Хоразмий (14-аср) шоир. Ўзбек адабиётининг Навоийгача бўлган атоқли вакилларидан, нома жанрининг асосчиси. Ҳаёти ва ижоди ҳақида айрим маълумотлар унинг бизгача сақланиб қолган ягона асари «Муҳаббатнома» орқали етиб келган. «Муҳаббатнома» Олтин Ўрда хони Жонибекнинг ҳукмдорларидан Муҳаммад Хўжабекнинг таклифи билан 1353 йилда ёзилган. «Муҳаббатнома»нинг «Баёни воқени айтур» қисмидан маълум бўлишича, Хоразмий илгари ҳам кўп шеърлар ёзган, айниқса, муҳаббат мавзуидаги асарлари билан шухрат қозонган, лекин улар форсийда ёзилган бўлиб, Муҳаммад Хўжабек шоирдан ишқий мавзуда туркийча китоб ёзиб беришни илтимос қилган. Хоразмий асарининг майдонга келишида Авҳадий Мароғавий (1274-75; 1337-38)нинг форсча ёзилган «Муҳаббатнома» достонининг таъсири бўлган. Лекин Авҳадийда номалар ошиқ ва маъшуқа номидан ёзилган бўлса, Хоразмийда ошиқнинг маҳбубасига йўллаган шеърий номалари жамланган. Ҳар бир мактуб муаллифнинг чуқур кечинмалари, мурожаати билан бошлансада, унда маъшуқа ҳусну жамоли, феъл-атворининг муболағали тасвири биринчи ўринга чиқади. Номалар моҳият эътиборига кўра, васф билан мадҳнинг синтезидан иборат.
Асар билан Навоий ҳам таниш бўлган. «Муҳокамат ул-луғатайн»да туркий тилнинг бойлигини исботламоқ мақсадида «Муҳаббатнома»дан мисол келтиради.
«Муҳаббатнома»нинг 2 та қўлёзма нусхаси (уйғур ва араб ёзувларида) маълум. Шулардан эскиси уйғур ёзувидаги нусха бўлиб, Британия музейида (инв. № 8193) сақланади. Нусха Шоҳрухнинг Ҳиротдаги саркардаси Мир Жалолиддин топшириғи билан Бакир Мансур томонидан 1432 йилнинг мартида Язд шаҳрида кўчирилган. Ўнта нома берилган. 364 байтдан таркиб топган.
Асарнинг араб ёзувидаги 2-нусхаси ҳам Британия музейида сақланади (инв. №Add 7914), 1508—09 йилларда кўчирилган, 474 байтдан таркиб топган. Мафоийлун мафоийлун фаувлун вазнида ёзилган.
«Муҳаббатнома» кейинги шоирларга катта таъсир кўрсатган. Хўжандий («Латофатнома»), Юсуф Амирий («Даҳнома»), Саййид Аҳмад («Таашшуқнома») унга назира битганлар.
Бегали Қосимов
* * *
Солди ниқоб чеҳрадин ул турки ховарий,
Бўлди яна жаҳон юзи оинатек ари.
Тун нофасинға урди қуёшнинг шуои ўт,
Тўлди анинг насими билан кўк мижмари.
Қочти ҳабаш черики адам қалъаси таба,
Чиқти эса уфуқ қинидин субҳ ханжари.
Анқоси кўк Қофининг очти иккинчи бол,
Юлдуз туюри барчаси турди ари-бари.
Дарёқа чўкти ой садафтек кўринмас ўш,
Соҳилға тушти зуҳра-у, тилади муштари.
Соқий, қадаҳни сун дағи қилғил равонаким,
Бўлди равона кўк уза хуршид соғари.
Ишрат билан жаҳонни йигитликда хуш кечир,
Ким ҳеч кишига қолмади бу бевафо қари.
Дунё санга қолурму, Сулаймонға қолмади,
Улким анга мусаххар эди деву ҳам пари.
Хоразмийнинг агар тани тупроқ бўлса ҳам,
Отин тири тутар жаҳон ичра сўзлари.