Бобораҳим Машраб (1640-1711)

Машраб (тахаллуси; асл исм-шарифи Бобораҳим Мулла Вали ўғли) (1640, Наманган — 1711, Балх) — шоир ва мутафаккир. Машраб номи 18—19-асрларда тузилган тазкира ва тасаввуфий йўналишдаги асарларда (масалан, Баде Самарқандийнинг «Музокир ул-ашоб» ва б.) зикр этилади. Аммо уларда шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида келтирилган маълумотлар ниҳоятда кам. Машрабнинг қолдирган адабий мероси хусусида ҳам аниқ маълумот берувчи манба йўқ. Унинг ўз асарларини тўплаб, девон ёки бирор мажмуа тузганлиги маълум эмас. Фақат «Девони Машраб», «Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари остида халқ орасида қўлёзма ва тошбосма шаклида тарқалган қиссалардагина (уларнинг ким томонидан ва қачон тузилганлиги номаълум) шоирнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти маълум тартиб ва изчилликда баён этилади, шу жараёнда асарларидан намуналар ҳам келтирилади. Қиссалар кейинчалик ўзгартириш ва тузатишларга дуч келган, турли тўқималар, янги-янги ривоят, нақллар, саргузашт ва латифасимон лавҳалар билан тўлдирила борилган. Натижада қиссаларда тарихий Машраб ва унинг ижтимоий ва ижодий фаолияти халқ тасаввуридаги тўқима Машраб ҳамда у ҳақидаги саргузашт — ривоятлар билан қоришиб кетган. Шундай бўлсада, Машраб ҳақидаги қиссалар шоир ҳаёт йўлини нисбатан тўла ва босқичма-босқич баён этувчи, шунингдек, яратган асарларининг кўпгина қисмини ўзида жамловчи адабийтарихий манба сифатида илмий аҳамият касб этади.
Машраб отадан ёш етим қолади, оиланинг моддий қийинчиликлари янада ортади. Онаси ип йигириб тирикчилик ўтказади. Машраб дин асослари ва фалсафадан яхши хабардор бўлган Сўфи Эшон Мулла Бозор Охунд (хўжа Убайдулло) қўлида диний таълим олади, сўфий тариқатлар бўйича билимини оширади, форсий тилни ўрганади.
Тахминан 1665 йилларда Мулла Бозор Охунд тавсиясига кўра, ўша замонда катта обрўга эга бўлган йирик дин арбоби қашқарлик Ҳидоятулло Офоқ Хожа эшон ҳузурига боради. Шоир адабий меросидаги диний мазмун ва тасаввуфий йўналиш руҳидаги шеърларнинг кўпчилик қисми Офоқ Хожа даргоҳида ва унинг тарғибот-сабоқлари таъсирида яратилган. Офоқ Хожа шахсий хислат-фазилатларини мадҳ этувчи, уни «пиру раҳбар» деб тан олувчи байтмисралар мужассам бўлган ғазал ва мухаммаслар ҳам («Кошки», «Ўзум» радифли ғазаллар, «Қолмади» радифли мухаммас) шу муридлик йиллари маҳсулидир.
Машраб тахминан 1672—73 йилларда Офоқ Хожа даргоҳини тарк этади. Қиссаларда қайд этилишича, бунга Машрабнинг пири даргоҳидаги канизакларнинг бирига кўнгил қўйгани, севиб-севилгани сабаб бўлган. Аммо Машрабнинг оғир жисмоний жазоланиб қувилиши заминида пир билан мурид ўртасида жиддий ғоявий зиддиятлар бўлган дейилса, ҳақиқатга мувофиқ бўлади.
Машраб пири даргоҳидан кетгач, деярли 40 йиллик умрини доимий сафарда, турли ўлкаларда дарбадарликда ўтказади. Қўнимсиз ҳаётга юзланган шоир, асосан, ижодий иш билан шуғулланади. Оддий халқнинг қашшоқ ҳаёти, зулму ситам остидаги оҳу ноласи шоир қалбини ларзага солади («Дили тиғи ситамдин пора бўлғон халқни кўрдум»...).
Машраб асарларининг аксарияти чуқур ижтимоий йўналишга эга бўлиб, ўша давр ҳаёти, жамиятдаги воқеа-ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, у баъзи руҳонийларнинг кирдикорлари ва ҳийлагарликларини фош этади, текинхўр мулкдорлар ва жоҳил амалдорларнинг зўравонлик фаолиятларини танқид қилади. Машрабнинг бу тур асарлари қўлдан қўлга, оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалган. Худди шунинг учун ҳам Машрабнинг бирор қишлоқ ёки шаҳарга келиши изсиз қолмаган, одил камбағал халқ уни қувонч-хурсандчилик ва қизиқиш билан қарши олган. Шоир қўнимсиз ҳаётининг сўнгги манзили Балхда ҳам ҳоким табақа ва мутаассиб шайх-муллалар Машрабни жисман йўқотиш пайига тушадилар. Шу тескаричи гуруҳларнинг расмий фатвоси ва Маҳмудбий Қатағоннинг ҳукми билан дорга осилади.
Машраб қолдирган бадиий мерос ҳажм ва жанрлар жиҳатидан ҳанузгача аниқланган эмас. Аммо бизга ҳозирча маълум асарларининг ўзи ҳам Машрабнинг фавқулодда ноёб истеъдод эгаси эканлигидан далолат беради. Машраб ижоди шеъриятнинг янада кенгроқ ижтимоий мазмун ва жанговар руҳ касб этишида, адабиётдаги халқчиллик ва дунёвийликнинг чуқурлашувида, лирик турларнинг такомиллашуви ҳамда бадиий санъатнинг камолотга эришувида янги бир юқори босқични ташкил этади.
Машрабнинг моҳиятан инсон қадри-шарафи ва маънавий камолотини улуғлашга, эзгулик ва гўзалликни мадҳ этишга бағишланган шеърий меросида ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий, таърих каби жанр турларида битилган етук намуналарни учратамиз. Аммо Машраб аввало моҳир ғазалнавис ҳамда кўплаб шўх ва жарангдор мустазодлар, ўйноқи ва жозибадор мурабба ҳамда халқ ғаму ҳасратига ҳамдардлик ҳисси билан йўғрилган мухаммаслар ижодкори сифатида кенг довруғ чиқарган. Машрабнинг жуда кўп ғазаллари халқ қўшикларидек содда ва жарангдор, жўшқин ва таъсирчандир.
М. ўзбек адабиёти тарихида энг кўп мустазод ёзган ижодкорлардан бири. Шоир мустазодлари ҳам, худди ғазаллари каби, шўх ва жарангдор, нафис ва завқбахшдир.
Мумтоз шеъриятда мурабба турининг узил-кесил мустаҳкамланиши ва такомилида Машраб ижодининг ўрни катта.
Машрабнинг романтик кўтаринкилик руҳи уфуриб турган асарларини адабиёт тарихида мурабба турида яратилган энг етук намуналар жумласига киритиш мумкин. Машрабнинг ғазал, мустазод ва мураббаларида ишқ-муҳаббат, вафосадоқат мавзуи етакчи ўринда турса, мухаммас ва мусаддасларида чуқур ижтимоийлик устунлик қилади, тақдирнинг кемтиклиги ва ҳаётнинг носозликларидан, давр (чарх, фалак) ва адолатсиз муҳитнинг шахс бошига тинимсиз келтираётган жабру жафосидан шикоят, таъқибтазйиқидан норозилик дардли миэраларда, аммо қатъий ва кескин ифодаланади. Машраб қолдирган ижодий меросда диний ва тасаввуфий ғоялар ҳам, ўша замонда кенг тарқалган қаландарлик тариқатининг айрим оҳангтаъкидлари ҳам сезиларли ўрин эгаллайди. Шоир шеърларида Аллоҳнинг мавжудлиги, бору бирлиги, барча жонли ва жонсиз мавжудотни яратганлиги узил-кесил ва қатий тан олинади, Худонинг куч-қудрати, тақдирнинг ўзгармаслиги ва Маҳшар куни ҳақидаги таълимот тўла-тўкис қабул қилинади.
Машраб форс тилида ҳам бир неча шеърий турларда етук намуналарни яратган. Машраб ижоди кейинги асрлар адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган. Нодира, Ҳувайдо, Қорий, Фурқат, Ҳамза каби шоирлар унинг ғазалларига тахмис ва назиралар боғлашган.
Машраб қолдирган адабий мерос тўла аниқланиб, ўрганилган эмас. Баъзи тадқиқотчилар жуда кўп шеърий ҳикоят ва ғазалларни ўзида жамловчи «Мабдаи нур» номли йирик асарни шоирга нисбат берадилар.
Машраб ҳаёти ва ижоди ҳақида бир неча бадиий асарлар (роман, қисса, достонлар ва саҳна асарлари) яратилган, шоирнинг асарларидан намуналар қатор хорижий тилларга таржима қилинган. Мамлакатимизнинг турли шаҳар ва вилоятларида Машраб номида истироҳат боғлари ва кинотеатрлар, мактаб ва кутубхоналар, кўчалар ва жамоа хўжаликлари бор.
Абдурашид Абдуғафуров

ЎРТАР

Агар ошиқлиғим айтсам, куюб жону жаҳон ўртар,
Бу ишқ сиррин баёт этсам, тақи ул хонумон ўртар.

Кишига ишқ ўтидин заррае етса, бўлур гирён,
Бўлуб бесабру бетоқат, юрак-бағри чунон ўртар.

Нечук тоқат қилай, дўстлар, бу дард ила бўлуб ҳайрон,
ғамим бошқа, алам бошқа, юрагимни фиғон ўртар.

Мени бехонумон тинмай куюб ҳар дам фироқингда,
“Нигоро!” деб отинг айтсамки, шавқингдин забон ўртар.

Қаю тил бирла, эй жоно, сенинг васфинг баён айлай,
Тилим лолу кўзум гирён, сўнгакларни ниҳон ўртар.

На қаттиғ кун экан, дилбар, висолингдин жудо бўлмоқ,
Менинг оҳим ўтиға бул замину осмон ўртар.

Юракда дарду ғам қат-қатки, менда қолмади тоқат,
Агар бу заррасин бул вақт десам, ишқи баён ўртар.

Бу дард ила хароб ўлдум, келиб ҳолимни сўрмассан,
Унум чиқса юракдин, бу тану жон, устихон ўртар.

Бу Машраб дардини, жоноки, ҳеч ким бошиға солма,
Агар маҳшарда оҳ урсам, биҳишти жовидон ўртар.

ХОҲИ ИНОН ХОҲИ ИНОНМА

Сенсан севарим, хоҳи инон, хоҳи инонма,
Қондур жигарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

ғам шоми фироқингда кабоб этти фалакни
Оҳи саҳарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Ногаҳ сари зулфунг сори бўлдум санга мойил,
Эй тожи сарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Лаълинг ғамидин кўнглум эрур ғунча киби қон,
Гулбарги тарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Заҳри ғами ҳажринг мени ўлдурғали етти,
Эй лабшакарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

Машраб, бўлубон кўйинга чун барқи тажалли,
Қолмай асарим, хоҳи инон, хоҳи инонма.

МАШРАБМАН

Санамнинг ишқида тинмай юруб, оввора Машрабман,
Кўзи ёшлиғ, қади хамлиғ, дили садпора Машрабман.

Кўнгулда заррача дунёни меҳри бўлмайин менда,
Сени деб икки оламдин кечиб, безора Машрабман.

Ўлиб кетсам, лаҳад ичра сўнгакдин кетмагай дардинг,
Жаҳонда топмадим чораки, мен – бечора Машрабман.

Анодин қай куни бўлдум, сенинг ишқингда оҳ урдум,
Муҳаббат даштида юрган бўлуб оввора Машрабман.

Муҳаббат жомидин май туттилар, ичмасга чорам йўқ,
Кўзумдин қон ёшим тинмай оқар, хунбора Машрабман.

Бошимга минг бало келса, тиларман васлин, эй зоҳид,
“Тилим кессанг, тўёрим йўқ, - деган, - дийдора” Машрабман.

Халойиқлар мени қувлар, ёмон деб ҳар шаҳар борсам,
Ажаб мардуд, ажаб махрум, ажаб сангсора Машрабман.

Ўзумни халқ аро ихфолиғимни ҳеч киши билмас,
Дилу жоним фидо айлаб, ажаб айёра Машрабман.

Мени девона Машрабга муҳаббатдин баён айланг,
Намозу рўзадин фориғ бўлуб сайёра Машрабман.

МEН НОЛА ҚИЛАЙ ШОМУ САҲАР…

Мен нола қилай шому саҳар дод, эшигингда,
Жонимни берай, шўхи паризод, эшигингда.

Ул лолаву райҳону суман, тоқа қизил гул,
Ҳам сарв букулди, қади шамшод эшигингда.

Хўбони жаҳон бўлса тақи Юсуфи Канъон,
Султону амир бандаё, озод эшигингда.

Зулфинг сени бу жонима юз доми балодур,
Жоним қуши сайд ўлди чу сайёд эшигингда.

Олам бориси лаззати ҳуснунгни топибдур,
Гирёну фиғон, нолаву фарёд эшигингда.

Савдойи муҳаббатга тушубман сени излаб,
Ўлтурди ғаминг, кўзлари жаллод, эшигингда.

Ашким тўкубон ҳажру ғамингда кеча-кундуз,
Вайрона ватан – манзул обод эшигингда.

Ул ҳусну жамолинг ўти Машрабға тушубдур,
Парвонасифат қуйди, паризод, эшигингда.

МАШРАБИ МЎЪТАБАР ЎЗУМ

Гулшани боғи даҳр аро булбули нағмагар ўзум,
Бир бути бебадал учун ошиқи дарбадар ўзум.

Кўюнга дам-бадам бориб, навҳаву зорлар қилиб,
Шому саҳар фиғон этиб, ҳофизи хуш асар ўзум.

Ё шаҳи меҳрибонмусан, ё маҳи осмонмусан,
Ер била кўкни куйдуруб кавкабаю қамар ўзум.

Жоми майи луоб ичиб, мажнуни бенаво бўлуб,
Нозу карашмалар қилиб, лайлийи ишвагар ўзум.

Шамъи жамолинг ўртади жону дилимни, эй санам,
Болу паримни куйдуруб, бедили навҳагар ўзум.

Васлингни истаб, эй санам, кечаю кундуз мудом,
Саҳарда бедор ўл дедингки, дояйи саҳар ўзум.

Хисрави комрон бўлуб, Рустами достон бўлуб,
Бир зўр паҳлавон бўлуб, Ҳамзайи рахнагар ўзум.

Олими нуктадон манам, пири ҳидояхон манам,
Шуҳрати шеър бобида Машраби мўтабар ўзум.

ЭШИТ АРЗИМНИ, ЭЙ ДИЛБАР

Азалдан то абад кўнглум қутулмас ишқ балосидин,
Юроким раҳналар бўлди, бу ишқнинг можаросидин.

Хаёлимда сенинг васлинг, тополмасман, мени ҳайрон,
Магар васлингга етсам пири комилнинг дуосидин.

Эшит арзимни, эй дилбар, юрак-бағрим кабоб ўлди,
Рақиблар шодмон бўлди нигоримнинг жафосидин.

Санам, сенсиз бу дунёда тириклик қилмоғим мушкул,
Кел, эй кўнгул, кечоли бу тирикликнинг бақосидин.

Санам, ишқинг ўти охир мени бехонумон этти,
Куярман дам-бадам тинмай бу дарди бедавосидин.

Хароб ўлди менинг кўнглум, кишим йўқтурки, роз айтсам,
Сўнгоклар рахналар бўлди дилимнинг оҳи босидин.

Сени ишқинг била йиғлаб, агар маҳшарда оҳ урсам,
Куярлар мўмину кофир бу Машрабнинг навосидин.

ТАНБУР

Сетор деманг, ҳоли дилим сўрғучи танбур,
Кўнглум гиреҳин, ғамларини сурғучи танбур.

Бир неча рақиблар сўзидин ғамзада бўлсам,
Ҳамдард бўлубон оғушима киргучи танбур.

Кўтоҳназар эл буни ҳеч қадрини билмас,
Даргоҳи азалдин хабаре берғучи танбур.

Гар ёр жамолини кўруб пардаға солсам,
Нағмаси они сийнахарош этғучи танбур.

Ҳам ёр жамолидек они нашъаси бордур,
Ҳайрат ўтидин маҳзи санам қилғучи танбур.

Ошиқ юрагидин чиқиб, ўттек келибон ул,
Бир учқуниға жумлани куйдурғучи танбур.

Машрабни тамом ақлин олиб ул бути хунрез,
Жонимни ёқиб сийнахарош этғучи танбур.

ОШИҚ БЎЛИБСАН, БЎЛМАҒИЛ ҒОФИЛ

Малаксан ё башар, ё ҳуру ғилмонсан, билиб бўлмас,
Бу лутфу бу назокат бирла сендин айрилиб бўлмас.

Ажаб бераҳ дилбарсан, ажаб шўхи ситамгарсан,
Чароғи ҳусни рўйингдин кўнгулни ҳам узуб бўлмас.

Юзунгни офтобини кўруб ҳайрон бўлуб қолдим,
Фалакка қул узотиб, шамси анварни олиб бўлмас.

Юзунг мисли қизил гулдур, кўнгул чун булбули шайдо,
Бу гулнинг ишқидин булбул чамандин айрилиб бўлмас.

Кел, эй Машраб, агар ошиқ бўлибсан, бўлмағил ғофил,
Бу ғафлат уйқусидин, эй ёронлар, уйғониб бўлмас.

КEЛДИ

Наманган шаҳридин, дўстлар, менинг ёронларим келди,
Отам бирла онамни билгучи меҳмонларим келди.

Шижоат бобида ҳар қайсиси бир Рустаму Суҳроб,
Адолат тахтиға минган бу кун султонларим келди.

Иноятли, диёнатли, яна ҳам муршиди комил,
Ҳама ориф, ҳама содиқ, ҳама ирфонларим келди.

Аларминг хоки пойи кўзларимга тўтиё, Машраб,
Чароғимни мунаввар қилғучи хоқонларим келди.

ТУШТИ САВДОЙИ МУҲАББАТ БОШИМА

Тушти савдойи муҳаббат бошима,
Ор этар мардум келурға қошима.

Ваҳ, муҳаббат кўйида қон йиғладим,
Ети иқлим ғарқ бўлди ёшима.

Сажда айлар зоҳид ул меҳробиға,
Мен қилурман сажда эгма қошима.

Қил ҳазар, албатта, жонон, қаҳрдин,
Узру зорим сенга – бағри тошима.

Муҳтасиб тўктурди соқий бодасин,
Етмади ақли анинг сирдошима.

Кунда юз минг жабр қилсанг, ўргулай,
Қўй қараб ғам тошина бардошима.

Машраби девонаман ҳайрон қилиб,
Не сабабдин келмадинг бир қошима.

СИҒМАМДУР

Ажаб мажнун эрурман, дашт ила саҳроға сиғмамдур,
Дилим дарёйи нурдур, мавж уруб дунёға сиғмамдур.

Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадур мавжуд,
Чу султони азалдурманки, арши аълоға сиғмамдур.

Халилосо бу йўлда оташи Намруд – меърожим,
Ҳамон дурри ҳақиқатманки, ҳар дунёга сиғмамдур.

Ризо мулкидаман, ҳалқумни туттум тиғИ Акбарга,
Бу йўлда сийнаи поки Забунуллоға сиғмамдур.

Агарчанде зиёрат қилмадим мен Каъбайи зоҳир,
Тариқат ҳожисидурманки, Байтуллога сиғмамдур.

Гаҳи бўлдум фақиру, гоҳи шоҳу, гаҳ гадодурман,
Ажаб девонаман, фардоки маҳшаргоҳға сиғмамдур.

Мақоми ҳайрат ичра гоҳи худман, гоҳи бехудман,
Жунун бозорида мастманки, истиғноға сиғмамдур.

Гаҳ ўрус, гоҳи черкас, гоҳи мўмин, гоҳи тарсоман,
Не кавнайни миёни лоу иллоллоға сиғмамдур.

Мудом мискин эрурман чун ғуломинг – Машрабингдурман,
Мени бечора бу дунё билан уқбоға сиғмамдур.

ЎТТУМ

Ишқ водисидин бир кеча мен “ҳай-ҳа”лаб ўттум,
Монанди найистон гулиға ўт қалаб ўттум.

Офоқни бир лаҳзада кездим, на ажабдур,
Мино тоғидин аккасифат ҳаккалаб ўттум.

Оттим фаши-досторини девоналиғ айлаб,
Парвонасифат жоними ўтқа қалаб ўттум.

Билдимки, вафоси йўқ экан ушбу жаҳонни,
Мардона бўлуб, балки, этак силталаб ўттум.

Дунё ясаниб, жилва қилиб олдима келди,
“Борғил нари!” деб (кетиға) бир шатталаб ўттум.

Билдимки они, душмани маккорайи айёр,
“Ло” тирноғИ бирла юзини тирмалаб ўттум.

Мардони худо дедики: “Дунё майи аччиғ”,
Аччиғлигини билмак учун бир ялаб ўттум.

Нафс кофири бирла туну кун қилдим урушни,
Танҳо қиличи бирла уруб, қиймалаб ўттум.

Хомуш пичоғин ҳар дам онинг бўғзига қўйдум,
Чўғ найзаси бирла кўзини найзалабб ўттум.

Девонайи Машраб, бу сўзунг дардга даводур,
Ошиқ элининг кўнглиға бир ўт қалаб ўттум.

ЧИДАЁЛМАС

Ишқ мазҳабига тақвию тоат чидаёлмас,
Тасбеҳу сано, зуҳду ибодат чидаёлмас.

Ким кўрса ўшал дилбари раънони баякбор,
Бетоқат ўлуб, айши фароғат чидаёлмас.

Фарёду фиғонлар қиладурман кеча-кундуз,
Ҳайратда қолиб, қад ила қомат чидаёлмас.

Адҳамсифат ул кирса киши фақр йўлига,
Осойиш ила хайри саховат чидаёлмас.

Арбоби муҳаббатга етиб бўйи санамдин,
Ақли кетибон сабру қаноат чидаёлмас.

Эй зоҳид, агар кўрсанг ўшал моҳлиқони,
Зуҳду вараъу кашфи каромат чидаёлмас.

Девона қилар ишқи санам васли чу Мажнун,
Номусу ҳаё, айбу қабоҳат чидаёлмас.

Ким жоми муҳаббат майидин журъае ичса,
Шоҳона ҳашам, иззату ҳурмат чидаёлмас.

Бу ишқ элининг ҳар дам этар валваласиға,
Бешубҳа, билинг, дасти иродат чидаёлмас.

Машраб, келибон кўнгул ила рақси самў қил,
Ишқ мазҳабида оби таҳорат чидаёлмас.

ДАРДИ СИРИМНИ КАВЛАМА

Эй сабо, ғамбодадурмен, бистаримни кавлама,
Чун шафақолудаман, хокистаримни кавлама.

Ҳар замоне Лайлидин манга китобатлар келур,
Сенки Мажнун бўлмасанг, сардафтаримни кавлама.

Хонавайронлар билур афтодаларнинг ҳолини,
Эйки, маҳрам бўлмасанг, чашми таримни кавлама.

То кишига дард тегмай, бўлмади бағри кабоб,
Дилда дардинг бўлмаса, дарди сиримни кавлама.

Ҳажр тошидин зарру офат бошиға етган ўзум,
Киштийи мотамдадурман, лангаримни кавлама.

Ети дўзах ўртанур афтодаларнинг оҳидин,
Оташи ҳажрида куйган мижмаримни кавлама.

Ломаконнинг шаҳрини бу ҳу била сайр айладим,
Жабрайил, борғил нари, болу паримни кавлама.

Баҳри раҳматга кириб, қилдим вужудимни адам,
Маърифатдин бехабарсан, дафтаримни кавлама.

Дурри дарёйи маоний бўлди чун Машраб, вале
Дийдабино бўлмасанг, кўз гавҳаримни кавлама.

ТО КИЙДИ ҚИЗИЛ…

То кийди қизил ўзини зебо қилайин деб,
Ўт ёқти жаҳон мулкида ғавғо қилайин деб.

Мастона хиром эттию кўргузди қадини,
Мендек неча девонани шайдо қилайин деб.

Зебо санамим гул юзидин парда кўтарди,
Олам ҳама кўз бўлди тамошо қилайин деб.

Зулфини тараб, қош учуруб жилвалар этти,
Ошуби бало, фитнани барпо қилайин деб.

То айладим олдиға бориб арзи ниёзим,
Чин солди жабиниға таманно қилайин деб.

Мастона саманд секрата келди шаҳи хунрез,
Шамшири жафони яна бурро қилайин деб.

Кўп йилки, бу қул хизматини қилмади баржо,
Келдики ғазаб бирла чу сазо қилайин деб.

Бошимни кесиб олғилу хушҳол бўлуб кет,
Қонимни тўкуб, лолайи саҳро қилайин деб.

Ханжар қўлида Машрабин ўлдурғали келди,
ғавғойи қиёматни ҳувайдо қилайин деб.

ҲEЧ КИМА МАЪЛУМ ЭМАС

Ҳеч кима маълум эмас ҳоли паришоним менинг,
Осмонни тийра қилди оҳу афғоним менинг.

Мен нечун шод этмайин бул хаста кўнлумни бугун,
Келди холимни сўраб ул шўх жононим менинг.

Эй ситамгар, келгилу эмди шаҳид эткил мени,
Мавж урсун Карбало даштида бу қоним менинг.

Чун Сурайё бормусан, афлокдин боломусан,
Бу фалакда кўрмадим, эй кўзи чўлпоним менинг.

Нозу истиғно била кетгил, мени ҳолимни сўр,
Термулиб доим йўлунгда чашми гирёним менинг.

Тобакай жабру ситам бирла юрурсан, эй рафиқ,
Чиқти, Машраб, ушбу ғамдин бу азиз жоним менинг.

НОГОҲ КЎРУНУБ КЎЗЛАРИ ШАҲЛО

Ногоҳ кўрунуб кўзлари шаҳло боқа қолди,
Парда кўтариб қошини ул дам қоқа қолди.

Ошиқ эканимни билиб ул дилбари раъно,
Ақлимни олиб, жонима ўтлар ёқа қолди.

Руҳум эритиб ёшини, ваҳ-ваҳ, юзи оташ,
Ишқ чақмоғини жонима, найлай, чақа қолди.

Тарсобачани кўрдиму дин кетти қўлумдин,
Қил сажда дебон бўйнума зуннор тақа қолди.

Мен онинг учун кечаю кундуз югурурмен,
Ёрим келибон биргина ҳолим сўра қолди.

Айди: “Не тиларсан?” Дедим: “ШамъИ жамолинг!”
Кўрсатти юзин, мақсуд ҳосил эта қолди.

Машраб бу жаҳонда юрубон топмади бир мард,
Юз шукрки, онинг била улфат бўла қолди.

ОШИҚ УЛДУР ТО ДИЛИГА САҚЛАСА АСРОРИНИ

Ошиқ улдур то дилига сақласа асрорини,
Барҳам урса йўлиға оламда йъўқу борни.

То ўзунгга дард тегмай, айланиб келмас даво,
Бас, бу маънодин ҳакимлар кўп сўрар беморни.

Гарчи осийман, анинг даргоҳидин навмид эмам,
Бир гул учун сув берурлар сад ҳазорон хорни.

Охири манзилга етмасдур кудуратлик кўнгул,
Дилга жо бермоқ на ҳожат душмани ғаддорни.

То дилингга маърифатдин нури имон бўлмаса,
Сўфилар, бир ҳуға алмашланг ани – дасторни.

Хотири покингни машғул қилма ҳаргиз дунёға,
Дил ғуборолуда бўлди, ул кўролмас ёрни.

Авлиёлардек муаззам бўлайин десанг, вале
Машрабо, ҳеч канда қилма дилдин истиғфорни.

ХУДОДИН ЎЗГАСИ БАРЧА ҒАЛАТДУР

Бу тани хокинию руҳи равонни на қилай?!
Бўлмаса қошимда жонона, бу жонни на қилай?!

Ёрсиз ҳам бодасиз Маккага бормоқ не керак?
Иброҳимдин қолған ул эски дўконни на қилай?!

Урайинму бошима саккиз биҳишти дўзахин,
Бўлмаса васли менга, икки жаҳонни на қилай?!

Аршнинг кунгурасин устига қўйдум оёғим,
Ломакондин жой олибман, бу маконни на қилай?!

Заррае нури қуёшдек бу жаҳон ичра тамом
Ошкоро бўлмаса, сирри ниҳонни на қилай?!

Бир худодин ўзгаси барча ғалатдур, Машрабо,
Гул агар бўлса қўлумда, ул тиконни на қилай?!

ҚАЛАНДАР БЎЛ, ҚАЛАНДАР БЎЛ

Муродингга етай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл,
Ситам аҳлин ютай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Оғиздин дур сочай десанг, шароби ишқ ичай десанг,
Ёмонлардин қочай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Фасод аҳлин қувай десанг, (кетига) бир урай десанг,
Бу даргоҳдин сурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Риёзатсиз бўлай десанг, таним озод юрай десанг,
Жаҳонни сайр этай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Разолат куйдурай десанг, залолат ўлдурай десанг,
Ҳамасин супурай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Бу тақводин кечай десанг, хонақоҳдин қочай десанг,
Ҳақиқатни очай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

Гуҳаррезлик қилай десанг, ҳамани кулдурай десанг,
Чу Машрабдек бўлай десанг, қаландар бўл, қаландар бўл.

МEҲРИБОН ОНАМ

Жамолинг кўргали келдим, аё эй меҳрибон онам,
Менинг учун адо бўлған юрагу бағри қон онам.

Хўтан даштига туштум бул фалакнинг гардиши бирлан,
Эшиткил арзи ҳолимни, мен айтай сенга, жон онам.

Ажойиб меҳрибонимсан, мени ороми жонимсан,
Муроди ду жаҳонимсан, биҳишти жовидон онам.

Мени бир жоду кўзлук бул жаҳон ичра хароб этти,
Қади сарву санавбар, қошлари мисли камон, онам.

Бошимга тушти бул савдо, бўлубман булбули шайдо,
Шабистони жаҳонда қумридек шаккарфишон онам.

Бу ишқ ўти хароб этти, юрак-бағрим кабоб этти,
Мени хоки туроб этти юзи моҳи тобон онам.

Сени кўп интизор эттим фироқ ўтиға, эй Каъбам,
Тавофи Каъбайи мақсуда келдим, дилкашон онам.

Илоҳо, авф қилғайсан бу Машрабнинг гуноҳини,
Туфайли онайи зорим, ғарибу нотавон онам.

ЎЗГИНАМ

Ишқ ўтига ўртаниб девона бўлган ўзгинам,
Куя-куя кул бўлуб бирёна бўлган ўзгинам.

Ошиқи дийдорман, эй ёр, билмассан магар,
Мансури Халлождек дорга осилган ўзгинам.

Куя-куя кул бўлуб дунёдин ўткан бормукин,
Ишқ йўлида минг ўлуб, минг бор тирилган ўзгинам.

Чок сийнамни қилиб маҳшарда айларман фиғон,
Ул куни дийдор деб маҳшарни бузган ўзгинам.

Ул сирот ал-мустақим олдида барча йиғлашур,
Ишқни раҳбар қилибон андин ўткан ўзгинам.

ЗАМОНГА СИҒМАДИМ

Онқадар нурга тўлибман осмонга сиғмадим,
Тоқи аршу курсию лавҳу жинонга сиғмадим.

Кимга соям тушса, бир нури яқин бўлди у ҳам,
Дафтари руҳи қудсдурман, забонга сиғмадим.

Жаннату кавсар манам, ҳам дўзаху сақар манам,
Бир ўзумдурман бу дам, ҳафт осмонга сиғмадим.

Сояйи одамға келдим, нури маъни изладим,
Жаннатул фирдавсдек олий маконга сиғмадим.

Бор эдим Нуҳ вақтида, ғарқ этмади тўфони ҳам,
Ҳамраҳи Мусо бўлуб Тури Синонға сиғмадим.

Эллик йил Исо билан юрдум ўлукни тиргузуб,
Боиси бир нуқтадин Машраб замонга сиғмадим.

БОШИМНИ ДОРҒА ТУТА ҚОЛДИМ

Дунёға келиб, лойиға билмай бота қолдим,
Дармон йўқидин неча оғиз сўз қота қолдим.

Кўрдумки ани, душмани руҳу тан экандур,
“Ло” ўқи била икки кўзиға ота қолдим.

Майхонаға кирдим, била қолдим куяримни,
Масжидға кириб зоҳиди яхдек қота қолдим.

Зоҳид, менга бир шишада май, сенга намозинг,
Минг тақвини бир косайи майға сота қолдим.

То телбалигим шуҳрати оламни тутубдур,
Бир жилвасиға икки жаҳондин ўта қолдим.

Ваҳдат майини пири муғон илкидин ичтим,
Мансур каби бошими дорға тута қолдим.

Айб айламангиз Машраби бехудни, ёронлар,
Найлайки, бу ғурбат кўчасидин ўта қолдим.

ЯНА ҒУРБАТЗАДА, КEТТИМ

Дунё сориға бир келибон, ғамзада кеттим,
Бир лаҳза дам олмай турубон, лаҳзада кеттим.

Бир мушфиқи ҳамроз жаҳон ичра тополмай,
Ҳасрат ўтидин куйдиму мотамзада кеттим.

Суртмай бу қаро юзни бориб равзалариға,
Армонда юруб лек бузуғ кулбада кеттим.

Ҳар жон келару кетгусидур, билсам они ҳам,
Кетмасча юрубон яна ғурбатзада, кеттим.

Ҳорис бўлубон дунёда юрди неча гумроҳ,
Урён келибон мунда, яна арбада кеттим.

ғофил кишилар кечаю кундуз тилагай мол,
Дунё ила динни сотибон ғамзада кеттим.

То ёрни хаёл айлади Машраб, кўзни очти,
Юз дарду алам бирлаки, меҳнатзада кеттим.

БИР НУҚТАДА МИНГ МАЪНО

То олами зоҳирға келиб ман гузар эттим
Тарк айладиму жумлани, қатъи назар эттим.

Аҳволи дилим айтғали бир маҳраме топмай,
Зулмингни қариндошу ғамингни падар эттим.

Бир қушки, чўлоқ, сен сори парвоз этайин деб,
Ҳажр ўқларини жонга суқуб болу пар эттим.

Душманга чу ҳарб этмак учун чора тополмай,
Дўстум қўлини туттиму тиғу табар эттим.

ғам шомида қалбимға гузор этти хаёлинг,
Кўз ёш, юрак қони билан моҳазат эттим.

Савдойи сари зулфунг учун неча маҳалдур,
Жон кишварини буздиму зеру забар эттим.

Бир мартабада турмас эмиш шоҳ ила дарвеш,
Бас, жандани кийдим, ўзими дарбадар эттим.

Кўтаҳназар эл билмаса деб хаста бу Машраб,
Минг маънини бир нукта била мухтасар эттим.

ШАРҲ АЙЛАСАМ ИШҚ ДАФТАРИНИ

Шарҳ айласам ишқ дафтарини, жон чидаёлмас,
Ҳам жону жаҳон, одаму ҳайвон чидаёлмас.

Авроди муҳаббат ўқубон масжида кирсам,
Масжид куяру тоқи фарозон чидаёлмас.

Майхона кириб, васли санамдин хабар олса,
Зоҳид куяру оқилу нодон чидаёлмас.

Маҳшар куни гар барқ урубон чиқса нигорим,
Дўзах куяру жаннату ризвон чидаёлмас.

Ишқ дафтаридин гар ўқусам сура баякбор,
Бешубҳа, билинг, ояти қуръон чидаёлмас.

Гар наръа уруб тавсани ҳиммат мина қолсам,
Оламға тушуб шўриши афғон чидаёлмас.

Машраб, сен агар даъвие ишқи санам этсанг,
Биллоҳки, анга жисминг ила жон чидаёлмас.

МEНИ ЙЎҚЛАР КИШИМ БОРМУ?

Намангондин кетар бўлсам, мени йўқлар кишим борму?
ғариблик шаҳрида ўлсам, мени йўқлар кишим борму?

Қани қавму қариндошим, бу йўлда бўлса йўлдошим,
Кўзумдин оқизиб ёшим, мени йўқлар кишим борму?

Муҳаббат шарбатин ичтим, қазондек қайнабон тоштим,
Бу фоний дунёдин кечтим, мени йўқлар кишим борму?

Тушубдур бошима савдо, рамузу ишқдин ғавғо,
Ўзига айлади шайдо, мени йўқлар кишим борму?

Турарга тоқатим йўқтур, юрарга ҳолатим йўқтур,
Юракда ишқ ўти чўқдур, мени йўқлар кишим борму?

Қарорим йўқ турай десам, Намангонда юрай десам,
Жаҳонни сайр этиб кезсам, мени йўқлар кишим борму?

Бу мискин зор Машрабни киши ҳолини билмайдур,
Бу ердин бош олиб кетсам, мени йўқлар кишим борму?

ХУДО БEРСУН ПАНОҲ

Нафси саркаш муддаосидин худо берсун паноҳ,
Бул замона муттакосидин худо берсун паноҳ.

Ҳирқайи бечора киймоқликму роҳи бандалик,
Сўфини далқи риёсидин худо берсун паноҳ.

Жомайи малла кийиб, қилғон иши ҳийлаву макр,
Шайх ноқис хонақосидин худо берсун паноҳ.

Ўзлари комилсифат, ҳар луқмаси ҳаққи сағир,
Юртни ул соҳиб дуосидин худо берсун паноҳ.

Лоф урар “Абдоли вақт-ман!” деб, сўзида маъни йўқ,
Бул замона раҳнамосидин худо берсун паноҳ.

Мард лашкар йўсинида қўлига тасбеҳ олиб,
Шайхни рангин асосидин худо берсун паноҳ.

Муттақийлик даъви айлаб, ўзларини пир тутуб,
Охири вақт порсосидин худо берсун паноҳ.

Бул қаландар жандасининг торида зуннори йўқ,
Бошига кийган кулосидин худо берсун паноҳ.

Машраби шўридани қилған дуосин қил қабул.
Ул саҳархезни дуосидин худо берсун паноҳ.

ЯХШИ ХАЛҚЛАРНИ БИРОДАР ТУТ

Тарозуйи амални қўлга ол, сўнгра баробар тут,
Хатарлик йўлдасан, то жустижў қил, яхши раҳбар тут.

Имонинг шамъини равшангаридур ҳамдами қобил,
Қўлингдин келса, доим яхши халқларни биродар тут.

Мақоми қурбат ўтиға агар кирсанг – ҳузур топсанг,
Ўзунг заҳроба ютгил, халқни комиға шаккар тут.

Бағир қони, кўзунг ёши, қади ҳам бирла оҳ тортгил,
Шафоат вақти бўлди, анда домони паямбар тут.

Бошинг гардунга етса, бўлмагил зинҳор хурсанде,
Ўзунгни ҳар хасу хошокдин, эй банда, камтар тут.

Бало кўрган кишилар мажлисини орзу қилғил
Ки, ҳар шум лодани кўрсанг, ўзунгни мунда беҳтар тут.

Тараддуд айлагил, занги дилинг шоядки соф ўлғай,
Ҳидоят кўчасининг ринди бўл, домаин маҳшар тут.

Улуғман деб, такаббур пеша қилма муштипарларга,
Сарафрози топай десанг, давомат қийдани тат тут.

Ҳавас бозорини дур айлагил зинҳор бошингдин,
Қўлунгни икки дунёдин узуб, дилни қаландар тут.

Баҳойимдек емак-ичмакни саргардони кўп бўлма,
Кафан бичгил ўзунгга, дилда ўлмоғни муқаррар тут.

Адам саҳросидин дунёга келдинг банда бўлсам деб,
Камар боғлаб белингга, зикри тасбеҳи эранлар тут.

Бу зиндонхонадин ўттунг, кўрунди жаннатул аъло,
Баланд эт ҳимматингни мунда келдинг, мисли Ҳайдар тут.

Ўзини билмаган бедардларга очмагил дафтар,
Халилдек ўтни гулзор айлагил, хўйи самандар тут.

Бу ерда ёри берса лутфи ҳақдин гарчи иқболинг,
Адолат мулкининг сарриштасини мисли Умар тут.

Бу фоний дунёдин, Машраб, етишсанг боқи уқбоға,
Сиротал мустақимдин ўттинг, сўнгра роҳи дигар тут.

МУРАББАЪ
(Ёрга етар кун борму, ёронлар)

Ҳамду санолар айтай худога,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?
Етгайму додим нозук адога,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Шум толеимдан кўрдум жафони,
Золим рақиблар кўрди вафони,
Ҳолим сўр эмди, бергил давони
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Булбулдайинким фарёд этарман,
Ишқ дафтарини бунёд этарман,
Кўнлумни бир дам мен шод этарман,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Қачон висолинг бўлғай муяссар,
Ишқингда кездим ҳам баҳру ҳам бар,
Дарду аламга тўлди кўнгуллар,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

ғам баҳри қилди мавжини бунёд,
Ишқингда қилдим минг оҳу фарёд,
Ўтти нигорим чун сарви озод,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

Ҳажр аҳли келди, тутти ёқамдин,
Бағрим тилинди пайкони ғамдин,
Фарёд этарман ушбу аламдин,
Ёрга етар кун борму, ёронлар?

ШамъИ фироқинг кўксимда ёнди,
Кўз ёшим оқиб бағримга томди,
ғафлатда қолган Машраб уёнди
Ёрга етар кун борму, ёронлар?


ДАСТИНГДАН

Не ғурбатларни чектим чарх бебунёд дастингдин,
Мудом мотамда қолдим, бўлмадим дилшод дастингдин,
Тамоми хонумоним бўлди чун барбод дастингдин,
Қафасдин бўлмадимки қумридек озод дастингдин,
Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Дилимнинг қуввати, руҳи равонимдин айирдилар,
Кўзимнинг оқи янглиғ меҳрибонимдин айирдилар,
Азизим, ҳамдамим, оромижонимдин айирдилар,
Жаҳон гулзорида ул гулистонимдин айирдилар,
Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Чаманда булбули шўридадурман, ошёним йўқ,
Мисоли чуғдек вайроналарда ҳам маконим йўқ,
Вафолиғ ёр деб чиқти, жасадда балки жоним йўқ,
Азизимдин жудо бўлдум, бошимда соябоним йўқ,
Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Менингдек ғамга қолган, дилпаришон ўлмасун ҳеч ким,
Кўзи чун термулуб йўлларда вайрон ўлмасун ҳеч ким,
Баҳори гулшани умри зимистон ўлмасун ҳеч ким,
Бу дунё дийдасиға торикистон ўлмасин ҳеч ким,
Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин.

Умидим бор, эткургаймусан хуршиди матлабни,
Саодат буржидин ул шаъми иқболимға кавкабни,
Кўтаргайсан бошимдин икки оламда қаро шабни,
Илоҳо, сен этур ҳиммат йўлиға хаста Машрабни,
Ҳама обод болъди, бўлмадим обод дастингдин
Ки мен ҳар қайга борсам, дод этарман, дод дастингдин

ШОДМОНЛИК ИЗЛАМА

Шодмонлик излама, оҳир бошинга ғам келур,
Одамининг бошига андишайи мотам келур.

Осмонга этса бошинг мисли Мусо ҳомуш ўл,
Сар дараҳт нурмева болган сонгра боши ҳам келур.

Одамийнинг асли бирдур, бир-биридин фарқи бор,
Неча қари ўтган согҳун дунёга бир одам келур.

Ваҳми маҳшардин гапурманг норасони олдида,
Гоши каргҳа ҳақ сози албатта нофорам келур.

Йигҳламоқ осон эмасдур, эй жигарбандим, эшит,
Мулки дил садпора болгҳан сонг козингдан нам келур.

Олими илмига магҳрур, жоҳили исёнга гҳарқ,
Кас не билсун, рози маҳшар кимни тоши кам келур.

Ёшлигингда ёлга киргҳил, токи топқайсан камол,
Гар жароҳат коҳна болгҳан сонгра бемалҳам келур.

Машрабо, сийнамдаги дардимни айтсам, арш куяр,
Ёл ҳатадур, қорқаман, мажлисга номаҳрам келур.

КЎРСАТ ЖАМОЛИНГ

Кўрсат жамолинг мастоналарға,
Ишқингда куйган парвоналарға.

Мендин дуодур,сендин - ижобат,
Жоним тасаддуқ жононаларға.

Эй кўнгли қаттиғ,раҳм айламайсан,
Қилғил назар сен бечораларға.

Машраб сени деб кечти жаҳондин,
Бошини қўюб остоналарға.

ҲАР КИШИНИ ДАРДИ БЎЛСА

Ҳар кишини дарди бўлса, йиғласун ёр олдида,
Қолмасун армон юракда, этсун изҳор олдида.

Андалиби бенаводек нола-ю афғон била
Доимо йиғлаб турарман айни гулзор олдида.

Мансури Халлождек ичиб шароби антаҳур,
Чарх уруб,йиғлаб турармен ушбу дам дор олдида.

Ҳар киши бир журъаэ нўш айласа бу бодадин,
Ул қиёматда қилур арзини Жаббор олдида.

Телба Машраб,қилмағил сиррингни зоҳидга аён,
Айтиб-айтиб йиғлагайсан ошиқи зор олдида.

ТУШТИ САВДОИ МУҲАББАТ БОШИМА

Тушти савдои муҳаббат бошима,
Ор этар мардум келурға қошима.

Ул муҳаббат кўйида қон йиғладим,
Этти иқлим ғарқ бўлди ёшима.

Сажда айлар зоҳид ул меҳроб аро,
Мен қилурман сажда эгма қошима.

Муҳтасиб тўктурди соқий бодасин,
Этмади ақли ани сирдошима.

Кунда юз жабр этганингдин ўргулай,
Қўй қараб ғам тошини бардошима.

Машраби девонани ҳайрон этиб,
Не сабабдин келмадинг бир қошима?

ЮЗИ МОҲИ ТОБОН ҚИЗ

Кокулунг анбар дурур, жон ичида жонон қиз,
Кўзларинг ахтар дурур, юзи моҳи тобон қиз.

Лабларинг эрур лаълдек, юзларинг қизил гулдек,
Барча сенгаким қулдек, хизматингга қурбон, қиз.

Тар оразинг гул, сочинг сунбулки,тишларинг дур,
Сарв қадлиғ, қош кўрунг офтоби даврон қиз.

Бир кўриб сени, золим, қолмади менинг ҳолим,
Танг бўлубдур аҳволим, билмадингму, нодон қиз?

Ой юзингни кўрганда, лабларингни сўрганда,
Машрабинг бўлур банда, қилсанг ани меҳмон қиз.

КЎРГОЛИ КEЛДИМ

Ишқинг ўтиға куйголи келдим,
Ойдек юзунгни кўрголи келдим.

Савдои зулфинг тушди бошимға,
Сендинн саволр сўрголи келдим.

Баҳрингга кирдим ғаввос бўлай деб,
Бир дурри мақсуд олголи келдим.

Мани сўрасанг, эй гулъузорим,
Маҳви жамолинг бўлғоли келдим.

Қофила кетти,манзилга этти,
Мен ҳам борай деб кетголи келдим.

Соқий, қадаҳни қилғил муҳайё,
Ваҳдат майидин ичголи келдим.

Раҳмат эшигин Машрабга очғил,
Ишқинг кўйида ўлғоли келдим.

ДEВОНА БЎЛДИМ

Кўрдум юзунгни - девона бўлдум,
Ақли ҳушимдан бегона бўлдум.

Тортиб жафони ўлсам кўйингда,
Қайтмасман ҳаргиз - мардона бўлдум.

Бўлиб жаҳонда расвои олам,
Яхши-ямонга афсона бўлдум.

Кавсар шароби ёдимға келмас,
Лаъли лабингдин мастина бўлдум.

Юмдум кўзумни сендин бўлакдин,
Кечдим баридин, риндона бўлдум.

Кўрдум тушумда шамъи жамолинг,
Чарх уруб ондин парвона бўлдум.

Ишқинг майини сунди бу жисмим,
Ҳам соқи-ю ҳам паймона бўлдум.

Бир қатра эрдим, чўмдум денгизга,
Кирдим садафга - дурдона бўлдим.

Куйдирмаса ўт, бўлмас яғоч чўғ,
Ишқ ўти бирлан ҳамхона бўлдум.

Бўлдум фано мен туфроғ ичинда,
Бир дона эрдим, минг дона бўлдум.

Ул юз ўтида буд бўлди нобуд,
Жон жонға кирди, жонона бўлдум.

Тегди кўзингдин ҳар дамда минг тийр,
Аввал эдим дашт, гулхона бўлдум.

Бир неча йилдур ёрдин жудоман,
Билмай ўзумни ҳайрона бўлдум.

Куймас,дедилар, маъмураи ганж,
Обод эдим ман, вайрона бўлдум.

Машрабга май сун майхона ичра,
Кечтим баридин - риндона бўлдум.

НОГОҲ КЎРУБОН ЖАМОЛИНГ

Ногоҳ кўрубон маҳви жамолинг бўла қолдим,
Ойдек юзингга боқдиму ҳайрон бўла қолдим.

Ўт туташиб куйди юрагим бирла жоним,
Парвона бўлуб ўтга юзимни ура қолдим.

Юз ғамза била чиқди санам майкасидин,
Зуннор узуб, дин била имон сота қолди.

Кўрдумки,ажиб ишвагару дилбари танноз,
Девона бўлуб ишқида ўтдек ёна қолдим.

Дийдори жамолини кўруб ишқ йўлида,
Гулгун ёнубон мавҳи томошо бўла қолдим.

Ҳожат эмас ул Каъбаи жононаға бормоқ,
Мен гавҳари мақсуд бўлойин деб ёна қолдим.

Машраб бошиға тушди ўшал кун ғами дилдор,
Шайдойи бўлуб жумла ҳавасдин қола қолдим.