Ўзбек фолклоршунослигининг дастлабки саҳифалари ўтган асрдаги мустабид тузум шароитида халқ қадриятларининг сақланиб қолишини чин дилдан истаган фидойи зиёлилар томонидан ёзилган. Тез суръат билан ривожланаётган янги ижтимоий муҳит Ғози Олим Юнусов, Ғулом Зафарий, Ҳоди Зарифов каби ўзбек фарзандларидан таназзулга юз тута бошлаган оғзаки ижод намуналарини зудлик билан ёзиб олиб, имкон қадар нашр қилишни тақозо этган.
Ҳоди Зарифов халқ оғзаки ижодини ўрганувчи фаннинг пайдо бўлиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган олимлардан биридир. Унинг ташаббуси билан катта авлод қаторига аввал М.Афзалов, М.Алавия, З.Ҳусаинова, кейинроқ эса Ж.Қобулниёзов, М.Саидов, М.Муродов, К.Имомов, Т.Мирзаев каби мутахассислар қўшилдилар. Улар илм-фан равнақи учун қисқа муддат ҳисобланган 40-50 йил мобайнида минглаб оғзаки ижод намуналарини ёзиб олдилар ва кўпларини нашр эттиришга муваффақ бўлдилар.
1972 йили Тбилисида бўлиб ўтган фолклоршунослар анжуманида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” туркумида қирқ жилдга яқин китоб нашрдан чиққани алоҳида эътирофга сазовор бўлганди. Ўша пайтда собиқ иттифоқдаги биронта халқда бу қадар катта оғзаки ижод асарлари нашрдан чиқмаган экан. Олимларимиз асосий эътиборни достон, эртак, қўшиқ, мақолларни ёзиб олиш ва эълон қилиб халққа қайтаришга қаратиб, бу борада илм қилишни кейинроққа сурган эдилар. Бу ҳолатни шундан ҳам билса бўладики, ўтган асрнинг ҳатто 60-йиллари, фолклоршунослик шакллана бошлагандан қирқ йилча ўтиб ҳам оғзаки ижод мутахассислиги бўйича фақат битта фан доктори фаолият кўрсатаётган эди.
Муҳаммаднодир Саидов докторлик илмий ишини ёзган пайтлари республикада шу соҳа бўйича фан докторлари бармоқ билан санарли эди. У пайтлар фолклоршунос олимлар ўз тадқиқотларида кўпинча фан муаммоларини эмас, муайян шароит тақозо этган масалаларни кўтариб чиқишга мажбур бўлганлар. Ана шундай мураккаб вазиятга қарамай оғзаки ижод асарларини ўрганишга киришган ёшлар достон, эртак, қўшиқ ва мақол каби жанрларнинг бадиий ижод маҳсули сифатидаги фазилатларни тадқиқ этишга кўпроқ эътибор бердилар. Бу ҳаракат бевосита Муҳаммаднодир Саидов фаолияти билан ҳам боғлиқ эди. У устоз Ҳоди Зарифов раҳбарлигида халқ достонларининг жанр хусусиятларини таҳлил этишга алоҳида эътибор берди. 1969 йили чоп этилган “Ўзбек достончилигида бадиий маҳорат” китобининг аксарият боблари бевосита халқ эпосининг назарий муаммолари ҳақидаги кузатувлардан иборат. Наврўз байрами, халқ эпосидаги бадиият, оғзаки ижодда миллий менталитетга менсимай қаралган бир даврда халқ достончилигидаги қатор назарий масалаларни кун тартибига чиқариш катта жасорат эди. Бу назарий масалалар ўз навбатида халқ оғзаки ижодининг хос хусусиятлари, халқ достонларидаги насрий ва назм парчаларининг ўзаро муносабати, матн, мусиқа, овоз, ифода каби унсурлар тадқиқи билан боғланиб кетар эди. М.Саидов айни чоғда халқ достонларининг мавзу жиҳатдан қаҳрамонлик, романтик, жангнома, китобий, тарихий турлардан иборат эканини ҳам аниқ далиллар билан кўрсатиб берди.
Ўттиз йилдан ортиқ вақт давомида устоз билан ҳамкорлик қилар эканман, Муҳаммаднодир аканинг ҳар бир масалага чуқур илмий ўлчов билан ёндашишига гувоҳ бўлганман. 80-йилларнинг ўрталарида Озарбойжондан филология фанлари доктори, профессор Мирали Сайидов факултетимизга таклиф қилинди. Меҳмон ўз маърузасида Олмаота яқинидаги Иссиқ қўрғонидан топилган “тилла одам”, яъни жангчининг бошдан оёқ тилладан қилинган рамзий уст-боши ҳақида фикр юритди. Ўн саккиз ёшли йигитчанинг жасади ана шу тилла совутга жойлаштирилган экан. Унинг дубулға қисмидаги от, архар, йўлбарс, илон каби ҳайвонлар, дубулғанинг тўрт тарафидаги ўқлар, ён қисмидаги тоғлар, дарахт, қуш тасвирлари М.Саидов томонидан жуда асосли ва илмий тарзда шундай таҳлил қилиб берилдики, Муҳаммаднодир акада “Алпомиш” достонидаги мифик дунёқараш таъсири ҳақида янги мулоҳазалар пайдо бўлди. Биз ўзаро суҳбатларимиз давомида фолклоршунослигимизда тотем, фетиш, анимизм масалалари кам ўрганилганига эътибор қарата бошладик. Натижада Тойир Ҳайдаров, Абдумурод Тилавов, Музаффар Чоршанбиев каби шогирдларга мифик дунёқараш илдизларининг оғзаки ижоддаги ўрнини тадқиқ этишга бағишланган мавзулар тавсия этилди.
Муҳаммаднодир Саидов Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги илмий текшириш институтида илмий ходим сифатида фаолият кўрсатган даврда “Тоҳир ва Зуҳра”, “Нурали”, “Вомиқ ва Узро” каби кўплаб достонларни нашрга тайёрлади ва фолклор экспедицияси иштирокчиси сифатида кўп асарларнинг ёзиб олинишига эришди. Бу жараён Миллий университет даргоҳида халқ оғзаки ижодига оид назарий маърузалар, махсус курсларни олиб боришга ёрдам берди. Айниқса, талабаларнинг фолклор-диалектология экспедициялари чоғи амалга оширадиган амалий ишларимизни домла бирма-бир кўрсатиб берар, аҳоли билан қандай муомала қилишни ўргатар, оғзаки асарларни ёзиб олишда матнга қўйиладиган талабларни такрор-такрор тушунтирар эдилар. Бу жараённинг амалий натижасини Маматқул Жўраев, Абийр Мусақулов, Жаббор Эшонқул, Шомирза Турдимовдек ёшларнинг фолклоршуносликка кириб келганларида аниқ ҳис этганман.
Муҳаммаднодир Саидов Маданият вазирлигининг кинематография бош бошқармаси, Олий таълим вазирлиги, жонажон университетимизда ҳам самарали фаолият олиб борган эдилар. Бир воқеа ҳеч ёдимдан кўтарилмайди, 90-йилларда кафедрамизга Қўқон педагогика институти ўқитувчиси Раҳима Саидовага номзодлик диссертацияси ёқланмагани ҳолда доцент илмий унвони бериш ҳақида маслаҳат хати келди. Р.Саидованинг адабиёт ўқитиш услубияти соҳасидаги фаолиятини ўрганиб чиқдик ва таклифни қўлладик. Аммо университет илмий кенгашида бизга эътирозлар бўлди. Бу эътироз асосан номзодлик диссертацияси ёқланмагани билан боғлиқ эди. Хуллас, кўп сонли илмий кенгаш аъзолари ижобий қарорга келишга иккиланиб қолишди. Шундай бир вазиятда М.Саидов университет ректори Ш.Алимовга: “Шу мутахассисни мен кафедрамдаги доцентлик лавозимига жон деб олар эдим”, дедилар. Шу бир оғиз дадил гап боис кафедра қарорини ректор иккиланмай қўллади. Тўғри, кўп ўтмай Раҳима опа ўз диссертациясини ҳимояга қўйди. Лекин ўшанда устознинг холислиги ва журъатига тасанно деганман.
Собиқ тузум пайтида тасодифий, телба-тескари ҳодисалар ҳам бўлиб турарди. Муҳаммаднодир Саидовнинг докторлик диссертацияси билан боғлиқ шундай воқеа рўй берган. Домла 1973 йили “Ўзбек халқ достонлари ва достончилигида бадиий маҳорат масалалари” мавзуида докторлик диссертациясини муваффақият билан ёқлади. Ҳужжатлар ўз вақтида собиқ марказга жўнатилди. Аммо орадан уч йилга яқин муддат ўтса ҳам на ижобий, на салбий жавоб олинмади. Одатда бундай пайтлар ҳимоя қилган мутахассис суҳбатга чақирилар эди. Ҳамкасблар “юмалоқ хат борган, шекилли” деб бир-бирига маъноли қараб қўйишар эди. Охири тоқати тоқ бўлган устоз диссертация тақдирини аниқлашга қарор қилди. Орадан яна кунлар, ойлар ўтди ва пировардида муаммо ечилди. Маълум бўлишича, диссертацияни қабул қилиб олган собиқ марказнинг идора котибаси ўриндиғини баландроқ қилиш учун “илмий иш” китобини стул ёпинчиғи тагига қўйиб, машинка қилишнинг осон йўлини топган экан. Ёпинчиқ остидаги диссертация топилгунга қадар бечора диссертантнинг руҳиятида юз берган вазият ҳеч кимни ташвишга солмаган... Ўшанда устознинг иродаси ва ўз илмининг пухталигига ишончи нақадар юксак эканига қойил қолганман. Домла ҳазил аралаш: “Диссертация тамоман бир четда қолиб кетганда ёмонроқ бўларди. Нима бўлганда ҳам топилиб, тасдиқланди-ку”, деган эдилар табассум билан.
Халқимизнинг бебаҳо оғзаки ижод намуналарини тадқиқ этиш ва кўплаб фолклоршунос олимлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшган Муҳаммаднодир Саидовнинг илмий изланишлари эътироф этилиб, истиқлолимиз арафасида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ маорифи ходими” унвони билан тақдирланган эди. Айни кунларда таваллудига саксон йил тўлаётган домланинг муносиб шогирдлари мустақиллигимиз шарофати билан халқ оғзаки ижодидан маънавият дурларини тўплаш ва нашр этиш ишларини катта куч-ғайрат ва илҳом билан давом эттириб, устоз руҳини шод этмоқдалар.
Омонулла Мадаев