Мажлисий (15-аср охири, Хоразм - 16-аср 1-ярми, Бухоро) — шоир. Ҳаёти ва ижоди қақида айрим маълумотлар Нисорийнинг «Музаккир ул-аҳбоб» тазкирасида учрайди.
Унинг 4000 мисралик «Қиссаи Сайфулмулук» ишқий-саргузашт достони бизгача етиб келган. Асар маснавийда, ҳазаж баҳрида, қисса ичида қисса шаклида ёзилган бўлиб, тузилиши, воқеалар баёни жиҳатидан фолклор асарларига яқин туради. Миср шоҳи Осимнинг ёлғиз ўғли Сайфулмулукнинг Фатина шоҳи Шоҳбол қизи Бадеулжамолга ғойибона севгиси ва унга эришиш йўлидаги саргузаштлари, умуман инсоннинг ўз бахти учун кураши ва бу жараёнда унинг камол топиши тасвирланган. Асарда адолат, яхшилик ва эзгулик мадҳ этилган, подшохлар адолатга чақирилган, хотинқизлар ҳуқукларини ҳимоя қилиш ғоялари илгари сурилган.
Ўзбек адабиётида достоннинг фолклор варианти хам яратилган. Асар Ўрта Осиё халқлари орасида кенг тарқалган, қозоқ (Саид Гарай, 1904), туркман (Қурбонали Маъруфий), татар, рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. Қозонда қайта-қайта нашр этилган (1807, 1849, 1883, 1914). Тошкентда дастлаб 1916 йил чоп қилинган. Тўла бўлмаган икки қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланади (ивн. ? 3425, 8205).
Бегали Қосимов
БАЙТЛАР
Мусоҳиблар курубон ёд қилғай,
Бузуқ ерларни обод қилғай.
* * *
Муҳаббат баҳри ошиқлар еридур.
Анга кирган тақи эрнинг эридур.
Муҳаббат шарбатин ичган унутмас,
Анга ҳар ким насиҳат қилса тутмас.
Керак ошиқ чиройи заъфарондек,
Нигори фикрида барга хазондек.
Эрур чун ишқ дарёси муаззам,
Кира олмас анга ҳар қайси одам.
* * *
Агар маъшуқа майли йўқ, билингиз
Ета билмас анга ушшоқ ҳаргиз.
* * *
Жаҳонда жаврлар ошиқ учундир,
Вале, билгил, алар лойиқ учундир.
* * *
Чу ҳикмат бирла ёрим ёр бўлди,
Хаёл этганларим гулзор бўлди.
* * *
Жафо чекмай кишига роҳат ўлмас,
Агар кўймас ўтунга, жўш бўлмас.
* * *
Чу деҳқон чекмаса жавру жафосин,
Емишларнинг киши кўрмас вафосин.
* * *
На хушдур эмгак ичра топса роҳат,
Чу марҳамдур, туташса гар жароҳат.
* * *
Келиб ишрат, яна меҳнат туганди,
Кетиб меҳнат, яна давлат уланди.
* * *
Жаҳонда ниш кўрмай, нўш бўлмас,
Муродин топмайин ошиқ қувонмас.