08:57 / 18.05.2010 · Кутубхона
Мактуб ёзганмисиз?

Сарлавҳани бекорга шундай деб қўймадик. Бугунги кунда телефон ёки интернет деган мўъжизалар кенг тарқалиб, инсон қалбидаги меҳрни ўзида акс эттира оладиган мактуб ёзиш унутила бошланди. Техника тараққиётини инкор этиш мумкин эмас. Аммо бу тараққиёт бир одамга хос ҳис-туйғуларни иккинчи бир кишига етказишга ожизлик қилади.

Бугунни телефонсиз, компъютерсиз тасаввур қила олмаймиз. Уйимиздаги ёки ишхонамиздаги телефон бир кун ишламай қолса, нимадир йўқотган одамдай гангиб юрамиз. Илгари ўқишга ёки ҳарбий хизматга кетган ёшлар кунда бўлмаса ҳам ҳафтада бир марта ота-оналарига, дўстларига ёки севгилиларига мактуб йўллаб турганлар. Жавоб хатини интизорлик билан кутганлар. Энди эса телефонга югурадилар. Ҳазил тариқасида айтсак, охирги пулларини телефонга сарфлайдилар-да, ота-оналарига пуллари тугаб қолганини маълум қиладилар. Ёки шунга ўхшаш бирор нима сўрайдилар. Телефоннинг совуқ симлари фарзанднинг ота-онага меҳрини етказиб бера олмайди. Ошиқнинг маъшуқасига бўлган севги оташини ҳам етказишга ожиз. Бу вазифани оқ қоғоз ва қалам уддалайди. Гарчи қоғозга тушадиган ҳарфлар ҳам совуқдай туюлса-да, бу ҳафларда меҳр олови мавжуд. Бу олов тафтини мактуб ўқиётган одам ҳис қилиб туради. “Ассалому алайкум, отажон, онажон! Соғ-саломатмисиз? Менинг ўқишларим яхши. Фақат сизларни жуда соғиндим...” Ота-онанинг қалбига фарзанднинг олам-олам меҳр-муҳаббати оқиб кириши учун шу бир неча сатр кифоя. Аммо... афсус шуки, шу бир неча сатрни ёзишга қунт қилмаймиз, фаросатимиз етмайди... Байрамлар ўтади, мактуб йўлламаймиз. Туғилган кунлар ўтади, мактуб ёзишга тоқатимиз йўқ... Нима бу? Қалбимиздаги меҳр булоғи қуриб боряптими? Аллоҳ сақласин!

Мазкур сатрларни ўзингизга атаб ёзилган очиқ хат, деб қабул қилинг ва охирги марта кимга, қачон хат ёзганингизни эслаб кўринг. Орамизда ҳаёти давомида бирон марта мактуб ёзмаганлар ҳам бор. Азизлар, бир неча дақиқа кундалик ташвишларни четга қўйинг-да, қоғоз ва қалам олиб яқинларингиздан бирига хат ёзинг. Орамизда бошқалардан хат олса-да, жавоб қайтармаганлар ҳам бор. Азизлар, сиз ҳам жавоб ёзиб муштоқ кўнгилларга қувонч юборинг.

Бадиий адабиётда гўзал мактублар намунаси мавжуд. Шулардан иккисини эътиборингизга ҳавола этамиз. Қайси асардан эканини ўзингиз аниқларсиз. Бу мактублар сизларга намуна сифатида хизмат қилади.

Тоҳир Малик

***