Убайдулла Уватов
МАҲМУД АЗ-ЗАМАХШАРИЙ
(1075-1144)
Кўҳна Хоразм заминида жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққан. Абул қосим аз-Замахшарий ана шундай улуғ сиймолардан биридир.
Алломанинг тўлиқ исми Абул қосим Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий бўлиб, у ҳижрий 467 йил ражаб ойининг 27 куни (1075 йил 19 март) Хоразмнинг катта қасабаларидан бири — Замахшар қишлоғида таваллуд топди. Аз-Замахшарий ҳақидаги маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида келтирилади. Отаси унчалик бадавлат бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва аксар вактини Қуръон тиловатию намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. Аз-Замахшарийнинг онаси ҳам тақводор, диндор аёллардан ҳисобланган.
Афтидан, аз-Замахшарийнинг отаси серфарзанд бўлган. Чунончи, шоир қасидаларидан бирида отасининг фарзандлари кўп ва оиласи катта бўлгани туфайли ҳам тирикчилик йўлида тинмай меҳнат қилгани ҳақида ёзади.
Аз-Замахшарийлар оиласи исломнинг муътазилий таълимотига мансуб бўлиб, ёш Маҳмуднинг дунёқараши мана шу диндор, тақводор отасининг таъсирида шаклланди ва дастлабки билимни ҳам ўз отасидан олди. Аллома ҳақидаги маълумотлардан маълумки, унинг бир оёғи ёғочдан бўлиб, тарихчилар бу ҳақда: «Бир оёғи ёғочдан эди ва узун яктагини тушириб кийгани учун кўрган одам уни чўлоқ деб ўйларди» — деб ёзганлар. Оғир иллат туфайли у ёшлигидан бир оёқ бўлиб қолган ва шундан сўнг отаси уни энди оғир меҳнатга ярамайди, деб кийим тикувчи устага шогирдликка бермоқчи бўлади. Бироқ ёшлигидан илмга ҳавасманд ўсган Маҳмуд отасидан ўзини мадрасага ўқишга юборишни сўрайди. Ўғлидаги илмга бўлган зўр иштиёқ ва ҳавасни сезган отаси уни мадрасага беради.
Аз-Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошлайди. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиё-ти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади, ўша даврда илм аҳпи орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бирқадар тузатади. Сўнг, араб тарихчиси ва биографи ибн Халликоннинг ёзишича, талабалик ёшига етгач, билимини янада ошириш, ҳар томонлама камол топтириш мақсадида Бухорога йўл олади. Бухоро, машҳур олим Абу Мансур ас-Саолибийнинг (961-1138) ибораси билан айтганда: «Сомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони, салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган: ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган (жой) эди». Аз-Замахшарий Бухорода ўқишни тугатгач, бир неча йил Хоразмшоҳлар хизматида бўлиб, котиблик билан шуғулланади, ҳукмдорлар билан яқинлашишга уринади. Бироқ қобилияти, илми, фазилатига яраша бирор мансаб ва муносиб эътибор кўрмагач, ўзга юртларга сафар қилади, матлабу-мақсадларининг ушалишига умид боғлайди. 1118 йили аз-Замахшарий оғир дардга чалинади, бу касалликдан тузалгач эса ҳукмдорлар хизматию мансаб ва мол-дунё таъмасидан мутлақо воз кечади, қолган умрини фақат илм-фанга бағишлашга, асарлар таълиф этишга астойдил қарор қилади.
Аз-Замахшарийнинг ўз даври илмларини тўлиқ эгаллашга, олимлик даражасига етишишида, шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. Мана шундай устозлардан бири — тил, луғат ва адабиёт соҳасида машҳур олим Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарийр ал-Даббий ал-Исфаҳонийдир (1113 йили Марвда вафот этган). Ал-Исфаҳоний Хоразмда ҳам бир қанча муддат яшаган. Бу ўлкада муьтазилийлар таълимотининг жорий бўлиши ҳам мана шу Ал-Исфаҳоний номи билан боғлиқдир. Аз-Замахшарий Бағдодда шайх ул-ислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Саад аш-Шаққоний, Абул Хаттаб ибн Абул Батар каби машҳур олимлардан ҳадис илмидан таҳсил одди. Маккада бўлганида эса наҳв ва фиқҳ бўйича илмни Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Йабирий ал-Андалусий, аш-шайх ас-Садийд ал-Хаййатий, луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб ибн ал-Хадар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганди.
Аз-Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Щижозда, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, бу минтақа жуғрофиясига оид хилма-хил маълумотларни тўплади.
Адиб кўп асарларини Маккалигида яратади. Ўз ҳаётида чуқур из қоддирган Маккада аз-Замахшарий беш йилча яшайди. Шу боисдан у Жоруллоҳ («Оллоҳнинг қўшниси») деган шарафли лақабга муяссар бўлади.
Ўз даврининг йирик олими даражасига кўтарилган аз-Замахшарийнинг Хоразмда ҳам, Шарқнинг бошқа кўпгина шаҳарларида ҳам кўпдан-кўп шогирдлари бўлган, аллома кўп вақтини ўшаларга бағишларди. У қариндош-уруғларининг қийин-қистовларига қарамасдан, ҳаётида бирор марта ҳам уйланмаган. Илмий асарлар яратиш ва муносиб шогирдлар тайёрлашни фарзанд ўстиришдан аъло деб ҳисоблаган. Аз-Замахшарий охирги марта Маккадан қайтиб, Хоразмда бир неча йил яшайди ва ҳижрий 538 йилда, арафа кечаси (1144 йил 14 апрел) вафот этади. 1333 йили Хоразмда саёҳатда бўлган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута (1304-1377) «Ар-Риҳла» («Саёҳатнома») асарида аз-Замахшарийнинг устида қуббаси бўлган мақбарасини кўрганини ёзади.
Буюк мутафаккир аз-Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, жуғрофия, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид элликдан ортиқ асарлар яратган, уларнинг аксарияти бизгача етиб келган.
Араб тилшунослиги ва грамматикасининг турли томонларига оид асарлар аз-Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллайди. Жумладан, араб тили грамматикасига оид «Ал-Муфассал» (1121 йил) номли асарини у Маккада яшаган пайтида, бир ярим йил давомида ёзган. «Ал-Муфассал» араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, ғарбда ҳам шуҳрат топган асарлардан ҳисобланади. Кўпчилик олимлар ўз илмий қиммати жиҳатидан аз-Замахшарийнинг бу асари таниқли араб тилшуноси Сибавайҳнинг (796 йили вафот этган) араб грамматикасига оид китобидан кейин иккинчи ўринда туради, деб таъкидлаганлар. Ўша даврнинг ўзидаёқ араблар орасида ҳам бу асар катта эътибор қозонган ва араб тилини ўрганишда асосий қўлланмалардан бири сифатида кенг тарқалган. Ҳатто Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимда-ким Аз-Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга беш минг кумуш танга пул ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга ҳам сазовор бўлганлиги манбаларда келтирилган. Бу мисол аз-Замахшарий асарининг ўша даврда ҳам қанчалик юксак баҳоланганини кўрсатади. Бу асарнинг бир қўлёзмаси Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланади. «Ал-Муфассал»нинг ихчамлаштирилиб, мухтасар ҳолга келтирилган нусхаси «Ал-Унмазаж» («Намуна») номи билан аталади. Грамматикага оид асарларидан Шарҳ абйат китоб Сибавайҳ» — ҳозир зикр этганимиз Сибавайҳнинг китобига ёзилган мукаммал шарҳдир. Аз-Замахшарийнинг хоразмшоҳ Алоуддавла Абулмузаффар Отсизга бағишлаб ёзилган «Муқаддимат ул-адаб» асари алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, хоразмшоҳлар даврида илм-фан, маданият анча тараққий қилган эди. Ҳукмдорлар, айниқса, хоразмшоҳ Отсиз олимлар, шоиру адибларга ҳурмат билан қарар, ўзи ҳам истеъдодли, маърифатпарвар, адабиётга қизиққан, билимдон одам эди. Унинг даврида илм-фан тараққиёти йўлида бир қанча хайрли ишлар амалга оширилган. Шу сабабдан бўлса керак, аз-Замахшарий «Муқаддимат ул-адаб»ни унинг номига бағишлаб ёзган. Асар беш катта қисмга бўлинган бўлиб — отлар, феъллар, боғловчилар, от ўзгаришлари ва феъл ўзгаришлари ҳақида баҳс юритади. Асар 1137 йиллари ёзиб тугалланган.
Аз-Замахшарий ўз асарида ўша давр араб тилининг истеъмолда бўлган барча сўзлари, ибораларини қамрашга интилган, уларнинг этимологиясига катта эътибор қилган. Шу боисдан ҳам аз-Замахшарийнинг бу йирик асарини мазкур йўналишдаги дастлабки асарлардан дейишга ҳақлимиз. «Муқаддимат ул-адаб» арабчадан форс, чиғатой, мўғул ва турк тилларига таржима қилинган. Манбаларда таъкидланишича, асарнинг чиғатой тилидаги таржимаси аз-Замахшарийнинг ўзи томонидан амалга оширилган. Зотан хоразмшоҳ Отсизнинг тушуниши учун асарнинг арабча матни билан биргаликда чиғатой тилидаги таржимаси ҳам яратилган, деб билиш ўринлидир. «Муқаддимат ул-адаб» яратилган давридан бошлаб бир неча асрлар давомида олимлар, тадқиқотчилар диққатини ўзига тортиб келаётир. У биринчи марта 1706 йили Хўжа Исҳоқ Афанди томонидан усмонли турк тилига таржима этилган. Сўнгра Оврўпонинг бир қанча тилларига (француз, немис) ўгирилган. Париж, Лейпциг, Вена, Лейдан, қозон шаҳарларида, Норвегия, Миср ва Ҳиндистонда бир неча марта чоп этилган. Немис олими Ватзастайн «Муқаддимат ул-адаб»нинг Оврўпо қўлёзма фондларидаги еттита нусхасини қиёсий ўрганиб, 1850 йили Лейпцигда асарнинг икки жилдлик танқидий матнини нашр этган.
Асарнинг чиғатой тилидаги таржимаси узбек тили тарихини ўрганувчилар учун муҳим аҳамиятга эгадир. Бу ҳақда Садриддин Айний 1921 йили «Меҳнаткашлар товуши» газетасига ёзган мақоласида «Аз-Замахшарийнинг «Муқаддимат ул-адаб» асари ўзбек тили учун бутун дунёнинг хазинаси билан баробардир», деб ёзган эди.
Аз-Замахшарий Макка амири, олим ва адиб Абул Ҳасан Али ибн Ҳамза ибн Ваҳҳос ас-Сулаймон билан дўст эди. Ибн Ваҳҳос ўз мамлакатининг жуғрофияси билан жуда яхши таниш бўлган. Аз-Замахшарий ибн Ваҳҳос маълумотларига таяниб, ўзининг Ҳижозга қилган сафаридан олган шахсий кузатишлари асосида ёзган «Китоб ал-жибол ва-л-амкина ва-л-мийоҳ» («Тоғлар, жойлар ва сувлар ҳақида китоб») номли асарида жуғрофий жойлар, тоғлар ва денгизларга дойр қимматбаҳо маълумотлар келтиради. Машҳур араб олими ва сайёҳи Ёқут ал-Ҳамавий (1179-1229) ҳам ўзининг бутун дунёга таниқли «Муъжам ал-булдон» («Мамлакатлар қомуси») асарида Арабистон, хусусан, Ҳижоз ҳақидаги маълумотларни аз-Замахшарийнинг ушбу асарига таяниб ёзган. Аз-Замахшарийнинг бу асари ғарб олимлари ўртасида ҳам кенг танилган, 1856 йили голландиялик арабшунос олим Сальверда де Граве томонидан мукаммал тадқиқ қилинган ҳолда нашр этилган.
Аз-Замахшарий адабиёт, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари бўйича ҳам мукаммал асарлар яратган.
Олимнинг «Асос ал-балоға» («Нотиқлик асослари») асари асосан луғатшуносликка бағишланган. Унда араб тилининг фасоҳати, мукаммаллиги ҳақида сўз боради. Фикрни чиройли ибора ва сўзлар билан ифодалаш, сўз бойлигидан усталик билан фойдаланиш учун киши фасоҳат, балоғат илмларидан яхши хабардор бўлиши керак.
Бунинг учун сўзни тўғри, ўз ўрнида ишлатиш, қоидага мувофиқ сўзлаш ва ёзиш ҳам керак бўлган. Бу асарда адабиётнинг асосий қисмлари, фразеологик сўз бирикмалари, уларни амалда тадбиқ этиш йўллари чуқур таҳлил қилинган.
«Атвоқ уз-заҳаб фи-л-мавоиъз ва-л-хутаб» («Хутбалар ва ваъзлар баёнида олтин шодалар») — насиҳатомуз мақолалар тўпламидан иборат. Асар биринчи марта 1835 йили олмон олими Фон Хомир томонидан немисчага таржима қилиниб, арабча матни билан нашр этилган. Ўттиз йилча ўтгач, французчага таржима қилиниб, 1886 йили Парижда чоп этилган. 1873 йили ҳам усмонли турк тилига таржима қилиниб, Истамбулда нашрдан чиққан…
Аз-Замахшарийнинг «Рабиъ ул-аброр ва нусус ул-ахйар» («Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни») асарида адабиёт, тарих ва бошқа фанларга оид ҳикоялар, латифалар, суҳбатларнинг энг саралари жамланган, 97 бобдан иборат бу асарнинг нодир бир қўлёзма нусха-си Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтада сақланади. Бундан ташқари, Лейден, Берлин кутубхоналарида ҳам қўлёзмалари мавжуд.
Олимнинг аруз вазни ҳақида баҳс юритувчи «Ал-Кустос фи-л-аруз» («Арузда ўлчов (мезон)») асари муҳим манбалардан ҳисобланади. Алифбо тартибида йиғилган араб мақоллари, масалларига бағишланган бошқа бир асарини «Ал-Мустақсо фи-л-амсол» («Ниҳоясига етган масаллар») деб атади. «Мақомат» («Мақомлар») — эллик мақомдан иборат бўлиб, қофияли наср — сажъ услубининг нозик намуналарини ўзида мужассам этган муҳим асардир. «Девон уш-шеър» китоби ҳам диққатга сазовор асарлардан саналади. Аз-Замахшарийнинг «Навобиғ ул-калим» («Нозик иборалар») асари эса араб луғатларини ўрганишга бағишланган юксак дид билан ёзилган. Бу асар дастлаб француз тилига таржима қилиниб, асл нусхаси билан биргалиқда 1876 йили Парижда, 1870 йили қоҳирада, 1884 йили Байрутда, 1896 йили эса қозонда нашр этилган.
Аз-Замахшарийнинг ғоятда кенг танилган «Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзийл ва уйун илгақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл» («Куръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш») асари Қуръон тафсирига бағишланган. Маълумки, Ўрта асрлардан бошлаб Қуръонни тафсир ёки шарҳ билан ўқиш одат тусини олган. Шу боисдан ҳам қуръон яратилган даврдан бошлабоқ унга бағишланган тафсирлар, шарҳлар ёзишга катта эҳтиёж сезилган. Турмуш тақозоси билан шундай вазиятда ислом тарихида қуръонга бағишланган кўпдан-кўп тафсирлар, шарҳлар вужудга келган. Аз-Замахшарий ҳам тафсир ёзишдан аввал ўзидан олдин яратилган Қуръон тафсирига бағишланган кўплаб асарларни қунт билан ўрганган. «Ал-Кашшоф» аз-Замахшарий Маккада турган пайтида, уч йил давомида (1332— 1334) ёзилган.
Немис шарқшуноси Карл Броккелман дунёнинг турли қўлёзма хазиналарида «Ал-Кашшоф»нинг юзга яқин қўлёзмалари ва асарнинг ўзига битилган йигирмадан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар борлиги ҳақида ёзиши аз-Замахшарий асарининг катта шуҳратидан далолат беради. Қоҳирадаги бутун дунёга машҳур Ал-Азҳар диний дорулфунунининг талабалари ҳам аз-Замахшарийнинг «Ал-Кашшоф» асари асосида Қуръонни ўрганадилар. «Ал-Кашшоф»нинг Тошкентда, жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диния назоратининг кутубхонасида бир қанча қўлёзма нусхалари сақланади.
Аз-Замахшарийнинг чуқур билими, даҳоси ва фаннинг турли соҳаларига оид ўлмас асарлари ҳали у ҳаёт пайтидаёқ бутун мусулмон Шарқида унга катта шуҳрат келтирган. Алломани чуқур ҳурмат ва меҳр билан «Устоз ул-араб ва-л-ажам» («Араблар ва ғайри араблар устози»), «Фахру Хваразм» («Хоразм фахри») каби шарафли номлар билан атаганлар. Машҳур олимлар, шоирлар, адиблар даврасида у доимо пешволардан бири бўлиб, қизғин илмий баҳслар, мунозараларда унинг фикри инобатга олинарди. Мана шундай улкан обрў-эътибор, эҳтимол, даҳо ўз асарларидан бирида «ва инний фи Хваразм каабат ул-адаб» («Чиндан ҳам мен Хоразмда адиблар учун бир каъбаман») деб ёзишига асос бўлган бўлса керак!
ЗАМАХШАРИЙ ҲИКМАТЛАРИДАН
Ёки илмли бўл, ёки илмга таяниб иш тутадиган бўл, лоақал илмни тинглаб эшитадиган бўл, аммо тўртинчиси бўлма, чунки касодга учраб ҳалок бўласан.
Ёмон фикр соҳиблари ҳам, куфрони неъмат қилувчилар ҳам ёввойи қобонлар мисоли Аллоҳ таолонинг мағфиратидан йироқдирлар.
Одамнинг умри аввалида қилган ишлари умрининг охиридаги ишларига ҳам далолатдир.
Аллоҳ таолодан астойдил илтижо билан ўтиниб сўраган кимсанинг нидоси сира ноумид қолмайди.
Сув йўллари ирмоқлари билан бўлгани каби шариатнинг тўғри қонун-қоидалари Пайғамбар алайҳиссалом таълимотлари биландир.
Уруғликни ҳам, пўчоқни ҳам, нияту орзуларни ҳам, муҳаббату фироқни ҳам яратувчи Аллоҳ таолодир.
Сен залолат тўлқинига ўзингни уриб сузсанг, сени фақат кўп тоат-ибодат ва тасбеҳлар қутқаради.
Ҳар қандай ишни бошлашдан аввал Аллоҳнинг розилигини ўйла. Акс ҳолда қилган ишларингнинг ҳаммаси беҳуда бўлиб, зое кетади.
Бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмаганидек, аҳмоқ киши ҳикмат лаззатини билмайди.
Кимки ўз нафси-балосию орзу-ҳаваси домига тушиб қолса, у бешак ўзини-ўзи чуқур қаърига ташлагани муқаррар.
Ўз нафсингга ҳоким бўлмасанг, уни ўз ҳукмингда тутасан. Акс ҳолда ундан ғолиб чиқиб, ушлаб тура олмайсан.
Кимнинг ҳиммати-ю муруввати қанчалик кўп бўлса, шунга яраша одамлар унинг кайғусига шерик бўларлар, ҳамдардлик билдирарлар.
Бошингизга мушкул иш ва ташвиш тушганида мунис бўлиб, одамларга меҳр-муҳаббат кўрсатасиз. Аммо давлату неъматларга эришганингизда бағритошликка мойил бўласиз.
* * *
Одамлар ичидаги энг ярамаси хасисдир, уларнинг ичидаги энг ялқови пасткашдир.
Ҳаёт вақтингда берган инъом-эҳсонларинг, гарчи уларни туки йўқ (қирчанғи) бўрига берган бўлсанг-да, зое кетмас. Қиёмат кунида буларнинг ажри сенга бўлур.
Ўз вақтидан кечикиб берилган инъом-эҳсон маҳкам тортилган занжир мисоли қаттиқ бўғувчидир.
Тоғ тепасидаги қояларни кўчириш миннат эшитиш юкларига нисбатан енгилроқдир.
Риё бор ҳар қандай ишда раволиг-у зиё йўқдир.
Мол-мулкни беҳуда исроф қилиш куфрони неъматдур. Ўйламасдан бойлигини сарфлаш тўлиқ таназзулга олиб келади.
Агар бирор қайғу-алам юз бергани ёки таъзияли жойни эшитсанг, дарҳол ўша ерга бор. Агар зиёфату меҳмондорчиликка чақирилсанг, унда ўзинг ўйлаб иш тут.
Фақиру мискинларга вожиб садақаларни бажо келтирмаган бойларга жаҳаннамда даҳшатли бир ҳандақ бордир.
Кўпинча ёки баъзан Ҳасан ал-Басрийга ўхшаш буюкларни Хажжож золимга ўхшашлар туғадилар, гўё шўр денгиз сувидан дур-маржонлар чиққани каби.
Пора фақат ноҳақлигу золимларга ёрдам бергувчидир.
Ўткир қиличнинг бошга тушадиган зарбаси баъзи нодонларнинг ҳукми остида мутеъ-итоатда бўлиб юришдан афзалдир.
Ҳақиқат ва адолат билан тўғри сиёсат юргизмаган ҳар бир раҳбар ва бошлиқ қаттиқ азоб-уқубат ва балога гирифтор бўлур.
Бу дунё ибратли ишлар ва панд-насиҳатларга тўладир. Айни вақтда кўз ёшларига ҳам сероб.
Қўрқувга мубтало бўлган киши фақат қочишдан нажот излайди.
Устингга кексалик кийими ташланган бўлса ҳам бироқ сен узоқ умр кўриш ҳирсида (таъмасида) янги-янги кийимлар киймоқдасан.
Гарчанд узоқ умр кўрган бўлсалар-да, кўп одамлар ғўр ва тажрибасиздир.
Туну кунни ўтказаман-у, аммо бугунги куним кечаги кунимдан яхшироқ бўлмаётир. Чунки замона кундан-кунга ҳалокат томон бормоқда. Шундай экан, кечаги кун бугунгидан аълороқ, бугунгиси эса эртангидан яхшироқдир.
Вақти-соати ўтгандан сўнг ижро бўладиган ваъдадан ҳеч бир яхшилик бўлмас.
Кимки бахт-иқболли, солиҳ кишиларнинг этагини тутса, у албатта муродига эришиб, хайру барака топади.
Тўғри ва ҳақ йўлдан юрган кишининг қадам босиши арслон юришидан ҳам маҳобатлироқ ҳайбатлироқ дир.
Ёмон, норасо эътиқод билан қилинган эзгу иш сароб ва кул каби ҳеч қанақа фойда бермайди.
Гўзал сифат ва ҳусни хулқ сийратлари безамаган кишини ҳеч қандай чиройли кийимлар кўркам қилолмас, гуноҳ ва хатолардан сақланмаган кимсанинг қалби сира айбдан фориғ бўлмас.
Қабоҳатли суврат, чиркин юзнинг ва ёмон чеҳранинг орқасида ярамас хулқдан бошқа нарса йўқдир.
Виждон азобию таънадан тўғри бўлмаган кимсани таълим-тарбия ва қийнаш билан ҳам тўғрилаш амри маҳол.
Пасткаш кимсанинг ўз насл-насабини мақтаб, у билан фахрланиши чанқоқ кишининг сув шуъласи (сароб)ни кўриб алдангани кабидир.
Кўпинча тил билан етказилган жароҳат қилич билан етказилган жароҳатдан оғирроқдир.
Ўзи сазовор бўлмаган ҳамду сано ва мақтовларни талаб қилиш уятсиз, телба одамларнинг одатларидандир.
Қуёш нурларини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқатнинг чироғини ҳам сўндириб бўлмайди.
Ёлғончининг қасами бор (ҳақиқий) илмининг сохталигини оширади.
Кўп ортиқча сўзлашув эшитувчини ранжитади.
Агар тилингнинг ортиқча сўзлашига эга бўла олмасанг, унда тизгининг жиловини шайтонга топширган бўласан.
Тилингдан чиққан садақанг (яъни, панду насиҳатинг ва маъвиза-ю ҳасананг) баъзан қўлингдан чиққан садақангдан хайрлироқдир.
Ўз ваъдасида турмаганда турли-туман важ-карсонлар кўрсатувчи кимса ҳеч қачон мард ва ҳимматли инсон бўлолмайди.
Ўлим қанчадан-қанча такаббур одамларнинг бошларини чуқурга, яъни қабрга улоқтирган.
Такаббурликни қанчалик хурсандлиг-у шодликка томон айлантиришга уринсанг ҳам, асли лой бўлганидан кейин кулол цингари, яъни тупроққа (лой ишларига) қайтиши муқаррар.
Кимки адовату хусуматни экса, албатта у ташвишу машаққат ўради.
Таниқлиг-у шарафинг отангдандир, меҳрибонлик, мушфиқлик онангдандир.
Хотин зоти агар қалбинг улар ишқига гирифтор бўлганини сезса, бурнингни тупроққа ишқайди.
* * *
Мисвоклар билан оғзингни тозаладинг, кошки эди бундан кейин сен оғзингни бўҳтон, ёлғон, ғийбат сўзларни айтиш билан булғамасанг!
Фисқу фасод қилувчилар ва фожирлар кўпайса, Аллоҳ таоло вабо юборади.
Мен рўзадорман, дейсан-у аммо ўзинг бўлса, биродаринг гўштини ейсан (яъни, ғийбатлар ва хўрликлардан сўзлайсан).
Худди қурт-қумурсқалар арслон боласини егани каби олийжаноб ва ҳимматли
Инсоннинг кийимига қарама, билимига қара. Илм – бу ота, балки у сут беришда онадан фойдалироқдир. У ёмонликни тузатиш учун ҳамма нарсадан яхшироқдир. Агар тилингни тиймасанг, жиловингни душманингга бериб қўясан.
Ақлли ғофилнинг ҳоли нодон ғофилнинг умрига силтов бўлади.
Сенга энг яхши маслаҳат мутакаббирлик билан юзингни тескари бурма ва шон-шуҳратинг билан фахрланма.
Урушқоқ ва жанжалкаш киши хафалик билан шодлик орасида яшайди.
Ҳаддан ошишингни пасайтир, кибрланишдан воз кеч.
Яхшилик билан инсон камоли, ани қилургача йўқтир мажоли.
Қуёш нури беркитилмайди, ҳақиқат шами сўнмайди.
Виждонли киши хавфдан ҳоли яшаса, хиёнат қилувчи киши беҳаловат яшайди.
Савдогарнинг шуҳрати чўнтагида.
Чайқовчи – овчи ити. Хатолар қилишда оворалардир. Хато – алар тушган аробалардир.