Газетамизнинг шу йилги 16-октябр сонида Ш.Субҳоннинг «Китобхон олдидаги масъулият» сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди. Унда «Жаҳон адабиёти» журналида эълон қилинган (М.Аъзам таржимаси) турк адиби Ў.Памуқнинг «Истанбул: хотиралар ва шаҳар» романи таржимаси ҳақида фикр юритилади. Қуйида ана шу мақолада билдирилган фикр-мулоҳазаларга таржимон М.Аъзамнинг жавобини ўқийсиз.
Мен севимли газетамизнинг ўтган сонида «Китобхон олдидаги масъулият» мақоласини ўқиб, қуйидагича хулосага келдим.
Журналхон Ўрхун Памуқнинг «Истанбул: хотиралар ва шаҳар» асари таржимасидаги баъзи жумлалардан озорланади. Чунончи: «Истанбул кўчаларининг ичкарисидаги ерда, бизникига ўхшаган бошқа бир уйда қош-кўзидан тортиб оғзи-бурнигача ҳамма аъзоси билан менинг ўхшашим, эгизим, ҳатто худди ўзимдай бир бошқа Ўрхон яшашига болаликдан бошлаб узоқ йиллар ақлимнинг бир чеккасида инониб юрдим. Бу фикр илк бора қаердан қандай қилиб менга келиб қолганини эслаёлмайман».
Унинг фикрича, бу жумлани бундай деб таҳрир қилиш керак экан: «Истанбул кўчаларининг бирида бизникига ўхшаш бошқа бир уйда қошу кўзидан тортиб оғзи-бурнигача ҳамма аъзоси меникига менгзаган, эгизим, ҳатто худди ўзимдай бир бошқа Ўрхон истиқомат қилишига узоқ йиллар инониб яшадим. Бу фикр хаёлимга илк бора қаердан ва қандай келиб қолганини эслай олмайман».
Мен китобхонимга шуни билдиргим келадики, бадиий адабиёт, аввало, жумлаларининг силлиқлиги билан эмас, конкрет деталлари билан тирикдир. Юқоридаги жумлага келсак, муаллиф мавҳум «Истанбул кўчаларининг бири»ни эмас, «Истанбул кўчаларининг ичкарисидаги ер»ни назарда тутган ва бу жумлада манзара бор. Наҳотки «кўчаларнинг бири» «кўча ичкарисидаги ер»дан афзал бўлса?! «Болаликдан бошлаб узоқ йиллар ақлимнинг бир чеккасида инониб юрдим» ўрнига «узоқ йиллар инониб яшадим»ни устун кўрувчи китобхон менга ажабтовур жўн кўринади. «Болалигим Истанбули» билан «Истанбулда кечган болалигим» ўртасида ҳам бадиий жиҳатдан, ҳам маъно жиҳатдан каттагина фарқ борлигини наҳотки фаҳмлаш қийин бўлса?!
Менталитет масаласига келсак, бизга араб, форс одатларидан кириб келган «сизлаш» урфларини жуда бизники, деб айтолмайман: Ўзбекистоннинг бир талай шаҳар ва қишлоқларида эр-хотин бир-бирларини сенлаб гапиришларини жуда кўп учратганман ва бу менга ширинроқ, жонга яқинроқ кўринади. Шахсан ўзимнинг катта холаларим (онамнинг ва отамнинг холалари) эрлари билан сенлашиб гаплашишарди. Кулишиб, ҳазиллашиб, эркаланишиб... Ҳатто она-бола, ота-ўғиллар ҳам шундай гаплашардилар. Қадимги Ўрхун-Энасой обидаларида ҳам шундай: кўпчиликка ҳам «Эй, турк будуни! Сен...», деб мурожаат қилинади. 70-80 миллионли турк эр-хотинлари бир-бирлари билан сенлаб гаплашаркан, мен буни ўзбекларнинг бир қисмидаги одатларга мослаб, уларни «сиз»лата ололмайман. Бу менинг таржимонлик тамойилларимдан биридир.
Сўзларни туркчадан ўзбекчага ўгиришда мен имкон қадар аслиятни сақлашга интиламан. Туркчада кўп ишлатиладиган, аммо бизда ишлатиш сийраклашган сўзларни ҳам имкон қадар сақлаб қолишга интиламан. Китобхоним келтирган ва ўзбекчада маъноси бошқа деб даъво қилган фикрлари мутлақо асоссиздир. «Мароқ» сўзи иккала тилда ҳам бир хил — қизиқиш ва завқ — маъносига эга, ҳозирги замон туркчасида «хавотир» деган маъноси камдан-кам ҳоллардагина учрайди. «Ишиқ» деган сўз ҳақида бирда-яримда Навоийни ҳам варақлаб турган китобхон айтиши мумкин: Навоий бобомиз камида беш юз марта ишлатганлар бу сўзни. Ишонмаганлар «Навоий асарларининг луғати»нинг 290-бетини очиб кўрсин. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 258-бетни очиб кўрган одам, «ёнартоғ» билан «вулқон» битталигини кўради. Фақат «вулқон» сўзи лотинча «вулкан»дан олинган. Ўзимизда «ёнартоғ» бўлатуриб, нега «вулқон»ни олишим керак? «Ойдин» сўзи «зиёли» , «мунаввар» сўзларининг синоними. Жадидлар адабиётини у қадар ўқишга арзимайди, деб билганлар ё уларни ҳам таҳрир қилиш керак, деб ўйлайдиганлар фақат «зиёли»ни ишлатинг деб туриб олиши мумкин. «Кўй» сўзи «қишлоқ» маъносида кам ишлатиладиган бўлиб қолди, аммо бу тўғри эмас, «кўча-кўй» ибораси бор-ку тилимизда! «Хафиф» сўзи «майин»дан ташқари «енгил» маъносида ҳам келади: бунга ишонч ҳосил қилиш учун «Навоий асарларининг луғати» 652-бетига қаралса, кифоя. «Сиёҳ бейаз»ни «қора-оқ» деб олинадими, «оқ-қора» деб олинадими, фарқи йўқ, бу Алихўжа-Хўжаали деганидай гап. Менимча, «қора-оқ» деб олинганда, мазмунга эътиборни кўпроқ тортади.
Мен ўзбекчадаги «гудок» сўзи ўрнига «дудук»ни олганман, чунки «дудук»нинг «ду-дут»лашдан олингани шундоққина кўриниб турибди. Бошқаларга ҳам «гудок» ўрнига «дудук» ишлатишларини маслаҳат бераман. Бизнинг асл туркий сўзларимизда айтилаётган сўзнинг маъноси гавдаланиб туради.
Масалан, мен деярли ўтган асрнинг 50-йилларидан бери «сирен» сўзи ҳақида ўйлардим. Чунки аксар шоирларимиз ўз шеърларида «сиренлар»ни кўп ишлатишарди. Бундан бир-икки йил бурун Туркистон томонларга борганимда сиренлар гуллаганди. Мен бир отахондан: «Бу гулнинг оти нима?», деб сўрасам, «Шуниям билмайсанми, лайлоқ», деди. «Нега энди лайлоқ? Баъзилар уни «настарин» дейишади-ку?», десам «Ҳа, энди форсчаси «настарин», Биз Туркистонда уни «лайлоқ» деймиз. Гулларига қаранг: бир оёқда турган лайлакка ўхшамайдими?», деди отахон. Ҳа, чиндан ҳам бир оёқда турган лайлакка ўхшайди, дедим ичимда ва деярли эллик йилдан бери излаган сўзимни она тилимдан топганимга севиниб кетдим.
Исм ва жой номларини танлашда турк тили алифбосининг ўзига хос хусусиятларига асосландим. Масалан, турк алифбосида «нг» товуши «н» ҳолида олинаверади. Туркчадаги «а» товуши бизда гоҳ «о» га, гоҳ «а»га, «е» товуши гоҳ «э»га, гоҳ «а»га тўғри келади. Китобхонимиз TANPINAPни ТАНПИНАР деб олиш тўғри деб ҳисоблайди, ҳолбуки бу тахаллусдаги сўз «тонг» ва «пинар» (яъни «булоқ») сўзлари қўшилишидан «Тонг булоғи» қилиб олинган, бу тонготардаги қуёш чиқиши манзарасини ифодалайди. Шундай гўзал бир тахаллусни Танпинар ҳолида олиш дидсизлик бўлар эди.
Китобхоним бир жумласида мени «олқишга умидвор» одам сифатига гапиради, мен ҳеч қачон олқиш учун таржима қилмайман, халқимизга холислик билан маърифат улашишни истайман, холос.
Мен ўз таржимамни зўр, дейиш фикридан йироқман, аммо у ҳақда олимлар, ёзувчилар мамнун бўлиб гапиришди. Мен ичимда китобхоним асарни тўла ўқиб чиқмаган, деган гумонга бордим. Чунки тўла ўқиб чиққанда, албатта, унинг маънолари, мазмунлари, миқёслари, ўзбек адабиётига қўшадиган ҳиссалари ҳақида ҳам бир оғиз бўлса-да тўхталган бўларди.
Менинг бир устозим: сен танқидчининг тўғри фикрларини кўр, дерди. Адолат юзасидан айтишим керакки, «масо» сўзи чиндан ҳам юнонча «маса» сўзидан олинган экан, мен арабчадан олинган, деб ўйлабман. Яна таржима матнида «AYASOFYA» ҳам ўзбекчада икки хил берилибди.
Ушбу таржимани китоб қилиб чиқаришда буларни ва кейинчалик ўзимга маълум бўлган баъзи жузъий камчиликларни инобатга оламан.
Миразиз Аъзам
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 44-сонидан олинди.