Аҳмад Югнакий (XII - XIII асрлар)

Югнакий, Аҳмад Югнакий (12-аср охири, Самарқанд, Югнак қишлоғи — 13-аср 1-ярми, ?) — шоир, мутафаккир. Таржимаи ҳоли ҳақида деярли маълумот йўқ. «Ҳибат ул-ҳақойиқ» («Ҳақиқатлар туҳфаси») асари бизгача етиб келган. Унинг охирида Адиб Аҳмад исми тилга олинади.
Асар нусхаларидан бирига темурий амалдорлардан Арслонхожа Тархон томонидан илова қилинган 10 байтли маснавийда Югнакий ҳақида баъзи маълумотлар мавжуд. Ундан маълум бўлишича, Адиб Аҳмад Югнак деган сўлим ва баҳаво жойда туғилган. Отасининг оти Маҳмуд Югнакий бўлган.
Китоби адабдан иборат бўлиб, номи —«Ҳибат ул-ҳақойиқ». Китоб кошғарий тилда шеърий йўл билан ёзилган. «Қутадғу билиг»дан 1—2 аср кейин яратилган бу асар ўзбек мумтоз адабиётининг ноёб дурдонаси ҳисобланади. Алишер Навоий «Насойим ул-муҳаббат» тазкирасида Югнакийни Ўрта Осиёнинг машҳур шайхлари қаторига қўйиб, унинг туғма кўрлиги хусусида сўзлайди, яна Навоий Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамонга ёзган хатларидан бирида ҳам «Ҳибат ул-ҳақойиқ»дан парчалар келтиради. «Ҳибат ул-ҳақойиқ» асари шоир ҳақидаги маълумотларни бирмунча тўлдиришга, Югнакий яшаб ижод этган даврни таҳлил қилишга имкон беради.
Югнакий туғилган жой олимлар ўртасида кўп тортишувларга сабаб бўлган. Самарқанд, Фарғона ва Туркистонда Югнак деган жой борлиги айтилсада, кўпчилик уни Самарқанд атрофида дейишга мойил ва кейинги тадқиқотлар бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайди. 12-асрда яшаган машҳур муаррих Абулкарим ас-Самъоний «Ал-Ансоб» («Насабнома») китобида ёзади: «Бу нисба (тахаллус) «Юғанак»дан ва бу (жой) Самарқанд қишлоқларидан. Бу нисба билан Абуҳомид Аҳмад ибн Абу Аҳмад ал-Юғанакий машҳурдирлар».
Шоир «Ҳибат ул-ҳақойиқ»ни тугатиб, уни ҳукмдори Дод Сипоҳсолорбекка тақдим этади. Машҳур шарқшунос олим Бертелс бу асар қадимий ўзбек адабий тилидан мумтоз ўзбек адабий тилига ўтишда бир кўприк бўлганини айтади. Асар тилида қадимий туркий сўзлардан кўра, араб ва форс сўзларининг кўп қўллангани шундан далолат беради. Югнакий бу асари билан ўзбек адабий тили ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» 14 боб, 512 мисрадан иборат. Достоннинг 1-боби Аллоҳга ҳамд, 2-боби Муҳаммад (сав) наъти ва чорёрлар таърифига, 3-боби Дод Сипоҳсолорбек мадҳига бағишланган. 4-бобда китобнинг ёзилиш сабаблари баён қилинган. Дастлабки 4 муқаддима бобдан сўнг асосий қисмга ўтилади. 5-боб — маърифатнинг фойдасию жаҳолатнинг зарари, 6-боб — тил одоби, 7-боб — дунёнинг ўткинчилиги, 8-боб — сахийлик ва бахиллик, 9 ва 10-боблар турли масалаларга бағишланган бўлиб, 11-боб — китобнинг хотимаси (асарнинг 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ Бахши томонидан кўчирилган нусхасида 11 боб мавжуд — 3 боб ё тушиб қолган, ё бошқаларига қўшилиб кетган).
Югнакий ўзини шоир эмас, балки адаб муаллими, деб ҳисоблаган. Ўзига хос ахлоқ китоби бўлган бу асарга Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маънолари сингдирилган. У ислом дини ахлоқини ташвиқ қилиш, комил инсонни тарбиялаб етиштириш мақсади билан ёзилган.
«Ҳибат ул-ҳақойиқ» илк бор уйғур ёзувида битилган. Унинг нусхалари кўп бўлиб, уларда асар ҳажми турлича. Ҳозирча маълум қўлёзмалардан 3 таси (бири уйғур ёзуви, иккинчиси араб ва уйғур ёзуви, учинчиси эса араб ёзуви билан битилган) тўлиқ, қолганлари парчалардан иборат. 1444 йил Самарқандда Зайнулобидин бахши, 1480 йил Истанбулда Абдураззоқ бахши ва Туркиянинг Тўпқопи кутубхонасидаги номаълум котиб томонидан кўчирилган қўлёзмалар эътиборли нусхалар ҳисобланади. Асарни 1-марта турк олими Нажиб Осимбек топиб (инв. ?4757), нашр эттирган (қисқартирилган нашри — 1906, тўлиқ нашрлари 1916, 1925). Кейин 1951 ва 1992 йилларда уни Р.Р. Арат сўзбоши, изоҳлар ва 6 та нусхасининг факсимилеси ва Туркияда 16-асрда кўчирилган араб ёзувидаги нусхасининг таржимаси билан нашр эттирган. Ўзбекистонда асардан парчалар Фитрат, Ойбек, П.Шамсиев, С.Муталлибовлар томонидан ўзбек адабиёти намуналаридан тузилган мажмуаларда эълон қилинган. Сўнг у Қ.Маҳмудов томонидан алоҳида китоб ҳолида эълон қилинди (1968; 1971). Ўтган аср охирларида уйғур олимлари Ҳ.Темур ва Т.Айюб, қозоқ олимлари Э.Қуришжонов ва Б.Соғиндиқовлар уни асл матни, таржима ва фотонусхалари билан нашр эттирганлар. Шунингдек, Бертелс, Фитрат, Фуод Кўпрулу, Т.Такин, Э.Рустамов, Н.Маллаэв, А.Қаюмов, А.Ҳайитметов, А.Рустамов, М.Имомназаров, Б.Тўхлиев, Н.Раҳмонов, И.Ҳаққулов, Г.Хўжанова ва бошқалар Югнакий ва «Ҳибат ул-ҳақойиқ» ҳақида у ёки бу даражада тадқиқот ишларини олиб борганлар.
Эргаш Очилов


* * *

Илмсиз иликсиз сўнгак каби бўшдир, иликсиз сўнгакка қўл урилмайди.
Билим билан кишининг мартабаси ошди, илмсизлик эса кишини тубанлаштирди.
Билимли киши керақли сўзни сўзлайди, кераксиз сўзни кўмиб ташлайди.

* * *

Билим билан саодат йўли очилади, шунга кўра,
Илмли бўл, бахт йўлини изла.

* * *

Мингта дўстинг бўлса, уни кўп кўрма,
Битта душманинг бўлса, уни оз дема.

* * *

Яхши феъл билан кишилар кўнглини олиб,
Ўзингни ёмон қилиқлардан сақлаб яша.

* * *

Ўйлаб сўзлаган кишининг сўзи тўғридир,
Ўринсиз кўп вайсаган тил шафқатсиз ёвдир.
Оғиз ва тилнинг безаги тўғри сўздир, тўғри сўзла, тилингни беза.

* * *

Кимдаким манман деб, ўзини баланд тутса, уни на халқ, на тангри севади.

* * *

Халқнинг етуги сахий кишидир, сахийлик шараф келтиради.

* * *

Қарамсиз киши мевасиз дарахтдир, мевасиз еғочни кесиб ёндиргин.

* * *

Дўстим деб ишониб, сир айтма, эҳтиёт бул.

* * *

Улуғликка етишсанг — янглишма, атлас кийсанг, бўз кўйлагингни унутма.

* * *

Тўғри бўл, тўғри иш қил, тўғри деб ном чиқар,
Халойиқ сени тўғри, деб атасин.

* * *

Гуноҳкор кишини гуноҳини кечир, адоват илдизини кес ва қўпориб ташла.