Хон (1808-1842)

Маъдалихон Умархон ўғли 1808 йилда Қўқонда туғилган. Унинг онаси машҳур шоира Нодирадир. Маъдалихон ёшлигидан бошлаб Умархон саройининг дабдабали муҳитида тарбияланди. Айш-ишрат мажлисларига, адабий ўтиришларга қатнашиб ўсди. Бу адабий мажлислар унга жиддий таъсир қолдирган ва ёш Маъдалихонни «мажнун сифат», шоир табиат тарбияланишига сабабчи бўлган эди.
Маъдалихон отаси ўлгач, унинг ўрнига 1822 йилда хон кўтарилди ва 21 йил хонлик қилди.
Унинг даврида қурилиш, ариқ қазиш ишлари ва маданий-адабий ишлар давом этди. Қўқондаги бир катта мадраса ва Хонариқ номли канал Маъдалихоннинг номи билан боғланган. Маъдалихонга қарши бўлган гуруҳ Қўқондан қувилиб, Бухорода «Маъдали ўз ўгай оналаридан бирини хотинликка олган. Бу кофирдан Фарғонани қутқариш керак», деб ташвиқот олиб бордилар ва фитна уюштирдилар. Шу асосда Бухоро хони Амир Насруллога ариза бердилар, Халқ ўртасида Насрулло қассоб деб ном чиқарган бу хон шу қутқуларни баҳона қилиб Фарғонага ҳужум қилди. Маъдалихон атрофидагилар қочабошладилар. Натижада Маъдалихон енгилиб, Амир Насруллонинг қўлига тушди. Укаси, ўғли, онаси Нодиралар билан бирликда 1842 йилда ўлдирилди.
Маъдалихон ўз замонасининг яхши шоирларидан ҳисобланар эди. У, шеърда Хон тахаллусини ишлатар эди. Ундан бир кичик девон қолган ва шеърларининг бир қисми турли баёзларда босилган. Хон бундан бошқа яна Фузулийнинг «Лайли ва Мажнун» ига ўхшатиб «Лайли ва Мажнун» номли бир достон ёза бошлаган бўлса ҳам, тамомлай олмаган. Умуман, Хон Фузулий шеърларининг қаттиқ таъсири остида ёзар эди.

ҒАЗАЛЛАР

Дирилур зор таним лаъли дурахшонингдин,
Очилур уқдаи дил ғунчаи хандонингдин.

Чарх овжина бироқдим адами шуълаи оҳ,
Дун кеча ҳасрати ул сарви хиромонингдин.

Верирам истадигинг жон эса, йўх имкони,
Подшоҳим, банга чихмак сени фармонингдин.

Зарра-зарра шарари чарха чиқан анжумдур,
Уда ёҳқож таними оташи ҳижронингдин.

Қатра-қатра сочилур қон гежалар чашмимдин,
Руҳи гулгунунг ила зулфи паришонингдин.

Гежа ўлдуқча фалак ера бироқса гунашин
На ажаб шаъшаъаи меҳри дурафшонингдин.

Бир ёлон сўз ила чўх инжима, эй моҳлиқо,
Ишқ мулкини мусаххар эдажак Хонингдин.

* * *

Касб айламадим гарди раҳи симбаримдин
Бир зарра дагил суд баним чашми таримдин.

Нарм этмади қотти дилини сочилан ашким,
Афсус баним тоша соташқон гуҳаримдин.

Ул золими огоҳ сонур ҳолима кўнглум
Бечора хабардор дагил бехабаримдин.

Бинг булбули хомуш эдарам ўлмаса ваҳмим
Ким инжила гулрух санамим нолаларимдин.

Оҳим ўди меҳрингда сурайёя эришди,
Эй моҳ, соқин чарха бурохан шараримдин.

Хоннинг дили пурхунина раҳм ила мурур эт,
Гездукда сабо ул юзи гулбарги таримдин,

* * *

Оҳким дўкди фалак қоними мижгонимдин,
Қилмади бок дамодам дўкулан қонимдин.

Мавжи тўфони бало бошима дўндурди фалак
То жудо этди ҳазин жоними жононимдин.

Кўнглими сели бало бирла хароб этди сипеҳр,
Бўлур обод ғубори дили вайронимдин.

Кечалар ғунча каби кўнглими қон боғладуғи,
Субҳлар зоҳир ўлуб чоки гирибонимдин.

Оҳким ҳажр туни қочди дилим ҳасратидин,
Соя ҳам кетди фироқинг кечаси ёнимдин.

Шамъ узун тил била ёнмиш, негаким зулми ўди
Ҳаддим эрмас демага ғуссаи пинҳонимдин.

Эй кўнгул, сонмаки зоил бўлур ошуфталиғим
Жамъ қил хотиринги ҳоли паришонимдин.

Субҳ-ла дидаи гирёнима раҳм айла, сабо,
Бир хабар бер менга ул ғунчаи хандонимдин.

Хон каби маҳвашим шамъи руҳин ёд эдарам,
Ёнажакдур фалак оҳи дили сўзонимдин.

* * *

Ойру душдим яна ул ғунчаи хандонимдин,
Нўла гар тинмаса эл нолаю афғонимдии.

Дамбадам орази ёди ила ашким гуҳари
Қатра-қатра сочилур дидаи гирёнимдин.

Кетди алдин хами зулфию паришон ўлдум,
Воқиф ўлмаз баним аҳволи паришонимдин.

Рўзгорим қорадур зулфи киби ул моҳинг
То қадам чекти баним кулбаи иҳзонимдин.

Эй сабо, куйина гар душса гузоринг ногоҳ
Веракўр бир хабар ул сарви хиромонимдин.

Бош чекар шуълаи оҳим шарари гардуна,
Ҳазар этмазми фалак оташи сўзонимдин.

Жисми зорим ўда ёндирди ғами пинҳони,
Оҳким огоҳ эмас ул ғами пинҳонимдин.

Яшуруб ер юзини сийми сиришким гуҳари,
Неча йилдурки кетиб сиймбарим ёнимдин.

Нўла Хонинг киби гар узсам илик жонимдин
Гардиши чарх айирди бани жононимдин.

МУХАММАС

Паричеҳралар кўп жафо қилдилар,
Ғаму дард билан мубтало қилдилар,
Муҳаббат била ошна қилдилар,
Мени рўзгорим қаро қилдилар,
Жафокорлардур, жафокорлар.

Алар ишқида хастаю зормен,
Қаро кўзлари бирла бемормен,
Жафо тиғидин бағри афгормен,
На зулм этсалар жонима, ёрмен,
Дилозорлардур, дилозорлар.

Шаҳи мулки Ҳомун қилурлар мени,
Бу дашт ичра Мажнун қилурлар мени,
Сиришкимни Жайҳун қилурлар мени,
Кўзим ёши гулгун қилурлар мени,
Ситамкорлардур, ситамкорлар.

Чу мен қоши ёларни қурбониям,
Гирифтори зиндони ҳижрониям,
Бу қотиллари асру ҳайрониям,
Алар куштаи тиғи паррониям,
Бу хунхорлардур, бу хунхорлар.

Қадим хамлиги қошлари ёсидин,
Хароб ўлмағим чашми шаҳлосидин,
Кўзим қони лаъли тамошосидин,
Жунуним ўшал зулф савдосидин,
Нигунсорлардир, нигунсорлар.

Кўзингдур менга фитна барпо қилан,
Бошим узра юз шўру ғавғо қилан,
Мени олам аҳлиға расво қилан,
Кўнгул махзани ичра яғмо қилан,
Бу айёрлардур, бу айёрлар.

Чаманда хиром айламиш ул пари,
Қилиб жилва андоқки кабки дари,
Юз устида гул баргидин чодари,
Боши узра солмиш қизил меъжари,
Гули норлардур, гули норлар.

Ажойиб ки бу бир неча дилрабо,
Демасларки бу шоҳ эрур, ё гадо,
Агарчанд хони замонам, банго,
Ҳама элдин ортиқ қилурлар жафо,
Ажаб ёрлардур, ажаб ёрлар.