Абдураззоқ Бимий (1850-1926)

Бимий 1850 йили Андижоннинг қишлоғида замонасининг ўқимишли оиласида туғилди. Ёшлигидан илм-фанга зўр ҳавас қўйган Абдураззоқ ўзбек, форс ва араб тилларини, шунингдек, классик мусиқа, хаттотлик илмини ҳам қунт билан ўрганади.
Бимий ўз ижодини жуда эрта бошлайди. Катта истеъдоди ва меҳнати, тинимсиз изланиши туфайли замонасининг истеъдодли шоири сифатида танилади. Бимий асарларини тўплаб девон тузган. Аммо бу девоннинг излари топилганича йўқ.
XIX асрнинг иккинчи ярмидаги Фарғона адабий ҳаракатчилигида маълум ўринни эгаллаган Абдураззоқ Бимий 1926 йилда вафот этган.


ҒАЗАЛЛАР


* * *

Ишқ ичра у Мажнун ҳам парвона экан мендек,
Лайлини фироқида афсона экан мендек.

Ғам тоғида қон йиғлаб, Ширин ғамида Фарҳод,
Ҳасратда ўшал ошиқ ҳайрона экан мендек.

Ўртанди Зулайхо кўп Юсуфни фироқида,
Ҳар балдада дилдори бегона экан мендек.

Овораи ҳижронлар саҳрои маломатда,
Муштоқи висоли ул жонона экан мендек.

Эй маҳваши барнолар, жон куйдириб ошиқлар,
Рухсорини шамъиға парвона экан мендек.

Майхоналара келмиш махмура дареғ этма,
Май сун кечалар муҳтож паймона экан мендек.

Узрони ғами бирла Вомиқни дилу кўнгли,
Ишқ офатида Бимий вайрона экан мендек.

* * *

Меҳри рухингни даврида зулфинг шикан-шикан,
Топар димоғим анда насими Хўтан-Хўтан.

Лаъли лабингни даврида холингму ё магар,
Кавсар лабида қилди қаро қуш ватан-ватан.

Ошуфта қилди кеча тушумда димоғими,
Ўйнаб сабо сунбулинг узра суман-суман.

Мужгон учи қадалди келиб сийна чокима,
Қилмас руфуъ ғунчани жайбин тикан-тикан.

Бердим кўнгилни ишқида жондин умид йўқ.
Пироҳанимни ўлсам агар Қил кафан-кафан,

Лаълинг муяссар ўлмаса лабташналарғаким,
Суннат айлама сиҳри ҳароратини баман-баман.

Эй кўз асири ўлдинг ўшал гулузорни,
Боқдинг юзиға эмди чекарсан миҳан-миҳан.

Ўлсам фироқи тиғи билан дафн айла мани,
Қилсун танимни туъмаи чун зоғ заған-заған.

Нетсун фиғону нолалар этмай гар ўлсам,
Бу хаста Бимий, бўйниға зулфи расан-расан,

* * *

Бор эрди Абдураззоқ девонахў,
Ки девона эрмас, нек табъ, накў.

Биров топмас айбин атворидин,
Қилур ҳажв ўз тўну дасторидин.

Бўлуб Хўқанд анинг маскани,
Ҳажвгўйликдур шиор этгани.

Бу баҳри тавил туркини қилди рақам,
Маликзодадин топди ул дам карам.

* * *

Бир кун мен зори беёр ғамхор, саҳрода кўрдим бир инсон,
Ўз ўти бирла ўзи туташгон, гирён, урён, тирноғи ўсгон.

Йиртиб яқосин, тирнаб лиқосин, умри бақосин бермиш фаноға,
Кўнгли маломат тошида синғон, ишқ офатидин бағри эзилгон.

Гар дийда эрди, оҳлар бошида сингон ошиёни.
Саҳрони тутгон ўтлиғ фиғони, сайр айлар бесабру сомон.

Бошидин олмиш ким ҳушин они, кетмиш қўлидин ақли инони,
Оқмиш кўзидин бағрини қони, дарди ниҳони ўлмиш намоён.

Сўрдим бу кимни кўйида расво, йўқ анда ҳаргиз сабру шикебо,
Кўнглини дунё меҳридин узгон тарки ватандур, чун воқиф ўлон.

Фарёдидин танг бу дашту саҳро, туфроғи, ашки, селобидин қон,
Зоҳирда ўлмиш Мажнуни расво, ботинда Лайли ишқида султон.

Кам қилма, Бимий, ишқини ёраб, куйингда Мажнун саргаштадин то
Доим сени деб, ишқингда йиғлаб ўлсун макони дашту биёбон.


МУХАММАС

Мен асири ғамзаи бир гулузор ўлдим яна,
Мубталои икки зулфи тобдор ўлдим яна,
Кунжи ғам ичра туну кун интизор ўлдим яна,
Кўйида қон йиғламай, найлайки, зор ўлдим яна,
Оҳ, бу ерда туролмай, беқарор ўлдим яна.

Васли умиди била чашмим тўкар чун ошкор,
Ииғлагайман кечалар ҳижрони бирла зор-зор,
Қолмади дарди фироқида инону ихтиёр,
Ҳасратида дилда дардим, кўз ёшимдур шашқатор,
Мен гирифтори ўшал Шириншиор ўлдим яна.

Оҳ, бир соат келиб, ҳолинг нечун, деб сўрмади,
Келса негаҳ, лоақал бир лаҳзае ўлтурмади,
Кечалар тортган фироқида азобим кўрмади,
Бошима шафқат ниҳоли соясин солдурмади,
Найлайин, бир меҳрсиз ёра дучор ўлдим яна.

Ноз ила гулшанда очти оразин ул сарвиноз,
Олди хушимни бошимдин, айлади беимтиёз,
Лол ўлуб қолдим қилолмасдин боқиб ифшойи роз,
Кечти умри мустадоми ҳасратида қишу ёз,
Бу таманнолар била беихтиёр ўлдим яна.

Нолаю афғонима ерда башар, кўкда малак
Сабр этолмас, чарх уруб ҳолимға йиғлаб нўҳ фалак,
Мумкин эрмасдур ғамим шарҳини айтмак як-баяк,
Мумкин эрмас ҳасрати Бимийни маҳсуб айламак,
Ғуссау, ғам нақди бирла бешумор ўлдим яна.