04:12 / 15.06.2014 · Кутубхона
Назмларда набий алайҳиссалом васфлари

ЖАНОБИ РАСУЛИ АКРАМ ВАСФЛАРИДА МУХАММАС

Аллоҳу карим ошиғию шайдоси Муҳаммад,
Раҳмону Раҳим маҳбуби аълоси Муҳаммад,
Ҳар насли башар орзу, таманноси Муҳаммад,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Ҳақ Ҳазратимиз токи Муҳаммадни яратди,
Эъзозу муҳаббат назарин унга қаратди,
Ваҳдат нури, шафқат нурини унга таратди,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Пайғамбаримиз нур ила, пайғом ила келди,
Қуръони мажид бағрида аҳком ила келди,
Иймони илоҳий ила, Ислом ила келди,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Қуръону ҳадис бандасига лутфу карамдир,
Инсофу адолат сўзи ҳар сатрида жамдир,
Ҳар лаҳзада минг мартаба такрорласа, камдир,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Ҳақ ташна юрибмиз, лабимиз ҳўлла, Худоё,
Инсонни ҳидоят йўлига йўлла, Худоё,
Маҳшарда Муҳаммадни Ўзинг қўлла, Худоё,
Ислом элининг машъали дунёси Муҳаммад,
Раҳмат селининг дилдаги дарёси Муҳаммад.

Жамол КАМОЛ,
Ўзбекистон Халқ шоири


МУСТАФОДАН ЎРГАНИНГ

Ҳаққа қуллик адосин Мустафодан ўрганинг,
Дўстга сидқу вафони Муртазодан ўрганинг.
Пайдо қилиш бизданмас томчи сувдек хилқатни,
Тасарруфи Холиқни ер-самодан ўрганинг.
“Ибрат ол, нодондан” дер ҳазрати авлиё,
Тақвои бериёни серриёдан ўрганинг.
Тарки нафс этмай тоат мақбуллиги мавҳумдир,
Ибодат лаззатини дилсафодан ўрганинг.
Жигаргўша барчага азизу мўътабардир,
Одоби азизлигин анбиёдан ўрганинг.
Фарзанд меҳрин дилга жо айлаган мунисалар,
Дилбандлар тарбиятин бу Заҳродан ўрганинг.
Саодат йўли равон тафаккур соҳибига,
Бу дастурни Муҳаммад – раҳнамодан ўрганинг.

ТАЖАЛЛИЙ

САВР ТОҒИДАГИ ҒОР

Уч кун меҳмон қилдинг Расулуллоҳни,
Уч кун зўр ҳадик-ла урди юрагинг.
Қандай кўтарардинг ахир гуноҳни –
Аллоҳ иши учун йўқса керагинг?

Абу Бакр Сиддиқ не озор чекди?
Расулуллоҳ сура муборак малҳам.
Остонангда ниҳол унмиш. Ким экди?
Қайдан учиб келди кабутарлар ҳам?

Неча бор эмаклаб келди изчилар,
Деди: “Ахтарилган одам шу ғорда!”
Аммо ғор ичига ким кира билар
То изн йўқ экан Парвардигордан?!

Расулуллоҳ унсиз дуо қилдилар
Фуҳайра, Абдуллоҳ билан Асмони.
Абу Бакр Сиддиқ шунда билдилар –
Савр ғори бўлмиш – Сабр қўрғони!
Ёпди ғор оғзини “пўлат арқон”лар,
Дилда гидир йўқдир асли паноҳдан.
Расул ибодатдан бўшаган онлар,
Ўйларди, йўл изнинг кутиб Аллоҳдан.

Гарчи беришгайдир мингта нортуя,
Излаб, жар чақириб гарчи толмаслар,
Токи остонада – кабутар уя
Сабр қўрғонига кира олмаслар...

ҲАННОНА

Ўксиб-ўксиб йиғлай бошладинг нечун?
Бунчалар кўнглинг бўш экан, Ҳаннона!
Расулуллоҳ келиб бағрига босди
Гўёким гўдагин овутган она...

Бир жонсиз устунда шунчалар меҳр!
Шукрким, йироқман гумон фикридан.
Ваъз ўқирди унга суяниб Расул,
Баҳра топар эди Аллоҳ зикридан.

Букун-чи, Пайғамбар ўтди боқмасдан,
Ўтди ўрнатилган минбар қошига.
Мутаассир бўлди аҳли намоз ҳам,
Чўмди қалбдан оққан шафқат ёшига.

Расулуллоҳ сўрди: “Сени жаннатга
Элтайми ё унган чорбоғинг сари?”
Деди: “Боқий дунё кўшкида мендан
Хурмо узиб егай Аллоҳ дўстлари...”

Ўксиб-ўксиб йиғлай бошладинг нечун?
Бунчалар кўнглинг бўш экан, Ҳаннона!
Расулуллоҳ суюб бағрига босди
Гўёким гўдагин овутган она...

Абдул ЖАЛИЛ ХЎЖАМ