Юсуф Амирий (XIV аср)

Юсуф Амирий (15-аср, Ҳирот) — шоир. Бойсунқур Мирзо ҳимоясида яшаган. Туркий ва форсийда ижод қилган. Алишер Навоий «турк эрди ва туркча шеъри яхши воқе бўлибтур» («Мажолис ун-нафоис») деб ёзса, Давлатшоҳ Самарқандий «Шоҳрух даврида катта шуҳрат қозонди» («Тазкират уш-шуаро») деб таърифлайди.
Юсуф Амирийнинг туркийдаги бир девони ҳамда «Даҳнома», «Чоғир ва Банг мунозараси» асарлари етиб келган. Форсийдаги асарларидан 2 байтгина маълум: бири «Мажолис ун-нафоис», иккинчиси Яқинийнинг «Ўқ ва ёй мунозараси»да сақланган. Девонига кирган шеърларида шоир ҳаёт ҳақида чуқур фалсафий фикр юритади, ишқ-муҳаббатни улуғлайди («Эй кўза...», «Телбаман», «Эй кўнгул» ва б.).
«Чоғир ва Банг мунозараси» билан мунозара жанри имкониятларини бойитди. Убайд Законий таъсирида ёзилган бу асарда амалдорларнинг салбий ахлоқий-маънавий қиёфалари, хислатлари ҳажв қилинади, адоват, жоҳиллик, ўзаро қирғин урушлар қораланади.
Юсуф Амирий «Даҳнома» (1429) асари билан нома жанрини ривожлантирди. Бу девон нусхаси Туркияда, «Даҳнома», «Чоғир ва Банг...» нусхалари Британия музейида, фотонусхалари Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик ва Қўлёзмалар институтларида сақланади.


* * *

Эй, кўзда юзунг ҳайрати осори томоша,
Наззорайи ҳуснинг гули беҳори томоша.

Кўнглум тепиши айлади савдо элини хуш,
Девона рур равнақи бозори томоша.

Муфт ўлди ҳавас аҳлина савдойи висолинг,
Бемоя топар суд харидори томоша.

Кўнглум қушини зоғларинг қилди музайян,
Шавқ этти бу товусни гулзори томоша.

Моҳияти хуршедни хуффош на билсун,
Ҳар дила эмас маҳрами асрори томоша.

Кўнглумни қилиб қасри вафо ишқ, Амирий,
Кўз манзарасин айлади анвори томоша.

* * *

Хаёлинг хайли,эй жоним чароғи,
Турур кўзумдаву кўнглумда доғи.

Юзунг кўрар кўзумдур,гар рақибинг,
Кўра олмас они чиқсин қароғи.

Қачон зулфунг кўнгул бирлан тузолгай -
Ким,эгридур анинг боштин-аёғи.

Фиғонимни рубоб олиға, эй дўст,
Не айтойин чу эшитмас қулоғи.

Кўзунг кўнгулда экмас меҳр тухмин,
Ажаб йўқ,тушмади экин йироғи.

Юзунг кўрар кўзумдур,гар рақибинг
Очилғил гаҳ-гаҳе,эй ҳусн боғи.

Амирий олидин то ўтти ул зулф,
Насимидин мушаввашдур димоғи.


ТУЮҚЛАР

* * *

Телбаман шаҳло кўзунг олусидин,
Узмадим боғингда васл олусидин.
Ҳажр даштида югурмоғлиғ била,
Етмадим васлингга йўл олусидин.

* * *

Гар десам, боғи висолинг нори бор,
Олма деб аччиғлаб айтур: Нори бор!
Ишқ нахли кўз ёшимдин сув ичиб,
Баргу борини шарарлиғ нори бор.

* * *

Эй кўнгул,бу кеча ул ой сори бор,
Оҳ ўтин ёрутмаким, ағёри бор.
Тухми меҳр этким муҳаббат боғида,
Дард барг очти-ю ғам келтурди бор.

* * *

Шамъ янглиғ ёнадур бошимда ўт,
Кўз ёшимдин ер юзинда унди ўт.
Қон ёшим қилди йўлунгни лолазор,
Мунча тақсир айладим, қонимдан ўт.

* * *

Бодасиз бетобмен бу кеча мен,
Лаълинг истаб эмди жондин кечамен.
Соҳили мақсадға етгайманму деб,
Кўз ёшим дарёсида сув кечамен.

* * *

Жилва айлаб сакратурда саркаш от,
Ноз ўқин жавлон этиб жонимға от.
Итларинг хайлиға хизмат айладим,
Қўйдилар аҳли вафо деб манга от.

* * *

Дилрабо, ҳажринг ўтида ёнамен,
Ўртаниб васлинг тиларман ёна мен.
Каъба азмидин манга сан муддао,
Бўлмасанг,албатта,андин ёнамен.

* * *

Ҳамнишин ағёр то ул ёрадур,
Кўкрагим ҳасрат ўқидин ёрадур.
Май била соқий ҳимоят бўлмаса,
Шаҳнайи ҳижрон юракни ёрадур.