18:26 / 10.04.2014 · Кутубхона
Адабиёт – руҳият мулки

Болалик – инсон умрининг энг покиза дамлари. Ҳасаду адоватдан йироқ, дунёнинг турфа ўйинларидан ғофил чоғлар... Ким билсин, балки инсон шунинг учун ҳам ёши ўтган сари болалигини соғинар, қўмсаб қолар. Бугун ёшим олтмишни қоралаб борар экан, ўша беғубор онларни эсласам, юрагим ҳапқириб кетади.
Эсимда, отамнинг тўрт-беш нафар дўстлари чоғроққина меҳмонхонамизда тез-тез йиғилишарди. Кечқурунлари алламаҳалгача қизиқ-қизиқ суҳбатлар бўларди. Мен ҳам бир бурчакда уларнинг гапига гоҳ тушиниб, гоҳ тушинмай ўтирардим. Энди ўйласам, бу кишилар ниҳоятда саводхон зотлар бўлган экан. Чунки уларнинг суҳбатлари шунчаки олди-қочди гаплар эмасди. Улар Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Бобораҳим Машраб, Сўфи Аллоҳёр сингари буюк алломаларнинг қўлёзмаларини ўқишар, таҳлил қилишарди. Уларнинг Яссавий ҳикматларини ўқиб йиғлаб ўтирганларини бир неча бор кўрганман. Албатта, мен у пайтларда ёш бола эдим. Бу кўз ёшлар боисини тушунмасдим.
Орадан йиллар ўтди. Ёшим улғайган сари “меҳмонхона суҳбатлари”нинг асл маъносини англай бошладим. Англаганларим эса мени адабиёт аталмиш сирли бир даргоҳга етаклади. Менда китоб ўқишга қизиқиш уйғонди. Минг шукрки, бу қизиқиш ҳамон тарк этгани йўқ. Хуллас, оила муҳити мени адабиёт ва ижод томон бошлади.
Илк шеърий машқларимни ўқувчилик йилларида ёзганман. Бир сафар туман газетасида “Қишлоғим” деб номланган шеърим босилиб чиқди. Ўша пайтда қувончдан қанот чиқариб учиб кетай деганман. Чунки бу менинг илк марта ижод завқини туйишим эди. Орадан бир неча йил ўтиб Мавлоно Атойи шеъриятига бағишланган дастлабки китобим “Мажоз ва ҳақиқат” рисоласи чиққанда ҳам мана шу ҳиссиётни туйганман. Рости, бу китоб ҳақида жуда яхши фикрлар билдирилган. Кейинчалик адабиёт, тил ва миллий қадриятларимиз ҳақида бир қатор мақолаларим чоп этилди.
Ўрни келганда айтиб қўйишим керакки, ўқувчилик йилларида шеър ва мақолаларимга тумани газетаси ходимлари Шарофжон Орифий, Бозор Номозов ва Неъмат Арслонов каби ижодкорлар яқиндан ёрдам бериб, устозлик қилганлар.
Болаликдан мумтоз адабиётга қизиқдим. Бу борада Яссавий ва Навоий девонларини севиб мутолаа қиладиган қўшнимиз Шайх Хуррамхон эшон бобо, шаҳрисабзлик Қори Абдулаҳад ва Файзулло Махсум (Равнақий) домлалар, шунингдек, бобомиз Шайх Абдусаломхон эшонлар илк устозларим бўлишган. Уларнинг ҳар бири Яссавий, Навоий, Сўфи Аллоҳёр ва Машраб каби зотларнинг мухлис ва муҳиби ҳамда улар изидан борган диёнатли олим, ориф ва таъбир жоиз бўлса, авлиё зотлар эдилар. Мен улардан “илм ва адаб” тушунчасининг уйғунлигини, комиллик ва ҳалоллик масъулиятини ўргандим. Кейинчалик адабиётшунос, манбашунос ва матншунос бўлишимга шу зотларнинг ҳиссаси беқиёс бўлган. Агар ўзимда бирор яхши фазилат пайдо қилган бўлсам, аввало, ана шу устозларнинг таълими ва баракотидан деб биламан. Шунинг учун ҳам бир умр улар олдида ўзимни қарздор деб ҳис қиламан...
Ёшлигимда гарчи моҳиятини тўла идрок этолмасам-да, шарқшунос олим бўлишни орзу қилардим. Бунга эришмоқ учун ҳаракатларим ҳам бўлди. Бироқ насиба бошқа томонда экан.
Тақдир тақозоси билан Самарқанд Давлат университетининг “Ўзбек ва тожик филологияси”да таҳсил олдим. Талабалик йилларим ҳам ўқиш ва изланишлар билан кечди. Шу йилларда хаттотлик санъатини ўргандим. Мақтаниш эмас-у, хаттотликда юксак натижаларни қўлга киритганман. Шунинг учун ҳам университетни тамомлашда “Араб ёзувининг турлари ва тарихи” мавзусида диплом иши ёздим. Буни қарангки, ўша йили университетга давлат имтиҳони кимиссияси раиси бўлиб пойтахтдан беназир адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов бордилар. Менинг диплом ишим Матёқуб аканинг диққатини тортди. У киши мени чақириб, замонавий ва мумтоз адабиётимиз хусусидаги фикрларимни эшитиб кўрдилар.
– Мабодо Тошкентга ишга таклиф қилсак, борасизми? – деди устоз синовчан тикилиб. – Пойтахт ўзига хос мактаб, у ерда ўқиш ва изланишга етарлича имконият бор.
Кутилмаган бу таклифдан саросимага тушиб қолдим. Чунки бу таклиф менга жуда катта масъулият юклаётганди. Мен келажакда бу ишончни оқлашим зарур эди.
Матёқуб ака диплом ишимни Тошкентга олиб кетди. Назаримда у киши бу ижодий ишни кимларгадир кўрсатган. Шундан кейин устоз билан ўртамизда жиддий суҳбат бўлиб ўтди. У киши менга Тошкентга бориб, кимлар билан учрашиб, қандай муомала қилишимгача батафсил тушунтириб қўйдилар. Ана шу кўрсатмаларга асосан Тошкентга келдим ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтига ишга кирдим.
Тошкент адабий ҳаёти мени ҳар жиҳатдан улғайтирди. Устоз Матёқуб аканинг ёрдами ва маслаҳати билан ана шу тарзда ҳаётим, турмуш тарзим бутунлай ўзгарди.
Институтдаги фаолиятимда ҳурматли олимларимиз Абдуқодир Ҳайитметов, Абдурашид Абдуғафуров, Ёқубжон Исҳоқов ва Иброҳим Ҳаққулов сингари адабиёт муҳибларидан кўп нарса ўргандим. Хусусан, илмий ишимга раҳбарлик қилган таниқли олим Иброҳим Ҳаққулов том маънода устозлик қилдилар ва бизнинг адабий суҳбатларимиз, сабоқларимиз шу даргоҳда ҳамон давом этмоқда.
Ўтган йиллар давомида илмий-ижодий фаолиятимнинг маҳсули ўлароқ ўзимнинг уч-тўртта китобим нашр этилди. Араб, форс ва турк тилларидан ўн олтита китоб таржима қилдим. Мумтоз адабиёт, фольклор, дин, тасаввуф, ахлоқ ва бошқа соҳаларга оид бўлган 25 китобни сўзбоши, изоҳ ва луғатлари билан нашрга тайёрлаб чоп қилдирдим. Кўплаб илмий ва бадиий мақолаларим даврий нашрларда ёритилиб бормоқда. Лекин бу ишлардан ҳали кўнгил тўлганича йўқ. Қилиниши керак бўлган ижодий ишлар ҳали олдинда. Аммо ҳар доим шу кунларга етказгани ва шу хайрли ишларга муяссар қилиб қўйгани учун Яратган зотга шукроналар айтаман. Ва яна бир шукронам шуки, илм ва китобат ишларида менга ҳамфикр ва ҳамнафас бўлган оилам бор. Ҳарқалай адабиёт ва шеърият ихлосмандлари турмуш ўртоғим шоира Зебо Раҳимовани яхши танишади. Икки нафар фарзандимиз: бир ўғил, бир қизимиз бор. Ўғлим Муҳаммад Содиқ Тошкент Ислом университетини ўтган йили тамомлади. Шу пайтгача баъзи китобларни ҳамкор бўлиб нашрга тайёрладик. Келажакда маданий меросимиз ва мумтоз адабиётимиз билан боғлиқ илмий тадқиқотлар қилиш режаси бор. Кейинги пайтларда даврий нашрларда беш-олтита илмий ва маърифий мақолалари эълон қилинди. Ота ва устоз сифатида бу ютуқлардан мамнунлигим беҳаддир. Қизим Дилдора Хотин-қизлар мадрасасида таҳсил олди.
Бир сўз билан айтганда оиламизда адабий муҳит ҳукмрон. Шунинг учун ҳам болаларим асосан адабиётга ихлосманд бўлиб улғайишди. Рости, мен бундан мамнунман. Зеро, адабиёт илм, фан, шеър, тарих, тил, маданият, қадрият, ўзлик, дин, эътиқод ва ахлоқдир. Шартли равишда айтиш мумкинки, бутун бани башарга, инсониятга тегишли адабиёт бор ва айни пайтда ҳар бир миллатнинг ўз адабиёти бор. Адабиёт бу миллат кўзгуси, руҳият мулки. Жамиятдаги ютуқ ва камчиликлар, ёмон ва яхши хулқлар, миллатнинг ўтмиш ва келажаги, тил ва қадриятлари, ўзлиги, диёнат ва эътиқоди, борингки ҳар бир жабҳадаги муомала ва муносабатлари ана шу адабиётда, энг сара асарларда ўз аксини топади. Миллатни дунё саҳнасига олиб чиқадиган воситалардан бири шубҳасиз адабиётдир. Адабиётсиз жамиятнинг, миллатнинг аҳволини тасаввур қилиш қийин. Инсон онг ва фикрсиз, ҳис-туйғусиз, руҳсиз, шуурсиз яшаши мумкинми? Шунинг учун ҳам ўтган асрнинг тонгида буюк Абдулҳамид Чўлпон “Адабиёт яшаса – миллат яшар” дея бонг урган эди. Шоир мазкур фикрлари давомида ёзади: “Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етиштирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолиб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдурур”.
Мана, бу фикрларнинг айтилганига ҳам сал кам юз йил бўлди. Аммо Чўлпоннинг фикри ҳамон эскиргани йўқ. Бу давр ичида халқимиз кўп ташвишли кунларни бошдан ўтказди. Шўроларнинг сохта мафкураси халқ онгини ҳам, адабиётини ҳам маълум маънода чалғитди. Лекин барибир яхши шеърлар, яхши асарлар ёзилди. Адабиётимиз ўзига яраша муваффақиятларга эришди. Айниқса, мустақилликдан кейин бир талай ёшларимиз адабиёт майдонига ўз овози, ўз сози билан кириб келди ва жонажон юртимизнинг истиқлолини, у берган моддий ва маънавий неъматлар ҳақида баралла куйламоқда. Аммо бу саъй-ҳаракатларимиз ҳали етарли эмас. Жаҳон тан оладиган ва миллатни дунёга танитадиган асарлар ёзилиши керак. Буюк мумтоз адабиётимиз ёшларимиз томонидан тадқиқ этилиши лозим.
Шахсан мен адабиётда асрлар синовидан ўтган шеърий шакл ва мазмун давом этишини истардим. Навоий, Огаҳий, Сўфи Аллоҳёр, Машраб сингари улуғларимиз тарғиб қилган пок эътиқод, ҳалоллик ва адолат замонавий адабий асарларимиз мазмунига ҳам кўчиб ўтишини истардим. “Сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат” бор дейдилар. Ҳар бир шеър ва адабий сўз мана шу мезонга мос бўлиши керак. Навоийнинг ҳикматли байтларини ҳар қанча такрорласангиз ҳам кўнгилга урмайди. Бунинг сири нимада? Бунинг сири Навоий ҳазратларининг ихлос-эътиқоди ва пок муҳаббатидир.
Шоир ғазалларини ўқий туриб, қалбимиз мудом ҳайратлар ошёнига айланади. Бу ғазаллар гўё сўзлардан эмас, балки уста заргарнинг моҳир қўли билан бир ипга тизилган гавҳарлардан, маржонлардан иборатдек туюлади. Билъакс, шоирнинг ўзи ҳам сўз аталмиш илоҳий неъматни шеърларида “сўз гавҳари” деб ифодалайди. Ҳали қоғозга тўкилиб улгурмаган шеърларини эса “ҳали кўнгил садафи ичига яширинган жавоҳирлар” деб атайди. Айтиш мумкинки, сўз таърифини ҳеч ким ҳазрат Навоийчалик маромига етказа олмаган.
Албатта, ҳазрат Навоий таърифида ҳар қанча ёзсак кам бўлаверади. Бироқ бу ердаги асосий гап шуки, биз Навоийни ўрганишимиз керак. Биз Навоийни ўрганмасак, у зотни буюк дейишимиздан маъно қолмайди. Асрлар ўтса-да, Навоий камолот осмонида қуёшдек балқиб тураверади. Бу қуёшдан баҳраманд бўлиш эса ўзимизга тан.
Агар диққат қиладиган бўлсак, ўзбек мумтоз адабиётидан адабий жанрларни, ҳатто сўнгги йилларда тез-тез қулоққа чалинаётган замонавий модернизм унсурларини ҳам топишимиз мумкин. Гарчи ўтган асрнинг сўнгги чорагида оммалашган “модернизм” атамаси “энг янги”, “замонавий” деган маъноларни англатса-да, бу адабий ҳодиса йўқ жойдан пайдо бўлган эмас. Мисол учун, Атойининг ўнлаб ғазалларида модернизмнинг асосий хусусиятларидан бири символизмни кўришимиз мумкин. Демоқчиманки, айрим адабиётшуносларимизнинг модернизмни фақат ғарбга хослаб қўйиши унчалик тўғри эмас. Ёки буни ғарб андозаси дея инкор этиш ҳам яхши эмас. Муҳими, қайси жанр ёки қайси услубда бўлмасин, ўқувчи руҳиятига ижобий таъсир эта оладиган асарлар яратишдир. Адабиётнинг яшовчанлигини янги услублар эмас, яхши асарлар таъминлайди.
Ахир Навоий ҳазратнинг арузда ёзилган ғазалларини инсоният беш юз йилдан бери ўқиб келади ва завқ олади. Уларда инсон аталмиш мураккаб ва шариф хилқатнинг турфа ҳис-туйғулари, завқу шавқлари, орзую армонлари энг нозик қирраларигача ўз ифодасини топган.
Маълумки, Навоий ҳазратлари шоирларни яхши ва ёмонга ажратган ва бошқалар айтган маъноларни такрорлашдан қайтарган. У киши “Ҳайратул аброр” достонининг “сўз таърифида”ги бобида назмнинг ўрни, шеърнинг шакл ва мазмуни ҳақидаги тўхталар экан, боб хотимасида шундай дейди:

Бўлмаса эъжоз мақомида назм,
Бўлмас эди Тенгри каломида назм.
Назмда ҳам асл анга маъни дурур,
Бўлсун анинг сурати ҳар не дурур.
Назмки, маъни анга марғуб эмас,
Аҳли маъоний қошида хўб эмас.
Назмки ҳам сурат эрур хуш анга,
Зимнида маъни доғи дилкаш анга.

Назаримда, шоирнинг бундай теран фикрлари ҳар қандай ғарбпараст модернчини ҳам беҳуда даъволардан қайтарса ажаб эмас.
Биз модерн адабиёти Ғарбдан кириб келган дейишдан олдин Шарқ адабиётида ҳам доимо янгиликка, “тоза мазмун”га интилиш ва тарғиб қилиш бўлганини эслаб қўйишимиз керак.
Ҳақиқий ижодкорлар ҳеч қачон қандайдир “изм”лар қолипига мослаб шеър ёки бошқа асарларини ёзмайдилар. Истеъдодли ижодкорларда илҳом қуйилиб келади ва шунда энг сара асарлари туғилади. Дейлик, Фахриёр ёки Баҳром Рўзимуҳаммадлар шеъриятда, Назар Эшонқул насрда бирор шаклий ёки маънавий ўзгаришлар қилган бўлсалар бу ижоднинг табиати. Ижодкор ҳамиша изланишда давом этиши керак, бўлмаса у ўз қобиғида ўралашиб қолади. Қолаверса, бу ўзгаришларни китобхонлар қандай қабул қилади? Яхши қабул қилмаса, ундай модернчиликнинг нима кераги бор?! Абдулла Орипов ёки Муҳаммад Юсуфнинг халқона ва теран маъноли шеърларининг нега шайдоси кўп? Менимча, ҳар қандай ҳолатда ҳам аслидан узилмаган ва замонасидан орқада қолмаган шеърият яловбардор бўлади.
Шу маънода бугунги ўзбек адабиётини ривожлантириш учун аввало, жўн ва ўртамиёна асарларнинг илдиз отишини тўхтатиш керак. Начора, Абдулла Қаҳҳор айтганидек, “Адабиётга ўғри мушукка ўхшаб туйнукдан ошиб тушадиганлар ҳам бўлади”.
Яна бир муҳим масала, ҳазрат Навоий ва бошқа мумтоз шоирларимизнинг асарларини, халқ оғзаки ижоди дурдоналарини яна-да кенгроқ тарғиб қилиш йўлидан боришимиз лозим. Тан олишимиз керак, болаларимизга ўрта мактабларда мумтоз адабиётимиз кўнгилдагидек ўргатилмаяпти. Тўғрироғи, бу борада малакали кадрлар ва ўқув қўлланмаларимиз ҳам ҳали етарли эмас. Тасаввуфий рамз ва тимсоллар луғатини, шоҳ байту ғазаллар шарҳини кўпайтириш керак.
Шунингдек, бугун адабиётимизда таржима санъатига жиддий эътибор қаратмоқ эҳтиёжи ҳам мавжуд. Чет эл адибларининг энг сара асарлари таржима қилинса, айни пайтда ўзбек адибларининг китобларини ҳам хориж тилларга ўгириш ишлари изчиллик билан амалга оширилса мақсадга мувофиқ бўларди. Афсуски, ҳали бизда Навоий асарларини хориж тилларига профессионал тарзда таржима қила оладиган мутахассислар деярли йўқ. Демак, бу масалага жиддий эътибор қаратиш керакка ўхшайди.
Ёзувчилар уюшмасида пайдо бўлган ҳар бир бадиий асар кенг миқёсда, талабчанлик руҳи билан муҳокама қилиниши керак. Зеро, бу ҳол ижодга эндигина кириб келаётган ёшларга адабиётнинг эрмак эмаслиги ёки касб эмаслигини тушунтириш, улар билан ишлаш ва яқин муносабатда бўлиш, янги истеъдодларни кашф этишимизга йўл очади.
Мана шу хайрли ишларга имкон қадар ҳисса қўшиш ҳар бир адабиёт муҳибининг зиммасидаги бурчдир. Шу маънода камина ҳам дафтаримга бир қатор режаларни қоралаб қўйганман. Гап энди уларни амалга оширишда. Жумладан, ушбу йилда “Ўзбек адабиётида қаландарлик” мавзуидаги докторлик ишимни охирига етказишим керак. Айрим мумтоз адабиётимиз вакилларининг беназир асарлари ҳали қўлёзма ҳолида турибди. Уларни нашрга таёрлаш, араб ва форс тилларида битилган асарларини таржима қилиш лозим. Бу хусусда ҳам ўзига хос режаларим бор.
Хаттотлик, хат санъати бўйича ҳам бир қанча маълумотлар йиққанман. Уларни китоб ҳолида жамлашим керак. Шунингдек, ўйлаб қўйган бадиий қисса ва хотиралар ёзиш ниятим бор. Келажакда Навоий асарларини шарҳлаш, имкон қадар содда қилиб тушунтириб бериш асосий орзуларимдан бири.
Атоқли шоиримиз Огаҳийнинг “Таъвизул ошиқин” девони тўлиқ ҳолда нашр бўлмаган. Мен бу девонни энг ишончли қўлёзмадан кирилл алифбосига табдил қилиб чиқдим. Уни охирига етказиб, бу йил нашр қилиш ниятидаман. Ажабмас, мустақиллигимиз шарофатидан Огаҳий бобомизнинг мукаммал асарлар тўплами нашр этилса.
Хуллас илм, ижод деганлари бу ҳаёт билан, инсонлар билан, турмуш ташвишлари билан боғлиқ ҳодисадир. Ана шу заҳматларга чидаб ижод қилиш барчамизга насиб этсин.

ОЛИМ ҲАҚИДА

Сайфиддин Рафиддинов – 1958 йил Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманига қарашли Темирчи қишлоғида таваллуд топган. 1987 йилда Самарқанд давлат университетининг Ўзбек ва тожик филологияси факультетини, 2001 йилда Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом маҳадини тамомлаган. Мумтоз адабиётни яхши биладиган, қўлёзма манбаларни пухта ўқий оладиган, араб хат турлари, форс ва араб тилларини биладиган адабиётшунос, манбашунос ва исломшунос олимдир.
У 1987 йилдан буён Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тил ва адабиёт институтида ишлаб келмоқда. Институт аспирантураси ва докторантурасида ўқиган. 1994 йилда филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун “Атойининг поэтик маҳорати” мавзусидаги диссертациясини ҳимоя қилди ҳамда ХV асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган машҳур шоир Мавлоно Атойининг Санкт-Петербургда сақланаётган ягона қўлёзма нусхасини кирилл алифбосига табдил қилиб, асл манбаси, сўзбоши ва изоҳлари билан нашр этди. Алишер Навоийнинг 20 жилдлик “Мукаммал асарлар тўплами”нинг 17, 18, 19 ва 20-жилдларини нашрга тайёрлашда таржимон ва масъул муҳаррир сифатида фаол иштирок этди.
Илмий фаолияти давомида Сайфиддин Рафиддинов ўзининг 4 китобини эълон қилди. Мумтоз адабиёт, халқ оғзаки ижоди, ислом дини, тасаввуф, хусусан нақшбандийлик тариқати ва бошқа соҳаларга оид 16 китобни араб, форс ва турк тилларидан таржима қилиб, шунингдек, мазкур соҳаларга оид йигирмадан ортиқ китобни сўзбоши, изоҳ ва луғатлари билан нашрга тайёрлаб чоп эттирди.
Унинг китоб ва мақолалари хорижда ҳам нашр бўлган. Олим Жазоир, Эрон ва Туркиядаги кўплаб халқаро илмий анжуманларда маъруза билан иштирок этган. 1998 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Сайфиддин Рафиддинов