Бобур (тахаллуси; тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) (1483.14.2, Андижон 1530.26.12, Агра) — ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили: буюк шоир; тарихчи, географ; давлат арбоби, истеъдодли саркарда; бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода.
Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинт қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди. Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқх илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илмфанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.
Бобур отаси йўлидан бориб, машҳур суфий — Хожа Аҳрорга ихлос қўяди ва унинг тариқати руҳида вояга етади, умрининг охирига қадар шу эътиқодга содиқ қолади. Кейинчалик, «Бобурнома» асарида Бобур Хожа Аҳрор руҳи бир неча бор уни муқаррар ҳалокатдан, хасталик ва чорасизлиқдан халос этганини, энг оғир шароитларда раҳнамолик қилганлигини таъкидлайди. Отаси Ахсида бевақт, 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июн).
Мовароуннаҳр 15-аср охирида ўзаро низолашаэтган темурий шаҳзодалар ёки мулкдор зодагонлар бошчилик қилиб турган, деярли мустақил бўлиб олган кўпданкўп вилоятларга парчаланиб кетган эди. Мовароуннаҳр тахти учун кураш авжга чиққан, турли сиёсий фитналар уюштирилмоқда эди. Бунинг устига Умаршайх Мирзога тобе бир неча бек ва ҳокимлар ёш ҳукмдорга (Бобурга) буйсунишдан бош тортадилар. Уларнинг айримлари Бобурнинг укаларини ёқласа, баъзилари мустақиллик даъвосини қилади, яна бошқа бирлари Бобурга рақиб, бошқалари амаки, тоғаларига қўшилиб, уни жисмонан йўқотиш пайига тушади. Ўз амакиси ва тоғаси бўлмиш Султон Аҳмад Мирзо билан Султон Маҳмудхон хуружларини даф қилган Бобур ҳукмронлигининг дастлабки 2— 3 йилида мавқеини мустаҳкамлаш, бек ва амалдорлар билан ўзаро муносабатни яхшилаш, қўшинни тартибга келтириш, давлат ишларида интизом ўрнатиш каби муҳим чоратадбирларни амалга оширади. Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлатни сақлаш, мустаҳкамлаш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди. Бу пайтда, қисқа муддат ичида Самарқанд тахтига учинчи ҳукмдор келган эди. Султон Аҳмад Мирзо вафоти (1494 йил июл) дан кейин тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо Самарқандда давлатни 5—6 ойдан ортиқ идора этмади — қисқа муддатли касалликдан сўнг 43 ёшида вафот этди. Унинг ўрнига Бухорода ҳоким бўлган ўғли Бойсунғур ўтиради. 1495—96 йилларда Бобур Самарқандга икки марта муваффақиятсиз юриш қилади. 1497 йил кузида у Самарқанд атрофидаги бир қанча жойларни ва 7 ойлик қамалдан сўнг Самарқандни эгаллайди, Бойсунғур Қундузга қочади. Шаҳар қамал туфайли ниҳоятда оғир кунларни бошидан кечирмоқтса эди. Ҳатто эккулик дон ҳам топиш мушкул эди. Бобур қўшинни таъминлашда катта қийинчиликларга дуч келди. Навкарларидан айримлари Андижон ва Ахси томон қочиб кетадилар. Бунинг устига Андижонда қолган айрим беклар Бобурдан юз ўгириб, унинг укаси Жаҳонгир Мирзо тарафига ўтадилар. Андижондан кўнгли нотинч бўлган ва иқтисодий қийинчиликларга учраган, айни замонда оғир хасталикни бошидан кечирган Бобур Самарқандни юз кун идора этгандан сўнг, уни тарк этишга қарор килади. Аммо Хўжандга етганда Андижон ҳам қўлдан кетиб, мухолифлар ихтиёрига ўтганини эшитади. Бобурнинг Тошкент ҳокими, тоғаси Маҳмудхон кўмагида Андижонни қайта эгаллашга уриниши натижа бермайди, Бу муваффақиятсизлик Бобур қўшинига салбий таъсир этиб, кўпчилик бек, навкарлар (700—800 киши) Бобурни тарк этади. Ўзига содиқ кишилар (200—300) билан қолган Бобур маълум муддат Хўжандда тургач, Тошкентга — Маҳмудхон ҳузурига келиб, Андижонни қайтариб олиш режасини туза бошлайди. Маълум муддат ўтгач, Бобур Хўжандга қайтади, кўп ўтмай, Марғилонни қўлга киритади ҳамда Андижонни эгаллаш тадбирларини кўради. Ниҳоят, 2 йилдан сўнг (1498 йил июн) уни қайта қўлга киритади. Бобур укаси Жаҳонгир Мирзо билан сулҳ тузиб, унинг ихтиёрида «Хўжанд сувининг Ахси тарафи вилоятларини...» қолдиради, Андижон тарафи вилоятларини ўз тасарруфига олади.
Темурийларнинг ўзаро урушлари кучайган кезларда Шайбонийхон Мовароуннаҳрни истило қилишга киришади. У 1499 йил Жиззах ва Самарқанд орқали Қарши ва Шаҳрисабзгача босиб боради, катта ўлжа билан Дашти Қипчоққа қайтади. Орадан кўп ўтмай,катта куч билан Мовароуннаҳрга қайтган Шайбонийхон Бухоро ва Қоракўлни эгаллайди (1499), Султон Али Мирзо калтабинлик билан Самарқандни Шайбонийхонга жангсиз топширади (1500). Бироқ, шаҳар аҳолиси ва зодагонларининг маълум қисми темурийлар ҳукмдорлигини тиклаш тарафдори эди. Улар Фарғона ҳокими Бобурга мактуб йўллаб, Самарқандни ишғол қилишга даъват этганлар. Бобур 1500 йил кеч кузида ўз қўшини (240 киши) билан Самарқандга етиб келгач, аҳоли унга пешвоз чиқиб, шаҳар дарвозаларини очиб беради. Шайбонийхоннинг шаҳар химояси учун қолдирган 600 нафар аскари қириб ташланади. Шайбонийхон Бухорога чекинади. Қисқа вақт ичида Самарқанднинг барча туманлари, Қарши ва Ғузор шаҳарларида Бобур ҳокимлиги эътироф этилади. Аммо шаҳарда озиқ-овқат захиралари тугаб, очарчилик бошланган эди. Бундан хабар топган Шайбонийхон катта куч тўплаб, яна Самарқандга юриш бошлайди. 1501 йил апрелда Зарафшон бўйидаги Сарипул қишлоғи яқинида бўлган жангда Бобур қўшинлари енгилади. Бобур Самарқандга чекинади. Шаҳар яна қамал қилиниб, у тўрт ой давом этади. Қамалда қолган шаҳар аҳолисининг очликдан тинкаси қурийди, Бобур 1501 йилнинг 2-ярмида ноиложликдан Самарқандни тарк этиб, Тошкентга, Маҳмудхон ҳузурига йўл олади.
Бобур Темурийлар салтанатини ҳимоя қилиш ва уни сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилиб, Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борсада, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. 1503 йили Тошкент хони Маҳмудхон, Бобур ва қалмоқларнинг бирлашган қўшини Шайбонийхон томонидан Сирдарё бўйида тормор қилинади. Бобур Самарқанд тахти учун курашаётган пайтда Андижонни Султон Аҳмад Танбал эгаллаб олади. 1501—04 йилларда Бобур Фарғона мулкини қайтариб олиш учун Султон Аҳмад Танбал, Жаҳонгир мирзоларга қарши олиб борган кураши муваффақиятсизлик билан тугайди. Темурийларнинг тўхтовсиз жанглари ва оғир солиқларидан толиққан халқ Бобурни қўлламади ва у Мовароуннаҳрни тарк этишга (1504 йил июн) мажбур булади.
Бобур 200—300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб Ғазни ва Кобулни эгаллайди. Бобур Кобулни эгаллагач, мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Кобулга, умуман Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қаради, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. «Боғи Шахроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгохлар ташкил этди. Шаҳар ичидаги Боло Ҳисор қалъасини ўз қароргоҳига айлантириб, уни қайта таъмирлатди, янги иморатлар қурдирди ва оиласи билан шу қалъада яшади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1506 йил баҳорда вафот этган Қутлуғ Нигорхоним Мирзо Улуғбек шу ерда бунёд эттирган «Боғи Наврўзий»га дафн этилади.
Бобур Афғонистонда бир фотиҳ сифатида эмас, балки шу юрт, эл ободонлиги ва равнақи учун жон куйдирган тадбирли ҳукмрон сифатида қизғин фаолият кўрсатди, унинг манфаатлари йўлида одилона ва оқилона иш тутди. Афғонистондаги амалий фаолиятига кўра, Бобур бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда қудратли давлат бошлиғи ва музаффар саркарда сифатида катга обрў орттира борди, минтақадаги сиёсий ҳаёт эътиборли ўринга кўтарилди. Шайбонийларнинг тобора кучайиб бораётган юришига қарши биргаликда чора кўриш масаласида Султон Ҳусайн Бойқаро барча темурий ҳукмдорлар қаторида Бобурни ҳам маслаҳат йиғинига махсус таклиф этиши ана шундай юксак нуфузни кўрсатувчи далилдир. Бобур шу таклиф бўйича Ҳиротга отланади. Ҳусайн Бойқаронинг тўсатдан вафот этишига (1506) қарамай, у Ҳиротга боради ва темурий ҳукмдорлар билан учрашиб музокаралар ўтказади. Темурий ҳукмдорларнинг бирлашиб Шайбонийхон қўшинларига тўсиқ қўйиш режалари амалга ошмайди ва тез орада биринкетин мағлубиятга учраб, салтанатни батамом қўлдан чиқарадилар.
1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо, бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна пойтахт Кобулга қайтади.
Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради, ўз қўшинларини доимо шай тутади. Шайбонийхон Хуросоннинг йирик марказларини қўлга киритгач, Эронни забт этиш учун юриш бошлайди. Аммо, Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан қаттиқ тўқнашувда (1510) енгилади, ўзи ҳам Марвда ҳалок бўлади. Шоҳ Исмоил Хуросон ва Мовароуннаҳрга қўшин киритиб шайбонийларга кетма-кет шикаст етказа бошлайди. Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб, 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, окт. бошида эса Самарқандни яна қўлга киритади. Бобурнинг шиа мазҳабидаги эронийлар раъйи билан иш тутиши аҳолида норозилик туғдиради. 1512 йил 28 апр.да Кўли малик жангиаа Убайдулла Султон бошлиқ шайбонийлардан енгилган Бобур Ҳисор томон кетади. 1512 йил кузида Бобур шоҳ Исмоил юборган Нажми Соний лақабли лашкарбоши билан Балхда учрашиб, Амударёдан кечиб ўтиб, аввал Ҳузар (Ғузор) қалъасини олади, сўнг Қаршига юриш қилади, шаҳар узоқ муддатли қамалдан сўнг таслим бўлади, шаҳар ҳимоячилари қаттиқ жазоланади. 1512 йил 24 ноябрда Ғиждувон жангила Бобуршайбонийлардан яна енгилиб, Кобулга қайтишга мажбур бўлади. Бобур Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узилкесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади.
1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5—6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апр.да Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшининй 12 минглик аскари билан тормор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шим. Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободончилик ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа Бобур Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади.
Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоийхайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.
Бобурнинг ўз гувохлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақгда бошланган; «Ул фурсатларда бирориккирар байт айтур эдим», деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади. Жумладан, Биноий, Абулбарака ва Бобур ўртасидаги рубоий мушоираси Самарқанддаги қизғин адабий ҳаётдан дарак беради. Умуман, давлат арбоби ва кўп вақти жангу жадалларда ўтган саркарда сифатида ижтимоий фаолиятининг энг қизғин даврида ҳам, шахсий ҳаёти ва давлати ниҳоятда мураккаб ва хатарли шароитда қолган чоғларида ҳам Бобур ижодий ишга вақт топа билган, илм, санъат ва ижод аҳлини ўз атрофига тўплаб, ҳомийлик қилган, уларни рағбатлантирган.
Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фозиллар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Ижод ва санъат аҳлига бундай меҳрли муносабат асло бежиз бўлмаган. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада, ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.
Бобур 18—19 ёшларида рубоий ва ғазаллар ёза бошлаган. Унинг «Топмадим» радифли ғазали ва «Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши» мисраси билан бошланувчи рубоийси ўша йиллардаги ҳаёти билан боғлиқ.
Бобурнинг улкан санъаткорлиги шундаки, шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олади ва натижада асарларида олға сурилган ғоялар умуминсоний қадриятлар даражасига кўтарилади. Бобур ижодида, хусусан, шеъриятида киндик қони тўкилган она юртини дилдилдан қўмсаш, унинг тупроғига талпиниш, ғариблик азобларидан ўтли ҳасрат, ёру диёр согинчи ва висол илинжи, такдир зарбалари ва турмуш уқубатлари, замона носозликларидан нола бадиий таҳлил этилади.
Бобур ижодида ишқмуҳаббат, севгисадоқат, висол ва ҳижрон мавзуи ҳам салмоқли ўрин тутади. Унинг газал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одобу ахлоқи, нозу карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади.
Бобурнинг уз шеърий асарларини тўплаб, девон ҳолига келтирган санани кўрсатувчи аниқтарихий маълумотлар маълум эмас. Аммо «Бобурнома»нинг 1518—19 йиллар воқеалари баёнига бағишланган фаслида Бобур девонини Кобулдан Самарқандга юборганлиги тўғрисида сўз боради. Демак, шу йилларда унинг девонига тартиб берилган ва мазкур девон Мовароуннаҳрда ҳам тарқалган.
Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан оптик туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.
Ҳиндистон юришлари даври (1521)да Бобур «Мубаййин» асарини яратди. Маснавий тарзида ёзилган, ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган бу асарда Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонга оид ўша давр ижтимоийиқтисодий ҳаёти бўйича қизиқарли маълумотлар ҳам жамланган. Валиаҳд Ҳумоюн ва Комрон Мирзоларга дастуруламал сифатида мўлжалланган «Мубаййин»да, айни замонда, намоз, закот ва ҳаж зиёрати тўғрисида ҳам шаръий мезонлар баён қилинган. Шу йилларда Бобур Шарқ шеъриятининг асосий масалаларидан бири аруз вазни, унинг назарияси ва амалиётига оид илмий рисоласини якунлайди. Бобур номини дунёга машҳур қилган шоҳ асари «Бобурнома» устидаги ижодий ишини 1518—19 йларда бошлаган (қ. «Бобурнома»).
Бобурнинг юқорида келтирилган асарларидан ташқари, «Хатти Бобурий», шунингдек мусиқа санъати ва ҳарб ишларига махсус бағишланган қатор рисолалари ҳам бўлган. Аммо кейинги икки асар матни ҳануз топилган эмас. «Хагти Бобурий»да муаллиф араб алифбосини тахрир этиб, ёзувни соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил ва талаффуз мезонларига мослаштирган.
1526 йил 21 декабрда Бобурга қарши суиқасд уюштирилади. Маҳв этилган Иброҳим Лўдийнинг онаси ошпазлар билан тил бириктириб, унинг овқатига заҳар қўштиради. Шунинг асоратими ёки кўп йиллик машаққатли ва қўнимсиз ҳаёт таъсирими, ҳар ҳолда кейинги йилларда Бобур тез-тез касалга чалиниб туради. 1527 йил октябрда Бобур яна хасталикка учрагач, умрининг охирлаб қолганини ҳис этади. Шунда Бобур ўзи эътиқод қўйган Хожа Аҳрор Валий руҳидан нажот тилаб, ихлос билан унинг насрда битилган «Волидия» асарини шеърий таржима қилади. Бобурнинг моҳир таржимон сифатидаги қобилияти намоён бўлган 243 байтли бу асар катта ижодий илҳом билан жуда қисқа муддатда якунланган. Бобурнинг ўз эътирофича, таржима тугаши ҳамоноқ батамом соғайиб кетган. Бу йилларда у «Бобурнома» фасллари устида ишлашни давом эттирди, янгиянги ғазалрубоийлар яратди, ўз ибораси билан айтганда, «Ҳиндистонға келгали айтқон ашъорни» тартибга солиб, шунингдек, «Волидия» таржимасини, «Хатти Бобурий» билан битилган намуна ва қитъаларни Мовароуннаҳр ва Афғонистонга, Хумоюн, Хожа Калон, Ҳиндол ва б.га юборди. Ҳумоюн Мирзога аталган ижтимоияхлоқий масалаларни таҳлил этувчи машҳур мактуби ҳам Бобур ижодий фаолиятининг ёрқин қирраларидан бири бўлди.
Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539), васиятига мувофиқ хоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди (қ. Бобур мақбараси).
Бобур Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг ўз юртида ҳақиқий қадрқимматтопди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра 1993 йилда Бобур таваллудининг 510 йиллиги тантанали нишонланди. Андижон ш.да Бобур номида унт, театр, кутубхона, миллий боғ («Боғи Бобур») бор. Бобур миллий боғи мажмуаситса «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи, шоирнинг рамзий қабрмақбараси бунёд этилган. Шаҳар марказида (муаллифи Равшан Миртожиэв) ва Бобур боғидаги ёдгорлик мажмуида (муаллифи Қодиржон Салоҳиддинов) шоирга ҳайкал ўрнатилди. Андижондаги марказий кўчалардан бирига, шунингдек Тошкентдаги истироҳат боғи ва кўчага, Андижон вилояти, Хонобод шаҳридаги истироҳат боғига Бобур номи берилди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Бобур номидаги медали таъсис этилди. Шарқшунос олим Убайдулла Каримов бу медалнинг биринчи совриндори бўлди.
Андижонлик табиатшунос олим Зокиржон Машрабов раҳбарлик қиладиган Халқаро Бобур жамғармаси (1993.23.12) Бобур ижодини ўрганишда катта ишларни амалга оширди. Жамғарманинг илмий экспедицияси 10 дан ортиқ Шарқ мамлакатлари бўйлаб автомобилда илмий сафарлар уюштириб, 200 минг км дан ортиқ масофани босиб ўтди, Бобур ва бобурийлар қадамжолари, уларнинг илмий меросига оид янги маълумотлар тўплаб, уларни илмий истеъмолга киритди. Мазкур маълумотлар асосида 10 дан зиёд илмий, ҳужжатли, бадиий асарлар (З. Машрабов, С. Шокаримов: «Асрларни бўйлаган Бобур»; С. Жалилов: «Бобурнинг Фарғона давлати», «Бобур ва Андижон»; Қамчибек Кенжа: «Ҳинд сориға»; Х. Султонов: «Бобурнинг тушлари», «Бобурийнома»; Р. Шамсуддинов: «Бобурийлар изидан», «Бобурийлар сулоласи»; Т. Низом: «Уч сўз»), 10 га яқин ҳужжатли, видеофилмлар (Ф. Расулов: «Бобур изидан», «Муқаддас қадамжолар»; Т. Рўзиев: «Бобур саломи», «Бобур номидаги Халқаро илмий экспедиция»; Т. Ҳамидов: «Ифтихор» ва ҳ.к.) яратилди. Жамғарманинг Лоҳур (Покистон), Ҳайдаробод (Ҳиндистон), Абу Даби (Бирлашган Араб Амирликлари), Москва (РФ), Ўш (Қирғизистон), Тошкент, Наманган (Ўзбекистон) шаҳарларида бўлимлари мавжуд. 1998 йил Жамғарманинг бобуршунослик соҳасидаги халқаро мукофотлари илк марта Пиримқул Қодиров, Сабоҳат Азимжонова, Ғайбуллоҳ асСалом, Неъматилла Отажонов, Хайриддин Султонов, Эйже Мано (Япония), Муҳаммадали Абдуқундузов, Мақсуд Юнусов, Шафиқа Ёрқин (Афғонистон), Маъмуржон Тўхтасинов, Равшан Миртожиэв, Мажид Турсунов, Раҳмонжон Азимов, Муҳаммаджон Мирзаэвга берилди.
Абдулаҳад Муҳаммаджонов,
Абдурашид Абдуғафуров.
* * *
Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.
Жонимдин ўзга жонни дилафкор кўрмадим,
Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.
Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,
Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.
Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,
Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.
Боре борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки бориб эшигига бор топмадим.
Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни мунча қилиб ёр топмадим.
* * *
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.
Бори элга яхҳшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.
* * *
Не вафо умрумда ул жону жаҳондин кўргамен,
Ким вафо жондин кўрубдурким, мен ондин кўргамен.
Кўз йўлидин ул сари ҳуснун назар айлар эдим,
Қон ёшим ул йўлни тутти, эмди қондин кўргамен.
Ёраб, ул кун шум толиъдин манга бўлғаймуким
Жонима ором ул ороми жондин кўргамен.
Кўз кўрар, лекин солур мени балоға бу кўнгул,
Бу балони неча чашми хунфишондин кўргамен.
Бартараф қилғил вафо истарни элдин, Бобуро,
Ул ғалатдурким, вафо аҳли жаҳондин кўргамен.
* * *
Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.
Бу шаклу шамойил била худ ҳуру парий сен
Ким, жинси башар ичра бу миқдор топилмас.
Ағёр кўз оллидаку ул ёр аён йўқ,
Ғамхоре кўнгул ичраю ғамхор топилмас.
Эй гул, мени зор этмаки, ҳуснунг чаманида
Кўзни юмуб очқунча бу гулзор топилмас.
Бобур, сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,
Оламда кишига йўқ эса ёр топилмас.
* * *
Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!
Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,
Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!
Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,
Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!
Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,
Ўзга кўнглимнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!
Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!
* * *
Ғурбату ҳижронға қолдим, оҳ ул жон илгидин,
Жонға еттим эмди ғурбат бирла ҳижрон илгидин.
Кўрсатур гаҳ тийғу гаҳ ўқ ҳолатимни билмайин,
Не балолар кўрадурман ёри нодон илгидин.
Эл фиғонимдин бажону мен бу жондин, эй ажал,
Қил халос элнию мени жону афғон илгидин.
Бобур, ул ой ҳажрида ишинг басе душвор эди,
Шукрким, қутқарди ўлум сени осон илгидин.
* * *
Ёр юзумни кўруб дарду ғамим билса керак,
Юз кўруб дарду ғамим чорасини қилса керак.
Эй сабо, жону кўнгулни ўзининг чун қилди,
Кўнгли бирла дегасен жони учун келса керак.
Васлини не қилайин ғайрдин айрилмади ҳеч,
Ёр васли менга, у ағёрдин айрилса керак.
Васлининг қадрини чун билмади бу телба кўнгул,
Ҳажрининг тийғи анинг юрагини тилса керак.
Шукр Бобурни билурмен деган эрмиш ул ой,
Ложарам бандаларин шоҳлари билса керак.
* * *
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,
Тийра бўлди рўзгорим ул қаро қошдин яна.
Мен ҳуд ул тифли парийвашға кўнгул бердим, вале
Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна.
Юз ямонлиғ кўруб андин телба бўлдунг, эй кўнгул,
Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна.
Тош урар атфол мени, уйда фориғ ул парий,
Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна.
Оёғим етгунча Бобурдек кетар эрдим нетай,
Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна.
* * *
Кўнгулга бўлди ажойиб бало қаро сочинг,
Шикаста кўнглума эрмиш қаро бало сочинг.
Муяссар ўлди жунун мулки, эй жунун аҳли,
Нисори ашкни эмди бу кун манго сочинг.
Сочинг шикастида бордур шикаста кўнгуллар,
Кўнгуллар очилур, очилса ул қаро сочинг.
Очилди кўнгли, чу очтинг сочингни, Бобурнинг,
Не айб, агар деса дилбанду дилкушо сочинг.
* * *
Балойи ишқки, ҳар дам манда жафоедур,
Бу ишдин кеча олмон ажаб балоедур.
Хати лабиға туташ бўлса, эй кўнгул, не ажаб,
Ки Хизр чашмайи ҳайвонға раҳнамоедур.
Ярар бу хаста кўнгул дардиға ўқин яраси,
Магарки ҳар яраси ёрнинг давоедур.
Баҳор фаслидуру май ҳавоси бошимда,
Аёқ тут менга соқийки, хуш ҳавоедур.
Ул ой рақибға бўлди рафиқу Бобурнинг
Рафиқу ҳамдами ҳажринда оҳу воедур.
* * *
Кўзумда муттасил ул эгма қош керак бўлса,
Қошимда кўз ёруғи ул қуёш керак бўлса.
Сужуд вақтида меҳроб бўлмасун ҳаргиз
Ки, бош қўярда ўшал эгма қош керак бўлса.
Ҳабиб ишқида бошдин кеч, эй кўнгул, йўқ эса,
Бу йўлға қўйма аёқ санга бош керак бўлса.
Қўюб аёғиға бош, сўрса лаълидин ҳар ким,
Бошиға туфроқу оғзиға тош керак бўлса.
Сенинг била бари эл нохуш ўлса, эй Бобур,
Не бўлғуси санга, ул ёри хуш керак бўлса.
* * *
Улки менга ёри дилнавоз кўрунду,
Жаврин кўрсатти кўпу оз кўрунди.
Бўлди бошим паст пойбўсида охир,
Гарчи бурун асру сарафроз кўрунди.
Сенинг учун улки бошин ўйнамади ҳеч,
Сенга ажойибки ишқбоз кўрунди.
Ишқ боринда салоҳу тавбаву тақво
Барчаси таҳқиқ бил мажоз кўрунди.
Душмано жон ўлди, не қилай, санга, Бобур,
Улки менга ёри дилнавоз кўрунди.
* * *
Не кўрай тўбини қадди хушхироминг борида,
Не қилай сунбулни хатти мушфоминг борида.
Ким Хизр суйин оғизлағай лабингнинг қошида,
Ким Масиҳ алфозидин дегай каломинг борида.
Ошиқингни давлатин васлинг била қил муҳтарам,
Ҳусн аҳли ичра мунча эҳтироминг борида.
Биздин айру доим эл бирла ичарсен бодани,
Бизни ҳам гоҳе соғин шурби мудоминг борида.
Эй кўнгул, гар ғайр сўзи заҳри қотилдур, не ғам,
Лабларидин шарбати юҳи-ил изоминг борида.
Тарки номус айлабон бадном бўлғил ишқ аро,
Ким сени ошиқ дегай номусу номинг борида.
Бобур ул гул кўйида булбул киби топтинг мақом,
Бир навое рост қил мундоқ мақоминг борида.
* * *
Сенинг ишқингда, эй номеҳрибон, бехонумон бўлдим,
Деман бехонумон овворайи икки жаҳон бўлдум.
Лабинг гар бермаса бўса нечук жон элта олғаймен,
Бу йўлдаким, адам саҳросиға эмди равон бўлдум.
Сўруб ул ой лабидин оғзининг рамзини англадим,
Бир оғиз сўз била кўрунгки мунча хўрдадон бўлдум.
Нечаким қоши ёлар ишқида тузлукни кўрсаттим,
Вале охир маломат ўқлариға-ўқ нишон бўлдум.
Кулар эрдим бурун Фарҳоди мискин достониға,
Бу Шириндурки онинг бирла-ўқ ҳамдостон бўлдум.
Висолинг давлатиға етмасам Бобур киби, не тонг,
Ки ҳажринг меҳнатида асру зору нотавон бўлдум.
* * *
Ким кўрар хуршидни, ул моҳсиймо бўлмаса,
Ким сўрар шаккарни, ул лаъли шакархо бўлмаса.
Гул тикандур кўзларимга ул юзи гулдин йироқ,
Сарв ўқдур бағрима ул сарв боло бўлмаса.
Жаннату-л-маъвони, эй зоҳид, нетай мен зорким,
Истарам кўйидин ўзга манга маъво бўлмаса.
Тиймағил девона кўнглумники, расво бўлма деб,
Ошиқ ўлғайму эди ул телба расво бўлмаса.
Гар бошингни кессалар ишқида, эй Бобур, сенинг,
Ёрдин кўнглунг керакким ўзга қатъо бўлмаса.
* * *
Яна кўз уйида маъво қилибсен,
Кўнгул кошонасида жо қилибсен.
Яна савдойи зулфингдин, нигоро,
Мени ошуфтаву шайдо қилибсен.
Ғаминг йўқ жон агар берсам ғамингда,
Ўзунгни мунча бепарво қилибсен.
Қошингдин мени ўқдек ташлар учун
Янги ойдек қошингни ё қилибсен.
Кўзумдин ёшуриб, эй баҳри алтоф,
Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен.
Соғинмас жаннату-л-маъвони Бобур,
Онинг кўнглида то маъво қилибсен.
* * *
Жонима ўт солди ул рухсорайи зебо яна,
Кўнглума ул зулф бўлди мояйи савдо яна.
Кўрсатиб рухсору зулфин ул парий пайкар манга,
Жону кўнглумни қилибдур волаву шайдо яна.
Ёр кўйиндаги том сенсен манга пушти паноҳ,
Сояйи лутфунгни сол, чун санга келдим то яна.
Шодлиқнию фароғатни қўюб ошиқ бўлиб,
Меҳнату ғамни қилибмен ўзума пайдо яна.
Ёрға қулмен дегач Бобурни расво айлади,
Тенгри мендек бандасини қилмасун расво яна.
* * *
Бир парий мен телбани ҳусниға мойил қилғудек,
Кўзум ичра ер тутуб кўнглумда манзил қилғудек.
Кўнглумизга жавр беҳад қилди ул номеҳрибон,
Жонима юз минг ғаму меҳнатни ҳосил қилғудек.
Нотавон кўнглумга ишқи қайғуни келтургудек,
Айшу ишратни кўнгулдин қайғурур эл қилғудек.
Қилмади Фарҳоду Мажнун ўзни расво мен киби
Ким, бу навъ иш иш эмасдур ҳеч оқил қилғудек.
Ул парий ишқида Бобур жон бериб, эй аҳли ишқ,
Ишқ атворини ишқ аҳлиға мушкил қилғудек.
* * *
Янги ой ёр юзи бирла кўруб эл шод байрамлар,
Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.
Менинг бу тори мў янглиғ танимға тоблар солди
Ул ойнинг юзида сунбул киби зулфидағи хамлар.
Ҳавоға дуди оҳин тутратур ишқ аҳли ғайратдин,
Сабо таҳрикидин ҳар гаҳ паришон бўлса парчамлар.
Очилди зулфию хайлар намудор ўлди юзинда,
Гул узра чун бўлур пайдо кеча очилса шабнамлар.
Мену ғам кунжию оҳу фиғони ашку хунолуд,
Не хушдур гўшайи холий, майи софию ҳамдамлар.
Кўнгулни ишқ бузди, не осиғ панду насиҳатдин,
Менинг мажруҳ кўнглумга ярашмас ушбу марҳамлар.
Юзи наврўзи, асли ийдни Бобур ғанимат тут
Ки, мундин яхши бўлмас бўлса юз наврўзу байрамлар.
* * *
Тишинг дур, лабинг маржон, хадинг гул, хатинг райҳон,
Юзунг хур, сочинг анбар, сўзунг мул, менгинг мейнон.
Мейнон менгинг, сўзинг мул, анбар сочинг, юзунг хур,
Райҳон хатинг, хадинг гул, маржон лабинг, тишинг дур.
Тафоҳур кўзум, кўнглум қилурлар магар бордур,
Кўзунга кўнгул вола, юзунга кўзум ҳайрон.
Ҳайрон кўзум юзунга, вола кўнгул кўзунга,
Бордур магар, қилурлар кўнглум, кўзум тафоҳур.
Тафаккур неча қилсам топилмас сенинг мислинг,
Парийдек сени кўрдум эмассен маган инсон.
Инсон магар эмассен, кўрдум сени парийдек,
Мислинг сенинг топилмас қилсам неча тафаккур.
Балодур манга ҳажринг, даводур манга васлинг,
Итобинг манга офат, ҳадисинг манга дармон.
Дармон манга ҳадисинг, офат манга итобинг,
Васлинг манда даводур, ҳажринг манга балодур.
Чу Бобур санга қулдур назар қил анга зинҳор,
Топилмас яна бир қул анингдек санга, эй жон.
Эй жон санга анингдек, бир қул яна топилмас,
Зинҳор анга назар қил, қулдур санга чу Бобур.
* * *
Очилиб икки сочи юзига ёйилмишлар,
Ёруқ жаҳонни кўзумга қаронғу қилмишлар.
Чағир бағри қонидур барча ишқ аҳлиға,
Зиҳи аларки, бу майдин даме ойилмишлар.
Не қилсам айлама, эй ёр, айбким, менда
Жунуни ишқу йигитлик бори қотилмишлар.
Салоҳға хирад аҳли мени ёвуқ дерлар,
Кўрунгки ушбу чечанлар йироқ янгилмишлар.
Не суд ишни элдин ёшурмоқ эй Бобур,
Чу ҳолатингни бори олам аҳли билмишлар.
* * *
Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,
Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.
Неткаймен, ул рафиқ билаким, қилур басе
Меҳру вафо рақибға жавру жафо манга.
Бегона бўлса ақл мени телбадин, не тонг,
Чун бўлди ул парий сифатим ошно манга.
Оҳу ёшимдин ортадурур заъф, эй табиб,
Билдим ярашмас эмди бу обу ҳаво манга.
Дардим кўруб муъолажада зойиъ этма умр
Ким, жонда дарди ишқдурур бедаво манга.
То ёр кимни истару кўнглина ким ёқар,
Ташвиши бежиҳатдурур охир санга, манга.
Бобур бўлубтурур ики кўзум йўлида тўрт,
Келса не бўлди қошима бир-бир манга-манга.
* * *
Хати бинафша, хади лола, зулфи райҳондур,
Баҳори ҳуснда юзи ажаб гулистондур.
Энги, менги ою дағи юзи, сўзи гулу мул,
Қади равону тани жону эрни маржондур.
Қошида чин, кўзида кийну ангабин лабида,
Сўзида заҳру лекин тилида дармондур.
Қошингға кўп бора олмон, нетай оралиқда,
Ёшим тишинг дуридин айру баҳри уммондур.
Ўтумни тез этасен ҳар тарафға секритиб от,
Саманди ноз инонини бир бери ёндур.
Не навъ васф қилай сувратинг латофатини
Ки, ҳуснунга сенинг, эй руҳ, ақл ҳайрондур.
Жафову жавр агар қилса, Бобуро, нетайин,
Не ихтиёр манга, ҳарне қилса султондур.
* * *
Сўрма ҳолимники бўлдум бурноғидин зорроқ,
Жисм жондин зору жоним жисмдин афгорроқ.
Банда тақрир айлай олмон банд-бандим дардини,
Юз темур банд ўлса ондин бу эрур душворроқ.
Масту бехудлиқ била унрунгни ўткардинг, дариғ,
Эй кўнгул, мундин бери бўл бир нима хушёрроқ.
Ғафлат уйқусидин уйғон, гар тилар бўлсанг мурод,
Ким етар мақсадға ҳар ким, бўлса ул бедорроқ.
Ўлгали еттим, менинг жоним ғамин е, эй рафиқ,
Даҳр аро чун йўқ киши сендин манга ғамхорроқ.
Келмас ўхшар захматинг ислоҳға, Бобур, магар
Ҳар давоким қилдилар бўлдунг дағи беморроқ.
* * *
Заъфдин гўё менинг бу зор жисмим нолдур
Ким, анинг шарҳин демакта хома тили лолдур.
Заъфлиқ жисмим била бу нотавон кўнглум аро
Дарди ёр эрканга ушбу эгма қаддим долдур.
Мен дамодам қон ютармен ҳажр аёғидин, нетай,
Ўзгаларнинг жоми васли гарчи моломолдур.
Зулфиға вобастамен васлиға йўқдур дастрас,
Эй хуш ул озодаким, беқайду фориғболдур.
Ул парийдин мен нечук жон элтайинким, Бобуро,
Васли мушкил, ҳажри муҳлик, ғамзаси қаттолдур.
* * *
Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,
Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.
Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,
Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.
Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор
Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.
Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,
Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.
Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,
Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.
* * *
Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,
Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.
Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,
Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.
Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,
Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.
Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,
Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.
Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,
Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда ҳорҳорим бор.
* * *
Ўзни , кўнгул, айш билан тутмоқ керак,
Бизни унутқонни унутмоқ керак.
Айшу тараб гулбуниға сув бериб,
Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.
Тийра турур зуҳд дамидин кўнгул,
Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.
Ҳар нимаға ғам ема, ғам кўп турур,
Айш била ўзни унутмоқ керак.
Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгул,
Ўзни фароғат била тутмоқ керак.
* * *
Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулуқ бахтимни уйғотсам,
Кечалар тори мўйидек белиға чирмашиб ётсам.
Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам,
Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.
Қани Ширин била Лайлики сендин ноз ўрганса,
Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.
Ёруқ кундуз,қоронғу кечада анжум киби бўлгай,
Чекиб гар оҳ дудини кўнгул ўтини тутратсам.
Кўзум равшанлиғида бўлғай,Бобур,басе камлиқ,
Агар қоши била юзун ҳилолу кунга ўхшатсам.
РУБОИЙЛАР
Жоно, битигингки, бўлди марқум манга,
Меҳнат била ғамни қилди маъдум манга.
Кўргач ани гарчи шод беҳад бўлдум,
Мазмуни, вале, бўлмади маълум манга.
* * *
Не ишрату айш учун майи ноб манга,
Не тоат учун гўшаи меҳроб манга,
Не фисқ қилурға бордур асбоб манга,
Не зоҳид ўлурға тоқату тоб манга.
* * *
То бўлғали дилдор ўшал ой манга,
Ҳолимни билиб, қилмади парвой манга.
Мен асру ҳаробу ёр кўп мустағний,
Эй вой манга, вой манга, вой манга!
* * *
Хуш улки, кўзум тушти сенинг кўзушта,
Бевосита ҳолимни десам ўзунгга,
Бермай сўзума жавоб ачиғланасен,
Қилдинг мени муҳтож чучук сўзунгга.
* * *
Асру кўп эмиш журъату химмат сизга,
Рўзий қилғай Худой нусрат сизга.
Мардоналиғингизни бори эл билди,
Раҳмат сизга, ҳазор раҳмат сизга!
* * *
Ҳар кимки вафо қилса вафо топгусидур,
Ҳар кимки жафо қилса жафо топгусидур,
Яҳши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,
Ҳа кимки ёмон бўлса жазо топгусидур!
* * *
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Ҳар неники севмак андин ортиқ бўлмаз,
Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.
* * *
Тақдир юки бошимга балолиғ бўлди,
Ҳар неники айладим ҳатолиғ бўлди,
Оз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди.
* * *
Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.
Кўнглим бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатда севинмас эмиш, албатта, киши.
* * *
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,
Жамиятингиз борини давлат тутунгиз.
Чун гардиши чарх бу дурур, тенгри учун,
Бир - бирини неча куни ғанимат тутунгиз.
* * *
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор
Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
* * *
Сен гулсену мен ҳақир булбулдирмен,
Сен шуъласен,ул шуълаға мен кулдирмен.
Нисбат йўқдур,деб ижтиноб айламаким,
Шоҳмен элга,вале сенга қулдурмен.
ТУЮҚЛАР
Васлдин сўз дерга йўқ ёро манга,
Ҳажр аро раҳм айлагил, ёро, манга.
Ўқунг этти кўп ёмон ёро манга,
Мархами лутфунг била ёро манга.
* * *
Улки, ҳар кўзи ғазоли Чиндурур,
Қошида пайваэта онинг чиндурур.
Чунки кўп ёлгон айтти ул манга,
Гар десам ёлғончи они чиндурур.
* * *
Мени беҳол айлаган ёр ойдурур —
Ким, онинг васли менга ёройдурур.
Гар висоли бўлмаса, кетар ерим
Ё Хуросон, ё Хитой, ё Ройдурур.
* * *
Ишқ аҳли ишқ дардини танинг,
Кўп ёмондур, дарди ишқидин танинг.
Ҳар неча кўзум оч эрса, кўз тўёр
Гар очилса сиймдек нозик танинг.
* * *
Меҳрким, кўкка қилур оҳанг тонг,
Оллида бўлса, эмас беранг тонг.
Холию икки лабидек бўлмағай,
Ҳинду ар келтурса шаккар танг-танг.
* * *
Кел, қилай жонни нисоринг, о ёрим,
Нақди жонни борму сендин оёрим?!
Бўса берсанг гар тамом оғзинг била,
Кунжи оғзингдин олойин оёрим.
* * *
Сен киби бир дилрабони билманам,
Ошики содикки дерлар, бил, манам,
Қил тасаввур кўз ёшимни бир тенгиз,
Ўзга ошиқ ашки янглиғ билманам.
* * *
То чиқарди хат узори покидин,
Гул юзи озурда бўлди покидин.
Истар эрди эл бурун юз меҳр ила,
Эмди ул юз меҳри кетти покидин.
* * *
То кўнгул бердим ўшал қойсориға,
Боргонини билмадим қой сориға.
Дўстлар, ёрға мени соғиндурунг,
Солсангиз ногаҳ қулоқ қойсориға.
* * *
Шаҳ, супурай остонинг юз ила,
Тийманакдин неча урай юз ила,
Икки юзлук муддаийдин не ғамим,
Гар ишим тушса алардин юзила?!
* * *
Не бало бийиктурур давлат тоғи,
Кўҳи ғамни не билур давлат тоғи.
Ҳиммате тут, доғи давлат истагил,
Химматинг бўлса, бўлур давлат тоғи.
* * *
Жонға солди да?ф ғурбат норини,
Кўз ёшим бўлди мўғулнинг норини.
Бу арода мен дегандек бўлмаса,
Кўзлай Иссиғкўлу андин норини.
* * *
Қаддимни фироқ меҳнати ё қилди,
Кўнглум ғаму андуҳ ўтиға ёқилди.
Ҳолимни сабоға айтиб эрдим, эй гул,
Билмон, санга шарҳ қилмади ё қилди?!