Ҳазиний (1867-1923)

Ҳазиний Хўқандий (тахаллуси; асл номи Зиёвуддинхон Каттахожа ўғли Ҳазиний тўра) (1867 — Қўқон яқинидаги Катта Кенагас қишлоғи — 1923) — шоир ва шайх. Қўқондаги Жомеъ мадрасасида таҳсил олган. Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, адабиёт илмларини чуқур ўзлаштирган. Тасаввуф таълимоти билан изчил шуғулланган. 30 ёшида муршидидан иршод (тариқат раҳнамолигига рухсат) олиб, «Ҳазиний тўра» ва «Эшонбува» номлари билан халқ орасида эъзозланган, уз даврининг етук қодирия тариқати шайхи сифатида эътироф этилган ва «Муршиди Фарғона» номига мушарраф — валий зот бўлиб танилган. Деҳқончилик билан кун кечирган. Боғлар барпо қилган, бинолар қурдирган. Қабри ўз қишлоғида. Бу қабр — мақбара ва унинг атрофидаги обидалар меъморий ёдгорлик сифатида давлат муҳофазасига олинган.
19-аср 2-ярми ва 20-аср бошларида кўчирилган кўплаб қўлёзма баёзлар ва мажмуалардан Ҳазиний шеърлари ўрин олган. 1910—15 йилларда Тошкентнинг Орифжонов, Портсев ва Лахтин матбааларида «Баёзи Ҳазиний» тўпламлари бир неча бор нашр этилган.
Ҳазиний мумтоз шеърият жанрларидан ғазал, мураббаъ, мухаммас ва мусаддаслар ёзган. Адабий мероси 4000 мисра атрофида. Шоир асарларини ғоявий мавзуи бой. Унинг тасаввуф руҳидаги асарларида соф сўфиёна маъно ва мазмун тараннум этилса, ахлоқий мавзудаги битикларида поклик, одамийлик, саҳоватпешалик каби юксак инсоний фазилатлар улуғланган.
Ҳазинийнинг ўндан ортиқ ғазалларига мухаммас боғланган ва назиралар қилинган.
«Баёзи Ҳазиний»нинг тошбосма нусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (инв. ? 12665, 14850, 15197). Фарғона шаҳрида уй-музейи ташкил қилинган, Ҳазиний номида жамоа хўжалиги, боғ, мактаб, кутубхоналар бор.
Отабек Жўрабоев


* * *

Қўқон яқинидаги Катта Кенагас қишлоғида туғилган. Отаси Каттахўжа эшон ориф, шеърга ҳавасманд зиёлилардан эди. Зиёвуддин илк таълимни отасидан олади. Сўнг Қўқондаги Жомеъ мадрасасида ўқийди. 1897 йил ўтгиз ёшларида замонасининг машҳур мутасаввифларидан, қодирия сулуки намояндаси Муҳаммад Ҳакимхон халифага мурид тушади ва илми тариқатни эгаллаб, эл орасида катта эътибор топади.
Айни пайтда устоз сўфийлар анъанасига содиқ қолиб, қўл кучи билан мутлақо меҳнати эвазига кун кечириш қоидасини маҳкам тутади. Унинг муттасил деҳқончилик билан шуғуллангани, ҳатто ҳозирги Бағдод тумани Чопдор қишлоғидаги қумлоқ чўлдан 40 танобча ерни ўзлаштириб, боғ барпо этгани ва унга «Регистон» деб ном қўйгани маълум. Шунингдек, бу ерда ҳовуз кавлатиб, атрофига бир неча бино ва тегирмон қурдирган. Бу жой қумга тушиб даволанувчилар учун оромбахш масканга айлантирилган экан.
56 ёшда вафот этган. Қабри қишлоғида.
Ҳазиний ўз даврида жуда катта шуҳрат қозонган шоир. Мутахассисларнинг аниқлашларича, ХХ аср бошларидаги 19 тошбосма асарда унинг шеърларидан намуналар учрайди. «Баёзи Ҳазиний» тўплами 1910—1913 йилларда 7 маротаба чоп этилган. Шеърлари машҳур хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган. Бироқ шўро даврида унинг асарларига йўл берилмади. Ўғли Амакихон қўлида сақланган девони 1939 йили НКВД ходимлари томонидан олиб кетилган. Ҳозиргача топилгани йўқ.
Шоир ижодини ўрганиш мустақилликдан сўнг мумкин бўлди. 1992 йили Қўқон музейи ходими, филология фанлари номзоди Аҳмаджон Мадаминовнинг ғайрат ва ташаббуси билан «Тасаддуқ, ё расулуллоҳ» деган ихчам тўплами нашр этилди. Ниҳоят, 1999 йили у тўлдирилиб, А.Мадаминов, О.Жўрабоэвларнинг сўзбоши мақоласи ва профессор Шариф Юсупов сўнгсўзи билан «Девон» номида чоп қилинди.
Шоир шеърларида, дарҳақиқат, диний мавзу етакчи. Лекин бу шунчаки дин тарғиби эмас. Юксак исломий ғоялар, биринчи навбатда, исломий эътиқод ва ахлоқ билан яшаш тарғибидир. Комил инсон тарғибидир. Шу жиҳатдан, ундаги ғоялар бир қадар тасаввуфий мазмун касб этади. Муаллиф буни яширмайди. У «ишқи мажозий» ва «ишқи илоҳий» нисбатини яхши ҳис қилади. Буларни бир-бирига қарама-қарши қўймайди. Бирини иккинчисининг давоми сифатида тушунади.

Аввалдинким мажозий ишқида умримни ўткардим,
Қаю ерда париваш бўлса, анга ошно боис,—

каби сатрлари ёхуд:

Неча доноларни нодон айлади ишқи мажоз,
Ёрнинг кўйида сарсон айлади ишқи мажоз,-

матлаи билан бошланадиган «Мажоз» радифли ғазалида буни кўриш мумкин.

Айни пайтда, шоир шеърларида замон садоларини ҳам пайқамаслик мумкин эмас. У «насоро бизга подшоҳ»лик қилиб, «хонақоҳда зикри ҳақ монеъ», «шарорат ошкор» бўлганлигидан дод солади. Бошқа бир шеърида эса, қуйидаги сатрларни учратамиз:

Вой, хор ўлди шариат, динимиз бўлди ғариб,
Бу нечук турфа аломат, динимиз бўлди ғариб,
Ё яқиндирму қиёмат, динимиз бўлди ғариб,
Кўп ривож олди шарорат, динимиз бўлди ғариб,
Барчадин кетти адолат, динимиз бўлди ғариб.


ҒАЗАЛЛАР

Жаҳони бевафодин охири бир кун кетар бордур,
Бу дунё бир работ, ҳар ким қўнуб бир-бир ўтар бордур.

Ишонма боғу роғинг, молу мулку тахту бахтингга,
Қуёшдин ибрат олғил, турмайин охир ботар бордур.

Агар минг йил умр кўрсанг, жаҳонға подшо бўлсанг,
Бўлуб хоки мазаллат, гўр аросида ётар бордур.

Ибодат айлағил тангриға доим, ухламай тунлар,
Имонингни саломат элтгали неча хатар бордур.

Йигитлик даврини сургил, қариб тоат қилурсан деб,
Савобингға худо муҳтож эмас, деб ўргатар бордур.

Ҳазиний, бандаликда, бас юрурсан бехабар, ғофил,
«Кироман котибайн»ким хайру шаррингни битар бордур.

* * *

Гунаҳга тавба айлаб, эмди тоат қилмасам бўлмас,
Хатою маъсиятларга надомат қилмасам бўлмас.

Абас ўтти йигитлик, сад дариғо, бехабарликда,
Ғаниматдур, тирикликда ибодат қилмасам бўлмас.

На юз бирла борурмиз туҳфасиз ҳақ қошиға фардо,
Ҳаётим борича эмди, ибодат қилмасам бўлмас.

Сулуким — Қодирия, раҳбаримдур пири пироним,
Саҳарлар зикри оллоҳуни одат қилмасам бўлмас.

Юруб нафсим учун шул вақтқача, тоатни тарк эттим,
Қаноат шаҳриға бориб, тижорат дилмасам бўлмас.

Фужуру фисқу исёним халойиқлар аро шуҳрат,
Мадина, Маккатуллони зиёрат қилмасам бўлмас.

Эгосиз ит каби умрум ўтубдур дарбадарликда,
Ҳазиний ихтиёри эмди, ҳижрат қилмасам бўлмас.

* * *

Қаю жонлик жаҳонға келса, охир ўлмайин қолмас,
Тирикликда халойиқ бир-бири қадрини билмас.

Ажаб мотамсаро дунё эрур, поёни юқ, билсам
Ки, сан дунёға мағрур ўлмағил, ҳаргиз вафо қилмас.

Аёғинг остиға боқғил, ҳамма ер ичра пинҳондур,
Манам шундек бўлурман, деб сани парвойинга келмас.

Лаҳад ичра ётурсан, ёзу қиш ўтгонини билмай,
Уғул-қиз, ёру дўстинг бир келиб сандин хабар олмас.

Сан ўлган сўнг ҳама фарзандларинг молингни олғайлар,
Сани ҳолинг нечук кечгай қаро ерда, булар билмас.

Ўлум ёшу қари, шоҳу гадоларға баробардур,
Билинг, жон олғучи элни назарга заррача илмас.

Бу беш кунлик умрға жою манзил ҳам керакмасдур,
Ўлумни ўйлаган одам бу дунёга назар солмас.

Жаҳаннам оташини, гўр азобин ўйлаган одам
Сиротул-мустақимдин ўтмагунча йиғлагай, кулмас.

Ҳазиний, охиратга ҳар киши имон билан борса,
Ўшал ерда ани сан англагил, ўлган била ўлмас.

* * *

Бу ўтар дунёга, дўстлар, боғу бўстонинг ғалат,
Барчани ташлаб кетарсан, кўшку айвонинг ғалат.

Ҳар киши дунёға келди, охири бир кун кетар,
Тоат этмай доимо беҳуда юргонинг ғалат.

Ўйлагилким, кеттилар деб жумлаи хешу табор,
Бир куни сан ҳам кетарсан, мунда тургонинг ғалат.

Англагил, шоҳу гадоларга баробардур ўлум,
Қил сафар асбобини, беҳуда юргонинғ ғалат.

Тўша олмасдин борур бўлсанг худони олдиға,
Туҳфа келтурдингму, деб сўргонда армонинг ғалат.

Эй Ҳазиний, бу насиҳатга киши солса қулоқ,
Муддаийлар санга айтур, ҳарна айғонинг ғалат.

* * *

Қўйди ҳам кўксум аро юз минг жафоларни фироқ,
Ажратиб биздин яна кўп ошноларни фироқ.

Водариғо, ҳасрато, кетти ҳама аҳбоблар,
Ҳам жудо этти яна хеш-ақраболарни фироқ.

Лоф уруб, олам — мани мулкум, деган шаҳлар қани?
Қўймагай охир, билинг, шоҳу гадоларни фироқ.

Дардиға топмай даво, кетти Фалотундек ҳаким,
Олди ер қўйннға кўп ақли расоларни фироқ.

Аҳмади Мухтор кеттилар жаҳондин, дўстлар,
Юз йигирма тўрт минг ҳам авлиёларни фироқ.

Шоҳ бўл, хоҳи гадо, дунё вафо қилмас санго,
Барчамизни қўймағай ҳам раҳнамоларни фироқ.

Эй ёронлар, билсангиз, дунё эрур қўҳна работ,
Хотун, эркак қўймагай ҳам ёш балоларни фироқ.

Хонақода ўлтуруб зикр айлаган шайхлар қани?
Жонини олди, билинг, кўп авлиёларни фироқ.

Нақди умрингни дилингга олгуча тоатда бўл,
Эй Ҳазиний, айтасан зикру саноларнн фироқ.

* * *

Халилдек оташи Намрудга кирсам, ўлса гулзорим,
Ҳимоят айлагай холиқ, ўзи бўлса харидорим.

Чиқибон кўҳи Турга, «раббано» деб ман садо қилсам,
Нидойи «лантаро»никим манго еткур Сатторим.

Бошимға арра қўйса, Зикриёни зикрини айтсам,
Худоға маъқул ўлғайму мани бу феълу атворим.

Ўшал Яҳё каби чўллар аро оҳу наво қилсам,
Эгамни даргаҳига манзур ўлғайму мани зорим?

Вужудимға тушуб қуртлар ўшал Айюби собирдек,
Қазосиға ризо бўлсам, манго раҳм этса Ғаффорим.

Кечибон тахту бахтимдин ўшал Иброҳим Адҳамдек,
Чақиргайму гадоликка қиёмат кун талабгорим?

Фироқи Лайли бирлан йиғласам монанди Мажнундек,
Келиб ҳолимни сўрганму ўшал кун жодуваш ёрим?

Илоҳо, Мустафони ҳурматидин кеч гуноҳимни,
Ҳазиний осийман, авф эт, хатога кетса гуфторим.

* * *

Сиз ани одам деманг, кўнглида ҳиммат бўлмаса,
Балки имони хатарлик, анда ғайрат бўлмаса.

Кимки жоҳилдур, билинг, ҳамду санода хордур,
Мў‘мини содиқ эмас ул, танда журъат бўлмаса.

Қони бўлса қатра найсон гар, садаф дурр бўлғуси,
Бадниҳоде қолгуси, анда қаноат бўлмаса.

Ҳотами Той кофир эрди, куймади дўзахда, бил,
Куйдурур эрди эгам, анда саховат бўлмаса?

Фоний дунёдин лаҳадга дастхоли бормагил,
На қилур холиқ сани, туҳфанг ибодат бўлмаса?

Жон берар вақтида шайтондин ўзинг қил эҳтиёт,
Бандалик номинг ғалат, имон саломат бўлмаса?

Халқ аро расво бўлубман деб, Ҳазиний, ғам ема,
Етмагай ҳеч ким саломатга, маломат бўлмаса?

* * *

Эй банда, худо йўлида тоатни унутма,
Рўзу шабу ҳар лаҳза, ибодатни унутма.

Жон борича излаб, туну кун ҳақни ризосин,
Албатта, биродар, бу насиҳатни унутма.

Бу фоний жаҳон айшиға мағрур бўлубсан,
Дийдори худо бирла у жаннатни унутма.

Минг йил яшасанг, охири бир кун ўладурсан,
Охир бўласан, хоки мазаллатдга унутма.

Ҳеч кимға вафо қилмади, дунёни билурсан,
Санго келадургон у кун, навбатни унутма.

Эй одамийзод, аслингу наслинг сани туфроқ,
Ялғуз ётар бирла қиёматни унутма.

Шукр айла, Ҳазиний, сани оламға келтурди,
Инъоми худо, ризқ ила неъматни унутма.

* * *

Худони ёди бирла йиғлагил шому саҳарларда,
Яқонгни чок этиб, сан йиғлагил шому саҳарларда.

Фиғон айлаб, гуноҳинг ваҳмидин қўрқуб, надомат қил,
Алам ўтиға бағринг доғлагил шому саҳарларда.

Аё толиб, ўзингни ташлагил ҳақни ризосиға,
Риёзат пўтасини боғлагил шому саҳарларда.

Аё, эй бехабар одам, ўлумни ёд қилмассан,
Кетиб хешу таборинг, ўйлагил шому саҳарларда.

Сирот ул-мустақим отлиғ йўлунгда бир хатар бордур,
Ўтарни, эй биродар, кўзлагил шому саҳарларда.

Жаҳаннамни азобидин ўзингни қутқарай десанг,
Тилингни маъсиятдин сақлагил шому саҳарларда.

Ики олам муродиға етай деб орзу қилсанг,
Ҳазиний, роҳи Бағдод кўзлагил шому саҳарларда.

* * *

Вафо қилмас жаҳон бизгаки, ул одам ато ўтти,
Кўринг, икки жаҳонни сарвари ул Мустафо ўтти.

Кеча-кундуз Расулуллоҳни олдидин жудо бўлмас
Абу Бакру Умар, Усмон, Алийи Муртазо ўтти.

Ўлум чанголидин охир қутулмас жону жонварлар,
Нечукким, ул Ҳасан бирлан Ҳусайни Карбало ўтти.

Жаҳондин анбиёю авлиё йиғлаб кеча-кундуз,
Ўтурмиз, деб ўлумни ваҳми бирлан мубтало ўтти,

Ўлумни дастидин, дўстлар, юрак-бағрим кабоб ўлди,
Нечукким, келди навбат бизга, ул ота-ано ўтти.

Кўринг, бу интизору хастадил айлаб Ҳазинийни,
Юруб дер дарбадар доимки, умри бебаҳо ўтти.

* * *

Сиза жон фидо, ё ҳаёт ан-набий,
Қилай ман гадо, ё ҳаёт ан-набий.

Отингиз — Муҳаммад, расули худо
Ки, сиз Мустафо, ё ҳаёт ан-набий.

Ки, хайрул-башар, саййид ал-мурсалин,
Рисолатпано, ё ҳаёт ан-набий.

Мани осийни еткурур равзага
Қачон ул худо, ё ҳаёт ан-набий?

Тавоф айласам хонайи Каъбани,
Будур муддао, ё ҳаёт ан-набий.

Қолай «Жаннатул-Бақя» хокида ман
Ки, етса қазо, ё ҳаёт ан-набий.

Ҳама умматингиз умид айлашур
Ки, рўзи жазо, ё ҳаёт ан-набий.

Ҳазиний дуоси бўлурму қабул,
Бу ғарқи гуно, ё ҳаёт ан-набий?!

МУРАББАЪЛАР

Мустафога дунё вафо қилмади,
Зикриёга дунё вафо қилмади,
Анбиёга дунё вафо қилмади,
Авлиёга дунё вафо қилмади.

Абу Бакру Умар, Усмон, Алини,
Зуҳра бирлан Ҳасан, Ҳусайн ал валини,
Олди ажал барча мурсал-набини,
Муртазога дунё вафо қилмади.

Қаён кетти ўттуз уч минг саҳоба
Ким, юттилар ҳасрат бирла хуноба,
Дунё эрур бир работи хароба,
Раҳномага дунё вафо қилмади.

Ғавсул Аъзам авлиёлар раҳбари,
Ул Муҳаммад умматини ғамхори,-
Масиҳога жон бағишлар гуфтори,
Муттақога дунё вафо қилмади.

Тоҳирни кўр, Зуҳрога дил боғлади,
Ишқ ўтиға юрак-бағрин доғлади,
Тиғ устида ўлмоқлиғин чоғлади,
Ул шаҳлога дунё вафо қилмади.

Ул Мавлавий Жомий билан Ҳамдамим,
Мирзо Ҳусайн дер эрдилар маҳрамим,
Баҳром айтур, дилу жон-Гуландомим,
Ҳазинийга дунё вафо қилмади.

* * *

Олам аро ёздинг ани шуҳратин
Санга яқин кимки тутса миллатин
Сан суярсан бешак ани умматин,
Раҳматингдин бизни раҳо қилмағил.

Абу Бакру Умар, Усмон, Алини,
Соқий эттинг кавсарингга Алини,
Бизга раҳбар қилдинг шундоғ набини,
Ҳурматидин бизга жазо қилмағил.

Ҳасан-Ҳусайн, Хайруннисо ҳурмати,
Бандам дегил, кулл анбиё ҳурмати,
Авлиёйи аҳли ризо ҳурмати,
Ҳазинийға фардо жазо қилмағил.

Бир ёр учун тонгла расво қилмағил,
Шармандайи рўзи жазо қилмағил,
Номасияҳ, воҳасрато қилмағил,
Тонгла сафи қавми тарсо қилмағил.

Мустафони бизға қилдинг паямбар,
Шафқатлари биз осийға баробар,
Умматларға пушту паноҳи маҳшар,
Расулингни биздин жудо қилмағил.


МУХАММАСЛАР


Икки оламда эрурсиз осийларга раҳнамо,
Раҳматан-лил-оламин, деб кўз тутар рўзи жазо,
Қабрингизда мавж уродур, раҳмати нури худо,
Ҳар киши қилса зиёрат, дардига топгай даво,
Равзайи покингга келдим, ё расули Мустафо.

Бир назар қилгил манго.Одам сафийни ҳурмати,
Ҳам Ҳалили босафо, Нуҳи набини ҳурмати,
Ҳам Абу Бакру Умар, Усмон, Алини ҳурмати,
Юз йигирма тўрт минг ўтган набини ҳурмати,
Равзайи покингга келдим, ё расули Мустафо.

Танда-жисмимда имон, шоиста қилгил тавбага,
Ул умид бирлан бориб бошимни урсам равзага,
Ҳазрати Одам дуоси бўлди мақбул Каъбага,
Ўлмасидин бул Ҳазинийким, борибдур Бақяга,
Равзайи покингга келдим, ё расули Мустафо.

* * *

Вой, хор ўлди шариат, динимиз бўлди ғариб,
Бу нечук турфа аломат, динимиз бўлди ғариб,
Е яқиндурму қиёмат? Динимиз бўлди ғариб,
Кўп ривож олди шарорат, динимнз бўлди ғариб,
Барчадин кетти адолат, динимиз бўлди ғариб.

Тавба денглар, эй биродарлар, туруб шому сабо,
Айлашиб зору тазарруълар, тиланг ҳақдин пано,
Доимо тоат-ибодатда бўлуб, айланг дуо,
Шояд этса раҳм раббим подшоҳ, бизлар гадо,
Журм этиб, қилмай надомат, динимиз бўлди ғариб.

Хонақода зикри ҳақ монеъ, шарорат ошкор,
Барча нокаслар ҳукуматда сайиддур, хожа хор,
Кимда дунё бўлса, ҳоло халқ ичра эътибор,
Олиму шайхи замон хилватда йиғлар зор-зор,
Жории бўлмасдин шариат, динимиз бўлди ғариб.

Яхшиларга сабр қилмакдин бўлак йўқтур илож,
Бу на мушкулдур, мусулмонлар берур мушрикка бож,
Турмайин Фарғона ичра эмди, Байтуллога қоч,
Журм этиб, қилмай надомат, динимиз бўлди ғариб,

Ҳар қаёнда бўлса, доноларни ҳоло бағри қон,
Бу фалак рафтори каж дастидин айларлар фиғон,
Қўл яқода, тавба деб айланг .яна пиру жавон,
Бехабар турма, Ҳазиний, анқариб охир замон,
Водариғо, бу на ҳикмат, динимиз бўлди ғариб.

* * *

Ул шариат мазҳари рўйи ғубор ўлди, дариғ,
Кетти ҳоло равнақи ислом, хор ўлди, дариғ,
Қозилар ҳукми, ажаб, беэътибор ўлди, дариғ,
Зикри ҳақ монеъ, шарорат ошкор, ўлди, дариғ,
Яхшиларга тургали Фарғона тор ўлди, дариғ.

Кимни имони қавий бўлса, ўшал ҳижрат қилур,
Ул Мадина шаҳрига борсам, дебон ният қилур,
Равзайи пайғамбаримни олдида хизмат қилур,
Зиндаликда ўлмайин ул жойини жаннат қилур,
Баъзига бормас баҳона равзага ўлди, дариғ.

Марду зан, ёшу қарида қолмади шарму ҳаё,
Бу сабабдин бошимизга ёғилур турлук бало,
Ким эрур соҳибҳукумат, шевадур анго ғизо,
Бебизоат хордур, иззатда ҳоло ағниё,
Баъзилар дунё учун диндин гузор ўлди, дариғ.

Динимиз бўлди ғариб, бу халқ ҳоло бехабар,
«Кўп аломатлар бўлуб ўтгай»,— деди,— хайрул-башар
Ким, ҳадиси Мустафо чун «Қулли явминдур батар»,
Деб эди, «Умматларим дунё учун динин сотар»,
Пул учун мушриклара мў‘мин қарор ўлди, дариғ.

Тавба денглар, эй биродарлар, туруб шому саҳар,
Қўл очиб қилсанг дуо, бергай худо динга зафар,
На аломат, на қиёмат, неча йўл куйди қамар,
Турма бу ерда, Ҳазиний, равзага қилғил сафар,
Анқариб Дажжол хар узра сувор ўлди, дариғ.

* * *

Кимки ҳаққа бандадур, фармонидин айрилмасун,
Кеча-кундуз тоати субҳонидин айрилмасун,
Барча мў‘мин раҳмати раҳмонидин айрилмасун,
Пайрави Аҳдам — шафоат конидин айрилмасун,
Жон берарда гавҳари имонидин айрилмасун.

Ҳақ таоло деди дўстим тун-саҳар бедорни,
Ваъда қилди онлара жаннат ила дийдорни,
Ҳақ суяр, қилса саховат банда ҳарна борин,
Раҳматидин бенасиб этгай чу дилозории,
Тонгла роҳат истаган эҳсонидин айрилмасун.

Бу жаҳонға ким келибдур, бўлмасун бахти қаро,
Ушбу иллатга кишини қилмасун ҳақ мубтало,
Бу касал ҳаргиз тузолмас, доруси йўқ, бедаво,
Суд йўқ, кўкдин тушиб Исо анго қилса дуо,
Раҳмати ҳақ доимо инсонидин айрилмасун.

Одам ўғлиға ажал келгунча юргай бехабар,
Охиратни ўйламас, кўнглида йўқ ҳавфу хатар,
Моли дунёни йнғуштурган билан ташлаб кетар,
То қиёмат тонги отқунча ҳамон гўрда ётар,
Ҳасрато бирла ўтуб, хандонидин айрилмасун.

Ёру дўсту ақраболардин жудо қилган фироқ,
Ҳасрату андуҳ илан қаддим дуто қилган фироқ,
Барчани хоки мазаллат ичра жо қилган фироқ,
Бир-биридин ажратиб соҳибазо қилган фироқ,
Бу Ҳазиний, доимо суйгонидин айрилмасун.

* * *

Назар сол осий умматга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,
Ҳамиша кори ғафлатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,
Мани бошланг ҳидоятга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,
Ўшал маҳшарда жаннатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ,
Солинг дарёйи раҳматга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

Йиғилса аввалу охир ўшал саҳройи маҳшарга,
Халойиқ эргашурлар барчаси ҳодию раҳбарга,
Тараҳҳум қил ўшал соат бизнингдек осий, музтарга,
Борурмиз барча ташна сув тилаб соқийи кавсарга,
Берар аҳли саодатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

Худо қози бўлуб, тонгла гуноҳимни ҳисоб этгай,
«Ҳама бандам мани қошимға келсун!» деб хитоб этгай,
Муҳаммадга кимиким уммат эрмастур, азоб этгай,
Ўшал кунни кишиким, ўйласа доим, савоб этгай,
Етар уммат шарофатга, тасаддуқ, ё расулуилоҳ.

Лаҳаддин бош кўтарганда ҳама воҳасрато дерлар,
Қиёмат шиддатидинким ҳама вовайлато, дерлар,
Ҳама умматларинг йиғлаб яна ё Мустафо, дерлар,
Муҳаммад саждага бошин қўйиб, воуммато, дерлар,
Қолур уммат хижолатга, тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

Тарозуға солур аъмол элини ул қиёматда,
Гуноҳидин савоби кўп эса, албатта роҳатда,
Биҳишт ичра кирар, ҳуру қусур бирлан фароғатда,
Ҳазиний осий уммат, сақлагил ҳифзу ҳимоятда,
Қилай жонимни ҳазратга тасаддуқ, ё Расулуллоҳ.

* * *

Фикр бирла айлагил шафқат ўлумдин илгари,
Даргоҳига айлагил хизмат ўлумдин илгари,
Журм этгонннгга қил ҳасрат ўлумдин илгари,
Рўзу шаб тангрига қил тоат ўлумднн илгари,
Манзилингни айлагпл жаннат ўлумдин илгари.

Жон амонатдур жасад ичра, ғанимат — зиндалик,
Тангрига пургиря бўлгил, бўлмагил кўп хандалик,
Рўзи маҳшарда шақоват халқ аро шармандалик,
Ҳақ таолога қилинглар зиндаликда бандалик,
Елга дининг бермагил — ғафлат, ўлумдин илгари.

Эй биродар, ҳар киши вақти саҳар бедордур,
Ҳақ таоло, бил, ўшандоғ бандасига ёрдур,
Тоатимиз дилга жаннат билан дийдордур,
Ҳақ таолони ризоси санга кўп даркордур,
Ҳақ сани бандам деса, давлат, ўлумдин илгари.

Бу ўлум ҳақ барчамизга, ўйлагил, эй ошно,
Бил, назар қилғил, қаён кети! тамоми анбиё,
Бир нафас қўймас жаҳон ичра, агар етса қазо.
Ҳасрато бирла кетарсан, мулку ашё бевафо,
Ол гўристонга бориб ибрат ўлумдин илгари.

Пирга қўл бер бориёзат, кетмайнн остонадин,
Пир мисоли шамъи равшан, ибрат ол парвонадин,
Ёди ҳақ бирла бўлуб, сақла тилинг афсонадин,
Кет, Ҳазиний, равзайи Аҳмадга сан Фарғонадин,
Дам ғанимат, айлагил ҳижрат ўлумдин илгари.

* * *

Кулли ашёни эгам қудрат билан бор айлади,
Бандаларга бир неча сунъини изҳор айлади,
Баъзини гумроҳ этиб, баъзини ҳушёр айлади,
Неча мурсаллар этиб, мушрикни инкор айлади,
Кимки ким имони йўқтур, дохили нор айлади.

Одам ўғлин ер юзига нечасин султон этиб,
Давру даврон сурдириб, кўнгулларин хандон этиб,
Бу ўлумдин бехабар юрди алар, жавлон этиб,
Тахту бахтини ажал бир кун ани вайрон этиб,
Барчасин хоки мазаллатга гирифтор айлади.

Баъзисин қилди ғаний, бир нечани қилди ғариб,
Дасти кўтоҳлик билан доим алар ғамга қариб,
Бул жаҳондин ўттилар жавру жафоларни кўриб,
Мунда йиғлаб ўтгучи роҳат кўрар анда, бориб,
Бул жаҳонда яхшиларни барисин хор айлади.

Ким ғариб бўлса агар, кўнглида кўп андуҳу ғам,
Доимо элдин етар онларға ҳам жавру ситам
Ким, жароҳатдур юроги бариси, кўрса алам,
Бу фалакдин бошига кулфат етодур дам-бадам,
Котиби қудрат ани ғурбат билан ёр айлади.

Аксари одамға фарзанд бермади ҳаргиз худо,
Баъзига бергонини қўймай яна олди қазо,
Она бирла отасин қон йиғлатиб, қилди жудо,
Ушбу иллатға кишини қилмасин ҳеч мубтало,
Эй Ҳазиний, баъзини фарзанд учун зор айлади.

* * *

То етим бўлмай киши, билмас атони қадрини,
Жону дилда тарбият қилғон анони қадрини,
Билмагай ҳеч ким ако бирлан укони қадрини,
Бир неча хешу табору ақрабони қадрини,
Ажрагай-билгай ако бирлан укони қадрини.

Тандурустлик лаззатин бемор бўлганлар билур,
Кўп ётиб, фарзандлариға хор бўлганлар билур,
Боши ёстиқда ётиб афгор бўлганлар билур,
Парчаэ нон қадрини кўп зор бўлганлар билур,
Қимки ман-манликда, билмайдур ғизони қадрини.

Дўсту душман, ҳар киши, бегона, хоҳи ошно,
Қочқуси бошингга мушкил тушса, сандин бевафо,
Сан учун ул бевафо улфат қилурму жон фидо,
Дўст қадрии билмагай, бошиға .тушмасдин бало,
Қарию аъмо бўлуб, билгай асони қадрини.

Қўлда молинг борида бегоналардин ёр кўп,
Давлатинг кетса агар, дилдордин ағёр кўп,
Ҳам қадимий ҳамнишинлардин санго озор кўп,
Суҳбатингдин иҳтироз айлаб яна безор кўп,
Мардуми Фарғона билгай ағниёни қадрини.

Бул жаҳонда баъзиларни айлади тирноққа зор,
Баъзиларга холиқим фарзанд берди бешумор,
Баъзини қилди азиз, бир нечаларни қилди хор,
Ҳарна қилса ҳолиқим, шукр айлагил лайли наҳор,
Бил, Ҳазиний, сидқ ила шукри худони қадрини.


МУСАДДАСЛАР


Ғамгузоре бул жаҳон, бир-бир кетарни ўйласун,
Юрмасун ялғуз, киши роҳи хатарни ўйласун,
Вақти етганда амонатни тутарни ўйласун,
Бул қаро ер барчани бир-бир ютарни ўйласун,
Ҳасрато, вовайлато бирлан кетарни ўйласун,
Ҳар киши ер остида ялғуз ётарни ўйласун.

Моли дунёни йиғуштурган билан бир кун қолур,
Жон амонатдур кишига, охири бир кун олур,
Кўп халойиқ мол учун ўзини кулфатга солур,
Ҳар киши дунёга келди, билсангиз, охир ўлур,
Ҳасрато, вовайлато бирлан кетарни ўйласун,
Ҳар киши ер остида ялғуз ётарни ўйласун.

Анбиёю авлиёлар ўлмайин қолгони йўқ,
Қуллу нафсин зоиқатул-мавтни билгони йўқ,
Барча кетганлар бу дунёга тақи келгони йўқ,
Қайси соат жон берорини киши-билгони йўқ,
Ҳасрато, вовайлато бирлан кетарни ўйласун,
Ҳар киши ер остида ялғуз ётарни ўйласун.

Бандалик қилғил тирикликда, ғаниматдур нафас,
Кеча-кундуз йиғламоқни, эй биродар, қилма бас,
Ушбу дунё ишлари, беҳудадур ҳою ҳавас,
Жон мисоли андалибдур, бу жасад мисли қафас,
Ҳасрато, вовайлато бирлан кетарни ўйласун,
Ҳар киши ер остида ялғуз ётарни ўйласун.

Ушбу дунёдин гузар қилди ўшал Одам ато,
Шиш пайғамбар ила Нуҳи наби, воҳасрато,
Ҳам яна Иброҳиму Исмоилу ҳам Зикриё,
Мустафо кетти, Ҳазиний йиғлади «во уммато»,
Ҳасрато, вовайлато бирлан кетарни ўйласун,
Ҳар киши ер остида ялғуз ётарни ўйласун.

* * *

Кўнгулни, эй биродар, боғлама дунёга, ҳижрат қил,
Тириклик, бил ғанимат, турмайин уқбога ҳижрат қил,
Бино қўйма иморат мулк ила ашёга, ҳижрат қил,
Кечиб, Фарғона мулкини бериб тарсога, ҳижрат қил,
Олиб аҳлу аёлинг, эмди Байтуллога ҳижрат қил,
Мадина — равзайи поки расулуллога ҳижрат қил,

Туганди эмди дунё, эй биродарлар, бўлинг огоҳ,
Дари тавба ёпилмай, кетма-санг ҳолингга вовайло,
Хуружи қолди эмди Маҳдию Дажжол ила Исо,
Олиб аҳлу аёлинг, эмди Байтуллога ҳижрат қнл,
Мадина — равзайи поки расулуллога ҳижрат қил.

Ҳама шуғл айлади ҳоло зино бирлан шароратга,
Худога бандаман, дерлар бўюн сунмай ибодатга,
Керак ҳижрат қилиш пайғамбарим ётган вилоятга,
Яқин турмоқ учун етгай қиёматда шафоатга,
Олиб аҳлу аёлинг, эмди Байтуллога ҳижрат қил,
Мадина — равзайи поки расулуллога ҳижрат қил.

Сайду хожа, мулло, яхшиларга зарра ҳурмат йўқ,
Фақирларнинг дилида заррача сабру қаноат йўқ
Ки, устоз бирла шогирд ҳам муриддин пирга хизмат йўқ,
Нечук ҳикмат, Ҳазиний, хонақолар ичра суҳбат йўқ,
Олиб аҳлу аёлинг, эмди Байтуллога ҳижрат қил,
Мадина—равзайи поки расулуллога ҳижрат қил.