Макотиби ибтидоия шогирдларина алифбодан сўнг ўқутмак учун мумкин даражада очиқ тил ва осон таркиблар ила ёзилмиш қироат китоби
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Ҳамд
Аллоҳ таоло ҳазратлари бизни йўқдан бор қилди. Кичик эдик, катта қилди. Оч эдик, ризқ беруб тўйдирди. Яланғоч эдук, кийим берди. Кўрмак учун кўз берди. Эшитмак учун қулоқ берди. Сўзламоқ учун тил берди. Юрмак учун оёқ берди. Ишламак учун қўл ҳам куч берди. Яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак учун ақл-ҳуш берди. Хусусан, бизга иймон бериб, ўзининг бирлигига инонтирди. Барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларига бизни уммат қилди. Ҳам динларнинг энг ҳақ ва тўғриси бўлган ислом дини ила мушарраф қилди. Бу нарсаларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматларидир. Булардан бошқа қанча неъматлар бергандирки, ёзмоқ ва санамоқ ила адо қилмоқ мумкин эмасдир. Бу неъматларнинг ҳар бириси учун Аллоҳ таоло ҳазратларига доимо ҳамд ва шукр этмак барчамизга вожибдир. Аллоҳ таолога айтиладирган ҳамд ва шукурларнинг энг яхшиси берган неъматларини ўз ўрунларига ишлатмак ва буюрган ишларини чин кўнгил ила қилиб, қайтарган ишларидан бор куч ила ўзини тортмоқликдир.
Байт:
Банданинг ҳаргиз қўлидан келмағай,
Неъмати Ҳақ шукрини этмак тамом.
Яхшиси улдурки, ҳар бир неъматин
Ўз ериға сарф қилгай хосу ом.
«Қил!» — деганин жону дил бирла қилуб,
«Қўй!» — деганин ўзига билгай ҳаром.
САЛОВОТ
Бизнинг динимиз — ислом, ўзимиз мусулмондирмиз. Бизга ислом динини ўргатган ва мусулмонлигимизга сабаб бўлган афандимиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳазратларидир. Бу зот Аллоҳ таолонинг энг яқин ва энг суюклик бандаси эдилар. Шул сабабли бошқа бандаларига тўғри йўлларни кўрсатмак ва эгри йўллардан қайтармак учун бу зотни элчи қилиб юборди ва ҳамма бандаларига бош ва пайғамбар қилди. Бу зот ҳам ниҳоятда тўғрилик ила Аллоҳ таолонинг ҳамма буйруқларини саҳобаларига ўргатдилар, саҳобалар боболаримизга ва боболаримиз бизга еткурдилар. Шу йўл ила биз мусулмон бўлдик. Мана шул Муҳаммад алайҳиссалом бизнинг пайғамбаримиз ва биз шул зотнинг умматларидурмиз. Шунинг учун бу зотнинг ўзларига ва барча ав-лод, қариндош ва саҳобаларига Аллоҳ таолодан раҳмат тиламак ва бу зотнинг кўрсатган йўлларидан ва айтган сўзларидан заррача чиқмаслик ҳар бир мусулмонман деган кишига лозимдур.
ИЛМ
Илм — билмаган нарсаларини билганлардан ўрганмоқдир.
Одам боласи туғилган замонда ҳеч нарсани билмас. Ҳаттоки сўзламоқ, ёзмоқ, яхшини ёмондан, оқни қорадан айирмак каби энг керакли нарсалардан маҳрумлик ҳолда дунёга келур. Сўнгра оз-оз ўрганмоқ ила ҳар нарсани билур.
Оталаримиз, оналаримиз, улуғларимиз ва муаллим афандиларимиз ушбу билган нарсаларимизни ўргатмаган бўлсалар эди, ҳозирда биз ҳам ҳеч нарсани билмас эдук. Шунинг учун одам болаларига зиёда лозим бўлган нарса — билмаганларини билганлардан сўраб ва ўқуб ўрганмак, яъни илм деган азиз ва фойдали нарсани қўлга олмак учун ҳаракат қилмоқдир. Илм — одамнинг зеҳнини очар, ақлини орттирар, билмаган нарсаларини билдирур, дунёда бахтли ва иззатли қилур. Охиратда саодатли ва шарофатли қилур.
Байт:
Илмдур дунёда энг яхши ҳунар,
Илмсиздан яхшидур гунг ила кар.
Ҳар киши илм-ла бўлса ошно,
Иззату давлатда бўлғай доимо,
Илмсиз одам залилу хор ўлур,
Илмсизлардан ҳамма безор ўлур.
АХЛОҚ ДАРСЛАРИ
Одоб
Бир киши Луқмони ҳакимдан: «Одобни кимдан ўргандингиз?» — деб сўрамиш. Луқмони ҳаким: «Одобни одобсизлардан ўргандим», — деб жавоб бермишлар. Ул киши яна сўрамишки: «Одобни одобсизлардан қандай ўргандингиз?»
Луқмони ҳаким жавоб бермишларки: «Доим кишиларнинг қилган ишларига ва сўзлаган сўзларига диққат ила қараб юрдим. Кимдан ёмон сўз эшитсам, ул сўзни ҳеч бир сўйламадим, кимдаки бир ёмон иш кўрсам, ул ишни ҳеч бир қилмадим, шунинг ила одобли бўлдим».
Ҳисса: одобли бўлурман деган киши ҳар нарсага иззат кўзи ила боқуб, иззат олур. Қайси иш кўзига яхши кўрун-са, ул ишни қилмоқға ҳаракат қилур. Ва қай иш кўзига ёмон кўринса, ул ишдан ўзини тортур. Бундай қилган киши, албатта, одобли бўлур.
Искандар Зулқарнайн
Ўтган замонда Искандар деган улуғ бир подшоҳ бор эди. Бир кун бир девонага йўлиқци. Девонанинг баъзи ҳаракатлари подшоҳга хуш келуб, айтдики: «Эй девона, мандан бир нарса сўрагил». Девона айтдики: «Эй подшоҳи олам, пашшалар манга ҳар вақг ташвиш берадурлар. Юз ва қўлларимни чоқуб, хафа қиладурлар. Буюрсангизки, пашшалар манга бундай озор бермасалар».
Подшоҳ айтди. «Эй девона, мандан шундай нарса сўрагилки, ул нарса маним ҳукмимда бўлсун. Ман пашшага нечук буйруқ қилурман?»
Девона айтди: «Эй подшоҳ, дунёдаги махлуқларнинг энг кичкинаси ва ожизроғи пашшадир. Шул пашшагаки ҳукмингиз юрмаса, эмди сиздан нима сўрарман?»
Ҳисса:
Дунёда сенинг на ҳожатинг вор,
Сўрагил они сан Худодан, эй ёр.
Лофчи
Бир лофчи киши бор эди. Лоф ва ёлғон сўзларни кўп сўзлар эди. Бир кун бир мажлисда денгизларнинг аҳволидан ва денгизда кўрган томошаларидан ҳикоя қилди. Мажлисдаги кишилардан бири сўрадики: «Эй биродар, сиз денгизда кўп саёҳат қилганга ўхшайсиз, денгизларнинг балиқлари қандай бўлур экан?»
Лофчи ул кишига боқуб: «Ҳалигача сиз денгиз балиқларини кўрганингиз йўқми? Денгиз балиқлари туяга ўхшаш икки узун шохли бўлурлар»,— деди.
Мажлисда ўлтурганлар билдиларки, ул бечора на туяни кўрган экан ва на денгиз балиғини.
Барчалари бирдан кулишиб юбордилар. Лофчи уялиб, мажлисдан чиқиб кетди.
Ҳисса:
Ўғул, парҳез қил сан ҳам ҳамиша лофу ёлғондан —
Ки яхшидур сукут этмоқ, айтуб ёлғону ёлғондан.
Икки йўлдош
Икки киши дўст ва йўлдош бўлиб, сафарга чиқдилар. Йўлда бир айиқ чиқиб, буларга югуриб ҳужум қилди. Буларнинг бири ёш ва чаққон эди. Шу сабабли тезлик ила қочуб, бир ерга бекинди. Аммо иккинчиси ўзининг кексалиги ва кучсизлигидан қочолмай қолди. Начора, ўзини бир ерга ташлаб, ўликга ўхшаб қимирламай ётди. Айиқ келуб, буни искаб-искаб, ўлук гумон қилиб, зарар еткурмай ташлаб кетди.
Айиқ кетгандан сўнгра йўлдош бекинган еридан чиқуб келди ва кулиб айтдики: «Эй йўлдош, қулоғинга айиқ нима деб шивирлади?»
Йўлдош жавоб берди: «Айиқ қулоғимга, бундай ожизлик вақтида сени ташлаб кетадурғон кишига бундан сўнг асло йўлдош бўлма, деб шивирлади».
Ҳисса: Шундай кишилар ила дўст ва йўлдош бўлмоқ керакки, шодлигингга шод,
хафалигингга хафа бўлсун. Ошга ўртоқ, бошга тўқмоқ бўлмасин.
Тўғри жавоб
Отаси ўлуб, бир киши ўлди бой,
Ки қолди анга молу мулк, сарой.
Онинг олдига бир фақир келиб,
Салом айлади кўп тавозе қилиб,
Деди: «Ман санга туғма қардошман,
Бу молу манолингга йўлдошман.
Отангдан чу қолди санга бунча мол,
Бўлиб бер менга ярмини ушбу ҳол».
Ул одам деди ҳайрат ила анго:
«Нечук сан қариндош ўлурсан манго?»
Фақир айди: «Эй меҳрибоним, эшит;
Қулоқ сол, бу арзи ниҳоним эшит,
Сану ман ҳама олам инсонлари,
Эмасмизми бир одам ўғлонлари?»
Бу сўзни эшитгач, табассум қилиб,
Бир олтун чиқарди, деди: «Ол келиб»
Ул айди: «Биродар, бу қандай сухан,
Манга шулмидир ҳисса меросдан?»
Жавобида ул марди ширин калом,
Деди: «Сокит ўл, билмасун хосу ом.
Эшитса гар ўзга қариндошлар,
Узоғу яқин, ёру йўлдошлар,
Бўлиб олсалар, молу мулк тамом,
Санго тегмагай бир тийин, вассалом».
Панд
Яхши муомалани дўст ва душманга баробар қилмоқ лозимдур. Чунки яхши сўз дўстларнинг дўстликларини орттурур. Душманларингни дўстликка айлантирур.
Назм
Бўлур хулқу хуш ҳам сучук тил била,
Етаклаб улуғ филни қил била.
Чиқар яхши сўз-ла илон инидан,
Ёмон сўз ила мусулмон динидан.
Жўғрофия
Ернинг аҳволини билдирадурғон илмни жўғрофия дейилур. Ер бизнинг кўзимизға текисға ўхшаб кўринса ҳам, аслида текис эмас. Балки пўртахолға ўхшаш юмалоқдир. Аввалларда «Ер ҳўкизнинг шохида турадир», деган сўзларга ҳар ким ишонғон бўлса ҳам, ҳозирғи замонда андоғ сўзларнинг аслсизлиғи ҳар кимга маълумдир. Ер ҳеч нарсанинг устида турмас. Балки ҳавонинг ўртаси муаллақ турадур.
Пўртахолнинг юзи ўзининг пўсти ила қоплонғониға ўхшаш ер юзининг ҳам тўртдан уч бўлаги шўр сувлар ила қопланмиш, қолғон бир бўлаги тош, қум ва туфроғлар ила қопланмишдур.
Сув ила қоплонғон ўринларини денгиз, кўл ва дарё дейилур. Тош, қум ва туфроғлар ила қопланмиш ўринларини қуруғлиқ дейилур.
Денгизлар беш бўлак бўлиб, Баҳри муҳити кабир, Баҳри муҳити ҳинд, Баҳри муҳити атлас, Баҳри муҳити мунжамиди шимолий, Баҳри муҳити жанубий деб аталурлар. Ушбу денгизлар қуруғликнинг атрофини ўраб олмиш улуғ денгизлардур. Булардан бошқа қуруғликнинг орасиға ёриб кирмиш ниҳоятда кўп кўл ва денгизлар бордур. Машҳурроқлари: Оқ денгиз, Қора денгиз, Шимол денгизи, Каспий денгиз, Манош денгизи, Баҳранг денгизи, Болтиқ денгизи, Аталар денгизи, Мармара денгизи, Азов денгизи, Баҳри аҳмар, Япония денгизи ва Чин денгизларидур. Қуруғлиқ ҳам беш қитьага бўлиниб, Европа, Осиё, Амриқо, Африқо, Австралия деб аталур.
Ҳажжож ила дарвеш
Ўтган замонда Ҳажжож исмли бир золим подшоҳ бор эди. Кўп уламо ва саидларнинг бошларини кесмиш ва қонларини тўкмиш эди. Анинг жабр ва зулми шул даражага етмишдур, тарих китобларининг ҳар бирида анинг исмини Ҳажжожи золим деб ёд қилмишлар.
Мана ушбу Ҳажжож бир кун йўлда бир дарвешга йўлиқди. Олдига чақириб: «Эй дарвеш, маним ҳақимга бир яхши дуо қил!» — деди. Дарвеш қўлини дуога кўтариб: «Ё Раб! Бу золимни жонини тезроқ олғайсан», — деб дуо қилди. Ҳажжож аччиғланиб: «На учун бундай ёмон дуо қилурсан?» — деди. Дарвеш: «Агар сан тезроқ ўлсанг, гуноҳинг кўпаймас. Ва барча фуқаро сенинг зулмингдан қутулур. Шунинг учун маним бу дуом ҳам санга ва ҳам барча кишиларға фойдалидур», — деди. Дарвешнинг тўғри жавоби Ҳажжожга хуш келуб, кўп инъомлар берди. Ҳам ул кундан бошлаб зулмдан қўл йиғди.
АХЛОҚ ДАРСЛАРИ
Тарбияли бола
Тарбияли бола улуғларни иззат ва ҳурмат қилур. Ўзи баробариға яхши муомала қилур. Ва ўзидан кичикларға шафқат ва марҳамат қилур. Ҳар кимнинг қадрини билур. Ўзидан рози қилмоқға ҳаракат қилур. Қўлидан келганича бошқа инсонларға ёрдам берур. Инсонликға ярашған ишлардан ўзини тортмас. Ярашмаған ишларнинг (қанча фойдалик бўлса ҳам), яқинига бормас. Ўзи билмайдурған сўзларға ва қўлидан келмайдурғон ишларға асло аралашмас. Ҳар ишда тўғриликдан айрилмас. Доимо яхшини яхши, ёмонни ёмон дер. Ҳар сўзни вақтиға ва жойиға қараб сўзлар. Ҳар ишда бир фойдани кўзлар. Ўзлариға ёки бошқа инсонларға фойдаси тегмайдурғон ишларға қадам қўймас. Ҳеч кимнинг ишиға, кучиға зарар еткурмас. Тарбиясиз, ёмон болаларга қўшилмас. Ота ва онасининг, муаллим ва халфаларнинг сўзларидан чиқмас. Ҳар ишда инсофни қўлдан бермас. Бировдан бир яхшилик кўрса, эсидан чиқармас. Қўлидан келмаган ишни устиға олмас. Устиға олган хизматини қилмай қолдирмас. «Миллат» деган сўзни жонидан ортиқ суяр.
Шафқат ва марҳамат
Одам болалариға лозим бўлган яхши ишларнинг бири муҳтожларға шафқат ва марҳамат қилмоқдур. Шафқат ва марҳамат эса биров бир нарсани сўрағон вақтида бор бўлса, аямасдан бермак, агарда йўқ бўлса, ширин сўз ила узр этмоқ ва қўлдан келганича бошқаларға ёрдамда бўлмоқдур. Жаноби Ҳақ таоло ҳамма махлуқларни бир-бириға муҳтож ва бир-бириға сабаб қилуб яратмишдур. Подшо гадоға, гадо подшоҳға, бой фақирға, кофир мўминға, мўмин кофирға ҳосил, ҳамма бир-бириға муҳтождир.
Бу муҳтожлиқ ёлғиз инсонлар орасида бўлмай, инсонлар ила дунёдағи жонлиқ ва жонсизларнинг барчасини орасида ҳамма вақт кўрилмакдадур. Инсонлар минмоқ, юкларини ортмоқ, ерлариға экин сочмоқ, сут ва гўштларини емоқ ва ичмоқ учун от, туя, эшак, қўй, сигир, ҳўкиз, балиқ, товуқ каби ҳар хил ҳайвонларға муҳтож бўлурлар.
Ҳайвонлар эса ризқларини ўткармоқ ва болаларини тарбия қилмоқучун кўп вақтларда инсонлар тарафидан экилган ўт, пичан ва ғаллаларға ва солинған иморатларға муҳтож бўлурлар. Шул сабабли шафқат ва марҳамат тўғрисида инсонлик, ҳайвонлик, кофирлик, мўминлик, яқинлик, узоғлик, бойлик ва фақирлик каби фарқларни эътибор қилмай, барчани баробар кўрмоқ лозимдур.
Али ила Вали
Али исмлик фақир бир бола бор эди. Бир куни оч қолди. Нон излаб кўчаға чиқди. Қўшнилардан бирининг Вали исмлик бир ўғли бор эди. Вали қўлиға бир парча нон ушлаб, эшигининг олдида еб турган эди. Бечора Али эса очликдан ўлум даражасиға еткан эди. Валининг қўлидағи нонни кўрғани замон олдиға бориб, бўйнин эгиб, «ўртоқжон, озгина нонингдан берсанг-чи», деди. Вали эса тош кўнгиллик, шафқатсиз бола эди. Шу сабабли Алининг ҳолига ҳеч бир раҳм қилмай: «Бор кет, санга берадурган ноним йўқ», — деди. Орадан кўп вақт ўтмади. Бир кун Валининг бир эчкиси йўқолди. Вали эчкисини ахтармоқучун далаға чиқди. Кўп юрди, охирида ташна бўлди.Ҳар тарафдан сув излади, ҳеч бир ердан сув тополмади. Сувсизликдан йиқилмоқ даражасиға еткан ҳолда узоқдан кўзи Алига тушди. Али бир дарахтнинг соясида қўйларини ўтлатиб, олдиға бир кўзада сув қўйиб ўтирмиш эди. Вали шодлик ила Алининг олдиға бориб: «Биродар, сув бермасанг, ташналиқцан ўлурман», — деди. Али фақир бўлса ҳам олийжаноб бир бола эди. Валининг ҳолига шафқат ва марҳамат қилуб, кўзани узатди. Вали тўйгунича сув ичиб, ташналик балосидан қутулди. Ва ўзининг улда қилған марҳаматсизлиғиға Алидан афу сўраб, миннатдорлик изҳор этди.
Исроф, бухл ва саховат
Исроф ўринсиз ва заруратсиз ерларга молни сарф этмакдир. Бухл энг зарурий ерлардан ҳам молни қизғанмоқ ва аямоқдур. Саховат эса ҳар иккисининг ўртаси бўлиб, молни зарур ва фойдалик ўрунларға сарф қилуб, зарурсиз, фойдасиз ўрунлардан сақламоқдур. Исроф ила бухл дин юзасидан ҳаром ва ақл юзасидан энг ёмон ва мардуд саналған ишлардандур. Саховат эса хўйларнинг энг яхшисидур. Исроф қилғувчини мусриф дейилур. Бухл қилғувчини бахил ва хасис дейилур. Саҳоват қилғувчини сахий ва жўмард дейилур. Мусриф киши ҳар қанча давлатлик бўлса ҳам, охир бир кун фақирлик ва хўрлик балосиға йўлиқади. Бухл киши ҳар қанча бой бўлса ҳам, молининг ҳузур-ҳаловати, тириклиғининг лаззати ва шавкатидан қуруқ ва маҳрум қолур. Сахий кишининг кундан-кун моли кўпайиб, иззат ва обрўйи ортар. Ўз баробарлари орасида сўзи ўткур ва эътиборлик бўлур.
Мактаб
Болалар туғулуб, олти-етти кунлик бўлғанларида оналари бешикка солурлар. Кеча ва кундуз тинмасдан ҳаракат қилуб, кўкрак сутлари ила тарбия қилурлар. Қачонки болалар олти- етти ёшга етсалар, мактабға берурлар. Мактабда муаллим ва халфалар кўкрак кучлари ила тарбия қилурлар. Бунга қараганда, мактаб болаларнинг иккинчи бешикларидур.
Аввалғи бешикда болаларға оналари сут эмизиб, танларини ўстурурлар. Иккинчи бешикда муаллимлар илм ва одоб ўргатуб, ақл ва фикрларини ўстурурлар. Болалар учун таннинг саломатлиғи лозимдур. Аммо акл ва фикрнинг саломатлиғи ундин ортиғроқ лозимдур. Чунки ақл ва фикрсиз тандан на ўзи учун ва на бошқа кишилар учун ҳеч бир фойда йўқдур. Шул сабабли болаларга аввалги бешиқдан кўра, иккинчи бешик бўлган — мактаб яхшироқ ва фойдалироқдур. Аввалғи бешикда сут ва таом беруб боққан ота ва она қандай дўст ва азиз бўлсалар, иккинчи бешикда илм ва одоб ўргатуб, тарбия қилған муаллим ва халфалар ондин ортуғроқ дўст ва азиздурлар.
Байт:
Эрур мактаб маорифнинг макони,
Замонидур бунинг ёшлик замони.
Киши қилгай кишини ушбу мактаб,
Битиргай ҳар ишини ушбу мактаб.
Бу мактабда ўқуғон ҳар бир инсон,
Билуб илму одоб бўлғай мусулмон.
Неча илм ол, одоб дунёдаким бор,
Чиқубдур барчаси мактабдан, эй ёр.
Искандар ила Арасту
Ўткан замонда Искандар Румий деган бир подшоҳ бор эди. Анинг Арасту отлиғ бир олим ва доно устоди бор эди. Искандар устодини ўз ёниға бош вазир қилиб, барча мамлакат ишларини шунга топшурмиш эди. Бир иш қилса, шунға маслаҳат ила қилур эди. Эшикдан келса, ўрнидан туриб, жой берур эди. Ўзининг отасидан ортуқ иззат ва ҳурмат қилурди.
Бир куни вазирлардан бири Искандардан сўрадики: «На учун Арастуни отангиздан ортуқ иззат қилурсиз?» Искандар айтди: «Отам гўёки мани осмондан ерга тушурди. Аммо, устодим Арасту мани ердан осмонға кўтарди, яъни отам мани дунёға келмоғимға сабаб бўлди. Устодим илм ва одоб ўргатуб, мартаба ва иззатимнинг ортмоғига сабаб бўлди. Шунинг учун устодимни отамдан ортуқ иззат қилурман». Устодни отадан ортиқ иззат қилмоқ керак.
Ўқумоқ, ёзмоқ
Ўқумоқ, ёзмоқ илми қийин бир иш эмасдур. Балки, оз вақт мактабда ғайрат қилмоқ ила ўрганиладурғон бир ҳунардур. Локин, бундан ҳосил бўладурған фойдалар ниҳоятда кўпдур. Тилсиз, қулоқсиз бир одам ила соғ ва саломат бир одам орасида қанча фарқ бор бўлса, ўқумоқ, ёзмоқни билмаған кишилар ила буни билған кишилар орасида шунча фарқ бордур. Балки, буларнинг ораларидағи фарқ аларникидан ортиғроқдур. Чунки тилсиз киши ҳар хил ишоратлар ила тилли кишиларнинг қиладурғон ишларини қила олур. Қулоқсиз киши ҳам бировнинг сўзини шундай ишоратлар ила била олур. Аммо ўқумоқ, ёзмоқ илмини билған одамларнинг қиладурғон ишларини буни билмаған одамлар ҳеч бир йўл ила қилолмаслар. Балки, ўқумоқ, ёзмоқ илмини биладурғон бир кишиға муҳтож бўлурлар. Бундан муаллим билурки, ўқумоқ, ёзмоқ илмини билмаған одамлардан тилсиз, қулоқсиз кишилар яхшидур.
Аҳмад ила онаси
Аҳмад олти ёшлик бир бола эди. Ҳар вақт онасининг олдида ўтурса, онаси эски ҳикоялардан сўйлаб, Аҳмадни овутиб ўтирарди. Бир куни Аҳмадға онаси айтди: «Ўғлум, Аллоҳи таоло энг аввал отамиз Одам алайҳиссаломни туфроғдан яратди. Сўнгра онамиз ҳазрати Ҳавони яратди. Икковларини жаннатға қўйди. Бир емишни кўрсатиб: « Буни емангиз», — деди. Бир куни шайтон буларни алдаб, ул емишдан едирди. Шунинг учун Аллоҳ таоло буларни койиб, жаннатдан чиқарди. Икковлари ер юзиға тушиб, эр ва хотун бўлдилар. Биз барчамиз шуларнинг болаларимиз».
Аҳмад бу сўзни эшитгач: «Онажон, сиз ҳазрати Одам ила Ҳавони кўрганмисиз?» — деди.
Онаси: «Йўқ, ўғлим, китоблардан ўқуб билдим», — деди.
Аҳмад қўлига бир китоб олуб, ҳар қанча варақлаб кўрса ҳам, кўзига қора чизиқлардан бошқа ҳеч нарса кўринмади.
Онаси Аҳмаднинг бу ҳолини кўриб: «Ўғлим! Сан мактабда ўқумагунча китобдаги нарсаларни кўролмайсан», — деб Аҳмадни мактабға берди. Аҳмад бир оз мактабда ўқуғандан сўнгра, онасидан эшитган ҳикояларини китоблардан ўқиб, ўзи биладурғон бўлди.
Ота-она
Дунёда болаларға энг дўст ва меҳрибон кишилар ўзларининг ота ва оналаридурлар. Ҳар она ўз боласини аввал тўққиз ой қорнида кўтариб юради. Сўнгра қанча азоб ва меҳнатлар ила туғар. Бола туғулган замонда «инга» деб йиғламоқдан бошқа бир нарсани билмас. Она бечора шу болани гоҳ кўтаруб, гоҳ ётқизуб, гоҳ турғузуб, гоҳ ўтқузуб тарбия қилар. Ииғласа, овутар. Оч қолса, эмизиб тўйғузар. Алҳосил, боланинг хурсандлиғи ва саломатлиғи нима ила бўлса, ҳар бирини қилур. Керак бўлганда, молини ва жонини боласидан аямас. Ота эса кеча ва кундуз ишлаб топған нарсасини болаларининг ош, нон ва кийимлариға сарф қилур. Бунинг устиға
«Ўзумдан сўнгра болаларимға қолсун, болаларим кишиға муҳтож бўлмасин», деб бир нарса орттириб қўймоқ ҳаракатида бўлур. Ота-онанинг кеча ва кундуз Худодан тилаган нарсаси болаларининг саломатлиғи ва узун умр кўрмоғи, дунё ва охиратда бахтли бўлмоғидур. Болаларға бундай дўстлик ва яхшиликни ота-онадан бошқа ҳеч ким қилолмайдур. Шул сабабли болаларға ўз ота ва оналарини чин кўнгил ила дўст тутмоқ, буюрған ишлариниқилмоқ, қайтарган ишларидан қайтмоқ лозимдур.
Байт
Кишининг бор эрса ото ва оноси,
Ғаниматдур анга аларнинг ризоси.
Худонинг қошида қабули яқиндур,
Ото ва ононинг болага дуоси.
Оларнинг ким оғритса кўнгилларини,
Қиёматда бўлгай жаҳаннам жазоси.
Бола қурбони
Бир хотун ўзининг тўрт ёшлик қизини етаклаб боғчаға чиқди. Ул вақт баҳор фасли эди. Боғча ёниға кўкарган яшил ўланлар ва новда учида очилишға яқинлашған гул ғунчалари ила зийнатланмиш эди. Яшил ўланлар орасида ҳар тарафға чўзилиб кетған узун-узун йўллар боғчанинг ҳуснини орттурмиш ва ўртадан ўтадурғон улуғ сув боғчани иккиға айирмиш эди.
Бу боғчаға кирғанда ёш қизнинг кўнгли очилуб, ҳар тарафға югурмоқға бошлади. Гоҳо ўланлар устиға ётуб юмаланур эди.Гоҳо кўзиға яхши кўринған гулларни узиб, кўксиға тақуб, онасиға кўрсатарди. Онаси сув бўйида ўтириб, қизининг ёқимли ҳаракатларини томоша қиларди. Лекин бу хурсандлик узоққа бормади. Сув бўйида янгиғина очилғон бир гулни кўриб, узаман, деганда қизнинг оёғи тойиб сувға йиқилди. Онаси бу ҳолни кўриб. «Дод, болам! Сан ўлгунча ман ўлай!»— деб қизининг орқасидан ўзини сувға отди. Бу товушни боғбон эшитиб, югуриб келди. Буларни бу ҳолда кўриб, кийимларини ечиб, ўзини сувға ташлади. Бориб, аввал онасини қутқармоқчи бўлганди, онаси: «Мани қўй, аввал боламни қутқар», — деб боғбонға ялинди. Боғбон ҳам қабул қилиб, аввал болани қутқариб, сув четиға чиқарди. Боғбон қайтуб борғунча бечора она хийла ерға оқуб бормиш, ўз жонини боласиға қурбон қилмиш эди.
Биродарға муҳаббат
Иброҳим ўз қариндош ва биродарлариға муҳаббатлик бир бола эди. Бир кун қўшнисининг уйиға чиққанда қўшниси бир хизмат буюрди. Иброҳим аввал хизматни яхшилаб қилганлиги учун қўшниси олма берди. Олмаға қизиқиб, емоқчи бўлганида уйда касал бўлиб ётган синглиси эсига тушди. Олма ёлғиз ўзидан ўтмади. Синглисининг олдиға кируб: «Укам, қўшнимиз берган бу олмани санга келтурдим! Е!» — деди. Синглиси суюнуб, олмани олди. Ярмини ўзи еб, ярмини яна акасиға берди. Бу йўл ила бир олмани икковлари еб хурсанд бўлишдилар.
Ҳисса: Биродарлар бир-бирлариға шундай муҳаббатлик бўлмоғи лозимдур.
Кўр ила дўхтир
Яхшиғина бой бир кўр киши ҳар вақт бозорға чиқиб, ҳар хил нарсалар олурди. Лекин кўзи кўрмағанлиғи учун яхши-ёмонни айира олмас эди. Яхши деб ўйлаб олған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар эди. Бир куни кўзининг пардасини олдурмоқ учун бир дўхтирни уйиға чақирди.
Дўхтир келиб, кўзини пардасини олди. Бир неча кундан сўнгра кўзи очилуб, уйидағи нарсаларни кўрмоққа бошлади. Бозордан олғон нарсаларининг ҳар бири кўзиға ёмон кўринди. Боруб: «Сан маним уйимдаги нарсаларимни олуб, ўрниға ёмон нарсалар қўйибсан», — деб дўхтирнинг этагидан тутди. Дўхтир: «Йўқ, биродар! Аввал сан кўр эдинг. Бозордан олган нарсаларингни барчаси ёмон нарсалар эди. Сан они билмас эдинг. Эмди кўриб, аларнинг ёмонлиғини билдинг», — деб жавоб берди.
Ҳисса: Нодон киши шул кўрға ўхшайдир. Яхши деб ўйлаған нарсаларининг кўпи ёмон нарсалар бўлур. Илм дўхтирға ўхшайдир. Ўқиған кишиларнинг кўзларини очар. Сўнгра ёмон ишларнинг ёмонлиғини билиб, ондан ўзларини тортурлар.
ФАННИЙ ДАРСЛАР
Йил (сана)
Бир йил ўн икки ойдир. Бир ой 4 ҳафта ила 2 ёки 3 кундир. Бир ҳафта 7 кун бўлур. Бир кун
24 соат. Бир соат — 60 дақиқа (минут). Бир дақиқа 60 сония (секунд)дур. Бир сония эса кўз юмиб очгунча ўтадурган бир замондир.
Йилнинг икки хил ҳисоби бордир. Бири офтобнинг кўринишидан ҳисобланур. Буни санаи шамсия (қуёш йили) дейилур. Иккинчиси ойнинг кўринишидан ҳисобланур. Буни санаи қамарий (ой йили) дейилур.
Қуёш йили ҳисоби ила бир йил уч юз олтмиш беш кун ва олти соат бўлиб, 52 ҳафтадан бир кун ва олти соат ортиқдур. Ой йили ҳисоби ила бир йил уч юз эллик тўрт кун бўлиб, эллик ҳафтадан тўрт кун зиёдадур.
Ой йили ойлари
Ой йили ҳисоби ила ойларнинг арабча исмлари ушбулардур: муҳаррам, сафар, робиул аввал, робиул охир, жумадул аввал, жумадул охир, ражаб, шаъбон, рамазон, шаввол, зулқаъда, зулҳижжа. Бу ҳисоб мусулмонларнинг диний ибодат ва байрамлари учун юрутилур.
Йил боши муҳаррам ойининг биринчи кунидур. Бу кунда кўп мусулмон мамлакатларида йил боши байрам ясалур.
Муҳаррамнинг ўнинчи куни ҳазрат имом Ҳусайн (розиаллоҳу анҳу)нинг Карбалода шаҳид бўлғон кунларидур. Шунинг учун ислом вилоятларида бу кун ашуро мажлисларй ясалуб, хутба ва дуолар ўқилур.
Робиул аввалнинг ўн иккинчи куни кўп ерларда мусулмонлар мактаб ва дўконларини ёпуб, иш ва касбларини ташлаб, Мавлуд байрами қилурлар. Мавлуди шариф ўқутурлар. Чунки бу кун Мавлуд куни, яъни Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг дунёға келған кунларидур.
Рамазони шарифда рўза тутулиб, ҳар кеча таровиҳ намози ўқулур. Шавволнинг биринчи куни ийди рамазон намози ўқулур. Уч кун байрам ясалур. Зулҳижжанинг тўқизинчи куни ҳар (йили) Маккаи мукаррамада ҳожилар Арофат тоғиға чиқурлар. Зулҳижжанинг ўнинчи куни Ийди қурбон намози ўқилур. Уч кунғача қурбонлиқ сўйилур. Тўрт кун байрам қилинур.
Қуёш йили ойлари
Қуёш йили ойларининг русча, арабча, румча (туркча) номлари:
Арабча Русча Румча Кун
Ҳамал Март Март 31
Савр Апрель Найсон 30
Жавзо Май Майис 31
Саратон Июнь Хазирон 30
Асад Июль Тамуз 31
Сунбула Август Ағустус 31
Мезон Сентябрь Ийлул 30
Ақраб Октябрь Ташрини аввал 31
Қавс Ноябрь Ташрини соний 30
Жадий Декабрь Конуни аввал 31
Далв Январь Конуни соний 31
Ҳут Февраль Шабот 28
Ҳут ойи ҳар тўрт йилда бир мартаба 29 кун, уч мартаба 28 кун бўлиб, 29 кун бўлғон йилни санаи кабис ёки зурил деб аталур. Йил боши арабчада ҳамалдан бошланур. Русчада январдан бошланур. Румчада конуни сонийдан бошланур.
Асрлар
Ҳар юз йилни бир аср дейилур. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилған (кўчкан) кунларидан бошлаб саналған асрни асри ҳижрий дейилур.
Ҳазрати Ийсо алайҳиссаломнинг туғилғон кунларидан саналған асрни асри мелодий
дейилур.
Ҳозирғи асримиз, асриҳижрийнинг 12-нчиси, асри мелодийнинг 20-нчисидур. Ўтган асрларга қарағанда, бу аср, илм ва ҳунарнинг энг тараққий қилғон ва кўпайғон асридур. Ўткан асрларда минг кишининг кучи ила бир ойда ишланадурғон ишларни бу асрда мошиналар кучи ила кунда ишлайлар. Ўткан асрларда от ва ароба ила бир ойда босиладурғон йўллар, бу асрда ўт ароба ва пароходлар ила бир кунда босилур. Гўёки бу асримиз илм ва ҳунар асридур. Эмди бу асрға лойиқ кишилардан бўлмоқ учун илм ва ҳунар лозимдур.
Илм ва ҳунар иши ўқумоқ ва ўрганмоқ учун ёшликдан ғайрат қилғон кишиғағина ҳосил бўлур.
Фасллар
Бир йилда тўрт фасл бордур. Бири — ёз, иккинчиси — куз, учинчиси — қиш, тўртинчиси
— баҳордир. Ҳар фасл уч ой бўлур. Ёз ойлари: саратон, асад, сунбуладур. Куз ойлари: мезон, ақраб, қавсдур. Қиш ойлари: жадий, далв, ҳутдур. Баҳор ойлари: ҳамал, савр, жавзодур. Ёз фаслида ҳаволар исир, экин ва мевалар пишар, мактаб ва мадрасаларда ўқушлар тўхталур. Куз фаслида мактаб ва мадрасалар очилур. Уқушлар бошланур. Экинлар ўрилур. Дарахтларнинг япроқлари тўкилур. Ёмғурлар ёғар. Сувлар музлар. Баҳор фаслида дарахтлар япроқ чиқарур. Гуллар очилур. Булбуллар сайрар. Ўтлар кўкарур, экинлар экилур, жонлиқ ва жонсиз махлуқларнинг ҳар бирида сирли бир кўриниш ва суюнчли бир ҳаракат пайдо бўлур, ҳар тарафдан кишининг қулоғиға хуш овозлар келур, димоғига хуш ислар кирмоққа бошлар. Шунинг учун фаслларнинг яхшиси баҳор саналур.
Кунлар
Кунларнинг форсча, туркча исмлари ушбулардур
Форсча Жума Шанба Якшанба Душанба Сеҳшанба Чаҳор-шанба Панж-шанба
Туркча Жума Жума эртаси Позар Позар эртаси Соли Чаҳор-шанба Панж-шанба
Жума ҳафтанинг боши, кунларнинг саййиди ва мусулмонларнинг ҳафталик улуғ байрамларидур. Бу кун мусулмонларнинг жумаларға йиғилиб, жума намози ўқийдурғон кунлари, ёру дўстлари, хеш ва ақробалари ила кўрушуб, аҳвол сўрашадурғон кунлари, мажлис ва жамият (гап)лар ясаб, диний, васлий суҳбат ва маслаҳатлар қилишадурғон кунларидур. Шунинг учун жума кунлари ишчиларга ишларини қўймоқ, косибларға касбларини тарк этмоқ, шогирдларға ўқушларини тўхтатмоқ, савдогар ва амалдорларға дўкон ва маҳкамаларини ёпмоқ диёнат юзасидан лозим ишлардур. Шанба иудейларнинг, якшанба христианларнинг ҳафталик байрамларидур. Буларнинг ҳам ҳар қайлари ўз байрам кунларини таъзим қилуб, юқорида этилғон ишларнинг ҳар бирини қилурлар.
АХЛОҚ ДАРСЛАРИ
Ёлғончилик
Ҳар ким бўлғон ишни бўлмади деса, бўлмағон ишни бўлди деса, ул киши ёлғончи дейилур. Ёлғончилик гуноҳларнинг улуғи, ҳадияларнинг бузуғидур. Ёлғончиларнинг пайдо бўладиғон зиёнлари ниҳоятда кўпдур. Ёлғончини Ҳақ таоло дўст тутмас. Халқ орасида сўзининг эътибори қолмас. Ҳеч кимтнинг сўзиға ишонмас. Ҳамманинг кўзиға ёмон кўринур. Чунки, ёлғон сўзнинг, албатта, асли чиқмай қолмас. Бу кун ё эрта ёлғонлиғи билинуб, сўзлағувчининг уялмоғиға, шарманда бўлмоғиға сабаб бўлур. Ул сўзни чинликка чиқармак учун яна неча ёлғонларни сўзламоқ лозим келур. Бу ёлғонлар ҳам бир кун маълум бўлур. Охирида ул сўзлағувчининг исмини одамлар ёлгончи дерлар. Рост сўзласа ҳам, ёлғонға ҳисоб қилурлар.
Ёлғончи бола
Бир мактабда Ҳабиб исмлик бир ёлғончи бола бор эди. Ҳабиб доимо ёлғон сўзлар ва ҳар кимни алдар эди. Муаллим афанди Ҳабибға: «Ёлғон сўзлама», деб кўн насиҳатлар қилди. Жазолар берди, асло бўлмади, чунки Ҳабиб ёшликдан ёлғонға одат қилғон эди. Ёшликдан одат бўлғон ишни ташламоқ қийин бўлур. Бир вақт Ҳабиб неча кунғача мактабға келмади. Ҳар кун эрталаб: «Мактабға бораман», деб уйидан чиқар эди. У ерда-бу ерда ўйнаб, яна уйиға: «Мак- табдан келдим», деб борур эди. Ота-онасини: «Бу кун буни ўқидук, буни ёздук», деб ёлғон сўзлар ила алдар эди.
Бир кун Ҳабиб мактабға келди. Муаллим афанди тафтиш қилғонда, Ҳабибнинг бир ҳафта бутун узрсиз мактабдан қолғонлиғи маълум бўлди. Шул сабабли Ҳабиб мактабдан қувланди.
Бул хабарни ота-онаси эшитиб, алар ҳам бу ёлғончи Ҳабибни уйдан қувладилар. Ҳабиб бечора ёлғончилик сабабидан ҳам мактабдан ва ҳам уйдан қувланди.
Ёлғончилик зарари
Бир чўпон саҳрода қўйларини ўтлатуб юрур эди. Кўзиға яқин ердан бир қишлоқ кўринди.
Чўпон қишлоқиларни алдамоқ учун ёлғондан: «Бўри келди, бўри келди!» — деб қичқурди. Буни
эшитиб, қишлоқилар қўллариға калтак, тўқмоқ кўтариб югуришдилар. Келиб қарасаларки, бўридан ҳеч бир асар йўқ. Қўйлар баҳузур ўтлаб юрибдилар. Чўпон эса илжайуб, кулиб турибдур. Қишлоқликлар чўпоннинг ёлғондан қичқирғонини билиб, хафа бўлиб, ўз жойлариға қайтиб кетишдилар.
Иттифоқо эртасиға бирдан икки бўри келиб, қўйларға югурдилар, чўпон қўрқиб, бир дарахт устиға чиқди. Бор овози ила: «Дод, бўри келди», деб қичқира бошлади. Лекин қишлоқилар: «Бу кун ҳам ёлғондан қичқируб, бизни алдар», деб ёрдамға келмадилар. Бўрилар бир неча қўйларни бўғиб ўлдирдилар. Чўпон бечора ўз жонини зўрға қутқа-риб қолди. «Ёлғончи» деб аталғон кишининг чин сўзиға ҳам ҳеч ким ишонмас.
Тўғрилик
Тўғри сўзлик болаларни ҳар ким яхши кўрар. Кундан-кунға даражаси ва обрўси ортар. Ҳар ким олдида сўзи мақбул ва ўзи эътиборлик бўлур. Улуғ-улуғ хизмат ва ўринларға лойиқ кўрурлар. Бора-бора қўлиға зўр-зўр ишлар топширилур. Ёлғончи болалар эса бу неъмат ва бу давлатларнинг барчасидан қуруқ қолурлар. Тўғри болалардан жаноб Ҳақ таоло ҳам рози бўлур. Шул сабабли ҳар бир сўзда тўғрилик ила ҳаракат қилмоқ лозимдур. Сўзда тўғрилик эса ёлғон сўз сўзламаслиқдур.
Ориф ила Содиқ
Бир кун Ориф ила Содиқ иккиси ўйнашуб, мактабнинг девориға осилғон соатни синдирдилар. Муаллим афанди Орифни чақириб: «Соатни ким синдирди?» — деб сўради. Ориф тўғри сўзлик бир бола эди. Шунинг учун «Содиқ ила иккимиз ўйнашуб синдирдик, гуноҳимизни кечирсангиз эди, афандим!» — деб тўғри жавоб берди.
Муаллим афанди Содиқни чақириб: «Соатни нима учун синдирдингиз?» — деб сўрағанида, Содиқ: «Тақсир! Ман йўқ эдим. Орифингиз синдиргандир», — деб тонди. Сўнгра бошқа болаларнинг гувоҳликлари ила муаллим билдики, Орифнинг сўзи чин экан, соат синдирганларнинг бири Содиқ экан. Муаллим Орифға қараб: «Ўғлим Ориф, тўғри сўзлаганинг учун санинг гуноҳингни кечирдим, бундан кейин эҳтиёт бўл!» — деди. Сўнгра Содиқға боқуб:
«Ёлғончи Содиқ! Сан ҳам тўғри жавоб берсанг эди, гуноҳингни кечурар эдим. Энди ёлғон сўзлаганинг учун бир кун мактабда таомсиз қолурсан. Ҳам соатнинг ярим баҳосини тўлайсан»,
— деди.
Ориф тўғри сўзлади, қутулди. Содиқ ёлғон сўзлади, тутилди.
Ҳайвонлар
Ерда юрадирган, осмонда учадурган, сувда яшайдурган катта ва кичик жонли нарсаларнинг ҳаммасини ҳайвонлар дейилур.
Ҳайвонлар дафъатан икки қисмга бўлинурлар. Бир қисмини суякли ҳайвон, иккинчи қисмини суяксиз ҳайвон дейилур.
Суякли ҳайвонлар ҳам аввалдан беш синфга бўлинурлар.
Биринчиси: ерда юрадирган ва болаларини туғуб, кўкрак сутлари ила боқадурган иссиғ қонли ҳайвонлардур. Буларнинг кўплари тўрт оёғли бўлурлар. Ораларида от, ҳўкиз, туя, ит, мушук, қўй ва эчкиларга ўхшаган уйларда, саҳроларда боқилиб, кишидан қочмайдурганлари бордур. Буларни: аҳли уй ҳайвони дейилур. Йўлбарс, айиқ, бўри, тулки, буғи ва кийикларга ўхшаган, кишидан қочадурганлари, тоғларда, чўлларда ўз ҳолича яшайдурганлари бордур. Буларни ёбони (ёввойи), қир ҳайвонлари дейилур.
Қушлар
Суяклик ҳайвонларнинг иккинчи қисми болаларини тухумдан чиқарадурғон икки оёғли ва икки қанотли ҳайвонлардурки, буларнинг барчаларини қуш дейилур. Қушлар ҳам ерда юрадилар ва ҳам ҳавода учарлар. Кўкракли ҳайвонларға ўхшаған булар ҳам иссиғ қонлик бўлиб, аҳли ва ёввойи исмлари ила икки қисмға бўлинурлар. Товуқ, ғоз ва ўрдакларға ўхшаған кишиға ўрганғонларини аҳли, уй қуши дейилур. Лайлак, қарға, қорчиғай, чумчуқ ва булбулларға ўхшаған, кишидан қочадурганларини ёбоний, қир қуши дейилур.
Уй қушлари узун муддат кишини кўрмасдан турсалар, қир қуши бўлиб қолурлар. Қир қушлари ҳам оз вақт кишининг қўлидан таом еб турсалар, ўргануб, уй қушлари қаториға кирурлар. Қушларнинг ораларида кўршапалакға ўхшаған боласини туғиб кўкрак сути ила боқадурғанлари ҳам, кундузлари учолмай, кечалари учадурғонлари ва ҳам ўрдак ва ғозларға ўхшаған сувларда кўп юрадурғанлари бордур. Суяклик ҳайвонларнинг учинчи қисми — зувоҳиф ва балиқ, совуқ қонли ҳайвонлар каби, буларнинг бир қисмлари қўлсиз, оёқсиз бўлиб, ерда суриниб юрурлар. Бундай ҳайвонларни зувоҳиф дейилур. Илон бу қисмдандур.
Илонларнинг сувда юрадурғонлари, қуш ва қурбақаларни еб тириклик қиладурғонлари ва болаларини тухумдан очадурғонлари ҳам бордур. Тўртинчи синфи, яъни совуқ қонли ва сувда яшайдурғон қўлсиз, оёқсиз ҳайвонлардур. Бу синф ҳайвонларни балиқ дейилур.
Балиқсув ичида нафас олур. Сувдан чиқса, нафас ололмасдан, оз вақтда ҳалок бўлур. Кўп вақтларда улуғроғи кичикроқларини еб (ютиб), тириклик қилурлар. Балиқ бола очмоқчи бўлганда, сув ичида тухум қўюр. Тухуми тариқға ўхшаған майда, ҳам ниҳоятда кўп бўлур. Бир балиқнинг тухумидан мингларча балиқлар пайдо бўлур. Шунинг учун балиқ кўп баракатли ҳайвондур. Балиқ кишилар орасида энг кўп ейиладурғон ҳайвондур.
Балиқлар ҳам қушларға ўхшаған ҳар хил исмда ва ҳар хил сувратда бўлурлар.
Қурбақа
Бешинчи синф яна сувда яшайдурғон совуқ қонли ҳайвонлардур. Лекин бу туғилғон замонда қўлсиз, оёқсиз бўлса ҳам, каттароқ бўлғон сари сувратини алиштириб, охирида қўл ва оёғли ёки тўрт оёғли бир сувратға кирур. Қурбақа синфидандур.
Курбақа ҳам сувда ва ҳам қуруғда, нафас олмоқға қодир бир ҳайвондур. Боласи аввалан қора туслик, юмалоқ бошлиқ ва думлиқ бир қурт сифатида бўлиб, сув ичида тухумдан туғулур. Биз они итбалиқ деб атаймиз.
Биринчи кундан сўнгра ранги бир оз оқариб, аввал икки қўл, сўнгра икки оёғ чиқариб, тўрт оёғли ҳам қуйруқли бир ҳайвон сувратиға кирур. Бора-бора қуйруғи қисқариб-қисқариб, йўқ бўлуб, ҳозирғи қурбақа сувратиға кирур.
Суяксиз ҳайвонлар
Юқорида ёзилғон беш синф ҳайвонларнинг ҳаммаси суякли ҳайвонлар эди. Энди алардан бошқа бир қисм ҳайвонлар бордурки, буларни суяксиз ҳайвон дейилур. Суяксиз ҳайвонлар ҳам суякли ҳайвонларға ўхшаб неча синфға бўлинурлар. Лекин ҳар бир синф ҳам юмшоқ танли бўлиб, ҳамма аъзоси тери ила эт ва сувдан иборат бўлур. Баданидан заррача суяк топилмас. Шунинг учун бу қисм ҳайвонни суяксиз дейилур. Ниначи, бузоқбоши, пашша, ари, қумурсқа ва бошқа ҳар хил қуртлар бу қисмдандурлар.
Ҳайвонларнинг фаросат ва маишатлари
Жаноби Ҳақ ҳайвонларға ўзларини душмандан сақламоқ, ризқларини топиб емоқ ва болаларини боқмоқ учун бир фаросат (ҳис) бермишдур. Баъзилари қочиб, баъзилари қопиб, баъзилари чақиб, баъзилари тепиб, баъзилари заҳар сочиб, ўзларини душмандан қўрурлар. Баъзилари ўзлариға ўхшаш ҳайвонларни тутуб еб, баъзилари ердан чиққан ўтларни, дарахтларнинг илдизларини, лой ва қумларни, дон ва меваларни топиб еб, ризқларини ўткарурлар. Бола очмоқ, ётуб ухламоқ учун баъзилари ер остида, баъзилари дарахт устида, баъзилари тоғларда, баъзилари боғларда, баъзилари қуруғда, баъзилари сувда ўзлариға махсус уй (макон) ясаб олурлар. Кўкракликлари эмизуб, кўкраксизлари керакли таомларни ҳар қайдан бўлса ҳам топиб келтируб, болаларини тарбия қилурлар. Ҳайвонлар орасида чумолиға ўхшаш қишликларини ёзда йиғиб оладурғонлари бордур.
Бойқуш, укки, кўршапалакларға ўхшаш кундузлари ухлаб, кечалари ризқ излайдурғонлари бор. Айиқ, илон, қурбақа ва пашшаларға ўхшаш бутун қиш таом емасдан, қотиб ухлаб, аввал баҳордан уйғониб чиқадурғонлари бор. Ҳайвонларни ҳар бири нутқ (сўзлашмоқ), ақл, илм каби улуғ неъматлардан маҳрумдурлар. Шундай бўлса ҳам, таълим ва тарбия ила баъзи ҳайвонларға баъзи ҳаракатларни ўргатмоқ, тўти, майна каби қушларға баъзи сўзларни ўргатмоқ мумкиндур.
Инсоннинг бошқа ҳайвонлардан фарқи
Одам болаларини инсон дейилур. Инсон ҳам ҳайвон жинсидандур. Чунки ҳайвонда бўлғон емоқ, ичмоқ ва ухламоқишлари инсонда ҳам бордир. Инсонда бор оёқ, қўл, кўз, қулоқ ва оғиз каби аъзолар ҳайвонда ҳам бордир. Бундай ишларда инсон ила ҳайвон орасида фарқ оздур. Инсоннинг бошқа ҳайвонлардан фарқи фақат ўқимоқ, ёзмоқ, сўз сўйламоқ, ҳар ишға ақл ва фикр юритмоқ иладур. Булар эса жаноби Ҳақнинг ёлғиз инсонға берған улуғ неъматларидур. Бошқа ҳайвонлар бу неъматлардан маҳрумдурлар. Воқеан, бошқа ҳайвонларда ҳам фаросат бор. Ит эгасини танийдур, кўп вақт кўрмаса ҳам, эсидан чиқармас. Кўрған замон суюниб, қуйруғини ликиллатиб, эгасини оёғини ўпар. Лекин бу фаросатини сўз ила баён қилолмас. Бундан маълум, буларға инсон бўлмоқ учун ўқумоқ, ёзмоқ илмини билмоқлозимдур. Ўқиғон кишилар ҳам ишини ақл ва фикр ила ўилаб қилурлар, дуруст сўз сўйламоқни ҳам ўрганурлар. Дунёға келиб, ўқимоқ, ёзмоқни ўрганмасдан, ёлғиз емоқ, ичмоқ ва ухламоқ ила умр ўткарган кишиларнинг бошқа ҳайвонлардан фарқлари йўқдир.
Ҳайвонларнинг инсонға фойдалари
Ҳайвонларнинг ҳар қайсиларини инсонға ҳар хил фойдалари бордур.
Гўёки жаноби Ҳақ ҳайвонларни инсонлар учун яратмишдур. Инсон ҳайвонларнинг ҳар биридан ҳар сувратда фойдаланур. Қўй, сигир ва эчкиларни сўйиб, гўштларини ер, териларидан кафш, маҳси ва бошқа ҳар хил кийим ва асбоблар ясар. Тирик вақтларида сутларини соғиб ичар. От, эшак, туя ва хачирларға минар. Юклар ортар. Ҳўкизни қўшқа қўшар. Балиқларни тутуб ошар. Ит ва қушлар ила ов қилур.
Алҳосил, ҳайвонларнинг ҳар бирлари инсонларға ҳар сувратда фойда еткарурлар. Баъзилари қон ва жонлари ила ва баъзилари куч ва қувватлари ила хизмат қилурлар. Ҳайвонларнинг бу хизматлариға муқобил инсон тарафидан ҳам ҳайвонларға шафқат, раҳм ва меҳрибонлиқ лозимдур.
Шул сабабли ҳайвонларни сабабсиз ўлдирмоқ, урмоқ, қийнамоқ, оч ва ташна қолдурмоқ,
оғир юкларни ортмоқ ва кўп ориғлатиб қўймоқ қаттиғ зулм ва улуғ гуноҳлардан саналур.
Бахилнинг боғи кўкармас
Ўтмиш замонларда бир бахил бор эди. Анинг бойлиғи шул даражаға етишғон эдики, молининг ҳисобини ўзи ҳам билмас эди.
Лекин бу бойликдан на ўзиға ва на аҳли аёлиға ва на бошқаларға ҳеч бир фойда йўқ эди. Чунки, анинг эътиқодича, бойлиқдан мақсад ёлғуз кеча-кундуз ҳаракат қилиб, мол йиғмоқ эди. Аммо мол йиғмоқдан асл мақсад нима? Молни қандай ерларға сарф қилмоқ керак? Емоқ, ичмоқ, мактабу мадрасаларға, фақиру муҳтожларға ёрдам бермоқ керакми? Йўқми? Бу хусусларида ҳеч бир ўйламас эди. Ҳаттоки, ўзининг аҳли авлодининг таом ва кийимлариға ўхшаш энг зарур ўринларға ҳам минг машаққат ила ақча чиқарур эди.
Бозордан нон олса, (арзонлиғи учун) куйған ва қотканларини, мева олса, чуриғон ва сасиғонларини олур эди. Кийимлари эса ҳар вақт эски, йиртиқ ва кирлик бўлур эди. Бисотида Аҳмад исмли биргина ўғли бор эди. Баъзи бир эшонларнинг далолатлари ила бир кун ўғлини мактабға олиб борди. Муаллим афанди мактаб низомларини баён этканда, муаллимлар вазифаси учун ҳар ойда бир сўм тўлаб турмак лозим эканини ҳам сўзлаб ўтди. Бир сўмни эшиткач, бой жанобларининг кўзлари ўйнади.
Муаллимнинг юзиға боқуб: «Ойда бир сўм?.. Йўқ, афандим, ўғул ўқутмак мани ишим эмас экан, аввалги домлалар ҳафтада бир нонға қаноат қилурдилар. Ойда бир сўм қайдан чиқади? Юр, ўғлим, ўқумасанг ҳам бир ризқинг ўтар. Ман мунча дунёни ўқиб топмадим», — деб ўғлини қайтуб олиб кетди. Аҳмад бечора отасининг бахил ва хасислиғи соясида дунёда яшамоқ, инсон қаториға кирмоқ учун энг зиёда лозим бўлғон илм ва маърифатдан маҳрум бўлиб, жоҳил ва нодонлиқ ила ўсди. Кўп ўтмади, ажал келиб, бойнинг ёқосидан тутди. Аввалда анинг руҳини тарбия қилмоқ, яъни ўқитмоқ учун ойда бир сўмни кўзи қиймағон бахил эмди ҳамма дунёсини шул Аҳмадға ташлаб, ўзи бир оз дока ила бўзға ўралуб, охиратға сафар қилди. Аҳмад эса ёшликда илм ва тарбия кўрмағон, касб-ҳунар ўрганмағон эди. Шунинг учун яхши ва ёмонни айирмайдиғон ва молнинг қадрини билмайдурғон мусриф бир киши бўлиб чиқди. Тўрт-беш нафар ёмон кишиларға қўшилуб, ҳар хил қабоҳат йўллариға юрмоқға ва бир тийинлик ўрунға йигирма тийинлаб сарф қилмоқға бошлади. Отасининг шунча хасислик ила жаъм қилғон молини оз вақт ичида тамом қилуб, ўзи фақир ва муҳтож бир ҳолға тушди. Бахилнинг моли, мусрифнинг ҳоли шундай бўлур.
Молнинг қадрини сахий билур
Бир вақт Андижон шаҳрида қаттиғ зилзила бўлуб, ҳамма иморатлар йиқилди. Кўп кишилар том ва деворларнинг ос-тида қолуб, ҳалок ва мажруҳ бўлдилар. Кўп фақиру бечоралар уйсиз, жойсиз, оч ва яланғоч қолдилар. Буларнинг фойдалариға ҳар тарафдан ионалар йиғилди. Ҳар шаҳардан ул бечораларға ақча, таом ва кийимлар юборилди. Ҳар ерда неча-неча кишилар иона йиғиб юбормоқға мутасадди бўлмиш эдилар.
Шул мутасаддиларнинг баъзилари Тошканда иона сўрамоқ учун бир бойнинг уйиға бордилар. Бойни жаҳл ва ғазаблик бир ҳолда кўрдилар. Сўнгра ғазабининг сабабинй билдиларки, хизматкори учи ёқилмаған бир гугуртни ерга ташлагани учун ондин койиб турган экан. Мутасаддилар бу ҳолни кўриб, бир-бирлариға боқуб: «Бир гугурт учун мунча ғазабланган, иона сўраб нима қилурмиз?» — дедилар. Лекиняна шунча ерға келиб, ҳеч нарса демасдан кетмоқни муносиб кўрмай, нима учун келганларини бойға билдирдулар. Бой эса тезлик ила ичкари кириб, беш юз сўм ақча чиқаруб, мутасаддиларнинг қўллариға берди. Мутасаддилар ҳайрон бўлишдилар.
Бой жаноблари буларға боқуб: «Нимаға ҳайрон бўлурсиз? Агарда ман бир гугуртнинг бекор кетмоғиға рози бўладурған даражада мусриф бўлсайдим, ҳозирда бундай хайр ишларға бериладурғон ақчаларни қандай жамъ қилурдим? Сахий бўлурман, деган киши молнинг қадрини билур. Ериға қараб, пулиға савдогарлик қилур. Ериға қараб, мингларча сўмнинг юзиға боқмас», деди.
Ўрунли саховат
Бир бой ўғлини тўй қилмоқчи бўлди. Бир неча ёру дўстларини чақируб, маслаҳат сўради. Дўстлари уч-тўрт кун шаҳар халқиға ош бермоқни, созанда ва ҳофизлар келтуриб, базм ва зиёфат қилмоқни маслаҳат кўрдилар.
Бой эса мол қадрини билгувчи эсли ва инсофли бир зот эди. Шул сабабли аларнинг берган маслаҳатларини ва кўрсатган йўлларини мувофиқ топмади ва аларға боқуб, ушбу сўзларни сўзлади: «Азиз биродарларим, тўй деган бир саховатдур. Саховат эса фақир, муҳтож, оч ва яланғочларнинг ҳақларидур. Ош берғанда шуларға бермоқ лозимдур. Ҳолбуки, орамиздағи урф- одатларға қарағанда, ман ошни сиз ҳурматлиларға ўхшаш, янги тўнли зотларға берсам керак. Агар урфу одатдан чиқиб, фақир ва муҳтожларни чақирсам, эҳтимолки, ҳар ердан ошға чақирилуб ўрғанған баъзи янги тўнлиларимизни кўнгиллари қолур. Ва агар фақирларни қўйиб, бойларни чақирсам, ўзимға ва ҳам аларға зиён еткурган бўламан. Чунки ўзимнинг қанча молим ўрунсиз сарф бўлур. Алар эса ошға борурмиз, деб ўз ишларидан қолурлар. Хусусан, муаллим ва мударрисларни чақириб, мактаб ва мадрасалар ишиға қанча шогирдларни мунтазир ва саргардонликлариға сабаб бўлмоқни зўр гуноҳ деб ўилайман, шул сабабли халқға ош бермоқ учун сарф қиладурған ақчаларимни мактаб ва мадрасаларға, фақир ва муҳтожларға улашуб, ўғлимни суннатға мувофиқ хатна қилдирсам дейман, шояд сиз ҳурматлилар ҳам мани айбға буюрмай, бу фикримға қўшилиб, ёрдам берсангиз».
ФАННИЙ ДАРСЛАР
Ҳаво
Дунё юзи «ҳаво» исмлик бир жисм ила тўла бўладур. Сув ила тўлғон бир ҳовуз ичида сув кирмаған ҳеч бир ўрун қолмайдур. Шунға ўхшаш дунё юзида ҳам ҳаво кирмаған бўш ўрун йўқдур. Ҳаво ўзи рангсиз, тиниқ, юмшоқ бир жисм бўлғонлиғи учун бизим кўзимизға кўринмайдур.
Бир елпиғич ила киши ўзини елписа, юзиға совуқ бир нарса келиб тегадур. Мана шу юзға теккан нарса елпиғичнинг ҳаракати ила қимирлаған ва тўлқинланған ҳаводур. Бир олманинг думидан ип бойлаб, бошдан тез айлантурулса, «ғув-ғув» деган бир товуш чиқадур. Мана бу товуш олмадан чиққани йўқ. Балки шул олма ила ҳавонинг бир-бирига тегмоқ ва суйкалмоғидан пайдо бўлған товушдир.
Ер юзидағи инсонлар, ҳайвонлар ва дарахтларнинг ҳар бирлари шул ҳаво ила тириқдурлар.
Сувсиз ерда балиқтириклик қилмайдур. Шунға ўхшаш ҳавосиз ерда биз ҳам ти-риклик қилолмасмиз. Чунки нафас олмоқ учун балиқға сув, бизға ҳаво лозимдур. Ҳавосиз нафасни ичиға олмоқ мумкин эмасдур. Нафас олғонимизда ичимизға ҳаво кирар. Фойдалилари ўпка орасидан боруб, қонға қўшилур. Фойдасизлари нафасни қўйғонимизда ташқари чиқиб кетадур. Бундан маълум бўладики, биз доимо ҳаво ютиб турамиз. Агарда бир-икки минут ҳавосиз қолсак, нафас олмасдан бўғилуб ўламиз. Бир биз эмас, бошқа ҳайвонлар ҳам шундайлар ва инсон ва ҳайвонларнинг ичларидан чиқғон ҳаволар заҳарлануб, иккинчи ютишга ярамай қолурлар. Буларни эса ўланлар ва дарахтлар ютиб, тириклик қилурлар.
Булут
Бир қозонға сув тўлатиб остидан олов ёқилса, бир оз исиғандан сўнг ул сувдан буғ чиқа бошлайдур. Агарда оловни ҳадеб ёқилаверса, сув қайнаб-қайнаб озая бошлар. Охирида сувнинг ҳаммаси буғ бўлиб чиқуб кетуб, қозон қуруб қолар. Бундан маълум бўлурки, сув исиғон сари буғ бўлиб осмонға кўтарилур экан. Ер юзидағи денгизлар, кўллар ва дарёларни қуёш иситған сари, ондағи сувлар буғ бўлиб, осмонға чиқа бошлайдур. Куз ва қиш кунларида эрталаб сув бўйларида туриб диққат қилган киши сувдан доимо буғ чиқиб турғанлиғини кўп яхши биладур. Мана шул сувлардан пайдо бўлғон буғлар ердан бир неча сожин юқориға кўтарилғондан сўнгра бир-бирлариға қўшилиб қалинлашурлар. Шамол кучи ила ҳар тарафға юриб, ҳаракат қилурлар. Қуёш, ой ва юлдузларнинг олдиларини тўсиб кўк юзини қорайтурурлар. Биз шул буғ йиғинларини булут деб атаймиз.
С ў н г