Чокар (1889-1952)

Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Ёқуб ўғли Чокар 1889 йил Хива шаҳрида туғилди ва ўша ернинг мактаб ва мадрасаларида таҳсил олди. Чокарнинг дадаси Муҳаммад Ёқуб Харрот Хоразмда жуда машҳур машшоқ бўлган. Айниқса классик куйларни ғоят мароқли ижро қилган. У, адабиёт билан ҳам қизиқиб, бўлажак шоир, композитор ўғли Юсуфнинг тарбиясига алоҳида аҳамият берди. Натижада Чокар жуда ёшликдан санъат ва адабиёт билан қизиқади. Ўзбек ва шарқ классик шоирлари ижодини ҳавас билан ўрганади ва ёш вақтидан бошлаб ижод қила бошлайди.
Чокар ўзбек классик адабиёти намояндаларининг илғор фикр-туйғуларини давом қилдирди. У, демократ шоир Аваз Утар билан замондош ва яқин дўст бўлган.
Чокарнинг ташаббуси билан Хивада мусиқа техникуми — интернат ташкил этилади. Чокар унинг директори бўлади ва дарс беради. Ўша йиллари Чокар Хоразм халқ музикаси ва классик куйлар асосида иккита асар ёзади. Унинг «Қисқача Хоразм музика тарихи» асари 1925 йилда Москвада нашр этилди. Кейин Чокар Самарқанд ва Тошкентда ишлайди. Чокар «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвони соҳибидир. У 1952 йилда Тошкентда вафот этди.
Қуйида келтирилган намуналар Шарқшунослик институтидаги Чокарнинг ўзи томонидан ёзилган девонидан ва «Юғурум» тўпламидан олинди.

ҒАЗАЛЛАР

Эйки, сизлар қилдингизлар мулку миллатни хароб,
Айлади бечоралар бағрин ситам ўти кабоб.

Жоҳилу нодонлар ўрнидур таайюш маснади,
Бўлди доноларни жойи ғам била зери туроб.

Чора бечора тилоса, пора сипоҳи тилар,
Мулла бир ёндин ижорасин сўраб бергай азоб.

Мактаб очмай халқ учун, раис тонгуб таъзир урар,
Келса деҳқон бозора намозликни сўроб,

Халқ боласин қўймақ ўғлон—борму ислом динида,
Анбиё ворислари бу ишга бермишлар жавоб.

Тарёку кўкнору банг муллолара бўлмиш ҳалол,
Халқ чилим чекса ҳаром деб раис айлаб ихтисоб.

Муллаға: «пешинг узун» демак ҳақоратмиш билинг,
Ҳарна иш қил, бер садақа, дегуси, топдинг савоб.

Орифи пашмина пўш илмас кўзинга халқни,
Харки бўлса тоза жуллик ҳурмат аҳлидин ҳисоб.

Ўртадин унган пул бузуқ ўғлон, ҳарамлар масрифи,
Бор аларда шул сабабдин ҳовли, боғ неча таноб.

Жаҳлу ғафлат кечасида ўткусидур умримиз,
Маърифат нурингни сол бизларга ҳам, эй офтоб.

Мулку миллат, ваҳ, нечук тапғай тараққий, Чокаро,
Бўлсалар иш бошида зулм аҳли ошуби давоб.

* * *

Кўбдур ушбу жаҳон ичра фузало,
Ҳайфким, бўлмиш алардин вале авло жуҳало.

Жуҳало хайли агар топса бу янглиғ иззат,
Ваҳ, нечук кечгусидур даҳр аро ҳоли уқало.

Уқало хизматиға боғла белингни маҳкам,
Ҳосил ўлғай сенга бу йўл аро касби кумало.

Кумало хайлиға лозим қилибон юрта дуо,
Билса даҳр аро не дур вузароу вуқало.

Вукалоу вузароларға муносибдур бу,
Айламай зулм раоёғани бўлмоқ удало.

Удало бўлса киши, рози бўлуб ондин ҳақ,
Келмагай чархдин ҳаргиз они бошиға бало.

Амният жойи эмасдур бу жаҳон, эй Чокар,
Эртароқ айласанг эмди хуш эрур азми жало.

* * *

Оҳким, ҳардам насибамни фироқ этди фалак,
Зулм ила ул нозанинимдин йироқ этди фалак.

Бир париваш ишқиға мафтуни зор айлаб мани,
Фурқат ўтиға бу жоним иҳтироқ этди фалак.

Ишқ элига гўйё қилмоқда жавр ила ситам,
Ёр ила, ваҳ, кеча-кундуз иттифоқ этди фалак.

Не ёмонлиғ айлаб эрдук ҳаққиға, оё, анинг
Мунча бизга, дўстлар, кийну нифоқ этди фалак.

Хаста кўнглум коми мақсудини вермай бйр нафас
Гирядин кўз ёшими андоғ булоқ этди фалак.

Кўйида ағёри бадкирдордин, ваҳ, найлайин,
Доимо емак насибамни таёқ этди фалак.

Ёр оллиға бориб Чокар нечук арзин десун,
Тешаи зулм илаким, пойин чўлоқ этди фалак.

* * *

Дариғо, бўлмайин олам тарийқи зиндагониға,
Бад ишлардин халал еткурдим айёми ҳавониға.

Чекиб дунёи дун изида беҳад ранж ила меҳнат,
Вафо қилмоқ йўқ эркан, билмадим, дунёи фонийга.

Ўзимдин ғофил айш асбобини бир умр қилдим жамъ,
Ки барҳам урди гардун сўнг бисоти комрониға.

Бино қилмоқ хатодур қасру айвон, сўнг бўлур вайрон,
Не лозим рахт ташлаб бу маҳалли корвониға.

Жаҳоннинг шаҳлиғиға ҳасрат этма, эй кўнгул, таҳқиқ
Ки шаҳлиғ одидин йўқ ўзга бу шуғле шабониға.

Неким аввалда қисмат бўлса бўлмасдур зиёду кам,
Ало эй нафс, қониъ бўл қазойи осмониға.

Бу гулшанда вафо йўқ, шаҳд этиб булбул киби Чокар,
Қафасни синдиру элт ўзни боғи бехазониға.

* * *

Менга раҳм этгил, эй ёри ягона,
Ки ҳажринг шиддати еткурди жона.

Қачон десам сенга ҳоли харобим,
Қулоқ солмай, қилурсен юз баҳона.

Фароғат бўлмадим бир лаҳза ғамдин,
Илоҳи келмагай эрдим жаҳона.

Вафо йўқдур жаҳон дилбарларида,
Анга дил берманг, эй аҳли замона.

Тузуб созингни, кел базм ичра мутриб,
Ўқуб гоҳи ғазаллар ошиқона.

Насими субҳ, борсанг кўйи сори,
Менга ул ёрдин еткур нишона.

Юзинг шавқи кетурди фурқат ичра,
Ҳазин Чокарни булбулдек фиғона.

* * *

Дилбарлар айлаб жилвалар ҳуснига ҳайрон қилдило,
Шавқида булбулдек ишим фарёду афғон қилдило.

Муҳлик фироқи даштида чун ўлгудек беморман,
Доруш-шифойи васлидин не анга дармон қилдило.

Ёқмоқ учун рашк ўтиға мен зору маҳзун бағрини,
Бўса дамо-дам лаълидин ғайриға эҳсон қилдило.

Гулдек юзини ёшуруб мушкин сочини остида,
Ёғду жаҳонни сарбасар кўзимга зиндон қилдило.

Лутф ила боқмай бир нафас ошиқларининг ҳолиға,
Ҳижрон қаронғу шомида чашмини гирён қилдило.

Зулфини печин тарқатиб, ораз уза юз ноз ила,
Фурқатда Мажнундек басе ҳолим паришон қилдило.

Дилдордин айру эди чун масканим байтул-ҳазан,
Чокар, бу тун базмим келиб, рашки гулистон қилдило.

* * *

Ул ёрима иш жафо бўлубдур,
Ағёр элига вафо бўлубдур.

Юз дўндуруб ишқ элидин ҳар дам,
Ғайр аҳлиға ошно бўлубдур.

Зоҳидни насиҳатини тутманг-
Ким, анинг иши риё бўлубдур.

Тарк эткум они не янглиғ ишқин,
Кўнглим аро меҳри жо бўлубдур.

Тўймас кўзинг ичмак ила қоним,
Билмон анга не бало бўлубдур.

Қошинг қиличи била саросар,
Бағру юрагим яро бўлубдур.

Чокар сари боқғач олди ҳушин,
Қўзинг не бало қаро бўлубдур.

* * *

Қалтирарман совуқдин ўйла қамиш,
Не бало бўлди совуқ ушбу қиш.

Сарвдек қоматимни қилди хам,
Ман эмас якка, барча мандек эмиш,

Бош чиқормай ҳама ўз уйидин,
Эл аро бўлди қатъ бориш-келиш.

Кору борини тарк этиб барча,
Ўт бошида исинмтоқ бўлди иш.

Яхши бу қишда қўй гўштидин
Пишуруб есалар кабоб неча чиш.

Бир-биров бирла гаҳ калом этса,
Оғзида тил бўлур тўнгуб чун тиш.

Ўт бошида муқим ўлуб доим,
Зинҳор чиқмағил, Чокар, тиш.

* * *

Қиш ичра оташхонада бўлғуси, ваҳ, не хуш, олов,
Тенги насиб этса анинг ёнида гар ёғли палов.

Ул ойни ҳажри даштида олди мени ғам лашкари,
Қуршаб бори атрофими ҳар дам ғирев айлаб чу ёв.

Вуслат кунининг ишрати ёдимға тушгач, айлагум
Фарёду афғон, кўрса гар булбул ани бўлғай соқов.

Таъриф этарсизлар менга, эй ким семуз қўй гўштини,
Комимға андин ҳам лазиз ўлғуси, бўлса гўшти ов.

Чун оқ соқол ўлдинг, келиб ҳушингға, эмди тоат эт,
Бу ким хазондиндур асар тушса гиёҳ узра қиров.

Раҳшингни сўрдинг қасд этиб қатлимға, эй зебо санам,
То етмагунча бошими устиға, ҳеч чекма жилов.

Ишқинг ўтидин ёнмасун Чокар дилу жони нечук,
Ким тоб келтурмай ёнар, тушса шарор, албатта, қов.

* * *

Ноз отини ўйнатиб чобуксуворим бу кеча,
Келди кулбам сори англаб изтиробим бу кеча.

Не хуш ул бахту саодат меҳр ойини била,
Келса мумтоз эткали ишқ ичра ёрим бу кеча,

Асрайолмон зор кўнглум ичра ишқин келмаса,
Маҳрами рози ниҳону ошкорим бу кеча.

Муддати нўш этмайин махмур эрурман, соқиё,
Сен бериб бир коса май, тарқат хуморим бу кеча.

Ўлғон эркан не анга мониъки билмон келмади,
Ваъда айлаб эрди борғум деб нигорим бу кеча.

Булбулосо оҳу афғон айлагум субҳу масо,
Ҳолима раҳм айлагай деб гулъузорим бу кеча.

Ўйнатиб қошу кўзин нозу тағофуллар била,
Ақлим олди қўймайин сабру қарорим бу кеча.

Келса пинҳон ғайр элидин базмима ул нозанин,
Сарф этар эрдим йўлиға йўқу борим бу кеча.

Оразидин айлабон Чокар ҳижобин муртафе
Ул париму равшан эткан шоми торим бу кеча.

* * *

Жисм ичра жонни мен нетай, бу кеча жоно бўлмаса,
Илмас кўзимга ҳеч нима ул моҳи сиймо бўлмаса.

Яксар қоронғу бўлғуси кўзима бу ёруғ жаҳон,
Базм ичра бир дам юзи хуршиди осо бўлмаса.

Хушдур басе аҳбоб ила базм айламас субҳу масо,.
Онлар дилида ёрдин ўзга таманно бўлмаса.

Мажлисга дохил айламанг ул кимсаким олам аро,
Бир гулбаданни ишқига мафтуни шайдо бўлмаса.

Чин ошиқ эрсанг ул киши зоҳид сўзига алданиб,
Ишқ аҳли бирла базмаро гар бода паймо бўлмаса.

Ғам хайли бошимдин мени, ваҳ, не сифат бўлғуси рафъ,
Базм ичра май бермакка бир моҳи дилоро бўлмаса.

Йўл бермади васл ичра, эй Чокар, неча жаҳд айладим,
Яхши эди гар даҳр аро ағёр пайдо бўлмаса.

* * *

Ул пари ҳажридадурман зору ҳайрон, эй табиб,
Не бўлур қилсанг мени дардимға дармон, эй табиб.

Тинмайин ул ой висолиға туну кун кўзларим,
Фурқат ичра тўккуси ёш ўрниға қон, эй табиб.

Бир замон меҳри вафо расмини бунёд айлабон,
Холи зорим сўрса қолмас эрди армон, эй табиб.

Шўхларда йўқдурур ишқ аҳлиға раҳм айламак,
Кимки раҳм айлар деса, албатта, ёлғон, эй табиб.

Истабон ул ой висолин кеча-кундуз даҳр аро,
Айларам булбул каби фарёду афғон, эй табиб.

Ҳажр водиси аро ўлмакка етдим, оҳким,
Лутф этиб келмас эса кулбамға жоно, эй табиб.

Ҳар замон юз минг туман жавру жафо изҳор этиб,
Айлаган қаддин дуто Чокарни ҳижрон, эй табиб.

* * *

Қилмас тараҳҳум ҳолима, ваҳ найлайин, ул ғунча лаб,
Кун-кундин афзун айлабон мен хастаға қаҳру ғазаб.

Лайливашимни ишқида, эй дўстлар, олам аро—
Қолса, ажаб эрмас, агар мен телбага мажнун лақаб..

Ушшоқ элига, зоҳидо, қилғунг насиҳат дам-бадам,
Ўргангин онлардин келиб сен доғи панд ила адаб.

Жонбахш лаъли бергуси ўлган танимға тоза жон,
Гар кўзларидин бир қиё эрса мамотимға сабаб.

Ҳижрон қаро шоми аро айлаб фиғону нолалар,
Бу зори маҳзун қилғуси базми висолингни талаб.

Қилсам тазарруъ ҳар неча боқмас даме аҳволима,
Бўлмиш азалда қисматим чекмак басе ранжу тааб.

Заҳри фироқин нўш этиб юргум дамодам, Чокаро,
Базми васлида ичар ағёр эли жоми тараб.

* * *

Нигорим бўлғоли оламда пайдо,
Бўлубман ҳуснига мафтуну шайдо.

Жафо чекмак ишимиздур туну кун,
Қилиб беҳуда ёр ишқин таманно.

Басе лаб ташнаман, қилсанг лабингдин—
На бўлғай мен ҳазинға бўса эъто.

Юз очиб, қил қаро кулбамни равшан,
Вафо расми била, эй моҳ сиймо.

Танимдин жоними олмоққа, эй гул,
Эрур киприкларивг ўқ, қошларинг ё.

Рақиб аҳлига раҳм этма, кул ўлди.
Ёниб рашк ўтиға жисмим саропо.

Фироқинг даштида ўлгуси Чокар,
Карам қилмас эсанг ҳолиға, жоно.

* * *

Кўзларингни кофириға кофиристон бандадур,
Лаъли жонбахшинг сўзига шаккаристон бандадур.

Оразингни ламъасиға, эй парилар сарвари,
Даҳрга берган зиё хуршиди рахшон бандадур.

Маҳвашим лаълига ҳар дам тинглангиз, аҳбобким,
Юз туман тортиб хижолат оби ҳайвон бандадур.

Бошида бўлғон паришон кокули мушкиниға,
Даҳр боғи ичра яксар сумбулистон бандадур.

Бўйла наққоши азал халқ айлаган рухсорингга,
Қасри жаннат ичра бўлғон ҳуру ғилмон бандадур.

Чокаро, субҳу масо қилғон фиғону нолангга,
Мунфаиллиғдин бари қумрии нолон бандадур.

* * *

Соқиё, тутғил менга мажлисда жон оро қадаҳ,
Токи махмуридин этди волау шайдо қадаҳ.

Ҳар замон мен телбага юзлангуси кўп дарду ғам,
Бўлмаса гар базм ичида ўйлаким ҳамто қадаҳ.

Не қилай мен зори маҳзун ёрни, эй дўстлар,
Маҳфил ичра бўлмасатоким сипеҳр осо қадаҳ.

Ичмагумдир ўзгадин ҳаргиз мани маҳзунким,
Дайр аро гар бўлмаса, ул дилбари тарсо, қадаҳ.

Манъ қилма бу жунун ичра мениким, зоҳидо,
Жоними олғусидур маъшуқ охир ё қадаҳ.

Фурқат ичра қолмишам, на бўлғуси, эй муғбача.
Раҳм этиб мен хастаға, берсанг даме аъло қадаҳ.

Чокаро, тинмай бу ёнглиғ оҳу фарёд айлама,
Қилғуси охир сени даҳр аҳлиға расво қадаҳ.

* * *

Жаҳонда яшай олмас ҳеч миллат илму урфонсиз,
Анингдекким туралмас ҳаётда жисм ила жонсиз.

Маорифдур жаҳолат дардининг дармони, фаҳм айланг,
Фанолиқ ётгонидур бўлса ҳар бир дард дармонсиз.

Илмсиз кимса бойларға бўлуб қул, ўткарур умрин,
Илм аҳли кишига бўлмағай муҳтож ҳам нонсиз.

Биза бўйла эзилмоқ қайғу ғамлар жаҳлимиздандур,
Ўқусак илм олур эрдук, биз ҳам оламда армонсиз.

Нега бизда эмас мактаб, товонгар аҳли роҳатда,
Олар хоҳиш илмдин бизга қайғу юзланиб сонсиз.

Беринг фарзандингиз мактабга, Чокарни сўзин тинглаб,
Жаҳонда яшай олмас ҳеч миллат илму урфонсиз.

МУХАММАСЛАР

Навоий ғазалига мухаммас

Биҳамдиллаҳ, мени ошиқ қаторидин ҳисоб.айлаб,
Ёрутмоқға кўзум рухсоридин рафъи ниқоб айлаб,
Кўнгулда не эса комим берурга иртикоб айлаб,
Тун ақшом келди кулбам сори ул гулрух шитоб айлаб.
Хироми суръатидин гул юза хайдин гулоб айлаб.

Олуб сабру қарорим нозир ўлғач кўзга ул дилбар,
Қуёшосо юзи шавқида қилди заррадек музтар.
Сабоҳат авжида эрди узори чун маҳи анвар,
Қилиб мужгонни шабравлар киби жон қасдиға ханжар,
Белиға зулфи анбарборидин мушкин таноб айлаб.

Олиб бурқаъ узоридин, юз очиб базмима кирди,
Мани ишқ аҳлидин сийлаб муҳаббат силкига терди,
Муродим рўзу шаб, юз шукур, онинг вуслати эрди,
Кулуб ўлтурдию илгим чекиб, ёнида ер берди,
Такаллум бошлади, ҳар лафзини дурри хушоб айлаб.

Манга ҳижрон аро бўлғон эди байтул-ҳазан маскан,
Кўзумға тийра эрди сарбасар бу олами равшан,
Деди сўргач бу ҳолим лутф ила ул орази гулшан,
«Ки эй зори балокаш ошиқим, менсиз нечуктурсан?»
Мен ўлдум лолу айта олмадим майли жавоб айлаб.

Хуморим фаҳм этиб ҳижрони ичра ул пари билди,
Аён айлаб вафо расмини бу дам, кўзига илди,
Қуёш осо хиром айлаб чу қаршу ёнима келди,
Чиқарди шишаи май доғи бир соғар тўла қуйди,
Ичиб тутди менга юз навъ ноз осо итоб айлаб.

Деди, эй зор, қилмасман сени бирдам йироқ кўздин,
Бериб васл ичра сансиз бўсалар лаъли лабу юздин,
Манга ҳосил бўлуб айши тараб беҳад ҳамул юздин
Ичиб, фарёд этиб туштум аёқиға, боруб ўздин,
Мени йўқ бодаким, лутфи анинг масти хароб айлаб.

Бўлуб васли муяссар, Чокаро, ул ёрни ботроқ,
Тараб жомини доғи базм аро нўш айлаб ўлтурмоқ,
Гаҳи ўздин кетиб бехуд тушуб ер узра чун туфроқ,
Аниким элтқай васл уйқуси ишрат туни мундоқ,
Навоийдек нетар то субҳи маҳшар тарки хоб айлаб.

Навоий ғазалига мухаммас

Фарқ қилмаслар шариат йўлини гумроҳлар,
Айлабон журму гунаҳ тинмай куну бегоҳлар,
Тутмас ҳеч парво алардин зуҳду тоатхоҳлар,
Улки солғай шуъла аъзосиға ўтлуғ оҳлар,
Қайда билгай куймакин зарбафт кийган шоҳлар.

Токи ошиқ бўлмайин ошиқни кўзга илмагай,
Дилбарини кўйида мажнун мисоли елмагай.
Гаҳ-гаҳи лайливашим чашмини ашкин селмагай,
Бағридин қон томғучи ушшоқ захмин билмагай,
Тиғидин қон томғучи бераҳм олий жоҳлар.

Бидъат ишлардин тун-кун айладим парҳезким,
Восил ўлғайман дебон васлиға ёрим тезким,
Чун ул ой ҳажрида чекдим ғам ҳалокангизким,
Шиддатин Фарҳод қилғай фаҳм, йўқ Парвезким
Дардни хокийлар англар, йўқ фалак даргоҳлар.

Оз қолибдур зиндалик паймонаси ваҳм тўлғали,
Етди чун умрим гули ғам сарсаридин сўлғали
Зор жисмимдин ётиб ҳажр ичра жон айрилғали,
Жону кўнглум кирдилар ғам даштиға гум бўлғали,
Ман ҳам эттим азм, чун азм эттилар ҳамроҳлар.

Фоқаларға ағниёлар қилмай иҳсон ўлтурур,
Қайда иҳсон, балки жавр айлаб фаровон ўлтурур,
Нечани қашшоқлик бирла ғами нон ўлтурур,
Бўлсалар огаҳки, бир ғамгинни ҳижрон ўлтурур,
Фикр этар ҳолиға ҳижрон дардидин огоҳлар.

Ёр ҳижронида тинмай нолаи оҳим недур,
Ғайр элидин васлиға етмоқда кўтоҳим недур,
Андин айру дарду меҳнат унсу ҳамроҳим недур,
Ваҳ, не билғай ҳажр занжирида дилхоҳим недур,
Халқа урғон базм айши даврида дилхоҳлар.

Ҳусн элига фурқат ичра мубталолар фикри йўқ,
Ҳам расо аҳлиға, Чокар, норасолар фикри йўқ,
Порсоу зуҳд элиға ашқиёлар фикри йўқ,
Эй Навоий, шоҳларға чун гадони фикри йўқ,
Айлагил сен тенгри даргоҳига шайъанлиллоҳлар.