Завқий (1853-1921)

Завқий (тахаллуси; асл исм-шарифи Убайдулло Солиҳ ўғли) (1853 — Қўқон — 1921) — ўзбек шоири. Қўқондаги «Мадрасаи олий» ва «Мадрасаи чалпак»да таҳсил олган (1870—74). Махсидўзлик билан шуғулланган. Маълум муддат мирзалик қилган, Хўжанд, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Ўш, Андижон, Марғилон шаҳарларида бўлган. Тоғаси Муҳаммад Сиддиқ билан Мадинани зиёрат қилган (1900). 1903 йил Қўқонга қайтган. Завқий мумтоз ўзбек адабиёти анъаналарини давом эттирган, Қўқон адабий муҳитининг Муқимий, Фурқат, Нодим, Рожий каби намояндалари билан ижодий ҳамкорлик қилган.
Завқийнинг ғазал, мухаммас, мувашшахлари («Айлаб келинг», «Радифи Завқий» ва бошқа)да ўзи яшаган муҳит ва тузум, меҳнат аҳлининг аҳволи тасвирланган. У турмуш алам-изтироблари, ҳижрон азобига висол умиди, вафодорлик, садоқат туйғуларини қарама-қарши қўяди («Юзингни кўрсатиб аввал», «Бодаи васлинг» ва бошқа), кишиларни турмуш гўзалликларидан завқланишга, уни севишга чорлайди. Завқийнинг бир қанча шеърлари («Каждор замона», «Ажаб замона», «Абдураҳмон шайтон» ва бошқа)да мустамлака тузумидаги ижтимоий тенгсизлик, адолатсизлик, чор маъмурияти ҳимоясида бўлган айрим нопок амалдорларнинг кирдикорлари фош этилади. Завқийнинг «Мунча кўп» радифли ҳамда «Ажаб замондур, аҳбоб, бош қотиб қолди» мисраси билан бошланувчи мухаммаслари 19-аср бошлари шеъриятидаги энг ўткир ижтимоий асарлари жумласига киради. Завқий ижодий меросида ўзбек қишлоқларининг аҳволи, деҳқонлар ҳаёти мавзуи ҳам катта ўрин тутади («Янги Қўрғон қишлоғи», «Сув жанжали», «Шоҳимардон саёҳати» ва бошқа). Бу асарлар Муқимийнинг «Саёҳатнома»си таъсирида ёзилган. Завқий Муқимийнинг ҳажвчилик йўлини давом эттириб, ўзбек адабиётида ҳажвий йўналиш тараққиётига катта ҳисса қўшди («Обид мингбоши ҳақида ҳажв» ва бошқа). Завқийнинг «Воқеаи қози сайлов» (1909—10), «Қаҳатчилик» (1916) каби асарларида ижтимоий адолатсизлик фош этилади, халқнинг зулмга қарши намойишлари акс эттирилади. «Ажаб эрмас» радифли мухаммаси 20-аср бошлари ўзбек шеъриятида муҳим ҳодиса бўлди. Бунда шоир мустамлака асоратида эзилаётган юртнинг бахтли келажаги ҳақида фикр юритди. Ижтимоий ҳаётдаги айрим носозликлар, кишилар фаолиятидаги салбий ҳоллар устидан бир қатор шеърлари («Таърифи калиш», «Отим», «Фонус», «Сигирим», «Пашшалар» ва бошқа)да заҳарханда билан кулади.
Шоирнинг ишқий ғазал ва мухаммаслари ўша даврларданоқ халқ ҳофизлари томонидан куйга солиниб, ижро этилган («Ёр келур замона йўқ, келмаса-келмасун нетай?!», «Кулбам аро, эй махлиқо, бир йўл хиром айлаб келинг» ва бошқа). Завқийнинг шеърлари турли баёз, мажмуа, вақтли матбуот ҳамда оғзаки манбалар орқали бизгача етиб келган. Қўқон шаҳридаги бир маҳалла, қишлоқ, мактаб ва кўчага Завқий номи берилган.
Абдурашид Абдуғафуров


ШОҲИМАРДОН ХОТИРАСИ

Бу равзага кимки келиб,
Бир кечаси меҳмон экан.
Умрида бир кўрган киши
Ўлганда беармон экан.

Икки тарафдин сой денг,
Кўм-кўк мусаффо чой денг,
Ҳар дам ичиб ҳой-ҳой денг,
Оби ҳаёти жон экан.

Осмонга қўйган нардбон,
Чиқсанг тамошо бир жаҳон.
Наҳри улуғ, ҳар сўй равон,
Кўрмакка кўз ҳайрон экан.

Келдик етиб моҳи ражоб,
Ҳар ким кўрар айлар ажаб,
На порс кўрган, на араб,
Бир жаннати ризвон экан.

Болода танг-танг кўчалар,
Турғайки, шайху хўжалар,
Келса товуқ ҳам жўжалар,
Ёзмоқда дастурхон экан.

Бад шаклу бал хў, бадиамо,
Ботинда кийна, фисқ риё,
Ким учраса шилқим гадо
Суллоҳ озори жон экан.

Саҳни ажойиб хуш ҳаво,
Ҳам руҳпарвар, жон физо,
Хушбў кўрингай ҳар гиёҳ,
Жамбил билан райҳон экан.

Кабиклари бўйнин чўзиб,
Юз совт ила нағма тузиб,
Булбул наволар кўргузиб,
Тўтиси хуш илҳон экан.

Бўлса керак бул тоғлар,
Кам-кам чиройли боғлар,
Ҳеч кимса кўрмас доғлар,
Кўнгли аро қолган экан.

Завқий келиб кўп турмади,
Турса рафиқлар қўймади,
Оё насиба бўлмади,
Эҳроми учқўрғон экан.