Олимларнинг илмий ишлари илмий мушоҳадага асосланган бўлади. Шу боис, уларни ўқиш ва уқишнинг ҳам бир мунча мураккабликлари бор. Номзодлик ёки докторлик диссертациясини оладиган бўлсак, ҳар бир жумла бирор-бир фикрни тасдиқ ёки инкор қилиши, ўқувчини маълум янгиликдан хабардор этиши зарур. Энг муҳими, илмий ишда умумий, мавҳум мулоҳазалар эмас, илм қилувчининг аниқ-тугал фикрлари, илмий изланиши, кузатуви асосидаги хулосалари бўлиши шарт.
Шўролар замонида илмий иш ёзишнинг ўзига хос қолипи юзага келган эди. Диссертацияни баҳолашда унда шу мавзуда ёзилган бошқа ишларнинг санаб ўтилиши, ўзингдан катта, нуфузли устозларнинг ишлари тилга олингани, улардан кўчирмалар келтирилгани ва юксак баҳо берилгани муҳим аҳамиятга эга бўларди. Бошқаларнинг фикрлари шу қадар кўп келтирилардики, муаллифнинг шахсий фикри ёки хулосаси кўп ҳолларда уларнинг соясида қолиб кетарди.
Иш юзасидан, баъзан эса қизиқишим боис, кўплаб диссертацияларни, илмий маъруза матнларини, олимларнинг давра суҳбатларини ўқиб чиқишга, айрим ҳолларда уларга баҳо беришга тўғри келади. Бу иш билан узоқ йиллар давомида узлуксиз шуғулланганим, бугун ҳам имкон даражасида машғуллигим боис, кўнгилда баъзи мулоҳазалар ҳам йиғилиб қолди. Улар, аввало, ўзимга, шогирдларимга керак. Балки бу фикрларим бошқаларни, масалан, ёш тадқиқотчиларни ҳам қизиқтириб қолиши мумкин, деган фикрда қўлимга қалам олдим.
Илмий иш, у диссертация, монография, илмий рисола ёки маъруза тексти бўладими, бундан қатъи назар, илмий тилда, аммо содда ва равон услубда, ёш тадқиқотчилар осон тушунадиган, бошқалар ҳам зерикмай ўқийдиган қилиб ёзилиши керак.
Алломалардан бири илмий адабиётлар одамларни жаҳолатдан қутқаради, деган хулосага келган. Демак, илмий иш фандаги аниқ бир муаммо, йўналиш хусусида бўлиши, унда келтирилган далил ва хулосалар илмий мушоҳада тараққиётининг бугунги талабларига жавоб бериши зарур.
Файласуф Демокрит бир вақтлар: “Битта илмий исбот ёки далилни қўлга киритиш мен учун Форс салтанатига ҳокимлик қилишдан аълороқдир”, деган экан. Бу бежизга айтимаган, албатта. Илмда бирор бир исботга келиш, фикрни бошқалар айтмаган янги бир далил билан исботлаш ўта оғир иш. Аммо олимликка даъво қилувчи учун бундан бошқа йўл йўқ.
Олим илмий мушоҳадасида чарх ура бошлаган, соддароқ қилиб айтганда, миясида айланиб, тинчлик бермаётган бир фикрни, қачонки унинг тўғрилиги ва зарурлигига ўзи ишонч ҳосил қилганидан кейингина айтиши керак. Аммо бунда ортиқча шошилиш каби ўринсиз имиллаш ҳам кетмайди.
Баъзан заҳматкаш бир олим минбарга кўтарилиб, жўяли бир фикрни ўртага ташлайди. Унинг ортидан бошқалар, “Шундоқ фикр айтилганида биз жим турсак, илмий обрўйимизга путур етиб қолмасин”, дегандай, бирин-кетин сўз олишади. Гапни “Домла жуда тўғри айтдилар, ҳақиқатан ҳам шундай...” қабилида бошлаб, шу оҳангда якунлашади. Ўзида мустақил фикри бўлмаган одам, минбарни банд қилмай, бошқаларни тинглаб ўтиргани маъқул.
Баъзи илмий ишларда кўпчилик тушунмайдиган иборалар, изоҳталаб сўзлар ҳаддан ташқари кўп учрайди. Айрим ёш тадқиқотчилар ўзларича илмий ишнинг нуфузини ошираман деб шундай қилишади. Уларни тушуниш учун бошқа кўплаб манбаларни эринмай варақлаш керак. Бу, очиғини айтганда, ишнинг хомлиги, пишиб етилмаганлиги белгисидир. Ҳақиқий олим ўз фикрини илмий жумбоқларсиз ҳам ифода қила олади.
Яширишдан не фойда, баъзи илмий ишларни нари борса беш-ўн киши, балким йигирма-ўттиз киши ўқийди, диссертация ҳимоя қилинганидан кейин уларнинг кўпи катта-кичик китоб жавонларини безаб тураверади. Бу энди, адолатдан эмас, деб ўйлайман. Ахир, битта диссертацияни ёзиш учун бир кишининг бир неча йиллик умри, давлатнинг маблағи кетган-ку! Бундай десак, ҳозир ҳатто бадиий асарларни ҳам ўқувчига зўрлаб тиқиштиришнинг иложи йўқ. Ягона йўл, менинг назаримда, илмий ишни ўқийдиган ва ўқиганда ундан баҳра оладиган қилиб ёзиш керак.
Илмий мушоҳада ва нотиқлик маҳорати ҳамиша ҳам ёнма-ён юрмайди. Баъзи олимларнинг фикри қоғозда жуда тиниқ, қизиқарли акс этади, аммо маъруза қилса гапи мутлақо қовушмайди. Баъзан эса, бунинг аксини кўрамиз — олим минбарда жуда бийрон сўзлайди, “Шу фикрларингизни қоғозга тушириб беринг”, десангиз, бошни қашлаб туриб қолади.
Олимлик мансаб ҳам, мартаба ҳам эмас. Лекин илм кишисининг нутқи ҳам, ёзуви ҳам мукаммал бўлса қандай яхши.
Илм кишиларига жуда кўп маъруза қилишга тўғри келади. Ҳар гал минбарга кўтарилаётганимда, машҳур нотиқ Цицероннинг бир фикри ёдимга тушади: “Сўзнинг кучи билан омманинг диққатини ўзингга тортиш ва уларни ром этишдан ҳам лаззатлироқ нарсани билмайман”.
Албатта, нотиқликда Цицерон даражасига етиш қийин, аммо маърузачи, агар у илм кишиси бўлса, айтадиган гапларини яхшилаб ўйлаб, фикрини жамлаб, ҳеч бўлмаганда тезис кўринишида қоғозга тушириб олиши керак. “Сўз — либос, маъно шу либос остига яширинган сир”, дейишади. Маърузада шундай сўзларни топиб ишлатиш керакки, улар тингловчиларга таъсир кўрсатсин, хотираларига ўрнашиб қолсин.
Афлотун: “Агар савол тўғри берилган бўлса, ҳар қандай саволга ҳам жавоб қайтариш мумкин”, деган экан. Баъзи нотиқлар, мен кўпроқ илм кишиларини кўзда тутмоқдаман, маърузани яхши ўқишади, аммо тингловчиларнинг саволларига келганда ўзларини йўқотиб қўйишади, ҳаяжон босади. Илм кишиси унча-мунча нарсага ҳаяжонланмай, ҳар қандай ҳолатда ҳам мантиқий фикрлашда давом этиши керак, деб ўйлайман.
Алишер Навоий ҳазратлари: “Сўзни кўнгулда пишкормагунча тилга келтурма, ҳар неким кўнгулда бор — тилга сурма”, деганлар. Бу борада Цицероннинг фикри мана бундай: “Агар нотиқ гапирмоқчи бўлган нарсасини мукаммал билмаса (мукаммал билмай туриб ҳам минбарга кўтарилса — М.Т.), унинг нотиқлиги уч пул”. Бу ўгитлар ҳамиша ёдимизда туриши керак.
Мени, балки бошқа кўпларни ҳам, ажаблантирадиган бир нарса бор. Илмий анжуманларда асосий маърузалар тингланиб бўлингач, муҳокама бошланади. Баъзи, ҳатто устоз мақомидаги олимлар ҳам унда қатнашишади. Аммо маърузачининг у ёки бу фикрини тасдиқлаш, инкор этиш учун эмас, шунчаки муҳокамада иштирок этиш учун. Жуда ғалати ҳолат. Улуғ Пифагор ҳам бундай ҳолатларни кўп кузатганми, шундай деган экан: “Тинглаш ва сукут сақлаш сени донолик сари етаклайди. Сукут — донишликнинг бошланиши”. Бу сўзларни жуда аввал ўқиб, таъсирланиб, ён дафтаримга кўринарли қилиб кўчириб қўйганман, турфа хил йиғинларда бот-бот эслаб тураман.
Яна бир мулоҳаза. Илмда устоз-шогирдлик анъаналари мавжуд. Ҳеч ким ўз-ўзидан олим бўлиб қолмайди. Ҳаммамиз ҳам илм майдонига улуғ аждодларимизнинг бизларгача етиб келган илмий меросидан озми-кўпми баҳраманд бўлиб, бугунги устозларга эргашиб, уларнинг не-не заҳматлар билан битилган китобларини ўқиб-ўрганиб кирганмиз. Илк ишларимиз уларнинг раҳбарлиги остида ёруғликка чиққан. Изоҳли луғатимизда “раҳбарлик” сўзи “бошчилик”, “бошлиқлик”, “йўлбошчилик”, “раҳнамолик”, “мураббийлик”, “устозлик”, “илмий” сўзи эса “”илмга оид”, “илмга қаратилган”, “илм-фан билан боғлиқ муаммоларни ўрганувчи”, “илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланувчи” маъноларида изоҳланган. Демак, “илмий раҳбар” атамасини “Ёш тадқиқотчиларга илмий фаолиятда раҳбарлик қилувчи мураббий”, деб тушунсак, ҳар жиҳатдан тўғри бўлади. Аммо...
Илмий раҳбар бўлиш осон эмас. Бундай номга мушарраф бўлган киши, энг аввало, бағрикенг, самимий, илмда нуфузи баланд, сўзи мантиқли ва... журъатли бўлиши керак. Баъзан шунчаки олимликни ҳавас қилиб қолган, кимгадир ишониб, таяниб қўлига қалам олган кишиларга ҳам раҳбарлик қилишга тўғри келади. Бундай пайтларда раҳбар журъатли бўлиши, яъни, аввалбошдаёқ бу талабгордан илм кишиси чиқадими ёки йўқми, буни очиқ айтиши, умри беҳуда ўтишига ўзи ҳам сабабчи бўлмаслиги керак. Ва, аксинча, илмий раҳбар шогирдини ўз фарзандидай билиб, унга тўғри маслаҳатлар бериши, бечоранинг садоқатини узоқ вақт ўзига қуллуқ қилиши, майда-чуйда ишларга ҳозиру нозирлиги билан синаб кўрмаслиги лозим. Бу гапим кимгадир тегиб кетмаслигини истар эдим — айни мана шу ҳолатга дош беролмаган кўплаб ёшлар илм даргоҳларини ташлаб кетганларини ҳам биламан. Бу энди — кечаги ўтмишимиздан қолган аччиқ хотира. Аммо хотира экан-да, деб бепарво ҳам бўлмаслигимиз керак...
Эътиборингизга ҳавола этаётган ушбу фикрларимни таниқли мутафаккир Кантнинг: “Устоз ўз шогирдига фикрларни эмас, фикрлашни ўргатиши керак”, деган ўта муҳим сўзлари билан якунламоқчи эдим, ёдимга Кайковуснинг мана бу ҳикмати тушиб қолди: “Эй фарзанд, баданни ўзингга мутеъ қил ва қаҳр била итоатга буюрғил”. Устоз-шогирдлик муносабатларини бундан ортиқ ифодалаш жуда қийин.
Муҳаммад Тошболтаев.