Сайфи Саройи (1321, Хоразм вилояти Сариқамиш қишлоғи — 1398, Искандария) — шоир, таржимон. Марказий Осиёда мўғуллар истилоси даврида яшаган, ўз ватанини тарк этишга мажбур бўлган, умри дарбадарликда кечган. Кейинчалик Олтин Ўрда (Сарой шаҳри), Миср ва Туркияда яшаган. Форс, араб тили, адабиёти, тарихи ва халқ оғзаки поэтик ижодини мукаммал ўрганган, лирик шоир, қасиданавис, эпик достончи ва таржимон сифатида танилган. Бизгача унинг 10 дан ортиқ ғазал, қасида, қитъа, рубоий, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони, «Гулистони бит-туркий» асари етиб келган. «Синдбоднома»ни ўзбек тилига қилган таржимаси сақланмаган. Шеърларида ватанпарварлик, одамийлик, инсон қадр-қиммати, дўстлик, муҳаббат мотивлари билан бирга ижтимоий мавзу ҳам куйланган («Кўнгул», «Топилмас», «Эрур» ва б.).
Сайфи Саройи Саъдийнинг «Гулистон» асарини ўзбек тилига биринчи бўлиб таржима қилиб, ярим оригинал, фалсафий-ахлоқий «Гулистони бит-туркий» асарини яратган (1391). Саъдий асарининг асосий мағзини олиб, уни замона руҳини ва маҳаллий муҳитни акс эттирувчи янги ҳикоятлар, қитъа ва байтлар билан тўлдирган. Асар 8 боб, ҳар бир бобда ҳикоятлар бор. Ҳикоятларнинг кўпчилиги дидактик мазмунда. Шоир панд-насиҳат қилиш йўли билан адолат ва осойишталик ўрнатиш, золим подшо ва амалдорларни инсоф ва адолатга чақириш, давлатни қатъий қонун-қоидалар асосида бошқариш, кишилар хулқ-атворини яхшилаш мумкин, деб ўйлайди. Шу мақсадда тўғрилик, ростгўйлик, садоқат ва марҳамат каби фазилатларни тарғиб этади. Асар катта адабий ёдгорлик, қадимий туркий тилни ўрганишда ҳам муҳим манбадир. Унинг ягона қўлёзмаси Голландиядаги Лейден университетида (инв. №1355), фотонусхаси, «Суҳайл ва Гулдурсун» достони қўлёзмаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланади. (Бегали Қосимов)
ҒАЗАЛЛАР
* * *
Таолаллоҳ, зиҳи сурат, зиҳи маҳбуби руҳоний,
Ким онинг ҳусни шавқиндин кўнгуллар бўлди нуроний,
Муфарриҳ шевали дилбар, тили тўти, сўзи шаккар,
Кийик кўзли, қамар манзар, малоҳат мулки султони.
Кўнгул олур кўзи оли, фараҳ берур энги оли,
Бўйидур сарвнинг толи, юзи жаннат гулистони.
Гунаштек белгили шоҳид, жамоли қавлима шоҳид,
Кечар ҳасрат билан зоҳид йироқдан кўрмага они.
Ало, эй дилбари манзур, бу кўркингга бўлуб мағрур,
Кўнгуллар қилмағил ранжур, кечар бу ҳусн даврони.
Бу муддатни ғанимат бил, бу фурсатда вафолар қил,
Бу иззат бирла бўл кўп йил, халойиқнинг севар жони.
Қошинг чун байрам ойидур, жаҳон ҳуснинг гадойидур,
Қулунг Сайфи Саройидур, букун ул сунъ ҳайрони.
* * *
Ул юзи ойким, жаҳоннинг жонидур,
Бу замона хўбларининг хонидур.
Ёсамин тан, қомати сарви равон,
Зулфи жаннат боғининг райҳонидур.
Ғамзасининг олтина олам асир,
Кўзлари даври қамар фаттонидур.
Кирпугининг ўқина жонлар нишон,
Қоши ёсининг жаҳон қурбонидур.
Шамс анинг ҳар кун ёқосиндан туғар,
Ул сабабдан бу жаҳон нуронийдур.
Бесласин ушшоқ жонин, чун букун
Кўз қамар, юз ҳуснининг давронидур.
Кўргали Сайфи Саройи қул ани
Ҳақ таоло сунъининг ҳайронидур.
* * *
Бу фалак нечун мени доим қаро қинда тутар,
Бу отим Сайф ўлдуғучунми қаро қинда тутар?
Қанда бир эрдам эри бўлса они кўздан солиб,
Текма бир эрдамсиз эрни кўз қароқинда тутар.
Сўзларимнинг жавҳарин ориф кўруб, қадрин билиб,
Кўп баҳоли дур бекин доим қулоқинда тутар.
Ол билан олди кўнгул мендин бир ой юзли малиҳ,
Ким муанбар холи асвад ол янгоқинда тутар.
Ҳусн ичинда йўқ назири, лекин ул жони жаҳон
Доимо ошиқларини иштиёқинда тутар.
Одати будур ҳамиша бевафо маъшуқанинг,
Ким анинг васлин тиласа, ўл фироқинда тутар.
Бу фалак жаври бекин Сайфи Саройи бағрини
Ул юзи ой ҳажр ўтининг иҳтироқинда тутар,
* * *
Дилбаримнинг зулфи сунбул, чеҳраси гулзор эрур,
Бўйина ошиқ санавбар, юзина гул зор эрур.
Оғзи фастуқ, кўрки тангсуқ, ўзи мушфиқ ёр эрур,
Ҳуснининг чови Хитоу Чин ичинда бор эрур.
Асли алчин, сўзлари чин, кўзлари тотор эрур,
Минг яшар ҳарким дудоғи шарбатин тотор эрур.
Ишқининг элчисина кўнглум мунаққаш дор эрур.
Зулфина тушган кўнгулларнинг мақоми дор эрур.
Нечаким ишқи ўти бу жон ичинда бор эрур,
Каҳрабо ўзра кўзумдан дам-бадам дурбор эрур.
Шаҳд сўзи, ориф ўзи, воқифи асрор эрур.
Васл бўстонида хуш ошиқларин асрор эрур.
Васфина Сайфи Саройининг иши ашъор эрур,
Андин ўзга бирла ошиққа емак ош ор эрур.
* * *
Эй кўрклилар хаёли билан мубтало кўнгул,
Кўзи билан кетурган ўзина бало кўнгул.
Не ерда бир қамар киби юз кўрижак равон,
Кўзўнг юмуб тушарсан онинг ўтино, кўнгул.
Бир гул янгоқли жоду қарақлиға уғрасанг,
Жонинг фидо қилурсен ўшул дам анго, кўнгул.
Султонлар ўғли зулфина густох қўл сунан,
Сенсан элинда бир йўли йўқ бенаво, кўнгул.
Ул ким сени жафо била ўлтурмага тилар,
Минг жон билан қилурсен анга хуш дуо, кўнгул.
Тортиб замона хўбларининг жаврини мудом,
Кўрдунгми ҳеч биринда булардин вафо, кўнгул.
Куйдум сенинг била неча кез фурқат ўтина,
Йиллар чекиб сенинг била жавру жафо, кўнгул.
Қози эви не ерда, ажаб муфти қайдадур.
Қилғай эдим сенинг била хуш можаро, кўнгул.
Сайфи Саройини бу қаро қинда боғласанг.
Хўблар жафоси бирла бўлурсен фано, кўнгул.
* * *
Топулмас ҳусн мулкинда сенга тенг бир қамар манзар,
На манзар, манзари шоҳид, на шоҳид, шоҳиди дилбар.
Бу кун Юсуф жамолини қилибтур ҳақ санга бахшиш,
На бахшиш, бахшиши давлат, на давлат, давлати мафхар.
Сўзунг дурру жавоҳирдур, кўнгуллар ганжина лойиқ,
На лойиқ, лойиқи хисрав, на хисрав, хисрави кишвар.
Шакардан тотлидур хулқунг, карамда хотиринг матлаб,
На матлаб, матлаби маъдан, на маъдан, мадани жавҳар.
Зиҳи давлатли ошиқким, сенинг бирлан қилур ишрат,
На ишрат, ишрати жаннат, на жаннат, жаннати кавсар.
Бу ҳуснунг шавқи завқинда кўнгул тўтилари тобти,
На тобти, тобти хуш лаззат, на лаззат, лаззати шаккар.
Жамолинг нақшина Сайфи Саройи бағлади сурат
На сурат, сурати ҳасно, на ҳасно, ҳусни жонпарвар.
* * *
Кўркли юзунгга боққан кўзларга жон кўрунур
Дойим мурассаъ оғзинг гавҳарфишон кўрунур.
Бозор ичинда ҳуснунг ишва сотиб олур жон,
Бўстон ичинда қаддинг сарви равон кўрунур.
Ҳақ сунъи ой юзунгни қилмоқ учун тамошо
Ҳар субҳидам қопунгда халқи жаҳон кўрунур.
Эрта-кеча кўзумдин кетмас учун хаёлинг,
Не ерга боқсам анда ҳуснунг аён кўрунур.
Сайфи Саройи назми ҳуснунг сифоти бирла
Дойим бу эл тилинда хуш дилситон кўрунур.
* * *
Қуруб қоши ёсин қаро кўзларинг,
Отар кирпук ўқин манго кўзларинг.
Бир ўқ бирла Рустамни отдин йиқар,
Неча отса қилмас хато кўзларинг.
Қароқчи бало қилса туз ёзида,
Қилур доим элда бало кўзларинг.
Олур сабр жондин, кўнгулдан қарор
Кима боқса бир кез қиё кўзларинг.
Кўнгулларни боғлаб қаро зулфина,
Ўсанмасми жонлар оло кўзларинг.
Не йўлдан бу Сайфи Саройининг ўш
Тўкуб қонин ичар қано кўзларинг.
Агар ҳай демасанг, жаҳонни хароб
Қилур ғамза билан ёно кўзларинг.
* * *
Қамар юзунгдин бўлур мунаввар,
Шакар сўзунгдан келур мукаррар.
Гунаш юзунгни кўруб халойиқ,
Бўлуб турурлар санга мусаххар.
Кўнгулга дойим фараҳ берурга
Келиб хаёлинг бўдур мусаввар.
Туганди умрум фироқ элинда,
Қачон висолинг бўлур муяссар.
Ўқур сифотинг бу Сайфи шайдо,
Ёзиб дафотир уза муфассар.
* * *
Янги ойдур қошинг, эй кўркабойим,
Қилур байрам юзунгни кўрса сойим.
Сув ичканда дудоғингдан сув томса,
Битар қанду шакар ул ерда дойим.
Жамолингдур бу кун олам сафоси,
Хаёлингдур ҳамиша жон физойим.
Керак ўлтур, керак асра, қулунгман,
Муборак буйруғунгдур қутлу ройим.
Муфарриҳ назм этиб Сайфи Саройи
Сифотингни ўқур, эй кўркабойим.
ФИ АВСОФИ ШУАРО
Жаҳон шоирлари, эй гулшани боғ,
Кими булбул дурур сўзда, кими зоғ
Кими тўти бекин чайнар шакарни,
Кими лафзи билан ўртар дарарни.
Кимининг сўзлари мавзуну ширин,
Кимининг лойиқи ташрифу таҳсин.
Кими ўзганинг ашъорин меним дер,
Кими ҳалво киби шалғам чўбин ер.
Кими маъний қўюб лафзин тузотур,
Кими вазнин бузуб санъат кузотур.
Аларнинг ўш бири Сайфи Саройи,
Жаҳон орифларининг хоки пойи.
Ани сен жумла шоир камтари бил,
Қамар юзга ҳамиша муштари бил.
ҚАСИДА
Олтун қанотин очти эса субҳ сунқури,
Кўк кўлга ботти жумла кавокиб кабутари.
Исфандиёри Рум чиқиб тиктиса алам,
Бўлди кўруб ҳазимат они шом лашкари.
Тўкти қирмизи май қон ақитиб чарх тосина,
Туннунг юрак томирин очиб субҳ ништари.
Қушлар кўруб ҳавода ани бошлади равон,
Тили отиланча ўкмага аллоҳу акбари.
Жаннат менгиз безадиса ул дам ўзин жаҳон,
Рақс урди ошиқона юруб чарх чанбари.
Бўстон ичинда турли чечак анжуман қуруб,
Раҳмат шароби бирла бўлуб маст ҳар бири.
Сунди пиёла лола қизил гулга гул ичиб,
Булбулга қарши очти жамолин яна тари.
Булбул муғанний бўлди навода тузуб нағам,
Наргисни уйғариб яна эсритти абҳари.
Маъшуқа қомати киби турлик чечак аро,
Хуш қўлларин солиб солинур сарв ари-бари.
Бўстон ичинда мушк сота бошлади сабо,
Тўлди жаҳон димоғина гуллар муаттари.
Ул анжуман ичинда эдим, келди ногаҳон
Бир хуш ҳабиб манзару ушшоқ дилбари.
Қаддин кўруб ер ўпти анинг сарви бўстон,
Зулфи буроқти олама мушк ила анбари,
Айди равон қасидан ғарро қилиб бу кун,
Элткил анинг қатинаким ул даҳр мафхари.
Искандариянинг малики бўзлар аҳли жуд,
Ким Ҳотами замона керак бўлса чокари.
Ҳамза юракли эрдам эри Рустами замон
Бу аср ичинда ўзларининг йўқ баробари.
Эй маъдани шижоату маҳдийи рўзгор,
В-эй манбаи саховату иқбол манзари.
Сен ул ягона фориси чобуксуворсен,
Бир ўқ билан йиқарсен урубон ғазанфари.
Шатранжи бахту нарди саодат сенинг билан
Ким ўйнади утулдию боғланди шаш дари.
Базмингда тутти Зуҳра бу ушшоқ пардасин,
Соқий қамар бўлуб санга тегручи муштари.
Сайфи Саройи хидматинга мадҳ ўқуб тўкар
Баҳри аруз ичиндан олиб дурри жавҳари,
Бўлди ғидойи руҳу кўнгуллар муфарриҳи,
Кўркли сифатларинг била девону дафтари.
Бу мадҳ ул қасидаға қилдим жавобким
Тун зулфини кесарда тутуб субҳ ханжари.
Неча тўзутса боди баҳорий абиру мушк,
Неча чаманда боди хазон қилса заргарий.
Ончаға тегру эгу отинг хайр уза қолиб,
Сўзлансин эл тилинда жаҳоннинг диловари,
ҚИТЪАЛАР
Недур ул ким сўқуб тартиб бунгалмас,
Боши захми даво бирлан ўнгалмас.
* * *
Ким келди эса жаҳонға, шак йўқки, кетар,
Оқил келибон бу ерда кўп хайр этар,
Сен эгулук эт дағи тенгизга солғил,
Ёзида санга яқин бил ул хайр етар.