Ғозий (XVIII аср – 1818)

Ғозий, Муҳаммадғозий (18-асрнинг 2-ярми — Қўқон — тахминан 1818) — шоир. Бухоро мадрасаларида ўқиган. Қўқондаги Мадрасаи Мирда мударрис, муфти бўлган. Акмал Хўқандийнинг яқин дўсти. Ўзбек ва форс тилларида ижод қилган. Фузулийни ўзига устоз билган. Шеърларининг мазмуни билан ҳам, дунёга, атроф-муҳитга муносабатини кўрсатишда, бадиий санъатлардан фойдаланишда ҳам Фузулий йўли, услубини қўллаган. унинг ғазалларига мухаммаслар боғлаган. Кўпроқ лирик газаллар, таърих-шеърлар ёзган, девон тузган. Лирик шеърларида инсон қалбининг кечинмаларини, орзу-истакларини, қувонч ва қайғуларини куйлаган, чин инсоний муҳаббат, гўзаллик ва садоқат, инсонпарварлик ва адолатпарварликни улуғлаган.
Ғозий шеърлари 18-асрнинғ 2-ярми — 19-аср бошларидаги ижтимоий ҳаётнинг ҳаққоний манзарасини кўрсатишга, адабий ҳаётда мавжуд бўлган турли йўналишларнинг моҳиятини тўлароқ ёритишга хизмат қилади. Ижтимоий лирикасида эса ўша даврда ҳукм сурган адолатсизликдан, ҳақсизликдан, бахтсиз толеидан шикоят қилади («Букулди қоматим...», «Девонамен...» ва б.). Таърих-шеърлари асосан рубоий тарзида ёзилган бўлиб, кўпчилиги шаҳар аъёнлари. йирик амалдорларнинг вафотига бағишланган. Дидактик мавзудаги асарларида инсон фазилатларини юқори тутиш, ҳаётла камтар бўлиш, инсон қадрини ерга урмаслик, ўз қадр-қимматини сақлаш зарурлиги таъкидланган. Анъанавий «ширу шакар» усулида мусаддас ва мустазод-таржеъбандлар ҳам ёзган; мустазодларининг айримлари оригинал усулда ёзилган.
Ғозий девонининг 4 қўлёзма нусхаси бизгача етиб келган, улар Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида (инв. №121, 6117, 2296, 11) ва Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти Санкт-Петербург бўлими (инв. №109) да сақланади.
Бегали Қосимов


Киши олдидаги овқатга қул чўзма,
Ўз олдингдаги овқатни егин, эй зариф.

* * *

Бўлма коми нафс учун ҳар сифланинг олдида паст,
Обрўсизлик юкин чекмакка миздур ўлмағил.

* * *

Масти иқбол ўлма, идбори била оғритма бош,
Тотмағил бу бодани, зинҳор махмур ўлмағил.