ХХ аср ўзбек адабиёти намояндалари орасида узоқ умр кўрган адиблардан бири Комил Яшиндир. У баракали умри мобайнида Ҳамза ва Чўлпон сингари шоирлардан ижод сирларини ўрганиш, Қори Ёқубов ва Тўхтасин Жалилов сингари санъат дарғалари билан ҳамкорлик қилиш шарафига эришди. Мураккаб тарихий даврда рўй берган ижтимоий ва маданий воқеаларнинг жонли гувоҳи бўлди, шу воқеаларнинг маълум бир қисмида шахсан иштирок ҳам этди. ХХ аср ўзбек адабиётида шўро даври мавзуларини адабиёт ва санъатнинг қарийб барча тур ва жанрларида ёритишга Яшиндек катта куч сарфлаган бошқа ижодкорни топиш қийин.
Комил Яшин 1909 йил 25 декабрда Андижон шаҳрида туғилди. Унинг бобоси Жумабой туякаш Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Сақичмон маҳалласида яшаб, бойлар ва савдогарларнинг молларини бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ташиш билан турмуш тебратган. Айтишларича, Эски Жўвада унинг карвонсаройи бўлган. Жумабой туякаш биринчи хотинидан Қосим, Содиқ ва Нўъмон деган ўғиллар кўрган. Унинг Нўъмон деган учинчи фарзандидан бизнинг муҳтарам адибимиз Комил Яшин дунёга келган.
Жумабой туякаш фоний дунёдан боқий дунёга рихлат қилганида, замон ўзгариб, карвонсаройлардаги туялар сийраклашиб қолган эди. Шунинг учун бўлса керак, фарзандлари “ота касби”ни ташлаб, боғдорчилик билан шуғуллана бошлаганлар. Бўлажак адибнинг отаси ўтган аср бошларида қандайдир бир сабаб билан Андижонга бориб, ўша ерда уйланиб, палак ёзиб қолади.
Ғафур Ғулом 1966 йилги Тошкент зилзиласи муносабати билан ёзган “Ватандошларимга тасалли” мақоласида 1892 йили Андижонда рўй берган даҳшатли зилзилани эслаб, бундай ёзган эди: “Менинг ўша замон маъмуриятига туҳмат қилишга ҳаққим йўқ. Зилзиладан жафо чеккан халққа қандай ва не миқдорда, нималар билан ёрдам берганини билмайман... Аммо шуниси маълумки, том тагида қолганларни қазиб олиш учун яроқли иморат ускуналарини, рўзғор анжомларини, бисоту бағални тупроқ тагидан чиқариб олиш учун кетмон, бел сингари асбоб-ускуналар етишмас эди. Ана шунда Андижон йигитларидан асл таги тошкентлик Нўъмонжон деган киши Тошкентга келиб, етти арава кетмон, бел, майда қозон, чойнак-пиёлалар олиб бориб андижонликларга улашди” (Бу одам атоқли драматургимиз Комил Яшиннинг отаси бўлади).
Нўъмон Жумабой ўғли адибнинг бўлажак онаси Хайринисога девордан ўсма, райҳон отиб юриб, ўзига ром қилган. Шу вақтда у йигирма беш ёшда бўлган. У мадраса кўрмаганига қарамай, хат-саводи пухта бўлганлиги туфайли андижонлик пахтачи бойлардан бирига гумашталик қилиб, унинг эътиборини қозонган. Унинг ичкари-ташқари ҳовлили уйи Андижон вилоят мусиқий драма театрига туташ бўлиб, бу уйнинг токчаларида “Далойили ҳайрот”, “Тафсир”, “Қиссаси Рабғузий», “Кимёи саодат”, “Бобо Равшан”, “Иброҳим Адҳам” сингари диний китоблардан ташқари, “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Туркий гулистон” сингари китоблар ҳам бўлган. “Дадам, — деб ёзган эди Яшин, — шеъриятни ҳам ёқтирарди, мусиқа, қўшиқни жон қулоғи билан тингларди. Уйда турлича “баёз”ларни сақлар, вақти-вақти билан уларни варақлар, бироқ пана-пана жойларга беркитгани-беркитган эди. Бунинг сабаби ҳам кўп ўтмай маълум бўлди. У опаларимнинг кўзлари эртароқ “очилиб кетмаслиги” учун ишқий шеърлардан иборат ғазалларни уларга кўрсатмасликка ҳаракат қиларкан”.
Яшин ака шундай муҳитда тарбия топди. Лекин ўзгара бошлаган замон унинг адабий диди ва қарашларига ўз муҳрини Ҳамза орқали босди. У 1915 йилда эски мактабда Фахриддинхон исмли мутаасиб муаллим қўлида ўқий бошлади. Шу вақтда инқилобий воқеалар юз берди. 1919 йили андижонлик машҳур тадбиркор Миркомилбойдан тортиб олинган Савдо маркази маданият ходимлари ихтиёрига берилди. Баҳор ойларида шу ерда Ҳамза билан бўлиб ўтган учрашув Яшиннинг кейинги ҳаёти ва ижодига катта таъсир кўрсатди.
“Ҳамза Ҳакимзода билан илк учрашувлар, — деб ёзган эди адиб, — қалбимда ўчмас ва чуқур из қолдирди. Ўшандан бошлаб вужудимга бир туйғу оралаб қолди. У ҳам бўлса саҳна санъатига кучли муҳаббат эди. Санъатни азбаройи севиб қолганимдан у ҳатто тушларимга ҳам кириб чиқарди”.
Афсуски, адиб шу йилларда ҳам, кейин ҳам буюк Чўлпон билан яқин алоқада бўлганлиги, унинг ижодий ёрдамидан кўпроқ баҳра олганлигига қарамай, маълум сабабларга кўра, шу ҳақда бирор сўз айтмаган. Ҳолбуки, адиб умрининг сўнгги йилларида биз, бир-икки адабиётшуносга Чўлпон тўғрисида, унинг ўз ижодига кўрсатган таъсири тўғрисида миннатдор шогирд сифатида жўшиб сўзлаб берган эди.
Яна шуни айтиш лозимки, адибнинг поччаси, Андижоннинг илғор кишилари Ҳакимжон ва Олимжон Саркоровларнинг хонадонида бой кутубхона бўлиб, бўлажак адиб шу кутубхонадаги Туркистон тарихига оид илмий китоблардан ташқари, Воқиф, Ҳусайн Жовид, Собир сингари озарбайжон, Абдулла Тўқай сингари татар ёзувчиларининг асарларини мутолаа қилган ва бу асарлар ҳам унинг ижодкор сифатида шаклланишига муайян таъсир кўрсатган. Лекин шўро давлати шу даврда ўқув муассасаларида ташкил этилган комсомол-ёшлар ташкилоти ёрдамида ёш авлодни ўз таъсир доирасига тортиб, улар билан Чўлпонлар, Ҳусайн Жовидлар орасига тўсиқ қўя бошлаган эди.
Болалик ва ёшлик хотиралари аксар ёзувчилар ижодида муҳим ўрин тутади. Чунончи, адибнинг отаси қайсидир бойдан олган қарзини ўз вақтида узолмай, Султонхон исмли попукдек қизини бойнинг тўрт хотинли тантиқ ва нодон ўғлига беришга мажбур бўлган. Бойвачча ўта золим ва жоҳил кимса бўлиб, хотинларини ярим йил-бир йил деганда ота уйига аранг юборар, бошқа пайтларда бўлар-бўлмасга калтаклар экан. Комилжон бир куни поччасининг уйига борганида унинг опасини қамчилаб, азоб бераётгани устидан чиқади.
Бундай воқеаларни кўриб, ўзбек хотин-қизларининг машаққатли қисматларидан эзилиб юрган Яшин 1925 йилда қўлига қалам олиши билан Султонхон опасига ўхшаш аёлларга бағишлаб шеърлар ёзади. 20-йиллар охири — 30-йилларнинг ўрталарида ўзбек адабиётидан катта ўрин эгаллаган хотин-қизлар озодлиги мавзуи Яшин шеъриятида ҳам бонг ўлароқ жаранглади. Ёш шоир бу билан кифояланиб қолмай, ўқувчилик йилларидан бошлаб ошифта бўлгани драматургияга қўл уриб, “Тенг тенги билан”, “Лолахон” номли бир пардали пиесаларини (1927), “Ичкарида” (1933), “Гулсара” (1934), “Номус ва муҳаббат” (1935), “Нурхон” (1940) драмаларини ёзади. Яшин “Ичкарида” пиесаси асосида ёзилган “Гулсара” асари устида тинимсиз ишлаб, уни опера ва балет театри саҳнасига олиб чиқади. Шу тарзда хотин-қизлар озодлиги мавзуси Яшиннинг шеърий, айниқса, драматургик ижодида даврнинг энг муҳим ижтимоий ва маънавий муаммоларидан бири сифатида талқин қилинади.
Ўзбек драматургиясининг шаклланиши ва ривожланишида Ҳамзанинг хизматлари оз эмас. Драма ва комедия табиатини чуқур ҳис этган Ҳамза драматик ва комик вазиятларни яратишда мислсиз бўлиши билан бирга, қаҳрамонлар нутқини ишлашнинг ҳам моҳир устаси эди. Яшин Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши”, “Заҳарли ҳаёт” асарларини қайта саҳнага олиб чиқиш жараёнида устознинг драматурглик маҳоратини пухта эгаллади. Шу ҳол унинг Навоий ва халқ оғзаки ижоди дурдоналарини мусиқали ва опера театрлари саҳнасига олиб чиқишида ҳам («Фарҳод ва Ширин”, “Равшан ва Зулхумор”, “Дилором”), “Ҳамза”, “Йўлчи юлдуз”, “Инқилоб тонги” драмаларини яратишида ҳам ўз жамолини кўрсатиб туради.
Яшиннинг драматург сифатидаги хизматлари тўғрисида сўз борар экан, Миртемирнинг қуйидаги сўзларини эслаш жоиз: “Драматург деганда, — деб ёзган эди у, — кўз ўнгимизга буюк Ҳамзадан кейин у келади. Унинг драмалари қадам-бақадам, зина-базина юксалиб, чиниқиб, ўсиб-улғайиб, томошабин дилида ўчмас из қолдирган. Унинг ўзи ҳам қадам-бақадам, зина-базина юксалиб, чиниқиб, ўсиб-улғайиб, томошабин олқишига сазовор бўлган қалам заҳматкаши... Бу ҳазилакам меҳнат эмас. Бу, ҳар томонлама етуклик, деган сўз. Одамларни билиш, ҳаётни билиш, ҳаётнинг ич-ичига сингиб кетиш, ...ҳаётни санъаткорона тасвирлай олиш ҳазилакам гап эмас. Бу фазилатлар фақат етакчи ёзувчига, замон ва халқ олдида ўз масъулиятини қалбдан сезган қаламкашга хос фазилатлардир. Мен унинг ҳар асарини ўқиганимда ё саҳнада кўрганимда, катта ижодий меҳнат меваси эканини ҳис этаман...”.
Яшин ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст намояндаларидан бири сифатида ўзбек драматургияси ва театр санъати тараққиётига улкан ҳисса қўшди. Драматургия ва театрнинг бирор соҳаси йўқки, у шу соҳаларнинг вужудга келиши ва камол топишига ҳисса қўшмаган бўлсин. У етук драматург сифатида ўз асарлари билан ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри репертуарини белгилаб ва ўзбек драмасининг “планка”сини кўтариб берди; ўзбек театр маданиятида опера санъатининг вужудга келиши ва равнақ топишига муносиб ҳисса қўшди. Шекспирнинг «Антоний ва Клеопатра”, У.Гаджибековнинг “Аршин мол олон», И.Брусиловскийнинг “Эр Торғин”, Б.Кербобоевнинг “Маҳтумқули”, Меҳти Ҳусайннинг “Олов”, И.Қосимовнинг “Инсон меҳри” сингари асарлари Яшин таржимасида саҳна юзини кўрди. У кинодраматургия соҳасида ҳам ижод қилиб, “Асал” (1940), “Ҳамза” (1060), “Генерал Раҳимов” (1067), “Шиддат” (1971) филмлари ҳамда “Оловли йўллар” телефилми (ҳамкорликда) сценарийларини яратди. 1958 йилдан 1980 йилга қадар бўлган даврда эса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилдики, шу даврда Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек”, О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар”, “Авлодлар довони” сингари ўлмас асарларнинг майдонга келиши, Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовнинг шеъриятга чақмоқ ўлароқ отилиб киришида, ўзбек ёзувчилари асарларининг рус ва бошқа тилларга таржима қилиниб, хорижда машҳур бўлишида унинг ҳам хизматларини йўқ, деб бўлмайди. Ўзбек адабиёти халқаро обрўсининг худди шу даврда ошишида Яшиннинг собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлари ва пешқадам қардош ёзувчилар билан яқин алоқада бўлганлиги муҳим аҳамиятга молик бўлди.
Яшиннинг адабий-танқидий мақолаларига назар ташлар эканмиз, унинг 1958 йил учун белгилаган ижодий режаси бизни ҳайратга солади. У 1957 йилда ҳозирги Миллий театр учун “Йўлчи юлдуз” драмаси, Муқимий театри учун “Равшан ва Зулхумор” мусиқий драмаси, Навоий театри учун эса “Дилором” опера либреттосини ёзганлигини қайд қилиб, бундай сўзларни айтган: “Мен 1958 йилда ўзбек олими, улуғ астроном, мутафаккир, файласуф Улуғбек ҳақида Ҳамза номли театр учун бир трагедия устида иш олиб бормоқдаман. Бу тема мени кўпдан бери қизиқтириб келади. 1958 йилда Улуғбек номига лойиқ асар яратиб, шу орзумга етсам, ўзимни бахтиёр, деб билардим”.
Биз бу асарнинг ёзилмай қолиш сабабларидан огоҳ эмасмиз. Адибнинг 1958 йили Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис этиб сайланиши ва ташкилий ишлар билан ўралашиб қолиши, балки шу ижодий ниятнинг рўёбга чиқишига имкон бермагандир. Балки у Мақсуд Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” трагедиясини ёзишга тараддуд кўраётганидан воқиф бўлиб, қаламкаш дўстининг ижодий нияти йўлида ғов бўлишни истамагандир. Ким билади, балки Яшин бу қутлуғ ижодий режасини амалга ошириш имконига эга бўлганида унинг кейинги ижоди бошқа ўзанда кечган ва у адабиётимиз хазинасида бир умрга қоладиган саҳна асарларини яратган бўлармиди.
Камина адибнинг энг сўнгги асари — “Ёднома”ни варақлар эканман, муаллифнинг муҳофаза қуввати беҳад даражада кучли бўлганидан ҳайратга тушаман. У болалик кезларидан умрининг сўнгги нафасига қадар ўзи гувоҳ бўлган ёки эшитган воқеаларни, одамларни хотирасида шу қадар тиниқ ва тўла сақлаган эдики, “Ёднома”ни ўқиган киши Яшиннинг ХХ асрдаги ўзбек халқи тарихининг жонли қомуси сифатида идрок этиши ҳеч гап эмас эди. Биз, бир-икки адабиётшунос, Яшин акани зиёрат қилиб борганимизда, у Чўлпон, Қори Ёқубов ва бошқа ўнлаб машҳур тарихий шахслар тўғрисида шундай воқеаларни айтиб берардики, биз адибдан шу хотираларни қоғозга тушириб, “Ёднома”нинг иккинчи китобини тезроқ чоп этишини илтимос қилардик. Лекин у ҳориганлиги ва ортиқ ёзувга рағбати қолмаганлиги сабабли бу воқеаларни ёзишни бизнинг ўзимизга топширмоқчи бўлди.
Камина ўша кезларда Чўлпон шахси билан қизиққаним туфайли Яшин акадан ҳам, Ҳалима опадан ҳам уларнинг улуғ андижонлик юртдоши ҳақидаги хотираларини билишни истардим. Ҳалима опа Чўлпонни ўз отасидан ҳам ортиқ даражада ҳурмат қилар, Яшин ака эса, ҳали ҳушёр қулоқлар борлиги сабабли, Чўлпоннинг миллатчи бўлганлигини пеш қилар эди. Биз ўзгараётган даврда Чўлпон ҳақида пайдо бўлаётган янги тасаввурларни Яшин акага секин-аста етказиб, унинг қалби тубида ётган хотираларнинг юзага чиқишига эриша бошладик. Яшин ака Чўлпоннинг ўзига устоз бўлганини, бир неча шеърларини таҳрир қилиб берганини айтди. Унинг пиёлани лабига яқин келтириб, тез-тез ҳўплаб ичишини эслади. Унинг Чўлпонга бўлган меҳри турли рангларда товлана бошлади.
Аммо афсуслар бўлсинки, Яшин ака бу хотираларини қоғозга тушириб, “Ёднома”нинг иккинчи китобини тайёрлаш учун сўниб бораётган ижодий кучини қайта тиклай олмади.
ХХ аср сўнгида мамлакатимизда рўй берган оламшумул воқеа халқимизнинг яқин тарихини икки даврга — мустақилликкача бўлган ва мустақиллик даврига ажратиб юборди. Биринчи даврда яратилган асарлар орасида бугун ҳам бадиий қимматини йўқотмаган асарлар оз эмас. Лекин аксар асарлар шўро даври талаби ва шўро мафкураси андозалари асосида ёзилгани учун, улар қандай талантли асарлар ва қандай машҳур адибларнинг қаламига мансуб бўлмасин, Тарих, Вақт ва Адабиёт ғалвиридан тушиб қолди. Аммо бу ҳол шўро даври ёзувчиларининг хизматларини йўққа чиқармайди. Чунончи, мақоламиз қаҳрамони Яшин ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст намояндаларидан бири сифатида ўзбек драматургияси ва театр санъати тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси боис халқимиз хотирасида ҳамиша сақланиб қолади.
Наим Каримов