўқмоқлар абадий саволдир,
Қоялар – буюклик ошиғи.
Саболар ҳаётбахш наводир,
Жилғалар – муҳаббат қўшиғи.
Булутлар бўйнида арғимчоқ,
Турналар алқаган айём бу.
Қўлингдан келади яшамоқ,
Севгидай бебаҳо инъом бу.
Хаёлни қўй, оғир хаёлни,
Ярашмас бемаврид ўртансанг.
О, юрак, билмайсан заволни,
Баҳорга ўхшашни ўргансанг.
2010

***
Балосиз – гўёки ғамимни ейсиз,
Заҳардан ўткирроқ чой бериб қўйиб.
Тортинмай бемалол ўтиринг, дейсиз,
Игнанинг учидан жой бериб қўйиб.
2010

***
Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимларнинг бахти бут кимнинг дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.
Кунда нафс отига тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.
Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.
Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
На асал ялайман, на тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.
2009

ИЗОҲ
Ўзимни яширдим – ўзимдан қочдим,
Ҳечликнинг бағрида яйрай деб бир оз.
Аммо нелар қилай, нафас олсам ҳам –
Чиқиб келаверди “Мен” деган овоз.
2009

***
Кўзим толди – кутмоқ дарди оғир экан,
Йўлга қараб ўтмоқ дарди оғир экан.
Барига-ку чидаш мумкин, лек ҳар нафас
Ўз-ўзингни титмоқ дарди оғир экан.
2010

ДЎСТ
Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик,
Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон.
Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик,
Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.
Нечундир, бу ҳолга осон кўникдим,
Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани.
Ёнингга бормасам, кечир, севиклим,
Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.
2008

***
Одамга зор бўлиб ўтган кунларим,
Кутмаган кунларим, кутган кунларим,
Умримга ярашиб ётган кунларим,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Билмадим ва ёки билмаган бўлдим,
Дунёни назарга илмаган бўлдим,
Тиниб бўлдим, гарчи тинмаган бўлдим,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Яхшию ёмонга аталган сўзлар,
Кўнглимни бир қадар кўтарган сўзлар,
Бўғзимга пичоқдай қадалган сўзлар,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Ҳудами, беҳуда узоқ ўйладим,
Эртакка ўхшамас эртак сўйладим,
Ҳар қанча совурдим – Вақтга тўймадим,
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
Эртамни эслатманг, олманг хавотир,
Ҳар нега қодирдир юрак – баҳодир,
Балки, бу битиклар сўнгги хатодир…
Мен сиздан розиман, сиз рози бўлинг.
2010

МАЙДОН
1
Ойдинда от ўйнатдим,
Ёнсин-ёнсин юлдузлар.
Дилбулоқни қайнатдим,
Ўнгурларда тош музлар.
Доғлар босиб юзини
Ой ухлар қай қўйинда?
Нур йўқотди ўзини
Ҳалол-ҳаром ўйинда.
Ёлғон ётар болалаб,
Ор аламда қоврилар.
Ялтир-юлтур шон талаб,
Кимга қолди давралар?
2
Юрак чиқди қинидан,
Дунёларга сиғмайман.
Ўлганимнинг кунидан
Қўшиқ айтиб йиғлайман.
Кўксингни нур доғласа,
Ёруғ ният бўлади.
Йигит ошкор йиғласа,
Элга уят бўлади.
Ўрнингизни қизғонинг,
Асли тоза мардларим.
Уйғонинг-а, уйғонинг,
Ай, полвонча дардларим!
2008

***
Бир кўзимда оташ, бир кўзимда сув,
Икки дарё аро омонат тоғман.
Лаб тегмаган сўзлар – сулувдан-сулув,
Аларнинг кўйида даллию доғман.
Пойимда жон сўраб эзилди тупроқ,
Ҳақиқат қўшиғи экан сукутлар.
Сизни тушунаман ўзимдан кўпроқ,
Бошимда ёғолмай турган булутлар.
Билмасам бўлмасди билмаслигимни,
Қандай оғир экан билмаслик илми.
Ё бор этар ёки йўқотар мени
Сўзларнинг лутфию сўзларнинг зулми.
2008

***
Ҳали сўз айтарман Ўзга муносиб,
Дунёнинг умрига етар парвози.
Майда гапларимни кетажак босиб
Ичимдаги асл Инсон овози.
2011

НАЖОТ
Тақдир қандай тадбир этар эртага?
Кўнглимда муқаддас ният кўкарар.
Ким қўлга ишонар, биров елкага,
Мени эса бир кун сўзлар кўтарар.
Бору йўқлик билан келсам юзма-юз,
Изимдан эргашса қора нуқталар;
Иймоним сўз эрур, амалим ҳам сўз,
Ўшанда ҳам мени сўзлар қутқарар.
2009

***
Тушунган тушунди, уқмаган уқмас,
О, бу сўзлар деб нақ ақлимдан оздим.
Юракнинг буйруғи ҳар доим ҳақмас,
Раҳмон не буюрса, ўшани ёздим.
2012

СЎНГСЎЗ
Қанот қилиб энг учқур сўзни,
Юлдузларни эттириб хиром,
Ҳаммасига чирт юмиб кўзни
Шартта учиш керак – вассалом!
2009

«Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012) китобидан.

Беҳзод ФАЗЛИДДИН 1983 йил 20 сентябрда Наманган вилояти Чуст туманидаги Дамобод қишлоғида туғилган. 2005 йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети бакалаврлик босқичини, 2007 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистратурасининг халқаро журналистика бўлимини тамомлаган.
«Муқаддас замин» (1999), «Боғларингдан кетмасин баҳор» (2000), «Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим»(2012) номли шеърий тўпламлари, кўплаб бадиий-публицистик, илмий мақолалари чоп этилган.
Муаллифнинг бошқа асарлари билан http://behzodfazliddin.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.