10:08 / 18.05.2010 · Кутубхона
Аср вақти (қисса)

Қисмат мени бутунлай ўзгартирди, қайтадан ясади ва одамлардан ажратиб олди. Ул умри азизим ҳақидаги сирни ҳатто ўзимдан қизғонаман. Бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очолмайман. Аммо шу қадар бахтиёр ва азизманки, юрагим ўз кўксимда эмас, гўё, унинг кучли ва ҳароратли қўлларида потирлаб, титраб турганини ҳис қиламан. «Юрагимни беринг, ўзимга», дея беҳол шивирлайман. Овозимни ҳеч ким эшитмайди. Кейин ғалати бир қўрқув ичра ўйлайман: «бу хасталикдир, балки бир хаёлот, вас-васадир, балки жинни бўлаётгандирман, ақлдан озаётгандирман. Аммо соппа-соғман, ақлим жойида. Ундай бўлса, нега юрагим унинг қўлида?..».
Ҳаммаси у калима келтириб, исломни қабул қилган кундан бошланди. Тақдир экан, бир-биримизга боғланиб турганимиз аниқ, бу бақувват риштани Яратганнинг ўзидан ўзга узиши мумкин эмас эди. Буни на у, на мен уза оламиз. Бу риштадан на у, на мен истасак-да, қочиб қутила олмаймиз. Афсуски, дунёда фақат ҳис-туйғу, қалб билан яшаб бўлмайди. Инсонни ақл бошқариши керак. Ҳис-туйғуга эргашган одам адашади дейишади. Ахир мен– одамлар наздида ўз қадрини билган бир аёл болалар уйида ўсган бир келгинди, ғайримусулмонга кўнгил қўйиб, «юрагимни ўзимга бер» деб йиғлаб ўтирсам, буни Худонинг ғазаби демай яна нима дейиш мумкин?
Ахир биз одамлар орасида, маҳалла кўй билан яшаймиз. Қандайдир ёзилмаган қадриятлар назоратидамиз. Битта заминда яшасакда ва битта тупроққа кўмилсакда қарашларимиз, динларимиз, дунёларимиз, қабрларимиз бошқа-бошқа. Одамгарчилик, ўзаро борди-келдини ҳар қанча жойига қўймайлик, барибир кўз илғамас чегараларни тан олмай иложимиз йўқ. “Муҳаббат на ёшни, на миллатни, на динни тан олади”, дейсизми?
Буф икр ҳам тўғри, дейман мен ўзимнинг шу пайтгача эътиқод деб билганим диний, дунёвий ўзанимга сиғмасдан тўлғониб, ҳаммаси тўғри! Лекин... «Аммо, лекин, бироқ...” каби шундай бир сўзлар борки, унинг зиммасидаги юкни тортишга ожизлик қилиб қолади одам. Шул боис ҳам атрофимда дўсту ёронларим, яхши одамлар борлигига қарамай, кўнглимни ҳеч кимга очолмасдим.
Ё мен чиндан ҳам бошқа оламга тушиб қолдимми? Балки бошқа оламдан келиб қолгандирман? Нима бўлганда ҳам ён-веримда аҳволимни тўғри тушуниши мумкин бўлган бирорта жонни учратиш амри маҳоллигига кўзим етиб турарди. Бу ҳақда гапим тамом. Демак, биттаю-битта дўстим бору, у ҳам бўлса ягона Аллоҳ эканига кўнглим ўзи гувоҳлик бериб турарди. Кўнглимда ўша буюк қудрат тарафидан бир садо дердики: «Сен ноёб гавҳар, хазинага эга бўлдинг. Уни ҳеч кимга ишонма ва ҳеч нарсага алишма! Дардингни эски қудуққа эмас, қаламга айт. Ёз. Шунда енгил тортасан.» Шундай бўлди ҳам. Ҳазил-ҳазил билан ёзувчилик фаолиятим ҳам бошланди.
Шу дафтарни бошладиму, ёзувчи ҳалқига осон эмаслигини билдим. Лекин мен бошқалар олдида масъулликдан озодман. Фақат ўзим учун ёзаётганим боис бемалол ўзим билан ўзим баҳслаша оламан. Ўзим билан ўзим сўзлашаман: «Хўш, унинг нимасини, қайси фазилатини ёқтирдинг?» “Билмадим, бу ҳақда ўйламабман.” «У ким бўлишидан қатъий назар олийжаноб инсондир». «Ўзингни алдамаётганингга ишонасанми?». “У исломни қабул қилди. Унинг кимлигига шуниси кифоя, шунинг ўзи етарли.”
Яна бир овоз дейдики: “Сен учун кўнгилнинг ўзигина кифоя эмас. Ахир сен оила қурмоқчисан. Бу масалада ҳозирги замондагина эмас, барча даврларда ҳам аёлми, эркакми, ёшми, қарими инсон бошқа манфаатларни ҳам ҳисобга олган. Унинг нимасига учяпсан? Бойми, чиройлими, оғзи билан қуш олиб ўтирибдими? Бор йўғи томизғидек ойликка куни қолган бир илмий ходим экан-ку!”
“Менинг асосий ҳужжатим кўнглим,– дейди овозга қарши кўнглим ичра яна бир кўнгил. –Муҳими, у Исломни қабул қилди. Бунинг тагида катта ҳикмат ётибди. Унинг қалби нур билан лиммо-лим. Нур бор жойда ҳаёт бор. Мен уни кўзларидан кўриб тураман. Бугунда ўзларича чегаралар тортиб, алоҳида мамлакатларга бўлиниб яшаётган одамзот вақти келганда яхшилик ва ёмонликдан иборат икки оламга бўлинажаклар. Руҳлар-у, ягона Аллоҳдан ўзгаси ботилдир. Балки бошқачароқдир. Нима бўлганда ҳам оқ ва қора, яхши ва ёмон деган икки ранг оламни ҳал қилади. Бошқа ранглар эса абадий ватан – жаннат ва дўзахдадир. Кимга жаннат, кимга дўзах буни ҳам Яратганнинг ўзи билгувчироқдир».
Ё Тангрим, нималар демоқдаман, нега чалғиб, улоқиб кетмоқдаман? Эсингни йиғ, Робия! Шуни билки, муҳаббат танламайди ва танланмайди. Ҳар қанча истама Лайли бўлолмайсан, Мажнун бўлолмайсан. Ўзини билган кишини Худо урибдимики, бир қизни деб ақлдан озсин!
Кўнглимда ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Жинни бўлиб қолмаслик учун ҳам ёзиб-ёзиб қутилишим керак. Агар ҳис-туйғудаадашаётган бўлсам, кўзим очилиб, ҳақиқатни танирман. Нима бўлганда ҳам ичимдаги босимдан қутилишим, юрагимни тўкишим, қайта-қайта ўйлаб олишим керак. Кошки ўйлаш билан иш битса! Қайнаб кетяпман. Қайнаган сари қайнаяпман. Сўзлар қуйилиб келмоқда. Ҳатто ўзим ҳам тушунмайдиган гапларни ёзмоқдаман. Балки бир пайтлари қайдадир ўқигандирман, эшитгандирману, сабаб билан такрорлаётгандирман. Ҳа, “дунёда энг эскидан келаётган меросми, мулкми, муҳаббат экану, ҳар кўнгил уни ўзича янгилар экан.” Демак, ҳар кўнгил уни ўзича янгилар экан, унинг асли қандай ҳам гўзал бўлган экан-а, дейман юракларим ҳаприқиб. Демак, бу қадим мулкнинг илк эгаси Одам Ато ва Момо Ҳавво аждодларимиз бўладилар-да! Демак, бизгача, яъни менгача авра-астаригача титилиб битган эски нарсанинг нечоғлик янгиланганини қандай аниқлаш мумкин? Ўзимни ўзим тушунолмай довдирашларим, телба-тескари сўзларимга қараганда мен у менга келиб ёлчимаганига иқрор бўлар ва мендан тезгина юз ўгириб кетар. Йўқ-йўқ. Бундай бўлиши мумкин эмас. Менуни ўла-ўлгунимча қўйиб юбормасман. Англашимча муҳаббат инсонга Аллоҳ ҳузуридан юборилган бетакрор неъмат эканлиги аниқ. Унинг миллати, элати, тили йўқдир. Унинг давлати, чегараси, тили, байроғи – барча–барчаси чўғдек ёнган юрагидир. Севган, севилган киши дунёдаги энг азиз зотдир. Муҳаббат шундоғ бир мақомдирки, унинг таърифига мен тугул мендан улуғроқларнинг ҳам ақли ожиздир.
Энди менинг учун барибир. Билганим шуки, у менинг бу дунё чаманидан танлаган гулимдир. Унинг тиконлари қанчалик аччиқ ва заҳарли бўлмасин, менинг юрак-бағирларимни тилмасин, мен ундан воз кечмаслигимни билиб турибман. Балки ўлиб кетсам, бир кун келиб ёзувларим кимнингдир қўлига тушар. Шунда, бир жонга тириклик бағишлаган пок муҳаббат достонини, бир суюб, бир куйиб бўлса ҳам ўқирлар. Муҳими мен кўнглимни тушундим. Дунёдаги барча кучлардан кучли қудрат муҳаббат эканини билдим. Бундан ортиқроқ куч борлигига ишонмайман ҳам.
Шундай қилиб, дафтаримга янги қатордан “Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан «Ассалому алайкум, муҳаббат...», дея ёздиму, ҳалигина булоқдек тошиб, селдек ёприлиб келаётган сўзлар оқимини йўқотдим...

Гўё осмон эшикларини очиб юборгану, одам ва олам орасидаги сирли боғлиқлик ҳар кун, ҳар ҳафта бир янгилик билан тақдирлайди инсонларни. Кимнингдир кафтига қошиқ, пичоқ, вилка каби ошхона буюмлари ёпишса, кимдир қўлига ош сузадиган чинни лаган илиниб турганидан қўрқув ва ҳайратда. Уй аро нимадир рўй беради. Беш, ўн йил тиббиёт институтида ўқиган мутахассис шифокор ҳам оддий кишига берилган қобилиятдан ҳайрон. Чунки, куни кеча ахлат йиғиб юрган бир одамнинг уйи остонасига поликлиника кўчиб келганми, дейсиз. Ишонмасангиз ҳам бўлмайди. Шифохонада ойлаб тузалмаган беморлар экстрасенс сеансидан кейин оёққа босиб кетган. Ҳатто масофадан ташҳис қўювчиларни айтмайсизми? Бу одамларнинг илм-фанга ҳеч алоқаси бўлмаса, сир нимада? Икки уй наридаги қўшнимиз ҳам шундай дардга мубтало бўлганида “Табобат ҳам ўйинчоққа айланди”, деб роса ғашим келган эди. Бир куни у менга хабар олиб келди. Яқинда менга ҳам ўша илмлардан берилар экан. Аслида менга берилган экану, ўзим билмай юрган эмишман. «Қўйинг-э, бўлмаган гапни топманг”, дедим. У «мана кўрасиз, шошмай туринг”, дейди илжайиб. “Кулма қўшнингга, тушар бошингга” деганлари бежиз эмас экан. Хуллас, у ҳозир менинг ёрдамчим, бирга ишлаяпмиз.
Ўша ёрдамчим бир куни олдимга кириб: “бир киши, сал довдирроқми-ей, анчадан бери ўтирибди. Ё кирмайди, ё кетмайди. Биласизми, мен у одамни қаердадир кўрганга ўхшатдим. Ўйласам, тушимда кўрган эканман. Ҳа, айни ўзи ”, дейди қандайдир хавотирли оҳангда.
– Тушингизда нима қилиб юрган экан?
– У менга сизга бериб қўйишимни тайинлаб қулф-калитли оғиргина бир сумка бериб, ғойиб бўлган эди.
– Сумкасини сўраб келган бўлса-я!
– Куласиз-а, у сир. Калити ўзида бўлган бир сир...
–Оласиз-а, гапни ҳам,– дедим кулгига олиб. Лекин кўнглимда ғалати орзиқиш билан қабулхонага чиқдим. У хаёлга ғарқ, менга эътибор ҳам қилмади.
–Бизга қандай хизматлар бор, муҳтарам мижоз, – дедим овозимга қувноқ тус бериб ва ичкарига таклиф қилдим, – марҳамат.
–Раҳмат,– деди у нимага келгани эсига тушгандай ўрнидан қўзғоларкан.
Унга жой кўрсатиб, ўзим рўпарасига ўтирдим.
–Одатда бу ерга беморлар келишарди. Сиз…
–Топдингиз. Бунақанги даволанишларга унча хушим йўқ эди-ку, лекин шунда ҳам бир таваккал қилиб келдим.
–Яхши. Таваккал қилган кишига Аллоҳ ўзи меҳрибондир. Аммо «бунақанги» деган кайфият билан даволанишдан наф йўқ. Чунки ихлос қилмай халос йўқдир.
–Агар ихлос ишонч маъносида бўладиган бўлса, сизни кўрибоқ кўнглимда ишонч пайдо бўлди. Мана кўриб турибсиз...
– Нима сизни безовта қилади?
– Ҳеч нарса. Агар билганимда... ўзим ҳам билмайман. Тўғриси, мен соппа соғман.
Мен унга «ундай бўлса нега келдингиз, нега вақтимни оляпсиз?” десам ҳам бўларди. Лекин унинг “ўзи билмаслиги”нинг ўзида хасталик белгилари намоён бўлиб, унинг руҳини тунд бир туман ўраб олган, қандайдир оғир юк елкасидан босиб турганга ўхшарди. Шу юкнинг ўзи уни бу ерга бошлаб келгану, энди чиқиб кетишга иложи қолмаганлигидан шунчаки гапни айлантирарди. Мен ҳам унинг кайфиятига мос равишда салмоқлай бошладим: “Сизнинг касалингиз оддий «кўнгил сиқилиши»дан бошқа нарса эмас”, дедим унинг «қани қўлингдан келса дардимни топ-чи», дегандек қайсар нигоҳларига эътибор қилмай.
–«Кўнгил сиқилиши» ҳам касаллик эканми?
–Албатта. Ҳатто у энг оғир касаллик ҳисобланади, десам ишонаверинг. Чунки кўнгил жисм эмаски, кўз билан кўриб, қўл билан тутиб бўлса-ю, муоложа қилсангиз. Кўнгил дегани ранглари кўринмайдиган, товушлари эшитилмайдиган бир Дунё бўлиб, одамнинг кайфияти, ғайрати кўнгилнинг ҳолатига боғлиқдир.
– Ҳа, ҳа.
–Кўнглингиз хафа. Нимадандир кўнглингиз тўлмайди десам, хулосамдан Сизнинг кўнглингиз тўлмаслиги мумкин. Ўзимнинг ҳам. Лекин Сиз бирон нарсанинг тагига етолмаётган ёки бир оғир юкни кўтариб юрган одамга ўхшайсиз. Нима у? Илмми? Сирми? Бирор жосусни ахтаряпсизми?.. Нега ўзингизни унга тутиб беряпсиз?
Унинг кўзлари катта очилди. Мен ҳақиқатда унинг яраларига тегиб бошлаган эдим...
–Кимга тутиб беряпман? Қанақа жосус?
– Шошилманг, бу ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари аёл зотидан ҳам кўнглингиз қолган.
У турган баландлигидан бир неча зина пастга тушди, ён бергандай деди:
– Гапларингизда жон бор. Лекин нега сиз “жосус” деган сўзни ишлатдингиз?
– Билмадим. Шу сўз тилимга келди. Мен башоратчи эмасман, оддий бир табибман. Лекин бизнинг соҳамизда сезгилар ҳам кимдир, қандайдир кучлар уқтириб турган фикрлар эканлиги тажрибадан ўтган. Ҳали бирор киши бу сирнинг тагига етолган эмас. Бор гап шу.
–Унда, иссиқ-совуқ ҳам қиласизми?
–Йўқ. Ҳеч қачон бу йўл билан даволамаганмиз. Ё сиз шунақасини хоҳлайсизми?
–Йўқ. Бунчалик ошкоралик қиласиз деб ўйламагандим. – деди у мени синаш фикридан қайтиб, ростига ўтди. Кейин кўзларимга ўқдек қадалиб турди-да, бирдан, кутилмаганда қалбимга бостириб кирди:
–Сиз ўзингиз бахтлимисиз? Болаларингиз борми? Эрингизни севасизми?
–Бу саволларга жавобим сиз учун муҳимга ўхшайди, – дедим унинг овоз оқимига мос тезлик ва дангаллик билан ва бир йўла гапга нуқта қўйиш истагида. –Ҳа, нолимайман. Аммо тақдир экан, иккита фарзандли бўлганда ажрашдик. Болаларим жону дилим. Кўриб турибсиз, ажойиб касбим бор. Шукр қилсам арзийди.
Орага қисқа жимлик тушди. Ўртадаги қўрс бир ҳавони ҳайдаш лозим эди. У узр сўради.
–Кечирасиз, хафа бўлдингиз-а, ўзимни таништирмай туриб, худди терговчидек...
–Йў-ўқ, хафачиликка ҳеч ҳам ўрин йўқ.– дедим ҳамон ёрдамчимнинг туши таъсирида қандайдир ғайри ҳолатнинг ҳидини сезиб.
–Мана менинг ҳужжатим. – У кўкрак чўнтагидан қизил муқовали гувоҳномасини олиб столга қўйди, – илмий тадқиқот институтида ишлайман. Таржимаи ҳолим жуда ҳам қисқа. Болалар уйининг боласи эдим, яқиним ҳам, узоғим ҳам шу ватан, давлатим…
Назаримда овози ичида бир тугунга тегиниброқ кетди. Ўша жойдан эҳтиётлаб, силагандек ўтиб, сўзида давом этди:
–Аслим шимолдан бўлса ҳам ғирт фарғоналик эмишман. Кўриб турибсиз, мутлақо ўзбекман. Ё тилимда фарқ сездингизми?
–Йўқ. Лекин Фарғона туркларига ўхшатган эдим. Келишган, журъатли, очиқ кўнгил.
Унинг чиройи очилди.
–Ўзлашиб, ўзбеклашиб, турклашиб кетганимга минг йиллар бўлган. Аммо сиз ... Хафа бўлмангу, пешонангда кўзинг борми демаганингиз ўзбекчиликдан эмас, – у бир лаҳза тин олиб давом этди, – лекин хурсандман. Келиб яхши қилибман. Қаранг, ўзимни яхши ҳис қиляпман. Энди яшаш жойимни ҳам айтай. Тошкентнинг Чилонзорида, 01–02–03 хонадонда яшайман.
–Қизиқ.– Негадир унга бошқачароқ, ёқимлироқ бир сўзлар айтгим келаётганини пайқаб қизариндим.– Нўлларингиз... қизиқ. Дардли, айниқса кўнгли дардли одам кўп яхши одамдир. Аллоҳ ҳам суйган кишисига дард бераркан.

...

–Хоҳласангиз, мени ўзбекча номим билан чақиришингиз мумкин. Ишхонамда «Валижон ака”, баъзилар «тақсир» дейишади.
– Олим кишиларга «мавлоно» деб мурожаат қилишган қадимгилар. Сизга ҳам…
–Битта ҳамкасабамдан ташқари ҳали бирор одам менга бундай мурожаат қилмаган. Лекин ёқимли эшитиларкан,– кулди у.
– Мавлоно, манзилингиз бошқотирма эмасми?
–Сирли рақамларни айтяпсизми? Ўринларини алмаштириб қўйсангиз кифоя, адашмай топиб бориш мумкин.
–Яхши кашфиётчи экансиз. Демак, барчасини бошдан ўтказибсиз.
–Кулсангиз ҳам майли. Бошдан ўтказишга келганда, бу гапингиз ҳам тўғри. Ўтга ҳам тушдик, жазоландик, даволандик, мана, руҳшуноси қошида ҳам ўлтирибмиз.
У «эшитасизми?» дегандек бирпас жим қолди. Қизиқаётганимни кўриб давом этди:
–Хотиним иккита боламни олиб юртига, Украинага кетиб қолган. Ўша ёқда мактабда ишлайди. Меҳнаткаш аёл. Мен бир табиати оғир, ўз ҳолича одамман. Инжиқликларимга кўниб ўн йил бирга яшади. Шунисига ҳам раҳмат. Тақдир дегани кўп қизиқ нарса экан. Ўзбеклар айтадику: «Қолган кўнгил – чиққан жон» деб. Одам бир-биридан узоқлашиб кетганидан сўнг қийин бўлар экан. Ўзингиз айтганингиздай, буёғи ёлғизлик, бизда бир Худодан бошқа қариндош-уруғ ҳам йўқ... Фарзандларимни ҳам олиб қололмадим. Қонун онаси томонда эди. Масаланинг бу ёғини сўрасангиз, гоҳида оламга сиғмай кетаман, Робияхон. Болалар катта бўлиб қолишган. Яқинда қизимнинг тўйи бўлар экан. Шунақа гаплар.
–Табриклайман, бахтли бўлишсин.
Ёрдамчимга бир пиёла чой илтимос қилдим.
–Овора бўлманг, мен ҳалигина чой ичиб келгандим, – деди у қўлини кўксига қўйиб, – анча вақтингизни олдим, Робияхон. Сизга шундай мурожаат этсам бўладими?
–Бемалол, мавлоно.
У негадир чиройи очилиб, ўзи ҳақида гапиргиси, суҳбатни давом эттиргиси келарди. Мулоқот менга ҳам ёқаётган эди. Аммо қайдан ҳам лоп этиб миямга урилган “дин”, “хилват” каби сўзлардан чўчиб, дувв қизардим. Негадир у ҳам қизарди. Мен, аниқ эсимда йўқ, хаёлимдан ўтдими гапириб юбордимми, билолмадим. Қаердадир ўқиганим “Динни, миллатни, ҳатто оламни тан олмайдиган туйғулар бор, дунёда”, деган гаплар миямга ўрнашиб олганига тушунолмасдим.
Унинг кўзлари чақнаб кетди:
–Нима, сиз ичимни ўқияпсизми? Мен қушдек енгилман. Сизга раҳмат. Шифо ҳақини қаерга тўлаймиз, ўзингизгами?
–Низомимизга кўра илк қабул бепул. Биз танишиб, пича суҳбатлашдик, холос. Агар бемор истаса, астойдил даволанишга келиши мумкин.
–Сизга катта раҳмат. Агар қарши бўлмасангиз, – деди у ташриф қоғозини олдимга қўяркан, – гаплашиб турайлик. Менимча бизлар яхши дўстлар бўла оламиз.
–Дўстлар?!
–Тушунаман. Ислом пок дин, одоб қоидалари мажмуаси бўлибгина қолмай, Аллоҳ йўлидаги дўстлик тарафдори ҳамдир.
–Тўғри, аммо бунинг учун иймон келтириб мусулмон бўлиш керак. Яна бир гап, мени тўғри тушунинг, мавлоно, бу билан Ислом бошқа диндагиларга қарши деган фикр келиб чиқмайди.
–Албатта. Барча халқлар турли йўллардан ва мазҳаблардан битта манзилга – Яратган ҳузурига борадилар. «Ўша куни сурни чаладилар /қабрларингиздан қўпиб маҳшаргоҳга/ тўп-тўп бўлиб келурсизлар. Явма юнфаху фиссури фатаатувна афважа». Қуръони карим, Амма сураси, 18-оят.»
–Мавлоно, дилингизни, чеҳрангизни ёритиб турган нур, балки ушбу каломуллоҳ сўзларидир. Қаршингиздаги йўл чароғон, у илоҳиёт, Ислом йўли экани аниқ.
–Мен шу пайтгача бирор динга эътиқод қилмаганим билан борлиқлар, дунё буюк бир Қудратнинг қудрат қўлида эканлигини ақлим, қалбим билан ҳис этиб келаман. Биласиз, болалар уйи, мактабларимизда дин ҳақида гап бўлиши мумкин ҳам эмасди. Илм, фалсафа баҳона тўрт-беш китоб варақладик. Ўзи кўпдан руҳан Исломда сезардим ўзимни. Шу бугун қарорим қатъийлашди. Мен уни қабул қиламан. Нима дейсиз, ҳозир шу ерда қабул қилайми, ё масжидда, имом ҳузуридами?
–Ер юзи, борлиқ Аллоҳнинг мулкидир, мавлоно. Ихтиёрингиз.
–Сизки, дуо қилдингиз, мен ҳам шу ерда сизнинг гувоҳлигингизда иймон келтирганим, Исломни қабул қилганим бўлсин. Аузубиллаҳи минашшайтонир рожийм. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ла илаҳа иллаллоҳ. Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадан Расулуллох. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ...
У ягона Аллоҳга иймон келтирар, мен столимга мук тушганча қотиб ўтирардим. «Ё Худо, бу қандоқ нурли, файзли кунки, менинг кўз ўнгимда бир инсоннинг дилига улуғ муҳаббатингни солмоқдасан?». Ўзимни қўлга олдим, ўрнимдан турдим, қувончимни яшира олмадим, мушфиқ ҳамшираси каби елкаларига қўлимни теккизиб кўзимга сурдим.
–Муборак бўлсин, мавлоно. Бу қутлуғ кунни ҳеч қачон унутмасман. Ҳазрат пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга салому саловотлар бўлғайким, сиз бугундан бошлаб бутунлай бошқача одамга айландингиз. Аслида руҳингиз мусулмон эди, илоҳим Аллоҳ қабул қилган бўлсин.
–Энди Аллоҳ йўлидаги дўстликка монелик йўқдир.
Унинг кўзлари чақнади. Кутилмаган ҳол – унда, менда ва оламда катта ўзгаришлар содир бўлганлиги аён, қаёқдандир пайдо бўлган қувонч қуши «чирқ–чирқ» нола қилиб, гоҳ унинг, гоҳ менинг кўксимга қўнар ва бизни эргаштирганича сирли ва хавфли водий томон бошлаб кетмоқда эди. Агар у водийга кирилса омонлик йўқ. Меҳрнинг йўлларини тўсгувчи куч йўқ. Нима бўлаяпти ўзи менга? Мен ўзимни қўлга олишга интилиб, уни чин дилдан муборакбод этдим:
–Бугун ўнг томондан турилган кун экан-да, қаранг кўпдан бери ўйлаб юрган ниятингиз амалга ошди. Мен ҳам шу унутилмас дамларнинг гувоҳи бўлганимдан бахтиёрман. Саодат йўлини очган Буюк Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
У мендаги ўзгаришдан мамнун, ўзининг аҳволи ҳам меникидан кам эмас, балки, кутилмаган қўшалоқ туйғу оғушида ўзини қўйгани жой тополмаётгани кўриниб турарди. Хайрлашдик. У кетди. Аммо хонаними, меними ўтли бир ҳарорат қоплаб олди. Ўзимни тушуниб етолмасдим. Беихтиёр у ўтирган стулга бориб ўтирдим, курсини силадим. Ичимга бир парча ўт тушгану, ёниб борардим. Қалб селига ботганимча, ички бир ирмоқларда оққанимча, дарёларга қўшилганиму, уммонларга қуйилганимча, кўз ёшларим сел-сел оқиб «Оятал курси»ни ўқидим. Ёрдамчим кириб, мени беҳуд ҳолатда деб тушундими, секингина чиқиб кетди. Аслида ҳам беҳуд эдим. Бироздан кейин эшикни очиб оҳиста сўради:
–Чой ичасизми?
–Ҳа, ичайлик.

* * *

Шу кунларда энг яқин суҳбатдошим шу дафтар бўлиб қолди. Ёзаман, ёзганларимни қайта-қайта ўқийман. Оддий сўзларни ичимнинг ўтлари билан сирга, сеҳрга айлантирар эканман, мактабни, адабиёт ўқитувчимизнинг китоб ҳақидаги гапларини эслайман. “Синфдан ташқари ўқиш” бўйича дарсда Парда Турсун деган ёзувчининг “Ўқитувчи” романини муҳокама қилардик. “Ҳар кимнинг ўз фикри бўлсин”, дерди ўқитувчимиз. Ҳар ким ўз фикрини чиройли ифодалашга ҳаракат қиларди. Ўзимизни қаҳрамонлар орасида юргандай жон куйдириб гапирардик. Фақат бир бола, биттагина бола “бу китоб менга ёқмади”, деди. “Сен, ўзи, китобни ўқидингми?”, сўради ўқитувчимиз.
–Озгина ўқидим.
–Неча саҳифа ўқидинг?
–Бошидан икки саҳифа.
–Агар кўпроқ ўқиганингда бундай демаган бўлардинг.
Болалар кулиб юборишди. Шунда ўқитувчимиз “сен ўзинг яхши боласан-у, озроқ дангасалигинг бор-да. Агар сен ҳаракат қилсанг на фақат ўқиш, балки ҳаммага ёқадиган китоб ёзишинг ҳам мумкин”, дея боланинг елкасига қоқиб қўйди ва “жим, тинчлик сақлансин” дегандек ўнг қўлини юқори кўтарганича бир пас сукут тутди-да, гапида давом этди:
–Болалар, менга қаранглар, ҳозир мен сизларга бир сирни айтаман. Масалан, Робиянинг фикрларини эшитдингиз. У китобни икки кунда ўқиб чиқибди. “Ўқитувчи” шу кунгача ўқиган китобларим ичида менга ҳаммасидан ёқди, гўзал асар экан”, деяпти. Нимаси гўзаллигини ҳам тушунтириб беришга ҳаракат қилди. Бу ердаги сир шундаки, Робияни китобхон дейдиган бўлсак, қалби таҳлил қилувчи бир санъаткордир. У гўзалликни англай олган, уни қидириб топган, ҳис қилган. Болалар, шундай тушунмоқ керакки, китоб ўқимайдиган кишининг қалби ҳар қалбга табиатан ато этилган санъаткорни йўқотади. Санъаткорсиз қалб энг камбағал қалбдир. Камбағал қалб дегани биласизми, болалар,– дерди ўқитувчимиз айтмоқчи сўзларини қидира-қидира, сув сепгандек жим синфни бағрига босмоқчидек қулочларини кенг ёйиб,– камбағал қалб севгисиз қалб деганидир. Яна ҳам бошқачароқ айтадиган бўлсак, агар ёнғоқнинг маъноси унинг мағизида бўлгани каби, инсон бир жисм бўлса, севги унинг мағизи, маъносидир. Демак, билиш, англаш санъатидан маҳрум кишилар мағизсиз ёнғоқ мисолидир. Китоб бизнинг мағзимизни тўқ қилади, қалбимизни бойитади, қийин кунда ёрдамга келади ва ҳоказо. Шунинг учун ҳам айтишади: “Энг яхши дўст китобдир”.
Устоз айтганларидай мен ўзимни англаганим сари оддий сўзларим, таърифу ифодаларимда ўзимни қайта кашф этиб, худди бошқа бир оламни, бошқа бир одамни тушунган каби ичимда бир енгиллик, ёқимли ҳаяжон кучайиб бораётганини ҳис қилардим. Бу туйғу урф-одат ва ақидаларга қиёслаганда ўз-ўзидан қалбимнинг туб-тубига, сезгиларимнинг ич-ичига ботиб кетардики, у қанча чуқур ботгани сари ихтиёрим кўз ўнгимда қўлимдан кетиб борарди. Шунда бир лаҳза хушёр тортаман-да, бу қизиқ тарихнинг охири нима билан тугашини ўйлаб кетаман. Не бир кўчаларга кириб чиқаман, икки дунё бир қадам тақдирнинг ҳар қадамидан ўзимни ахтараман. Қарасам, ўзимни ўзим қувлаб кетмоқдаман. Бунча шошилмасам? Охири яхшилик билан тугамайдиган қисматнинг ҳиди димоғимга гуппиллаб урилади. Совуқ бир хўрсиниқдан кейин ҳали унгача анча борлигидан таскин топаётган кўнглимдан ҳайрон бўламан. Наҳотки, кўнглим шунга рози бўлса, кўнглим шунга кўнса? Тасодиф билан бошланган томошага яна бир тасодиф парда тортиши аниқ. Одатда шундай. Селнинг келгани ҳам ўқдай, кетгани ҳам. Селдай келиб елдай кетса-я! Ёш бола эмасманки, ўйламасам. Ёш бола эмасманки, ўйласам. Кошки, тўғри хулоса чиқариб, фойда-зарарига қараб иш тута олсам!?
Афсус, тақдирнинг ҳеч ким ўқимайдиган, ўқий олмайдиган ёзуқ дафтаридаги битиклар фақат Аллоҳгагина аён. Раддия, иқрорларим, шукроналарим дил отли улкан мамлакатнинг кунгирадор масжидлари пештоқига қалдирғочлардек неча бор бош урсада, оқибат, ғариблик салтанати остонасида ҳўнг-ҳўнг йиғлашларини ёлғиз Аллоҳдан бошқа ким ҳам кўра олади?
Қисмат менинг осмонимни юксалтирганидан юксалтирмоқда. Ана у, жилваланиб ётган олтин қасрнинг ҳарорати юзимга урилади. Яқин кунларда мен ул қасрнинг эшикларини ўз қўлларим билан очаман. Йўқ-йўқ, аслида очиқ эшиклар менга қучоқ очиб турган бўлади. Бусиз иложим йўқ, мен кетаётган йўл ўша қасрдан ўтади... Фақат бу олов қасрдан омон ўтиб кета оламанми, йўқми, бу ёғини Аллоҳ билади. Бир нарса аёнки, оловда куйиб кетишимни билганимда ҳам бу йўлдан қайтишга на ҳолим бор, на хоҳишим. “Куйиш дегани муродга етиш дегани-ку”, уқдиради кимдир, гўё менинг орқага қайтишимдан хавфсираган каби. “Қайтиш йўқ, чекиниш йўқ”, ишонтираман мен ҳам. Бу ҳам бир ҳол, ҳолат-да.
Ёзяпману, фикрларни тутиб, қамраб ололмаяпман, ҳолатимни тасвирлаб беролмаяпман. Мисоли, тоғ бошидаги минг йиллик оппоқ қорлар эриб, бир йўла олдидан нима чиқса, оқизиб келмоқда. Мен унинг бир парчасини, бир тутамини ҳам кўриб улгирмаяпман. Ирмоқлар шилдираб, гулдираб бир катта дарёга айланиб бормоқда. Томирларим ёрилиб кетмаса эди, ё Аллоҳим. Билсам, шу пайтгача ўқиган китобларимнинг ҳар бири одамнинг уммон каби туйғуларидан бир томчигинасини зўрға ифодалай олибди, халос. Ёзувчилар мени маъзур тутсинлар, мен бир оддий аёл бўлганим учун ҳам миямдан йўл солган фикрлар карвонида адашиб, ҳар тарафга чалғиб кетаётгандирман. Кечаю кундуз қоғозга мук тушган тақдиримда ҳам аҳволим ўзимга аён. Батафсил баёнга на қувватим ва на сабрим етади. Шуни тушундимки, нима бўлганда ҳам ҳар ким ўзи ўтиши лозим бўлган йўлдан йиқилиб, қоқилиб, эмаклаб, судралиб бўлса ҳам ўтмасдан иложи йўқ.

* * *

Наврўз арафасида, уч-тўрт экстрасенс Самарқандга зиёратга кетдик. Бу йил Наврўз рўза ойида келишига қарамай байрамга роса аҳамият беришибди. Кўчаларда, маҳалла-кўйларда карнай-сурнай, дошқозонлар осилган, ошлар пишган. Охири бахайр бўлсин.
Самарқанд яшнаб, яшариб кетибди. Айниқса, хотин-қизларнинг ялтир-юлтир кийимлари кўзни олади. Уй сайин марака, мажлис. Келин чақириқлар, сумалак, кўк сомса, ҳалим сайиллари. Товоқ кўтарган қўллар чаққон, оёқлар илдам. Қўни-қўшнилар бир-бирлариникига насиба ташийдилар. Бу маросимлар кундуз кунлари кечаётган бўлса ҳам рўзадорларнинг ҳурмати, дастурхон устидаги суҳбатлар ифтордан кейин қизийди. Биз кундузлари шаҳарнинг зиёратгоҳларини, Амир Темур ҳазратнинг абадий хобхонасини, пастки қаватни кўришга муяссар бўлдик. «Бибихоним» қошидаги ўтирғичлардан бирида ўтириб, ҳар ким билганича Қуръон тиловат қилдик. Зиёратгоҳларда юрибмизу, менинг оёқларим ердан узилгандек, гўё учаман. Валижон оғани ўйлайман. Унинг ҳақига ичимда дуо қиламан. Тақдирга шукрона айтаман. Аммо бу дунё деганлари ўз бевафолига доир ҳужжатларни қалаштириб ташлаган. Умр бир тутам, шодлиги бир учқун, қайғуси бир тоғ, муҳаббати бир ширин туш каби ҳар қадамда намоён. Казо-казолар қабрларда ётишибди. То қиёмат қойим қадар, суяклар тупроққа сўрилиб кетгунга қадар, қайтадан униб чиққунга қадар ё оромда, ё азобда ётаверамиз. Дунёда битта ўчмас нур – Аввал ва Охирни бирлаштирувчи нур, ишқ нури, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нури боқийдир. Шу ишқ бўлмаганида менинг бугунги ҳолатим ҳам, ягона Аллоҳга эътиқодим ҳам бўлмас эди. Буларнинг бари ўша нури ишқ туфайлидан бунёд бўлган экан, мавлононинг эътиқоди ҳам чинлигига иймон келтираман. Дунёда “ишқ дардига даво йўқ”лигидан зорланган не бир хасталар дардига даво, муҳаббатдан бегоналикдек оғир дарди бедавога учраганларга эса муҳаббат хасталигини тилаб, куйдиргану, суйдирганига шукр қиламан.

Эрта бир кун Ҳақ қошида
Ишқдан бошқаси бекордур.
Гарчи бир ожизадурман,
Ишқда куйган дилим бордур

дея кўз ёшларимни ичимга ютиб, оташга сув сепмоқ бўламан. Парвардигоро, улуғ ҳақиқатинг – ишқ-муҳаббат имтиҳони билан сийлаганингга шукр, фақат шайтон ҳийлаларидан паноҳ бер. Мавлоно дўстга ғойибона салом ва эзгуликларимни етказ. Шу муборак рамазон кунларинг ҳаққи, борлиқ, азизларнинг руҳи гувоҳ, Сен ягона Ҳукми Мутлақсан. Бизни муродларга етказгувчи ҳам, ё бир йўла халос этгувчи ҳам ўзингсан. Сенинг розилигинг бизнинг муродимиздир, Алложон…
Биз чинакам тиланчилар эдик. Аслида ҳар биримиз аввало ўзимизни севарканмиз. Қаранг-а, севикли кишимиз ҳам ўзимизни севишимизда бир восита бўлса? Ҳеч кимни ўзимизни севганчалик севолмас эканмиз-да. Масалан, унга етишолмаслигимдан азобланиш, ўзимники бўлишидан роҳатланишда худбин бир Ўзни кўрмоқдаман. Менга нима бўлди? Юрагим ўзим учун куяди. Куйсам ўзим учун куяман. Энг оғири инсон барча яхши кўрган нарсалари ўзиники бўлиши учун интилгани каби муҳаббат туйғуларига ҳам бир жисмга интилгандек интилса?! Тинимсиз ўзини ўзи еса?! Унга бўлган шаффоф туйғуларда ҳам манфаат, ҳам оғриқ?! Тезроқ эришиш истагидаги изтироблар. Булар барчаси меники, менинг худбинлигим, менинг севгим, муҳаббат ниқобидаги нафсим истаги бўлиб чиқмаслигига кафолатим борми?
Энди чинакам қўрқа бошладим. Ўзим учун ҳам бошқалар учун ҳам. Лекин ўзимни қутқара оладиган асосларим бор, дея турли баҳоналар оламига шўнғиётганим ҳам шундан бўлса керак. Аслида ҳар нарсанинг насл-насаби бўлганидек бу худбин туюлаётган туйғулар дунёсининг менга дахли йўқ. У самовий кучлар ихтиёрида, балки шаффоф олам саболарида уча-уча унутилган бир жуссага тушди ва уни, яъни мени ҳам ўзгартириб юборди. Мен шу кунларда дунёнинг қатрага жойланишига ишондим. Қуёш заррага айланибди, деса ишонаман. Чунки Ишқ туфайли қатра уммонга, зарра қуёшга айлана олади. Чунки Ишқ Яратганнинг иши. Борлиқдан йўқлик қадар Ишқдур. Ахир дунё Ишқ туфайли бунёд бўлди, Ишқ туфайлидан бир кун барбод бўлгай. Ишқ боис қиёмат қойим бўлгай. Боқий дийдор, боқий висол фақат қиёмат қойим биландир. Ёраб, ўзингнинг яратиқинг, назари тажаллиинг– ўша бировни азизу мукаррам эт, қалбига ташлаганинг ишқ чўғини асло ўчирма. Аслида мен ўзимни сенинг муҳибингман дея ишонардим, аммо уни рўпарамга қўйдингу, мени қувватим етмайдиган оғир синовга ташладинг. Гўё у мен билан бир ўйин бошламоқ пайида эди-ю, сен унинг дилию, тилини имон келтиришга бурро қилдинг-қўйдинг... Албатта, менинг ишончимга кириш учун унга имонни восита қилдирмагайсан. Эътиқоди ҳақиқий Аллоҳ учун бўлган бўлсин. Калимаи тавҳиднинг моҳиятини чин дилдан англаган бўлсин. Агар, бирор мақсадни кўзлаб имон келтираётган бўлса... Нималар деяпман, Аллоҳим? Уни риё, мунофиқлик кўчасига кириб қолишдан, мени бадгумонда бўлишдан Ўзинг асрагайсан, ё, Раббий! Ҳамду санога лойиқ Зот ёлғиз ўзингдирсан, Буюк Яратган! Ўзинг рози бўлмайдиган йўлга қадам қўйишдан бизни Ўзинг сақлагайсан.
Оҳ ...Шу пайтда бармоқларим учлари ўт бўлиб қизийди, гўёки, мияларим қопқоғи очилиб, жони-жаҳонимми, руҳи-равонимми гувиллаганича фалак сари ўрлайди. Иншаоллоҳ, дуоларимиз мустажоб бўлаётир. Аллоҳ менинг дуою тилакларимни ул бировга аён қилаётир. Ахир, унинг сирли оламига дунёнинг бутун гўзалликларини, икки дунё ҳавзи кавсарини беркитганича мени ташнайи зор этаётган Ўзи бўлсаю, мен ожизу нотавоннинг бош уриб борар остонаси Ўзининг муборак ҳузуридан бошқа бирор манзилу маконда бўлиши мумкинми? Аллоҳ, Аллоҳ, Аллоҳ... Сенинг муқаддас исми Зотингни такрорлаш, илтижога берилиш машғулотимга айланиб қолибди. Дилим илтижою, иқрорга торлик қилаётир, дамо-дам тилимга чиқиб қолаётган фиғонли ва доғли «Алложон!»дан маломатга қолмоқдаман. Кошки, унга бўлган туйғуларим сенга бўлган муҳаббатимдан униб чиқмаган бўлса? Ёки аксинча, кечинмаларимни имтиҳон қилмоқдасану, бир куни пушаймонликдан икки букилган жисмим қошида маҳзун руҳимни зор-зор йиғлатасан? Нима бўлганда ҳам ҳалигина тушунгандек туюлган тушунчаларни айни пайтда англаб олишдан ожизман. Англаганим шу бўлдики, Вақт ва Хаёл отли қувват зиммасига яхши бир машғулот юкланибдурки, бир кун келиб ободлар барбод бўлажаги аниқ.
Дўстлар аро дўстнинг боғларини обод айла, қисмат...

* * *

Қабулни тугатиб, нарсаларимни йиғиштираётсам эшик тақиллаб, изидан чеҳралари кўринди.
–Бизнинг маҳаллаларга хуш келибсиз.
–Институтга келгандим, устоз билан суҳбатлашиб ўтириб, кунни кеч қилиб қўйибмиз. Яхши бўлди, сиз билан кўришдик.
–Ундай бўлса, Устозингиз Сизни ҳар куни чорласинлар...
– Робияхон, жиддий гаплашиб олишимиз керак.
Унинг кўнгли ҳам меники каби минг пора эди. Индамадим. Келишиб қўйгандай йўлак бўйлаб яёв кетдик. Гўё руҳларимиз ҳамроҳу, жисмимиз уларга эргашган. У йўл четидаги мўъжазгина қаҳвахонага кўзи тушиб: “Рухсатингиз билан Сизни бир пиёла чойга таклиф қилсам”, деди. “Хўп” маъносида бош ирғашим билан ёш боладай хурсанд бўлиб кетди. “Раҳмат, бу бошқа гап”, деди миннатдорчилик билан йўл бошлаб.
Сув-пув ичиб бир пас ўтирайлик десак, қани гап-гапга қовушса. Мен суҳбатни қўр олдириш учун томдан тараша тушгандек “оламда нима гаплар?” дея сўрадим. У ҳам худди шуни кутиб тургандек оламдаги аҳволлардан анча гапирди. Бир маҳал “эшитмаяпсиз-ку”, деди кулиб.
–Нега? Эшитяпман, эшитганларимни такрорлашим мумкин.
– Бўлмасам, гап шу. Мен айтишим керак нарсани ўзингиз билиб турибсиз... Ўшани сизга айтишим керак. Қисқаси…Ҳаётни бекор ўтказиш Исломда гуноҳ. Аввало ўзингиз... Умр ўтиб кетяпти, Робияхон. Сиз… розилигингизни сўрамоқчи эдим. Никоҳ ўқитайлик...
У чўғдек қизариб кетди, кўзларини яширгани жой тополмай бир зум довдиради. Бир ҳисобда айтарини айтиб бўлгач, дадиллашдими ишонч билан давом этди.
–Мен жиддий айтяпман, Сиз нима дейсиз?
– Энди турайлик, вақт алламаҳал бўлиб қолибди.
–Гап шу, Робияхон, ҳозир жавоб айтмасангиз ҳам майли, кейинроқ, обдон ўйлаб кўриб, айтарсиз. Менинг қароримни билдингиз...
У мени уйимиз бурилишигача кузатиб қўйди.

У ўша таклифидан кейин узоқ кўринмай кетди. На қўнғироқ, на бир хабар дегандай. Қўлим ишга бормайди, ҳамма нарсани йиғиштириб қўйдим. Унинг хаёли билан тонгим отиб, куним ботяпти. Оддий сўзларидан катта мазмун ва маънилар чиқариб, қайта-қайта кўз олдимдан ўтказаман. “Сиз нима дейсиз?” “Менинг қароримни билдингиз...” деган гаплари тенги йўқ мазмун кашф этган. Гўё бу сўзлар Аршдан, ундан ҳам юксакроқдан тушган каби қулоғим тагида рангго-ранг товланади. Ҳамма нарса ҳал бўлгану, натижа бир оғиз менинг жавобимда қолган. Нима дейман? Розилик муродим эмасмиди? Одамлар нима дейди? Мен кимману, у ким? Миллат, урф-одат, дин, ақида отли қўрғонлар гўё оёғим остидан ўсиб чиқди-ю, кўз олдимни тўсиб қўйди. Бир лаҳзада Осмон осмонида, Ер ерида қарор топиб, кўз илғамас хижобла тўсилдим. Сўлиб қолдим. Балки ўлиб қолдим. На ўзимга, на уйга, на жамиятга сиғаман. Аҳволимга қараганда менинг жавобим ижобийлиги олдиндан аниқ эди-ку. Йўқ, мен ҳали ўзимни яхши билмас эканман…

Кираман, чиқаман. Мижозларим билан апоқ-чапоқман, қувноқман, қандайдир, табиатим ўзгаргандек, жиннироқдекман десам ҳам бўлаверади. Ишда ҳам, уйда ҳам қўлимга тушган китобни очиб, дуч келган жойидан ўқийверадиган касалга йўлиқдим. Ўқийвераман, ўқийвераман. Девони Машрабни, Ҳазрат Навоийни. Оҳ, бу китоблар Ишқнинг осмонида тўлин ой китоблар, ўлмас дунёлар. Лайлининг қора тунларини чароғон этган Ишқ. Шириннинг ёруғ кунларини зимистон этган Ишқ. Мажнунни банди занжир айлаган Ишқ. Аммо уларнинг менга дахли йўқ... Дарвоқе, ким ўзи у? Мавлоно эмиш, вой ёқмай кетсин. Вой, савил-ей, келиб-келиб кўнглимнинг кўчасини қаранглар. Йўқ. Нима йўқ? Ёлғончи. Ёлғонни эпласанг гапир-да! Йиғига бало борми? Би-ир узоқ жойларга, кўз илғамас манзилларга қочиб кетгим келарди. Топдим. Яхшиси дафтарим. Уни бошидан бошлаб, қайта-қайта ўқийман. Оддий, сеҳрли, ҳаммаси ёқимли дунёлар. Дафтарни инкор қилолмайман. Давомидан, боғланса-боғланмаса, хаёлимга келган биринчи фикрдан ёза бошлайман...

* * *

Унга ўзим ҳақимда гапириб беришим керакка ўхшарди. Ҳамма эркаклар каби у ҳам худбинликдан озод эмасди. Ўзи эга бўлган нарсага бир пайтлар кимнингдир эгалиги ёки сизни севган кишининг яна бошқа бировни севганлиги, нима бўлганда ҳам унинг ғижинини келтираётганлиги ўзини бепарводек тутса ҳам овозларининг майин тиканакларида намоён эди. Балки менга шундай туюлаётгандир. Лекин бу ҳол кўнглимнинг қайсидир кўринмас бурчакларига беркиниб олган бир туйғуларга жуда-жуда ёқаётган эди. Билсам, унга айтадиган гапларим шу қадар кўпки, қайси биридан бошлашимни ҳам билмайман. Биз нима ҳақда гаплашмайлик ҳаммаси юракка сўрилиб кетарди. Аслида биз шунчаки сўзлашмасдик, гўё диллашар, қалблашардикки, сўз ва овоз бирлашиб мўъжизалар яратарди. Имолар, ишоралар, товушлар, нигоҳлар, ҳислар, сўзлар– барчаси кўнгилнинг ўзича таржимонлари эдики, барчаси ёқимли ва ноёблигидан бирортасини инкор қилиб бўлмасди, бирортаси бирортасининг ўрнини босолмасди. Унинг биринчи муҳаббати қиссаси ҳам жуда чиройли эди. Тўлқинланиб, ҳаяжонланиб гапирса раҳмим келиб кетди. “Қизғалдоқнинг умри қисқа, аммо ранги тўқ”, дея йиғлаб юборибман. “Сиз ҳам эсладингизми, қани, қани?” дея қулоқ тикди. “Менинг муҳаббат саргузаштларига вақтим ҳам, қизиқишим ҳам йўқ эди”, дедим. Ишонмади. “Ажабо-о. Ҳозир вақтингиз қандай?” деди у.
Муҳаббат одамнинг вақти-соатига қараб келар эканми? Қизиқ. Нега бундай дедим? Аслида ҳам биз, деярли бутун қишлоқ ёшлари, боладан-чақа меҳнат учун яратилган қавмлар вакили эдик. Муҳаббат деган тушунча, балки меҳнат деган тушунча билан бирлашиб кетгандир. Лекин ўша меҳнатда эзилган даврларда қандайдир роҳатбахш азоб бор эди. Азобда роҳат бор эди, йўқ эса одамлар ўзларини бунчалик фидо қилиб ишга урмасдилар … Агар унга қайтишнинг иложи бўлса, жон деб қайтган бўлишим аниқ-ку. Ахир унда биз ҳозиргидек бирор нарсанинг қўрқуви, андишасини қилишдан йироқ эдик. Фойда-зарар ҳақида бош қотирмасдик, ишдан бош тортмасдик. Мақсадли меҳнатдан чарчамасдик. Мусобақалашиб ишлардик. Хуллас, қандай бўлсак, шундай нафас олардик. Ҳамма нарсага, борлиқнинг борлиғига ишонардик. Бугунги назарим билан баҳолайдиган бўлсам, биз оламнинг энг юксагидан жой олган ёшлик бўстонида, беғубор дунёда яшардик, Ҳаёт нимани рўпара қилмасин, унга ишонардик. Кўз ўнгимиздаги оламнинг бўй-басти, борлиғи билан мавжудлигида шак-шубҳа ё андиша, қўрқув йўқ эди. Ўшанда биз ҳам худди ҳозирги ишонувчан, самимий болалар каби эдик-да. Олам яхши, одамлар яхши, ҳайвоноту мавжудотда яхшиликдан бошқа нарса йўқ эди. Қисқа қилиб айтганда трактор араваси ортидан эргашиб, қаерга борсак ўша ерда пайдо бўладиган, иккала олдинги оёқлари устига тумшуғини қўйиб, хаёл суриб ётадиган итимиз– ҳурматли Қоплон ҳам барчамиз учун чин юракдан азиз эди-ку. Агар унинг тўрт оёқли махлуқлигини ҳисобга олмаганда, одамдек бир жонивор эди у. Айби– гапира олмасди. Кўзлари гапирарди. Тушунарди, ўзини севишларини биларди, балки у одам бўлиб туғилишни орзу қилиб, армонда яшаётган бўлиши ҳам мумкин эди...
Юрагим орзиқиб кетди. Бир куни ўша Қоплонимиз касал бўлиб қолди. Трактор ортидан чопиб келяпти-ю, ҳансираяпти. Ҳаллослаб, ортда қола бошлади. Ана у, йиқилди. Узун тушиб ётиб қолди. Телешкани қий-чув босди. Болалар “тўхтатинг!” дея бақиришарди. Қоплон бошини кўтариб, биз томонга термулиб боқди ва яна шилқ этиб тушди. Тракторни орқага буриб, етиб келдик. Ўғил болалар Қоплонни кўтариб аравачага олишди, эски қоплар устига ётқизишди. Қизлар бир сархумчада оғзига сув тутган бўлдик. Итимизнинг кўзларидан зув-зув ёш оқарди, қорни ҳарсилларди. У бирдан бир неча бор силкинди-ю, ўлди-қолди. Юрагимиз узилиб тушди. Биз шунда биринчи бор катта қайғуга дуч келган эдик. Ҳаммамиз йиғлар эдик. Йиғлар эдику, энди нима қиламиз дердик. Дала бошига ўлган итимиз билан бордик. Аравачадан туширдик. Чўзилиб ётибди. У ўйланиб ётган пайтларида, балки шундай бўлишини кўз олдига келтирдимикан, дейман кейинчалик. Раҳим ака деган бир яхши отахон бор эди. Аҳволни кўриб биз томон келди. “Э, жонивор ўлиб қолдими?”, деди у гўё итимиз касал бўлгану, ўлмагандай. “Ҳа, кўриб турибсиз”, деди Фарход деган бола итга тирилиб қоладигандек умид билан боқиб.
–Энди, тирик жон бир кун ўлади, болалар. Кўп хафа бўлаверманглар. Эндиги вазифа, бу ҳайвонни чиройли қилиб кўмиш керак. Агар касал-пасал бўлса, бошқаларга юқиши мумкин. Ҳар ҳолда қутирмаганмиди?
– Йўқ, қутирмаган,– деди болалар, амакининг гапидан хафа бўлиб,– ҳеч кимни тишламади. Кеча соппа -соғ эди.
– Кеча, югуришда биздан ҳам ўзиб кетган эди,– деди кимдир.
– Бўлмасам, бир чуқур ковлаймиз. Мана бу тепароқ жой яхши, тўранғил ҳам бор экан. Белги бўлиб туради.
Ҳеч ким гап-сўз қилмай чуқурни қазишди, амаки бошчилигида итни чуқурга олиб боришди. Амаки итга қараб тахминан шундай деди: «Ит бўлсанг ҳам ақлли жонивор эдинг. Агар бирор койиб, ҳайдаб солган бўлсак, яхши кўрганимиздан қилганмиз, биздан рози бўл. Садоқатли, вафодор эдинг, биз ҳам сендан розимиз».
Шу куни ҳеч кимнинг кайфияти бўлмади. Эртасига ишимиз бошқа далага кўчди. Индинига бригада бошлиғи ўнтача ёшларни ажратиб олиб “Сизлар “Ит ўлган”га борасизлар” деди.
–Қаерга?
– Ит ўлган далага, Қоплон кўмилган далага,– тушунтирди бригадир.
– Итимизнинг оти бор,– тўнғиллади кимдир.
–Оти бўлгани билан фамилияси йўқ-да,– мазахли иршайди доим итимизни ёқтирмай юрадиган бир киши. Унинг гапига ҳеч ким эътибор бермади. Кунлар ўтиб, итимизни заҳарлашгани ҳақида “миш-миш” чиқди. Раҳим амаки жаҳли чиққан болаларга “қизишманглар, тилсиз-оғизсиз махлуққа озор берган киши бахтли бўлмайди, бир куни хор-зорликка учрайди. Худо жазосини беради, болалар. Бир кун келадики, Худо чумолининг чумолида ҳам ҳакини қолдирмайди, ҳали-ку, одамлар,” деб қўйди вазмин овозда. Бу гапга бошқа қайтилмади. Йиллар ўтди. “Ит ўлган” дала бошида катта тўранғил пайдо бўлди. Бу ўша тўранғил, ҳурматли Қоплонимиз бошидаги тўранғил эди. Ҳозир бу далалар шолипояю полиз майдонларига айланган бўлса ҳам оти ўша– «Ит ўлган”лигича қолибди. Бу ерда муҳаббат йўқмиди? Бу кунлар муҳаббатли кунлар, йиллар эмасмиди? Афсуски, бу муҳаббатни Дунё молини бутун бағишлаганда ҳам на топиб бўлади, на ортга қайтариб.
Хотирадан қанча воқеалар ўчиб, одамлар унутилиб кетиши мумкин, аммо беғубор болалик, ўсмирлик йиллари умрга эсдалик каби ҳеч қачон унутилмас экан. Ҳозир бир неча дақиқалар шу кунларга қайтдиму, ўша тупроқ йўлларда Қоплоннинг арава ортидан чопиб келишлари кўз олдимдан ўтди, гўё вақт тирилиб уқтирарди: “Муҳаббат дегани муҳаббат билан қараган ҳар ишингизда ўзингизнинг аксланишингиздир. Муҳаббат билан қараган одамингизда ҳам муҳаббат туғилади ва бир кун келиб Сиз ўзингиздан туғилган туйғуларга интиласиз.” Билишимча, тушунишимча муҳаббат ўзимизни ўзимиз севишимизни тан олишимиз, туйғуларимизнинг иккинчи бир оламда тажаллий этишини англаб етишимиздир.

* * *

Кундалик меҳнат тагида ўсмир қадди ниҳолдек эгилади-ю, синмайди, чиниқиб кетган. Пахта пайти болалар қизларга ёрдам берардилар. Тўққизинчи синфдалигимизда бир бола бўларди, ўнинчида ўқийдиган. У доим менинг қопим тўлишини пойлаб, атрофимда кўз-қулоқ бўлиб юрарди, қувона-қувона тарозига элтарди. Қани энди ярим соатда бир қанор тўлаверса. Менга ёрдамлашишга ишқибоз яна бир бўйчангина, заҳил ранг, касалмандроқ бола эса ҳар қанча пойламасин, рақиби ундан олдин қанорни елкасига оларди. Бир куни улар қанор олдида муштлашиб кетишди. Шунда Марямбиби «Эй, ўлмагурлар, жуда ташишга хумор бўлсанглар меникини кўтаринглар», деб шанғиллади. Болаларни мазахлаб қаҳ-қаҳа отди.
–Ўлинглар, нимани талашасизлар, Робия сизларни бошига урадими, унинг қулоғини аммасининг ўғли тишлаб қўйибди. Ҳа–ҳа–ҳа...
Темур қизарганича тўкилган пахталарни қанорга солиб, жон-жаҳди билан орқасига олди-да, тележка томон ғизиллади. Фарҳод эса Марямбибига мушт ўқталди:
–Ичинг ёнса туз яла!
Бу болалар мактабни битиргач ўқишга кетишди, биттаси бошқа туманга кўчиб кетди. Муҳаббат деган сўз уларнинг ёди-ўйига келдими йўқми, ҳар қалай шундай меҳр-оқибатли, яхши болалар эди. Мактабдан қайтишда ҳамроҳ бўлиш, яганада бирга бўлик олиш катта қувонч эди. Бу туйғулар қишлоқнинг ипак осмонидай тоза, беғубор, ариқчалар бўйидаги ялпизлар каби покиза эканлигини кўп йиллар ўтиб тушундик. Аслида ўсмирлик туйғулари соддагина туюлса-да, бир умрга еткулик мураккаблик, ёруғликка эга. Бу туйғуларни баҳорнинг илк бойчечаклари каби гўзалликнинг хабарчилари, муҳаббатнинг шошқалоқ элчилари, дейиш мумкин эди. Бойчечаклардан кейин ранг-баранг, турфа гуллари, оҳанглари, шовқин-суронлари билан баҳор деган фасл киради. Мен бу фаслдан шамол каби елиб ўтганимни энди-энди англаб, тушуниб етяпман. Оилавий ҳаётимда ҳозиргидек дилни ўртовчи, кўзларни дамо-дам тўлдирувчи ўтли ёшлар, соғинчлар туйганманми йўқми, эсимда йўқ. Ҳар ҳолда тақдиримиз розиликка асосланган эди? Розилик ниманинг белгиси ўзи? Бизни унаштиришди, кейин тўй... Йўқ-йўқ, биз– у ва мен бир-биримизни тушунишда қийналдик. Ўшанда, ваҳший бир кучларга нозик туйғуларни ем қилиб қўйдик. Жисмимиздаги ўлган хужайралар тирилмагани каби кўнгил боғчасини ҳам зулмат эгаллади. Тонг отганда эса боғча ҳувиллаб ётарди. Одамизот шундай, вақти келганда бир-бирини кечиришдан ожиз, яхшиликларни унутувчан яралган бўлса, қўлимиздан нима ҳам келар эди. Шундай қилиб биз бир дунёни иккига бўлиб, бошқа-бошқа йўллардан кетдик. Тамом, вассалом.

* * *

Тушимда нуқул “Туш кўришим керак, туш кўришим керак!” дермишман. Уйғониб кетиб ҳайрон бўламан. Нимани туш кўришим керак? Билолмаяпман? Куни бўйи безовта юрдим. Балки, ибодат қилишим, уч кун, бир ҳафта, ҳеч бўлмаганда бир кун уйдан чиқмай ибодат қилишим керакдир. Охири бўлмади, уйга қамалиб олдим. Аммо бу қандай ибодат бўлдики, миямда бир неча паралелл оламлар ғужғон уради. Холи қолишнинг ҳеч иложи бўлмади. Мен у томонга қарадим. Не кўз билан кўрайки, айни менинг ўн олти- ўн етти ёшлигимнинг қуйиб қўйган ўзгинаси – нозиккина бир париваш алвон ранг штапел кўйлакларини иссиқ шамоллар ҳилпиратганича “орқамдан юр” дея имларди. Орқасидан эргашдим. Далалар, қирлар, чўллардан ўтиб, дарёга яқин бир жойда тўхтадик. Қандайдир таниш манзаралар, лекин анча ўзгарган. Париваш: “бу ерда қум тепалар бор эди”, деб қўлларини ёзган эди, ҳақиқатда қумтепалар пайдо бўлди. Узоқдан трактор тириллаб, телешкада ўтирган бир тўп қизлар қўшиқ айтиб яқинлашдилар. Улар–биз-ку. Ана, мен ва ...
“Ёзги таътил кунлари дугоналаринг билан колхоз молхонасига, коммунизмнинг моддий пойдевори учун қум ташиган кунларинг, эсингдами? Ҳозир сен ўша манзилдасан”, уқтирарди париваш. Мен паривашнинг жисмига сингиб кетгандай бўлдим.
ДТ–24 тракторига тиркалган темир арава /устининг темир тўр қисми олиб қўйилган, пахта мавсумида ўрнатилади/да тўртта қиз – Марямбиби, Тўтихон, Шарифа ва мен. Қумэтак деган жойда эртадан кечгача аравага қум отамиз. Тўлган тележкани тракторчи ғизиллатиб тўкиб келгунча оқ ипдан ич кўйлакларнинг этагига, ёстиқларнинг хошияларига чилтар тўқиймиз, гоҳо қум тепаликларга тирмашиб, ўйин қиламиз.
Кимдир эринмай бош-оёқ, тўлқин-тўлқин гуллар солиб ташлаган қумтепалар мавж уриб ётган Амударёнинг ўзгинаси. Қизларнинг гулдек қўллари ҳув анави юлғун, саксовул шохларидек чайир, бақувват. Белкуракни тўлдириб паҳлавонлардек қум отишларига Умархон тракторчининг ҳаваслари келади.
–Ҳай, секинроқ, араванинг белини синдирасизлар! Сен дамингни ол, палов бўлғур, тўй бўлғур...
Шаддод Марямбиби мана сизга, деб белкуракни тўлдириб зарб билан отади, Умархон гандираклаб кетади ва ўдағайлайди:
–Ҳей қиз, шу феълинг билан эрга тегсанг эрингни майиб қилиб, эрсиз қоласан!
Умархон қизларга бошлиқлигиданми, ишни дўндириб юрганиданми кайфияти доим баланд. Тракторни учириб ҳайдайди, ярқиратиб артиб қўяди. Қизларнинг ҳар гал унинг кетидан чангитиб, қум сочишларидан ҳузурланиб, боши кўкка етади, девмисол қаҳ-қаҳалар отади. Қуёшда қорайиб пишган чеҳралар, чанг ва тер билан патаклашган ёввойи сунбул сочлар, кўйлакларга туртилиб турганидан хижолат, қаерга яширинишни билмаган дуркун кўкслар, навқирон чайир болдирлар, ялангоёқ юравериб ялпайиб кетган моланусха оёқлар. Булар ҳар қанча дағал кўринмасин, уларни “хунук”, деб бўлмасди. Уларнинг ҳар бирида ҳаёт гуркираб ётарди. Сочларнинг шамоллар билан ачомлашиб, махфий тилда жўровоз куйлашларини эшитсангиз, кўрсангиз эди. Ёрилган, қовжироқ очган, шўрлаган чеҳраларнинг бир қат териси олиб ташлангудек бўлса, Боғи Эрамга йўл очиларди. Бу ёввойи гўзалликнинг ҳам ўз қўшиқлари, қумтепалардан ўзга ҳеч ким тушунмайдиган қўшиқлари бўлиб, табиатнинг ўзи бу нафис хилқатни дағал парда билан тўсиб қўйишга мажбурлигини изоҳлай олмаганидан унинг атрофида парвона бўлгани-бўлган эди.
Мен эгнимда ўша пайтлар урф бўлган қизил, гулсиз штапел кўйлагимни ҳилпиратиб, трактор келгунича тепаликларга неча бор чиқиб, неча бор тушаман. Шарифа ҳал гал ортимдан қичқириб қолади:
–Ҳей, у ёқда илон бор, қайтинг!
Зум ўтмай ўзи ҳам ортимдан ҳаллослаб, етиб келади. Қия қумтепалик оёқ қўйишимиз билан «шувв–шувв» ўйилар, бироз оқиб туриб, излар ўрни бир пасда силлиқланиб яна тўлишарди. Қумтепа дунёнинг қоқ марказига ўхшарди. Бу ерда осмонлар баланд-баланд, уфқлар узоқ-узоқ, ҳаволар тип-тиниқ, зангори осмон майин ипакдек ҳилпираб ётади, қип-қизил қум тепаларга туташ уфқлар мисли гўшанга каби сирли, жилвали кўринади. Ҳароратли шамолнинг изи узилмайди. Қадди-қоматинг, ўй-хаёлларинг, либосларингни беармон қучиб, ўпа-ўпа эсиб ётади.
–Илҳом париси йўқ-ку, – дейди дугонам дўрдоқ лабларига оғриқ тушар даражада иржайиб кулиб, бир чеккаси тепалик ва мени мазаҳлагандай эрмак билан, – бир нарсадан қуруқ қолгандай чиқиб юрибман-а!
У сакраб-сакраб пастликка тушиб кетади. Мен қулочимни кенг очиб шамолга қарши тураман, туравераман. Ёлинг шамол борлиқ билан бирга баданларимни тандир ҳовирига тутгандек бир текис жимирлатади, либосларим байроқ каби ҳилпирайди. Қуёш ботиш томон оғиб бораётир, тепаликлар олтиндек товланади, балки чиндан ҳам бу тепаликлар олтин бўлса керак. Йўқ эса, унда эртакларда айтилганидек илонлар маскан тутмас эди. Саланг, юлғун каби қум ўсимликлари мастона чайқалади, аҳён-аҳёнда калтакесаклар ўтиб қолади. Бу пайтда қум илонлари ҳам тепаликка базми-жамшид қургали чиқиб қолишлари мумкин. Уларнинг заҳарлилари ҳам бор. Иссиқда заҳарлари кучайиб кетади дейишади, чақса ўлдиради!
Оёғим остидаги қум биғирлаб, илонлар чиқиб қоладигандек сесканиб кетсам-да, у жониворларнинг мен билан иши йўқлигига ишонаман. Ҳақиқатан рўпарамдан чиқиб қолишса ҳам бир қараб, йўлида давом этган илончаларни кўп кўрганман. Аслида улар одам боласидан қўрқишарди. О, она табиат, о, ўхшашсиз гўзаллик! Ва бу гўзалликнинг одамлардан қўрққанидан ҳимояга тайёрланиб, ҳурпайган қўрқинчли махлуқлари, хазиналарнинг Худо яратиб қўйган қўриқчилари! О, майин саболар, ҳарир наволар. Мен сиз биланман, сизлар биланман.

Чексиз барханлардан ошасиз еллар,
Билмам қай манзилга шошасиз еллар?
Бахш этиб борлиққа эркалик, кулгу,
Дилим дафтарини очасиз еллар...

Ўн олти ёшли қизнинг кўнгил дафтарида нималар бўлиши мумкин эди? Ловуллаб ётган бир қучоқ оташ – қуёш, олтиндек товланган қизил қум, қамишзорлар, қизилоёқ қушлари билан гўзал, қирқ бўғим ўтлардан гилам тўшалган қизғиш-қўнғир кўллар, хоҳлаганича дегиш олиб, ўпириб, гупириб оқиб ётган қадим Жайҳун дарё! Ул дафтарнинг бир муқоваси машриқ, бир муқоваси мағрибда, қалинлиги ер билан осмон орасида, гўё юлдузларга тиралиб турарди.
Қуёшда қорайган нозик, кучли қўлларим, қинига сиғмаган юрагим, чўғли қароқларим, гўзалликнинг қўрқинчли илонлари хусусидаги илк тасаввурдан титраган нозик, кучли оёқларим, сочдан тирноқ қадар ўзига хос қайсар, аммо ҳалимлиги билан устозлар дилида бир ёруғ умид, бир хавфли дадиллик, меҳр уйғотиб улгурган ўн олти ёшлигим кўнглида нималар бўлиши мумкин эди. Қулочимни ёйганча узоқ-узоқларга термулардим. Узун-узун киприкларим учлари ҳам сочларим учлари каби гуллаб кетган, тирноқларим ҳозирдагидек текис ва ораста олинган, новдадек қоматим ҳаёт шаробидан масту масрур. Еллар либосларимни ечиб олмоқчидек юлқилар, ҳаёнинг нафис қўллари уни одобга чорларди. Томоғимгача беркитиб, устидан тўғноғич илган ёқаларим, қўполгина тўғноғичим ҳам ҳаётимнинг бугуни, эртасига танмаҳрам каби масъул эдилар. Озод еллар аяган дилдироқ вужудим ҳали келажакда қисматнинг изтироб ўчоғига айланишидан мутлоқ хабарсиз…
Кўнглим бузилди. Қизгинага раҳмим келиб кетди...
Трактор устма-уст «би-би»лади. Мени чақиришяпти. Қанотларимни ёзганимча пастга шўнғидим. Ўйдим-ўйдим изларим билан бугун орасида яна йигирма беш -ўттиз йиллик масофа ястаниб ётарди. Бу кенг дунёда ўймоқ(ангишвона)даги бармоқдек сиқилиб яшашларим, умидбахш тонгларим, ироданинг метин тоғлари кўксига зўр бардош билан илдиз отгувчи сабр дарахтим, зулмат бағридаги бир тола нур васфи ... булар бари менинг толеим эди.
Мен эса эртанги кундан буткул бехабар, орзулар оғушидаги қишлоқи қизалоқ гўзаллик ҳақида коммунист устозим каби берилиб гапираман: “Бизлар саксонинчи йилларда коммунизмнинг метин пойдеворини тиклаб бўламиз. Америка деган энг бой мамлакатдан ҳам ўзиб кетамиз. Оёғимиз остидаги тилла бойликларга бир қиё боқмаймиз. Чунки бизнинг қалбимиз гўзал, кўзимиз тўқ... Бизга ҳашаматли саройлар, кенг уйлар керак эмас... Она- Ватан бизнинг уйимиз. Биз Ватан учун ишлаймиз, ётиш учунгина уйга келамиз. Ётиш учун эса саройларнинг кераги йўқ!”
Ўйламаймизки, Ватаннинг қаҳратон қиши, ёмғирли баҳорлари, жазирама иссиқлари, рутубатли кузларида кенг ва ҳаволи уйлар жуда ҳам асқотади. Мана, ниятимиз йўлдошимиз бўлиб, Худо бизга, бизнинг замондошларимизга каталакдек-каталакдек уйларни насиб этди. Ҳамма балолар шунда эканми, мижозларим, яъни асабий касалларим кенг дунёнинг тор уйларидан, етар-етмасидан чарчаган...
“Энди уйга! Гувиллашиб тележкага чиқамиз, темир чойгумдаги илиган чойларимизни симириб ичиб, қўшиқ бошлаймиз:

Оғажон , дардим ёмон, бошимни олиб кетаман,
Ҳамма ёр сиздек бўлса, дунёдан ёлғиз ўтаман...
Марямбиби уни қўйиб бошқасини бошлайди:
Қизил гулни эксанг битар нор билан,
Соясинда қўшиқ айтсанг тор билан.
Чинни коса тўлиб келса бол билан,
Суянишиб есанг севар ёр билан.
Унинг елкасига мушт тушираман:
–Ўчиринг овозингизни, бошқасини айтамиз:
Неча асрлар ухладинг ётиб,
Кумушдек танинг балчиққа ботиб.
Бир парча куйган қора нон учун,
Ёшлик чоғингдан ўз кучинг сотиб.
Ишчилар уйғон, уйғон, уйғон!
Сенга ишлашга етишди замон!

Умархон ҳам уларга жўр бўлиб, «Би-би»лаб қўяр, қизил байроқчасини ҳилпиратиб яна жойига иларди. Тўртта қизга сардор бу азаматнинг кўнгил кенгликларида момақаймоқлар гуллаб, ўзига хос тароват барқ урган, оёғи ерда бўлса ҳам кўнгли осмонларда парвоз қиларди...
Вақт елдирим каби ўтиб кетди. Ўша бешовлонни ҳам, бошқаларни ҳам тақдир шамоллари исириқ уруғлари каби чор тарафларга учирди. Ўша ўт-олов, ерга урса кўкка сапчийдиган Марямбиби ҳозирда ўтирган жойи ўзиники, жувоздек хотин бўлган. Тўтихон ўша-ўша қилтириқ, ҳамон сочларини қиздирилган сим билан жингалак қилиб юради. Эрдан бахти келган, эрка, суюкли. Шарифанинг орқа-олди ўғилу қиз, невара, кексаликни аллақачон бўйнига олиб бўлган. Умархон эса ... Бола бечора ўша коммунизм қурилишининг етмишинчи йилларида пестицидлардан заҳарланганча одам бўлмади. Айтишларича, ҳозирда мункиллаб қолганига қарамай, ҳамон руҳан тетик эмиш. Бу йил бутунлай кўрпа-тўшак қилиб ётиб олган.
Ўша йилларнинг бир тола нури унинг зулмат қўлига ўтиб бўлган руҳини ҳамон ёритиб турганини ички бир туйғу билан ҳис қилиб, унга соғлик тиладим. Қандай кўнгли тоза, меҳнаткаш, шоиртаъб йигит эди. Китоб ўқишга вақти бўлмаса ҳам эшитганларини ёд олиб қолаверарди. Илоҳим, Аллоҳ унинг ишини осон қилсин. Олим қишлоқ, шоир қишлоқ, хон қишлоғимдан насибам узилиб кетгани ҳам беҳикмат эмас экан. Ҳар ҳолда ҳозирда узоқларда қолган она-қишлоғим, ортимдан мунғайиб қолган ҳокисор ота-остонам бугунги кунда Ватан деган тушунчанинг қоқ марказида Маккатиллонинг миноралари каби кўксим осмонига санчилиб турганини кўраман. Ватан дегани бу олтиндан тикланган кошонада эмас, таннинг илк томчи қони томган тупроқни соғинишида, руҳнинг Иллийюн умидида вужуд қамалига сабр қилиб Дунё ишлари билан овинар манзилидадир. Бир кун шу қишлоқ мени яна она каби бағрига олади, шу меҳнаткаш она юртим тобутимга елка тутади. Мен уларни ҳеч-ҳеч унутганим йўқ, ўлсам-да унута олмасман...

* * *

Шу ўтган кунлар ичида ўйланмаган ишлар бўлиб кетди. Қандайдир ғайри-ихтиёрий кучга бўйсуниб, уникига меҳмонга борибман. Мен бутунлай бошқа бир оламга тушиб қолдим. Назаримда менинг суянчимга, бахтимга, ҳаётимнинг бундай кейинига айланган эди, мавлоно. Лекин, бизнинг ҳаётимиз қай тарзда кечажагини иккаламиз ҳам тасаввур қила олмас эдик. Бир-биримизга ҳар қанча интилмайлик, ихтиёримиз ўзимизда бўлгани ҳолда, ёзилмаган Низомга кўра ягона оилавий ўчоқдан исиниш бахтидан маҳрумлигимиздан қийналардик. Нималигини билмайману, биз иккимиз бир-бирига ҳеч қачон эриша олмайдиган ва бир-бирисиз ҳам яшай олиши мумкин бўлмаган Кеча ва Кундузга, Ой билан Қуёшга, Ер билан Кўкка ўхшардик гўё. Олам қошида бир зарра каби ожизлигимизни англаганим ҳолда, мен ўзимча, ўзимизга ана шундай катта баҳо бериб қўйгандим аллақачон.
Ҳаётимга бахтли кунлар билан ёнма-ён оғир кунлар бостириб кирмоқда эди. Ожиз, нотавон, ҳаёти тугаб бораётган бемор ҳолига тушмоқдаман. Қани менинг табиблигим, одамлар дардига дармонлигим, тасалли ва таскин берувчи сўзларим қани? Ким менга дармон бўла олади? Ким мени тушунади? Ҳақиқатда мени, бизни тушуниши лозим бўлган кишилар, таъбир жоиз бўлса, жамият тушунишни истамасликлари аён эди.

Соҳил бўйлаб чопаман ташна,
Тўкилади мен бенасиб жом.
Ютади тор, пастак тош кулба,
Узайгандан узаяр оқшом…

Кўнглим, жоним, руҳим – бутун борлиғимда исён, оғриқ, фарёд бош кўтармоқда. Йиғлоқи бўлиб қолдим. Фақат Уни кўрсаму, арзимни айтиб йиғлайверсам, йиғлайверсам. Кўз ёшларим дарёсига муз тоғларини эндираётган, абадий музларни тошқин дарёларга айлантириб ётган ҳам унинг ўзи-ку. У эса бошини қуйи солганича жим ўтириб оқимда оқар, қайси тошларга бориб урилишидан қатъий назар, у ўша бебош, жайхун дарёларимда оқаётгани билан бахтлига ўхшарди. Лекин бу қандай беъманилик? Ахир , мумкин эмас, мумкин эмас...
«Мумкин, дунёда ҳамма нарса мумкин. Ҳаётингнинг бир қисмига айланган, томирингга томир отиб улгурган нур ва зулматни қандай қилиб қисматингдан суғириб ташлай оласан?» Гапираётган менинг руҳим, ҳамроҳим. У гапирган вақтда мен ҳар галгидай тилдан қоламан. Бошимни эгган куйи унинг нидосига қулоқ тутаман. Унинг овози шу қадар тиниқ ва мафтункорки, сеҳрланган кўйи яна бошдан ортидан эргашаман. Шу тарзда гуноҳларни поклаб, ўзимни оқлайдиган фалсафалар оламига шўнғийман...

* * *

...Бирданига режалар ўзгариб, руҳшуносларнинг ҳафталик махсус семинарига боришим керак бўлиб қолди. Семинарда дунёнинг таниқли дуохонлари, руҳшунослари, башоратчилари ҳам иштирок этар, тажриба алмашиш, ўрганиш мумкин эди. Экстрасенслар ассоциацияси бу семинарни даврнинг энг олий, руҳоний-илмий-амалий анжуманларидан деб баҳолаётган эди.
Яхши ҳамки дунёда иш – машғулот бор экан, Худойим. Мени куйиб-ёнишдан бир неча кунга бўлса-да қутқарган каби семинарга чақириб қолишди. Қандай яхши! Энди, фурсатдан фойдаланиб, ўзимни-ўзим тушуниш имконига эга бўлишим керак.
Семинар ишида назарий дарсларга ҳам кенг ўрин берилган экан. Нафсни енгиш руҳни камол топтиришнинг олий шарти деб қараш зарурати ва шу асосда Аллоҳга интилиш инсоннинг жисми жонидаги ўнлаб касалликларнинг бевосита шифоси хусусидаги фикрлар атрофида баҳс ва мунозара қизиди. Руҳшунослар қазойи қадарни англаб, тавба тазарру билан руҳи покланган бемор бу туйғудан йироқ бемордан кўра тезроқ тузалишини исбот қилардилар. Айниқса, динсизлик ва руҳий оламдан узилиш босқичини бошдан кечирган халқларнинг хасталикдан даволаниши қийин кечишига мисоллар келтирардилар.
Арабистонлик Шайх Анвар домла унвонли зот маърузасига кўра, даврнинг кўзга кўринмас маънавий хасталиклари – риё, хиёнат, зино, ҳалол-ҳаромни билмаслик, Худодан қўрқмаслик, тоат-ибодат қилмаслик туфайлидан келиб чиқадиган аҳлоқ касаллиги инсониятнинг том маънодаги инқирози бўлиб, бу жамият учун вабодан ҳам даҳшатлироқ эди. Дунёни «микроб» деб аталувчи инс-жинслар босиб кетгану, дунё бўёқлар билан бежаниб, касаллик ўчоғини кенгайтириб, оловини осмонлатишда давом этмоқда. Одамлар гуноҳдан қўрқмайдиган, уялмайдиган даражага бориб етмоқда. Агар Одам алайҳиссаломнинг гуноҳ қилиб жаннатдан чиқарилган ҳикоясини эсласак, ул Зот неча йиллар тавба қилиб, кўз ёшлари сел бўлган, Аллоҳдан ҳаё қилганидан, ҳатто, бошини ҳам кўтаролмаган экан. Бизнинг кунларда одамизод гуноҳларидан фахрланадиган бир даврни яратиб улгурди. Фаҳш, зино, пардасизлик, ўғирлик айб бўлмай қолди. Азизлар, ҳар бир инсон энг кичик ҳисобланган гуноҳни ҳам ўзи учун катта гуноҳ деб тушунмас экан, маънавий покланиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Уринишлар, жазолар, тарбиялар барчаси зоедир. Умид фақат Аллоҳ меҳрибонлигида, унга ишониш ва имон келтиришда, тавба қилиб яхши амаллар билан ўзини ўнглашга интилишдадир...
Маъруза ёқимли, мазмунли, ҳароратли, сеҳрли, далиллар ишонарли. Ботқоққа ботган жамият ва инсонни қутқаришда дунёвий ва диний- руҳоний илмлар аро кўприк солинишини тақозо қиларди бугунги кун. Ҳар қанча соғлом кўринмасин, руҳоний дунёдан ажралган, узоқлашган тан хастадир. Хулоса шулки, комил инсон тарбиясида Дин ва Дунё илмлари бирлашмас экан, тан ва руҳ соғломлигига эришиб бўлмас...
Маърузалар мураккаблашиб, гоҳида сиёсатлашиб бораётганга ўхшарди. Қулоғимга гап кирмай қолди. Ё Художон, менга нима бўляпти? Ўша хасталикларнинг барчаси, балки менинг ўзимдадир? Бирор ёмон ҳаракат содир бўлмаган эса-да, унинг билан ёлғиз қолишим шариат одобида хилват саналади-ку. Ҳақиқат шулки, Унинг билан ёлғизликни хоҳлашим никоҳдан бошқа барча ҳолатларда ҳаромдир. Демак, никоҳга рози бўлишим ёки бу ўйинга нуқта қўйишим, зино ботқоғига ботмай туриб, бу балодан нафсимни қутқаришим лозим. Жаҳаннамда абадий қолмасликнинг бирдан бир йўли ҳам шу. Қандоғ ҳам қўрқинчлидир у қарғиш ва лаънат ўчоғи бўлган Жаҳаннам отли дўзах ёки Дўзах отли жаҳаннам! Нега мен унинг ҳовирини сезмаяпман? Ё Раббий! Оқибатга рўпара турганим ҳолда қўрқувни эмас, уни ўйламоқдаман. Қидира-қидира Сени топганимда, маънода маънога етишганимда, ўша Кунда раҳмату марҳаматинг қошида, бепарда жамолинг умидидан руҳониятим ёришиб, ўз ҳолимдан масту ҳайрон юрган бир кунимда уни менга рўпара қилган, кўнглимни у томонга бурган Ўзинг эмасмисан, ё Раббий? Ўзингни танитганинг ҳолда мени гуноҳларнинг каттароғи билан имтиҳон қилаётган ва бу синовда таслимимни хоҳлаётган бўлсанг, қазойи қадарга шундай битган бўлсанг ман на қилай, эй Қодир Зот?
Кимдир сўради:
–Зинокор бир умр дўзахда қолиб кетадими?
–Гуноҳкор астойдил тавба қилса, Аллоҳ ўзи ёрлақаган бандасининг ширкдан бошқа барча гуноҳларини кечириши мумкин экан.
Зинонинг турлари ҳақида гап кетди. Кўзни ерга қаратиш, нигоҳни сақлаш, хаёлни сақлаш ва ҳакозо тақвонинг шартлари ҳақидаги ўзим билган таниш дунёдан анча узоқлашиб кетибман чоғи, рўпарамда оқ матога қора ҳарфларда битилган “Уят!” деган ёзув пайдо бўлганича ҳавода муаллақ қолди. Нима бу? Фақат менга кўриняптими, ё бошқаларга ҳамми? Секин шеригимга қарадим, у хотиржам ўтирарди. Демак, мендан бошқага кўринмаяпти. “Субҳаноллоҳ!” деб юборибман. Шеригим бир қараб қўйди.
Худосиз кишининг руҳий дунёси яланғочдир. Худосизликнинг ўзи касалликдир. Соғлом одам Яратувчини инкор қилолмайди. Таҳлил шу қадар чуқурлаша борардики, баъзан кичкина бир нуқтадан тоғдек оғир ва улкан гуноҳ ўсиб чиқиши мумкин эди. Э воҳ! Унда бизнинг ҳолимиз нечук бўлғай? Шунча огоҳлик қошида туриб ҳам хаёлимни йиғиб ололмаяпманми, демак Худойимннг ўзи шуни хоҳлаяпти. “Ё Раббий, нималар демоқдаман мен? Астағфируллоҳ, астағфируллаҳил азийм...” Истиғфор айта бошлайман. Ўзинг кечир, ўзинг қутқар. Уни ҳам ўзинг паноҳингда асра, қаҳрингдан, ғазабингдан, Ўзинг яратган ёмон нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ бер, дейману ҳеч таскин тополмайман.
Ўзимда ўзимни еб, охири икки қутб аро гумонлар комига тушиб қолдим. У кишининг Исломга киришида ҳам бир мунофиқлик бордек, хаёлимда, ҳар қандай аёлни синдириш қўлидан келадигандек ва бу мақсадига мени танлагандек туюлаверди. Аслида ҳам ким бўлишидан қатъиян аёл барибир аёл. У ўз туйғулари оламида яшайди. Ҳар қандай аёл ҳам эркак билан, эркак эса аёл билан ободдир. Қайси бирики, ҳаётда ўз тенгини, ўз кўнглини топмабди, унинг барча топганларининг бир чеккаси кемтикдир. Мен бу гапларни шунчаки табиб сифатида айтаётганим йўқ. Ҳақиқатда аёллик дунёсида, ҳеч кимга муҳтожлик сезмай, ўз кучим, иқтидорим, ғурурим билан кашф этган оламимда шукрона билан айтаманки, кўнгил ўзи бир бўстон бўлиб, унга, фақат унгагина тегишли хос боғбон керакдир. На ота-она, на ака-укалар, на мансаб-мавқе, борингки, на фарзандлар... буларнинг барчаси бирлашиб, тенгсиз бир бахтни мужассам қилгани ҳолда, бу бахтнинг бахти яримлигини яширишдан ожиздирлар. Кези келганда қадаҳнинг тўлалиги учун етмаган бир томчининг қиймати бутун бир қадаҳнинг қийматидан салмоқлироқдир. Ўша бир томчи Сизни хароб қилиш учун яратилган бўлса, у нақ оғудир. Агар у Сизни обод қилиш учун яратилган бўлса, ҳаётбахшликда Масеҳ нафасидан ҳам қудратлироқдир. Бу муҳаббат эликсири ўликка жон, тирикка имондир.
Ё Раббий, опоқ энамни сабр маликасига айлантирган қудрат муҳаббат эликсири бўлса не ажаб?! Ўша бир “томчи” шунчалик қудратга эга эканки, урушдан қайтмаган амакимнинг беваси– опоқ энамни қаҳрамонга айлантирди. Садоқат тимсоли бўлган момомизнинг ичларидан нималар ўтгану, нималар кетгани ёлғиз ўзига-ю, Яратганга аёндир. Маъюс нигоҳлари, хаста табассуми, ўксик овозлари, одми ва ўзига ярашган, покиза либосларида ҳам сирли бир маҳзунликни сезар эдим. Балки менга шундай туюлгандир. Аллоҳ билгувчироқдир. Қариндошлар уни бошига кўтаришарди. Соғиниб, кўргани борардик. Атрофида қанча айланиб, ўргилсангиз унинг йигирма ёшлигида қандай бўлса шундайлигича қолган мафтункор нигоҳларига лоп этиб ёш аралаш шуъла қалқиб чиқар, у ўшанда яна ҳам ёқимли бўлиб кетарди. Шундай қилиб опоқ энам– қишлоқнинг покиза бувиси бедарак кетган амакимни қирқ беш йил кутди. Хасталаниб ётиб қолганида қайинсинглисига васият қилибди. “Қизбика, жон ҳам омонат эканига имоним комил бўлди. Агар эгаси эртами кеч омонатини олиб кетса, менинг шу сўзларим сизга омонат бўлсин. Акангиз бир кун эшикдан кириб келар бўлсалар, айтингки: “Кўнглим бўстонига ундан ўзганинг назари тушмади, охирги нафасимгача у кетган йўлларни нигоҳим билан кунига супирдим. Қачон кириб келсалар ҳам қадамларига гард юқмасин дедим...”
Опоқ энамиз олтмиш беш ёшда вафот этдилар. Ғассол айтишича, охират либосида келинчаклардек гўзал бўлиб кетибдилар эмиш. Вафо маликаси бўлмиш ул зот ҳақиқатан ҳам гўзал бўлиб, умрлари ҳижрон азобларида ўтганига қарамай, тенгдошларига нисбатан жуда ёш кўринардилар. Рўмоли тагидан сочларининг оқи чиқиб турганини эътиборга олмасангиз, юзлари артилган тухумдек сип-силлиқ, битта ҳам ажини йўқ эди. Аллоҳнинг сирлари ўзигагина аёндир. Опоқ энам қайда-ю, биз қайда?
Нега мен унга ишондим, нега мен унга боғланиб қолдим? Ҳатто мен у билан жамиятдан айро, махфий бир ҳаётда яшашим мумкинлиги ҳақида ўйламоқдаман. Агар эҳтиёжим эркак зотига бўлса, элчисини юборган муносиб одамлар ҳам бўлди-ку... Уйи-жойи, мавқеи, ҳусни-хулқи рисоладагидек одамлар эди. Бу эҳтиёждан эмас, балки Яратган эгам томонидан бошимга келажак бир бало бўлса керакки, у менинг ихтиёримдан ташқарида аллақачон ҳал қилиб қўйилган бир оқибатга ўхшарди. Ошим ҳалол бўлса, кўчада ичсам, кимнинг иши бўлсин? Агар у ҳақиқатда ҳам ҳалол бўлса, нимадан қўрқаман ва кимдан яширинаман? Бу ҳаёт меники, ихтиёрим ўзимда бўла туриб, нега кифтимдаги қушни жон-жаҳдим билан ҳайдамоқчи бўламану, на унинг кетишига, на қолишига розиман? Нега, нега? Хаёлларим чалкашиб, ул бировни гоҳ оқлаб, гоҳ қоралаб, тайинли бир сўз тополмай девона бўлаёздим.

* * *

Бошидан бошлайдиган бўлсам, у менинг ҳаётимга ё ердан ё осмондан тушган ҳолда Ўзининг қудрати ила кириб келгани рост. Ўзимизни ўзимиздан яшира олмаганмиз. Кўнгилларимиз ўзи билан ўзи олишиб, бир ғашликдан таъбимиз ёришмай турганини ҳам кўриб турардик. Буни биринчи бўлиб тушунган ва тилга чиқарган ҳам мавлоно эди. Лекин у жон-жаҳди билан ўз мақсади сари интилмоқда. Яна гумон қилардимки, у айни фалакнинг ўзидан менинг эътиқодим ва ҳиссий туйғуларимни пайхону хазон қилишга юборилган бир офат эмасмикан? Доимо парда ичида бўлган, замонида ойдан ҳам юзини беркитган моҳпоралар авлодлари билан муҳаббат саргузаштларидан ҳам қизиқарлироқ ўйинни у қайдан ҳам топа олсин. Шунинг учун ҳам ҳеч иккиланмай мусулмонликни қабул қилгандир. Ишончимни қозониб олиб муродига етмоқчи, кейин қорасини кўрсатмай ғойиб бўлса-чи. Ана сизга шаффоф туйғулар ортига беркинган аждар ўпқони! Ё Раббий!
Кўнглимга келган бу шумликлардан кўнглим ўйилиб ўйлардим: “Шаффофлик шундоқ бўлар бўлса, ундай шаффофликдан қўрққуликдир. Биласан-ку, муҳаббат таъна-маломатга чидаганга чиқарилган қурбонликдир. Сен эса нуқул тарози бошидасан, кўлмакнинг тошида уммонни тортмоқ истайсан. Агар муҳаббатинг, туйғуларинг чин бўлса эди, у сенинг динингни қабул қилмаган тақдирда ҳам сен унинг қалбини қабул қилар эдинг”.
Эй, қудратли Яратган, ҳалол-ҳаром қоришмасидан иборат бу олам мулкидан покизалик билан чиқиб кетиш, ўтга тушиб куймасдан чиқиш билан баробар эмасми? Инсонларнинг турли динлару эътиқодлар қатори Ислом ақидаларига амал қилмоғи ҳам сенинг хоҳишингдадир. Сен хоҳламаганингда эди на бир мавжудод ва на бир махлуқот, на бир инсон мавжуд бўлар эди. Одамлар орасига турли дин ва тиллар орқали девор ва чегаралар тортган ҳам Ўзингсан. Шу чегараларни бузиб, бир-бирларига интилишларига йўл очган ҳам Ўзингсан. Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, нафрат ҳам, муҳаббат ҳам Ўзингнинг ҳузурингдандир. Демак, ўзим билан ҳарчанд курашмай, олишмай Сен азалда битиб қўйган нарса бўлғусидир... Оқми, қорами, барчаси ўзингнинг кашфиётинг, яратиқларингдир. Бизнинг бир-биримиздан ортиқ ё камлигимиз Сени қанчалик яхшироқ танишимиз, белгилаб қўйган чегараларингни сақлашимиз, низомларингга амал қилишимиз, тақвомиз билан экан, уни ҳам Ўзинг яхшироқ билгувчисан.

Қазойи қадар – бу пешона. Ёзуқдан қутилиб, уни ўзгартириб бўлмайди. Аллоҳ хоҳласа ўзи ўзгартириб, масалан, ўлим кундасидан омон олиб қолиши, ёки оғзингда ютишга берган луқмасини чайнатиб туриб ҳам юттирмаслиги мумкин ва ҳоказо. Аллоҳ хоҳлагани бўлади. Нима бўлганда ҳам бизни тубанликдан ўзинг асра, Яратган.
Кўз ёшларимни маъруза таъсиридан дегандек, ўқтин-ўқтин қараб ўтирган ҳамроҳим гапиради:
–Мен Қуръон тиловат қилинса, шундай, ўзимни тутолмайман. Менинг кўнглим нозик десам, Сиз мендан ҳам таъсирчан экансиз. Булар ўзи маърузани зап ўқишар экан-да. Одам қушдек енгил бўлади-я. Гипноз қилишяптимикан ё?
–Гипнозлик – кўзбўямачилик дегани. Булар Аллоҳнинг ҳақиқатидан, ҳукмларидан гапиришяпти.
–Рост-е, қаранг. Нималар деяпман мен ўзи?
У ёқаларини тутамлаган кўйи истиғфор айтди. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа, дард бошқа, алам бошқа, деганлари шу бўлса керак.
Қулоғим шайх домланинг сўзларида-ю, кўнглимда У. Минг бор тавба қилсам ҳам иложи йўқ. Кўнглим ақлимга бўйсунмайди, шунча мулоҳаза, гап-сўздан кейин ҳам Уни дуо қила бошлайман: “Ё худойим, ул умри азизимнинг пешонасини ёруғ қилган бўлгин. Нима бўлганда ҳам барчаси бир ҳикматга кўра содир бўлмоқда. Ҳикмат чироғига ишқ идишидан мой қуймоқдасан. Балки у менинг юрак ёғимдир. Бир кичик шуъла олдида куйиб кетаётган жисми-жонимиз, агар насиб бўлса, Ўзингнинг муҳаббатинг қошида не ҳолатга тушаркин?”
Балки ўша шуъла мавлононинг қиёфасини ёритиб, кўз олдимда намоён қиляпти. Шундай рўпарамда турибди. Менда эса беҳудлик. Юрагимда тинимсиз «шув-шув», ичимга нимадир томчилайди, ҳатто овозини ҳам эшитяпман. Неча кунки шу ҳолат. Кўкрак қафасимдан пастроқда, нақ юрагимнинг ичида. Бу қалб! Ундан бошни айлантириб кўнгилни оздиргувчи иссиқ, ҳовур, буғ, дуд, оташ ажралиб томчига айланяпти. Чип-чип томяпти, томган жойи куйяпти, юрагим куйяпти, куйик аралаш ёшлардан кўзларим ачишмоқда. Бу озор ёқимли. Қани энди ҳўнграб-ҳўнграб йиғласам, йиғлайверсам. «Азизам, сизга нима бўлди”, деяпсизми? Мендан куляпсизми, тўғри қиласиз. Уят, мен телбанинг ҳолига уят!
Кечга бориб кўнглим озиши, шувиллаш кучайди. Иссиғим ошиб кетди. Қайт қилгим келарди.
–Сизга кинна кирибди, – деди ҳамхонам Зокира – бир дам солиб қўяй.
У дам солди. Ишини охирига етказар етказмас мен ваннахонага югурдим. Сап-сариқ сафро, зардоб қайтардим.
–Кўрдингизми, яхшиям чиқди. Йўқса, сизни ётқизиб ташларди, бу нарса. Қаттиққина кўзикибсиз, назар-нафас бўлибсиз, ўртоқ.
–Раҳмат сизга, – дедим-да дардим ичимда каравотга чўзилдим. Бироз енгиллашдим, руҳим очилгандек бўлса-да, кўнглим ожиз. Уни ўйламасликнинг сира иложи йўқ эди. Қачон ҳолдан тойиб ухлаганимдагина бу ҳолатдан қутиламан, уйғониб кетдим эса яна рўпарамда, хаёлимда у, унда хаёлим чарх уради. Руҳнинг билгани билган, дегани деган. Азиз дўстга кўнгилни марвариддек тизиб, фазовий мактублар йўллагани йўллаган. Бу жонбахш сўзлар ўзидан-ўзи сувдек оқиб келади. Ихтиёримни қўлимдан олиб, ўз йўлига солиб бўлди бу туйғулар. Номини шивирлашим билан бу товуш юпқа ҳарир парда каби ҳавога енгил парвоз қилади. Ана, у кетмоқда қадрдон манзил сари. Унга бутун бир дунё – еру осмон, ўн икки бурждан ҳарорату баракот олувчи тўрт фасл, оташин муҳаббат, оғриқли, санчиқли, изтиробли, кўз ёшлари ҳалқа-ҳалқа соғинчлар жойлашган. Бу туйғу бутун залвори, ҳарорати билан Угинани чулғаб олади. Кўнгли орзиқиб, хаёли беихтиёр мен томон парвоз қилади. Юраги гуп-гуп уриб, сокин қалби бир гала қушлар чуғурига тўлади.
Инсон дегани ғалати ва мураккаб бир жонки, уни тушуниш қийин. Мен ҳам бир оддий одам эдим. Табобат ҳаётим, шундан муҳимроқ ишим йўқдек эди. Мана бугун ёш болага ўхшаб, жиддий ишларим салмоғини йўқотиб, бир одамнинг фикри-ёди билан йиқлаб-сиқтаб юрибман. Ўша Робия табиб бугунда ўз туйғуларидан ожиз, сал овсарроқми, девонаворроқми, ожиз бир кимса. Жуда ҳам тез, кескин ўзгариб кетдим. Яна бирдан рашк ўтида қоврилаётганимни англаб қоламан. Ростдан ҳам бачканалашиб кетаётгандек ҳис қиламан ўзимни. Кейин кўзларимни юмганча тақдир кўраман: «Икковлон улкан йўл бошида турибмиз. Бир осмон остида яшасак ҳам, ҳеч қачон бошқаларга ўхшаб бир том остида, бир уйда яшай олмаймиз...».
Қандайдир сўзга сиғмас туйғуларнинг умумийлиги, поку беғаш бир ўхшашлик туфайли йўлларимиз ёндош тушган бўлса, бу ҳам меҳрибон Аллоҳимнинг марҳамати-ку. Иншоаллоҳ биз руҳан саодатли бўлажакмиз. Эй мавлоно, сиз менинг қалбимни, сир-сифатимни, кўнглимни кўриб турибсиз, не бир кўйларга тушишимдан ҳузур топарсиз. Агар сиз шундан ором олар бўлсангиз, майли, бир умр кўзимнинг дарёларида чўмилинг, маззалар қилинг. Аммо мен сизни кўнглим булоқларида поклаб, қанчалар лаззат топажагимни билсангиз эди. Илоҳим, бу булоқлар ҳеч қачон тугамасин, қуримасин.

* * *

Шундай лаҳзалар бўладики, унда сочнинг торидан-да нозикроқ бир толага боғланиб қоламан. Ҳозир бу узилади-ю, мен таслим бўламан, дейману, лекин толанинг темир арқондан-да қувватлироқ эканлигидан ҳайратга тушаман. Балки шундандир, қошингизда чумолиданда ожизроқ жонга айланганим ҳолда, ич-ичимда, етмиш икки томиримда шернинг кибру ҳавосини сезаман. У дейдики, кўкка боқ Ойни кўр, ерга боқ ўзингни кўр. Ойнинг нури бор, иссиғи йўқ. Бу ишда яхшилик йўқ. Бу ишда армон бор, азоб бор, поёнсиз пушаймонлик бор. Сенинг ишинг Ҳақ билан эди, Ҳаққа томон қайрил, ҳақни топ... Ва мен энди ундан ва ўзимдан ҳам қоча бошлайман. Рости ҳам бу оғир бир дарднинг дараги эди. Мен хастаман, касалман. Тан оламанки, мен ҳақиқатда касалман. Мен уни танимайман, танишни ҳам истамайман.
У эса лолу ҳайрон. Гапимни эшитиб туриб дейди:
–Робияхон, сиз соғлом фикрламаяпсиз.
Мен дейман:
–Орамиздаги ҳарир парда аслида темир девордир. Аллоҳнинг ҳадларини бузиб бўлмайди.
– Нималар деяпсиз? Ким сизга ҳадларни бузаман деди?
–Билмадим. Кўнглингиз оғримасин. Хастанинг сўзлари нуқсонсиз бўлмас. Калима келтиришнинг ўзи билан харир тўсиқлар бир енгил тумандек тарқаб кетади деб ўйладингиз чоғи. Аксинча бу ёғи баттар мураккаблашиб бормоқда.

Кейин сиз ақлли гапларни, инсоний муносабатлар, айниқса менинг бурчим, “Каломуллоҳ”нинг аёлга берган ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида муфтийлар, воизлар каби берилиб гапирганингиз сари сўз юксалиб, юрак пастлаб боради. Мен эса имтиҳон топширадиган бир ўқувчи каби жиддий, берилиб тинглайман. Мафтун қилиб қўяётганингизни билиб тураман. Иқрор бўлиб айтаманки, гапларингиз афсонавий бир куйдек юрагимни силаб, руҳимга ором беради. Шу аснода у томдан тараша тушгандек ғалати гапларни гапира бошлайсиз.
– Ҳеч бир нарса шунчаки нарса эмас. Мана бу баргни қаранг, буниси яшил, буниси сариғ, мана бунисини қаранг, кўк. Анавуниси эса кулранг. Одамнинг йиғлагиси келади-я. Қаранг, ўйланг, топинг. Шунда одамлар ҳам нега бир-бирларига интилишларининг сабаби келиб чиқади.
– Худо шундай яратган,– дейман нима демоқчилигига тушунмай. Кейин айтмоқчи бўлганим ушбу сўзлар ичимда қолиб кетгани аламимни келтиради. Шартта- шартта айтсам бўларкан дейман армон билан.
“Дарҳақиқат, мусулмончилик фақат калима келтиришнинг ўзигина эмас, Аллоҳга ишониш тил, дил, амал бирлиги эканлигини билиб турганингиз ҳолда, қатор мажбуриятларни ёнлаб ўтишингиз билимларни билиш учунгина ўрганган одамга ўхшатиб қўйяпти сизни. Ахир имон ислом билан ободдир. Исломнинг улуғлиги ҳам шундаки, унинг чегараларини бузиб ўтишнинг сира ҳам иложи йўқдир.” У айтган турли ранглар тавсифига жавобим шу бўлди. У эса Худонинг турфа рангларидан ҳайратга тушиб кўзлари ёшланганича маъюс тортиб, бошқа гапирмади.
Ё Аллоҳим, бу не ҳол, нималар деяпман? Ниҳотки ... Уруш майдонига кириб бормоқдаман? Поку беғаш муносабатим шу бўладиган бўлса, унинг тескариси қандоғ бўлар экан? Аллоҳим ўзинг кечир. Мен ожизман. Куч бер, сабр бер.
–Эй инсонлар, – дейди бир овоз, – қалб билан, юрак билан севинг, ақл билан фикрланг. Вужудингиздаги бутун ҳароратга буюринг, улар қалбингиз сари оқсинлар. Руҳингизни севги, шафқат, тавба билан тозартиринг. Яратгувчига ҳамду сано айтинг, нафсингизни енгишда мадад тиланг.
Мен эса бахтга илтижо қиламан: «Эй бахт! Кўнгил дарахтининг толиққан баргларига ҳаёт ато эт. Эй, биров етиб, биров етолмаган бахт, менинг жоним сенинг мулкингда муродига етгай. Эй бахт, Арши аълодаги бахт, бир лаҳзагина ёнимга тушгин, бўй–бастларингни биргина кўрайин, кейин не бўлсам бўлайин, Аршинг пойига йиқилайин, эй бахт».
Шунақа гаплар. Ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Бировга айтадиган ҳам эмас, жўяли бир сўзнинг ўзи йўқ. Ҳар кимнинг эътиқоди ўзи учун, ўзининг охирати учун. Мен нега бунча ўлиб тириламан. Бўладиган, ақлга сиғадиган ишни ўйласам бўлмайдими? Ўзимни қўлга олишим керак. Ўз тақдиримга ўз таъсиримни ўтказишим керак. Ҳаракатда баракат дебсан-ку, эй Аллоҳим. Инсофингни дариғ тутма, Парвардигор...

* * *

Яна уйдаман. Параллел олам ва фазо олами, руҳлар дунёси ҳақидаги суҳбатларга яна жон кирган. Қизим «учар тарелкалар бир кунмас бир кун уйимизга келиб, сизни олиб кетиб қолишса-я» деганича ваҳима қилади. Қизиқ нарсалардан гапириб беришимни сўрайди.
–Олиб кетишмайди, – дейман унга сафардан олиб келганим китобларни берарканман. Албатта ушбу китобларни ўқи. Булар одоб, аҳлоқ, жисмоний, руҳоний тарбия ҳақидаги китоблардир. Вақти келиб Инжил, Забур, Қуръон, Ҳадисларни ҳам тушунадиган бўласан. Оламнинг барча сиру асрорлари ушбу китобларда жамланган. Илмга, ҳикматга етишган одам учун параллел олам нима бўпти? Вақти келиб коинотда инсоннинг руҳоний қадами етмаган жойнинг ўзи қолмаса кераг–ов... .
Ўзим ҳам машаққат билан мушоҳада қиладиганим мавзуда қизимнинг бошларини қотираётганимни билиб қолдим. Ахир гапираётган гапларимни ўзим ҳам унчалик англаб етмайман-ку. Сирли дунёлар қошида ҳайратдан соатлаб қотиб, тафаккурга чўмишларимни қизимга қандай изоҳлаб бера оламан. Кулдим. Уни бағримга босиб эркаладим. Кейин яна китобларга оид гапларимни давом этдим.
–Ҳамма нарсанинг, илмга етишмоқнинг асосида ҳалол ҳаромга амал қилиш ётади, болам. Агар киши халқумни, нафсни ҳаромдан муҳофаза қила олса, илм эгаллаш осонроқ кечади. Илм бу аввало оламни, инсонни англашдан бошланади, болам. Сен оламни билсанг-у, унинг яратувчиси ҳақида ҳеч нарса билмасанг, буни жаҳолат дейдилар. Мана бу «Қобуснома». Мана бу «Қутадғу билик». Ажойиб китоблар. «Дуоларнинг хосиятлари»ни ўқишдан олдин ибодат хосиятлари билан танишиш дуруст бўлади. Ибодатлар аввало амаллардир. Номоз ибодатидан ташқари барча эзгу амаллар ҳам ибодат саналади. Аввало яхши амаллар соҳиби бўлган кишининг дуоси ижобат бўлади, дейилади улуғ китобларда.
Қизим китобларни олиб хонасига кириб кетди. Қизиқ. Шунча гапларни гапирибман-у, унинг айнан сўраган саволига жавоб бера олмабман. Қайтанга уни гангитиб қўйдим. Бошидан, алифдан бошлаш лозим ўринда «Қобуснома», «Қутадғу билик»ларни тавсия қилиб ўтирибман? Бу савдолар мени савдойи қилиб қўймаса гўргайди. Ўзимни ҳарчанд қўлга олишга ҳаракат қилмай, фойдаси йўқ. Унга сари бўшашиб, шалвираётганимни, муҳитдан узилиб бораётганимни ҳис қиламан.
–Опа, опажон, – кўзларимга тикилди қизим, – Сизга нима бўлди, мазангиз йўқми?
–Йўқ, нимайди? – шундагина қизим анчадан бери қаршимда турганини эсладим.
–Чақирсам ҳам эшитмайсиз, менга қарамайсиз?
– Ҳа, болам, хаёлим кетиб қолибди?
–Нафсдан парҳез дегани нима? Қўшнимизнинг қизи сариқ бўлганида парҳез сақлаган эди. Ўшанақа нафс ҳам сариққа ўхшаганми?
–Топдинг қизалоғим, топдинг. Ҳеч ким тасвирлаб беролмаган, ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган гапни айтдинг, болажон, – дея мириқиб кулдим.– Парҳез дегани сақланиш дегани. Нафс бу инсоннинг дунёвий қизиқишлари, ейиш, ичиш, орзу қилиш, ҳавас. Агар унда меъёрига амал қилинмаса, унинг оқибати сариқдан ҳам баттарроқ бўлиши тайин. Агар киши ҳар куни ёғлик, ширин таомлар еяверса, кун чиққандан кейин ҳам ухлайверадиган бўлса, ҳузур-ҳаловатга, фақат мазза қилиб яшаш мумкин бўлган воситаларга, шароитларга ўзини ураверса, одамнинг жони роҳат-фароғатга берилиб бораверади. Унда дангаса, ўзини севиш, бошқаларга беписандлик, ожиз кишиларни тушунмаслик каби сифатлар пайдо бўлади. Нафс семириб боради. Инсонни одамгарчиликдан чиқариб қўяди. Ҳар бир инсон ўзидаги бор нарсани яқинлари , ака-укалари, қариндошлари билан баҳам кўролмаса, у одам анча-мунча нафсга мағлуб одам ҳисобланади. Яна ...
Қизим кўзлари чақнаб сўзга оғиз жуфтлади:
–Кеча Адҳам аканинг синглиси келди. Адҳам аканинг машинаси эшиги олдида туришига қарамай, синглиси иккита ёш боласини етаклаб, яёв кетди. Қўшнилар гап қилиб туришганини эшитдик. Адҳам ака қизғанчиқ эмиш. Шу ҳам нафсга кирадими?
–Энди қизим, биров ҳақида гап қилиш ғийбатга киради. Бировнинг гапини тинглаш ҳам нафснинг ёмонлигидан бўлади. Ғийбатга қулоқ солиб туриш ярамайди, болам. Сен қўшниларнинг гапларига қулоқ солдингми?
–Йўқ, биз ҳам шу ерда ўртоқларимиз билан дарсларни гаплашиб тургандик-да.
–Нафснинг кўзга кўринмайдиган истакларидан бири бошқаларнинг гапини эшитиш ва уни гапириб юришдир, қизим. Адҳам аканинг машинасига келсак, балки машинаси бузуқдир, балки ўзининг мазаси йўқдир. Ҳар ҳолда бировнинг ёмон жиҳатидан кўра яхши жиҳатини қидирган киши, нафснинг ёмонлигига қарши курашган одамдир, болам. Адҳам ака кўпчиликнинг манфаатини ўйлайдиган одам, у домнинг олдини саранжом-саришта қилдирди, дарахт эктирди. Ишкомларни ҳам Адҳам ака ясаттирган. Шунча савоб ишни қилган одам синглисидан машинасини аяйдими? Одам ўзини гуноҳкор ҳис қилиши билан дарров тавбага келиши керак. Шунда кўнглидаги шубҳа, ёмонликни қайтарган бўлади. Тавба шайтонни қайтаради, дейдилар. Тавба қилайлик болам, астағфируллоҳ дейлик, ўзинг кечир Аллоҳим, дейлик.
Қизим ҳам дарров такрорлади ва мендан ҳам узр сўраб хонасига кириб кетди. Фариштагиналарим менинг, меҳрибонларим менинг. Пайти келса роса мириқиб, ичаклари узилар даражада кулишиб, латифалар айтишишади. Хаёлларга берилиб, ҳар бири ўз юлдузи сари парвоз қилишади. Бу уйнинг муҳити шу. Болалар учун фантастик дунё, мен учун ботиний олам. Фантастика – хаёлот ҳам одамнинг ботин қарашларининг инъикоси бўлганликдан, инсон ўзидан, ўз оламидан ортиб қайга ҳам борар эди. Эзгу ҳаёлот эзгуликни, ёвуз ҳаёлот ёвузликни тарбиялайди.
Болалар мамлакатнинг сиёсий аҳволини ҳам баъзан хаёлот йўли билан ҳал қилиб ташлашади. Чиройли, адолатли, фаровон ҳаётга, бахт-саодатга эришишнинг йўлларини ўйлаб топишади. Ер куррасида битта ҳам ёвуз одам қолмайди. Умуман ёмонликнинг нишонасини кўрмайсиз, одамлар ҳатто ёмонлик ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслар. Етук, баркамол инсонлар сайёраси барпо бўлади. Одамлар бир-бировни ранжитишдан мутлақо пок. Дунёни эгалласалар, сирларга етсалар ҳам бир-бирининг ички сирларини билишдан ожиздирлар. Мен ўғлимнинг «руҳий дунё сирлироқ қолмоғи керак» деган фикрига қўшиламан. Одамнинг ўзигагина аён тўйғулари, сирларини рўпарасидагилар кўриб, томоша қилиб тургудек бўлса, ҳаётнинг қизиғи ҳам қолмайди. Ёки ҳеч ким изтироб чекмаса, қайғурмаса, ўйламаса бу даҳшат! Бу фалокатдан инсонни Яратганнинг ўзи асрасин. Қазойи қадар, ёзуқни махфий тутиб, Аллоҳу таоло дунёни нақадар ажойиб, гўзал яратган-а!

* * *

Нимагадир юрагим «жиз-жиз», қаттиқ безовтаман. Бу «жиз-жиз»да ҳам дард, ҳам малҳам мужассам. «Унга нима бўлдийкин, сиҳат-саломатмикан?» Мен-ку, унутишга қасд қилдим, лекин у бунга асло рози бўлмайди. Унинг руҳидаги безовталик меникидан ҳам кучлироқ. Аслида унинг кечинмаларини кечириб турганим учун ҳам безовтаман. Балки у мени ўзига чақиряпти. Нима бўлганида ҳам уни кўриш истагидан юракларим эзилиб, пора-пора бўлиб кетаяпти. Келақолса-чи! «Келақолсангиз-чи!» Барибир келасиз, албатта келасиз, учиб келасиз...» .
Вақт ҳам алламаҳал бўлиб қолибди. Намози асрнинг вақти кетиб борарди. Хаёл кишини ғарқ қилади дегани шу-да. Куннинг энг гўзал палласи Аср. Қуёш ботиш томон оғиб бормоқда. Муҳаббат, дийдор оғушига ботиш, абадиятга ботиш билан баробар. Ботиш дегани бу бир қоронғу манзилдан ўтиш, у ёғида ҳаёт абадий. Абадиятга етиш учун албатта ботишдан ўтмоқ керак. Ўлим водийсидан ўтиш бу ботишдан, намози шом ва хуфтондан ўтиш билан эришиладиган ҳақиқат. Муҳаббат ҳам ўлим каби нақ абадиятнинг ўзи. Бунчалар сўлим ва мастона, орзиқтирувчи, гирдобига тортувчи, аллалагувчи бўлмаса бу ботиш манзили. Менинг ҳаётим ҳам айни сужудда. Муҳаббат, ўлим, абадият қошида сужуд завқи-шавқини, лаззатини умрим асрга етганида англадимми? Ўзини англамоғи учун инсон умрининг асрини кутиши шартмикан? Йўқ эса, умрнинг катта қисмини бой бериб қўйиб, нега бу туйғуни англамадим, ҳис қилмадим, билмадим? Намози асрнинг ҳар бир дақиқаси шу пайтгача кечирганим бутун бошли умрдан файзлироқ, роҳатбахш ва мастона эди. Муҳаббати ўтида куймай, ишқ саҳросида ташнайи зорликка тушмай туриб, мен бу бир қултум ҳаёт лаззати-ю, роҳат-фароғатини бир умр сезолмабман?! Эй, инсон, умр мазмунини ҳаёт лаззатларидан қидирдинг, осмонларга учдинг, дунёнинг қадам етганича иқлимларини кездинг, умрингнинг катта қисмини бой бердинг, шамолларга совурдинг. Энди чарчадим, ҳаёт мендан йитди, ҳар қанча уринмай, бахт барини ушлатмай ўтиб кетди, деб дунёга қўл силтамоқчи вақтингда вақти Аср кўзларингни очдими? Муҳаббат изтироблари, қувончлари билан дилингни нурафшон қилдими? Энг юксак мақомга кўтариб, кўксингга маъно юлдузини тақдими?
Муҳаббат чироғи нур сочмаганида ботиш ва хуфтон водийсидан бошланувчи бақо йўлини кўрармидинг? Ҳикмат ахтариб жаҳон кезмоқ не ҳожат? Қисматингга, ёзуқларингга назар ташлаш, англашга ҳаракат қилиш ўзи кифоя эмасми? Агар Аллоҳинг икки ҳисса ёрлақамаганида, кўзингдаги бир қават пардани олиб, ҳикмат дунёсига йўл кўрсатармиди? Йўли, мақсади етти ёт бир инсонни қошингда иймонга келтирармиди? Бу ҳам етмагандай унинг дилига ишқ оташини ташлаб, қалбини қалбингга улармиди? Соғинчу рашк, висол қувончлари билан зоҳиран бир тутамгина вақти Асрга юз йиллар лаззатини жам этармиди?
Муфассирлар «Вал аср» сурасида тенгсиз улуғлик кўрибдилар. Аср лаҳзасини вақтнинг юз йилига қиёслабдилар. Баъзилар агар Каломуллоҳ буткул нозил бўлмасдан Аср сурасининг ўзи бўлганида ҳам унинг ҳикмати инсониятга кифоя эрди, дебдилар. Унда дунёнинг бор ҳақиқати мужассамдир. Унинг хосиятини англашга инсон ҳаётининг асргача бўлган қисми асрда камлик қилганининг ўзи кифоя, мўъжиза эмасми? Кўр-кўрона яшаб, айни вақтда асрда ҳақиқатдан, оқибатдан хабардор бўлмоқлик, зулмат ичра бир тола нур завқу лаззати қошида ҳўнг-ҳўнг йиғламоқлик аср хосиятини англамоқлик эмасми? Ё Раббим, ахир бу – Ишқ, бу – Муҳаббат, бу–Маърифат эмасми? Ўзинг оламни яратишдан олдин бир тола нурни – Муҳаммад алайҳиссалом жамолини яратиб, унга маҳлиё бўлганлигинг боис унинг атрофида жумла оламларни, кирдикорларни яратдинг. Қиёмат кунида бутун маҳлуқоту, инсониятнинг шул Зоти муборак орқали шафоат сўрамоғини тақдир қилганингнинг ўзи тенгсиз муҳаббат эмасми, Тангрим?! Зулмат қўйнида бир тола нурни яратмаганингда эди, мен ҳам дунёларга келмагай, кўргиликларни кўрмагай эрдим, қисматимдан нолиб, гоҳ чўкиб, гоҳ умидвор Ўзингга арз қилмагай эрдим, шафқат ва мурувватингни ифодалашдан ожиз қолмагай эрдим, жойнамоз устида титраб-қақшаб висолинг умидида йиғламагай эрдим. Ё Тангрим, биз шундай ожиз бандалармизки, ишимиз ғаразли, қилмишимиз таъмали. Ҳатто сенга ибодатимиз ҳам нафсу хоҳишимиз йўлида. Сен Аллоҳ бўлганинг учунгина эмас, аслида азобингдан қўрқиб, марҳаматингдан умидвор бўлганимиз, ўз нафсимизга эришмоғимиз учун ибодат қиламиз.
Менинг ожизлигимни афу эт, ахир сен меҳрибонсан, тенгсизсан, мислсизсан. Мен ҳар қанча ёлвормай қазойи қадарда битилгани, лавҳул маҳфузда ёзилгани бўлади. Ҳозир йиғлаб ёлвораётганим шу муқаддас, азиз лаҳзалар ҳам менинг қисматимга битилган ва мен ундан минг, милён бор розиман. Ниятларим ва унинг ижобат бўлмоғи ҳам қисматга битилганидан умидворман. Бу ишончни дилимга Ўзинг солмоқдасан, мени ғамдан қутқармоқдасан. Сенинг қудратли номингни, Зоти сифатингни дилим минг пора бўлиб такрорлар эканман, Шайтони лаиндан паноҳ бермоғингга иймоним комил. Ё Аллоҳим, шу лаҳзаларда дилим бир ажиб нурдан ёришмоқда. Саждага бош қўярканман, ул нур ер қаърига ўқдек санчилди. Зимистонлар ёришиб осмону ер бирлашиб кетди. Ер туби кўзгудек, уммондек ярқираб турибди, у ерда юлдузлар жимирлашиб ётибдилар. Оҳ, ҳамду сано Ўзинггадир, меҳрибон Роббил Оламийн. Осмон чироқларининг ернинг тубидаги жилваси хаёлот эмас, мен уни аниқ-тиниқ кўрдим. Вақтнинг юз йилига тенг муборак аср онларига жонларим фидо бўлсин. Яна бир нафси ожизимга боғлиқ мақсади мухтасар шулки, мен уни кўрмоқ истайман, унга илҳақман, зорман. Унга ожизу нотовонлигимдан хабар бер, Яратган Эгам. Хаста ва хуфтон дилимни Ўзингнинг марҳаматинг ила чароғон эт... .
–Сизни бир одам сўраяпти, – деди қизим эшикни оҳиста тақиллатаркан.
Юрагим шувиллаб кетди. Бу ўша. Ана, келди-ку! Ташқарида, недандир хижолат, ним табассум билан туришларини қаранг...
–Келинг. Келсинлар...
–Сафарлардан хуш келибсиз…
–Раҳмат. Ичкари кираверинг.
–Ташаккур. Бирров хабар олай дедим.
У курсига омонатгина ўтириб, қўл очди: «Хонадонингиздан файзу баракот аримасин».
Мен дастурхонга уннамоқчи эдим, у киши тўхтатди:
–Оввора бўлманг, мен шундай бир зумга киргандим.
–Яхши-да.–Жавондан қалин муқовали «Қуръони карим» тафсирини олиб, олдиларига қўйдим.
–Бу Сизга. Энг содиқ дўстингиз бўлиб қолсин.
–Зўр-ку! Раҳмат.
Овозлари тўлқинланганича китобни олиб меҳр, ихлос билан ўпиб кўзларига суртди. Бир оз ўйлаб тургач, оҳиста очаркан, чеҳраси ёришиб кетди.
–Во ажаб?! «Юсуф» сураси-ку. Ё тавба, Аллоҳнинг бу гувоҳига нима дейсиз?
–Ҳамд ва мақтовлар Аллоҳгадир, мавлоно. Беадад шукрлар бўлсин...
Сўзимни йўқотдимми, ё барча туйғуларим шугина шукронага жам бўлдими, жим бўлиб қолдим.
–Сизни таклиф қилиб келган эдим, меҳмонга...
Менинг ҳолатим унга юқдими ё ўзи тутликдими, ҳар ҳолда сўзининг охирини йўқотиб қўйди.
–Йўқ. – Овозим кескинлашди. – Тўғри келмайди!
–Робияхон, тўғри тушунишингизни истардим.– У аразлашган кунимизни эслабми, дувв қизариб, давом этди. – Ўша куни Сизни кузатиб қўйишим керак эди. Кейин ишим юришмади, кайфиятим бузилди. Эртасига келдим, уйингиз берк экан.
–Ҳа,– дедим соатга қарарканман. У кетиш учун қўзғалди.
Кеч кириб қолди, шекилли, Аллоҳ кечирсин,– деди у гуноҳкорона. – Мен энди кетай.
Шундай дейишини кутиб тургандай ўрнимдан турдим, кузатиб кўчага чиқдим. Билдимки, руҳим аллақачон унинг руҳига кўчиб бўлган, жонсиз оёғларимни зўрға судраб босиб, беш-ўн қадам юрдим. Дарахтлар қалинлигиданми йўлак қоронғилашиб қолган эди. Энди қолаверсам ҳам бўларди, аммо негадир унга эргашиб кетиб борардим. Юрагим гупиллаб урар, жоним худди бўғзимдан чиқиб кетадигандек ғалати титроққа тушгандим. Ҳолсизланиб, дарахтга суяниб қолдим. Сербарг дарахтлар ваҳимали чодрага бурканиб, гўё устимга ёпирилдилар.
–Нима бўлди Сизга? Э, йиғлаяпсизми?
Мен унинг меҳрибон елкаларига бошимни ташладиму, йиғлаб юбордим. Ўзимни, ўзлигимни унутган, деярли йўқолиб битган, унга бирлашиб кетганга ўхшардим.
–Сизни бу аҳволда қандай қолдириб кета оламан? Бафуржа гаплашиб олишимиз керак, Робияхон, бизникига борайлик...
–Йўқ, – дедим сал ўзимга келиб, ўзим ҳам тушуниб етмаган қандайдир аламу–ғуссаларни ичимга юта–юта, – бора олмайман. Ҳамма гап шундаки, бора олмайман! Нега зулм қиласиз, нима қасдингиз бор?
–Бунча эзилмасангиз, – дерди у нима қилишини билмай кўз ёшларимни арта–арта. Эҳтирослардан ғолиб тарзда фидойилик билан давом этди: –Эртагаёқ, узоғи билан индинга қолмай ҳал қиламиз, худо ҳоҳласа.
–Никоҳни қаерда ўқитамиз? Қани айтинг, марказдаги масжидга борамизми?
У болаларча самимият ила кўнглимга йўл изларди.
Мен нафасим ичимда сўзлашдан ожиз, изтироб, ёниқ бир алам билан борлиқни унутиб, ул номеҳрибонимнинг азамат елкаларига бошимни қўйиб, ғаму ором оғушига чўксам дердим. У ўзини ўзи койиб, сўкиб анча вақт сўзсиз туриб қолди, кейин бошимдан рўмолимни суриб ташлаб, сочларимни силаб, тўзғитиб, қандайдир хушбўйлардан боши айланиб, руҳи еттинчи фалакка учди.
Барибир хайрлашиш лозим. У эртага масжид олдидаги бекатда учрашадиган бўлиб хайрлашди. Ана у беш–ўн қадамча узоқлашди. Мен дарахтга суянганимча қотиб турибман. У яна орқасига қайтди.
–Сизни қандоқ қилиб бу аҳволда қолдириб кетаман? – Кейин қатъий буюрди. – Ўзингизни қўлга олинг, уйингизга боринг, дам олинг, ухланг! Сизга айтяпман!
Еттинчи осмон ҳушёр тортди.
–Ўзингиз нега кетмаяпсиз?
Яна арзи ҳол, кўз ёши. Азамат чинорлар сукутга толганича бировлар суҳбатини эшитаётганидан хижолат, қулоқларини тиқиб, кўзларини юмиб олишган, тиқ этган жон йўқ. Зилдек осилиб турган осмон кўтарилгандек, ёришгандек бўлди. Дарахтлар орасидан ой мўралади: «Ҳаммаси яхши бўлади. Сабр қилган киши етар муродга».
Аллоҳ паноҳ берди., сиримизни фош этмади. Бизга суянч бўлган дарахтнинг илдизлари ерга чуқурроқ ботди, ранглари тиниқлашди, бўйлари ўсди. Барглари шивирлаб омад тиладилар. Худога шукр, дунё шунчалар гўзал, беғубор.
Не бир азобда хайрлашдик. Унинг шарпаси кўздан йўқолиб кўринмай кетгач ҳам алламаҳалгача туриб қолдим, кейин бирданига енгил қадамлар билан уйга томон чопдим.

* * *

Ўзимни оқлашга эҳтиёжсиз бўлсам–да, виждоннинг кўринмас нигоҳлари жон–жонимни илма–тешик қилиб борарди. Ҳеч ким сўрамасада, изоҳ бера бошлайман: «Ахир ҳар бир одам севишга ҳақли. Аллоҳ дунёдаги борлиқ мавжудоду маҳлуқотни жуфти билан яратган. Менинг эса жуфтим билан яшашим пешонамга шу тарзда битилган бўлса ва бу ёзуқни ўзгартиришдан ожиз бўлсам, гуноҳим нима?» «Гуноҳкорсан, гуноҳкорсан, гуноҳкорсан!» «Йўқ, йўқ, йўқ!».
Ёстиқни бағримга босганча орқага, ўтган кунларга чекинаман. Кимдир кўринмас одам, балки руҳим қўлларини бигиз қилганча, худди радио каби бир оҳангда гапира бошлайди:
–Ёқаларинг шўришли ёшлардан эзилмаганмиди? Ёшинг селобида нилуфар гуллари барқ уриб турган ул дунёни тарк этмоқчимисан? Нега бўлмасам юрагинг эзилиб, у ёндан бу ёнингга ағдариласан, пушаймонмисан?.
–Йўқ, йўқ, йўқ!
–Ундай бўлса юр, сени ўша сирли ва мураккаб ўтмишга бир сайр қилдирайин. Ўша қасам куни – март ойининг азобли пайшанбаси, воқеалар ҳамон қалбингда, худди кечагидай, оҳорига гард қўнмаган. «Ҳеч бир ҳавас болаларим меҳридан устун бўлолмайди. Эндиги умрим болаларимга бахшида бўлсин!» дея ўзингга ўзинг сўзберган эдинг. Худди шундай бўлди. Аллоҳ гувоҳ, болаларинг учун яшадинг.
Биттаю битта холангнинг гаплари ҳам ҳамон ёдингда: «Эрта индин ўғил кетар уяга, қиз ҳам кетар қияга. Мен бу давру давронни бошидан ўтказган табибман. Агар кўнглинг тортган одаминг бўлса, турмуш қил. Ота–онанг рози, Аллоҳ рози. Турли андишани йиғиштир. Ҳар кимнинг ҳаёти, дарди ўзи билан. Қариндошлар ҳам ўз йўлига. Эртага қариганингда ёнингда дардингни эшитадиган биргина одам қолади. У ҳам бўлса бир умр бирга яшашганинг, чолинг бўлади, жияним. Қарагин, гулдексан–а, гулдеккинасан, умрингни зоя ўтказма. Ҳеч кимни ёлғиз яратмаган, жоним болам.».
Дастлабки уч–тўрт йилда яқинларинг турмуш қилишга тинимсиз даъват этиб юришди, кейинчалик ўзлари ҳам кўникиб қолишди, индамайдиган бўлишди. Вақт ўтган сари сенга ҳаёт лаззатини унутган, узлатдаги бевага қарагандек қарашадиган, кийим ҳақида гап кетгудек бўлса сал ярқираган нарсаларни, ҳа, буни сиз киймайсиз, дейдиган бўлишди. Бунга ўзинг ҳам ўрганиб бординг. Кейин эса бир йўла бу дунёдан қўлни ювиб қўлтиққа урдинг. Бу оламдан узилганинг сари рўпарангда бошқа бир оламнинг эшиги очилиб, ғалати дунёларга кириб борардинг. Сен ҳақингда миш–мишлар кўпайди. Дўхтирлар сенинг аҳволингни руҳий хасталик толиқиш, галлюцинация, ичларида эса жиннилик аломатлари деб таърифлашса ҳам, «жинни»нинг айтган гаплари ҳақ эканлигига ўзлари ҳам ҳайрон бўлардилар.
Булар барии ўта оддий– оқибатни сезиш, воқеа ва ҳодисаларнинг қалб кўзгусида оз бўлса–да аксланиши, нигоҳ етишган нарсалар эди холос.
“Кўзгуни бошқа жойга кўчир, тушиб кетиб бир жойингни кесади”, дединг қизингга. Қизинг, ўзи яхши турибди, дея айтганингни қилмади. Кун ўтмаёқ шу ҳол содир бўлди.
Уч литрлик банкада пахта ёғи турар эди.
–Шуни тўкиб юборасизлар–а! – дединг.
–Неча йилдан бери банка шу ерда туради, она.
–Билмадим, шу ёғ тўкиладиганга ўхшаяпти.
–Қани кўрамиз, тўкилармикан?
Хуллас ёғни тўкишди.
–Ҳа, қўяверинглар, насиба, – дединг сен болаларни тинчлантириб.
“Нима десангиз тўғри чиқади–я”, дейишди болаларинг ҳам афсус ҳам қизиқиш билан. Ўғлинг эртангги кун ҳақида билгиси келиб сўради:
–Она, мен эртага қандай баҳо оламан, масалан, рус тилидан?
–Албатта беш оласан–да, ўғлим?
–Сизни синамоқчиман. Эртага дарс қилмай бораман, қани беш оламанмикан?
У эртасига беш олиб келди. Такрорлаш бўлиб, ўтган дарслар сўралибди.
Айтганинг юз бериши, тушларинг ўнгидан келиши каби арзимаган нарсалардан сенинг экстрасенслик фаолиятинг бошланган эди. Муҳаббат ҳам ўтган умрингга мукофот каби ҳаётингга илоҳий туйғулар билан бостириб кириб келди. Туйғулар ҳавас ҳам, эҳтирос ҳам эмас, худди бало–қазонинг ўзгинаси. Ўчакишган каби шиддатга минар, сув сепган сари ловулларди.
Бир куни, Наврўз байрамидан сал олдинмиди, гул дўконига ўтмоқчи бўлиб турганингда у қўнғироқ қилиб қолди, ўша кўча бошида кўришадиган бўлдинглар.
Мавлоно йўлакда кутиб турган экан, гаплашиб кетдинглар, дўконга кирдинглар. Сенга гул танлашди. Сотувчига юзланаётганингда у чўнтагини кавлади. «Йўқ–йўқ»ингга ҳам қарамади, хижолат бўлдинг. «Дўконгача кузатинг, деганим менга гул олиб беринг, деганим эмас–ку», деб кўнглинг ранжиб турган эса–да, ичингда бир ёруғлик буларнинг барчасини босиб кетди. Яхшиям қимматбаҳо сават гулни олмоқчи бўлиб, яна фикрингдан қайтганинг. Пули етмай қолса нима бўларди. У шу лаҳзада биров учун гул олиб бермади, гўё сенинг ўзингга совға қилди бу гулларни.

* * *

Бир гал уни шубҳага солиб қўйганингни эслайсанми? Ўшанда ҳам уйига таклиф қилган, сен розилик берган бўлсанг ҳам Аллоҳ насиб қилмаган эканми, кутилмаган воқеалар бўлиб кетди...
Вой бў! Бу халқни, ер ёрилиб ердан одам чиққандек, автобусларга йўлаб бўлмайди. Йўловчи машиналарнинг тўхтаганини тўхтагандан илиб кетишяпти. Таниш – билишлар кўриб қолишмаса эди, деб юракларинг така–пука. Ҳозир таксилар ҳам фалон пул. Боғистон анча жой, биласанки ёни юпқа. Сенда пул бор, секин чўнтагига солиб қўйсангмикан? Ранжитиб қўйишинг мумкин. Нима қилишни билмай сумкангни кавлай бошладинг. Калит. Э, бу бир ҳамкасбингнинг квартирасининг калити, уйдан хабар олиб туринг, деб қолдириб, отпускада юртига кетган эди. Ўзи асли наманганлик. Шундоқ рўпарада, метронинг тепасидаги кўпқаватли уйларда туради.
–Мавлоно, – дединг калитни олиб хурсандлик билан, – ана уй, қаранг, кўриниб турибди. Ўртоғим хабар олиб туринг, деб калитини ташлаб кетган эди. Шу ерга борақолайлик, ҳам бир йўла уйни қараб қўярдик.
–Қандай бўларкин, бировнинг уйи?
–Яхши бўлади–да, кишининг уйи Аллоҳнинг уйи. Хабар олиб қўйсак савоби тегади.
–Бўпти, бошланг.
Ичида қандайдир шубҳа оралади: Бировнинг уйи, калити, ёлғиз ўзи турса, қизиқ...
Бординглар . Уй тинч, озода, салқингина. Аммо, холодилник бўм–бўш экан. Мавлоно у ёқ, бу ёқни кўздан ўтказар экан, ўзгариб, ўзига ўхшамай қолди. Кўзлари қизарган, сўзлари пойма–пой ўзининг айтишича жони бўғзига келди. Сиполикни унутиб, қаршилигингга қарамай ўпичларга кўмиб ташлади.
–Бас! Ҳеч ҳам рози эмасман. Худо ҳаққи рози эмасман. Худодан қўрқинг, эй худонинг суйган бандаси!
У лаҳзада ўзига келди, қўрқиб кетганича кўзларингга тикилди. Кўз ёшларинг дув–дув қуйилар эди.
– Кечиринг.
–Сиздан буни кутмаган эдим. Худо деган инсонларнинг аҳволи шу бўлса...
Ноқулай ҳолга тушиб, чўкиб қолди. Уят, хижолатдан бошини кўтаролмади. Бир муштипар аёлни нега бунча қийнаши кераклигини тушунолмай ўзини ўзи сўзсиз еб борарди. Шундай сўлиш олган эдики, юракларинг пора–пора бўлиб кетаёзди. Агар Худо асрамаса ҳозироқ ўз ихтиёринг билан таслим бўлишинг, ўзингни оёқлари остига ташлашинг ҳеч гап эмас. Соч–почларингни тўғрилаб олдига тиз чўкдинг. Жонларинг унга сўзсиз фидо бўлар ва ундан шафқату инсоф тилардилар.
–Мени кечиринг, Мавлоно. Ҳузурингизда шу қадар ожизманки, агар истасангиз мени аллақачон пора–пора қилиб ташлашингиз, уйимни куйдиришингиз мумкин. Аммо сиз олийжаноб инсонсиз, ҳазрати пайғамбар алайҳиссаломга суюкли умматсиз.
Хўрсиниб, овозларинг синиб, тиззаларига бош қўйдинг. Шу фурсатда у жону жаҳонингга айланиб қолган, суянишинг, ишонишинг мумкин бўлган бирдан бир одам ўз қилмишидан изтиробда, уяту меҳрибонлик билан бошингни кўксига босди.
–Никоҳдан ўтишимиз керак, Робияхон. Бизга ким тўсқинлик қиляпти, ўзи?
–Мавлоно, келинг, бир чой дамлайлик.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Ана холос, мана сизга яширин учрашув оқибати, деганингча қулоқ тутдинг. Яна жиринглади.
–Ким?
–Биз, опа, биз.
Ташқарида икки йигитча турарди.
–Ассаломалайкум. Зокира опам йўқмилар?
–У қишлоғига кетган, икки ҳафтада келиб қолади.
–Опа, унда манабуларни олиб қолинг. Биз кетяпмиз, кўтариб юрмайлик. Улар майда–чуйда солинган қоғоз пакетни узатдилар.
–Йўғ–е, қандоқ бўларкин, ололмайман.
–Опа, биз кинога кетяпмиз, кўтариб юрамизми, олиб қолаверинг. Ўзи Зокира опамни шундай кўриб ўтмоқчи эдик.
Ноилож олдинг. Йигитлар кетишди. Эшини қулфлаб, насибаларни ўзингча Аллоҳнинг марҳамати, деб Мавлонони қутладинг.
–Буни қаранг. Худо деган одамлармиз–да. Ҳеч бўлмаса иккитагина нон олмабмиз, деб хижил бўлиб тургандим. Мана, нон, мевалари билан.
Мавлоно ҳам бу ҳолни яхшилик рамзи деб тушунди, чиройи очилди.
–Ниятимиз холислигини Аллоҳ кўриб турибди–да.
–Кишининг уйи Аллохнинг уйи. Нени ният қилсангиз, етишасиз.
–Менинг ниятим, – деб қўлингдан ушлади Мавлоно, – Менинг ниятим ... Робияхон , мунча иссиқсиз...
–Чой қайнаб кетди,– дея қўлингни тортиб олдинг.
Худо етказган насибалар билан тамадди қилган бўлдингизлар. Атроф–муҳит, еру–осмон сизга ҳайрихоҳдек эди. Ирим–сиримлар, яхшиликлар, рамзлар ҳақида гаплашиб алламаҳалгача қолиб кетдингиз. Хайрлашиш вақти бўлиб қолди.
Минг–минглаб чироқлар оғушидаги шаҳар эртаклардагидек гўзал эди. Ўзининг қийинчиликлари, саноқсиз муаммолари билан ҳам машъаладек чарақлаб, борлиққа бахт–саодат тилаб турарди...

* * *

Эртага никоҳ. Қўрқув, ҳар қандай андиша–ю, истиҳолаларга хотима ясалади. Аммо... Ё раббий, бу ҳақда кимга ҳам айта оламан? Ҳеч кимга оғиз оча олмайман, қайтанга баттарроқ қийналаман, ўзимни баттарроқ азоблайман. Қани менинг нафсдан ғолиблигим? Баҳоналарим– ишқ, севги, бўйсунмайдиган туйғулар эмиш. Баҳоналар топишга бунчалар устаси фарангликни қаердан ўргандим?
Ўзимни аллақачон сўфийга чиқариб, энди умрни эл саломатлигига бағишласам деган фидойиликларим қани? Турмуш қилмоқчи бўлган бир бева танишимга ҳам «бахт бир марта берилади, эндиги бахт бадбахтдир. Қўйинг, шу яна бир эркакни. Ўлиб кетган хотинини ўйлаб ётсинми, ёнингизда. Кап–катта қизлари бор экан, қадамингизни санаб юрса? Ўз қўлингиз билан бошингизга балони сотиб оласизми?» дея маслаҳатлар берганим–чи? Кейин ўша ўртоғимдан ранжиб ҳам юрдим. «Бировнинг ҳолига кулмагин зинҳор, сенинг ҳолингга ҳам кулгувчилар бор», деб бежиз айтишмаган. Мана энди ўзимнинг ҳолимга ўзим ўлгунимча кулиб ўтсам арзийди. Фақат яширин кула оламан, агар кула олсам. Мана буни жазо деса бўлади. Такаббурликнинг, Аллоҳнинг изнига қарши фикр юритишнинг жазоси муҳаббат бўладиган бўлса, мана у мени ҳар куни неча бор тақдирламоқда!
Ҳа, бу илоҳий ишқ. Бу шунчалар покиза, бетаъма туйғуларки, уни шайтоний деган киши ўзи шайтонийдир. Ахир у исломни қабул қилди. Ҳазрати Муҳаммадга /с.а.в./ уммат бўлди. Нима бўлганда ҳам хушимни йиғиб олганим яхшироқ, ёлғиз бир Худо деб яшаб ўтолсам авлороқ эди.
Агар мен аҳдимдан қайтсам, у исломдан қайтармиди? Нималар демоқдаман, мен? Йўқ, йўқ. Менда на муҳаббат бор, на бир виждон қолибди? Ё Аллоҳим, энди телба бўлишим аниққа ўхшаяпти. Ўзинг менга паноҳ бергин, Аллоҳим.
Ичим куйиб, аламли, тушуниксиз бир фарёд бостириб келарди. Эй Аллоҳим, мени халос эт, шу ит азоби муҳаббатингдан. Мени халос эт, ўзинг раҳм қил. Мавлонони ҳам бу фикридан қайтар, биз йўлларимиз бўлак–бўлак одамлармиз, мени ундан совут, Аллоҳим, уни мендан нафратлантир, Аллоҳим.

Раъно Рахмонберди кизи