Аваз Ўтар - Аваз Полвонниёз (Ўтар) ўғли (1884.15.8- Хива-1919) — ўзбек маърифатпарвар шоири. Дастлаб мактабда, сўнг Хивадаги Иноқий мадрасасида ўқиди. 18 ёшларида шоир сифатида халқ ўртасида танилди. Муҳаммад Раҳим Соний (Феруз) Аваз Ўтар истеъдодига катта эътибор берган, уни саройга таклиф қилиб Табибийни унга устоз тайин этган. Аммо, Аваз Ўтар сарой ҳаёти билан чиқишолмай, уни тарк этади.
20-аср бошларида кўзга ташланаётган миллий уйғониш, истиқлол ғоялари Аваз Ўтар ижодига кучли таъсир кўрсатади. Аваз Ўтар ижодида эркпарварлик, озодлик, маърифатпарварлик ғоялари, турмуш иллатларига қарши қаратилган ҳажвлар пайдо бўла бошлайди, бу даврда шоир юксак инсоний фазилатларни, чинакам инсоний муҳаббатни тараннум этувчи лирик шеърлар, қиталар, рубоийлар ёзди. Аваз Ўтар ижодида алоҳида ўрин тутган ҳажвий шеърлар туркуми — «Фалоний» ҳам шу давр маҳсули. Аваз Ўтар «Миллат», «Ҳуррият»; «Топар эркан, қачон», «Халқ», «Замон» ва бошқа шеърларида миллат тақдири ва келажагини янгича талқин этади. Айрим шеърлари ўша давр вақтли матбуоти («Ойина», «Вақт», «Мулла Насриддин» ва бошқа)да босилган. 2 девони («Саодат ул-иқбол», «Девони Аваз») ва қатор баёзларга киритилган ғазаллари етиб келган. Девонларининг қўлёзма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида (инв. ? 942, 7102, 3451) сақланади. Республикада мактаблар, кўча ва хиёбонларга Аваз Ўтар номи берилган. Хивада уй-музейи ташкил этилган, ҳайкали ўрнатилган. У ҳақда бадиий асарлар яратилган (Э. Самандар «Эрк садоси» достони, А. Бобожон «Ғазал фожиаси» драмаси, С. Сиёев «Бир чора замон истаб» қиссаси ва бошқа).
Илму фан уйига юборинглар болангизни,
Анда ўқуганлар бори яктои жаҳондир.
* * *
Дўстларим бўлсун десанг аҳли жаҳон,
Хулқи хушлуқни қил одат, эй Азиз.
* * *
Не яхши ўйлаким, маъқулу манзур,
Аваз халқим учун тўкулса қоним.
* * *
Гул каби бевақт ғунча очиб ноз қилма,
Булбул каби бепарда нағма-ю овоз қилма!
Гъайри тилни саъй қилинг билғали ёшлар,
Ким илму ҳунарлар ривожи андин аёндир.
Лозим сизга билув ҳар тилни она тилдек,
Билмакка они ғайрат этинг, фойдаси кондур.
* * *
Агар ҳар кимса сени севмас, борма анинг сори.
* * *
Гар пушаймон ўлмайин десанг, яна,
Бўйла аҳволи қабоҳат айлама.
* * *
Фурқат бошингга тушмайин вуслатни қадрин билмадинг,
Ранж ила меҳнат чекмайин роҳатни қадрин билмадинг.
* * *
Ростлиққа завол бўлмас эмиш, билинг!
Вафо аҳлига ичмаклик жаҳонда,
Ҳақиқатда эрур душвор савганд.
* * *
Дикар наҳле чекиб меҳнат бировлар,
Вале андин курар роҳат бировлар.
ТИЛ
Ҳар тилни билув эмди бани одама жондур,
Тил воситаи робитаи оламиёндур.
Қайри тилини саъй қилинг билгали, ёшлар,
Ким илму ҳунарлар билонки андин аёндур.
Лозим сиза ҳар тилни билув она тилидек,
Билмакка они ғайрат этинг, фоида кондур.
Илму фан уйиқа юборинглар болангизни,
Онда ўқуғонлар бори яктойи замондур.
Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидин они бағри тўла қондур.
ФИДОЙИ ХАЛҚИМ
Фидоий халқим ўсун танда жоним,
Бўлиб қурбон анга руҳи равоним.
Гар ўлсам дарбадар мазлумлар учун,
Будур мақсуди қалби нотавоним.
Мани солса фано йўлига даврон,
Юрур устимдин авлоди замоним.
Умидим: яшасин мактаб боласи,
Алар ҳар бири бир шери жаҳоним.
На яхши ўйлаким, маъқул-у манзур,
Аваз, халқим учун тўкулса қоним.
СИПОҲИ ПОРА ИСТАР
Сипоҳи пора истар
Мулла ижора истар,
Бечора чора истар,
Бир чора замон борму?
БИЛИНГ, УШБУ ЗАМОН ҒАМНОКИДУРМАН
Билинг, ушбу замон ғамнокидурман,
Куйиб ўртанган элнинг хокидурман,
Авазким, назм эллин чолокидурман,
Бошин олмоққа хоннинг покидурман.