18:28 / 10.04.2014 · Кутубхона
Болаликдан айрилиш қийин

Болалигимни қўмсайвераман, қўмсайвераман... Ичикиб-ичикиб соғинаман...
Ваҳоланки, у замонларда ҳаёт енгил бўлмаган. Уйлар полсиз, қишда печка топилса, кўмир топилмайди. Ўтин ёқсанг, бир ловуллаб иситади-ю, яна тафти сўнади. Сандалнинг аҳволи ҳам шу. Қор ёки ёмғир ёғса, томдан чаққа ўтгани-ўтган, сув томчилаётган жойларга териб қўйилган турли идишлардан таралган “чак-чук”, “тиринг-тиринг”ларга кўринмас ажиналар ўйин тушаётгандек.
Иложи борича кундузи дарс тайёрлашга уринардим. Қоронғига қолсанг, керосин иси анқиб турадиган лампа-чироқ кўзларингни толиқтиргандан толиқтириб ташлайди. Эндигина пайдо бўлган электр чироқлари ойида уч-тўрт йилтиллаган бўлади, шундаям шамдан хира. Бу етмагандек, умумий қилиб солинган кўрпада қаторлашиб ётган опа-укаларинг: “Чироқни ўчир, ухла”, деб тихирлик қила бошлашади.
Иккинчи жаҳон уруши уқубатларидан эндигина қутулган хонадонларнинг кўпчилиги анча қашшоқ эди. Маҳаллада ёппасига тупроқтом уйлар, кўпининг ҳатто айвони ҳам йўқ. Фалончи томига шифер ёпганмиш дейишса, одамлар атайлаб кўргани боришарди. Кўчалардан дам иккала ғилдираги девор бўйи келадиган қўқонарава, дам ўрислар “бричка” деб атайдиган тўрт ғилдиракли кўтакарава ўтиб қолади. Кейинроқ қўш отли “ҳаптакач”лар кўпая борди. Бир сакраб, кенг юкшотининг четига осилиб олсанг, ана мазза, мана мазза. Колхозимиздаги иккита “полатўрка” юк машинасидан бири ёки хусусий мотоцикллар ҳафтада бир-икки бор кўзга чалиниб турарди, қий-чув кўтариб, ортидан чопқиллашга тушардик. Енгил машина учраб қолса-ку, байрам бўлиб кетарди. Лекин қандайдир “сирли катталар”ни олиб юрадиган бу машиналарга осилиш тугул, югуриб қувлашга ҳам ҳаддимиз сиғмасди.
Оиламиз ўзига тўққина эди. Аммо, кўпчилик қўшниларникига кирганимда, дастурхонларида чой-нон, туршак-қоқилардан бўлак нарса йўқлигини кўриб, ғалати бўлиб кетардим. Бундай хонадонларда яшовчи ўртоқларимнинг бир унисини, бир бунисини уйимизга тез-тез бошлаб кирардим, бирга овқатланардим, дастурхонга қанд ҳам қўйишларини талаб қилиб туриб олардим. Сен қандни ҳар куни ейсанми, дея ҳавас билан сўраб қўярди болалар. Хоҳласам, кунига ўн марта ейишим мумкин бўлса-да, негадир ёлғон гапириб, онда-сонда беришади холос, деб ғарибланар эдим. Оқ қандни-ку мендан аяшмас эди, бироқ гулдор қоғозчаларга ўралган попукли қандларни қутичада қулфлаб сақлашар, гоҳ қулфбузарлик қилишга мажбур бўлиб, бошимга бало орттирардим. Меҳмонлар келганда, олдиларига товоқчалардаги ширинликларни териб ташлашса, катта бўлиб меҳмонга борсам, наҳотки менинг олдимга ҳам попукли қандларни товоқчаси билан ишониб қўйиб қўйишса, деб ўйлардим. Биламан, егинг келиб турибди, олифталанмасдан лунжингга тиқавермайсанми, деган хаёлда меҳмонга хитланиб боқардим

* * *

Қўшни маҳалладаги мачит биноси ўртасига дувол урилган тарзда иккита синф хонасига мослаштирилган бўлиб, биттасида бешинчи синфгача биз ўқиганмиз. Биринчи ўқитувчимиз Аҳмадали Обидийни “мулла ака” деб чақирардик. У зот бирортамизни турткилаш у ёқда турсин, қаттиқ чақчайганини ҳам эслолмайман. Аччиғини келтирсак, ўзини қаттиқ ҳафа бўлгандек, астойдил аразлагандек тутиб, оқсоқланганича дераза ёнига борар, маъюс қиёфада жим туриб қолар, сочига оқ оралаган, ҳеч кимга озор беришни истамайдиган домламиз билан тезроқ ярашиб олишга тиришардик.
Бошланғичда ўқиётган чоғларимда Заҳрахон деган синглим, Ҳомитжон деган укам қаттиқ шамоллашдан бирин-кетин вафот этишган. Улар қайта-қайта тушимга кираверарди...
Чамаси, болалигимни ҳадеб қўмсайверишимнинг асосий сабаби ҳам шу – ўша даврларга қайтсам-у, Заҳрахон билан Ҳомитжон ёнимда диконглаб юришса, ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб, уларни ўйнатаверсам, ўйнатаверсам. Улар вафот этадиган пайт яқинлашгач, ҳаётим яна янгитдан бошланаверса.

* * *

Бобомиз Баҳром ота эшон бўлган эканлар. Уйида мактаб очиб, болаларга дарс бериб ҳам тураркан. У киши оламдан ўтганларида, Обиджон дадам ўн ёшда, Шафоат аммам беш ёшда бўлишган экан.
Сарвинисо бувимизни эшон отанинг аёли сифатида ҳурматлашиб, кўплар зиёратга келиб туришар, отин ойилар тез-тез йиғилиб, китобхонлик қилишарди. Ҳали мактабга бормаган бола бир четда ёнбошлаб олиб, девона Машраб, Або Муслим, бобо Равшан кабилар ҳақидаги ривоятларни берилиб тинглардим.
Дадам эскича илмдан хабардор бўлсалар-да, диндорлар, айниқса таниқли диндорларнинг фарзандлари ҳам қаттиқ кузатув остида бўлган маҳалларда улғайгани учун замонга мос турмуш тарзини танлаган эдилар. Сиёсатга қизиққанларини билмайман. Эсимни таниганимдан то илк ўсмирлик давримгача пахта қабул қилиш пунктида товаршунос бўлиб ишлаган. У киши ўз ишининг ўта билимдони эканлиги, бошқа жойлардаги касбдошлари маслаҳат олишга келиб туришлари тўғрисида кўп гапиришарди.
Онамиз Мунис ая ҳозир биркам тўқсондалар. Ёшлигида далага ялангоёқ қатнаб, колхознинг битта нони, бир коса ёвғоншўрваси эвазига саҳардан кечгача ишлаганини бот-бот эслаб туришади. Бизнинг назаримизда аямиз ҳамон кийимимизни ювиб, олдимизга овқат қўйиб, бир тергаб, бир эркалатиб юргувчи ўша-ўша уй бекаси.
Бувимизга ука бўлмиш Усмон тоғамиз сал дувонахонлиги боис уйланмасдан, бизникида яшаб ўтдилар. Бирин-кетин кўтариб катта қилгани учун у кишини ҳаммамиз жуда-жуда яхши кўрардик. Тоғажонимиз вафот этганида ўсмир эдим, нимага йиғлаяпсиз, деб аямга дағдаға қилганим ёдимда.
Дадам 1969 йилда ҳарбийдан қайтишим биланоқ мени уйлантириб, уч ойдан сўнг оламдан ўтдилар. У кишидан саккиз фарзанд қолган, уч опам, тўрт укам бор. Опаларим аллақачон дадамнинг ёшидан ўтиб кетишди. Шуни биламан, ишонгим келмайди.

* * *

Шеър ёзишга бошланғич синфлардаёқ ружу қўйганман. Дастлабки шеърларим ўша отин ойилардан эшитган Машраб ғазаллари радифларига тақлидан битганман. “Ғунча” журналининг мухлисига айланганимдан сўнг болаларга тинимсиз ёзишга тушдим. Шу журналда ишловчи Миразиз Аъзам домла мени қулоғимдан тортқилаб шоир қилган, йўқса, бу ҳавасдан ўшандаёқ кўнглим совиб, бошқа ёққа чалғиб кетишим ҳеч гап эмасди.
Ўсмирлигимда дадамнинг ишлари сал орқага кетиб, оиламизга етишмовчиликлар оралаб қолди. Аямиз яхшигина чевар эдилар, ёзда кител, қишда пахтали камзул тикиб сотиб, рўзғорнинг камини ёпиб юришди. Менда ҳам тирикчилик ташвиши эртароқ бошланди, олти-еттинчи синфларда маҳаллалар аҳолисига текин хизмат кўрсатувчи сайёр киночига шогирд тушдим, кейинроқ кечки мактабда ўқиб, пахта заводида трактор миндим. Мактабни битиргач, қўрғошин конида бурғиловчи, қишлоқ кутубхоначиси бўлдим, Самарқанд Молия техникумини тугатиб, аскарликка кетдим. Уч йиллик хизматдан қайтганимдан сўнг, тўнғич ўғил бўлганим учун, отасиз оиланинг бошлиғига айландим. Колхозда табелчи бўлиб иш бошладим.
Шундай хилма-хил ҳаёт, шунча ташвишнинг ичида юриб, шеър ёзишдан барибир кўнглим совимади. Дафтарларим кетма-кет тўлаверди. Туман газетасига мухбирликка ўтганимдан кейин ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетига сиртдан ўқишга кирдим-у, ниҳоят ўзим кўпдан орзулаб юрган йўлнинг бошига чиқиб олдим. Болаларга аталган “Она Ер” номли биринчи китобим бахтимга энди “Ёш гвардия” нашриётида ишлаётган Миразиз Аъзам домланинг саховати билан 1974 йилда босилиб чиқди.
Туман газетасида олти йилча ишлаб, бирон-бир газета-журнал ёки нашриётга ўрнашиб олиш умидида бошкентга келдим, лоақал олдин мусаҳҳиҳликка ҳам лойиқ кўришмагач, Тошкент ёғ-мой комбинатига боғбон бўлиб жойлашдим. Тошкентга қуруқ ҳою ҳавасга эргашиб эмас, пухта ҳозирлик билан келиш лозимлигини англаб, яна қишлоққа қайтдим. Фарғона радиосидан иш беришди. 1980 йилда “Ёш гвардия”да “Баҳромнинг ҳикоялари” деган иккинчи китобим босилгач, шу ерда бош муҳаррир бўлиб ишловчи устоз Эркин Воҳидов ҳузурига чақириб, китобингизни ўқиб хурсанд бўлдим, бизга ишга келмайсизми, деб қолдилар. Ёшим ўттиз тўртда эканлиги, бешта фарзандим борлигига қарамай, 1981 йилнинг ёзида нашриётга келиб иш бошладим. Насиб экан, кейинчалик “Ёш куч”, “Муштум” журналларида, Чўлпон номидаги нашриёт, Ўзтелерадиокомпания тармоғида ҳам ишладим.
Ҳозиргача ўттизга яқин китобим чоп этилди, бир неча пьесаларим саҳналаштирилди, айрим асарларим асосида болалар учун кинолар яратилди...
Ҳаётимнинг бу ёқдаги қисми ҳақида кўп гаплар айтилган, ёзилган, чўзғилашнинг хожати йўқ деб ўйлайман. Энг муҳими, юртимнинг эркини кўрдим, энг катта армондан халос бўлдим.
Бошимдан нималар кечган бўлмасин, барибир яхши яшадим. Нимаики кўрсатган бўлса, Яратгандан минг марта розиман. Имкон қадар сабрли бўлишга, борига шукрона айтишга уриниб келдим. Тўғриси ҳам шу экан.
Ҳаёт давом этаяпти. Феълим эса, ўша-ўша – болалигимни қўмсаб-қўмсаб тураман. Бу менга ички куч ато этаверади.

Анвар Обиджон

ШОИР ҲАҚИДА

Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган.
Қишлоғидаги 13-мактабда ўқиб юрган даврларида “Ғунча” журналида дастлабки шеърлари эълон қилинган. Мактабни битиргач, Самарқанд Молия техникумида таҳсил олди, ҳарбий хизматда бўлди, колхозда ишлади, туман газетасига мухбир бўлиб ўтди, ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетини сиртдан тугаллади.
Тошкентдаги фаолиятини “Ёш гвардия” (ҳозирги “Янги аср авлоди”) нашриётида ишлашдан бошлади. Сўнг “Ёш куч”, “Муштум” журналлари, Чўлпон номидаги нашриёт, республика телерадиокомпаниясида ишлади.
Шу пайтгача шоирнинг “Она Ер”, “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Эй, ёруғ дунё”, “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Масхарабоз бола”, “Кетмагил”, “Безгакшамол”, “Жуда қизиқ воқеа”, “Аканг қарағай Гулмат”, “Ерликлар”, “Даҳшатли Мешполвон”, “Олтин юракли Автобола”, “Аламазон ва Гулмат”, “Булбулнинг чўпчаклари”, “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғри”, “Ўқ ўтмас болакай”, “Танланган шеърлар”, “Ўғирланган паҳлавон” сингари ўттизга яқин китоби чоп этилди. Шунингдек, “Қўнғироқли ёлғончи”, “Ўғирланган паҳлавон”, “Қоринботир”, “Тўтиқул”, “Наврўз ва Бойчечак”, “Аламазон ва унинг пиёдалари” каби пьесалари саҳналаштирилган. Асарлари асосида “Тилсимой” ва “Мешволпон” фильмлари суратга олинган.
Анвар Обиджон 1998 йилда Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлган.