Зуҳриддин Исомиддинов
Гоголнинг «Тарас Бульба» (1835) қиссасини ҳамма билади. Бу асар ўнлаб йиллар давомида мактаб дарслик ва мажмуаларидан тушмаган. У ҳозирга қадар ўзбек тилида, алоҳида китоб ҳолида уч бора, юз мингдан ортиқ нусхада чоп этилган.
Сабаби, аввало ёзувчининг зўр бадиий маҳорати, шунингдек, марказий образ – Тарас Бульбанинг мард, ёвқур, ватани, эътиқоди учун ўлимга ҳам тайёр, қатъий феълли, ёвга нафрати чексиз, сотқинлик қилган ўғлини ўлдиришдан зарра иккиланмайдиган бир шахс қилиб тасвирланганида. Иззат Султон айтганидай, характер адабий асарда ғоявий ва ҳаётий мазмуннинг шакли бўлса, яъни асар қаҳрамони ёзувчи ғоясини ифода этса, Тарас Бульба образи орқали Гоголь қандай ғояни тақдим этади? Бир қарашда, бу савол ниҳоятда жўн. Зеро Тараснинг мард, қатъий иродали, ватанпарвар бир киши сифатида тасвирлангани ҳаммага маълум-да.
Темир иродали Тарас, унинг мардона ўғли Остап, болалигидан кўнгли бўшроқ ўсган Андрий, «Сечь учун» жонини тиккан азамат казаклар, баҳодирлик замонларини қўмсаб, кексайган чоғида ҳам қўшин сафида юрган машҳур атаманлар, ёввойи демократияга хос аскарбоши сайлови, қамалдаги шаҳарнинг очликдан эти суягига ёпишган фуқароси, бепоён қиру ўтлоқлар, партиархал ўтмиш тасвири… Бу каби ёввойи дилбарликлар, ўша давр ҳаётининг ўзига хос романтикаси ўқувчини мафтун этади. Китобхон бош қаҳрамонни, у ҳар қанча қўполу ўжар бўлмасин, ёқтириб қолади. Тарас Бульба – ҳар бир адабиёт муҳибига тирик бир шахс каби таниш.
Асардаги энг таъсирчан воқеа, албатта, Тарас Бульбанинг ёв томонига ўтиб кетган ўғли Андрийни отиб ўлдириши саҳнасидир. Аммо хоин фарзанднинг бошқа биров эмас, айнан уни дунёга келтирган ота томонидан ўлдирилиши мотиви жаҳон адабиётида Гоголга қадар ҳам бор эди (масалан, француз адиби Проспер Мерименинг «Матео Фальконе» (1829) деган ҳикоясида ўзини қувиб келаётган полициячилардан яширишни сўраган қочқинга аввал бошпана бериб, сўнг миршаббоши ваъда қилган тилла соат эвазига у яширинган пичан ғарамини кўрсатиб, уйларидаги меҳмонни тутишга кўмаклашган болани – ўз ўғилчасини отиб ташлаган Матео Фальконе образи). Аммо Тарас Бульбанинг бу жиҳатдан эсда қоларли жиҳати шундаки, у ёв томонга ўтган навқирон ўғли Андрийни жанг чоғида тутиб, отиб ўлдиради.
Айнан шу жиҳати билан Тарас Бульба «Ёвга асир тушган ўзининг солдат ўғлига душманнинг офицерини алмашмайдиган» Сталин замонида ҳам, ундан кейинги зўраки патриотизм даврида ҳам эътиқод, юрт озодлиги учун курашчиларнинг тимсолига айланган. Масалан, Абдулла Қаҳҳор бу образга баҳо бериб: «Гоголнинг зеҳнимда умрбод қолиб кетган образларидан бири Тарас Бульба бўлди: барваста, бақувват, иродаси темир, ўртоқларига меҳрибон, душманга беомон бўлган бу чол кўз олдимдан сира кетмайди, ҳамма вақт худди яқиндагина кўрганга ўхшаб тураман. 41-йилда немис босқинчилари Украина тупроғига бостириб кирган куни, назаримда, Тарас Бульба бақириб, сўкиниб, хиёнаткор ўғлини ўз қўли билан ўлдириб, икки ёндан иягигача осилиб тушган мўйлови хиёл титраган ҳолда, қўлига қурол олиб, душманга қарши чиқиб кетаётгандай бўлди», деб ёзган эди (А.Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат, Т., , 1968, 59-60 б.).
Бу образнинг ана шу хислатлари адабиётда аксиома тарзида қабул қилинади. Масалан, Катта Совет қомусининг «Гоголь» мақоласида шундай сўзларни ўқиймиз: «Тарас Бульба образида халқнинг қаҳрамон ўғилларига хос бўлган энг яхши хислатлар – уларнинг ватанга, биродарларига содиқлиги, мардлик, ватан душманларига нафрати, чексиз жасурлиги ва жўмардлиги акс этган. Тарас мазлумларнинг даҳшатли қасоскори, ҳақ иш учун курашнинг доно ва тажрибали раҳбари сифатида кўрсатилади. У ўғли Андрийни энг оғир жинояти – ватанга хиёнати учун сира ҳам иккиланмасдан қатл этади. Бу ерда ҳам унинг учун умумий иш, ватан олдидаги бурч туйғуси шахсий ҳиссиётлар, қондошликдан юқори қўйилади». (Большая Советская энциклопедия, – М., изд-во «БСЭ», 1952, с. 572).
Гоголшунос олимларнинг Тарас образи ҳақидаги бундай фикрларидан яна кўп иқтибос келтириш мумкин. Аммо барчасининг мазмуни бир хил: Тарас Бульба – рус ва украин халқлари ўтмишидаги мард, жасур, олийжаноб қаҳрамонларнинг умумлашма образи, улардаги эзгу ва ибратли хислатларнинг барчаси Тарасда мужассам бўлган… ва ҳоказо.
Бизнингча, бундай мулоҳазалар қанчалик асосли, улар учун асарда қанчалик замин бор, буларни яна бир қур ўйлаш, қайта кўриб чиқиш зарар қилмаса керак. Биз ушбу мақолада Тарас Бульба образи, у орқали Гоголь қандай ғояни ифодалашни ният қилгани борасида анъанавий талқинлардан мутлақо бошқача бир тахминни илгари сурмоқчи эдик. Албатта, салкам икки аср давомида ўнлаб гоголшунос томонидан якдиллик билан айтилган, юзлаб дарслик, мажмуаларда такрорланган бояги руҳ, ўша мазмундаги гапларнинг аксини айтиш, айниқса исбот қилиш осон эмас.
Муҳтарам ўқувчилар буни яхши англаши ва фикримизни тушунишга уриниб кўришларига умид қилиб, асар, хусусан Тарас образи таҳлилига киришамиз (Шу ўринда «Тарас Бульба» услубини она тилимизда қайта тиклаган Наби Алимуҳамедовнинг маҳоратини эътироф этароқ, фикрларни далиллаш учун унинг таржимаси матнига таянганимизни айтиб ўтиш керак. Қаранг: Тарас Бульба, – Т., «Ёш гвардия», 1976. Кейинги мисоллар шу нашрдан олиниб, саҳифаси қавс ичида кўрсатилади).
«Тарас Бульба», аслида қисса эмас – насрда битилган достон. Унинг бутун руҳи, охирига қадар мардона бир оҳанг билан давом этадиган услуби, Сечь казакларининг эркин ва ҳур ҳаёти тасвирланган ўринларида қадим достонларни ёдга туширувчи оҳанг-ифодалар, матнидаги ритм бу фикрни далиллайди. Таъбир жоиз бўлса, «Тарас Бульба» – қаҳрамонлик эпоси.
Худди шу нарса, назаримизда, асар пафосини белгилашда кўпларни чалғитган кўринади.
Нафақат бадиий адабиёт, балки бутун санъат тарихидан ҳам маълумки, айрим буюк санъаткорлар ижодида гоҳо ғалати бир усул қўлланади. Унинг моҳияти шундайки, муаллиф ўзининг қарашларини, асл ниятини қай бир сабаб (асосан, ҳокимият ёки афкори омма тазйиқи) туфайли асарда очиқ ифода этолмайди. Лекин шунга қарамасдан, айнан унга ишора қилади ёки асл мақсад-муддаони шундай усталик билан ниқоблайдики, бирон бир нозир санъаткорни айблашга ожиз қолади. Масалан, муҳташам бир мадрасани қурган уста унинг девори сиртига ҳокимнинг исмини ёзади ва бу ҳоким ўзини абадиятга дахлдор ҳис қилиб юраверади. Орадан бирон асрча вақт ўтиб, сувоқ кўчиб тушгач, уста сувоқ тагига – ғишт девор ичидаги кошинкор токчага ўз номини ҳеч ўчмайдиган қилиб битиб қолдирганини кўрамиз.
Рассомликда-ку бу хийла машҳур усул: чизманинг устки қаватида монийи замон истамаган, аммо давр тақозосига кўра мавқеи баланд бир шахс буюк мутафаккирлар даврасида тасвирланган бўлса-да, замонлар ўтиб, устки бўёқ қовжираб тўкилгач, асл қиёфа – рассом ўша мунаввар даврага кимни муносиб деб билган бўлса, ўша кишининг суврати балқиб чиқади.
Ҳаммага таниш бир мисол: Пушкиннинг «Капитан қизи» қиссасида адибнинг Пугачёвга хайрихоҳ муносабатини пайқамаслик мумкин эмас: унинг мардлиги, олижаноблиги, ваъдага вафо қилиши, камтар ва одмилиги асар қаҳрамони бошига тушган воқеалар орқали ишонарли далилланади. Оддий халқнинг унга эҳтироми ҳам баралла тасвирланади. Аммо буни ўша давр чиғириғидан ўтказиш учун асар қаҳрамони тилидан Пугачёв «ашаддий босқинчи», «бебош оломоннинг саводсиз бир қўрбошиси», «сохта шоҳ», «безорилар бошлиғи» деб аталади. Ҳатто сарлавҳа ҳам «Пугачёв қўзғалони» эмас, атайлабдан «Капитан қизи» деб қўйилган. Асар тагматни, руҳию мазмуни эса боягидай…
Адабиёт тарихида бундай мисоллар кўп. Жек Лондоннинг ҳам «Қир уларни, қир!», «Бўри ўғли» каби ҳикоялари борки, сиртдан қараганда адиб гўё бетараф, лоқайд бир позицияда тургандек, аммо тасвирланган воқеалардан, оқ танлилар истило этган Оолонг оролининг туб аҳолиси, ё бўлмаса узоқ Шимолни макон тутган ҳинду қабиласи кишиларининг ўзига хосликлари, дини топталиб, босқинчиларнинг одамлик қиёфасини тамом йўқотган вакиллари энг асл инсонларни қандай хўрлагани ҳассос бир қалам кучи билан холис чизиб кўрсатилади…
Назаримизда, Гоголь мазкур қиссада ҳам шундай йўл тутган.
«Тарас Бульба»нинг сюжетию қаҳрамонларини ҳамма билади. Шу боисдан, воқеаларни қайта баён қилиб ўтирмай, бевосита муддаога ўта қоламиз.
Тарас – дағал табиатли, ўжар ва дангалчи бир одам. Киевда ўқиб қайтган, бир йил кўришмаган ўғилларини ҳазил-мазах қилиб кутиб олади. Шўхлиги тутиб, улардан бири Остап билан ўша оннинг ўзидаёқ муштлашиб кетади. Ҳар икки ўғлининг вояга етиб, диловар паҳлавон бўлганини кўргач, уларни дарҳол Запорожье Сечига – ҳарбий қўналғага олиб бориб, у ердаги биродарлари олдида мақтангиси ҳам келиб қолади. Чунки унинг ўзи – бутун умрини уруш-талашлар билан ўтказган, шу жанг-жадалларда бировларни ўлдириб ё талаб олган олтину кумуш билан бойиган бир одам. Бутун ўй-хаёли тиниб-тинчимасликда, ҳаракат ва урушда. Кузатсак, бирон дақиқа бўлсин, ўй ўйлаш, фикрлаш унга ёт. Аввал уч кундан кейин жўнаймиз, деган одам, сабри чидамай, ўғилларининг келиши шарафига ўша оқшомда берилган зиёфатнинг ўзида эртагаёқ йўлга тушишларини эълон қилиб юборади – эртаси тонг саҳарда икки ўғилни туғиб ўстирган шўрлик она, ўғилларини қайтиб кўрмаслигини кўнгли сезибми, зор йиғлаб уларни кузатади.
Сечь. Келиб кўрсалар, ҳамма роҳат-фароғатда, айшини суриб яшаяпти. Казаклар машқ қилади, ҳунармандлар ишлайди, лекин асосий вақт – вақтихушликка, овга, томошага, муштлашувга сафланади. Остап ҳам, Андрий ҳам бу ҳаётга боши билан шўнғиб кетади, кунлар шу зайлда ўта бошлайди.
«Лекин кекса Тарас уларга бошқа бир касб тайёрламоқда эди. Бундай айш-ишрат ва ўйин-кулги билан ўтган умр унинг назарида зое кетгандай бўлар, у ҳақиқий иш истар эди. У доим Сечни мардоналик ишига бошласам, марди майдонлар иш кўрсатадиган бир можаро бошласам, деб ўйлар эди. Ниҳоят, бир куни аскарбоши олдига келиб, тўппа-тўғри: «Аскарбоши, одамларимиз бир яйрасин», деди.
Аскарбоши оғзидаги кичкина трубкасини олиб, ёнига тупуриб ташлагач: «Яйрайдиган жой йўқ!» деди.
«Нега йўқ бўлсин? Турклар ёки тоторлар устига отлансак бўлади».
Бемалол ўтириб, секин трубкасини яна оғзига солган аскарбоши: «Турклар устига ҳам, тоторлар устига ҳам отланишнинг иложи йўқ!» деди.
«Нега иложи йўқ? …Ахир у ғайридин-ку. Худо ҳам, пайғамбар ҳам ғайридинларни уринглар, деган.
…Демак, казакларнинг кучи беҳудага йўқ бўлиб кетаверсинми, одамлар тузукроқ бир иш қилмай бекорга сасиб-чириб кетсинми? Ватанга ҳам, динга ҳам улардан ҳеч қандай фойда бўлмасинми? Бундай бўлса, бизнинг тириклигимиздан нима фойда? Шуни менга уқдириб бер. Сен доно одамсан, бекорга аскарбоши бўлганинг йўқ. Менга тушунтир, дунёда нима деб юрибмиз?
Аскарбошига унинг бу саволига жавоб бермади. У ҳам хийла ўжар одам эди. Андак жим тургач, «Нима десанг ҳам, уруш қилмаймиз!» деди.
…Бульба дилида: «Шошмай тур, занғарнинг боласи! Танбеҳингни берай!» деди-да, аскарбошидан ўч олмоқни дилига тугиб қўйди» (31-32).
Тарас Бульба фитна тайёрлашга киришади: уруш чиқариш учун аскарбошини мансабидан тушириб, бошқа одамни қўймаганча иш пишмаслигини пайқаб, маст оломонга таянади: «Тарас у-бу билан сўзни бир ерга қўйиб, ҳаммага ичирди» (32). Оқибатда, Сечдагилар орасида якдиллик йўқолади, жанжал чиқади ва катта бир ғавғодан кейин Тарас одамлари зўр келиб, Бульбанинг эски ошнаси Кирдюг аскарбоши бўлади. Натижа эса маълум: унинг қўли билан бундай мартабага минган Кирдюг Тараснинг айтганларига кўнмай иложи йўқ эди… Гоголь буни бир оғиз сўз билан: «Эртаси Тарас Бульба запорожьеликларни бирон ишга қўзғатиш тўғрисида янги аскарбоши билан маслаҳатлашар эди» (36) дея ифодалайди. Демак, Тарас Бульба дастлабки ниятига эришади: кимга қарши бўлса ҳам, ишқилиб уруш чиқариш, отланиш, урушиш нақд бўлиб қолади. Бунинг учун энди Тарас Бульбадан ортиқ куч сарфлаш талаб этилмасди.
Кирдюг бу «маслаҳатлашув»дан сўнг бир соат ичида бутун Сечни йиғиб, уруш бошлашга олиб келган сабабларни бир оз андавалагач, лўнда қилиб: бойиш учун бошқа бирон юртни талаш керак, ҳозир анча қашшоқлашиб қолдик, ҳатто, ибодатхонамиз ҳам ғарибгина, демак, лоақал «ёшларнинг ўзини қайиққа ўтқазиб жўнатсак дейман. Наталия бўйларини бир алғов-далғов қилиб келсинлар» (38) дейди. Аммо бутун Сечь жойидан қўзғалади, урушга тайёргарлик қизиб кетади, тез орада аллакимлардан эшитилган бир иғвога учиб, Гетман юрти деб аталган Польшага юришга отланишади, ундан аввал эса, жуҳудлар бизни хонавайрон қилди, деган яна бир ғалва чиқариб, жами яҳудийларни тутиб, сувга чўктиришга киришиб кетишади – қатлиом бошланади.
Муҳтарам ўқувчининг ёдидан чиқмаган бўлса, асарнинг бирон жойида Гоголь польшаликларнинг ё татарларнинг, турклар ёки яҳудийларнинг, Тарас таъбирича, «христианлар»га, яъни казакларга ёки уларнинг юртига нисбатан бирон бир хуружини кўрсатмаган.
Шу тариқа, запорожьеликлар моҳир идеолог, ашаддий бузғунчи Тарас Бульбанинг қутқуси билан йўлга отланиб турганларида аллақайдан бировлар: «Бизни польшаликлар хароб қилди» дея «ёрдам» сўраб келиб қолишади (асарда бу гапнинг ростлиги тасдиқлаб кўрсатилмаган). «Наталия»дан (Туркия Онадўлиси) воз кечиб, ғарбга йўл олишади («тез орада Польшанинг ғарби-жанубий қисми бошдан-оёқ ваҳима ичида қолди» – 47) – уруш бошланади. Асосий муддаоси қирғин қилиб, тинч аҳолини талашдан иборат бу бебош қароқчиларни ҳеч ким тўхтата олмас эди. «Аксари улар кутилмаган жойлардан чиқиб қолиб, бор-йўқни вайрон қилар, қирон келтирар эдилар. Қишлоқларга ўт тушар, аскарлар ҳайдаб кетиш имкони бўлмаган молларни шу ердаёқ сўяр эдилар. …У ваҳший замонда запорожьеликларнинг қилган бедодликлари эндиги одамларнинг тепа сочини тик турғизар эди. Гўдаклар қирғини, кўкраги кесилган хотинлар, тиззасигача териси шилиниб, қўйиб юборилган одамлар, хуллас, бу каби ваҳшатлар кўп эди» (48).
Бу урушда Тарас Бульба каби эски қароқчилар ўз уйида юргандек ва ўз касбини давом эттираётгандек бўлса, илгари бундай баттолликларни кўрмаган ёшлар ҳам хоҳ-нохоҳ зулм қила-қила ўзларида янги сифатлар орттиради – уларнинг юзига золимлик нуқси-муҳри урилади: «Яқиндагина темирқанот чиқариб, учирма бўлган қушлардек бир ой ичида чиниқиб, тамомила ўзгарар ва вояга етар эдилар. Шу чоққача юзларида йигитларга хос бўлган юмшоқлик зоҳир бўлиб турган кишилар юзида энди бир даҳшат, салобат, ўзларида куч кўринар эди» (49). Тарасга эса худди шу нарса керак эди – мана шундай даҳшатли одамлар билан у истаган бузғунчиликка, вайронкорликка қўл ура олар эди.
Ана энди асосий «ов» бошланади: «Аскар тўппа-тўғри Дубно шаҳрига қараб юришга қарор берди; овоза гапларга қараганда бунда мол ва хазина, давлатманд бойлар кўп эди» (50). Эътибор беринг: асосий муддао – ҳеч қанақа дин-пин ҳимояси эмас – бойликни талаш. Шаҳар қамал қилинади. Бир неча ойлик қамал натижасида тинч аҳолининг кўпи очликдан қирилиб кетади, фақат ҳокимнинг оиласи, оз сонли аскарларгина сўнгги умидларига таяниб, жон сақлаб туради.
Аммо зулм – фақат мазлумлар учун эмас, золимларнинг ўзи учун ҳам ҳалокатли. Қамал қилиб, шаҳарни ўраб олган казаклар маънан тамомила айнишга юз тутади: «Бекорчиликдан зерикиб, атроф-теваракдаги қишлоқларни талон ва торож қилишга, экин ва хирмонларга ўт қўйишга, ўроқ тегмаган буғдойларни молларга оёқости қилишга тутиндилар; …яхши унган, кўкариб турган буғдойларга йилқиларни қўйиб юбордилар» (51).
Қамал, очлик шиддати зўрлигидан шаҳар ҳокими қизининг оқсочи таваккал қилиб тунда лаҳм орқали келиб, Андрийга шаҳар ҳокимининг фарзандидан – бир вақтлар Киевда унинг оромини ўғирлаган соҳибжамолдан салом етказади. Андрий ҳам лаҳм орқали шаҳарга ўтиб бориб, қиз билан топишади, қилаётган ишларининг мудҳиш натижаларини – ўз тирикчилиги билан юрган тинч шаҳар аҳолисининг даҳшатли очлик ва азоб-уқубат ичра ўлим топаётганини ўз кўзи билан кўради, буларга қай айби учун мунча зулм қилиняпти, дея мулоҳаза юритади (ёдингизда бўлса, Андрий аввалдан ҳам Остап каби шартаки эмас, онасига тортган, мулоҳазали эканини Гоголь бот-бот эслатиб туради). Ва Андрий бир қарорга келади – севган маликаси ва бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиб, ўз дўстларига қарши қурол кўтаришга жазм этади.
Оқибати эса маълум: Тарас ўғлини жанг маҳали чакалак ичида тутиб олиб, отиб ўлдиради – ота ўз қўли билан зурриётини йўқ қилади.
Аммо Тарас бу билан тўхтамайди. Ўз фарзандини ўлдиришдай мудҳиш ва аянч бу воқеа унга ҳеч бир таъсир қилмайди – дарҳол отланиб, яна қирғинбарот ичига кириб кетаверади.
Тарасни нима ёки қандай куч олға ундаб, ҳаракатга келтиради? Унинг ғояси, ҳаётдан мақсад-муддаоси нима?
Эътибор қилсак, Тарас нутқида икки нарса: дин ва ватанни ҳимоя қилишга кўп урғу берилади. У ўзини христиан динининг оташин ҳимоячиси, ватаннинг халоскори қилиб кўрсатади. Аммо бутун асар давомида Тарас Бульба бирон марта бўлсин, черков-перковга кириб ибодат қилганини, ё бўлмаса, лоақал ёлғиз қолган бирон маҳали христианлик тўғрисида ўйлаганини, ёки христианга хос бирон хатти-ҳаракат қилганини кўрмаймиз, унинг бутун эътиқоди – оғизда. Дин унинг учун уруш очишга бир баҳона, холос. Христианлик йўлида қилган энг катта хизмати шуки, худди провославлар каби христиан ҳисобланган католик черковларини ёқиб, кулини кўкка совуради, ўзлари каби славян бўлган полякларни талайди, уй-жойини, шаҳру қишлоғини вайронага айлантириб, ўзларини қириб ташлайди.
Ўзгалар ватанини вайрон қилган одамдан ўз ватанини обод қилишни кутиш мумкинми? Тарас ватанпарвар бўлиб казаклар юрти Запорожье ва умуман, Россияю Украина учун нима қилди?
Ҳеч нима! Ўз қишлоғида жўнгина тирикчилигини ўтказиб, осуда яшаётган тобе одамларининг ҳаётини остин-устун қилиб, ясовул Товкач билан ортидан етиб боришларини буюрди. Ва уларнинг ҳаммаси, битта ҳам қолмай, жанг йўлларида ўлиб кетди. Демак, Тарас фақат Польшадаги тинч аҳолининг азоб чекиб ҳалок бўлишидагина эмас, ўн минглаб казакларнинг дарбадарликда ўлишида ҳам айбдор: ватанини гуллатиши, оиласи бағрида, ҳаётидан рози бўлиб яшаши мумкин бўлган одамлар беҳудага ўлиб кетди. Улар, худди ўзлари каби тинч яшаши мумкин бўлган одамларни қириш, шаҳар ва қишлоқларни ғорат қилиб, уйларга ўт қўйиш, экинзорларини пайхон қилиш асносида ўлим топди.
Шу ўринда ўғли Остапнинг у бошлаган ишларга муносабатини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Остап мард ва диловар йигит. Энг зўр тилаги – жангда ботирлик кўрсатиш. Уруш масаласида эса ўз фикри йўқ, отаси айтганини, атаманлар буюрганини қилади. Фақат, жангда асир олингач, бир неча ой бандилик азобини чеккач, ўзлари очган уруш – ўйин эмаслигини, қилган ишлари марди майдонлик эмас, гуноҳи азим эканлигини, бу эса жазосиз қолдирилмаслигини англайди, отаси уни мудҳиш бир қиморда довга тикканини тушуниб етади… Варшаванинг қатл майдонида суяклари мажақлаб синдирилар экан, ўлими олдида «кўзлари жовдираб тўрт томонга қаради. Ҳолдан кетиб, дармонда бўлиб, ночор ва нотавон: «Отам! Қаердасан? Эшитаяпсанми?» деб қичқириб юборди» (134). Эътибор беринг, Остап отасига – бу майдонда бўлиши етти ухлаб тушга кирмайдиган Тарасга хитоб қилади. Беҳудага эмас, бу ўлим олдидаги фарзанднинг уни чоҳга итарган отага таънаси эди. Ҳа, пировардида Остапнинг кўзи очилди, очилганда ҳам жовдираб очилди, аммо… энди кеч эди.
Бироқ мудҳиш қилмишларининг ажри-жаззасини олган аламзада Тарас шунда ҳам тийилмайди, яна фитналар чиқариб, янги қирғинбаротларга бошлаш учун Сечга тағин қайтиб келади.
«Теварак-атрофга қараса, эски қадрдон биродарларидан ҳеч ким қолмапти. Сечдагилар барчаси янги одамлар. Ҳаққоният, дин ва қардошлик садағаси бўлганлардан ҳеч ким қолмапти. Аскарбоши билан бирга тоторларни қувалаб кетганлардан ҳам аллақачон ҳеч ким қолмапти. Ҳаммалари бошларини эгиптилар, ҳаммалари ҳалок бўлиптилар. Гоҳлари жангда мардона ўлим топиптилар, гоҳлари Қримнинг шўртоб саҳроларида ташналик ва очликдан нобуд бўлиптилар, гоҳлари бандиликнинг шармини, хор-зорликни кўтаролмай ўлиб кетиптилар. Аввалги аскарбоши ҳам аллақачон ўлиб кетипти. Эски ёр-биродарлардан ҳеч ким қолмапти, бир замонларда қайнаб тошган казак кучи аллақачон ер бағрига кириб, устини ўт босиб кетипти» (116).
Буларнинг барчаси Тарас отли ашаддий бузғунчи бошлаган ишнинг натижаси эди. Аммо у шуларни кўриб ҳам тийилмайди. Тағин қўшин йиғади ва бир юз йигирма минг казак қўшинининг саккиздан бирига бошлиқ бўлади. Тарас мана шу каллакесарлар ичида ҳам энг баттарини эди: «Унинг кексайган ёши, кўп иш кўрганлиги, қўшинга йўлбошчилик қилишга усталиги, душманга қаҳри ҳаммадан ортиқлиги уни бошқалардан ортиқ ва мартабасини баланд қиларди. Унинг бераҳм ва бешафқат баттоллиги ҳатто казакларнинг ўзларига ҳам ҳаддан ташқари кўринар эди. Унинг сочи оқарган боши фақат ўт билан дорни билар эди, холос. Аскарбошилар ўтиришиб кенгашганда унинг берадиган маслаҳатлари ҳам фақат йиқмоқ, ёқмоқ, қирмоқ, қийратмоқ эди» (136).
Бу бераҳмлиги, ашаддий муросасизлиги туфайли у яна қўшиндагилар билан чиқишолмайди ва қўл остидаги аскарларини ажратиб олиб, Польшага, вайрон қилиш ва қириш учун йўл олади: «Тарас қўшини билан бирга Польшада сайр қилиб юриб, ўн саккиз равотга, қирққа яқин поляк бутхонасига ўт қўйиб, Краков шаҳрига яқинлашиб қолди. Кўп лахларни қирди, кўп яхши сарой ва қасрларни вайрон қилди, талон-торож этди… Тарас доим: «Сира аяманг, ҳеч нарсани аяманг!» дер эди, холос. Казаклар қоши қора, сийнаси тухумдек оқ гул юзли қизларни ҳам аямадилар; муқаддас жойларга қочиб сиғинганларида ҳам омон топмадилар, Тарас уларни сиғинган бу муқаддас жойлари билан бирга қўшиб куйдирди. Қанча-қанча оқ билаклар аланга ичидан чиқиб, дод-фарёд билан кўкка кўтарилди; бу дод-фарёдлардан ер ларзага келар, саҳродаги ўт-алафлар тоқат қилолмай бўзлар эди. Аммо бераҳм казаклар бу нолаларни писанд қилмадилар, қайтага додловчиларнинг болаларини ҳам кўча-кўйдан тутиб, найзага илиб, ўтга ташладилар» (139).
Бу энди ҳеч бир қасос эмасди, ўғли Остапнинг ҳалок бўлгани учун ўч олиш ҳам эмасди, бу – одамнинг одамийликдан чиқиши, ваҳший бир махлуққа айланишидан бошқа ҳеч бир нарса эмас эди.
Тарас шу сохта динпарастлигию ватанпарварлиги билан охири нимага эришди? Етишгани нима бўлди ўзи унинг?
Гоголь айтганидек, «эски ёр-биродарлардан ҳеч ким қолмапти (ҳаммаси қирилиб битган), бир замонларда қайнаб тошган казак кучи аллақачон ер бағрига кириб, устини ўт босиб кетипти (миллат фаторат топган)». Хўш, Тарас Бульбанинг ў з и-чи, бу ишдан у нима топди? Икки азамат ўғилни туғиб ўстирган муштипар она хор-зорликда кўз юмди, Андрийни унинг ўзи отиб ўлдирди, Остап банди қилиниб, Варшавада даҳшатли қийноққа солиб қатл этилди. Ўзи эса ярадор бўлиб, бир ўлимдан қолди. Буларнинг барчаси унинг кўз ўнгида юз беради. Охирги «сафар»ида у билан бирга бўлган ўн беш минг аскар ҳам қирилиб, ўн-ўн бештагина одам қочиб қутулади, ўзи бўлса қўлга тушади, қуриган катта бир дарахтга парчинланиб, остидан ўт ёқилади. Аммо уруш, талончилик ва қирғин қон-қонига сингиб кетган бу одам ана шунда ҳам бузуқ эътиқодидан қайтмасдан, дарё бўйидаги қайиққа тушиб қочиб кетаётган казакларга қараб: «Келаси кўкламда яна келиб бир сайил (босқин – З.И.) қилиб кетинглар» (142) деб бақиради. Бу унинг охирги сўзи, васияти, бузғунчилик даъвати эди.
Запорожье Сечига мансуб одамлар қаерларда ўлим топганининг ўзиёқ, уларнинг ватан ва дин ҳимоячиси эмас, балки динни баҳона қилиб юрган ашаддий босқинчи эканини кўрсатади: «Шарқий Россиянинг завқли-шавқли ерларидан келган барча паҳлавонлар бир-бирлари билан ўпишиб, ҳол-аҳвол сўраша кетдилар: «Косьян нима бўлди? Бородавка қалай? Клопер қалай? Подситка нима бўлди?» Тарас бу саволларига: «Бородавка Толопанда осилди, Колопернинг Қизқирманда терисини шилдилар, Подситканинг боши тузланиб, Царьградга юборилди» деган жавобларни олди. Кекса Тарас бошини қуйи солиб: «Яхши одамлар эди!» дерди» (26). Кўрамизки, Тарас айтган бу «яхши одамлар»нинг ҳаммаси ўзга юртларда, босқин ва талон чоғида ўлим топган.
Сечь – босқинчилар лагери. Буни Гоголь очиқ-равшан айтиб ўтади: «Бу ерга келган ҳар бир кимса бор-йўғини унутар, миясини машғул этган икир-чикирларни орқага ташлар эди. Бу ерга келган одам ўзининг ўтмишига тупурар эди, десак ҳам бўлади… булар орасида қаерда бўлса ҳам жанг қилмоқни ўзларига улуғ бир маслак қилиб олган, ўзини одам деб билган мард кишиларнинг урушмасдан жим ётишини уят ҳисоблаган ва кўпни кўрган партизанлар ҳам анча бор эди» (27-28). Тарас ва у кабиларнинг жанги жадалларда юришдан топадиган нарсаси – бировларни зор қақшатиб ё ўлдириб қўлга киритиладиган мол-дунёдан ўзга нарса эмас. У бундан ор ҳам қилмайди («Янкель дарров рўмол олиб (Тарас берган) тилланинг устига ёпди. Тилланинг биттасини қўлига олиб, айлантириб томоша қилгач, тишлаб кўриб: «Ажаб бир тур тилла экан, вой, вой, жуда ғалати тилла экан! Бундай олтинни жанобингиз кимдан тортиб олган бўлсалар ҳам, боёқиш бир соат ҳам дунёда турмасдан ўша ондаёқ ўзини дарёга ташлаб, чўкиб кетгандир!» деди. 119-120).
Тарас Бульбанинг энг катта «ютуғи» – уста нотиқлиги. У одамларнинг дилидаги энг нозик ва энг қалтис туйғу – диний ва миллий ҳисларни қўзғатиб, жунбушга келтира олади. Тараснинг уруш бошлашни рад этаётган аскарбошига хитоби унинг хатти-ҳаракатларини оқлаши учун «асос» бўлиб хизмат қилади. Бу далил содда одамлар учун жуда жўяли ва фидокорона туйилади: «Казакларнинг кучи беҳудага йўқ бўлиб кетаверсинми, одамлар тузукроқ бир иш қилмай, бекорга сасиб-чириб кетсинми? Ватанга ҳам, динга ҳам улардан ҳеч қандай фойда бўлмасинми? Бундай бўлса, бизнинг тириклигимиздан нима фойда? Дунёда нима деб юрибмиз?»
Тараснинг назарида, ватан ва дин учун фойда етказишнинг йўли битта – уруш. У казакларни тўплаб, вино тарқатишга амр қилади ва ҳаммани йиғиб, хитоб қилади: «Қани, ўртоқлар, ичайлик, бирданига ичайлик, аввало, муқаддас динимиз ривожи учун ичайлик, динимиз бутун дунёга ёйилсин, ер юзида ёлғиз бизнинг динимиз бўлсин, барча ғайридинлар христиан бўлсинлар! …Қани, биродарлар, дин учун ичайлик, дин учун!» (98).
Аммо Гоголь диний ҳиссиётларни жунбушга келтириш қандай оқибат билан тугашини шу асарнинг ўзидаги қуйидаги парчада жуда равшан кўрсатиб ўтадики, шунинг ўзи ёзувчининг Тарас Бульба сингари «ватанпарвар» кишиларга, уларнинг аъмолига муносабатини яққол кўрсатади, деб ўйлаймиз: «Рус тупроғида дин йўлида қилинган урушлар таърифи маълум ва машҳур. Мавж уриб, ҳар доим ўзгариб, турланиб турган денгиз ўртасидаги юксак тош нақадар қудратли, нақадар даҳшатли бўлса, дин ҳам шундай кучли, шундай қудратли. Денгиз ўртасидаги азамат тош денгиз қаъридан чиқиб, яхлит бир тошдан яратилган гавдасини кўкларгача юксалтиради. Қайси томондан қаралса ҳам тош кўринади, у олдидан чопишиб ўтиб кетаётган тўлқинларни писанд қилмай тура беради. Унга келиб теккан кеманинг шўри қурсин! Майда-майда бўлади, ичида нимаси бўлса, сувга ғарқ бўлади, йўқ бўлади, ҳалок бўлганларнинг дод-войидан ҳавода бир ларза қолади, холос» (136).
Демак, Гоголнинг фикрича, диний масалани ўртага қўйиб бошланган ҳар қандай уруш аянчли натижа билан тугайди, бу урушга кирганнинг тақдири денгиздаги қояга келиб урилган кема аҳлининг тақдири билан бир хил – барча ҳалок бўлади.
Балким Тарас Бульба образи ҳақидаги бу мулоҳазаларимиз у ҳақда ҳозирга қадар фақат яхши фикрда бўлиб келганларга алланечук туйилар, балким у адабиёт саҳнасидаги энг олижаноб қаҳрамонлардан бири бўлиб қолаверар ҳам, аммо ҳаётда Тарас сингарилар – унинг прототиплари ҳар бир миллат учун турган-битгани фожиа. Бундайлар қанча катта салоҳиятга, қанчалар зўр иродага эга бўлса, шунчалик ёмон.
… Тарихнинг ажабтовурлигини қарангки, дин – инсоният учун энг азиз ва муқаддас қадрият, ҳаммани ва ҳар бир одамни ҳамиша тинчликка, сабр-бардош, муроса ва тоқатга ундаб келган бу бебаҳо таълимот барча замонларда уруш чиқаришга энг зўр баҳона бўлиб келган. Башарият ўзини англаганидан бери ҳисобга олинган уруш ва қирғинларнинг аксари «динни ҳимоя қилиш – муқаддас бурч» деган шиор билан бошланган.
Нега шундай?
Бунинг сабаби равшан. Диний туйғу фақат инсонга хос. Инсонгагина хос тушунчаларнинг ҳам энг юксак, энг теранларидан бири. Дин одамнинг нафақат онгига, балки аввало қалбига таъсир қилади. Энг теран, энг олий туйғуларни уйғотади, оламнинг яратилиши ва одам боласининг дунёга келиши, ҳаётидан мақсад-муддаоларини талқин этади. Дин эътиқодга айлангач эса, инсон ўз дилидаги бу бебаҳо жавҳар – иймоннинг фақат кучайишини, мустаҳкамланишини истайди, уни бузишга, ўзгартиришга ёки йўққа чиқаришга интилган ҳар қандай кучга қарши беомон курашади. Бу йўлда у ҳамма нарсадан, ҳатто жонидан воз кечиши мумкин. Зеро инсонда диний эътиқоддан кучли туйғу бўлмайди. Киши, айтайлик, мол-дунёсидан, соғлиғи, энг яқинлари – бола-чақаю ота-онасидан ва ҳатто киндик қони томган ватанидан айрилишга рози бўлиши мумкин, аммо динидан воз кечолмайди. Демак, дин – инсон учун энг улуғ, энг муқаддас нарса, у ўртага қўйилган маҳалда кишининг иккиланишига йўл қолмайди.
Уруш очувчилар эса инсон руҳиятидаги ана шу энг нозик, жуда қалтис жиҳатдан фойдаланишади. Худди шунинг учун ҳам Запорожье Сечи гуриллаган XVII-XVIII асрлардагина эмас, ҳатто XXI аср бошида ҳам динни рўкач қилиб, унинг «ҳурмати»га уруш чиқарувчи сохта фидойилар ҳануз учрайди.
Бир замонларда машҳур саркарда ё воизлар асосан зўр жанглар олдидан барча аскарларга қарата нутқ сўзлаб, уларнинг руҳини тетиклаштиришга, «ғайридин» ёвга қарши ғазабини орттириб, энг оғир, таҳликали дамда ҳам қуролни ташламайдиган даражадаги фидойиликка тайёрлаган бўлса, махфий урушлар авж олган ҳозирги даврда бундай «ташвиқот» нафақат бирон бир террорчилик ҳужуми олдидан, балки ҳар куни, ҳар соатда такрорланади ва бу муттасил тарғибот ўз ишини қилади – одам бир кун келиб ашаддий ғояпараст бўлиб қолади, олмон адиби Ҳенрих Манн ибораси билан айтганда, «содиқфуқаро»га айланади.
Нафақат динда, ҳатто сиёсатда ҳам шундай. Узоққа бормай, муттасил тарғибот туфайли фашизм қутқусига учиб манқуртга айланган нацистлар ёхуд утопик ғоя билан умр ўтказган коммунистларни эсласак, шунинг ўзи кифоя.
Аммо дунё маърифатчилик давридан ўтиб, яна теологик қарашлар майдонга чиққан, бир қисм одамлар ортодоксал дин қонун-қоидаларидан чекиниб, турли «ҳизб» ва «…ий» отли оқимларга ихлос қўйиб, баъзилар ҳатто аллақандай шарпалар, марҳумлар руҳи билан мулоқот, «ўзга сайёрага бориб келиш»га қадар хурофотларга ишона бошлаган ҳозирги даврда дунёнинг айрим ҳудудларида соф заминий мафкуралар ўрнига яна «дин ҳимоячиси» ниқобидаги ҳарбийлашган сиёсий партиялар юзага қалқиб чиқди.
Улар динни давлат тепасига келиш, чексиз ҳокимиятга эга бўлиш, беҳисоб бойлик орттириш қуроли қилиб олган. Ва бунга эришиш учун энг осон йўл ҳам топганлар – одамлар дилига эътиқод сингдириш орқали улар ўлимга тик борадиган фидойига айлантирилади. Фақат махсус тайёрланган китобларни муттасил ўқитиш ёки ваъз билан чекланмай, эртаю кеч тинмай, ғоявий таъсир ўтказишнинг барча турларини ишга солиб, янги остаплар – ота кўксига мушт уришдан тап тортмайдиган манқуртлар тайёрланади.
Эртаю кеч уқтирилиб, минг хил йўл билан онгга сингдирилаётган ғоялар бир куни пишиб етилади – жангарилик, террорчилик эътиқодига айланади. Бундай эътиқодга ўтган гўл одам эса – тайёр зомби, бу йўлда жонини ҳам аямайди.
Ҳозир жаҳоннинг бу хавфдан холи нуқтаси қолмаган. Бундан хориж бўлиш, тинч ва хотиржам ҳаёт тарзини вужудга келтириш учун эса онги ўзгартирилган кишиларни эмас, балки уларнинг дилига сингган мудҳиш ғояни маҳв этиш лозим.
Ғояга қарши ғоя билан курашиш керак, деган сўзни мен ана шундай тушунаман.
Онгга сингиб, эътиқодга айланган ғояни инсон шууридан ситиб чиқариш осон ва жўн нарса эмас. Унинг ўрнига янги, соғлом, инсоний ва инсонпарвар бир дунёқарашни қабул қилдириш эса ундан ҳам қийин. Зеро ғоя – одамнинг моҳиятини ташкил этади. Эътиқодни алмаштириш бир одамдан бошқа бир одамни ясаш демак.
Адашган, янглиш йўлдаги ёшлар орамизда ҳар ҳолда тўрттагина эмаслигини эътиборга олсак, қамалиб, амнистия туфайли озодликка чиққан жиноятчилар учунгина эмас, балки аввало мана шулар учун муайян реабилитация маркази – тинч ҳаётга қайтариш мактаби ташкил этиш керакка ўхшайди. Ва бундай мактабда ҳақ йўлдаги диний уламолар, файласуфлар, психологлар, малакали педагоглар, сиёсатшунослар, ёзувчилар… қатнашиши, очиқ, эркин фикрлашиш, лозим бўлса – баҳслашиш, ҳар қандай қарашларни диний, илмий, ҳаётий ва мантиқий томондан далиллаб, мисоллар асосида исботлаш, кўрсатиш, таққослаш имконини бериш, инонтириш каби усуллар воситасида уларни гўл бир мухолифликдан… фаол тарафдорга айлантириш лозим бўлади. Бунда, турли жангари оқимларга қўшилиб қолган, аммо ҳукумат сиёсатидан қўрққанидан кечирим сўраб, ноилож тинч ҳаётга қайтганларнинг «маҳалла олдида тавба қилгани» кўпам зарил эмас, балки уларнинг жангари ақидадан сидқидилдан воз кечиши муҳим.
Лев Толстой айтган эдики, «Одамларнинг ҳаётига қараб, ишларига қараб унинг Худога ишониш-ишонмаслигини билиб бўлмайди… Диний эътиқодини биронта вақтинчалик, ўткинчи мақсадга эришиш воситаси қилиб олган одамлар аслида уччига чиққан динсизлардир. Негаки, бундай одамлар учун дин ҳаётда муайян марраларга эришиш воситасидир» (қаранг: «Ҳуррият» газ., 1999, 6-12 янв.).
Гоголнинг Тарас Бульбаси билан ҳозирги тарасбульбалар шу жиҳатдан бир хил. Чунончи, дунёнинг қай бурчагидан бўлишидан қатъи назар, улар ҳамиша дин ва миллат ғамидан дам урадилар. Ҳолбуки, уларнинг дини ҳам, миллати ҳам йўқ. Улар учун дин ҳам, миллат ҳам – бозорга солиниб, эвазига ҳокимият ва катта бойликка эришиш воситаси, холос.
XIX аср бошида Петербургда яшаган рус ёзувчиси Н.В.Гоголь «Тарас Бульба» қиссасида XVII-XVIII асрда Европанинг жануби-шарқида бўлиб ўтган воқеаларни тасвирлаган. Аммо қарангки, замонлар ва маконларнинг хилма-хиллигига қарамай, террорчиликнинг моҳияти, усул ва услублари деярли бир хил экан!
Ягона фарқ – Тарас Бульба ўз жангариларини Запоржье Сечида машқини пишитиб, ўзга элларни (турклар, тоторлар ё поляклар…) талашга етакласа, «замонавий Сеч»да – аллақайси тоғнинг ёруғ оламдан пинҳон бирон ўнгуридаги жангарилар лагерида камолга етган ҳозирги тарасваччалар ўз ватанига, киндик қони томган тупроғига босқинчилик уюштиради.
1834 йилдан бошлаб тарих бўйича адьюнкт-профессор лавозимида хизмат қилган ва асосан Жанубий Россия ўтмиши билан обдон шуғулланган Н.В.Гоголь Запороже Сечи каби қароргоҳларнинг моҳиятини теран англаган бўлиши турган гап. Ва бизнингча, адиб «Тарас Бульба» қиссасини қадимги рус руҳини улуғлаган баҳодир бир казакни мадҳ этиш мақсадида эмас, балки ўз она халқини ҳам, бошқа элларни ҳам ғорат қилган, одамларга беҳисоб зулм ўтказган бадкор бир қароқчининг сохта динпарварлиги нималарга олиб келганини кўрсатиш ниятида яратган, шу орқали XVII-XVIII асрлардаги Россия тарихига ўз муносабатини бадиий йўсинда, эҳтиёткорлик билан ифодалаган.
Тўғри, асарда Тарас Бульба нутқига ҳамоҳанг туйиладиган ўринлар ҳам мавжуд. Шу боис, «Тарас Бульба»нинг асл мазмуни, ёзувчининг бадиий ниятини дафъатан пайқаш қийин. Зеро Гоголь ҳам Тарас Бульбадай «дин ва миллат фидойилари»нинг ёвузлигини ўз даврида худди Пушкин сингари фақат ишорат тили билан баён қила олар эдики, бунинг сабаблари ҳаммага тушунарли. Ҳақиқий маъно бадиийлик бўёғи остига яширилган. Аммо юқорида келтирилган айрим мисоллар шундан далолат берадики, адибнинг гражданлик позицияси аниқ ва қатъий: айрим устомонлар содда одамларнинг диний ва миллий ҳиссиётларини қўзғатиб, буни ўз манфаати йўлига буриши, оқибатда минг-минглаб одамларнинг беҳуда қурбон бўлиши тарих мисолида келажак авлодлар учун ибрат қилиб кўрсатилган.
Пировардида яна адабиётшуносликка қайтиб, бу фан нуқтаи назаридан бир саволни ўртага қўйиш ўринли бўлса керак, деб ўйлаймиз: хўш, мана шундай сифатларга эга бўлган Тарас Бульбани… “ижобий қаҳрамон” деб аташ мумкинми?
Йўқ. Зеро “ижобий қаҳрамон – муаллифнинг ахлоқий қадриятлари акс этган адабий персонаж” (Лит. энциклоп. словарь. – М., 1987, с. 286). Улуғ Гоголнинг маънавий-ахлоқий қарашлари Тарас Бульба қиёфасида акс этмайдигина эмас, унга тамоман қарама-қаршидир.