Илк турк мутасаввифи, яссавийлик (жаҳрийлик) тариқатининг асосчиси, орифона шеърият бошловчиси. 11 асрнинг сўнгида Туркистоннинг Ясси (айрим манбаларда Сайрам) қишлоғида Шайх Иброҳим оиласида туғилган. Шайх Арслонбобдан таълим олган. Бухорода Юсуф Ҳамадонийга учинчи халфа бўлган, шайхликни Ҳамадонийнинг тўртинчи халфаси Абдухолиқ Ғиждувонийга топшириб, Яссига қайтган. Олтмиш уч ёшида чиллахона қаздириб, “буюк турк пири оламдан этакни силккан” (Алишер Навоий).
Яссавийлик тариқатининг асослари “Фақрнома” (айримлар Яссавийга нисбат берадилар), “Маслакул-орифин”, “Ламаъот”, “Самаратул-машойих”, “Жавоҳирул-аброр” каби манқаба ва рисолаларда акс этган.
“Девони ҳикмат” китоб шогирдлари томонидан тартиб берилган. Унда илоҳий ишқ ғояси ва маърифий мазмун етакчилик қилади. Ҳикматлар маъно ва моҳият эътибори билан Қуръони карим ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларига чуқур боғланган. “Девони ҳикмат”нинг 20дан ортиқ нусхалари ЎР ФА ШИ жамғармасида сақланади. Асар қўлёзмаларидан энг қадимгиси 17 асрга тегишли.
Яссавий мероси ва тариқати хорижда Л. Массигнон, А. Арберри, М. Смитт, Х. Кислинг, Ф. Маер, А. Шиммел, Р. Хартман, Ф. Кўпрулу, Ж. Тримингем, К. Эраслон, Идрис Шох, Девин Ди Уис; Россияда А. Кримский, И. Петрушевский, Э. Бертелс; Ўзбекистонда Фитрат, А. Саъдий, Э. Рустамов, Б. Қосимов, И. Ҳаққулов, Н. Ҳасанов томонидан ўрганилган.
Қабри Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида, 14 асрда Амир Темур томонидан таъмирланган. Туркистонда Аҳмад Яссавий номидаги турк-қозоқ университети мавжуд.
Нашр қилинган манбалар:
Аҳмад Яссавий. Ҳикматлар (нашрга тайёрл. И Ҳаққул. – Т.: 1991).
Аҳмад Яссавий. Девони ҳикмат (нашрга тайёрл. А.Абдушукуров). – Т.:1992.
Ўзбек адабиёти намуналари (туз. проф. Фитрат). – Т.: 1928;
Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари. “Жаҳон адабиёти” журн. 2002, № 10.
Илмий адабиёт:
Фитрат. Аҳмад Яссавий. “Танланган асарлар” (нашрга тайёрл.Ҳ.Болтабоев). 2-жилд. – Т.: Маънавият, 2000;
А.Саъдий. Яссавий ким эди? (нашрга тайёрл. Б. Дўстқораев) –Т.: 1994.
Е. Рустамов. Аҳмад Яссавий ҳикматларида тарих ва ҳаёт садоси. “Ўзбек тили ва адабиёти” журн. 1972, № 4-5;
И.Ҳаққул. Аҳмад Яссавий. Ҳаёти ва ижод йўли. — Т.: 2001.
Н.Ҳасанов. Туркияда яссавийшунослик. –Т.:1999.