Хўжандий (XIV-XV аср)

Хўжандий (14-асрнинг 2-ярми Хўжанд — 15-аср бошлари) — шоир, дунёвий адабиёт вакилларидан бири. Xўжандий ҳақида биографик маълумотлар сақланмаган. Бизгача унинг «Латофатнома» асари етиб келган. Асар Хоразмийнинг «Муҳаббатнома»сига назира тарзида ёзилган. Достон ўнта нома (мактуб)дан иборат. Асарда севги тараннум этилиб, висол иштиёқи ва ҳижрон изтироблари тасвирланган.
Тилар бўлсанг жаҳон ичра аморат.
Фақирлар кўнглини қилгин иморат
каби мисраларида инсонпарварлик ғоялари илгари сурилган. «Латофатнома» 15-аср бошларида ўзбек шеъриятига хос деталлар ва бадиий анъаналар (айниқса, тажнис)га бой, тили оммабоп. Форсча, арабча сўзлар кам. Унда фикрий аниқлик ва ҳиссий жўшқинлик мужассам. Асар Олтин Ўрда хонлигида яратилган туркий тилдаги нодир адабий асар бўлиб, ўзбек адабиётида номанавислик жанрига муҳим ҳисса бўлиб қўшилган.


«ЛАТОФАТНОМА»дан

Сабаби назми «Латофатнома»

Саҳар вақтиндаким хуршеди ховар
Жамолиндин жаҳон бўлди мунаввар.

Олиб найза иликка хисрави чин,
Ҳабаш султонини қувди жаҳондин.

Шаҳи машриқ алам оламға урди,
Сипоҳи занги қўрқуб юз ёшурди.

Чиқорди эрса шаҳ ханжар белиндин,
Ҳабаш султони қочти Рум элиндин.

Сипоҳи турк бўлдиса сиёҳи,
Азимат тутти ҳиндулар сипоҳи.

Хуруси субҳдан фарёд ошурди,
Кеча зоғи юмуртқасин ёшурди.

Тафаккурда турур эрдим саҳаргоҳ,
Эшиктин бир жувоне кирди ногоҳ.

Фироқ ўтинда бағри пора бўлғон,
Элиндин ишқ учун овора бўлғон.

Анингким, ишқи йўқ андин не ҳосил,
Севар жононасиз жондин на ҳосил.

Анингким бир севар жонони йўқтур,
Ҳақиқат бил, танинда жони йўқтур.

Не билсун текма нодон ишқибози,
Ҳақиқат бўлмаса бори мажози.

Аюр:— «Эй сўз ичинда ўд бағоят,
Не бўлғай қилсангиз бизга иноят.

Сени шоир теб айтурлар халойиқ,
Сўзунгдин туҳфа келтур бизга лойиқ.

Тилармен сендин, эй кони малоҳат,
Ки берсанг сўз билан жонимга роҳат.

Муҳаббат жомидин ичсанг шаробе,
«Муҳаббатнома»га айсанг жавобе»

Қабул эттим, қабулият йўқ эркан,
Сало урдум, салоҳият йўқ эркан.

Боқиб сўз шоҳидининг юзин очтим,
Бошиға дурру жавҳар, инжу сочтим

Тафаккур баҳриға боттим ҳижобсиз,
Чиқардим дурру жавҳар кўп ҳисобсиз.

Риёзат баҳрина солдим ўзумни,
Иборат силкига торттим сўзумни.

Тилимда сўз, элимда хома бўлди,
«Латофатнома» ҳам ўн нома бўлди.

Табиатдин чиқордим назм бисёр,
Очунда бўлмадим ўдгу харидор.

Сўзум чун донадур, нодон не билсун,
Вале ҳайвон суйин ҳайвон не билсун.


Номаи панжўм

Аё дилбар, кел эмди ёз очилди,
Гулистон шонида гуллар сочилди.

Қаро ерга менгизлик бўлди хазро,
Чаман шоҳидлари бўлди мусаффо.

Етиб келди яна фасли баҳор ул,
Дами Исодин эмди ёдгор ул.

Чечаклар хони урди тахти мино,
Гулим теб қумри гулшан Тури сино.

Бинафша зулфидин анбар сочилур,
Кўруб гул ғунчанинг оғзи очилур.

Мурассаъ хай суйиндин лола тожи,
Жавоҳир инжуга йўқ эҳтиёжи.

Иликта жоми жам олмиш шақойиқ,
Эрам боғи бикин бўлмиш ҳадойиқ.

Гулистон қушлари ғулғул қилодур,
Йиғочлар ўйнаюр-да енг солодур.

Чин-уқ маъшуқу ошиқдек чибуқлар
Бири бирини ўйпарда чобуқлар

Эрур бизга юзунггиз мусҳафи фол,
Муҳаббат давлатина зулфунгиз дол.

Тор оғзинг мушкилин ҳал қилса бўлмас,
Лабингдин сўрмағинча билса бўлмас.

Сўзунгдин билгурур оғзинг, демишлар,
Бўлур мантиқ билан ҳал мушкил ишлар

Лаби лаълинг сўзунгни турфа дилбар
Шакар десам, бўлур сўзум мукаррар.

Қаро менг эрнингиздин ҳоли эрмас,
Кўнгуллар доғидур ул холи эрмас.

Раҳим қилмасмусен, эй бағри тошим,
Ичим куйди ғамингда, ёнди тошим.

Бегим сенсиз бу мискин қул не қилсун?
Чечаксиз бенаво булбул не қилсун?

Чечаксиз булбулунг иши наводур,
Ошиқлар ҳар неким қилса раводур.

Мени ишқинг айирди хонумондин,
Юзунг шавқинда жон кечти равондин.

Юзунг ишқингда жон бермак тиликдур,
Санга ошиқ бўлон жондин иликдур.

Мени ишқинг очунда фош қилди,
Юракимни фироқинг пош қилди.

Бу ишқ эрмас, ҳақиқат, бир балодур,
Ошиқларни тутуб, ўтқа солодур.

Не истарсен менинг жонимдан, эй ишқ?
Не келгай бир овуч қонимдан, эй ишқ?

Сенинг ишқинг мени девона қилди.
Муҳаббат жомини паймона қилди.

Муҳаббат жомини ул ошиқ ичгай,
Ким аввал жонидин ишқида кечгай.

Қишиким жонини жононга берса,
Ҳақиқат жон берур гар ошиқ эрса.

Агар сен ошиқ эрсанг, сўзлама ҳеч,
Фидо қил бошнию жондин равон кеч.

Хўжандий, мухтасар қилғил сўзунгни,
Ошиқларқа қота кўргул ўзунгни.

Кел, эй соқий, шароби ноб келтур,
Фақирлар кўнглини дарёб келтур.


Номаи шашшум

Аё сарви сиҳи бўйлуқ, бели қил,
Ўладурмен фироқингда раҳим қил.

Раҳмсиз бевафо, номеҳрибоним,
Фироқинг ўтида ўртанди жоним.

Унуттунг бир йўли аҳду вафони,
Фалактинму сабақ олдинг жафони?

Сизингтек кўрмадим турфа нигоре,
Эрурсиз бевафолиқта диноре.

Лабинг шаккар тўкар дашномингиздин,
Киши бир журъа тотмас жомингиздин.

Шакар эрнинг дўкон қурмиш давоға,
Вале тегмас менингтак бенавоға.

Товонгарсиз, бегим, ҳусн ичра комил,
Гадоға манфаат тегмас, на ҳосил?

Ғанийсен ҳусн мулкинда бағоят,
Фақирларға бирор қилғил иноят.

Нисоби ҳуснунгиз етмиш камола,
Закот бермасмусиз мундоқ жамола.

Соғинмассен бирор, эй кўркабойим,
Қаён борди эшигимдин гадойим.

Гадо ҳолин ғани билмас бўлурму?
Фақирларға раҳим қилмас бўлурму?

Кўзум тўймас юзунгга боқса тун-кун,
Гадонинг кўзи тўймас, бўлса Қорун.

Бегим, неча бахил бўлсанг, вафода—
Очуқтур қўлларинг илги дуода.

Тилар бўлсанг жаҳон ичра аморат,
Фақирлар кўнглини қилғил иморат.

Ғанимат тут ҳусн даврони беш кун,
Кечар дунё, қани Лайлию Мажнун?

Бадал қил шодиға дунё ғамини,
Ғанимат тут йигитлик мавсумини.

Йигитликни ғанимат тут, мудом ич,
Ўсал қилма, кеча-кундуз давом ич.

Муфарриҳ бирла ғам ўтин ўчургил,
Кечар дунёни беш кун хуш кечиргил,

Муҳаббат бирла суруб ишларингни,
Ғанимат тут, бегим, дарвешларингни.

Замона бевафодур, такя қилма,
Букунги яхши кунни тонгға солма...

Фалакнинг гардишидин бўлма ғофил,
Пушаймон бўлғасен охир, не ҳосил?

Жафо ҳаддин ошурма қулларингға,
Чечаксен, раҳм қил булбулларинға.

Кўнгул экинга бол эрнинг даводур,
Раҳим қилким, Хўжандий бедаводур.

Кел, эй соқий, шароби арғувон бер,
Кўнгулдин ғам кетар, жонға равон бер.