Бу мақолани ёзишимга ҳаётда ўзим учратган икки воқеа сабаб бўлди. Дастлаб сизларга бир ривоятни эслатиб ўтмоқчиман. Чунки бу ривоят бизнинг мавзуимизга жудаям боғлиқ.
Қадимда бир одам эркароқ ўғлини донишманднинг ҳузурига олиб бориб, «шу фарзандимга насиҳат қилиб қўйсангиз, ширинликни кўп ейди», дебди. Донишманд бир ҳафтадан сўнг келишларини айтибди. Ота бир ҳафтадан сўнг ўғлини яна олиб борибди. Шунда донишманд ҳалиги боланинг бошини силаб «ширинликни кўп емагин, зарари бор», дебди. Бундан хайрон бўлган отаси «шу бир оғиз гапни айтиш учун бир ҳафта куттирдингизми?» дебди. Донишманд эса «мен ўзим ширинликни кўп ердим, болага насиҳат қилиш учун эса бир ҳафта нафсимни тийиб, ширинлик емадим, чунки одам олдин ўзи амал қилиб, сўнгра насиҳат қилса, кор қилади, акс ҳолда фойдаси йўқ», деган экан.
Энди бундан бир неча йиллар муқаддам мен гувоҳи бўлган бир воқеага тўхталиб ўтмоқчиман. Бир ташкилотда маҳаллий журналистлар учун йиғилиш бўлди. Йиғилишни олиб борувчи журналист кутилмаганда рус тилида гап бошлаб, бу ерда ўзбек тилини билмайдиган журналистлар ҳам борлигини, шунинг учун йиғилишни рус тилида олиб боришини айтди. Эътибор берсам, ўзбек тилини билмайдиганлар 4 киши, қолган 30тача одам ўзбек. Хуллас, йиғилиш рус тилида ўтказилди. Ҳеч ким «нима учун шунча киши 4та одамни деб ўзга тилда гапиришимиз керак?» демади. Ваҳоланки, Ўзбекистон мустақил давлат, унинг давлат тили - ўзбек тили. Бу қонун билан қабул қилинган. Шундай экан, нега энди йиғилиш ўзбек тилида олиб борилмаслиги керак? Агар 4 та журналист ўзбек тилини билмаса, бу уларнинг муаммоси. Чунки, ўзбек тили давлат тили бўлганига 20 йилдан ошди. Шу юртда яшагандан кейин давлат тилини билиши, ўрганиши керакми, йўқми? Нега энди саноқли бир неча кишини деб, бошқалар ўз она тили, давлат тилини бир четга суриб, ўзга тилда гапириши керак? Ҳурмат юзасидан дейсизми? Унда ўз она тилимизнинг, давлат қонунининг, маҳаллий ўзбек журналистларининг ҳурмати қаерда қолди?!
Яқинда яна бир воқеа бўлди. Мажлисда яна русча сўзлашув бошланди. қизиғ-а, бу сафар ҳамма ўзбек эди. Мажлис олиб бораётган одам ҳам ўзбек, фақат ўзбек тилини яхши билмайди. Энг ачинарлиси, бизнинг қўлимизга берилган қўлланма ҳам ўзбек тилида эмас. Бир тасаввур қилиб кўринг, бошқа бирон мамлакатда шундай иш қилишармиди? Сиз бирон хорижий давлатга бориб қолсангиз, сизни тушунсин деб ўзбек тилида гапиришмайди-ку! Энг қизиғи ҳеч ким миқ этмай тинглаб ўтирарди. Мен, кимдир гапирармикан, деб кутдим. Афсус ҳеч кимдан садо чиқмади. Чунки ҳеч ким эътироз билдириб, ёмон кўрингиси келмасди. Ачинарли ҳолат, хатто фожеа деб аташ ҳам мумкин. Сабаби, ҳамма нотўғри иш бўлаётганини кўриб турибди. Аммо ҳақиқатни айтишга ҳеч кимнинг юраги дов бермайди. Ҳақиқатни айтиб ёмон кўрингандан кўра, ҳақиқатдан воз кечиб манқурт бўлишни афзал санашарди. Мен эса тишимни тишимга қўйиб ўйланардим: «гапирайми, йўқми?». Агар ҳозир ичимдагини айтмасам, хато бўлишини тушуниб етдим. Нега ҳужжат ўзбекча эмаслигини айтдим. Ахир қачонгача раҳбарга ёмон кўринишдан қўрқиб, унинг хатоларига индамаслик мумкин?! Бундай ҳолат тараққётнинг илдизига болта уришини ўйлашимиз керак. Чунки, ўша бошлиқча ҳам ўзимизга ўхшаш бир банда, у ҳам хато қилиши мумкин, ҳадеб «сизники тўғри» деб ўтираверсак жамият хато-камчиликларга тўлиб кетишини нега ўйламаймиз?! Эртага эса ўша муаммоларни бартараф этиш кераклиги хақида бош қотириб қоламиз. Ўз вақтида эътироз билдириб, хатонинг олдини олишга эса юрагимиз бетламайди, ўз тинчимизни ўйлаймиз. Билмаймизки, ўз тинчимизни ўйлаб мум тишлашимиз эртага қимматга тушиши мумкин.
Энди эса яна ривоятга қайтсак. Демак, одам аввал ўзи амал қилиб, сўнгра насиҳат қилса, одамларга таъсир қилар экан. Энди бир ўйлаб кўринг, бугунги кунда биз журналистлар ўзликка қайтиш, қадрият ҳақида бонг урамиз. Аммо мажлисларда ўз тилимизни қўйиб, бошқа тилда гапирсак, бизнинг миллий қадриятлар ҳақидаги гапларимиз кимга ҳам таъсир қиларди. Энг муҳими шуки, биз эътибор бермайдиган бу иллатлар ёмон кўринишдан қўрқиб юввош ўтириш, оғизда бир гапни айтиб, амалда унинг аксини қилиш бизни ҳам кўп муаммоларга дучор қилади.